"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Аҳмаджон Мелибоев. Жавоҳирлар уммони

Ўқилди: 690

(давоми)

*  *  *

 Устоз Пиримқул Қодировнинг темурийлар давридаги адабий тилимиз муаммоларига доир “Тил ва эл” сарлавҳали илмий бадеаси адабий-илмий жамоатчиликнинг юксак баҳосига сабаб бўлди. Қизиғи шундаки, муаллифнинг бу асари, гарчи илмий мушоҳада услубида ёзилган бўлса-да, биз ёшлигимизда қайта-қайта ўқиган “Уч илдиз”, кейинги йилларда яратилган “Хумоюн ва Акбар”, “Авлодлар довони”, “Она лочин нидоси” каби бадиий китоблар даражасида мароқ билан ўқилади. Бунинг боиси, китоб — тилимиз ҳақида. Бу энди менинг шахсий фикрим:  ҳар қандай мажруҳ иқтисодни тадбиркорлик билан соғломлаштирса бўлади, давр, замон талаб этса, сиёсат ҳам ўзгаради. Бузилган, емирилган иморатни қайта тиклашнинг иложи бор. Аммо бузилган, бошқа тиллар таъсирида қоришиқ бир аҳволга келган тилни ўнглаш — ўта мураккаб масала. Тилни фақат тил нуқтаи назаридан эмас, тарих, миллий қадриятлар, урф-одатлар, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо мероси, васияти нуқтаи назаридан туриб ҳам, булардан асло ажратмаган ҳолда ўрганишимиз, сақлашимиз, бойитишимиз ва  авлодларга бутун жозибаси, куч-қудрати билан етказишимиз лозим. Шу маънода “Тил ва эл”ни ўқиб, ўзим учун англаганларим, ён дафтаримга алоҳида ёзиб қўйганларим қуйидагилар бўлди.

Тилга эътибор, тил ҳақида қайғуриш, уни эъзозлаш — чинакам ватанпарварлик. Француз олими  М.Беллин 1861 йилда ёзган китобида улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг она тилига катта эътиборини шундай баҳолаган экан: “Алишер Навоий ўз миллий тилининг афзалиятларини инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан исбот этганлиги — ўз халқи орасида ватанпарварликни бошлаб берганидан далолатдир”.

ХVI асрда Дю Белле деган шоир бошчилигида бир гуруҳ олим ва ёзувчилар “Француз тилини ҳимоя қилиш ва улуғлаш” номли манифест қабул қиладилар. Унда “Она тилини ҳимоя қилиш — Ватанни ҳимоя қилиш билан баробардир”, деган фикр олдинга сурилади.

А.С.Пушкиннинг “Евгений Онегин” романини камида икки марта ўқиганман. Лекин бир нарсага эътибор бермаган эканман. Роман бош қаҳрамони Татъяна ўз она тилини яхши билмаганлиги учун севган йигитига француз тилида хат ёзади. Пиримқул ака ушбу фактни ўқувчи ёдига солар экан, машҳур тарихчи адиб Н.М.Карамзиннинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Бизнинг зодагонлар рус билан русча гаплашмасдан, нуқул бузуқ француз тилида сўзлашишади. Яхши жамият деб аталган юқори табақамизда француз тилини билмасангиз кар ва гунгга ўхшаб қоласиз… Уят эмасми? Рус тилида француз тилидагига нисбатан уйғунлик кучли. Бизда ўз ҳаётимизни ифодалайдиган сўзлар француз тилидагидан кўпроқ”.

Истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ бизда “Мадомики, ўз тарихини билган, ундан руҳий қувват олган халқни енгиб бўлмас экан, биз ҳаққоний тарихимизни тиклашимиз, халқимизни, миллатимизни ана шу тарих билан қуроллантириш зарур”, деган вазифа қўйилди. Пиримқул Қодировнинг фикрича, бундан салкам минг йил аввал яратилган “Девону луғотит турк”, “Қутадғу билик” каби асарлар, улуғ Алишер Навоийнинг бутун ижоди, ўлмас шоҳ байтлари халқни ўз тарихи билан қуроллантиришга муносибдир. Чунончи, тил ҳақидаги бизнинг билимимиз пештоқида Алишер Навоий турмоғи керак. “Алишер Навоий кўтарилган маънавий юксаклик Ғарбда Ренессанс деб аталадиган Уйғониш даврининг энг юксак чўққиси эди, — деб ёзади адиб. — Дунёнинг баланд маънавият чўққисига кўтарилган мутафаккир шоирнинг қалб кўзлари жанубда Ҳиндистондан тортиб, шимолда Дашти Қипчоққача, шарқда Хитой чегараларидан тортиб, Ғарбда Туркия ва Грециягача бўлган улкан ҳудудларни қамраб олади ва шунчалик кенг минтақаларда истеъмолда бўлган тил бойликларини ўрганиб, саралаб, ўз асарларига олиб киришга интилади”.

Демак, тарих билан қуролланиш, тарих асносида ўзликни англаш учун ҳазрат Навоийни ўқишимиз ва уқишимиз керак. Устоз Жомий Навоийнинг туркий тилда яратилган “Ҳамса”сига юксак баҳо бериб, “Зи чарх офаринҳо бар он килк бод”, яъни, бу қаламга фалакдан офаринлар ёғилсин”, деганидек, улуғ Навоийнинг анашу офаринларга сазовор бўлган муборак қаламидан тўкилган дур-жавоҳирларни ўрганмоғимиз биз учун жуда ҳам муҳим. Устоз олим Азиз Қаюмов ҳазрат Навоийнинг “комил инсонни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга сабоқлар” деб атаган шеърий тўртликларини ёд олмоғимиз зарур. Фанлар Академиямизнинг бир гуруҳ фидойи олимлари узоқ йиллар давомида ғайрат-шижоат кўрсатиб, Алишер Навоий асарларининг 20 жилдлигини бизга туҳфа қилдилар. Аммо бу китоблар имконият даражасида нашр этилди. Матбуотимизда унинг ютуқ-камчиликлари рўй-рост айтилди. Қани энди, биз ҳам Навоий асарларини гуржи Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”и, ҳиндларнинг “Маҳобхорат”и ёки “Рамаяна”си, финларнинг “Каливала”си каби дунёга кўз-кўз қилсак. Мамлакатимизга келаётганлар, “Хўш, бу ерда нима бор экан ўзи?” деган саволларига ўзлари жавоб қайтариб, “пахта”, “тилла” деган сўзлардан кейин “Бу ерда улуғ Амир Темур руҳи яшайди, бу халқнинг дунёни қалам билан забт этган даҳо Навоийси бор” десалар.

                Бир чимдим кўкатнинг баҳоси

Садриддин Салим Бухорийнинг “Қутби замон”, “Ҳожатбарор” мартабасига эришган атоқли олим, фақиҳлар пири Ҳазрат Абу Ҳафс Кабирнинг ҳаёти ва маърифий меросига бағишланган мўъжазгина рисоласини ўқиб, кўп нарсаларни билиб олдим. Эътироф этишларича, Абу Ҳафс Кабирнинг шарофати боис, Бухоро “Қуббатул ислом” унвонига сазовор бўлган экан. Наршахий бобо Бухоро аҳолисининг илмли бўлишида, шаҳарда илмнинг кенг ёйилишида, илмли кишиларнинг эл-юртда ҳурмат-эътибор топишида Абу Ҳафс Кабирнинг хизматлари беқиёс эканлигини таъкидлаган эканлар. Рисолада бу мўътабар олим билан боғлиқ бир неча ривоятлар  келтирилади. Улардан бири қуйидагича.

Абу Ҳафс Кабир Бағдоддан Бухорога илм олиб келади. Ўша пайтда шаҳарда оташпарастлар кўп эди. Аллома ўз маърузаларида уларни ислом динига даъват этмоқчи бўлади. Шунда хотинлари у кишидан: “Сиз умрингизда бировнинг ҳақини еган эмасмисиз? Негаки, шубҳали таом еган кишининг гапи инсонлар қалбига етиб бормайди”, деб сўрайди.  “Ёшлигимда бир оташпараст қўшнимнинг боғидан бир чимдим кўкат олиб истеъмол қилганман, ҳақини беришни унутибман”, — дейди аллома. Хотин дейди:  “Бориб ул оташпарастни рози қилинг, андин сўнг одамларни Исломга даъват этмоқ сизга мумкиндур”.

Аллома бориб, оташпарастдан бир чимдим кўкатнинг баҳосини сўрайди. Унинг баҳоси бир чақа бўлишига қарамай, оташпараст бир ҳамён олтин талаб қилади. Абу Ҳафс рози бўлади. Оташпараст бу воқеани хотинига айтиб берганида, хотини унга танбеҳ беради: “Бу одам ўзи сиғинадиган  Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиб, бир пулга ҳам арзимайдиган кўкат учун бир ҳамён олтин бермоққа рози бўлибди. Эй эр, билгилки, унинг дини ҳақ экан. Биз ҳам Аллоҳга иймон келтириб, исломга кирайлик. У каби ҳалол-пок, ҳақгўй бўлиб яшайлик”.

Шу воқеа сабаб, оташпараст бутун оиласи билан мусулмон бўлади.

Яна бир ривоят. Саид Мир Кулол бир гал масжидда у кишини тинглаб турган кишиларга Ҳаж арконларини қандай бажармоқ лозимлиги тўғрисида сўзлаб бераётган эканлар. Даврада ўтирганлардан бирининг кўнглида шубҳа пайдо бўлади: ”Ҳазрат Каъбатуллога борган эмаслар-ку…”. Саид Мир Кулол суҳбатни тугатиб, масжиддан ташқарига чиқади-да, кўнглида иштибоҳ туғилган кишининг қўлидан тутиб: “Қалб кўзингни оч, осмонга назар сол”, дейди.  У киши осмонга қараса, ҳазратнинг бошларида Каъбатулло жилва қилиб турганмиш…

Ушбу рисолани ўқиб, дилим ёришди, уйда фарзандларимиз билан такрор-такрор ўқидик. Мухтасаргина китобчада келтирилган ушбу ва бошқа ривоятлар, айниқса, Мухлис Намангонийнинг Абу Ҳафс Кабир шаънида айтган шеъри кўнгил мулкига айланди.

     Келинчак обқочиш

“Китоб ўқиган, китоб кўрган одамдан ёмонлик чиқмайди”. Бу нарса ёшлигимиздаёқ кўпчилигимизнинг қулоғимизга қуйилган.  Кексалар билан суҳбатлашсангиз,  одоб-ахлоққа доир бирор бир гапни насиҳат тарзида айтишиб, “Китобда бор  гапни айтаяпман, болам” деб қўйишади.

Бир неча қисса ва ҳикоялари билан адабиёт ихлосмандларига яхши таниш Баҳодир Қобуловнинг “Ўспиринлик” қиссасини дастлаб шунчаки варақлаб чиқиш учун қўлимга олдим. Тоғ қишлоқларидан бирида кечган беғубор болалик хотиралари, тоғликлар, уларга хос урф-одатлар, табиатнинг бетакрор манзаралари тасвирланган қисса экан.  Кичик-кичик ҳикоячалар воқелиги бир-бирига уланиб, яхлит сюжет чизиғини ҳосил қилади. Китобни варақлай бошлашим биланоқ, муаллифнинг бир қарашда бироз эриш туюладиган, аммо нимаси биландир ўқувчини ўзига тортадиган услубига эътибор бердим.   Халқда бор, аммо бадиий адабиётда деярли кам ишлатиладиган, бугунги ёш китобхонга унча таниш бўлмаган сўз ва иборалар, ноёб атамалар,  жой номлари шу қадар кўп ва қизиқарлики,  беихтиёр қўлимга қоғоз-қалам олдим.

Тоғлик кексаларнинг тилидан келтирилган  мақол, маталлар: “Ўлик борнинг борини, йўқнинг сирини очади”, “Одам дегани ариқдаги сувдай гап, оқади кетади”, “Иши йўқ (ишсиз), аммо тиши бор”, “Дунё борки, ўғри бор”, “Дунёнинг оти ўғри”, “Ўғри ўзингдан чиқса яхши, топганини барибир, элга қайтаради, бегона ўғри ейдикетади”, “Бегона ўғридан бегона райком ёмон, ёппа талайди”, “Тузинг сочилган кўчани тўзитма”, “Кўчани беҳуда чангитма, чангнинг ҳам уволи бор”, “Сутим ҳалол бўлсин десанг, подачининг ҳақини вақтида (тўғри) бер”, “Девонаси йўқ шаҳарнинг баракаси йўқ”, “Оларда мард бўлсанг, берарда ҳам мард бўл”, “Қўлинг очилмагунча йўлинг очилмайди”, “Бош ёриғи бўрк ичида”, “Ялангоёқ мардлик қилса ё кўзи чиқади, ё оғзи йиртилади”, “Бировнинг ҳисобидан мардлик қилма”, “Қозонга яқинлаша олмасанг ўчоқ бошида  юр”, “Болаларинг ўчоғидан чўғ бермаса  ҳам, доғини кўрсатмаса бўлди”, “Оч одамдан оч бола туғилади”, “Эркакмисан ё хотинларнинг холасимисан?”, “Қишлоқда жаноза ўқийдиган эркак қолмаса, эчкининг оти мулла Норқўзи бўлармиш”, “Қўй ёмон куннинг ямоғи”, “Қуруқ чўпни бош (бошлиқ) қилиб қўйсалар ҳам унга бўйнингни эг”)…

Қиссада қишлоқ оқсоқоллари, кекса момоларнинг тилидан берилган бундай мақолу маталлар, “қишлоқшумул” иборалар, писанда, қочиримлар  талайгина. Муҳими, қисса қаҳрамонларнинг характери уларнинг нутқи, дунёқараши орқали очиб берилади. Мана, Яхшигул момо шаҳарда яшайдиган ўғли Бекмирза келганида у билан суҳбатлашиб ўтириб, нима дейди: “Бек боламдан айланай, яхши келдингизми, довмисиз болам, ҳамиша дов бўлингда. Сиз менинг отамсиз, ёмон назарлар менга тегсин, сизга тегмасин. Раҳматли катта отангиз “Йигит кишининг пири бўлади, етмиш ёшли кампир ҳам етти ёшли ўспиринга йўл бериши керак”, дер эдилар. Сизни сиз десам дебманда, боламжон, хижолат бўлманг. Онаси сизлаган болани ҳеч ким сан деб бетига тик қарай олмайди. Сизни ҳеч ким сан демасин дейманда. Худо ҳам ҳаммани эркак қилиб яратавермайди…”.

Яхшигул момо ўлимлигини тайёрлаб қўйган. Дугонаси Энақиз кампирга тайинлайди: “Мана бу бошоёқ сарпо ювғучига, мана бу яктакминсак жағбойларга, мана бу жегда сув қуйганга, мана бу камзул суяганга. Бел болаганларга мана булар. Ўзинг қўлинг билан берасан…”, “Ҳа, энди мани болаларим кўмсинда. Шуларни кутмай, кимни кутаман. Ўлигимни эгаси шулар. Шулардан икки кетмон тупроқ умидворманда, айланай…”.

Шаҳарлик ўғли келганида момонинг ҳовлиси ёш-яланглар, бўйга етиб қолган қизчалар, қўшни келинлар билан тўлади. Бекмирза уларга пул улашади. Момо дейди: “Бек берганида бетига қарамай олаверинглар, қарз бўлиб қолмайсизлар, ҳақига ўлганимда яхшилаб йиғлаб берасизлар…”.

Қиссадаги таъсирчан образлардан бири Ҳувайдо момо. Жаркўчаликларнинг айтишича “Қариб қуюлмаган қирчанғи”. Кампирлар бирор бир маракага боришса, сурувнинг серкасидек, бир қадам олдинда аланг-жаланг юради. Йўл-йўлакай ҳовлима-ҳовли кўз югуртиради, кимнинг ўчоқбошиси супуриб-сидирилмаган, кимнинг тандиридаги кул олинмаган, шуларни ўз кўзи билан кўриш учун билинар-билинмас атрофни кузатади.  Аммо бировнинг гапини, деди-дедисини бировга айтмайди. Ўз кўзи билан кўриб, ўз қулоғи билан эшитганини, қўли билан ушлаганини дейди. Шунинг учун уни Ҳувайдо деянғич дейишади.

Қиссада ижодкор сифатида билиб қўйишимиз зарур бўлган халқона ибораларни кўплаб учратдим. “Чўлга кўчирма қилинганлар”,  “Қишнинг эшак ўлдирар совуғи”, “Арнасойнинг қаншари”, “Эски дамқисмаси (астма касали) тутиб қолмаса гўрга эди”, “Ойшадан -бемордан) киртайган кўз, қоқшол тана, жинжайган соч, пичоқ қайраса бўладиган ияк қолганди, холос”, “Бола ёши бир жойга мўралагач”, “Оқмирза муаллим  ўғлининг қамоқдан чиққанига  элга ош-кўзойдин берди”, “Қишлоқда аввал кўча уйғонади”, “Давлатмурод… уруш бошланганида ўн тўққизни босганди. Сталин радиодан гапирган куннинг эртасига қўшни қишлоқлик Санам сатанг деган уч эр кўрган, ўзидан ўн икки ёш катта хотинга уйланди. У (Санам сатанг) бир қиз — эргаштирмаси билан Давлатмуродникига келин бўлиб тушди-ю шу ерда равиш топди… Орадан беш-олти йил ўтиб, яна бир қиз кўрди. Яккадан якка бўлди (Давлатмуроднинг якка ўғиллиги айтилмоқда), Давлатмурод кўп куйинмади. Уруғи ўзи шундай, яккаотар,Кўчанинг икки бошига илиниб турган уйлар…”.

Муаллиф шева сўзлардан унумли фойдаланади: қаншар, болор, марза, бўзалам, зулпак, қурбақа учуқ, маташтириб, жармушук, чувва, хомишак, бозораки нон, деворбир (бир девор), Кўкқоянинг каллаги, тевалашди, мезлади, ўтирик, экаришиб (“ўчакишиб”), панқилдоқ, беш тош, мак-мак (болаларнинг ўйинлари), дўғлади… Бу сўзларнинг баъзиларига  изоҳ бериш керак бўлади, чунки қиссани қисса воқеалари содир бўлган жаркўчаликлардан ташқари бошқалар ҳам ўқишади.

Тоғликларда бир вақтлар келинчак обқочиш (ўғирлаш) одати  бўлган экан. Ўғрилар бир гал этикдўзнинг сулувдан сулув хотинини ўғирлаб кетишади. Қандай қилиб денг: “Қасам ичган йигитлар кечаси этикдўзнинг ҳовлисига кириб, айвонда эри билан ётган келинчакнинг лозими почасига ичи чумолига тўлдирилган қамишни пуфлашган. Чумолига таланган келин лозимини қоқиш учун ташқарига чиққанида, бошига қоп солишгану обқочишган, тамомвассалом”. Бошқа бир одат — тоғликларнинг ғов ва дарчалари олдида бировники чоғроқ, бировники каттароқ супа бўлади. Тўй-томошаларда қариндош-уруғ супага йиғилиб, маслаҳат қилишади. “Ҳа, у-ми, катта супалик-да, дейишса, билингки, уруғ-аймоғи кўп одам”.

Баъзан оғирлиги анча-мунча тош босадиган китобни умид билан ўқийсану, бирор бир янги гап топа олмай, ҳафсаланг пир  бўлади…

         Бизнинг қишлоқда… ёзилмаган китоб

“Калила ва Димна” асарини биринчи бор қачон ўқиганлигимни эслай олмайман. Тўғриси, биринчи марта бу китобни мендан катталар овоз чиқариб ўқишаётганида, ораларига суқилиб кириб, узуқ-юлуқ ҳолда эшитганман. Ёдимда қолгани — бу китобни бизнинг қишлоқда яшаган Файзулла қори деган киши ёзган экан, деб юрардим. Болаликда қўшни қишлоқлик тенгдошларинг олдида мақтанишдан ҳам завқли иш бўлмайди-да. Аммо, кейинчалик маълум бўлдики, “Калила ва Димна”ни  Тошкентда 1898 йили Алмаий тахаллусли Қори Файзуллоҳ деган киши ўзбек тилига таржима қилган экан. Демак, бизнинг қишлоқда ўқилган бу китоб 1901-1913 йиллардаги тошбосма нусха бўлиши керак. Китоб жавонимдаги “Калила ва Димна” 1977 йили Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳтарама олимамиз Суйима Ғаниева таржимасида чоп этилган. Ҳар гал, ушбу китобни қўлимга олганимда, энг аввало, академик Воҳид Зоҳидовнинг “Юксак нафосат ва мангу ҳикмат обидаси” сарлавҳали сўзбошисини, кейин ибн аш-Шоҳ ал-Форисий номи билан машҳур Беҳнуд ибн Саҳвонинг муқаддимасини ва таржимон Суйима Ғаниеванинг сўнгсўзини ўқийман.

Сўнгсўздан бу қадимий китобнинг ёзилиш тарихи, кимлар томонидан қачон ва қаерда таржима қилингани, Қори Файзуллоҳнинг кимлиги, таржима чоғида нималарга эътибор берилгани тўғрисидаги маълумотларни билиб оламан. Муқаддимада эса, эътибор беринг, мана бундай жумлалар бор: “Бу китобнинг мазмун ва мақсадини жоҳил кимсалардан пинҳон тутиш учун ундаги ривоятлар ҳайвонлар ва қушлар тилидан нақл этилади. Беақл одамлар учун унинг мазмуни юзаки кўринар, аммо фаросатли одамлар эса ундан ғоят чуқур, ибратли маъно жавоҳирларини топадилар, манбалари жуда бой ва гўзал эканлигини кўрадилар. Бу китоб файласуф учун — кенг бир фазо, ақл учун — буюк машқ майдони, китоб мухлислари учун — унутилмас хотира, маъносига тушунадиганлар учун — ажойиб бир ибрат хазинасидир”.

Энди Воҳид Зоҳидов қаламига мансуб сўзбошига қайтамиз. Ишонинг, қайта-қайта ўқийвериб, мен ушбу атиги уч ярим бетлик, етмишинчи йиллар услуби ва имконияти доирасида ёзилган мақолачани деярли ёд олганман, ҳозир ҳам адашмай қайтара оламан. Шу сўзбошига ишқим тушиб қолган. Баъзан овоз чиқариб ўзимга ўзим қироат билан ўқиб бераман. “Асарда социал воқеликдаги салбий ҳодисаларга қарши ўт очилади, ақл, адолат, одамгарчилик тараннум этилади. Унда (“Калила ва Димна”да) ўша жамиятдаги (асар ёзилган пайтдаги) барча нуқсонлар — хиёнат ва жиноят, пасткашлик, иғво, фисқ-фасод, зулм-ваҳшат фош қилинади. Мана шу қора кучларнинг намояндалари — золим шоҳлар ва уларнинг разилликлари, нопок вазирлар, амалдорлар ва уларнинг палид ишлари, сарой ихтилофлари ва ифлосликлари; қотил ва йиртқич табиатли одамлар ва уларнинг шафқатсизликлари; халқлар тинчлигини бузувчи ва мамлакатларни харобага айлантирувчи уруш-ихтилофлар; ҳар нарсани — инсонийлик ва ор-номусни, инсоф ва виждонни мол-дунёга сотувчилар, нафси бузуқлиги, очкўзлиги, худбинлиги туфайли ўзгаларни ҳам, ўзларини ҳам фалокат гирдобига ташловчилар; фитначи, қаллоб, мунофиқ, муттаҳамлар ва уларнинг қилмиш-қидирмишлари; бегуноҳлар устига ҳар қандай айбни юклаб, маломат тошларини отувчи, ўзлари ҳеч нарсага арзимайдиган, қўлидан ҳеч қандай фойдали иш келмайдиган ёки буни хоҳламайдиган, лекин ўзларини барчадан юқори қўйиб, ўзгаларни камситишга, оёқ ости қилишга уринувчи ва шу билан кун кўрадиган ғийбатчи ва ҳасадчилар — булар бир олам.

Ақл ва инсоф эгалари, одил ва доно шоҳ, унинг ҳикматли, билимдон, тадбирчан аркони давлати; фан, ҳунар ва санъат аҳллари; адолат ва раият учун жонини ҳам аямайдиган, қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатадиган, қўрқмас баҳодирлар. Ақл-идрок, инсоф ва тадбирчанликни ҳар нарсадан устун қўядиган, шулар ёрдами билан энг оғир ва мураккаб масалаларни ҳам ҳал қила оладиган, ҳатто барча учун жуда хавфли ва ғоят зўр душманни ҳам енга оладиган вафодор ва садоқатли кишилар — бу иккинчи олам. Ўз даврининг ҳақиқий манзарасини акс эттирувчи бу асардан шундай хулоса чиқади: “Хўжайин ва қарол, шоҳ ва қул бор жойда ҳамиша ўлим ва жазо бўлади”.

Воҳид Зоҳидовнинг бу сўзбошиси тилимизнинг нақадар бойлиги билан бирга, инсон ҳаётининг нақадар мураккаблигини  ҳам кўрсатади.

 Эртак китоблар керакми?

Болаликда “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Ёзи ва Зебо”, “Равшан ва Зулхумор” каби достонларни кўп ва хўб  ўқиганмиз. Шундай бўлардики, бир янги китоб қўлимизга тушса, уни бошқалардан аввалроқ ўқиб чиқишга, ўқиганларимизни бир-биримизга айтиб беришга ҳаракат қилар эдик. У пайтлари достонларни қироат билан, деярли қўшиққа ўхшатиб, овоз чиқариб ўқиш одат эди. ўқиб бўлгач, қизғин муҳокама бошланарди.

Эртак китобларни айтинг. Қироатхонлар уларни бизга шундай ўқиб беришардики, воқеалар — ёвуз ниятли ялмоғиз кампирнинг афт-башараси, раҳмсиз, очкўз девларнинг ғазаби, нияти бузуқларнинг кирдикорлари шундоққина кўз ўнгимизда гавдаланиб, биз уларни деярли кўриб тургандек  бўлардик.

Кейинчалик англаб етганим — эртак ва достон китобларни кўп ўқиган болаларнинг нутқи равон, фикрлаши кенг, ҳаёл тасаввури чексиз бўлар экан. Бундай бола кейинчалик фарзандига бирор бир воқеани гапириб бераётганида ёшлигида ўқиган ва шуурига сингган китобларидан мисоллар келтириб, нутқини янада таъсирли қилиб юборади. Масалан, “Кеча темирчи бувадан битта ўроқ сотиб олдим, ўзиям Абу Муслимнинг қиличидай келади” ёки “Ҳой бола, бу дейман, Алпомишнинг синглиси Қорасочга туя боқтирган Ултонсозга ўхшаб босар-тусарингни билмай қолибсан-ку…” ва ҳоказо.

Ёшлар нашриётида ишлаб юрган кезларим қирғиз, қозоқ, туркман, грузин, рус, арман, Шри Ланка, шимол халқ эртакларини ўзбек тилига ўгирдим. Ўгирдиму қизиқ бир нарсага гувоҳ бўлдим — халқнинг миллий ўзига хослиги, илм тили билан айтганда, менталитети, маънавий-ахлоқий қиёфаси, урф-одаатлари унинг эртакларида ҳам акс этар  экан. Чунончи, грузин эртагидаги дев билан ўзбек эртагидаги девнинг характерида бир-бирига мос келмайдиган жиҳатлар бор: ўзбек дев “Саломинг бўлмаганда етти ямлаб бир ютардим, дейди. Грузин дев бўлса салом-паломга қараб ўтирмайди. Тожик дев билан бемалол гаплашиш мумкин, қирғиз ёки қозоқ дев бўлса, қўнғироқдек овозда ашула айтиб юборсанг, кўнгли бўшаб кетади. Арман дев гапни шундай айлантирадики, тузоғига илинганингни билмай ҳам қоласан. Немис эртагидаги Ғоз бўлса қўшниларини уйига таклиф этишдан олдин улар кечги овқатни ейишганми-йўқми, шунга қизиқади.

Халқ эртакларининг жозибаси, таъсир қудрати ҳам шунда бўлса керак.

Хўш, бугун болаларимиз эртак китобларни, достонларни қай даражада ўқимоқдалар?

Бу саволнинг жавоби жуда мушкул. Шу боис, уни бироз енгиллатиб, “Бугун болалар китоб ўқияптиларми?” дейишимизга тўғри келади. Аммо бунда ҳам жавобдан қониқмаймиз. Бошланғич синфларда ўқиётган кезларимиз муаллимларимиз бизни эртак тўқишга ундашар эди. Масалан, бирорта ҳикоят ёки ривоятни  ярмигача айтиб, қолганини ўзинглар уйда тўқиб келинглар, дея вазифа беришарди. Шундай вазифалардан бири ёдимда қолган:

“Қадим ўтган замонда, Қорақалпоқ деган томонда бир подшо яшаб ўтган экан. Подшонинг учта ўғли бўлган экан. Бир куни подшо ўғилларини ёнига чақириб, уларга шундай дебди: “Болаларим, мен ёшимни яшаб, ошимни ошаб бўлай деб қолдим. Мендан кейин тахт сизларга қолади. Бугун эса ҳар бирингизга ўнтадан тилла танга бераман. Шаҳарга бориб ўйнаб-кулинглар, хохлаган нарсангизни сотиб олинглар, кайфичоғлик қилинглар. Бир ойдан кейин уйга қайтинглар. Қайтиб келганингиздан кейин кўрган-кечирганларингизни менга сўзлаб берасизлар. Кимнинг ҳикояси қизиқарли чиқса, тахт ворислигини ўшанга топшираман.

Алқисса, уч ака-ука хурсанд бўлишиб, йўл тадоригини кўришиб, отларига миниб уч тарафга равона бўлишибди. Катта ўғил шаҳарга келиб, роса бир ой маишат қилибди, бор пулини еб-ичиб битирибди. ўртанча ўғил отаси берган пулларга кўркам либослар сотиб олибди. Бошига қундузи телпак, оёғига юқори мартабали зотлар киядиган баланд пошнали этик тиктирибди. Кенжа ўғил бўлса…”

Кенжа ўғил отаси берган пулларни қандай сарфлаганини биз ичимиздан  тўқиб, эртакни давом эттириб келишимиз керак эди. Тўқиганмиз ҳам. Масалан мен, кенжа ўғил шогирдликка тушиб, бир ой ичида ҳунар ўрганибди, деб ёзганман. Кимдир эртакни “Кенжа ўғил бир дурадгорга шогирд тушиб, шаҳарда бир-икки ой қолиб кетибди, акалари ундан хабар олишмабди, аксинча, тахтга битта меросхўр камайди, дея хурсанд бўлишибди”, деган мазмунда давом эттирган.

Бола эртаклар дунёсида яшаса, ўзини эртак қаҳрамонларига ўхшатса, яхшилик нимаю ёмонлик нима, эзгулик нимаю ғараз нима — бу тушунчаларнинг фарқига бора бошласа, бу, албатта, хўб гап. Аммо фарқига бормай катта бўлса-чи? Ерга тушган ушоқни минг машаққат билан елкасида кўтариб бораётган чумолини эзғилаб ўтса, қушларнинг патини юлса, инини бузса, кучукчага озор берса-чи?

Ишончим комилки, эртак, ривоят ўқиган, баъзан эса ўзи ҳам билганича эртак тўқиган бола асло бундай қилмайди. Эртак, халқ достонлари, ривоят ва ҳикоятлар мурғак қалбларни одобга, меҳр-мурувватга, одил ва холисликка ундайди.

Яқинда бир ривоят ўқиб қолдим. Бир донишманд саҳрода сувсизликдан  азоб чекиб бораётган экан. Қарши томондан келаётган карвон соҳиблари унга раҳм қилиб, бир пиёла сув узатишибди. Донишманд  сувни  ичмай, ниманидир кута бошлабди. Бунинг сабабини сўрашганида, у “Пиёла четида бир чивин чанқоғини қондирмоқда, унга ҳалақит бергим келмаяпти”, деган экан.

Китоб жавонимдан “Алпомиш” достонини олиб, варақлай бошлайман. Қани энди, набирам ҳам шу китобни ўқиса, дейман. Аммо китоблар олами остонасига энди-энди қадам қўяётган набиралар уни тушунишармикин? Шуни ўйлаб қоламан. Нега десангиз, достон тилида болалар тугул, анча-мунча катталар ҳам тушуниши қийин бўлган сўз ва иборалар кўп. Бизга бугун Навоийни тушунишда унинг асарлари асосида яратилган изоҳли луғат қанчалар зарур бўлса, болаларимиз учун ҳам эртаклар, достонлар тилини, тилсимини очувчи калит-изоҳлар шунчалар керак. Масалан, “Алпомиш” достони бўйича изоҳли луғат яратиш нега мумкин эмас? Халқ достонлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган муҳтарам олимларимиз, фидойи муаллифлар бу савол ечимини топсалар ёмон бўлмасди.

 (давоми бор)

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

Китоб- кўнгил чашмаси Китоб- кўнгил чашмаси
Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар
Сергей Гетман: Главное для меня – это лично познакомиться с современными авторами Сергей Гетман: Главное для меня – это лично познакомиться с современными авторами
“Ҳамкорбанк”да ижодий учрашув “Ҳамкорбанк”да ижодий учрашув