"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

КАМАРБАСТА БЎЛАЙЛИК

Ўқилди: 441

МУНОСАБАТ

Она тилимиз ҳар биримиз учун азиз ва муқаддас, уни асраш, эъзозлашга барчамиз бурчлимиз. Ҳеч шубҳа йўқки, ўзбек тили бир буюк улкан дарахтдирки, унинг шоҳ илдизлари олис ўтмишга бориб боғланади, тотли мевалари бўлмиш она тилимизда яратилган адабий ва илмий мерос эса халқимизнинг бебаҳо мулкидир. Уни ўрганиш, тадқиқ этиш, келгуси авлод онгу шуурига сингдириш — энг олий вазифа. Юртбошимиз фармони эса ана шу олий вазифани бажаришдек эзгу ва савобли ишда олимларга, толиби илмларга мустаҳкам қанот бағишлайди.

Дунёда миллат ва элат кўп. Ҳар бир халқ фахрланишга муносиб фарзандлари бўлишини жуда-жуда хоҳлайди, миллатни оламга танитадиган инсонлари бўлишини орзу қилиб яшайди. Бу борада ўзбек халқи ҳар қанча ифтихор этса арзийди. Зеро, халқимиз номлари фармонда зикр этилган кўплаб улуғ сўз салафларининг бешигини тебратган. Уларнинг ижодий мерослари билан танишган китобхон ўзбек тилининг нақадар катта имкониятларга эга эканлигини англаб етади. Соҳир қалам соҳиблари тилимиздаги гўзал ва нозик иборалар, халқ даҳосининг бемисл ижоди – туҳфаларидан шундай фойдаланишганки, ўқиганинг сари ҳайрату ҳаяжонинг ортиб бораверади. Бироқ буларни билиш, англаб етишнинг ўзи камлик қилади. Эндиликда ана шу заҳматли меҳнатни дилларга сингдиришдек залворли ишлар олдида турибмиз. Шунингдек, ушбу ижод намуналарини бутун жаҳон китобхонлари эътиборига тўлалигича тақдим этишимиз лозим.

Айни пайтда жаҳон адабиётининг нодир намуналарини ўзбек китобсеварларига туҳфа этиш зарур. Ҳар икки йўналишдаги ҳаракатлар самараси ҳам ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшилган ҳисса бўлади.  Ишонамизки, Университет таркибидаги ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факултетлари, шунингдек, ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институтлари бу улкан вазифаларни уддалайди. Айни пайтда она тилимиз, адабиётимиз тадқиқоти, тарғиботи, ривожи йўлида қабул қилинган бу тарихий ҳужжат ижод аҳлини ҳам улуғ мақсадлар йўлида камарбаста бўлишга чорлайди.

 

Ғайрат МАЖИД,

шоир

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ