"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Алишер ОТАБОЕВ. КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР

Ўқилди: 439

МУНОСАБАТ

Ушбу фармон  таржимон, тадқиқотчи тенгқурларим қатори мени ҳам беҳад хурсанд қилди. Бадиий таржимада имкониятим даражасида баҳоли қудрат ижод билан машғуллигим туфайли бу фармоннинг жуда катта тарихий воқеа эканлигини ҳис этдим.

Бугун таржима соҳасига кўплаб ёшлар кириб келаётир. Бу ишнинг машаққати уларни чўчитмаётгани қувонарли. Айни пайтда уларга далда, рағбат зарур. Юртбошимизнинг фармони ана шу жиҳатдан ҳам бизга мустаҳкам қанот бағишлайди.

Университетда ўзбек-инглиз таржима факултети ташкил этилиши бўлажак таржимонлар учун ўзига хос марказ бўлади, деб ўйлайман. Бу жуда катта имкониятларга эшик очади, ёш мутахассислар, таржимонлар ҳам назарий, ҳам амалий томондан пухта билим олиш имконига эга бўлади. Дарҳақиқат, фармонда Университетнинг асосий вазифалари сирасида “илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ва маҳорат билан таржима қиладиган таржимонлар тайёрлаш” алоҳида таъкидланган.

Бугунги адабий жараёндан хабардор кишиларга аёнки, бадиий таржима соҳасида аслиятдан қилинган таржималар ҳам талайгина. Бироқ уларнинг савияси ҳақида мақтанишимизга ҳали эрта. Сўзма-сўз ағдарилган матнларни фақат газета-журналлар саҳифаларида эмас, балки кўп нусхада чоп этилган китобларда ҳам учратамиз. Аслида эса китобхонга ўзбек тилига сўзма-сўз ағдарилган матнни эмас, бадиий таржимани тақдим этиш керак. Бадиий таржимани эса, аввало, она тилини ҳатто лаҳжа-шеваларигача эгаллаган, аслият тилини пухта билган, энг муҳими, ҳар бир сўз, иборанинг ўнлаб муқобилидан энг зарурини топиб қўллай оладиган ижод кишиси яратади, деб ўйлайман.

Университетнинг асосий вазифаларидан бири сифатида “ўзбек тили ва дунёдаги етакчи хорижий тиллар асосида таржима дастурлари ва луғатлар, электрон дарсликлар яратиш билан боғлиқ илмий-методик ишланмалар, амалий тавсиялар тайёрлаш ва бу борада эришилган натижаларни татбиқ этиш” ҳам кўзда тутилган. Бу вазифанинг амалга ошиши таржимашуносликни, бугунги адабий жараённинг энг оқсаётган соҳаси — таржима танқидининг жонланишига умид уй­ғотади. Албатта, Университет таркибидаги илмий-тадқиқот институтида таржима назарияси ва амалиётига доир кўламли тадқиқотлар амалга оширилиб, соҳа ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади. Яратилган бундай кенг имкониятлар ёш таржимон ва тадқиқотчиларга илҳом, ғайрат бағишлаши шак-шубҳасиз.

 

Алишер ОТАБОЕВ,

таржимон

Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси 2016-йил 20-май (4368)

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ