"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Аҳмаджон Мелибоев. Жавоҳирлар уммони

Ўқилди: 807

A. MeliboyevМендан кўпинча «Биринчи ўқиган китобингизни эслай оласизми?”, деб сўрашади. Афсуски, эслай олмайман. Аммо бошқа тенгдошларимга нисбатан китобни кўп ўқиганим аниқ. Яна бир нарса аниқки,  дастлаб китобларни ўқишдан кўра, кўпроқ тинглаганман. Бу китоблар алоҳида қироат билан ўқиладиган жангномалар, халқ достонлари, Абу Муслим, Иброҳим Адҳам қиссалари эди. Ҳотам буванинг чоққина маҳсидўзлик устахонасида, меҳмонхоналарда, тўй ошларига сабзи тўғралаётганда ўқиларди. Маҳалламизда яшайдиган Абдуллажон Шайитов деган киши ялпиз ва ҳулва ҳиди анқиб турган ариқ ёнига ёнбошлаганча, ёш-ялангга соатлаб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини, “Шоҳ Фозил” қиссасини ҳикоя қилиб берарди. Кейин билсак, у киши бизни азбаройи қизиқтириш мақсадида асарнинг баъзи жойларини янада бўрттириб, ҳис-ҳаяжонини ошириб, қишлоғимизда бўлиб ўтган айрим воқеа-ҳодисаларга мослаб айтар экан.

Абдуллажон бува, масалан,  Отабекнинг ярамас Ҳомид билан тўқнашувини тахминан мана бундай ҳикоя қилар эди: “Шунда Отабек,  қони қайнаб, кўзлари Саночсойнинг нариги бошидаги чакалакзорда   ов қилиб юрган оч йўлбарснинг кўзидай чақнаб, “Ҳа, ярамас Ҳомит, қўлга тушдингми аблаҳ, ана энди кўрасан кўрадигонингни, катта холанг ҳам ёрдамга келолмайди”, дея пичоғини қинидан суғуриб, Ҳомитнинг оч биқинига шундоқ…”.

Абдуллажон ака ҳикоясини мана шунақа қизиқ жойида тақа-тақ тўхтатиб, «Энди бориб, дарсларингни тайёрланглар, эртага яхши баҳо олиб келсаларинг, кундаликларингни кўриб, қолган жойини айтиб бераман”, дея ўрнидан туриб кетарди.

«Баъзи китобларни уч мартадан ўқиб чиққанман”, деган гапни кўп айтаман. Муболаға қилаётганим йўқ. Гап шундаки, болаликда, бошқаларни билмадиму, менинг ўзимда зўр одам бўлиш учун қанақа китоб бўлса ҳам, бир бошдан  ўқийвериш керак, деган тасаввур бор эди. Аниқроғи, мактабдаги ўқитувчиларимиз бизга шундай дейишган.  Зўр бўлиш кимга ёқмайди дейсиз,  қўлимга нима тушса, ўрисча, ўзбекча, қирғизча — танламай ўқийверганман. Қирғиз тилида ёзилган битта китобни роса қийинчилик билан охирига етдим. Билсам, баҳорда қўзилатиш мавсумини қандай ўтказиш кераклиги тўғрисида ёш чўпонларга тавсия экан…

Бир куни юқори синфда ўқийдиган болалар домлалардан яшириб бир нимани ўқишаётганини сезиб қолдим. Сўрасам «Бунақа китобларни ўқишга ҳали ёшсан”, деб беришмади. Бир амаллаб қўлга киритдим. Тўхтасин Жалоловнинг “Олтин қафас” деган мўъжазгина, ўша йиллар кўзи билан қараганда, зўр ишқий қиссаси экан. Эрта азонда Такавойтепанинг нарёғига ўтиб, ҳеч кимга кўрсатмай ўқиб чиқдим. Стефан Цвейгнинг “Письмо незнакомки” деган китобини ҳам шу тахлит, рус тили ўқитувчимизнинг столидан “билдирмасдан олиб” ўқиганман ва, шу шаккоклигим сабаб, “Француз тили ўқитувчиси” филмининг қаҳрамонига айланишимга сал қолган. Одил Ёқубовнинг «Муқаддас. Тилла узук”, Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз”, Озод Шарафиддиновнинг “Замон. Қалб. Поэзия” китобларини, Учқун Назаровнинг олтмишинчи йиллари ёшлар ўртасида бениҳоя машҳур бўлган бир қиссасини такрор-такрор ўқиб, кўп жойларини ҳатто ёд олганман. Француз озодлик ҳаракатининг афсонавий йўлбошчиси Жанна д Арк ҳақидаги китобни дастлаб рус тилида, сўнг ўзбекчада ўқиб, бошим осмонга етган. Бу гўзал, сирли, фавқулодда жасоратли аёл мени ўзига тамомила ром этган. Қишлоғимиз этагидаги тепаликнинг устига чиқиб, ҳаёлан бу шерюрак аёлнинг енгилмас байроғини ҳилпиратиб, ўзимни ғолиблар сафида, Жаннахоним ёнида тасаввур  қилганман. Йиллар ўтиб, йўлим Францияга тушганида, Версал саройининг маҳобатли залларидан бирида менинг болалик тасаввуримдаги енгилмас ва бетакрор Жанна д Арк билан юзма-юз келдим. Моҳир мўйқалам устаси Янги Орлеан учун бўлган жиддатли жангнинг ғолибасини от устида шу қадар жонли тасвирлаган эдики, суюкли қаҳрамонимнинг кўзида оловли нур кўргандай, юрак уришини эшитиб тургандай бўлдим.

Тошкент Давлат дорилфунунига ўқишга келгач, кўплаб бадиий китобларни… домлаларимизга имтиҳон топшириш, баҳо олиш учун яна бир бор ўқишга, тўғрироғи, у ер-бу ерини  “чўқилаб» чиқишга тўғри келди. Тасаввур қилинг — имтиҳонга бир ҳафта қолганида тунни тун, кунни кун демай, Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина” асарларини, Оноре де Балзак, Эмил Золя, Фенимор Купер ва яна шу каби ўнлаб классикларнинг ёстиқдай-ёстиқдай асарларини ўқиб чиқишга, ҳеч бўлмаганда мазмунини айтиб беришга мажбур бўлганмиз. Хорижий адабиёт бўйича имтиҳонда менга Эмил Золянинг ўта зерикарли тилда ёзилган “Жерминал” асари тушиб қолса бўладими. Очиғи, бу асарни умримда ўқимаган эдим, аммо бир тўпламда айни шу муаллифнинг «Маркизанинг елкалари” сарлавҳали ишқий эссесига кўзим тушганди. Таваккал қилиб домлага шу эссенинг мазмунини ўзимдан  бироз қўшиб, айрим нозик жойларини бўрттириб айтиб бердим. Домла астойдил қизиқиб қолди ва менга яхши баҳо қўйди. Йиллар ўтиб «Уруш ва тинчлик”ни ҳам, “Анна Каренина”ни ҳам, Золя, Балзак, Ҳемингуэй, Драйзер, Достоевский, Алексей Толстой, Константин Паустовский, Бунин, Чехов, Гогол ва бошқаларнинг машҳур асарларини ўзим учун, ички бир эҳтиёж сабаб учинчи марта ўқишимга тўғри келди. Бу ўқиш ҳақиқий ўқиш бўлди. Кўпроқ Паустовский ва Чеховдан таъсирландим. Салтиков-Шедриннинг маҳоратига қойил қолдим. Абдулла Қаҳҳор «Менинг столим устида ҳамиша Антон Павловичнинг бирор бир асари очиқ туради”, деган сўзлари маъносини уққандай бўлдим. Китоб ўқиш, китоб ахтариш мен учун қизиқарли ва ёқимли машғулотга айланди. Энг бемаза, энг зерикарли китоблардан ҳам ўзим учун зарур фикрларни  топа олдим.

Ҳаёт, китобларда ёзилганидек осон ва равон эмас. Гоҳо маъмурларнинг қабулхоналарида бир неча вақт туриб қолишга тўғри келади. Самолёт муддатида парвоз қилмайди, поезд кечикади. Врач қабулида бир-икки соат туриб қолишингиз ҳеч гап эмас. Кўплар бундай пайтда асабийлашади. Мен эса мутлақо асабийлашмайман, ёнимдаги китоб ёки журнални олиб бемалол ўқиб ўтиравераман. Вақтни бекорга ўтказмайман. Ишонинг, муҳаррир сифатида муаллифларнинг кўплаб мақолаларини, шоирларнинг шеър ва достонларини турфа хил қабулхоналарда, бекатларда, зерикарли  мажлисларда ўқиб чиққанман. Бундай пайтлари мияга хўб ажойиб фикрлар келади…

 *  *  *

Домла Шариф Юсупов етмишинчи йилларнинг бошларида бизга Тошкент Давлат дорилфунунида сўнгги хонликлар тарихидан дарс берган. Домланинг яқин ўтмишимизга доир мароқли суҳбатлари бениҳоя қизиқарли бўлибгина қолмай, ўша пайт қулоғи билан тинглаганда, фавқулодда очиқ ва жиддийлиги, кутилмаган мулоҳазалари билан ҳам бошқа сабоқлардан ажралиб турар эди. Шу боис уларни жон қулоғимиз билан тинглаганмиз.

Домла Қўқон хони Худоёрхон даврини, ўша пайтгача бадиий асарларда, айниқса, ўзимизда суратга олинган киноларда ўта жоҳил, саводсиз бир кимса қилиб тасвирланган хонни алоҳида бир назокат, эҳтиром билан тасвирлар эдики, бундан кўпларимиз ҳатто ажабланганмиз ҳам. Бир куни дарс охирида у кишига “Шу мулоҳазаларингизни мақола ёки китоб қилиб ёзмайсизми?”, дея сўрашга журъат этдим. Домла: “Ҳай, ҳозирча шу гапларим етарли, вақти-соати келиб ёзилар ҳам” дедилар. Йиллар ўтиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигига бош муҳаррир этиб тайинланганимдан кейин домлага шу саволимни  эслатдим. — “Ҳа, ёзадиган пайт келди, билсангиз, анча-мунча нарса қоралаб қўйдим”, дедилар.

Домла бу ишга астойдил киришган экан, газетамиз саҳифаларида у кишининг Қўқон хонлиги тарихига оид ўнга яқин йирик тадқиқот мақолалари босилиб чиқди. Кейинчалик, бу мақолалар “Фурқат йўлларида”, “Худоёрхон ва Фурқат” номи билан тўплам ҳолида нашр этилди ҳам. Домла уларни ва яна “Санъат ва ҳайрат”, “Хуфия қатламлар” китобларини менга тақдим этдилар. Уларни, гарчи бошдан-оёқ ўқиб чиққан бўлсам-да, ҳафтада камида бир-икки марта варақлайман, баъзи жойлари деярли ёд бўлиб кетганига қарамай, қайта-қайта мутолаа қиламан.

Бунинг боиси бор, албатта. Газетхонлар билан бўладиган турфа хил учрашувларда, адабиёт ва тарих ўқитувчилари билан суҳбатлашганимда, домланинг китобларида келтирилган қимматли мулоҳазалардан фойдаланаман. Худоёрхон хон бўлиш билан бирга, гўзал ғазаллар ҳам ёзганини, оналари вафот этганида, уч кун унсиз фарёд қилиб, ҳозир ўқисангиз ҳам вужудингизни жунбушга келтирувчи марсия битганини, содда хон жаноблари Оқ подшо ҳузурига меҳмонга отланганида, Оғача бегимнинг “Борманг ҳазратим, сизни банди қиладилар”, дея зорланганини, хон вафотидан кейин бу оқила аёлга генерал Жўрабекнинг ошиқ бўлиб қолиши-ю, Оғача бегимнинг бу саллот ошиққа фавқулодда жасоратли, доно ва ҳаёли жавобини келтираман (“Мен хоннинг хотинимен, саллотнинг тенгги эмасмен!”).

Устоз қаламига мансуб китобларини мутолаа қилар эканман, хонлик даврига қизиқишим янада ортади. Бир гал Қўқонга борганимда, марҳум тадбиркор дўстимиз Нурилла ҳожи Абдуллаев менга тарихчи олима Анна Леонидовна Троицкаянинг 1968 йили Москвадаги “Наука” нашриётида жуда оз нусхада чоп этилган “Каталог архива Кокандских ханов ХIХ века” сарлавҳали китобини совға қилди. Қўқон хонлиги чор Россияси томонидан босиб олинганида, хонлик ўрдасидаги жамики мол-мулк босқинчилар тасарруфига ўтган. Қисқароқ баён қилсам, Анна Леонидовна ўрда канцеляриясидан олинган беҳисоб ёзма ҳужжатларни саралаб, китоб ҳолига келтирган. Ана шу китобни варақлаб ўтирсам, бир фатво чиқиб қолди. Унинг мазмуни шундай: Хоннинг оналари ҳаётлигида Тошкентдан Қўқонга иккита аёл меҳмонга келишади. Шу муносабат билан ўрдада тегишли фатво чиқарилади: “Тошкентдан мутарам хонимизнинг оналари ҳузурига меҳмонлар келиши муносабати билан хазинадан бир кулча совун, бир юмалоқ кўк чой, бир юмалоқ қора чой ажратилсин”. Мен бу фатвони деярли ҳар бир маърузамда келтираман, “Сизлар миллий қадриятларни тиклаймиз, дея ўтмишни ортиқча улуғлаб, орқага кетаяпсизлар”, дея истеҳзо қилаётганларга бизда аслида қандай қадриятлар мавжуд бўлганлигини эслатиб қўйиш учун ҳам шундай қиламан..

Шу китобни домла Юсуповга кўрсатган эдим, у киши сўраб, бир ҳафтага олиб кетдилар. Вақтида қайтарар эканлар, “Жуда муҳим маълумотнома экан, кўп жойларидан нусха олдим”, дедилар. Демакки, ҳадемай домланинг янги тадқиқотларини ўқисак, ажаб эмас.

Ушбу сартларни қоғозга тушириш олдидан Шариф Юсуповнинг “Хуфия қатламлар” сарлавҳали тўпламини яна бир бор варақлаб чиқдим. Ушбу китобчага сўзбоши ёзган профессор Бегали Қосимовнинг мана бу фикрларига эътибор беринг: “Адабиётшунос олим, профессор Шариф Юсупов билан суҳбатлашганмисиз? Тошкентнинг сўнгги юз — юз эллик йиллик тарихини, маҳалла-кўйларини, осори атиқаларини, қўйингки, бек-амалдорларидан қозию қуззотларигача, идора-маҳкама иморатларидан бойваччалари йиғилиб турадиган чойхоналаригача беками кўст биладиган ва улар ҳақида бир-биридан қизиқарли ҳикояларни айтиб бера оладиган кишилар у қадар кўп эмас. Айниқса, сўнгги 50-60 йилдаги ўзи кўрган, гувоҳ бўлган воқеаларни, хусусан, санъаткорлар ҳаёти, феъл-атвори, гап-сўзлари, улар билан юз берган турли-туман ҳодисаларни у кишидек ўрнига қўйиб айтадиган иккинчи кишини топиш қийин…”.

Ҳар гал, домла шахсан менга тортиқ қилган китобларидан бирини қўлимга олар эканман, Худоёрхон Оренбургдан қочиб, Маккаю Мадинага йўл олгани, хонлик даврида хон навкарларидан азият чеккан бир киши кунларнинг бирида Макка шаҳрида  собиқ хонни афтодаҳол бир ҳолатда учратиб қолиб, тош билан уриб, тишини синдиргани каби қизиқарли маълумотларни ва яна — Шариф Юсуповнинг “Муқимий ва Муҳйи”, “Комил ҳақида янги маълумотлар”, “Сатторхоннинг таржимаи хол асари”, “Исёнкор додхох” (Генерал Жўрабек), “Гап канизакда эдими?” (Амир Насруллонинг Қўқонга юриши тарихи) каби муҳим тадқиқотларини, Худоёрхоннинг маърифатпарвар ўғли шоир Фансуруллобек, саркарда Алимқули, Шарифхўжа, Муҳиддинхўжа, Саидрасул Азизий, Эшонхўжа, Ҳакимхўжа қозикалон ва бошқа кўплаб таниқли кишилар тўғрисидаги мақолаларини, қани энди, бошқалар ҳам ўқишса, баҳраманд бўлишса, деган фикр хаёлимдан ўтади.

  *    *    *

Шундай китоблар бўладики, ўқиб тугатиб, бошқа бир юмуш билан банд бўлиб кетганингдан кейин ҳам фикру зикринг унга муҳрланиб қолади. Узоқ вақт шу китоб таъсирида юрасан. Бундай китоблар, агар у тарихий мавзуда битилган бўлса, ўқувчини фикрлашга, олис мозий воқеа-ҳодисалари моҳиятини чуқур ва тўғри идрок этишга, бу борада ким биландир баҳслашишга, оқибат натижада ўзинг учун зарур хулосаларни чиқариб олишга туртки беради.

Шариф Юсуповнинг навбатдаги “Тарих уммони сирлари” китобини ўқир эканман, аввалги китобларни ўқиш чоғида бўлганидек, шу ҳолат яна такрорланди. Сарлавҳанинг ўзиёқ ҳамма гапни айтиб турибди. Тарих уммонида сир кўп, синоат кўп. Гавҳар ҳам кўп. Муаллиф ҳар бир миллат, халқ ўз бошидан кечирган мураккаб давр тарихини ўрганишда, таҳлил этишда холислик бош мезон бўлишини, бирор бир хулосага келишда “етти ўлчаб сўнг кесиш” лозимлигини алоҳида таъкидлайди. Чунки “Баъзи ҳолларда далил ва ҳужжат ҳам тарих бўла олмайди”.

1875 йилнинг август ойида Қўқон хони Худоёрхон Хўжанддан Тошкентга келади. Нияти — Туркистон генерал-губернаторидан ҳарбий ёрдам олиб, Қўқонга қайтиш ва тахтни яна бир бор эгаллаш эди. Аммо фон Кауфман унга Петербургга боришни, император ҳузурига киришни маслаҳат беради. Бу маслаҳат, аслида, содда хон учун тузоқ эди ва у шу тузоққа илиниб, Оренбургда бир муддат норасмий ҳибсда сақланади.

Хон сафар олдидан яқин таниши бўлмиш Мулла Маъруф деган кишига ўзига тегишли Навоий ва Мирзо Бедил қаламига мансуб нодир китобларни омонат сақлаш учун қолдиради. Кейинчалик Оренбургдан Тошкентга одам жўнатиб, шу китобларни олиб келишни буюради. Иккинчи факт — хонлик кутубхонасида сақланаётган Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”сининг жаҳонда ягона тўлиқ нусхасини себзорлик таниқли маърифатпарвар Муҳиддинхўжа қозига совға сифатида қолдиради. Кейинчалик бу китобни қозининг амакиваччаси Беруний номидаги Шарқшунослик институтига топширади. Мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Зафарнома” кирилл алифбосида тўла ҳажмда нашрдан чиқди.

Бу фактлар Навоий, Бедил, Яздий ижодидан бохабар бўлган хон ҳақидаги тасаввуримизга анча аниқлик киритади.

“Тарих уммонидаги сирлар”ни ўқир экансиз, “биргина ҳужжатнинг ўзи тарих бўла олмайди”, деган гап беҳуда айтилмаганига ишонч ҳосил қиласиз. Узоққа бормай, Худоёрхон ва фон Кауфман муносабатларини олайлик. Тарихнинг ўзида бу икки шахсга доир бири иккинчисини инкор қилувчи ҳужжатлар етарлича. Бу ҳолатни Шариф Юсупов ўта синчковлик билан таҳлил қилган. Чунончи, фон Кауфманнинг 1871 йилнинг 21 мартида Худоёрхонга ёзган мактубидан келтирилган  қуйидаги сатрларга эътибор беринг:  “Сиз “оқ подшоҳ”нинг  буюк ҳомийлигида экансиз, Сизнинг ҳар бир дўстингиз бизнинг дўстимиз, ҳар қандай душманингиз эса бизнинг ёвимиз бўлиб қолади”. 1872 йилнинг бошида валиаҳд шаҳзода Насриддинбек Тошкентга келганида, унинг шарафига зиёфат берилиб, шу маросимда фон Кауфман Худоёрхонни ўз мамлакатини юксак поғонага кўтара олган Пётр I га тенглаштиради ва “Яшасин Худоёрхон!” деб қадаҳ кўтаради. Айни чоғда, фон Кауфман Худоёрхоннинг Оренбургда ”пойтахтдан алоҳида кўрсатма келгунига қадар яшаб туришини” аввалдан режалаштиради, бу иш амалга ошгач, Қўқон аҳлига мурожаат қилиб: “Сизларнинг собиқ хонингиз Худоёрхонни мен Петербургга жўнатдим. Энди у сизларга хон бўлмайди”, деб мунофиқлик қилади. Бир муддат аввал,  Худоёрхон Хўжандда яшаб турганида, хонлик тахтига эндигина ўтирган Насриддинхонга нома битиб: “Сизга маълумдирки, узоқ йиллар давомида дўст бўлишимга қарамай, мен ҳеч қачон унинг (Худоёрхоннинг) хатти-ҳаракатини маъқуллаган эмасман”, дейишгача бориб етади.

Бугун, тарихий мавзуларда қалам тебратиш кексаю ёш, тажрибали-тажрибасиз муаллифлар ўртасида урф бўлган, бир асардаги тўқима образ иккинчисида тарихий шахсга, бир тўқима ҳодиса иккинчисида тарихий воқеликка айланиб бораётган бир пайтда, мана шундай қурама “ҳужжат”ларга асосланиб иш тутса, шубҳасиз, ўзини ҳам, ўқувчини ҳам чалғитади.

Шариф Юсуповнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган мақолаларидан бири амир Насруллонинг Қўқонга юриши (“Гап канизакда эдими?”) тафсилотларига  бағишланган. Тадқиқот тарихий далил ва ҳужжатларга асосланиб ёзилгани учун ҳам,  тарихчи олимлар ўртасида жиддий баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Баъзилар “Мақолада амир асосан қора бўёқларда тасвирланган”, дея енгил эътироз ҳам билдиришди.  Гап шундаки, тарихий манбаларда амир Насрулло шахсига нисбатан ҳам маъноси бир-бирига зид ҳужжатлар мавжуд. Шу хусусда домланинг янги китобига мурожаат қилайлик.

1861 йилнинг 10 январида Оренбург корпуси қўмондони генерал-адъютант Безак Русия ҳарбий вазири Чернишевга мактуб ёзиб, унда амир Насруллони қуйидагича таърифлайди: “Ажойиб ақл эгаси, энг уддабурон ва моҳир сиёсатчилардан бўлмиш Насрулло Бухорода ҳукмронлик қилган ўттиз тўрт йил давомида Туркистондаги барча халқлар устидан алоҳида бир жозибали қудратга эга бўлди”. Китоб муаллифининг фикрича,  чор амалдорларининг оқни қорадан, яхшини ёмондан, савобни гуноҳдан ажрата олмаган бу нодон ҳукмдорга бундай юқори баҳо беришининг сабаби у юргизган сиёсат чор Русияси ҳукуматининг мустамлакачилик мақсадларига мувофиқлигида.  “Тарих уммони сирлари”да бу фикр ишончли далиллар билан исботланади. Чунончи, юқорида номи келтирилган Оренбург корпуси қўмондони Безак амир Насрулло вафот этиши биланоқ, буқаламундек фикрини ўзгартиради ва Русия ҳарбий вазирига қуйидаги мазмунда мактуб йўллайди: “Насрулло Баҳодирхон 5 октябрда (1860 йил) Самарқанддан қайтиши биланоқ вафот этди. Унинг хотини, ўз акаси маслаҳатига кўра, Насруллонинг дорисига заҳар аралаштирганини чиндан ҳам бўйнига олган. Бунинг учун амир ўша заҳоти ҳар икки жиноятчини ўлимга ҳукм этган”.

Манбаларда амирнинг чидаб бўлмас даражадаги зулми ва қилмишларидан тўйиб кетган хотини Кенагаc бегим амир ухлаб ётганида қулоғига симоб қуйиб ўлдирганлиги ҳам айтилади.

Китобни ўқир эканман, тарихий манбаларда ёзилган, авваллари ўқиганимда эътибор бермаган баъзи муҳим ҳолатларга эътибор бердим. Чунончи, Фитрат домланинг “Абулфайзхон” фожеасини бир эмас, бир неча марта ўқиб чиққанман, лекин ундаги бир гап ёдимда қолмаган экан. Бу муҳим гапни Шариф Юсупов домла мен каби хаёли паришонларга эслатиб ўтибдилар: “Фожиада Абулфайзхоннинг хожасаройи бўлмиш Улфат унга (хонга) “Хоқонимизга маълумдирким, подшоҳлик қон билан суғориладиган бир оғочдур. Қон оқиб турмаган ерда бу оғочнинг қуриб қолиши аниқдир”, дейди. Бу гапни кимсан хоннинг ўзига айтиш учун нечоғли жасорат эгаси бўлиш лозимлигини тасаввур этасизми?

Бошқа бир ҳолат. Яқин ўтмишда ва ҳатто мустақиллик йилларида ёзилган баъзи мақолаларда ҳам, Тошкентнинг сўнгги қозикалони Ҳакимхўжа эшон Норхўжа эшон ўғли ҳақида асосан салбий фикрлар бор эди. Бу ҳолатга Шариф Юсупов жиддий тузатиш киритади: “Эмишки, Тошкентга Черняев қўшини ҳужум қилган 1865 йилнинг ёзида қозикалон ўзи истиқомат қилган Себзор даҳаси йигитларини босқинчиларга қарши курашга бошлаган, кучи етмагач, ўз одамлари билан қочиб қолган. Гўё ўз мансабини сақлаб қолиш илинжида шаҳар дарвозасини босқинчиларга очиб берган экан ва ҳоказолар… Аслида воқеа бундай бўлган. Тошкент шаҳри қамалда қолгач, бир ярим ой мобайнида кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган азоблардан қирилиб битишга маҳкум этилган аҳоли Абулқосимхон эшон, Солиҳбек охунд, Ҳакимхўжа қозикалон сингари покдомон зотларга илтижо қилиб, душман билан муроса йўлини топишни сўрайди. Шу тариқа сўнгги чора сифатида таслим бўлиш ҳақида Черняев билан битим тузилади. Бу тўғрида энг мўътабар тарихий манбаларда ёзиб қолдирилган. Ана шу воқеалардан кейин Ҳакимхўжа қозикалон Туркистон губернатори Романовский иштирок этган катта йиғилишда бу ҳукмдордан асло тап тортмай, дилидаги гапни дангал айтади: “Ҳаммамизни яратган Ҳақ таоло бор. Унинг амри ҳар бир инсон учун муқаддасдир, бинобарин, сизнинг амрингиздан ҳам юқори туради. Агар Ҳақ таоло мени ўз паноҳида асраса, фақат сиз эмас, балки сиздан юқорида турганлар ҳам ҳеч нарса қила олмайсизлар. Муҳтарам жаноб, сиз мени қўрқитиш билан шариат йўлидан тойдиришга мажбур қиламан деб ўйлай кўрманг”.

Бу жасоратли гап император саройигача етиб бориб, катта шов-шувга сабаб бўлади. Шундан сўнг йирик ҳукмдорлар орасида ”Туркистонда  Худодан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган битта одам бор, у — Ҳакимхўжа қозикалондир”, деган овоза тарқалади…”.

Бу сатрларни ўқиганингда, тарих қатларида сақланиб ётган ҳақиқатлардан баҳраманд бўлиб, кўнглинг ёришиб кетади. Хожасарой Улфат ва қозикалон Ҳакимхўжа ва бошқа кўплаб фидойи ватандошларимиз жасоратлари мисолида бугунги ёш авлод учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган замонавий мукаммал асарлар яратиш нечоғли зарур эканлигини, бу ишни турли баҳоналарни рўкач қилиб пайсалга солаётганимизни  мутлақо оқлаб бўлмаслигини англаб етасан.

Шариф Юсупов бу гал ҳам тарихий мавзуларда битилган баъзи асарларда, жумладан, муаллифнинг ўзига тегишли аввалги мақола ва китобларида йўл қўйилган айрим камчиликларни тузатган ёхуд баҳсли масалаларга ишончли далиллар асосида ойдинлик киритган. Китоб завқ ва ғурур билан ўқилади.

    *  *  *

Жиззахлик тадқиқотчи олим Мўмин Ҳошимхоновнинг Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини анча йиллардан бери кузатиб келаман. Яқинда унинг “Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодий фаолияти” сарлавҳали янги китоби ўқувчилар қўлига бориб етди. Унда тадқиқотчи Машраб ҳақида шу вақтгача ёзилган мақола ва тадқиқот асарларини, маърузаларни, нашр этилган бадиий ва илмий китобларни ва яна архив материалларини синчковлик билан ўрганиб, бир-бирига қиёслаб, якуний бир хулосага келишга ҳаракат қилади. Бу иш нечоғли заҳматли эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Чунки академик Иззат Султон бундан етмиш йил аввал ёзган “Асл Машраб” мақоласида таъкидлаганидек: “…кишилар ҳануз ҳақиқий Машраб ким эканлигини билмайдилар. Чунки Машраб яшаган XVII асрдан бери ўтган узоқ муддат ичида жамиятдаги ҳоким табақалар Машрабдан, унинг шуҳратидан, обрўйидан ўз мақсадлари учун фойдаланишга уриниб келдилар, Машрабнинг ким эканини яшириб, унга аслида йўқ сифатларни тақаб, Машрабни ўз тилакларига хизмат этувчи малайга айлантирмоқчи бўлдилар. Бу унсурларнинг қолдиқлари ҳали ҳам Машрабга осилмоқдалар, Машраб номидан ташвиқот юргизмоқдалар, ҳар хил бўлмағур хурофий миш-мишлар тарқатмоқдалар…”.

Бу фикрни ўз вақтида академик Воҳид Абдуллаев ҳам эътироф этган: “Давр кирдикорларини қаттиқ ҳажв қилган, инсоф ва адолат учун курашган бу халқчил шоир ҳақида жуда кўп ҳикоя ва латифалар вужудга келган. Уларнинг кўпчилигида Машраб Насриддин Афанди каби қўрқмас, адолатпарвар, доно ва ҳозиржавоб халқ қаҳрамони сифатида тасвир этилади. Бунга чидай олмаган юқори тоифа доиралар Машраб асарларининг омма орасида тарқалиб, шуҳрат қозонишига қарши кураш олиб борадилар. Лекин бунинг иложи бўлмагач, ижодини сохталаштиришга, уни Худо ва пайғамбар йўлида девоналик қилиб юрган таркидунёчи шоир, бадбин дарвиш — қаландар қилиб кўрсатишга уринадилар. Бундай ҳолларнинг барчаси Машрабни турлича талқин этишга олиб келади. Бунинг устига котиблар ва ноширлар Машраб номи (ёки тахаллуси) билан ижод этган турли шоирларнинг шеърларини аралаштириб юборганлар”.

Тадқиқотчи Мўмин Ҳошимхонов ўз изланишлари мақсадини аниқ белгилаб, Машраб ҳаёти ва ижодини, бу улуғ зот дунёқарашини тушунишда у яшаган даврнинг ижтимоий-сиёсий ҳамда маънавий-ахлоқий  муҳитини, бу мураккаб даврнинг ўзига хос хусусиятларини англаш ва идрок этиш бениҳоя муҳим эканлигини таъкидлайди. Айни чоғда, Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида шу пайтгача ёзилган, эълон қилинган тадқиқотлардаги асосий фикр ва мулоҳазаларни қиёсий таҳлил қиладики, бунда китобхонда Машраб тўғрисида ўз нуқтаи назарига эга бўлиш имконияти ҳам пайдо бўлади. Мана, Исҳоқ Боғистонийнинг “Тазкираи қаландарон”идан келтирилган парча: “Раҳимбобо шартаки, айтмиш сўзидан тонмас, баланд бўйли, сарвқомат, кенг пешона, сочлари фатила-фатила, дарвиштабиат, ола кўзларидан мудом ўт чақнаб, назари тушмиш кимсанинг жону жаҳонини ўртаб юборгудек. Вужуди, наинки вужуди, жумла йўқу бори гўё ашъор оташиға йўғрулуб,  мудом шу оташда куюб ўртанғувчи эрди. Ва хушовоз хонанда, сетор ва танбурни бағоят нозик ва нафис чертар эрди. Раҳимбобонинг ҳақсўзи, оташнок ашъори нопок дилларни куйдирғувчи эрди…”.

Шу асарда Машрабнинг Маҳмуд Қатағон ҳузурида жасорат билан айтган ушбу сўзларини ҳам ўқиймиз: “Оре ростдурким, мўмин-мусулмон бандаларни эрмас, балки ришвахўр қозиларни, оқни қаро қилувчи муфтиларни, икки тиллик уламоларни, шайдойи муллоларни ҳажв тили бирла тавсиф этмушдим. Неки битдим, ҳақ турур. Узр айтмоқлик фақирга одат эрмас…”.

Муҳаммад Баде Малеҳо Самарқандийнинг “Музаккирул-асҳоб” асаридан келтирилган мана бу парчага эътибор беринг: “У (Машраб) ўз зеҳнидаги ўткирлик туфайли бошқаларнинг диққатини жалб этди. Зўр ҳавас билан ўқиши соясида камолот касб этди. Балоғатга эришгач, Самарқандга келди ва бир мунча муддат шу ерда туриб қолди. Сўнг Наманганга қайтди ва у ердан Қашқар ва Бадахшон сафарига жўнаб кетди. У Балхдан Самарқандга қаландарлик даражасида келди. Машраб ўз саёҳатлари давомида кўп камолот топди, унинг ашъори ҳам етуклик касб этдики, буни мақтаб ўтиришнинг ҳожати йўқ”.

Мўмин Ҳошимхоновнинг китобида бундан ташқари Машраб ва Маҳмуд Қатағон, Машраб ва Офоқхўжа муносабатларига доир ўта муҳим маълумотлар келтирилган. Тадқиқотчининг фикрича, пайғамбар авлоди, Махдуми Аъзамнинг набираси, “Қутб ул-олам” даражасига етишган Офоқхожани Машрабга қарши, унинг кушандаси қилиб кўрсатиш, калтафаҳм ва жаллод қилиб тасвирлаш инсофдан ҳам, адолатдан ҳам эмас. Бунда у бошқа бир қанча ишончли тарихий манбалар қаторида Исомиддин Салоҳийнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигининг 1997 йил 14 феврал сонида эълон қилинган “Ижтимоий муносабатлар қурбони” сарлавҳали мақоласига, Абдурашид Абдуғафуров, Нусратулло Жумахўжа каби олимларнинг тадқиқотларига таянади: “Офоқхўжа Машраб сиймосида содиқ, фидойи муридни эмас, балки Мансури Халлож мақомига етган шаддод, ғоявий рақибни кўрди… Офоқхўжа бу келишмовчиликка расмий тус беришдан манфаатдор эмас эди. У Машрабни бирор йўл билан гуноҳкор этиб, уни обрўсизлантириш чорасини ахтаради. Тез орада бу қора ниятни амалга ошириш учун ”кучли” баҳона ҳам топилади”.

Бу ерда гап Машрабнинг Офоқхожага назр этилган қизлардан бирини севиб қолиши ва бунинг оқибатида ваҳшиёна жазоланиши устида бормоқда. Тадқиқотларда, жумладан Мўмин Ҳошимхонов китобида ҳам, қуйидаги фикрга дуч келамиз:  “Машрабнинг Офоқхожа ҳузуридаги етти йиллик хизмати — уч йил ўтин ташигани, уч йил мешда сув ташигани ва яна бир йил остонада ётгани, шу етти йил ичида бир пўстинни ёзда чармини, қишда юнгини кийгани — бу ҳали пирнинг дийдорига, илтифотига муяссар бўлгани эмас эди. Пир шундай марҳамат қилиши лозим эдики, шу марҳамат боис Машрабдек нуктадон шогирд Ҳақнинг дийдорига, унинг нури жамолини кўриш бахтига ноил бўлиши керак эди. Бу даргоҳда юришдан мақсад шу эди…”. Демак, канизак — бир баҳона, Машраб эса Ҳақ йўлида ҳаттоки нафси амморани қурбон қилишга ҳам тайёр бир қул.

Машраб ижоди ва дунёқарашига қизиқаётган, уни тушунишга уринаётган бир ўқувчи сифатида мен бу фикрга муносабат билдиришдан ўзимни тияман. Негаки, тадқиқотлар ҳали узоқ давом этиши, янги ва янги талқинлар пайдо бўлиши, борларига эса  ойдинлик киритилиши аниқ ва бунга  эҳтиёж ҳам бор. Негаки:

Қонимни тўкар эмиш Балх шаҳрида Маҳмудхон,

Тақдири азал бўлса, найлай, анга бермай жон,

дея ҳайқира олган, ажал жомига дуч келганида, орқага тисарилмай, сўзи ва эътиқодидан қайтмай, уни жон-вужуди била сипқорган исёнкор шоирнинг қалбини янада равшан тушунмоғимиз бениҳоя зарур.

Юқорида номлари келтирилган икки китобларни мутолаа қилар эканман, илмда, матбуотда камдан-кам учрайдиган бир ҳолатга дуч келдим ва қувондим. Собиқ тузум шароитида, собиқ мафкура таъсирида ёзилган, эълон қилинган илмий асарлар, мақолаларнинг кўпида тарих адолати аёвсиз бузилган, бирёқламаликка йўл қўйилган. Кимдир буни ўта даҳрийлик таъсирида, яна кимдир эса муросасозликка бориб қилган. Мустақилликка эришганимиздан кейин баъзи устозларимиз бу ҳолатни ўз ихтиёрлари билан шарҳлаб бердилар, тазарру қилдилар. Аммо ҳамма ҳам бундай мардликка бормади. Тўқсонинчи йилларнинг бошида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Тазарру” деган рукн очдик, кўплар учун кўнгилни, виждонни бир мунча поклаб олиш учун имкон яратмоқчи бўлдик. Афсус, рукнимизнинг умри қисқа бўлди.

Мўмин Ҳошимхонов замон таъсирида Машраб шахси ва фаолиятига нисбатан бир мунча эътиборсизлик қилган олимлар ҳақида фикр юритар экан, бироз жўшиб, ҳаяжонга берилиб кетса-да, ўтган асрнинг тўқсонинчи йили ёшлар газетасида эълон қилинган бир тазарруга жуда ўринли тўхталиб ўтади. Бу — Машраб ҳақида кўп тадқиқотлар олиб борган, илмий иш қилган Муҳсин Зокировнинг “Машраб олдидаги гуноҳим” сарлавҳали мақоласи. Унда олим Бобораҳим Машраб ҳақида илмий-тадқиқот ишларини олиб борар экан, замонасозлик қилиб, шоирни ўта атеист-даҳрий, Аллоҳдан қайтган, Ислом динининг ашаддий мухолифи сифатида шеърларидаги маъно ва мазмунни бузиб талқин қилганлигини, уни Худодан ажратиб, куфрга ботганлигини очиқ-ойдин эътироф этади, Машраб руҳи олдида гуноҳкорлигини тан олади.

Бу мақола ўша вақтнинг ўзидаёқ катта шов-шувга сазовор бўлгани ёдимда. Уни бир эмас, бир неча бор ўқиб чиққанмиз. Собиқ тузум шароитида бундай гап билан марказий матбуот нашрларидан бирида чиқиш қилиш ҳазилакам иш эмас эди. Аммо Муҳсин домла ўзларида шундай жасоратни топа олди ва бу тазаррудан сўнг у кишининг олимлик обрўсига обрў қўшилса қўшилдики, асло камаймади.

Бу фактни келтираётганимнинг боиси, тарихий воқеа-ҳодисаларни шарҳлашда, тарихий шахслар ҳаёти ва фаолиятига доир тадқиқотларда, публицистик асарларда нохолис талқинлар, ноаниқликлар, тарих ҳақиқатига зид хулосалар тўлиб-тошиб ётибди. Ҳануз маъно-моҳияти тўла-тўкис очиб берилмаган, баҳоланмаган воқеалар бор. Бунга биргина Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий хусусидаги шўровий талқинлар мисол бўла олади. Бундай пайтда муҳтарам олимларимизнинг мозийга ва мавзуга қайтиб иш тутишлари, хато-камчиликларни тузатишлари нафақат ўринли, айни чоғда, катта маънавий эҳтиёж, виждон амри ҳам бўлиши керак.

Франциянинг Ўзбекистондаги дастлабки фавқулодда ва мухтор элчиси Жан Пол Везиан таҳририятда бўлган бир суҳбатда “Тарих воқелиги ҳеч қачон ўзгармайди, аммо уларга нисбатан муносабат вақти-вақти билан ўзгариб туради”, деган эди. Ушбу мақолани шу фикр билан якунламоқчи бўлиб турганимда марҳум ҳофиз Маъруфхўжа ота Баҳодировнинг бир ҳикояси ёдимга тушиб қолди: ”Бизнинг қишлоққа бир поляк уста келиб қолди, — деган эди у киши. — Уйларни таъмирлаб, печка қуриб юрди. Қўли гул, инсофли экан, қанча берсангиз индамай олиб кетаверади. Шу ажнабий бизникига ҳам келиб печка қурди. Катта бир хонани таъмир қилди. Жавоннинг устида шоҳ Машрабнинг бир китоби турган эди. Муқовасида Машраб оловнинг ичидан чиқиб турибди. Ҳалиги уста бир куни қарасам, шу китобни томоша қилиб турибди. “Бу ким?”, деб мендан сўради. “Сен уни жойига қўй, тегма, тушунмайсан”, дедим. Эртасига менга битта расм кўрсатди. Ё парвардигор, бу уста балои азим экан, Машрабнинг олов ичидан чиқиб турган ўша расмини худди тирикдай қилиб, катталаштириб ишлабди. Э, умрингдан барака топ, дедим. Ҳай, ишни битириб, кетди. Ҳалиги расмни уйнинг тўрига осиб қўйдим. Бир куни уйга олов илашди. Ҳаммаёқ куйиб кул бўлди. Эртасига келиб қарасам, сизларга ёлғон, Аллоҳга рост, Машрабнинг расми деворда бус-бутун турибди. Қаранг, Машраб оловда куймабди. Ўзи олов бўлгандан кейин куймайди-да…”.

Бу ҳикоядан англаган хулосам шуки, Машраб — олов, ундан узоқлашган кишининг қалби совийди, яқинлашганда эса… эҳтиёт бўлиш керак.

 (давоми бор)

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ
ИЛМИЙ-АДАБИЙ АНЖУМАН ИЛМИЙ-АДАБИЙ АНЖУМАН
ДАВРА СУҲБАТИ ДАВРА СУҲБАТИ
АДАБИЁТ – БУЮК БИР ҚУДРАТ! АДАБИЁТ – БУЮК БИР ҚУДРАТ!