"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БИЗ ИСТИҚЛОЛ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ

Ўқилди: 713

ЁШЛАР БАЁЗИ

Шеърлар

 

Nurjaxon Ubaydullayeva

 

 

Нуржаҳон  УБАЙДУЛЛАЕВА1998 йил Андижон вилоятининг  Бўз туманида туғилган.  Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Сирожиддинов номидаги академик лицей ўқувчиси.

 

 

 

 

 

 

 

НАВРЎЗОЙНИНГ ТЎЙИ БЎЛАРМИШ…

Баҳор келиб, ўпди пешонам,

Шаббода сочларим силади.

Шўх ўланга айланди нолам,

Ҳисларимни ранг-ла сийлади.

 

Содда хазил безар суҳбатни,

Қизлар гапни бурар севгига.

Бир лаҳзада, билмай шафқатни

Пеш қилишар тенгин-тенгига.

 

Шўх қизларжон лабида кулгу,

Юрагида ширин ҳаяжон.

Қандоқ сирли бу нафис туйғу,

Баҳор фасли қандай меҳрибон?!

 

Сирлар ўзин намойиш этар,

Қизлар кўздан уқиб олишар.

Шошибгина беқарор еллар,

Ёр мактубин ўқиб қолишар.

 

Сўнг энг зўр сир очилиб кетар,

Қизлар бекор кўрмас, ахир, туш.

Тун кундузнинг васлига етар,

Наврўзойнинг тўйи бўлармиш!

 

       ВАҚТ

 Қари дарахт остида

Кўкармоқда ниҳоллар.

Қаддини аста-аста

Кўтармоқда ниҳоллар.

 

Қуёш чиқса, нурларни

Қониб ичар, тўйинар.

Қари дарахт уларни

Ҳар кўрганда суюнар.

 

Шамоллардан тўсади,

Ниҳолларни авайлаб.

Кундан-кунга ўсади,

Шохлари тарвақайлаб.

 

Ниҳоллар дарахт бўлди,

Бўронларни енггувчи.

Лек қарисини бир кун

Кесиб кетди ўтинчи.

 

Дарахтларнинг остида

Ниҳоллар келар ўсиб.

Вақт ненидир қасдида,

Мудом кетади кесиб.

 

      БАХТ

Ҳаёт, кўзларимга маҳзун қарама,

Ташвишлар остига кўмма юрагим.

Бахтиёр яшаса ҳаётда ҳамма,

Шу-да менинг азал-азал тилагим.

 

Менинг кўзларимга қарагин шодон,

Бахтларга кўмилсин бахтиёр юрак.

Ахир бу дунёда ҳар битта инсон,

Бахтнинг нелигини билиши керак.

  

      САНЪАТ                   

Кўку оққа бурканган осмон,

Мусаффолик, софлик сийрати.

Кўз ташлайман мен шарққа томон

Савлат тўкар  қуёш суврати.

 

Сойда сув бир тиниқ, бир лойқа,

Не қилса ҳам ҳақдир табиат.

Гўзалликдан ушлайсиз  ёқа,

Ахир, бу зўр, энг буюк санъат.

 

 

Berdaq M

 

 

Бердақ  МУСТАФАЕВ — 1996 йил Қорақалпоғистон Республикасининг  Нукус туманида туғилган.  Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети журналистика факультети талабаси.

 

 

 

 

 

 

 

                               КУЗ  

 

Ёз оёқлаб, издан қадам босди куз,

Димоғингни ёрар тўрқовун иси.

Хирмон уйиб, чарчамаган элмиз биз,

Боғ яратмоқ олтин қалбли халқ иши.

 

Япроқлар турнадек шикаста овоз,

Тақдирнинг ҳукмига кўнар ноилож.

Этмоқчи бўлар-у, қуш каби парвоз,

Учолмасдан ерга қўнар ноилож.

 

Куз бугуни иссиқ, эртаси совуқ,

Уйга беркинасан ёмғирдан қочиб.

Хумраяди осмон, қовоғи солиқ,

Қуёш кечагидек турмас нур сочиб.

 

Вақт донишманддир азалдан шундоқ,

Фасллар алмашиб келаверади.

Тароқ ботмас сочга ногоҳ тушар оқ,

Йиллар шамол каби елаверади.

 

Ҳар фаслнинг файзи, ўрни бўлакча,

Бирига ўхшамас бири, албатта.

Улар бамисоли тўрт оға-ини,

Феъл-атвори бўлак, отаси битта.

 

 

                        ҲАМРОЗ

 Миннат қилиб юракка ишқ-муҳаббатни,

 Қўшиқ ёз, деб борҳо қийнаб қўйибман.

Чин деб ўйлабман мен пуч муҳаббатни,

Юрак билан ўйин ўйнаб қўйибман.

 

Ёш юраклар дейди: “Ёши улканлар

Дарду қайғуси йўқ, бахти кулганлар”.

“Ҳамманинг дарди бор” дейди билганлар.

Чап кўксимга барин жойлаб қўйибман,

Ёз, деб ёш юракни қийнаб қўйибман.

 

Бошимга не тушса, кўрган кўзимдир,

Севги деб билганим қандай сезимдир?

Ёзганларим дилдан чиққан сўзимдир.

Ёз, деб юрагимни қийнаб қўйибман,

Орзу умидларим йиғнаб қўйибман.

 

Ғам-шодликни баҳам кўрдим дўст билан,

Эзгулик тиладим хуш дилхуш билан,

Гоҳ кўз ёш, гоҳида илҳом, жўш билан

Юракни билмасдан қийнаб қўйибман,

Такаббурни дўст деб сийлаб қўйибман.

 

Мен нима ҳам қилдим ўзимни алдаб,

Ўртанаман, қалам сураман салда,

Ёзганим кўнгилга бўлмаса далда,

Чап кўксимни тилиб-тирнаб қўйибман,

Ёз, деб юрагимни қийнаб қўйибман.

                                                                         Қорақалпоқ тилидан

                                                                         Рустам МУСУРМОН таржимаси.

 

 

Nurxon Yoqubova

 

 

 

Нурхон  ЁҚУБОВА—1997 йил Жиззах вилоятининг

Жиззах туманида туғилган.  Сайилжой академик лицейи ўқувчиси.

                 

 

 

 

 

 

                      ВАТАН

 Илк бор кўз очганда дунёга боққан,

Бахтдан порлаб турган кўзимсан, Ватан.

Гар номингни айтсам тилда янграган

Энг гўзал, муқаддас сўзимсан, Ватан.

 

Ҳар тонг ишва билан юз очса қуёш,

Шодликларга тўлган кундузим ўзинг,

Тун пардасин ёйса, безак бергувчи,

Энг ёрқин, нурафшон юлдузим ўзинг.

 

Жилмайиб боқса гар шодон болакай,

Унинг лабидаги ҳандон ўзингсан.

Фарзанд камолидан қувонса она,

Ўша жонсарак жон – хушхон ўзингсан.

 

Отам қўллари-ла экканда ниҳол,

Унга замин бўлган тупроғим сенсан.

Юракка узилмас ришта боғлаган,

Оила аталмиш боғим ўзингсан.

 

Мовий осмонларнинг остида яшаб,

Орттирган ғурур, ор, юзимсан, Ватан.

Ўзга бировлардан изламам сира,

Сен менинг ўзимсан, ўзимсан, Ватан!

 

                            ***

 

Шабнамдан гулоблар ичганда ғунча,

Япроқларни майин чимдиса сабо.

Ҳали кўз очмаган мудроқ юракка

Тўлиб кириб келар саҳарги наво.

 

Уйғониб кетар дил тонг ялласидан,

Офтоб деразани келганда чертиб.

Ифорлар бағрига босиб олганча,

Ватан боғларига қўяди элтиб.

 

Сиғдиролмай қолар ҳис-туйғуларни,

Шодликдан энтикиб урётган юрак.

Ҳайқириб кетасан дарёдек тошиб,

Юртим, оппоқ тонгинг бўлсин муборак.

 

Мен ҳам ҳар бир кунга айтиб шукрона,

Яшайман йўлимда бахтимни топиб.

Онам меҳрин қўйган райҳонга чўкиб,

Юртим манглайидан қўяман ўпиб.

 

       

                  ЁНИБ ЯША

 Бу дунёда яшайдиган ҳар бир инсон,

Тақдирини куйлайдиган бахши экан.

Ўзгаларни ёмон дема, аввал ўзинг

Яхши бўлсанг, бутун олам яхши экан.

 

Қандай кўрсанг, шундайин акс этар дунё,

Ғийбат қилсанг, мавзу албат топилади.

Истамасанг, қулоғингни беркитиб ол,

Сенинг учун ўша олам ёпилади.

 

Йиғлаб дилни бўшатмоқлик керак баъзан,

Лекин, кулсанг кўпроқ бардош келар экан.

Оилангни алишмагин ҳеч нарсага,

Фақатгина улар дарддош бўлар экан.

 

Ёниб яша! Алангада ҳаёт бордир,

Ҳеч ўчмасин юрагингда умид чўғи.

Ҳаракатсиз ва мақсадсиз ўтган одам

Ҳам вақтига, ҳам бахтига ўзи ўғри.

 

Ҳар бир лаҳза – асрларга татигулик,

Оққан жойдан қайта оқиб ўтмайди сув.

Ўзгариши учун дунё, ўзинг ўзгар,

Нени тутсанг, кўрсатади шуни кўзгу.

 

Англамаган ҳақиқатим ҳали қанча,

Синов бисёр умримизнинг ҳар фаслида.

Сизга айтсам, чин инсоний яшамоқни

Эндигина ўрганяпман мен аслида…

 

 

 

Anvar Mirzo

 

 

Анвар МИРЗО —  1986 йил Қашқадарё вилоятининг  Қарши туманида туғилган.  Ўзбекистон Миллий Университетини  тамомлаган.  Қарши давлат университети ходими.

 

 

 

 

 

 

 

                   ЧУМОЛИ

Қанчалар мағрурсан, қанчалар сергак,

Бунча чидамлисан, бунчалар зийрак,

Сен билан дўст-улфат бўлишим керак!

Хатосиз юришинг кўриб, чумоли,

Яшагим келмоқда сендек чиройли.

 

Митти туйнукчадир сенинг саройинг,

Орингдан қўрқармиш жуфтинг — аёлинг,

Сирларинг бўлса айт, ўқий китобинг,

Хатосиз юришинг кўриб, чумоли,

Яшагим келмоқда сендек чиройли.

 

Ортган ҳалол ризқдан кунинг кўргайсан,

Деҳқонга балки сен ўрнак бўлгансан,

Оёғим остидан бунча шошгайсан,

Хатосиз юришинг кўриб, чумоли,

Яшагим келмоқда сендек чиройли.

 

Оқибат сизда бахт қандай тушунча,

Сизда ҳам бормикан оғир хиёнат,

Инсон ношудига беринг диёнат,

Хатосиз юришинг кўриб, чумоли,

Яшагим келмоқда сендек чиройли.

 

Нега йўлингиздан чиқиб кетмайсиз,

Ҳолингиз биласиз, тўқнаб юрмайсиз,

Ёрдамга муҳтожни ташлаб кетмайсиз,

Хатосиз юришинг кўриб, чумоли,

Яшагим келмоқда сендек чиройли.

 

Бизнинг ҳам дунёга қизиққанмисиз,

Болани ота деб ўкситганмисиз,

Бою камбағални ажратганмисиз,

Хатосиз юришинг кўриб, чумоли,

Яшагим келмоқда сендек чиройли.

 

Ишларинг барорсиз келса устма-уст,

Онадек, жигардек куймас бирор дўст,

Ғуруринг қўзғатиб қўйганмилар ўт,

Хатосиз юришинг кўриб, чумоли,

Яшагим келмоқда сендек чиройли.

 

           СОҒЛОМ БОЛА

Ўтмишга гувоҳ, тош-тупроқлар айтар,

Мерослар миллатим кимлигин айтар,

Бобом ҳикматидан жаҳон акс берар,

Соғлом бола элга таянч бўлади,

Ватан тақдирига таянч бўлади.

 

Дунёга боқ, дўстим, қанча мураккаб,

Юртнинг тинчлигида асли не сабаб.

Ҳар жойда баралла айтарман фақат,

Соғлом бола элга таянч бўлади,

Ватан тақдирига таянч бўлади.

 

Барчамиз гўдакка масъул қоямиз,

Ўзбекистон номли бир оиламиз,

Эрта кексайганда кимга қоламиз,

Соғлом бола элга таянч бўлади,

Ватан тақдирига таянч бўлади.

 

Мудом сокин бўлсин, нурли йўлимиз,

Азалий абадий юртга устунмиз,

Экканин ўрарда бағри бутунмиз,

Соғлом бола элга таянч бўлади,

Ватан тақдирига таянч бўлади.

 

Фарзанди соғлом халқ қудратли бўлар,

Ёнига йўллашдан ёвлар ҳам титрар,

Соғлом танни юксак идроки қўллар,

Соғлом бола элга таянч бўлади,

Ватан тақдирига таянч бўлади.

 

 

SAdoqat nematova

 

Садоқат  НЕЪМАТОВА — 1989 йил Андижон вилоятининг  Пахтаобод туманида туғилган. Андижон  давлат университети  талабаси.

 

 

 

 

 

 

 

           

              БАҲОР

Сочайин деб ифорларини,

Ёзмоқ учун хуморларини,

Кетказиб дил ғуборларини,

Баҳор бизни соғиниб келди.

 

Навбаҳордан элчи бойчечак,

Турналари солиб ҳалинчак,

Ҳадя этиб олтин беланчак,

Баҳор бизни соғиниб келди.

 

Анҳорларда сувларнинг рақси,

Симёғочда қушларнинг баҳси,

Дилга ёқар сархуш нафаси,

Баҳор бизни соғиниб келди.

 

Гоҳо осмон қичқириб кулар,

Севинчлардан кўз ёшин қуяр,

Дарахт келин либосин кияр,

Баҳор бизни соғиниб келди.

 

Дошқозонда қайнар сумалак,

Мовий осмон узра камалак,

Толпопукдан тақиб жамалак,

Баҳор бизни соғиниб келди.

 

Мўралади аста майсалар,

Қадалади ерга найзалар,

Қамар замин юзини силар,

Баҳор бизни соғиниб келди.

    

         КЎНГИЛЛАР

Тун чўкканда ой бўлиб сизга,

Бахт ҳақида эртак айтаман.

Соғинчларга кўмилган ҳисга,

Тонгда қуёш бўлиб қайтаман.

 

Қор бўлиб қиш қаҳратонида,

Пойингизга пояндоз бўлгум.

Ёз кунининг саратонида,

Шамол бўлиб кўнгилга тўлгум.

 

Кеч куздами ё эрта баҳор,

Ёмғир бўлиб сийлаб ўтаман.

Ярим тунда ва ёки наҳор,

Узинг, мен гул бўлиб кутаман.

 

Айрилдик деб ўйламанг сира,

Бизни фақат айирар ўлим.

Йўллар айро, юраклар бирга,

Шундан таскин олади кўнглим.

 

 

 

SAmariddin

 

 

Самариддин САЙЙИДЗОДА — 1986 йил Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. Қарши педагогика коллежини битирган. Чироқчи туманидаги 4-мактабда ўқитувчи.

 

 

 

 

 

 

     ШУКРОНА

Аё Ҳақ, келдим мано,
Не кўрсам кўзимники.
Бошимга тушса жафо,
Сабоқлар ўзингники.

Қароғсан кунимдаги,
Чироқсан тунимдаги,
Ун чексам, унимдаги
Фироқлар ўзингники.

Бегона дўсту ғаним,
Ягона  топинганим —
Ишқ аро денгиз таним,
Қирғоқлар ўзингники.

Нур бўлдинг фалакларда,
Қўр бўлдинг юракларда,
Мен суйган малакларда
Қароғлар ўзингники.

Висолинг дилимдами?!
Сўнг борар йўлимдами?!
Бу дунёнг қўлимдами?! —
Сўроқлар ўзингники.

Дурмисан уммондаги,
Тўрттала томондаги,
Ой десам, осмондаги-
Ўроқлар ўзингники.

Ишқдан дил юмшаб юрган,
Жонимни тўшаб юрган,
Ёшимни яшаб юрган
Шу чоғлар ўзингники.

Зикр этсам тилимдаги,
Фикр этсам дилимдаги,
Тунлари қўлимдаги
Чароғлар ўзингники.

Ўтгач умрим баҳори,
Бошимда ишқ ғубори,
Гоҳ сариқ, гоҳ зангори
Япроқлар ўзингники.

Ҳар ондин ҳисоб сўрган,
Қонимдан сизиб турган,
Умримни ишққа бурган
Сўқмоқлар ўзингники.

Энди эл Мажнун атар,
Мен ишққа этдим сафар,
Ўзимдан кетсам бадар,
Ер бўлиб ётсам агар,
Жонимга Маҳшар қадар,
Сен томон бергай хабар –
Тупроқлар ўзингники.

Мен ишққа этдим сафар…

***

Онам ёпган тандир нондай азиз эрур,
Ватан менга ору номус ҳам ифтихор.
Йироқ кетсам, хаёлимнинг уфқларида
Турналари “турку” айтар бир осмон бор.

Умрим менинг — елкамдаги тол бешиклар,
Умрим — юртнинг оталари тиклар минор.
Кўкда офтоб мендан аввал ўғил бўлган
Хумо қуши келиб қўнган бир макон бор.

Мен жим суюб,
Кечар бўлдим лаҳзаларни,
Сўзим қондир — томиримда тинмас тулпор.
Юрагимда офтоб каби она тилим,
Кўзларимнинг қароғида забоним бор.

Биру борим — Ҳақ, Ватан, Сўз жам илкимда,
Ишққа эҳсон этар бўлсам, битта жон бор.
Асли ишқ деб яралганман шу тупроқдан,

Асли ишқ деб шу тупроққа қайтар баҳор.

 
Indira

 

 

Индира  РЕЙПНАЗАРОВА —— 1997 йил Қорақалпоғистон Республикасининг  Қонликўл туманида туғилган.  Қорақалпоқ  давлат университети қошидаги 1-академик лицейи ўқувчиси.

 

 

 

 

 

 

          ГУЛЛАР ЎСАР

Гуллар ўсар, куртак очиб,

Офтоб чиқар нурин сочиб,

Олис кетсам елдек учиб,

Ватанимни соғинаман!

 

Ўғил-қизи бахтли ўсган,

Тоғларидан булут кўчган.

Соҳилини дарё қучган,

Ватанимни соғинаман!

 

          БУЛУТ ҚУЧИБ…

 Булутлар ҳам осмонда йиғилишар

Қушлар учиб, самоларга улашар,

Балиқлар ҳам дарёларда сузишар,

Билсам, барин маконлари бор экан.

 

Навниҳол ўсмайди муз ўлкасида,

Ҳар ўлканинг фарзанди бор аслида.

Ватани бор одамзоднинг кўксида,

Она ери, ошёнлари  бор экан!

 

                               Қорақалпоқ тилидан 

                              Хумоюн Акбаров таржимаси

 

 

Rustam

 

 

 Рустам  МАЛИКОВ —  1997 йил Тошкент вилоятининг  Паркент туманида туғилган.  Паркент туманидаги Тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

 

 

 

 

 

 

 

            СОҲИР ТУН

Қуёш уфққа ботиб борарди,

Кўк юзида ёниб қип-қизил.

Кел, бағримга бўйлагил, осмон,

Дардларингни мен бир-ла ёзгил.

 

Сукунатни бузиб томчилар

Тупроқларга сингишиб кетар.

Шабнам райҳон лабини тилиб,

Гуллар атри борлиқни тутар.

 

Биз ёлғизмиз, қара, соҳир тун,

Сукунатга поён етмоқда.

Уфқлар аро кезиб синиқ нур,

Бизни оппоқ тонглар кутмоқда.

 

 

               ТАБИАТ

 Тошдан-тошга сакрайди оҳу,

Қояларга босиб изини.

Субҳидамда намхуш майсалар

Ёмғирларда ювар юзини.

 

Тарқалади самодан ёғду,

Ҳар бир гиёҳ, ҳар бир зотгача.

Лолаларнинг анбарли иси

Кўтарилар самовотгача.

 

Шаббодалар эсар бир майин,

Эпкин тиним билмайди сира.

Уфқ бағрини ёрар камалак,

Англолмасман бу не муъжиза.

 

Шабнамларга урилар хаёл,

Нафасимга гул бўлар шерик.

Ҳар саҳарда англайман кўп бор

Инсон асли борлиқ-ла тирик.

 

            СОҒИНЧ

Эсимда, аёзли қишнинг тунида

Лайлакқор тўзғиган пардек еларди.

Ҳар кеча изғирин шамол бағрида

Отам совуқ қотиб ишдан келарди.

 

Нур томиб турувчи гулгун юзидан

Совуқнинг азоби кетарди ўтиб.

Эшик очардилар тўлиб шодликка,

Титроқ қўлларида бир жуфт нон тутиб.

 

Ўзи юрганда ҳам ранж-заҳмат чекиб,

Болам, деб азобга чидаб яшаркан.

Ўшанда бир бора англамабман ҳеч—

Отам фариштага жуда ўхшаркан.

 

Сизни соғинаман, бир зум кўрмасам,

Юракдан соғинчлар кетмайди энди.

Менинг қўлларимга нонлар ушатган

Қадоқ қўлингизни силасам эди.

 

 

Alibek

 

 

 Алибек  АНВАРИЙ —1994 йил Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида туғилган. Ўзбекистон миллий университети талабаси.

 

 

 

 

 

 

 

          МОТАМСАРО ОНА 

(Мотамсаро она ҳайкали қошида…)

 Мана, келдим яна гул олиб сенинг

Пойингга қўймоқ-чун— чин меҳрим рамзи.

Ҳамон ўтирибсан жим, тизза қучиб,

Қалбингда фарзандинг ҳур, ўчмас шамси…

Кетар чоғи ўғлинг елкасин силаб,

“Йигитлик бурчингни адо эт” дединг.

Қолгандинг термулиб, омадин тилаб,

“Керак бўлса, жонинг фидо эт” дединг.

Қонли йўллар билан борди баробар,

Боланг сени дея — сендек Ватан деб,

Лолман, қилиб бўлмас ҳеч ақл бовар,

Тағин ўтирибсан “Мен кутаман, деб”.

Ўғлинг Ватан учун тутиб бардошин,

Ҳўл бўлмай ўтгандир ўқ ёмғиридан.

Балки у кўксига олиб қўрғошин,

Ачинмай кетгандир ўз тақдиридан.

Акам эди сенинг тўнғич фарзандинг,

Ахир, мен ҳам сенинг азиз болангман.

Меҳрингни аяма мендан, эй Она!

Меҳрингсиз саҳроман, дашту ялангман.

Нега оналар зор қақшаши керак?!

Фарзандин юзига ташлабон тупроқ,

Нега ер ўқидан четлаши керак?!

Сабабчи бўлса гар уруш ё титроқ.

Бўлди, етар, Она, юр энди, кетдик,

Акам келмас, ахир, милтиғин ушлаб.

Сўнгги нафасгача эгилмасдан тик,

Ватан учун кетди жисмини ташлаб.

Она, мен бугун сенсиз кетмасман,

Увушиб қолгандир, оёғинг хаста…

Юр, мана, кўрсатай юртим жамолин,

Кезайлик шаҳримни бир бўлиб, аста.

Она, қўлимдан тут, бўлгайман тиргак—

Оғаларимдан сўнг кенжа ўғлонинг.

Фарзандларинг сони эмасдир сийрак,

Алибек ҳам бўлар сенинг қўрғонинг.

 

               НАВНИҲОЛ

Қуёш қудуқдаги челак мисоли,

Тортилди, ер яна мунаввар, ёруғ.

Бободеҳқонимнинг эккан ниҳоли,

Улғайсанг мевангни тутмагин дариғ.

 

Барча нафас олмай сенга кўз тиккан,

Меҳнатлар куймасин, бўлмасин завол.

Тоғларни бирма- бир новдадек эгган,

Сенга келганида тиз чўксин шамол.

 

Боболар сув излаб тополмай охир,

Суғорганлар сени қонлари билан.

Омочнинг ўрнига, нақадар оғир,

Шудгор қилганлар-ку жонлари билан.

 

Бенуқсон бўлиб ўс, деҳқон фарзанди,

Сен омад дарахти, миллатнинг шаҳди.

Осмонга бўйлашгин она дилбанди,

Сен умид дарахти, миллатнинг бахти.

 

 

Mohigul

 

 

Моҳигул  РАИМҚУЛОВА —  1997 йил Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган.  Жиззах давлат педагогика институти  қошидаги 2-сон академик лицей ўқувчиси.

 

 

 

 

 

 

 

          ИФТИХОР

Мен ёшликман, шижоат, ғайрат

Қон-қонимга сингиб кетмишдир.

Кўзларимда ёнган оловни

Ловуллатган шонли ўтмишдир.

 

Юрагимда бадавлат ҳис бор,

Бу туйғуга таҳсинлар шартмас.

Ватанимнинг нурли бағрида

Барча ёшлар бахтга ҳамнафас.

 

Асли, зарра бегоналар йўқ,

Бир чинордан туғишган куртак.

Эл бормикин қорачиғим деб,

Киприк қоққан халқимдан бўлак.

 

Бироз сукут сақланг, эшитинг,

Борми нидоларнинг овози.

Осмон тўла мусаффо ҳилқат,

Ёш авлоднинг баланд парвози.

 

Ўзбек деса, ким бош эгмайди,

Шарафламас, тенгламас кўкни.

Топиб беринг менга дунёда

Ўзбекчалик ўзига бекни.

 

Истеъдодлар чўғдек ловуллар,

Фахр дилга сабот тўшайди.

Ҳар нигоҳда ватан меҳри бор

Айтинг, улар кимга ўхшайди.

 

Гул ниҳолнинг чўзилар қадди,

Улғаяди томирда шиддат.

Ким кўрибди менинг элимдек

Ўзбекчалик танти, серҳиммат.

 

Мен айтаман шундай баралла,

Эшитсинлар мағрур дунёси.

Илм кўшкин ёритган шамс ҳам

Аждодимнинг нурли зиёси.

 

Ҳар қадамда имкон, истеъдод.

Келажакдан кўнгиллар тўқдир.

Фарзандининг ютуқларидан

Ўзбекчалик бахтиёр йўқдир.

 

Мени билмас, сени билмайди,

Биз, деб белга боғлайди белбоғ.

Кенг осмоннинг пешонасида

Эл кўзига тўтиё байроқ.

 

Дил титраса, ғурурдан титрар.

Ватан фахри — бу ажиб туйғу.

Шеърларимга кўзмунчоқ элу

Ўзбеклигим — ифтихорим бу…

 

      ВАТАН

Бир сўз айтдим,

Тилим титраб.

Юракларим бўшаб кетди.

Ҳаётимга нур кирди, нур

Дил қуёшга ўхшаб кетди.

 

Осмоним кенг,

Мен суюкман.

Киприкларим остида шеър,

Қароғимда гуллар Ватан,

Шабнамлари чексиз меҳр.

 

Ватан,

Сенда қадрим улуғ,

Номим улуғ, бахтиёрман.

Мендек бахтли фарзандларга

Макон бўлган ҳур диёрсан!

 

 

Nozima Tojiboyeva

 

 

Нозима ТОЖИБОЕВА — 1999  йил Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. Риштон педагогика ва иқтисодиёт коллежи ўқувчиси.

 

 

 

 

 

 

     СПОРТДА ГАП КЎП

 Дўстларим билан бирга,

Аҳд қилдик югуришга.

Донг қотиб ухлаб ётмай,

Тонг саҳарда туришга.

 

Ўткир  мени  сўроқлаб,

Келди  уйга  эрталаб.

Мен-чи,  жойимдан турмай,

Ётар эдим эркалаб.

 

Ўртоқ, келдингми?– дедим,

Ўранганча  кўрпага, –

Аттанг, бош  оғрияпти,

Югураман  эртага.

 

Эртаси кун  Ўткиржон,

Келибди  эрта, азон.

– Узр,  бугун, ўртоқжон,

Оғриб қолди  ошқозон.

 

У  яна  эринмасдан,

Чақирди  учинчи  кун.

Бирор  гап  топилмасди

Баҳоналарим  учун.

 

Ўртоғимдан  уялиб,

Шартда  ўрнимдан  турдим.

Машқ қилиб кўчада,

Қуёш  чиқмай  югурдим.

 

Айёрлик  нари  кетди,

Дангасалик йўқ  асло.

Ҳаттоки, мактабда ҳам

Ўқишлар  бўлди  аъло.

 

Спортда  гап  кўп экан,

Буни  тушуниб  етдим.

Ўртоғим келмасидан,

Ўзим  уйғониб  кетдим.

 

 

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ