"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БИЗ ИСТИҚЛОЛ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ

Ўқилди: 978

ЁШЛАР БАЁЗИ

Шеърлар

Gozalxon Ergasheva

 

        Гўзалхон  ЭРГАШЕВА —  1993 йил Фарғона вилоятининг Қува туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети магистранти. Алишер Навоий номидаги Давлат стипендияси совриндори.

        

ВАТАНИМ

 Қуёшлар чорлади оловдек бордим,

Қорларнинг ёнига қаловдек бордим.

Ватаним, “болам”, деб ҳайқирганингда,

“Онам”, деб бордим, мен отам, деб бордим.

 

Осмонларинг қучиб қушлар гуллади,

О, бу кун энг оппоқ тушлар гуллади,

Аёзлар қўймади қишда муз ёриб,

Совуқ уриб кетган ишқлар гуллади.

 

Охир аср кутган онларга етдинг,

Энг ёруғ юз билан тонгларга етдинг,

Тоғлардан акс-садо қайтмаганида

Мустақиллик урган бонгларга етдинг.

 

Сувлар ювиб ўтди олмос тошларни,

Юлдузлар лол осмон – юзи ширмонга.

Эрк керак, дунёлар керакмас ўзи

Дунё бўлиб келган Ўзбекистонга!!!

 

ФАРҒОНАДАН ТОШКЕНТГАЧА

Вафонинг йўллари тугамас, оға,

Юрагимга ботган тугмамас, оға,

Учиб бораётган довону тоғда

Рўмол Фарғонадан Тошкентгачами?

 

Киприклар кўзимни тилиб санчилар,

Тебранар кўксимда жуфт арғамчилар,

Дилни майда-майда қилиб қамчилар,

Дийдор Фарғонадан Тошкентгачами?

 

Ёмғир, дўллар тўлди қўлимни чўзсам,

Юлдузлар ҳайқирди бўйимни чўзсам,

Булут – елкамдаги сув тўлган кўзам,

Анҳор Фарғонадан Тошкентгачами?

 

Атиргулга айтдим сиримни бугун,

Тиканга ташлаб кўз қиримни бугун,

Сенда ҳам соғиниш ширинми бугун?

Бедор Фарғонадан Тошкентгачами?

 

Сенга элтар йўлни михлаб сенгача,

Бутун вужудимни зирҳлаб сенгача,

Келяпман бахтиёр йиғлаб сенгача,

Ёр-ёр Фарғонадан Тошкентгачами?!

 

  ДАЛАЛАРДА ЎСГАН БОЛАЛАР

Кенгликлардай бағирлари кенг,

Кўзларида меҳнатнинг завқи.

Деҳқон халқим, ҳалолим, поким,

Тупроқлардан теради ҳаққин.

 

Қўшиқларга тўлади дунё,

Қуёш яқин келар яна-да.

Бунда бахтнинг манзили бордир,

Ҳаёт кўчиб келган далага.

 

Ариқларни тўлдириб ётар,

Сувга тушин айтиб қамишнай.

Қўлтиғига китоб қистириб,

Қўй боққани келган болакай.

 

Бунда бари самимий, содда,

Ўзни эркин сезасан бирам.

Офтоб изҳор қилса севгисин,

Майсалари ёзади гилам.

 

Қучоқласанг, сиғади осмон,

Юрагингга юлдуз оралар.

Дунёларни туш кўриб чиқар,

Далаларда ўсган болалар.

 

 

Shavkat

 

            

 Шавкат  ДЎСТМУҲАММАД —  1996 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туғилган. Ўзбекистон  давлат санъат ва маданият институти талабаси.

 

 

 

 

 

      ОНА ТИЛИ ҲАҚИДА

Ҳамма ўзи билан бўлганда ўзи

Дардингни кимга ҳам айта оласан?

Хонангда ўзингга гапириб ўзинг

Она тилинг билан ёлғиз қоласан.

 

Дўстларинг кулдирсанг, кулдира олсанг,

Шунда ҳам ташвишинг унутилмасми?

Дардингни деворга гапириб қолсанг,

Таскин берган ахир она тилмасми?

 

…Қумларни тандирдек қизитар офтоб,

Саҳрода сарёғдай эриб борасан.

Ташналик суякка берса-да азоб,

Тилни унутишдан қўрқиб турасан.

 

Қум зарралари билан сўзлашасан сўнг,

Сўнг қудуқ кўриниб қолар йўлингда.

Водийлар кўринар… тушми ёки ўнг?

Қўшиқ айтгинг келар она тилингда.

 

Ў-ў она тили, томирлардасан,

Юраклар ургандек бўлар шу тилда.

Инсонлар шу тилда туғилган бўлса,

Шоирлар шеър ёзиб ўлар шу тилда.

  

                   БАҲОР

Баҳор — табассум билан

ширин сўзга ўхшайди.

Бахор — гулчамбар таққан

сулув қизга ўхшайди.

 

Бахор — ширмой нон билан

кулчалардек ёқимли.

Ҳали кулча ёпмаган

қўлчалардек ёқимли.

 

Йилнинг қорнида тўлиб

кейин дунёга келар.

Баҳор биринчи бўлиб

Сурхондарёга келар.

 

Қутлуғ келиб қадами

қишни гулга белайди.

Сурхондарё бодоми

декабрда гуллайди.

 

Кўкламой ёриб чиққан

оппоқ тухум муз асли.

Баҳор — сочпопук таққан

кулгичи бор қиз асли.

 

            ОТАЛАР ОМОН БЎЛСИН

Кулгуси ғамга санчиқ,

Ғамлар бир томон бўлсин.

Фарзандига суянчиқ

Оталар омон бўлсин.

 

Фарзандга бўлар паноҳ

Яхши ё ёмон бўлсин.

Ёмон дейиш-ку гуноҳ,

Оталар омон бўлсин.

 

Илк бор қадам бостирган

Боласи инсон бўлсин.

Инсон қилиб ўстирган

Оталар омон бўлсин.

 

Фарзанд фахрин кўргали

Бир давру даврон бўлсин.

Давру даврон сургали

Оталар омон бўлсин.

 

Куйлар авжи вақтига

Куйлаган замон бўлсин.

Фарзандларнинг бахтига

Оталар омон бўлсин.

 

 

Dilsora

 

 

 

Дилсора УСМОНОВА — 1997 йил Андижон  вилоятининг Марҳамат туманида туғилган.  Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети талабаси.

 

 

 

 

                ЮЛДУЗ

Аён, ойга етиб бўлмайди,

Офтобдан нур тутиб бўлмайди.

Туришларинг гўзал жилмайиб,

Юлдуз, менга пок дил бўлиб туш!

 

Билмай қолдим дилим недан ғаш,

Кўзларимни қорайтирди ёш.

Эй кўкдаги дилбар, париваш,

Юлдуз, менга кўнгил бўлиб туш!

 

Қаро тунга сочилган сочқи,

Эй оймомо ёнида соқчи.

Зуҳро, Зуҳал, хатто қароқчи,

Юлдуз, менга сингил бўлиб туш!

 

                ИБРАТ

Раҳмим келди қафасдаги

қушни кўриб,

Болакайлар нима сепса,

ейди териб.

Бир кичкина қоя тошда

хурпайганча

Бургут турар, юролмайди

кўксин кериб.

Шер боласи сувраткашга

хизмат қилар,

Ким тортқилар, ким эркалаб

бошин силар,

Ўрмон шоҳи ўкиради,

ранги сариқ,

Беданалар қолиб, сиртлон

ейди тариқ.

Чексиз ўрмон кирар Филнинг

тушларига,

Осмон орзу сим тўрдаги

Қушларига.

Асли ибрат шу ҳайвонот

боғи бизга,

Шукр дейман, кўрган ёруғ

кунимизга.

Истиқлолнинг фарзандимиз

бахтиёр, ҳур,

Кўз тегмасин озод Юртга,

Минг бор шукр!

 

               БАҲОР

Хуш келибсан, кўкламой,

Борлиққа бердинг чирой.

Ялпиз бўйин таратар,

Ўйноқлаб оқади сой.

 

Дошқозонда сумалак,

Рақс тушар етти малак.

Ният айтиб тош солдим,

Пишгунча жоним халак.

 

Ўхшайди биздай зорга,

Қанотин қоқиб қорга.

Чуғурлаб қалдирғочлар

Етди кўклам, баҳорга.

 

Толпопук тақиб сочга,

Ўсмалар қўйиб қошга.

Яйрайди қизалоқлар

Шодлик кексаю ёшга.

 

Гуллар сочиб йўлимга,

Хуш келибсан, наврўзим.

Шодлик берсанг кўнглимга,

Айланай сендан ўзим.

 

                 МЕҲМОН

 Меҳмон-меҳмон ўйнар эдик болаликда,

Мен борардим, у келарди, мазза эди…

“Келинг, хола”, деб, юракдан қувнар эдик,

Ғубори йўқ, юрагимиз тоза эди.

 

Тупроқ, қумдан эди қурган уйларимиз,

Малол олмай ҳар кун қайта тиклар эдик.

Шундай файзли ўтар эди кунларимиз,

Ҳар кун байрам, бир-биримиз қутлар эдик.

 

Улғайдик биз, уйлар кенгу юраклар тор,

Болалик ҳам ортда қолди армон бўлиб.

Эшик чертган холалардан бўлиб безор,

Ота уйда яшаяпмиз меҳмон бўлиб.

 

“Келинг, хола” деб юракдан қувнар эдик…

Dilafro`z

 

 

Дилафрўз ЧОРИЕВА  1987 йил Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида   туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган.
*                  *

Олиб кетди қалбимни

Юрт соғинчин селлари,

Силаб ўтди чеҳрамни

Айрилиқнинг еллари.

Йўлчи юлдуз, йўл кўрсат

Деҳқонобод томонга.

Ота юртим омонми,

Интиқми мен ёмонга?

Паcтаккина ҳовлига,

Назар солгин, оймомо.

Тушларида отамнинг

Юрибманми доимо?

Онам ором олганми

Ё бедорми сенингдек?

Тиззасида тўн борми?

“Келса кияр Комилбек”.

Чидайман-да, не бўлса,

Қиз палаҳмон тошидир?

Ёғаётган ёмғирмас,

Дилафрўзнинг ёшидир?…

 

       ***

Пешвоз чиқар оғамдай

Азим тоғлар қаршимга.

Юрагимда ўт ёнар,

Юз ювади ёшимга.

Авайларди ҳилолдай

Бошларида шул тоғлар.

Мафтун этди не билан

Қадрим билмас бул боғлар.

Тошлар йиғлар қотовда,

Изларимга гул экиб.

Қолган эди ўтовда

Болалигим энтикиб.

Соғинганда сел бўлдим,

Синголмадим бағрингга.

Юра-юра йўл бўлдим,

Қайтолмадим боврингга.

Ўкинмагин она юрт,

Тонги насим нафасим.

Шудрингларда мени кут,

Кўнглим— олтин қафасим.

Қўл узатса, еткулик

Осмонингни соғиндим.

Дарёларга ботгудек,

Офтобингни соғиндим.

Бағрингга шарт учаман,

Қарамай кўз ёшимга.

Пешвоз чиқар оғамдай

Азим тоғлар қаршимга.

 

Doniyor

 

 

            Дониёр  НУРСЕЙТОВ  — 1989 йил Қорақалпоғистон Республикасининг  Хўжайли туманида туғилган. Бердақ  номидаги Қорақалпоқ давлат университетида таҳсил олган.

 

                   

 

 

               ТУТЛАР

Тутлар.

Қўли очиқ, сахий, беминнат,

Тутлар ўхшар нонга ва сутга.

Мен тутлардан оламан ибрат,

Интилади болалар тутга.

Тутлар.

Ажратмас ким яхши, ким ёмон,

Ҳаммани сийлайди бирдек тенг.

Болдек мева тутар меҳрибон,

Бўлгим келар тутдек бағри кенг.

 

Тутлар.

Бир силкитсанг, дув тўкилар тут,

Тутни қилиб бўлмас саришта.

Она меҳри каби неъмат, қут,

Асал улашгувчи фаришта.

 

 

               ЎН ТЎҚҚИЗ

 

Куз. Қош қораймоқда. Соат 19.

Қуёш ботаётир, чўғдек қизил уфқ.

Ҳаёт дарёсининг оқими қирмиз,

Айни кунботарда кўринар аниқ.

 

Кимлардир югурар дарёдек тошиб,

Кимлардир таксида талашар ўрин.

“Навбат меники, қоч, турибман шошиб”,

Йўловчилар туртиб ўтар бир-бирин.

 

Автобус чироғин ёқар — 19.

Дегандай: “Қани мин, қолдинг-ку танҳо”.

Дедим: “Вақт қадрини билдирдинг тиғиз,

Кетавер, шошилинч эмасман асло”.

 

Бир сулув келаётир, балким, 19,

Балки, йигирмага етиб-етмаган.

Хотиржам ва беғам бу ажойиб қиз

Бекорга ноз ила ишва этмаган.

 

Қуш каби питирлар кўксимда юрак,

Юрак бефарқ эмас сулув қизларга.

Энди бошқалардай шошаман ҳалак

Соат ўн тўққизда. Ўн тўққизларга…

                            Қорақалпоқ тилидан      

                           Pустам МУСУРМОН таржимаси.

 

 

Dilnoza Tillaboyeva

 

 

Дилноза ТИЛЛАБОЕВА1997 йил Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ  туманида туғилган. Тошкент давлат Шарқшунослик институти  қошидаги Олмазор академик лицейи ўқувчиси.

 

             

 

 

 

ҒАЛАТИ ЎЙИН

Аҳмад, Феруза, Дилсўз

Ўйнашар бекинмачоқ.

Топишга қолганда-чи,

Улар роса эринчоқ.

Учаласи уч ёққа

Яшириниб олади.

Уларни топадиган,

Айтинг-чи, ким қолади?!

 

 

  КУЧУК ВА МУШУК

 Кучук деди: – Вов, вов, вов,

Дангасага менман ёв.

Қўриқлайман уй-жойни,

Оламан олқиш, мақтов.

 

Мушук ҳам деди: – Миёв,

Сичқонларга менман ёв.

Мақтов-олқиш олётган,

Фақат сен эмассан-ов!..

 

  ТАРВУЗ

Мен полизни оралаб,

Юрган эдим саралаб,

Бир тарвуз узиб бобом,

– Еб кўргин, – деди, – болам,

Бўлиб икки паллага,

Едик уни далада.

Қизиллигин сўрасам,

– Қуёшнинг иши, – деди.

Ширинлигин сўрасам,

– Меҳнатнинг гашти, – деди.

 

  СЎНГГИ ПУШАЙМОН

 Ўн асрни кўрган тошбақа,

Бир кун оғир қайғуга толди.

Одамларга не савоб қилдим?

Ўз умрини у чўтга солди.

 

Ҳисобидан топмай ниҳоя,

Сўнг бош қашиб, афсус этибди.

– Бир танаммас, ўйю фикрим ҳам

Косам ичра қолиб кетибди.

   ИГНАНГДАН БЕРИБ ТУР

Типратиконга

Деди Алишер:

– Бунча игнанг кўп,

Биттасини бер!

Кўйлагим енги

Кетди йиртилиб.

Дўлана шохи

Қолганди илиб.

Мен уйга бориб,

Олиб келай ип.

Ойимга билдирмай

Қўяйлик тикиб.

 

 

Zumrad

 

 

Зумрад МАШАРИПОВА  — 1990 йил Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида туғилган.  Урганч давлат университетида таҳсил олган.

 

 

 

 

 

         КЎНГЛИМ

 Кўнглим, сенга кўндим, сенга суяндим,

Юлдузларга яна бошимни урдим.

Юргин, олисларга бориб келайлик,

Мана, майсалардан арғимчоқ қурдим.

 

“Сиздан хабарлар йўқ хавотирлар бор”,

Эсламайман деб ҳам эсладим яна.

Тамом кетаман, деб сўз берган эдим,

Сўзимнинг устидан чиқмадим яна.

 

Сиз юрган жойларда шамоллар шаддод,

Мусичалар патин учириб келар.

Балки, хат ёзмассиз, ёзганингиз ҳам

Кабутарлар йўлда тушириб келар.

 

  БОЛАЛИГИМ

Болалигим ёмғирларда қолган гиёҳ,

Энди сени сўроқлаб ҳам тополмасман.

Болалигим оқиб кетган ул гулимоҳ,

Кўзларимга олиб сени чополмасман.

 

Болалигим юлдузларнинг шивирлари,

Онам эккан райҳонларда қолиб кетди.

Онам айтган эртакларнинг ҳур қизлари

Болаликни сандиғига солиб кетди.

 

Аллалари, қувончлари, қўшиқлари,

Жимжимадор, тахтиравон кўшклари.

Топиб беринг, она, қайда бешикларим,

Деган савол юрагимга ботиб кетди.

 

Шундан бери неча тонглар чопиб ўтди,

Сочларимда қанча тунлар ётиб ўтди.

Болаликнинг қиқир-қиқир кулгулари

Мени ҳаёт дарёсига отиб кетди.

 

      СОҒИНЧ

Соғинчларим, маҳзун ҳисларим,

Сизсиз юрак юракмас асли.

Соғинчларсиз яшасам магар,

Ҳиссиз юрак керакмас асли.

 

Олисларда ҳижронда кезай,

Кўздан оқсин шашқатор ёшим.

Майли, дилда бир оғриқ сезай,

Ҳижронларга етсин бардошим.

 

Соғинсинлар дўсту ёрларим,

Кетай, қолсин шу жимжит хонам.

Етиб келса оҳу зорларим,

Йўлларимга кўз тутсин онам.

 

Асли соғинч дилларга пайванд,

Шусиз кўнгил кўнгилга оқмас.

Соғинтириб, соғиниб яшай,

Тошдек яшаш кўнгилга ёқмас.

 

 

 

Erkin bozorov

 

Эркин  БОЗОРОВ— 1989  йил Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида туғилган. “Бунёдкор” ёшлар телеклубида кўрсатувлар тайёрлаш гуруҳи мутахассиси бўлиб фаолият юритади.

 

 

 

 

 

ҚОМУСИ БОР ЭЛ

(Конституциямизнинг 23 йиллигига)

 Азим чинор бўйин эгмас бўронларга,

Ер кўксига чангал солган илдизи бор.

Бу миллат тик боқиб келди замонларга,

Қадим тарих саҳнасида ўз сўзи бор.

 

Адолат туғ, байроқ бўлган бу эл учун,

Бешигида тебранарди дунё ҳали.

Ер шарини ўз измига солиб ул кун,

Тузукларин тузганида ўғлонлари.

 

Адолатни ер юзига ёйган эл бу,

Инсонийлик дарсин берган инсонларга.

Қанча ноҳақ, номардликни кўрган эл бу,

Жўмард бўлиб кирди ўзи достонларга.

 

Тўпланганда синов келди саботига,

Боши узра машъум замон булутлари.

Ноҳақ занжир тушиб учқур қанотига,

Парвозидан маҳрум бўлди бургутлари.

 

Гарчанд бу эл минг заҳматни кўрдим демас,

Кўрсатмайди бироқ кўзин қорасига.

Ўзи кўрган қонли, мудҳиш кунлар эмас,

Озод Ватан мерос қолди боласига.

 

Бундай даврон тушгани йўқ ўзи кўкдан,

Ҳурлик сўзи бу миллатга номусидай.

Соҳибқирон адолати аксин топган

Буюк миллат сиймоси бор қомусида.

 

Келажакка ишонч яшар ҳар бир дилда,

Ҳар бир миллат бунда эъзоз қўйнидадир.

Қардошига қучоғини очган эл-да,

Бу миллатда қомус – виждон ўрнидадир.

 

Тинч юртимда хушвақт, сербахт ўтар ҳар кун,

Хонадонлар тўлиб файзга, нон исига.

Азиз байрам, энг навқирон ёши бугун,

Қутлуғ бўлсин бахтимизнинг қомусига.

 

Яратганнинг ўзи асрар ёмон кўздан,

Қомуси бор элнинг бахти бут бўлади.

Қомусига боқиб англанг, Ўзбекистон –

Келажаги порлоқ, буюк юрт бўлади!

 

       ОТА ДЕСАМ…

Чиқиб олиб ҳовлининг тенг ўртасига,

Ота,  десам, ширинликка қўйним тўлди.

Кўтарганда эркалаб кенг елкасига,

Болажоним,  деганида кўнглим тўлди.

 

Дунёларга сиғмай ўсдим ота уйда,

Қишлоқ ҳам тор келиб қолди йигит чоғим.

Ота, десам, отам отга эгар қўйди,

Хайр, болам, деб кузатди ўз қишлоғим.

 

Орзуларни қувиб кетдим манзил томон,

Дилга солиб отамнинг ҳар ўгитини.

Ота,  десам юрган йўлим бўлди равон,

Каломидан топдим бахтнинг калитини.

 

Ота,  десам, осмонларга бўйим етди,

Ота,  десам, зулмат йўллар бўлди оқдай.

Ота, десам, орзуларга қўлим етди,

Ота,  десам, ўсиб юрди кўнглим тоғдай.

 

Мен юракни сиздан олган эдим, ота,

Кам ёнмади гумбурлаган чақмоқлардан.

Сиздан олиб, юртга меҳр бердим, ота,

Ота, десам, ўғлим, деди бугун Ватан!

 

 

Ruxshona

 

 

Рухшона  АШУРОВА — 1991 йил Сирдарё вилоятининг  Ховос туманида  туғилган.   Янгиер тиббиёт коллежини  тамомлаган.

 

         

 

 

 

                        * * *

Узоқ термиламан мовий денгизга,

Дунёдаги энг гўзал денгиз.

Фақат шу йўлгина элтади сенга,

Ёнингга чақирсанг яхши бўларди.

Аммо, сен атайлаб кўзингни юмиб,

Киприкларинг билан тўсасан йўлни.

 

* * *

Йиллар айирмаса бунчалар бизни,

Нуқул соянгизда қолиб кетяпман.

Кўнгилга яқинроқ кўрсам-да сизни,

Нечун кўнглингизга етолмаяпман?

 

Кетдингиз, аслида, дилимда унган,

Сизга айтилмаган гапларим қолди.

Кипригим остида улғайиб-ўсган,

Кўзимнинг олдида дунё йўқолди.

 

Сиз ўша, ханжарсиз – қалбим тиғлаган,

Шафқат қилинг мендай керагингизга.

Кўксингиз остида юм-юм йиғлаган,

Бир бор қараб қўйинг юрагингизга.

 

Сабрим мунг сабрингиз матонатига,

Қалбингиз ройига қарангиз бир пас.

Азизим, кўнглингиз салтанатига

Мен вақтни йўқотмай етиб борсам, бас.

 

Сиз мени кутсангиз, азизим, бахтни

Мен илиб қўярдим кулгичингизга.

Сизга етгунимча мана шу вақтни

Бироз ушлаб туринг ҳовучингизда.

 

        * * *

“Вақтим йўқ!”

Шу сўзинг билан тугатасан

Бугунги қувончимни.

Камига бахт тилайсан,

Аммо англаб етмайсан

Сенинг вақтсизлигинг –

Менинг бахтсизлигим эканлигини.

Энди мен сўрайман сенга Худодан

Фақат вақт!

Фақат вақт!

Фақатгина вақт!…

Тушун, ахир яшашим керак,

Ўн саккизга кирган муҳаббат билан.

ҲАЙКАЛТАРОШ

Назарим ўткирдир, эй ҳайкалтарош,

Нигоҳим тошларни тарошлари бор.

Фақат хавотирим, кўзим тегмасин,

Бир сенга бошқача қарашларим бор.

 

Сангзорлар гулзорга айланар экан,

Эшитдим азалий таърифларингни.

Лек сенинг юрагинг тарошланмаган,

Минг йилки, кутаман ташрифларингни.

 

Озорим, бу қадоқ қўлларингни бер,

Тошга сингиб кетган одамсимонсан.

Одамни севардинг, эҳтимол, сен бир

Келиб кўзёшимга покланиб олсанг.

 

Ё Раббий, бу одам бўлмайди нечун?

Минг шукр, омондир тандаги бу жон,

Лек унинг қўлида гулламоқ учун,

Мен тошга айланиб қолай, Художон!

 

 

           

 

Одина  МАМАСИДДИҚОВА – 1997 йил Наманган вилоятининг Норин туманида туғилган. Наманган тиббиёт коллежи ўқувчиси.

 

 

 

 

 

 КЎНГЛИМ УЙИ

Қўл ёзиб ўйнагайсиз,

Дилхирожнинг куйига.

Бир меҳмонга келингиз

Кўнгилгинам уйига.

 

Ёшлик фариштасининг

Ўлмасин-да сазаси.

Кўнгилгинам уйининг

Кўзларим — дарвозаси.

 

Ишонч остонасидан

Дард деворин оралаб.

Райҳоннинг ифоридан

Умид исин саралаб.

 

Кўнгилгинам уйида

Қайнар ажиб бир булоқ.

Сувлари кўз ёшимдир,

Нафаси дилдан қайноқ.

 

Қўл ёзиб ўйнайсизму,

Муножотнинг куйига.

Бир меҳмонга келингиз

Кўнгилгинам уйига.

 

 БАҲОР

Энтикиб талпинар, мурғак юрагим

Уйқудан уйғонган олам тафтига.

Дарахтлар гулига нигоҳим солиб,

Юзим босай оппоқ лола кафтига.

 

Япроқлар кўксига хаёлим жойлай,

Шамоллар боғларни тўлдирсин, шодон.

Анҳорлар шовуллар, ҳилолни пойлай,

Бахт томон етаклар орзулар ҳар он.

 

Қизғалдоқлар чидар ёмғир қаҳрига,

Довучча гуллари толларга қўнар.

Капалак ухлайди, иссиқ кафтимда,

Тошларнинг устида бинафша ўнар..

 

 

Alisher

 

             

Алишер САБРИЕВ — 1995 йил Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган. “Гулобод тонги” туман газетасида жамоатчи мухбир.

 

 

 

 

 

              ИСТИҚЛОЛ

Ушбу кун жаннатга қиёс бир диёр,

Тилларда шукрона шеваси, дўстлар.

Юзларда қувончлар нашидаси бор,

Бу кунлар истиқлол меваси, дўстлар.

 

Ўзликни англагач, отганча илдиз –

Кун сайин барқ уриб яшнамоқдамиз.

Обод юртда озод яшамоқдамиз,

Бу кунлар истиқлол меваси, дўстлар.

 

Келажак тақдири, – десангиз, – не ранг?

Шу тобда ёшларнинг кўзига қаранг,

Шиддату азмига, сўзига қаранг,

Бу кунлар истиқлол меваси, дўстлар.

 

Алишер куйласа завқ ила жўшиб,

Демангким, айтадур хушомад қўшиб,

Атрофга бир боқинг кўзингиз очиб,

Бу кунлар истиқлол меваси, дўстлар.

 

 ЖОНАЖОН ВАТАН

Кўксимни тўлдириб ҳаволарингга,

Қучоғим очарман сафоларингга,

Кўз тикиб мусаффо самоларингга,

Бағрингда яйрабон масрур яшайман,

Эй, онажон юртим, жонажон Ватан.

 

Қуёш ёриб чиқди қора булутни,

Фарзандинг ҳайратга солар бургутни.

Эртаси ёруғдир сендайин юртни,

Шул сабаб ҳадиксиз қадам ташлайман,

Эй, онажон юртим, жонажон Ватан.

 

Ўргилай оқ кўнгил халқингдан сенинг,

О, халқим, беқиёс хулқингдан сенинг.

Саодат кетмасин мулкингдан сенинг,

Тобланиб меҳрда камол топди тан,

Эй, онажон юртим, жонажон Ватан.

 

Эл-юрт билан ошди қанча довонни,

Рост йўлга бошлади буюк карвонни –

Қароғингда асра доно сарбонни,

Сардоринг элга эш, нурмакон чаман,

Эй, онажон юртим, жонажон Ватан.

 

 

 

 

                          Dilmurod Dost  

 

 

Дилмурод ДЎСТ— 1989 йил  Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети талабаси.

 

 

 

 

 

 

 

 

            ҚАЛБ

Кутганим роз эди, бироқ

Дуч келганим зор бўлди.

Ҳажрингда озорда эдим,

Сўнг… яна озор бўлди.

 

Жар солдим етти оламга,

Ошиғинг манманман!

Лек садо йўқ, оқибатким

Кўзларим намнамнам.

 

Куттирганинг озми сенинг,

Ёки кутганим озми?

Тақдир пешонамга чекди,

То абад ўчмас имзо

 

Руҳ шошар, ҳур хаёли

Етаклар уни ҳар кеч.

Тун.

Чиқмас, ҳур ҳаёли,

Юрак оҳ чек!

Оҳ!.. Оҳ чек!..

 

Беролмасам, асло дош,

Агар ҳижрон шод, олса.

Не ажаб мендан кейин,

Ортимда шу «Қалб» қолса!..

 

        ЁР СЕВГИСИ

Инсонни шу қадар кучли севар ер,

Осмондан рашк қилиб эркалаб, суяр.

— Мен сени ҳеч кимга беролмайман, дер

Ҳеч кимга ишонмай, бошига қўяр.

 

Осмонга соғинч кўп азоб етқазиб,

Сабр косасини қўяр тошириб.

Ер шунда бағридан бир хона қазиб,

Инсонни қўяди мангу яшириб.

 

* * *

Ёмғир ёғаяпти, ташқарига боқ…

Дарахтлар баргини ювиб ёғяпти.

Бир қара кўчага, қанчадан-қанча

Одамни, уйига қувиб ёғяпти.

 

Ёмғир ёғаяпти, ташқарига боқ…

Аксингни кўрсатар асфальт кўчалар.

Ёмғирпўшни пана қилиб йигит-қиз,

Сайр айлар, кузатар —бедор кечалар.

 

Ёмғир ёғаяпти тингла овозин,

Номаълум нотада куйлайди майин.

Кўлмаклар саҳнида, гўё атайин,

Томчилар раққосдек кўрсатар нозин.

 

Ёмғир ёғаяпти…

Ташқари чиқдим.

У юзларим силаб, ёғаверди жим.

Тўкилиб йиғладим ёмғир баҳона,

Йиғлади — деб хаёл қилмади ҳеч ким.

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ