"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ФАОЛЛИККА ЧОРЛОВЧИ ФАРМОН

Ўқилди: 461

МУНОСАБАТ

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида мамлакат ижод аҳли вилоятлардаКим эдигу ким бўлдик, эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак?” шиори остида қизғин учрашувларда иштирок этмоқда.

Биз ҳам бир гуруҳ ижодкорлар Самар­қанд сафарида эдик, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов имзо чеккан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисидаги Фармонни ўша ерда ўқидик. Фахру ифтихордан кўксимиз яна ҳам баланд кўтарилгандай, қадимий пойтахтимиз Самарқанд осмони янада ёришиб кетгандай туюлди! Қутлуғ хабар нафақат ижодкорлар, балки бутун халқимизни руҳлантириб юборди, десак янглишмаймиз. Учрашувлар ўтказар эканмиз, бунинг шоҳиди бўлдик.

Чиндан ҳам Фармонда айтилганидек, она тилимиз — ўзбек тили қадимий ва бой тил бўлиб, унинг милоддан олдинги ва милоддан кейинги дастлабки асрларда минтақамиз ҳудудида яшаган бақтрийлар, сўғдийлар, хоразмийлар ва бошқа элат, миллатлар таъсирида шакллангани мавжуд илмий манбалар асосида исботланган.

Фармонни ўзбек тилининг узоқ тарихи, бугуни ва ёрқин келажаги, ривожланиш йўллари  ҳақида мухтасар илмий концепция деб бемалол айтиш мумкин. Айни пайтда унда она тилимизни асраб-авайлаш, нуфузини янада юксак босқичга кўтариш ҳақида аниқ йўналишлар белгилаб берилгани диққатга сазовордир. Биз авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асрабавайлаш, уни бойитиш, нуфузини оширишни ўзимиз учун устувор, узвий давом этадиган юксак мақсад деб билишимиз ва бу масаланинг аҳамияти ҳеч қачон эътиборимиздан четда қолмаслиги зарурдейилади мазкур ҳужжатда. Бу сўзлар барча қатори ижод аҳлига ҳам катта масъулият юклашини чуқур ҳис этамиз.

Эсимда, ўзбек тилига давлат мақоми берилганда ватансевар қалблар мана шундай бахтиёр дамларни бошдан кечирган, фараҳбахш туйғулардан ўзларини қайга қўйишни билмай қолган эдилар. Бу сафар ҳам ўшандай маъсуд дамлар такрорлангандай бўлди.

Ёзувчининг қуроли — тил, сўз. У сўздан бинолар “ясайди”, шаҳарлар “қуради”, боғлар “барпо этади”, дунёларни “чаманга айлантиради”, қандай манзара бўлмасин, уни сўз воситасида яратади. Натижада, она тилнинг бутун гўзаллиги намоён бўлади. Она тили — ижодкорнинг борлиғи, унинг суянган тоғи, ижод майдонини яратиб берган буюк қудрат. Шу важдан ҳам ўзбек тили ва адабиётини ривожлантиришга қаратилган ҳар бир қадам ижодкор қалбини нурлантиради, унга кўтаринки руҳ бағишлайди. Мазкур Фармоннинг ҳам ижод аҳлини қанчалар қувонтирганини тасаввурга сиғдириб бўлмаслиги аён. Она тили ва адабиётини ривожлантиришга қаратилган, демак, миллатнинг бахти ва камолига хизмат қиладиган бундай илм маскани жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида бўлмаса керак, ҳарқалай ҳозиргача эшитган жойимиз йўқ.

Университет таркибида 3 та факултетдан ташқари Ўзбек тили ва адабиёти илмий тадқиқот институти, Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи негизида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилиши шоёни диққат ҳодисалардандир. Жаҳон андозаси талабларига жавоб бера оладиган бундай юксак мақомли олий ўқув юрти  она тилимиз ва адабиётимизни ўрганишда ўқув жараёни билан илмий тад­қиқот ишларини узвий, чамбарчас боғлаган ҳолда олиб боришга, хусусан, она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантиришга улкан имкониятлар яратади.

Университет таркибида ўзбек-инглиз тили факултетининг фаолият юритиши мутлақо янги ҳодиса. Фармонда бу хусусда: “…илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ва маҳорат билан таржима қиладиган таржимонлар тайёрлаш… ” ҳақида сўз юритилади. Шу ўринда беихтиёр муҳтарам Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китоби ёдга тушади. Унда ўзбек адабиётининг намуналарини бевосита она тилимиздан ғарб ва шарқ тилларига таржима қилиш, хорижий тилларни, адабиёт ва бадиий таржима санъатининг назарий ва амалий жиҳатларини ҳар томонлама пухта эгаллаган мутахассисларни тайёрлаш имкониятлари бизда мавжудлиги ҳақида сўз боради. “Узоқ йиллар давомида ўзбек адабиётини тўғридан-тўғри она тилимиздан таржима қилиб келган чет эллик таржимонлар билан бирга, — деб ёзади давлатимиз раҳбари, — мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим олаётган истеъдодли ўғил-қизларимизни мана шу машаққатли, айни пайтда олижаноб ишга жалб этиш, бу масаланинг ечими билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилий-амалий вазифаларни ҳал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлур эди”.

Тўғри, бу соҳада айрим ишлар қилинмоқда. Масалан, Ёзувчилар уюшмасининг “Истеъдод мактаби” республика семинарларида ёш таржимонларни танлаш, маҳоратини ошириш бўйича машғулотлар ўтказиб келинмоқда, уларда таниқли ижодкорлар, моҳир таржима усталари иштирок этишмоқда. Шундай ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, куни кеча Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди томонидан ана шундай ёш таржимонларнинг жаҳон тилларидан бевосита ўзбек тилига қилинган таржима намуналаридан иборат “Баҳор булбулларининг чах-чахи” номли илк ёшлар баёзи нашрдан чиқди. Ундан жаҳон адибларининг ҳикоя ва шеърлари ўрин олган. Лекин, очиғини айтиш керак, бу ҳали жуда кам.

Бу борада энди бизга ўзбек-инглиз факултети катта имкониятлар яратади. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, “…истеъдодли ўғил-қизларимизни мана шу машаққатли, айни пайтда олижаноб ишга(яъни бадиий таржимага – М.А.) жалб этиш” бош масалага айланади. Фикримизча, бу факултетга истеъдодли ёшлар ижодий танлов асосида қабул қилинишлари лозим.

Аввало, шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва ҳамиша камарбаста фаолият олиб боришга тайёр эканини билдиради. Ҳозир Уюшмада Фармонда кўрсатилган вазифалардан келиб чиқиб, Университет билан ҳамкорлик режалари тузилмоқда. Чунончи, талабаларни ижодий кенгашларда бўлаётган муҳокама мажлислари, баҳс-мунозаралар ва мушоираларга, “Истеъдод мактаби” семинарларига таклиф этиш, атоқли ижодкорлар, устоз таржимонлар билан қизиқарли ижодий учрашувлар, маҳорат дарсларини ўтказиш, “устоз-шогирд” анъаналарини йўлга қўйиш, ёш таржимонларнинг илк ижод намуналарини “Ижод” фонди орқали нашр этиш, тарғиб қилиш, Университетда ва Уюшмада уларнинг тақдимотларини уюштириш ва бошқа яратилган кўп имкониятлардан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.

Зеро, муҳтарам Юртбошимизнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” китобида ёшлар ҳақида қайғуриб айтган: “Истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш” кераклиги ҳақидаги даъвати биз учун ҳамиша дастуриламалдир.

Миллат камоли, тилимизнинг, демак, адабиётимизнинг равнақини ўйлаб қабул қилинган мазкур Фармон келажакда кўп эзгу ва савоб ишларга йўл очишига, қутлуғ самаралар беришига асло шубҳа йўқ.

Ўйлаб қоласан киши. Мустамлака даврида шундай фармон чиқиши мумкинмиди? Ҳеч қачон!

Мана, мустақиллигимиз шарофати!

 

Муҳаммад Али,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ