"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БИЗ ИСТИҚЛОЛ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ

Ўқилди: 1 211

ЁШЛАР БАЁЗИ

 ИСТИҚЛОЛ ЖАРЧИЛАРИ

 Истиқлол йилларида ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори миллий адабиётимиз ҳам том маънода янгиланиш ва юксалиш жараёнларини бошидан кечирмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримовнинг ёшлар сиёсатини амалга оширишда энг муҳим ва устивор вазифалардан бири бўлган ижодкор ёшларни қўллаб қувватлаш масаласига юксак аҳамият бераётгани бағоят қувонарлидир. .   Юртбошимизнинг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида айтиб ўтилган: “Истеъдод, истеъдод ва яна бир бор истеъдод соҳибларини топиш, тарбиялаш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш энг асосий вазифамизга айланиши зарур” — деган сўзлари адабиётга илк қадам қўйган ёш истеъдодларни қуллаб-қувватлашнинг юксак намунаси бўла олди, дейишга ҳақлимиз.                                                                                                                                                                                                                                                  Бугунга қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан  ўтказилиб келинаётган “Истеъдод мактаби” республика ёш ижодкорлар семинарида иштирок этган 42 нафар ёш ижодкорнинг “Биринчи китобим” лойиҳасида китоблари ҳар бири 20 000 нусхадан “Ижод” фонди томонидан молиялаштирилиб, чоп этилиб республикамиз мактаблари, коллежларига тарқатилди. Ҳар йили минтақавий семинарда 150 дан ортиқ ёш ижодкорлар қатнашишади ва уларнинг энг иқтидорлилари ушбу лойиҳа ғолиби бўлишади. Ҳозирphoto_2016-06-09_10-01-26ги кунда шеърият, наср, драматургия, публицистика, болалар адабиёти, адабий танқид ҳамда бадиий таржима  йўналишларида ижод қилаётган ёшларимизнинг сони  тобора кўпаймоқда.  Ўз Ватанида бўлаётган ўзгаришларнинг асосини англаш, қадрлаш ва ўз эли равнақи учун фидоийларча ижод қилиш орзуси ҳар бир ижодкор қалбида жўш урмоғи керак. Зеро, бугунги ёшлар истиқлол даврининг жарчиларидир.          Ёш истеъдодларга вақтли матбуот саҳифаларидан кенг ўрин ажратиш, “Биринчи китобим” рукнида илк китобларини чоп этиш, асарларини турли баёзларга жамлаш юртимиз адабий ҳаётида муҳим воқеликка айланиб бормоқда.   Жумладан, китоб жавонингиздан ўрин оладиган “Биз истиқлол фарзандларимиз” деб номланган Ёшлар баёзи ана шундай умидли, истеъдодли ёшларимизнинг ижод намуналаридан ташкил топди. Ватанпарварлик, Ватанга садоқат, ота-онага муҳаббат,  муҳаббатга садоқат, ўз элига саодатни соғинган юраклардан янграган  садолар ўз аксини топган ушбу баёз  кенг адабий оммага, мухлисларга муносиб совға бўлади, деган умиддамиз.

 

 

 

 

 

 

Шеърлар

 

Untitled-1 copy

 Отабек  ОДИЛ — 1994 йил Хоразм вилоятининг Боғот туманида туғилган.  Урганч давлат университети  талабаси.

 

ВАТАН ИШҚИ

Ватанни асрайди эрман дегани,

Ёвни ҳеч йўлатмас шерман дегани.

Ватанни қўрмоқ бир аскар ишимас,

Уни деб ёнмаган эркак кишимас.

Ватанни асрамоқ – асрамоқ ёрни,

Ғурурни, эзгулик, поклигу орни.

Боболар номини асрамоқ, қўрмоқ,

Ватан деб яшамоқ, Ватан деб ўлмоқ.

Ватанин севмаган ватангадодир,

Минбарда жар солган эмас баҳодир.

Ватанни она деб атамоққа ҳам

Ҳақлидир ўзидан ортиқ севолган.

Аждодлар ҳоки бор – тупроқни босма,

Уҳ тортиш, ёронлар, йигитга хосмас.

Ватанни сен қадар севмоқни мағрур

Ўргат, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

Соҳибқирон севган заминни токи

Ўпиб авайлагин, бошингда кўтар.

Ватан – бу Онамдир, Ватан – Падарим,

Ватан – жигарларим, жигарбандларим.

Ахир, мен уларни асрамай нечун,

Нега фидо бўлмас заҳматим, кучим?

Нега мен Ватанни онам деб билмай,

Нечун Онам учун жон фидо қилмай?

*   *   *

Теримчи азизам,

ҳормагин,

кўнглинг шу пахтадек оппоқдир.

Кенг дала қўйнига бизларни

етаклаб келди-да жон тақдир.

Покликка йўғрилган қўл билан

терамиз оқ пахта – меҳрни.

Фалаклар йўллайди дилларга

муҳаббат – мўъжиза, сеҳрни.

Чаноқлар бармоғинг тилса гар,

меҳрим-ла қўяман тузатиб.

Бармоғинг – момиқ пар, сесканиб

ўпаман, ўпаман – фурсати…

Юрагим жонимдан садаға,

сен уни асрагин, авайла.

Кўзинг-ку меҳрнинг ватани,

кўнглим ол, сумбул соч, ғунча лаб.

Сўқмоқлар бир йўлга бирлашди,

дунёлар кетган-ку торайиб.

Ҳисларинг шунчалар оқмиди –

пахталар кўринар қорайиб…

ОЛОВ

Қўлларингдан тутдим,

қизардинг,

Юракларда ёниш бор, ёниш.

Лабларимни оловга босдим…

Ҳислар қилди бунда уйғониш.

Қучоғимда эркалан, Олов,

Бармоқларинг бамисли майса.

Қучоғингда қордай эрийман,

Яна ўпсанг, яна жилмайсанг…

Юрагимнинг қалдирғочи бўл,

Мен пойингда эмаклай қулдай.

Сени энди қўйиб юбормам,

Йўқса, қолгум бир ҳовуч кулдай.

2                            Юлдуз  ЎРМОНОВА —  1995 йил Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида туғилган.  Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори.  Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.

ЎЗБЕКИСТОН ҲАВО ЙЎЛЛАРИ

 Ҳақ йўллаган ёруғ йўлларим,

Ёмонлардан фориғ йўлларим.

Мени қўллар тутиб қўлимдан,

Қутлуғ йўлим, улуғ йўлларим.

Дил аршидай маъво йўллари –

Ўзбекистон ҳаво йўллари!

Туйғуларим кўкда сузсалар,

Оқ булутлар бўйлаб кезсалар,

Темир қушнинг юлдузларидек

Кулиб турар стюардессалар…

Юрагимнинг наво йўллари –

Ўзбекистон ҳаво йўллари.

Ҳурриятнинг шаксизлигини,

Ҳур ниятнинг шаксизлигини,

Кўролмадим чек-чегарасин,

Кўрдим бахтим чексизлигини…

Аҳду шаҳдли сабо йўллари –

Ўзбекистон  ҳаво йўллари.

Учдим, кўрмоқ бўлиб жаҳонни,

Суйдим ой, қуёшли ошённи.

Шундай баланд парвоз этдимки,

Юқоридан кўрдим осмонни…

Юртлар аро аъло йўллари,

Ўзбекистон ҳаво йўллари!

Бардавомдир сафарларимиз,

Сокин оқшом, саҳарларимиз.

Энг улуғ, энг азиз байрамдир

Кўнгилларга сафарларимиз…

Бу йўллар бахт, сафо йўллари,

Ўзбекистон ҳаво йўллари

  

      ҚОРАҚАЛПОҒИМ

 Мезбонларим асрий қалъалар,

Унутилмас бахтли паллалар,

Мени тунлар сокин аллалар,

Сенга сафар бу – улкан зафар,

Оқ кўнгилли Қорақалпоғим.

Кўзларимда чақнар ҳайратим,

Ичимга сиғмайди ғайратим,

Юракни ошиқ деб сайладим,

Чап кўксимда уйғонди саҳар,

Ёруғ йўлли Қорақалпоғим.

Ой ҳам яқин экан-да сенга,

Гўё улкан бир тилла танга,

Бахт йўллармиш бахт тилаганга,

Бу қандай юрт, соҳир нақадар,

Ақчакўлли Қорақалпоғим.

Аёзқалъанг ҳануз қадди ғоз,

Тупроқ қалъанг… Кўнгил қалъанг соз…

Буюклигингга йўқ эътироз!..

Боқиб тўймадим, ё алҳазар!

Моҳир қўлли Қорақалпоғим…

Туя кўрдим, ўтовлар ёнда,

Хаёл қолди Мўйноқ томонда,

Ҳижрон деган қийноқ ёмон-да…

“Ҳақ йўл!” дея меҳмон кузатар,

Хушрўй тилли Қорақалпоғим…

Оқ кўнгилли Қорақалпоғим.

 

КИТОБ

 Китоб – офтоб, китоб – муаллим,

Китоб – қалбга яқин биродар.

Дур топаман ўқиган сарим,

Бебаҳо бойликка баробар.

Варақланар қайта-қайтадан,

Китоб сўйлар ростгўй эртаклар.

Ёхуд соҳир шеърлар айтади,

Титилиб кетади юраклар…

Удир кўнгил тарбиячиси,

Унда жамдир жами малоҳат.

Бир бошланса йўқ ниҳояси,

Китоб дунёсига саёҳат…

Дунёдошим, тингла тилагим,

Ниҳол диллар сенга ўхшасин.

Ҳар инсоннинг чап кўксидаги

Олтин китоб мангу яшасин!

 

ДЎРМОН ИЛҲОМЛАРИ

Пойтахт кўчаларин кезиб юрибман,

Сезиб турибманки, бахтлар ёнимда.

Қайтмас онлар билан суҳбатлашиб жим,

Қувончдан шеър битдим шодмон онимда.

Мақтадим танишган янги дўстимни

Йўл четида ўсган азим чинорга.

Дедики, менга ҳам дўст бўлади у,

Эски таниш эрур мен хокисорга…

Буни тинглаб турган шаббода бирдан

Қиқирлаб юборди қилгандай ҳазил.

Юзимни сийпалаб ўтди ажиб хис,

Шул дам титраб кетди негадир кўнгил…

Ширин хотиралар, абадий ўйлар

Юрагимдан ювиб кетар армонни.

Андижоним томон қайтаман, аммо

Бирга олиб кетгум дўстим Дўрмонни!..

NArgiza O

 Наргиза  ОДИНАЕВА —1988 йил Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. “Илҳом” ёш ижодкорлар тўгараги аъзоси.

ЮРАГИМДА КИШНАЁТГАН БОЙЧИБОР

Бобом айтган достонлардай тўлиб келдим,

Бойсунчинор шохларига рўмол илдим.

Алпомишнинг болалари ўсган юрт бу,

Дўмбиранинг ўркачидан тараб билдим.

Тунларига ой эргашар бахт бергани,

Қалдирғочлар эшик қоқар исингани.

Қуёш кулиб мўралайди Боботоғдан,

Бунда бир эл қуёш ёнар исингани.

Одамзоднинг туғилиши бир тўй, момо,

Осмон гумбаз, замин асли бир уй, момо.

Айтсам, шеърим жўр бўлади чанқовузга,

Тўлқинида юрак ўйчан най куй, момо.

Адоғи йўқ соғинчларга бўлдим сингил,

Яшил қушман, яшил уфқлар томон кўнгил.

Чанқаб турсам, Амударё чайқалади,

Нур узатар Термизийдек уйғоқ бир дил.

Томирлари томиримга туташ диёр,

Мен шеър айтай, осмон бўйи гуллаб юбор,

Ўнг елкамда ўтирибди Алпомишлар,

Юрагимда кишнаётган Бойчибор бор!

Қанот ёзиб шамолда уч мисли дулдул,

Бедор ўтсин шоир зоти мисли булбул.

Қуёш билан сўзлашиб юр ва то абад,

Алпомишнинг авлодига Ватан бўлгил.

  

       Эътиқод

 Тупроқ бўлиб яшашни ўрган,

Қўшилиб ол тўрт фасл билан.

Оқ тонглардан Хизр туш кўрган,

“Ватан” деган  туйғу — дил билан.

Шу дарахтлар тафтинг олади,

Юраги бор ҳар тўрт томоннинг.

Гар йиқилсанг, суяб қолади,

Елкалари зангор осмоннинг.

Шу заминда тоғлар виқорли,

Шу заминда шамол майиндир.

Шу заминда шомлар ифорли,

Шукрларинг умр сайиндир.

Эй ватандош, дўниб гулларга,

Ватан тупроғини суяман.

Ўғил-қизинг юрган йўлларга

Бу жонимни тўшаб қўяман.

Ой тунларни ёритар атай,

Йўл бошига сўзсиздек борма.

Ҳилолига исмингни айтмай,

Кунларингни қўйиб юборма.

Ҳовучимга оламан жойлаб,

Бир қаричмас дунёнинг эни.

Ҳад билмаган кенгликлар бўйлаб,

Ҳар тонг Ватан уйғотар мени.

 gulzora

 Гулзора  АҲМЕДОВА1990 йил Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. ”Онажоним — шеърият” тўгараги аъзоси.

 

ЮРТБОШИМГА

 Гўзал диёр, тинч ҳаётни бизга берган,

Кўриб ашъор битолмасам, хато дерман,

Фахр билан ота, дерман, ота, дерман,

Фариштали, файзли юзи ёруғимсиз,

Қайга борманг, қадамлари қутлуғимсиз.

Она халқим суянгани, мададкори,

Қаратилди бизга дунё эътибори,

Тиллардадир Ўзбекистон эътирофи,

Буюклардан буюгимсиз, улуғимсиз,

Қайга борманг, қадамлари қутлуғимсиз.

Бугун ёниб, эрта ўчар шам эмасмиз,

Ҳур ўлкада бахтиёрмиз, ғам емасмиз,

Биз ҳеч кимдан кам бўлмасмиз, кам эмасмиз,

Дунё билди бугун бизнинг довруғимиз,

Қайга борманг, қадамлари қутлуғимсиз.

            ҲАРБИЙЛАРГА

 Сенга бир шеьр ўқий, эшитгин, аскар,

Шердек танинг бир зум оларми ҳордиқ,

Жонинг керак бўлса шу ватанга гар,

Сўз демай, жонингни этарсан тортиқ.

Сенинг омадинг бор, омадинг шуки,

Ўзбекнинг мард, жасур ўғлонидурсан,

Хавф якин келмайди, сен борсан токи,

Сен ўзбек халқининг қалқонидурсан.

Сен-ку чегарада сергак куну тун,

Мудом қўриқлайсан она юртимни,

Бугун сенга шеьрлар битмайин нечун,

Нахот, сенга шеьрлар битмай юрдимми.

Сенинг қаддинг чинор, нигохларинг ўк,

Оларсан минг барно қизлар хушини,

Ёнингдан ўтганда қараб қўйсанг шўх,

Кейин сўзлаб юрар сойга тушини.

Сизлар бор, юрт тинчдир, кўнгил хотиржам,

Бу гўзал диёрда даврон сурамиз,

Элимнинг бахтига юрингиз омон,

Ҳарбийлар, биз сизни яхши кўрамиз.

 

5

 Аслиддин  САБРИДДИНОВ — 2000 йил Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган.  Паркент туманидаги  1-ихтисослаштирилган лицей ўқувчиси.

Болалик

 Саҳар шовқинлари оҳиста бориб,

Шивирлар қишлоғим теракларига.

Болалик – алданиб ўтган дамларим

Меҳрибон бувимнинг эртакларига.

Ҳаммани ҳайратга солардик боплаб,

Ойни қучоғига яшириб гоҳи.

Қизғалдоқ лабидан ўпиб юрардик,

Биримиз – кийигу биримиз – оҳу.

Кўклар кўзларимга туташиб кетган,

Юзларда сепкилдек майда юлдузлар.

Юрагим ўғирлаб, сўнг ўзи аста

Кўнглига беркитиб қўяр шўх қизлар.

Тутлар пишди яна, орзулар пишди,

Кўклардан кўксимга қизғалдоқ тушди.

Бугун  нега, билмам, чап кўксим бехос

Ўз-ўзидан қаттиқ санчиб, увишди.

Оймомо аллалаб ухлатган дамни,

Балки хотирлади юрагим шу он.

Болалик танитар экан оламни,

Ҳаётнинг ҳар куни экан имтиҳон…

  

   ГУЛЛАРИНГ ЯШНАСИН

 Нурга чайиб олар оламни қуёш,

Юзимга босади қайноқ кафтини,

Уйқудан кўз очиб кўтарсам мен бош,

Замин узра ёяр иссиқ тафтини.

Сойлардаги сувлар оқар шилдираб,

Овози ўхшайди бир ажиб куйга,

Баҳра олиб ундан гуллар ифорлаб,

Яшамоқ ҳиcсини қуяди дилга.

Ҳур Ватан, мадҳингга ожиздир қалам,

Ҳар ғунчанг бағрида бир олам орзу.

Қалбда меҳринг жўшиб айтаман ҳар дам,

Она юрт, гулларинг яшнасин мангу!

        Сеҳрли бекат

    Бу оддий бекатмас, сеҳрли бекат,

Туташиб туради ҳаёт лабига.

Тўхтовсиз бетиним уловлар ўтар,

Олиб бориб қўяр инсон қалбига.

Бу оддий бекатмас, сеҳрли бекат,

Нурли орзулар-ла безатилгандай.

Барчаси танишдир, барчаси таниш,

Худди неча йиллар кузатилгандай.

Бу оддий бекатмас, сеҳрли бекат,

Дилларга муштоқдир ҳаёт нафаси.

Худди шу бекатда нишонланади

Ўзликни англамоқ ҳур тантанаси.

Хаёл риштасига яна боғланиб,

Илҳом тулпорига узатаман қўл.

Бу оддий бекатмас — сеҳрли бекат,

   Шу ердан бошланар шоирликка йўл.

6

 Дилноза  ҲАМРОЕВА — 1999 йил Бухоро вилоятининг Бухоро туманида туғилган.  Галаосиё педагогика коллежи ўқувчиси.

         

ЁШЛИК

Мақсадга  интилиб  яшайлик  ҳар  он,

Ижод, изланишда чархлансин  қалам.

Ғалаба чўққисин қучайлик мудом,

Орзу-ниятларга чулғансин олам.

Юксалиш измида яшнасин  ҳаёт,

Покликка йўғрилган туйғуларимиз.

Эзгу орзуларга берайлик  қанот,

Мақсадга айлансин орзуларимиз.

Ватаним, ҳур тилак асли ўзингдан,

Мақсад боғларида гулла, гулистон.

Баркамол, серғайрат ўғил-қизингдан

Орзулар рўёбин кут, Ўзбекистон!

 

         ОҚШОМ

Оқшомда  уйғонар  дилларда туйғу,

Гуллар  оғушида  учар  шаббода.

Само  маликаси таратар  ёғду,

Юлдузлар маржондек турар самода.

Мажнунтол барглари шитирлар қувноқ,

Олмалар  ярқирар ой ёғдусида.

Мевалар ҳидидан сармаст бўлар боғ,

Олам ўзгачадир ноз уйқусида.

Соҳил дарахтлари кўкка  интилар,

Дарёнинг мавжида ой сулув, беҳол.

Шудринг майсаларнинг юзини ювар,

Боғларни оралаб кезади хаёл…

 

        БОБОДЕҲҚОН

Далалар  бағрига  шошади  деҳқон,

Қадамин зарбидан уйғонар  қуёш.

Унган майсаларга боқиб меҳрибон,

Пайкаллар кўнглига  бўлгайдир  сирдош.

Юртим қучоғида унган  пахтазор,

Чаноқдаги поклик – само парчаси.

Нажотбахш  қўллари – ерга мададкор,

Илдизин  ёяди  ҳаёт  арчаси.

Манглайидан  оққан  меҳнат  терини

Буғдойзор симириб кўкни  қучади.

Ҳосил хирмонидан йиғиб зарини,

Иқбол осмонида мамнун  учади.

Нурларга  беланиб  яшнайди  полиз,

Сахийлик  ёғдуси оромбахш  жонга.

Офтобдек беминнат, хизмати холис,

   Юрак-юрагимдан раҳмат деҳқонга.

7

 Ҳумоюн  ҚУВОНДИҚОВ — 1998 йил Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида туғилган. Самарқанд педагогика коллежи ўқувчиси.

ШАББОДА

 Шошмагил, ўйноқи шаббода,

Ойдинда бирга сайр этамиз.

Ям-яшил бедазор оралаб,

Иккимиз пиёда кетамиз.

Чароғондир ойдин гўзал тун,

Ошиқларнинг хаёли ширин.

Куйлайлик муҳаббат, ишқ учун,

Тинглайлик юлдузлар шивирин.

Юр, энди кетайлик иккимиз,

Тегмайлик ошиқлар жонига.

Шаббода, олиб кет, мен ёлғиз —

Тоғларга, лолалар ёнига.

 

         ТОҒЛАР

 Дўстим, ҳу… олисда, тоғларни қара,

Ётибди дунёнинг дардидан кечиб.

Улар неча миллиард йиллардан бери,

Бепарво ухлар тош кўрпасин қучиб.

Қачонлардир улар бўлгандир уйғоқ,

Ҳозирчи ётибди, бағрида сирлар.

Балки қиш чилласи ухлаб сал кўпроқ,

Уйғониш нелигин унутгандирлар.

Эртакларда ухлаб қолган бу тоғлар,

Бир малак бўлсайди, ҳуснига тўйсанг.

Сен ҳам шахзодадек бориб ёнига,

Сирли бўса олиб, уйғотиб қўйсанг.

        

КУЗ

 О, нақадар сокин мафтункор,

Олтин кузнинг осуда туни.

Юлдуз билан юрак рақс тушар,

Кўзларимдан ҳайдаб уйқуни.

Ўйларим ажиб бир навода,

Кенгликларни айланаман гир.

Куз нафаси кезар самода,

Салқин шамол юзимдан чимчир.

Бу тун бунча сирли, ғаройиб,

Саволимга жавоб берар ким?

Туманларда бўламан ғойиб,

   Юлдузларни эшитаман жим.

NArgiza Usmonova

 Наргиза  УСМОНОВА1996 йил Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида туғилган. Қарши педагогика коллежи ўқувчиси.

ВАТАННИ СЕВИШ

Ёмғирларнинг ҳидига тўйган,

Тупроғингни севаман, Ватан.

Қаддин кериб самони ўпган,

Байроғингни севаман, Ватан!

Табиатинг жондан суяман,

Осмонингни суяман қушдек.

Сенда сени хаёл сураман,

Гоҳ жамолинг туюлар тушдек…

Кўксинг баланд тут дер осмонинг,

Коинотга етамиз дейди.

Қўл ушлашиб қизу ўғлонинг,

Бирлашиб биз – биттамиз дейди!

Бошимизни силаб қуёшинг,

Олгин дейди нурларимдан куч.

Юрак дейди кўтаргин бошинг,

Шу Ватаннинг остонасин қуч!

Дам ўзимга ўзим куяман,

Ўлкамми деб шу диёр чиндан.

Мен Ватаннинг ҳидин туяман,

Шу ўлканинг одамларидан!         

 

 ЮРАГИМГА КЕЛ, БАҲОР

Юрагимга кир, баҳор,

Қизғалдоқлар узиб чиқ.

Севгимга бўлиб иқрор,

У билан сулҳ тузиб чиқ!

Булутларингга, осмон,

Ранг бер оппоқ дилимдан.

Сенчи ифор ол, бўстон.

Юрак деган гулимдан!

Кўзларимга ёғ, ёмғир,

Ёшларим куйдиради.

Ўзгани қалбим тўла,

Кўзларим суйдиради!

Яқинлашмагин, қуёш,

Кўксимда кул бўларсан.

Юрагимга кел, баҳор,

Кел, бағримда тўларсан!

 

    ЎЗБЕКЛИГИМДАН

 Кўзимнинг ҳаёси – Ўзбеклигимдан,

Сочимнинг қароси – Ўзбеклигимдан.

Шу юртдан оламан илҳом ҳавосин,

Сўзимнинг маъноси – Ўбеклигимдан!

Буюк аждодларга издош эканим,

Мос авлод бўлгунча чиқмас ёдимдан.

Пичирлаб шеър айтсам, осмон инграса,

Ютуғим, довруғим – истеъдодимдан!

Эзгу ният билан, дўстлар, бирлашинг,

Бахтига эришди халқ аҳилликдан.

Менинг олий бахтим, эртам – шу Ватан,

Барча мукофотим – Мустақилликдан!

Боладек шўхлигим кўпайиб кетса,

Бу – ота-онамга эркалигимдан.

Яшашга ҳаққим бор, бахтим, номусим –

Ўз ҳуқуқларимга эгалигимдан!

Юзингизга айтсам айбларингизни,

Унутманг, бу – сизга яхшилигимдан.

Эвазига тандир гўштин сўрасам,

Билингки, бу – менинг Қаршилигимдан!

Очиқдил, меҳнаткаш, уятчанлигим,

Мағрурлик – ўзимга хон, беклигимдан.

Қизғанчиқлигим бор, ўтмишдан меърос:

Тупроғим севишим – Ўзбеклигимдан!

Xursanoy Ismatova

 Хурсаной  ИСМАТОВА — 1994 йил Жиззах вилоятининг  Пахтакор туманида  туғилган. “Онажоним — шеърият” тўгараги аъзоси.

ТУНГИ МАНЗАРА

Тун!

Сув қўйнида қалтирайди ой,

Ел оҳиста чертар деразам.

Оро берар ўзига чирой,

Чапак чалар шодон барглар ҳам.

Самовотда тунни қаршилаб,

Юлдузлар ҳам ёқишар фонус.

Кўк бағрида учар ўйноқлаб,

Санамоққа улгурмайди кўз.

Еллар билан рақс тушар гуллар,

Шундан тонгда юзларида тер.

Дилга кўчар гўзал туйғулар,

Туғилади яна янги шеър.

Бўлгим келар тонггача ҳамроҳ,

Қалбга инар илиқ бир туйғу.

Қошларини чимириб ногоҳ,

Кипригимдан тортқилар уйқу.

   

ПИНҲОНА

Мен ила банд турар кимнингдир ёди,

Кимнинг изҳорлари менга аталган.

Мен-ла ғунчалаган кимнинг ижоди,

Ўю хаёллари менга қадалган.

Кимнинг тилларида фақат мен бўлдим,

Кимнинг юрагида уриб турдим мен.

Кимнинг орзусида бир мен чизилдим,

Кўзларига қараб кулиб турдим мен.

Йўлимда ошиқлар севди минг хилдан,

Ғурур ва ноз ила улардан тондим.

Кимнидир ардоқлаб, авайлаб дилдан,

Пинҳона севдим мен, пинҳона ёндим.

Saltanat Uzoqova

 Салтанат  УЗОҚОВА  —  1992 йил  Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида туғилган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети   қорақалпоқ филологияси факультети  талабаси.

ВАТАН

                 Тарих саҳифасида элим барҳаёт,

                Гуллагайдир обод ҳам озод ҳаёт,

                Ватан, деб янграгай юракда баёт,

                Тупроқдан яратган тан-жони учун.

                Буюк карвон юрган йўлда қолган из,

                Тумарис, Гулойим, ботир ўғил-қиз,

                Бердақ, Ажиниёз ёзган улуғ сўз

                Эл-юрт, Ватан деган имони учун.

                Ватан – қалбимизда янграган нидо,

                Ватанни ягона яратган Худо,

                Ватан дея жонни айлаймиз фидо

                Она Ўзбекистон бўстони учун.

                Беғубор, мусаффо, кенг осмонимиз,

                Замон тинч, тинч-тотув хонадонимиз,

                Шукур, тўкин-сочин дастурхонимиз

                Истиқлол яратган имкони учун.

                КЎНГЛИМ

                Билмадим, неларни тусайди кўнглим,

                Ғурур, номус ва ор ҳамиша ғолиб.

                Орзу-умидларим дилда лиммо-лим,

                Барини қулфладим сандиққа солиб.

                Сир бергим келмайди, сақлайман сирим,

                Кўнглимда ҳасад йўқ, ичимда кирим,

                Дардларимни ошкор этса ҳам шеърим,

                Ҳеч очилмадинг-а, бағри тош кўнглим?!

                Гоҳида онамдек аллалар ҳаёт,

                Учаман, қуш каби қоқаман қанот,

                Бўйин эгиш феълу атворимга ёт,

                Лек ҳамдард излайди бебардош кўнглим.

                Висол йўли яқин, ҳижрон кўп узун,

                Сабр ила меҳнатнинг охири фузун,

                Оқлай онам сутин, отамнинг тузин,

                Тошар дарё каби саркаш, ёш кўнглим.

                Тонг отар, умримиз яна сермазмун,

                Кун ботар, барчамиз ҳаётдан мамнун,

                Кўнгил очиқ бўлса, ёришгай очун,

                Оламни кашф этар серқуёш кўнглим.

                            Қорақалпоқ тилидан

                            Рустам МУСУРМОН таржимаси.

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ