"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

КУН ТАРТИБИДАГИ ВАЗИФАЛАР

Ўқилди: 679

МУНОСАБАТ

Юртбошимизнинг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони она тили ва адабиётимизни юксак қадрлайдиган барча юртдошларимизга, айниқса, тилимизнинг гўзаллигини, нафосатини, бадиий жозибасини оламга кўз-кўз қилувчи, халқимиз маънавий оламини бойитиш, эстетик дидини юксалтиришга камарбаста ёзувчи-шоирларимиз, мунаққидларимиз зиммасига катта вазифаларни қўяди.

Сир эмас, мустақиллигимиз шарофати билан ижодкорлар эмин-эркин ижод қилиш имкониятига эга бўлди. Адабиётимизда турли услубий изланишлар, янгиланишлар жараёни бошланди. Истиқлол даври адабиёти шўро даврига хос мафкуравий қолипларни синдириб, ўзининг умумбашарий қадриятларга асосланган тамойилларини яратмоқда, шаклий-услубий ранг-барангликка эришмоқда. Инсон қалби манзараларини поэтик кашф этишда турли хил ифода усулларидан, бадиий тилнинг барча имкониятларидан фойдаланилмоқда.  Бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, баъзан бадиий юксак намуналар орасида она тилимиз нафосати ҳис этилмаган, дағал тасвир ва қашшоқ тафаккур маҳсуллари ҳам учрайди.

Атоқли адиб Шукур Холмирзаев бир мақоласида ёш ёзувчиларнинг ижоди ҳақида фикр юритиб, баъзи бир ижодий изланишларда бадиий тилнинг жозибали ифодаларидан моҳирлик билан фойдаланиш ўрнига мавҳум ифодалар, ҳатто тиниш белгиларини ҳам ишлатмай, тилнинг қонун-қоидаларини бузиш ҳоллари учрашини афсус билан таъкидлаган ва ёш ёзувчиларни ўзбек тили имкониятларидан моҳирона  фойдаланишга даъват этган эди.

Дарҳақиқат, бадиий асар она тилимизнинг бойлигини, кўламдорлигини, жозибасини намоён этадиган кўзгу. Бироқ баъзи бир асарлар тилининг қашшоқлиги, миллий қадриятларимизга зид яланғоч тасвирларнинг учраши ачинарли ҳолдир.

Ёш қаламкашларда, талабаларда бадиий тилнинг поэтик жозибасини, образлилигини, нафосат оламини чуқур ҳис қилиш малакасини тарбиялашда, аввало, бадиий асар тилини ўргатиш, бадиий матнни таҳлил ва талқин қилиш қобилиятини шакллантириш зарур. Бунинг учун фармонда кўрсатилганидек, “умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг янги ва самарали методлари бўйича илмий изланишлар олиб бориш, илғор педагогик технологияларни кенг жорий этиш лозим”.

Фармонда кўрсатилган ушбу муҳим масалалар она тили ва адабиётни ўқитишнинг илмий-назарий ва амалий асосларини яратишни кун тартибига қўймоқда.  Бу мутахассислар, профессор-ўқитувчилар, методист олимлар зиммасига жуда катта вазифани юклайди. Зеро, улар таълимнинг барча босқичларида она тили ва адабиётни ўқитишнинг сифат ва самарадорлигини яхшилашга хизмат қиладиган педагогик ходимларни тайёрлаши, намунавий ўқув дастурлари ва шу дастурга мос тил ва адабиётнинг энг сўнгги ютуқларини ўзида мужассамлаштирган дарслик, ўқув қўлланмалар ва электрон дарсликлар, замонавий педагогик технологиялар, турли хил мультимедияли ишланмалар, ўқув-услубий қўлланмалар тизимини яратиши зарур.

Айни пайтда таълимнинг барча бос­қичларида фаолият юритаётган она тили ва адабиёт ўқитувчилари ва  мутахассисларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини ишлаб чиқиш, шу асосда замонавий ўқув адабиётларини яратиш ҳам долзарб вазифалар сирасидан.

Сир эмас, бугунги таълимнинг барча босқичларида ўқувчиларнинг ёзма нутқини шакллантириш, услубий-имловий саводхонлигини яхшилаш долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Услубий-имловий саводхонликни ошириш учун ўқувчиларда диктант, баён ва иншо ёзиш кўникмаларини шакллантириш, ижодкорлигини ошириш учун диктант ва баёнлар тўпламларини, иншолар мавзулари ёритилган ўқув-услубий қўлланмалар яратиш зарур.

Айни пайтда талабаларнинг эгаллаган назарий билимларини амалиётга тез ва самарали татбиқ этишга қаратилган семинар ва амалий машғулотларнинг замонавий ишланмаларини, қўлланмаларини яратиш ҳам кун тартибидаги вазифалардан.

Янги ташкил этилган университетнинг битта факултетини ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш бўйича илмий-педагог кадрлар тайёрлашга йўналтирилгани она тили ва адабиёт фанларини ўқитишнинг самарадорлигини юксалтиришга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

 

Қурдош ҚАҲРАМОНОВ,

филология фанлари доктори

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

Шоир Носиржон Жўраев ёш ижодкорлар даврасида Шоир Носиржон Жўраев ёш ижодкорлар даврасида
Озод ва обод Ватан мадҳи Озод ва обод Ватан мадҳи
Китобсиз қалб – чироқсиз уй Китобсиз қалб – чироқсиз уй
«Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти «Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти