"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Аҳмаджон Мелибоев. Жавоҳирлар уммони

Ўқилди: 796

(давоми)

                   Ўзини тушунмайдиган одам

“Комилликда донишманд даражасига етган   ва бу ёруғ оламда камида юз йил умргузаронлик қилган инсон ўз имкониятларининг атиги беш фоизидан фойдаланган бўлар экан…”. Китоблардан бирида ўқиб, ён дафтаримга кўчириб қўйган ушбу жумлага кўзим тушди дегунча, ҳаёл суриб кетаман. Аммо бу гапда муболаға йўқлигига ишончим комил. Ахир Абу Али ибн Сино ҳазратлари табиб сифатида: “Агар чанг ва ғубор бўлмаганида инсон минг йил умр кўрар эди”, деб айтиб қўйибдилар-ку.

Донишманд даражасига етиш дегани нима?

“Ақлли киши бирор бир ишни нотўғри бажариб қўйса, уни дарҳол тузатишга киришади. Донишманд эса хато қилмасликка ҳаракат қилади”.

Ушбу мақола қаҳрамони музработлик Қурбон бобони донишманд дея олмайман. Бундай мартаба унинг ҳаёлига ҳам келган эмас, келмаса ҳам керак.  Бир қарашда, оддий, пўрим жойи йўқ, оила,  турмуш ташвишлари билан елиб-югуриб юрадиган тинчимасроқ одамлардан бири. Бирор чорраҳада дуч келиб қолсангиз, ёнидан мутлақо эътиборсиз ўтиб кетишингиз ҳам мумкин.

Қурбон бобо билан сиҳатгоҳда танишиб қолдим. Қисқа ва лўнда гапирадиган, муолижа кўнгилдагидай бўлмаса, гап билан узиб-узиб оладиган, чўрткесар, жаҳли лабининг учида турадиган одам экан. Бу ҳам майли, ёши бир жойга бориб қолганига қарамай, эрта азонда ҳайҳотдай боғни айланиб югуради, баадантарбия қилади. У киши бажараётган машқларнинг айримлари ўғли, набираси тенги ёшларни ҳансиратиб қўйиши мумкин.

Янги танишим менга бироз ийманиб (гарчи ийманиш у кишининг характерига унча мос бўлмаса-да) бир китоб узатди. “Тақдир битиклари”. “Бўш пайтингизда бир варақла-аб қўярсиз, балки сизга маъқул келадиган жойи ҳам чиқиб қолар”, деди.  Одатда, китоб ёзган одам ҳеч қачон бундай демайди, неча йиллик меҳнати самарасини бировга совға қилаяптими, демак, ёзганларидан кўнгли тўқ. Ҳозир уер-буерини шунчаки “чўқилаб”  қўйишгагина арзийдиган, бундан бошқага ярамайдиган китоблар ҳар қадамда учрайди. Қишлоқда яшайдиган бир фермер, китоб ёзишни қойиллатармиди, деган фикрда Қурбон бобонинг битикларига аста кўз қирини ташлаб, бошидан, ўртароғидан бир саҳифа – ярим саҳифа “чўқиладим”. Шунинг ўзи етарли бўлди — битикларда  тасвирланган ажойиб-ғаройиб, эртакнамо, баъзиларига ишониш қийин бўлган  воқеалар тафсилотига  бутунлай шўнғиб кетдим.

Бу одам ким ўзи? Жуда катта кетмаяптими, қулочни катта отмаяптими?  Эришган ютуқларини ошириб-тошириб, қўшиб-чатиб тасвирлаётган бўлса-чи? Ахир,  бир қулочга, бир каллага ва, ҳатто, бир умрга ҳам сиғмайдиган гаплар-ку?

Шу саволлар таъсирида Қурбон акага тикилиброқ қарайман. У киши, афтидан, бундай иштибоҳли нигоҳларга авваллари ҳам кўп бор дуч келган чоғи, оддийгина қилиб: “Йўлингиз тушса, бориб бир кўрарсиз…” деди-қўйди. “Илтимос, қилаётган ишларимизни бир кўринг, ўзингиз баҳо беринг” дегани йўқ.

Бу гапдан кейин менда Музработга бориш иштиёқи пайдо бўлди. Ва… бордим ҳам. Очиғини айтсам, намунали фермер хўжаликлари бугун   деярли барча вилоятларда бор, кўплари билан танишман. Аммо “Қурбон бобо”да манзара, “Тақдир битиклари”да ёзилганидан ҳам  бошқача бўлиб чиқди. Шу сўнгги жумлани ёзишга ёздиму, ўйланиб қолдим — биргина “бошқача” сўзи билан бу ерда амалга оширилган, оширилаётган ишларни ифодалаб бўлмайди. Қизиққан одам йўл олислигига қарамай, қайдасан Музработ, дея сафарга отланиши керак. Фақат, битта шарти — Қурбонбобонинг ишларини кўрмоқчи бўлган киши соғлом,  оёқлари  бақувват, пойафзали дошлироқ  бўлмаса қийналиб қолади. Бўйи роса уч юз  метр келадиган замонавий молхона биносини айланиб кўриш, темир тўсиқлардан энгашиб ўтиш,  чуқурликка тушиш, юқорига кўтарилиш, бу ишни неча бор такрорлаш, оёқ қўйганингизда қимирлаб турадиган, пастга қарасангиз кўзингиз тинадиган  темир кўприкчалардан ўтаётганингизда қалқиб кетмаслик, баданни жунжиктирувчи афғон шамолига чидаш ва, буларнинг ҳаммасидан ҳам қийини— олдинда бири биридан қизиқарли, ажабтовур маълумотларни чарчамай сўзлаб, йўл-йўлакай қанчадан қанча рақамларни ўзаро қиёслаб, хулосалаб бораётган, умрининг етмишинчи бекатидан ҳам ўтиб бўлган тетик Қурбон бобога етиб юриш, орқада қолиб кетмаслик, ҳансираётганингизни сездирмаслик осон иш эмас. Янга бир шарт — бу ерга келган кишининг қишлоқ хўжалигидан, чорвачиликдан, қурилишдан, физика, химия, биология фанларидан, хусусан металлар қаршилиги, металл эрозияси, Ньютон, Кулон қонунларидан, Алишер Навоий, Жомий каби алломаларнинг инсон ўз умрини беҳуда ўтказмаслиги, уни эзгу амаллар билан безаши лозимлиги тўғрисидаги шоҳ  байтларидан озроқ хабари бўлгани маъқул. Бусиз суҳбат унча қизимайди, аниқроғи оқсоқол олдида хижолат тортиб қолиш мумкин. Ахир, Қурбон бобо шоирлар, олимлар ижодидан шариллатиб ўқиб, айтиб турса, фикрини  ҳали сиз эшитмаган ғаройиб мақол ва маталлар билан безаб борса, жим эшитавермай, аҳён-аҳёнда сиз ҳам   бир нималар деб туришингиз керак-ку, ахир.

Иккинчи фикрим — одам боласи баъзан кимгадир, нимагадир аччиқ қилиб ҳам тоғни талқон қилиб қўйиши мумкин. Бу тўғрида мен бободан сўраганим йўқ, аммо  бу “навқирон қария”  жуда кўпларимизда  бугун ҳам мавжуд ҳаракатсизлик, тадбирсизлик, бефарқлик, фикрсизликка аччиқ қилиб, ҳеч нимага жони ачимайдиган беғам, беташвиш, тепса тебранмайдиган одамларга аччиқ қилиб, одам боласи, агар у астойдил енг шимариб бир ишга киришса, нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўйишга қасд қилган қайсар қаҳрамонга ўхшаб кетади. Шўро замонининг калтабин сиёсати тадбиркор одамларнинг фикри-зикрини тушовлаб, қўл-оёғи билан бирга  боғлаб-маҳкамлаб қўйганди. Охир-оқибат тузумнинг ўзи таназзулга юз тутди. Шу боис, истиқлолнинг дастлабки қадамларидаёқ давлатимиз раҳбари уқувли, ўй-фикрли, тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган салоҳиятли  одамлар йўлидаги сохта тўсиқларни, ҳуқуқий чекловларни олиб ташлади. Ҳар бир киши ўз меҳнати самарасидан баҳраманд бўлиш, ҳалол пешона тери эвазига мулк орттириш, яшаш шароитини яхшилаш, топган-тутганини яширмай, фарзандларига мерос қилиб қолдириш имкониятига эга бўлди. Бу имконият бизга қандай наф келтираётгани бугунги тушмуш тарзимида яққол кўриниб турибди. Тўқсонинчи йилларнинг бошларида газетамизда: «Ҳа-ҳу демай жамиятда мулкдорлар синфи пайдо бўлади, шахсий завод-фабрикалар гуриллаб ишлайди, одамлар «фарбика йўлидан шунчаки рўмолча» эмас, жуда катта  катта нарсаларни ҳам топиб олади, ер деҳқонники бўлади, бир неча авлод роҳат-фароғатда яшайдиган муҳташам уй-жойлар қурилади, маҳсулотларимиз  дунё бозорларида сотилади», деб ёзганимизда, бизни нақд хаёлпарастга чиқаришганди. Бугун энди, ҳурриятнинг атиги ўн тўққизинчи йилида, бу орзулар ҳаётимизнинг оддий ҳақиқатларига айланиб улгурди. Шу жиҳатдан қараганда, кўнгилни хотиржам қилсак ҳам бўлади. Аммо… Музработга бориб, Қурбон бобо раҳбарлигида бунёд этилган  иншоотларни кўрган киши саволлар гирдобида қолади:  темир ва тош уйғунлигида қад ростлаган биргина балиқхонани олайлик. «Тақдир битиклари»дан бир-икки жумла: «Кўлларнинг қоқ ўртасига кўриниши ракета қурилмасини эслатувчи коннуссимон бетон устунлар ўрнатилган. Улар сулфатга чидамли цемент қоришмасидан бўйи саккиз метр қилиб қуйилган. Устунларга темир фермалар ўрнатилади ва сим тортилади (Ҳовузлардаги балиқларни балиқхўр қушлар еб кетмаслиги учун)… Олти ой давомида токарлар ўн уч минг дона сим, шунча болт-гайка ясаб чиқишди. Ҳар бир сим болт орқали йигирма килограмм куч билан тортилса, ҳар бир метрда бу куч икки тоннага етади. Бордию балиқхона деворига терилган ҳар бир тошнинг оғирлиги икки тоннадан кам бўлса, қирғоқдаги тош девор қулайди…). Бу ростмана мўъжиза ва яна — замонавий чорвачилик комплекси (бу ерда сигирлар илиқ сувда ҳамиша ювиб-тараб турилади, охурларига кунда тўрт маҳал ем-хашак солинади), яратилган боғ-роғлар, ўзлаштирилган ерлар истеъдодли бир отахоннинг  ноёб ихтироларими ёки бундай ибратли, ҳайратомуз ишларни, агар озроқ хохиш-истак, уқув-малака бўлса, меҳнат заҳматидан қочилмаса, бошқа жойларда ҳам яратиш мумкинми?

Менинг ўзим бу саволга ичимда «Қийин-ов», деб жавоб бердим. Қурбон бобо: «Нимаси қийин бу ишларни, ақлни қайраш керак, каллани ишлатиш керак, югуриб-елиш керак, пешонани терлатиш керак», деди «керак» сўзига ҳар гал айрича урғу бериб. Мен унга: «Сиз тўғрингизда бирор нима ёзарман», деган эдим, мутлақо кутилмаган жавобга эга бўлдим: «Нимасини ёзасиз, қайсар, гапидан қайтмайдиган, нима десам экан… «узатмайдиган» бир одам бўлсам. Мен тўғримда бор гапни мактабдошим Шукур Холмирзаев аллақачон айтиб қўйган. Доно эмасман, аммо ўйлайман, фикр қиламан, мана бу каллани бекорга кўтариб юрмайман. Президентимиз  йўл бериб қўйибдилар, тадбиркорларнинг бошини силаб турибдилар, нега энди болишни ўмровга тортиб ётишимиз керак? Умр деганлари, Махтумқули бобомиз айтганларидек, «чапингдан ўнгингга боққунингча» ўтиб кетадиган оний бир фурсат экан, улуғ аждодларимиз қурдирган иморатлар, буюк кашфиётлар билан мағрурланиб ўтираверамизми? Биздан нима қолади? Келгуси авлодлар қайси амалларимизни эслашади, улар ҳам биз билан фахрланишадими?  Фаразандларимизга қайси ишимизни кўз-кўз қилишади? Истиқлолимизга шукур,   қисқа вақт ичида авваллари тушимизга ҳам кирмаган қанчадан-қанча улуғ ишлар қилинди. Муқаддас зиратгоҳларнинг таъмирланиши, дину диёнатга йўл очилиши, бутун мамлакат, шаҳар ва қишлоқларимиз қайта қурилаётгани мўъжиза эмасми?! Пойтахтимиз Тошкентнинг янги жамоли мўъжиза эмасми?! Ана қаранг, чегара кўриниб турибди, нариги қирғоқда бировнинг қўлидан тоғора тушиб кетса,  шовқини қулоққа чалинади. Юртимизда тинчлик-тотувлик ҳукм сураётгани, аҳил-иноқ яшаётганимиз, ҳар оқшом ёстиққа бош қўйиб, хотиржам ухлаётганимиз мўъжиза эмасми?! Шуларни ўйлаб уйқум қочади. «Умр ўтар, вақт ўтар…» деган қўшиқни эшитсам, ичимда бир нима титраб кетади. Майли, нимагадир улгурдим, нимагадир улгура олмасман ҳам, аммо бир зум тинч тургим йўқ. Баъзилар нуқул маслаҳат беришади. Раҳмат дейман, аммо қуруқ мингта маслаҳатдан битта амал яхши деган гап бор.

«Темир — бебаҳо неъмат, ундан фойдалана билишимиз керак,— фикрида давом этади Қурбон бобо мингга яқин сигир-бузоқ учун емиш ғамлаб қўйилган айвон ёнидан ўтаётганимизда. —  Ерда ётган бир дона михни  ҳам бир жойга ишлатиш мумкин. Қаранг, ер ҳайдайдиган, текислайдиган, мола босадиган, уруғ қадайдиган, ариқ очадиган мана бу техникаларнинг кўпини шу ерда ўзимиз ясаганмиз. Одамлар оддий минерал сув идишидан ҳам бир нималар ясашади.  Ташлаб юборишдан осони йўқ. Мана, донни қайта ишлайдиган ихчам элеватор қураяпмиз, янги замонавий молхонани кўрдингиз, сув ичадиган, ем ейдиган охурлари алоҳида, «салфетка»си ҳам бўладими?», деб лутф қилдингиз, керак бўлса, унисини ҳам қиламиз. Билсангиз, буларнинг ҳаммасини яроқсиз ҳолда ташлаб кетилган юк вагонларидан, труба, «уголник», сим, тўр ва бошқа ашқол-дашқоллардан фойдаланиб қурдик. Тошларни бўлса Бойсундан ташиб келганмиз. «Бу тошлар туғилган еримнинг тошлари» деб ёздириб қўйибман, ўқинг. «Минг машина» дейсизми, э, минг машина тош нима бўлибди, бир неча минг деяверинг. Катта харсанг тошларнинг ҳар биттасини  балиқхона ҳовузларининг қирғоқларига махсус кранда битта-битталаб ўрнатганмиз…

Бу иншоот фақат балиқ боқишгагина мўлжалланган эмас.  Унинг ноёблиги  шунда. Қурбон бобо сизот сувлари тинимсиз сизиб турадиган каттакон жарлик ёқасига биринчи бор келганидаёқ, бу ерни авжи саратонда ҳам салқин иқлимли оромгоҳга айлантиришни ният қилган. Шундай бўлибди ҳам. Бобонинг «Тақдир битиклари» китобида бу тўғрида батафсил ёзилган. Уни ўқиган киши эллик минг тонна харсангтош қандай тўплангани, қандай юклангани,  балиқ боқиладиган ҳовузларга қандай ўрнатилгани, сизот сувлар муаммоси қандай ҳал қилинганини билиб олади. Фақат шугина эмас,  китобхон тиниб-тинчимас бобонинг янги орзулари, ушалмай қолган армонлари билан ҳам танишади.

Мухбирлик тажрибамдан биланманки, мақола деганингиз ҳамиша ҳам силлиқ ёзилавермайди. Баъзан илҳом, ҳаяжон билан қўлингга қалам оласан, аммо беш-олтита жумлани қоғозга туширишинг биланоқ, фикринг тугайди, айтадиган гапингни айтиб бўласан, қозонда чўмичга илинадиган нарса қолмайди. Қурбон бобо ҳақида бўлса, гапим анча чўзилиб кетди, аммо ўқиб кўсам, у киши тўғрисида айтишим зарур бўлган гапларнинг бирортаси ҳам қоғозга тушмагандай, қозонда кўплигидан, чўмич тиқилиб қолгандай. Балки, ҳамма гапни батафсил ёзмаганим тўғри бўлар. Нега деганда, Музработда ўзига хос мўъжиза  яратиб қўйган қаҳрамонимга ҳамду сано керак эмас, буни унинг ўзи истамайди. Бобо шу кунларда фермер хўжалигида ўзи билан бирга ишлаётган, унга узоқ йиллар давомида, турли шароитларда содиқлик билан  ҳамроҳлик қилган ишчилар учун қураётган янги замонавий посёлкани тезроқ ишга тушириш, ҳар биттасининг қозиғига ҳеч бўлмаганда, биттадан сигир боғлаб беришни ният қилиб юрибди. Ва яна — ўзим кўрганим: хўжаликнинг бир неча жойига кичикроқ тепалик ҳажмида  тош тўкилибди, демак, бу ерда яна бир ажабтовур иншоот қад ростлайди.

Музработдан қайтар эканман, Дўрмонда Шукур Холмирзаевнинг мунғайибгина қолган чорбоғи ёнидан ўтаётиб, ёзувчининг бир гапини эсладим: «Ай Қурбон, бир аломат-да, уни тушуниш қийин…». Худди шу гапни хайрлашиш олдидан Қурбон бобога эслатган эдим, у киши фикримни баттар тўзғитиб юборди:

— Шукурбой тўғри айтган, ўзимни ўзим тушунмайману, биров тушунармиди…

Ҳаётнинг гўзаллиги шундаки, атрофимизда мана шундай «тушуниш қийин» одамлар бор.

             Икки йўл — ё бозор, ё адабиёт

Ҳажвчи дўстларимиздан бири яқинда таҳририятга бир қучоқ китобларни қўлтиқлаб, уларнинг муаллифи тўғрисида тўйхат ёзиб  кириб келди.

— Набижонни биласиз, салом деворди, дўстимиз элликка тўляпти, — деди у тўйхатни менга узатар экан. — Китоблари қўлма-қўл бўлиб ўқиляпти, баъзилари бир-икки марта қайта нашр ҳам бўлди, ёшлар ўртасида жа машҳур. Газетада қутлов чиқса хурсанд бўларди-да…

Набижонни биламан, Олтиариқнинг машҳур Повулғон қишлоғида таваллуд топган, дурустгина қалами бор, суҳбати маъноли йигит, аммо кейинги икки-уч йил ичида ўнга яқин саргузашт китоблари чоп этилганидан, саргузашт-детектив жанрида астойдил меҳнат қилаётганидан бехабар эканман. “Эрлибосли аёл” — роман, “Аросат дунё” — уч китобдан иборат саргузашт қисса, “Чимилдиқли уй ноласи” — саргузашт роман, “Ёввойи келин” — детектив роман, “Топталган гулбадан”, “Аламли муҳаббат”, “Покланган фирибгар”, “Зебузар” — саргузашт қиссалар ва яна бир неча пиесалар, киносценарийлар… “Қойил-е” деворганингни ўзинг ҳам билмай қоласан.

Саргузашт романлари билан дунёга машҳур ёзувчилар қандай ишлашганини эсласак, ажабланарли жойи йўқ, бугун дунёнинг ўзи саргузашт воқеаларга бой бўлиб турибди. Бундан сал аввал ўзимизда ҳам бир ёш йигитча ўзи тенги газеталардан биридаги суҳбатида: “Мен бу йил камида қирқта қисса ёзишни режалаштираганман”, деди. Ҳеч ким “ваҳҳ” деб юборгани йўқ. Аммо  бизнинг онг-шууримизга, маънавий оламимизга, ахлоқимизу турмуш тарзимизга бевосита  таъсир кўрсатадиган чинакам бадиий адабиётни кўзда тутадиган бўлсак, кимнинг қанча асар ёзгани муҳим эмас, қандай ёзгани ва  ёзганларидан қандай маъно англашилгани муҳим. Баъзи муаллифлар бор-йўғи битта китоб билан ҳам машҳурлик чўққисига кўтарилиб, бу жойни анча вақт забт этиб туришган.

Шу мулоҳаза билан Набижоннинг саргузашт китобларини, гарчи вақт тиғиз бўлишига қарамай,  ўқишга бошладим. Биринчи бўлиб “Аросат дунё”ни қўлимга олдим. Асарда ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида шўроларнинг қатағон сиёсати қурбонига айланган Мамажонбойнинг кўрган-кечирганлари, чидаб бўлмас даражадаги  азоб-уқубатларга дучори бўлганида ҳам, худди машҳур Робинзон Крузо, Дерсу Узала, граф Монте Кристо каби умидсизликка тушмай, ҳаёт учун курашгани батафсил ҳикоя қилинади. Алғов-далғовли бу давр мавзусида кўп ўқиганимиз, қатағон қилинган ватандошларимизнинг аянчли ҳикояларини кўплаб тинглаганимиз  учун ҳам, асар қаҳрамонининг олис тайгада ёлғиз бир ўзи ўлим билан неча бор юзма-юз келиши тафсилотлари ўқувчини бениҳоя қизиқтиради. Бунинг яна бир боиси, асар воқеалари муаллифнинг бадиий тўқимаси эмас, реал ҳаётий воқеаларга асосланганида.

“Чимилдиқли уй ноласи” саргузашт роман дейилган. Асарда ўзаро аҳду паймон қилишган, аммо висол нашидасини суриш насиб этмаган икки ёшнинг пок муҳаббатлари, қалб изтироблари қаламга олинган. Воқеалар ривожи бобдан бобга қуюқлашиб боради, қаҳрамонлар тақдир тутқичини тутиш йўлида аёвсиз синовларга, хуш-нохуш воқеаларга, турфа ниятли одамларга дуч келадилар.  Воқеа-ҳодисалар муаллифнинг қистови билан тезлашиб, бадиий тўқима бўртиб кетган жойлари ҳам бор. Бундай ҳолатларда, бошқа айни шундай китобларни ўқиётганингда  ҳам бўлганидек, ўқувчини муаллифнинг ёзувчилик маҳорати эмас, воқеаларнинг давомига бўлган шунчаки қизиқиш ушлаб туради. Ота-онасига ёрдам бериш учун олис ўлкаларга ишга отланган ёш Қобилбекнинг бошига тушган савдолар нима билан тугашини кутиб, ниҳоят, асарнинг сўнгги саҳифасига етиб келасиз.

Менда ҳам шундай бўлди. Ҳар икки  асарни айни шу қизиқиш боис ўқиб тугатдим. Уларни таҳририятга олиб келган ҳажвчи дўстимиз тўғри айтган экан — китоб масаласида анча инжиқ мен ҳам ўқиб чиқдим-ку, демак, бошқалар, айниқса, ёшлар бундай асарларни қўлма-қўл қилиб ўқишаётганига ишонса бўлади. Токи шундай экан, бугун ижодий самарадорликда ҳаммамиздан пешқадам бўлиб турган Набижон Ҳошимовга ёзилган қутловни бемалол эълон қилаверсак ҳам бўлади. Аммо…

Мен унинг бор-йўғи иккита асарини ўқиб чиқдим. Шу ўқиганларим асосида баъзи хулосаларга келдим ҳам.

Набижон ўзи ихтиёр этган жанрда битилган кўплаб машҳур асарларни ўқиб, миясига яхшилаб жойлаган кўринади, ҳар қандай қаламкаш учун шунинг ўзи мақтовга сазовор. Иккинчидан, Набижонда  ёзувчилик салоҳияти бор, воқеий қисса ёзадими, саргузашт роман битадими, ўқувчини асарнинг охиригача ҳаяжон ва изтиробда “ушлаб” тура олиши буни исботлаб турибди. Бу жуда муҳим тажриба. “Чимилдиқли уй ноласи”да менга кекса ўрмончи чолдан Қобилбекка “мерос” қолган эски, сассиқ фуфайка детали маъқул бўлди. Қобилбек ишлаш учун йўлга отланиб, Россиянинг овлоқ бир ҳудудига бориб қолади. Раҳм-шафқат нималигини билмайдиган кимсаларнинг қўлида қулдек ишлайди. Бир куни шериклари уни бир амаллаб қочиришади. Қобилбек аёвсиз тайгага узоқ вақт тентираб юради, совуқда бир амаллаб жон сақлайди. Охири қуролланган кишилар ниманидир ахтариб келиб, чайлада бир ўзи амал-тақал қилиб кун кечираётган чолни қийнаб ўлдиришларига гувоҳ бўлади. Қобилбек чолни дафн этади, унинг эски фуфайкасини кийиб, йўлга тушади. Асар сўнггида шу фуфайка ичидан жуда катта миқдорда хорижий валюта чиқиб, қаҳрамонларнинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади.  Бошқа бир тажрибали муаллиф бўлганида, бу кийимнинг асар якунидаги ижтимоий юкини янада ошириб юборган бўларди. Масалан, Қобилбек ҳали жони узилмаган чолни баҳоргача парвариш қилиши, даволаши, чол эса вафот этишидан олдин унга:  “Раҳмат сенга ўғлим, фарзандим йўқ эди, сени Худонинг ўзи етказди, уйингга етгунингча шу фуфайкани эгнингдан ечма”, дейиши ҳам мумкин эди-ку…

Бугун хусусий нашриётларда, худди “мясорубка”да лағмон чўзаётгандай, пешма-пеш чоп этилаётган бундай  китобларнинг бир қусури —  улардаги сон-саноқсиз хатолоклар, ғализ жумлалар, имло қоидаларига амал қилмаслик.  Хато шу қадар кўпки, қўлёзмани босмахонага топширишдан олдин бирор киши ўқиб чиққанми, корректураси муаллиф матнига солиштирилганми ёки йўқми, деган иштибоҳ туғилади. Асабга тегадиган бу қусур бошқа китоблар қатори Набижон Ҳошимовнинг саргузашт қиссаларида ҳам учрайди. Мана, баъзи мисоллар. “Чимилдиқли уй ноласи”, биринчи қисм, учинчи саҳифа. Йўловчилар автобусга “ғала-ғовур қилиб, тик туриб жойлаша бошладилар. Теварак-атроф оқариб, шафақ қизара бошлайди. Ҳайдовчи бир эснаб, керишиб олади-да, ўрнидан эринибгина туриб, кўзларини ишқай-ишқай кира ҳақини йиғишга бошлайди. Тиқилинчдан бетоқат бўлганлар эса энди гўё бабақхўроздай норози қичқира бошлайдилар”.

Шу биргина абзацнинг ўзида “бошлайди” сўзи тўрт марта ишлатилган. Имло хатоларининг сон-саноғи йўқ. Мана бу жумлаларга эътибор беринг (64-саҳифа): “Нурбек уларнинг бошига мағзава ағдаргандек, бир дунё қарзни илиб кетди. Нурбек хотини Ойнисани хиёнатда  айблаб уни бутундай ёмон кўриб қолди. Болаларидан сеҳри қочди. Онаси, хотини ва болаларининг тақдирига бефарқ бўлди. Ойнисага энди туман матлубот уюшмасида ишлашни бутунлай таъқиқлаб қўйди ва Россияга тезлик билан қайтиб кетишга тараддуд кўра бошлади”.

Ушбу мулоҳазаларни қоғозга туширар эканман, бир муаммо хусусида ўзим билан ўзим тортиша бошлайман: китобхонлар, адабий жамоатчилик, муҳтарам танқидчиларимиз оёққа туриб, истеъдодли ёш муаллифларни ёнимизга олиб, камчиликларини тўғрилаб,  ноширларнинг масъулиятини ошириб, бундай бемазагарчиликларга барҳам беришимиз ёки… “Ҳа энди бугун шу-да, нима ҳам дердик”, дея бепарво юраверишимиз керак. Метро вагонларидаги деярли ягона ўзбекча “Илтимос суянмангиз” деган ғализ ва хато ёзувга кўникиб бўдик-ку!

Иккинчиси: Набижон Ҳошимов ва у даражасидаги фаол ижодкорлар олдида, менингча, иккита йўл турибди. Биринчиси: шиддатни сусайтирмай, шу йўсинда, шу савияда пешма-пеш китоблар чиқаравериш, қайта-қайта нашр эттириш,  менга ўхшаган  инжиқ муҳаррирларнинг эътирозларига мутлақо парво қилмаслик. Иккинчиси — озроқ бўлса-да Худо берган истеъдодни ҳурмат қилиш,  шошилмаслик, бир йилда бешта эмас, битта асар ёзишу қойил қилиб қўйиш.  Ё бозорни қизитиш, ё адабиёт ривожига, маънавият,  маърифатга хизмат қилиш. Набижон Ҳошимов истеъдодсиз, адабиётга даҳли йўқ шунчаки бир ҳаваскор қаламкаш бўлганида, мен бу гапларни асло ёзмаган бўлардим. У анчайин шаклланган, қалами қайралган, ўқувчига айтадиган гапи бор  ёзувчи. Фақат озроқ қунт қилса, қўлёзмаларини муҳокамага қўйиб, билдирилган мулоҳазалар асосида қайта-қайта ишлашга одатланса бўлди, адабиётимизни янги-янги асарлар билан бойитадиган ёзувчига айланиши шубҳасиз.  Бу иш унинг қўлидан келади деб ўйлайман. Чунки, детектив жанридаги ур-йиқит, қочди-қувди, шилиб кетди-тилиб кетди, сирли қотиллик қабилида битилган, таҳрирсиз чоп этилган  асарлар вақти-соати билан  ўқувчининг меъдасига тегади.  Бозор адабиёти у ёки бу муаллифга ўз “бағри”дан жой берар экан, кейинчалик бу иссиқ гўшани тарк этиш жуда қийин кечади. Бунга энди мисоллар жуда ҳам кўп…

Набижон мени тўғри тушунади ва ушбу мулоҳазаларимни тўйхат ўрнида қабул қилади, деган умиддаман.

                                  Мухбирлик сабоқлари

Матбуотда узоқ йиллардан бери ишлаб, шу соҳада суяги қотган, кўзи пишиган ҳамкасбларнинг китобини ўқиш жуда ҳам мароқли. Бошқа соҳаларнинг ҳам ўзига яраша сир-синоатлари бўлади, аммо бадиий адабиётда, журналистикада бир нималарни қоғозга тушириш, жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш учун анча-мунча кўйлакни йиртиш, маълум йўлларни босиб ўтиш, кўплаб йўлчи-йўловчилар билан суҳбат қуриш, ўқиш, ўрганиш  зарур бўлади. Одатда, ҳаётий воқеа-ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам ижодкорга илҳом бахш этмайди. Бундай ҳолатга тушиш учун қўлига қалам олган киши ҳаётнинг ичига жуда чуқур кириши, кўрган-кечирганларининг моҳиятини тўғри англаши ва улардан тегишли хулоса чиқариши лозим бўлади.

Самарқандда яшаб ижод қилаётган ҳамкасбимиз Фармон Тошевнинг кейинги йилларда мамлакатимиз нашриётларида чоп этилган бир неча адабий-бадиий ва публицистик тўпламларини варақлаб, айни шунга яна бир бор иқрор бўлдим. Фармон тажрибали журналист, ҳозиржавоб  публицист ва ташкилотчи муҳаррир сифатида бугун кўпларга ўрнак бўлиб келмоқда. Унинг қаламидан унган кўплаб мақолаларда, матбуотимизнинг бугунги вазифаларига доир йиғилишлардаги маърузаларида, телеинтервьюларида  ўзига ўхшаш куюнчаклик, яхши маънодаги безовталик бор. Фармон бошқа айрим ҳамкасбларимизга ўхшаб, бир мавзу ёки бир йўналишда қолиб кетмай, бугунги ҳаётимизга, турмуш тарзимизга бевосита тааллуқли кўплаб соҳаларда бирдай қалам тебратади. Унинг янги авлоднинг маънавий олами, дунёқараши, ёшлар тарбиясидаги айрим қусурлар, оила, оталар ва болалар, санъаткорнинг бурчи ва масъулияти хусусидаги ҳар бир чиқиши ўқувчи онгига енгил етиб боради, уни кўтарилган муаммо хусусида фикрлашга чорлайди. Фармон Тошев кейинги йилларда ўзини қалами анча қайралган шоир сифатида ҳам намоён этмоқда. Унинг бу йўлдаги машқларидан айримларини газетхонлар ҳукмига ҳавола этганмиз.

Фармон Тошев фақатгина куюнчак муҳаррир эмас, у энди тажрибали устоз ва мураббий ҳамдир. Бугун кўплаб таҳририятларда “Маҳорат мактаблари” ташкил этилган бўлиб, уларда журналистикага майда қадамлар билан кириб келаётган ёшлар таҳсил олмоқдалар. Бундай мактаблардан бири Самарқандда, “Зарафшон” газетаси қошида, муҳаррир Фармон Тошев раҳбарлигида фаолият юритмоқда.

Ҳамкасбимнинг “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Қарнабликлар кулгуси”, “Умрнинг ўртаси”, “Бедаво кўнгил”, “Мухбирлик сабоқлари” китобларини синчиклаб ўқиб чиққанман. Яқинда “Тафаккур” нашриётида чоп этилган яна иккита тўплам — “Мухбирлик сабоқлари” ва “Мен англаган ҳақиқат” ни ўқиб, бир хулосага келдимки, бугун журналистика факултетларимизда бугунги талаблар даражасида ёзилган амалий қўлланмалар кам экан, бундай китоблардан бемалол фойдаланса бўлади.

Сўнги гап. “Мен англаган ҳақиқат” тўпламида Фармоннинг иқтидорли ёш шоир Нодир Жонузоқнинг “ШАРҚ” нашриёт-матбаа концернида чоп этилган “Меҳрибоним” шеърий тўпламига ёзган тақризи ҳам эълон қилинган. Шоирнинг бу китобини адабиётшунос олимлар, шеърият ихлосмандлари мамнунлик билан кутиб олишди. Фармон мазкур тақризнинг бир нусхасини бизга йўллаб, “Эълон қилиш учун эмас, фикр билдириш учун”, деб илтимос қилди. Ўқиб чиқдик, баъзи ўринларини муаллиф билан бирга ишлаб, бемалол эълон қилса бўладиган тақриз экан. Ўйчи ўйлагунича таваккалчи ишини битиради, деган гап бор. Иш билан бўлиб, Самарқандга қўнғироқ қила олмадим, Фармоннинг ўзи ҳам биз билан қайта боғланмади. Китоб муаллифига хат шаклида ёзилган ўша тақризни бугун тўпламда кўриб, хурсанд бўлдим. Муаллиф Нодиржоннинг шеърларини жуда чуқур ва холис таҳлил қилган, ютуқларини батафсил кўрсатган.  Тақриз қуйидаги жумла билан якунланади: “Нодиржон… Гарчи табиатан мақтовни, ҳамду санони хуш кўрмасангиз-да, бир гапни айтишга ҳаққим бор — Сизга ҳавас қиламан, Сиздай шогирдим борлигидан фахрланаман”.

Ушбу мақолани якунлаб, қўлёзмани ўқир эканман, унинг бир қусурини сезиб қолдим. Фармон ҳаётда жуда жиддий, аммо ҳазил-мутойибани хуш кўради, унинг самимий, тагмаъноли лутфларидан, беғараз қочиримларидан  кўпчилик хабардор. Шу маънода мен ҳам бир лутф қилсаммикин, деб қолдим…

Қишлоғимизда шахмат ўйинини жуда севишади. Қўйиб берсангиз, эртадан кечгача чойхонада дона сурадиганлар қанча. Шулардан бири бир куни қўшни қишлоқлик меҳмоннинг “Сизларда энг зўр шахматчи ким?” деган саволига қуйидагича жавоб берибди: Раззоқ буванинг катта ўғли, Низомов домла ва яна Холмирза деганимиз бор, жуда қаттиқ ўйнашади, “любой” рақибни абжағини чиқарворишади. Аммо…

— Нима аммо,— ҳайрон бўлиб сўрабди меҳмон.

— Уларнинг ҳаммаси менга ютқизишади…

Нодир Жонузоқдай умидли шоирнинг шоир устозига менинг ҳам самимий ҳавасим келиб кетди.

“Илм эрур бешак, билингиз, дардимизнинг  чораси…”

                                      (Шоир Мискин даъвати)           

Қўшиқ ихлосмандлари орасидан  “Манам Мажнуни ишқ, дўстларки, бир Лайлони изларман, Жамоли гул, сочи сунбул, кўзи шаҳлони изларман”, деб бошланувчи машҳур ашулани эшитмаган,  тинглаб роҳат қилмаган мухлисни топиш қийин бўлса керак. “Бизни ташлаб қайга кетди ул қаро қошим менинг, Термулиб йўлида кўздин оқадур ёшим менинг” ёки  “Эй дилбари жононим, кўп нозу итоб этма, Юз жабру жафо бирлан ҳолимни хароб этма…” — Бу дилбар қўшиқларнинг сўзлари ҳам кўпчилигимизга ёд бўлиб кетган.

Энди мана бу сатрларга эътибор беринг:

“Илмсизликдан бўлур бўлса қаю миллат хароб,

Илмсизликдан келур миллатга келса ҳар азоб,

Илмсизликдан қилур чўх ғайрилар бизга итоб,

Илмсизликдан эрур тўти уйи жойи ғуроб,

Эй мусулмонлар, бизим сиздан бу одат истариз,

Илм учун жаҳду жадал қилмоқ давомат истариз.

 

Барча миллат ичра бизлар илм учун муҳтожмиз,

Илмсизликдан мудом музтар ўлуб, қаллочмиз,

Тўйдилар бегоналар илм ила, бизлар очмиз,

Илм боғида ҳама булбул эса, қашқочмиз,

Эй мусулмонлар, бизим сиздан бу одат истариз,

Илм учун жаҳду жадал қилмоқ давомат истариз…”.

Юқоридаги қўшиқлар ва ушбу жасоратли мисралар муаллифи кимлигини биласизми? ХХ аср бошларида “Илмсизлик миллатни охир-оқибат хароб қилади, эл-юрт бошига неки азоб, неки хароблик келса, билингки, бу — илмсизлик оқибатидир. Бошқалар илм булоғидан баҳраманд бўлиб, тўйиб турганларида, биз оч-яланғоч ўтирибмиз. Бас, биз ҳам илм олишга жаҳду жадал қилайлик, илм боғида булбулдек сайрайлик. Умр беҳуда ўтиб кетади, чойхонаю майхонани макон айлаб, ёнбошлаб ётавермайлик. Олиму фозиллар  боис дину миллат обод бўлғай”, дея ўз ватандошларини илм зиёсига даъват этаётган шоир ким бўлди экан?

Неча йиллардан бери ҳофизларимизнинг тилидан тушмай келаётган, мумтоз қўшиқчилик санъатимизнинг нодир дурдоналари бўлмиш  юқоридаги қўшиқлар муаллифи Х!Х аср охири — ХХ аср бошларида Тошкентда шаклланган адабий муҳитнинг Сидқий Хондайлиқий, Камий, Тавалло, Хислат каби вакилларидан бири Мискин эканлигини яхши билар эдим. Аммо “Академия” нашриётида чоп этилган мўъжазгина “Савти дугоҳ” номли тўпламни  ўқиб,  миллатдошларининг илмсизлигидан кўнгли чўкиб, таъсирчан сатрлар битган даъватчи-шоир ҳам айни шу Мискин домла эканлигини билиб олдим.

Мискин домла тўғрисида, таассуфки,  жуда  кам биламиз. Тўпламда адабиётшунос олим Наим Каримов келтирган маълумотлар қуйидагича:  “ХХ аср бошларида Мискин тахаллуси билан машҳур бўлган, сўлим ғазалларига басталанган ашулалар тўй-ҳашамларни безаган шоир 1880 йили Тошкент шаҳрининг Чорсу маҳалласида дунёга келган. Унинг асл исми Ғуломхалил Тошмуҳаммад ўғли бўлса-да, чап оёғида қўш бармоқ бўлганлиги учун Мулла Қўшоқ номи билан кўпроқ машҳур бўлган. Таниқли адабиётшунос ва тазкирашунос Пўлатжон Қайюмий домланинг  “Тазкирайи Қайюмий” асарида Мискиннинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида бундай мухтасар  маълумотлар берилади: “Бу киши Тошканд шаҳридандур. Номи Мулла Қўшоқ бўлуб, Тошмуҳаммад ўғлидур. 1880 йилда темирчи-косиб оиласида дунёга келмишдур. 12 ёшинда отаси вафот  этиб етим қоладур. Уста Ҳошим номли нонвой амакининг тарбиясинда қолмишдур… Адабиётга ҳаваси зиёда эди. Тошканд шоирларига эргашиб бошлаб сал вақтда шуҳратли шоир бўлуб танилди. Машҳур мулла Тўйчи ҳофиз оғзидан Мискиннинг ғазаллари эшитила бошлади. 1914 йилда чиқарган ёзма баёзларда ашъор кўрулди. Ҳўқанд шаҳрида бир кўча Мискиннинг номида эди. Инқилобдан кейин шоирнинг адабий фаолияти яна зиёдалашди.  Ниҳоят, шоир 1937 йилда вафот этган (57 ёшинда)”.

Мулла Қўшоқнинг болаликдаги дўсти Рихситилла бобо ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида суҳбатдоши Зуҳра Толиповага шоир ҳақидаги хотираларини қуйидагича сўзлаб берган экан: “Девонбеги маҳалласида яшовчи камбағал меҳнаткаш Ҳошим новвой ўн – ўн тўрт ёшлик Қўшоқжонни асраб олиб тарбиялади. Қоратўридан келган, паст бўйли, каттароқ думалоқ бошли Қўшоқжон билан мен дўст-аҳил бўлиб олдик. Иккимиз бир кўчада яшадик. Ҳошим ота жуда саҳий, камтарин киши бўлиб, ўғли Қўшоқни ҳам тўғри ва ростгўй қилиб тарбиялашга интилди. Зеҳндор Қўшоқ отаси кутганидек, меҳнаткаш, ҳаракатчан, тиришқоқ бўлиб тарбия топди. Ҳошим ота ўғлининг ўқимишли бўлиши учун қайғурди ва уни эски мактабларда, мадрасаларда ўқитди. Қўшоқжон ҳам меҳнат қилди, ҳам ўқуб илмли бўлди…”.

“Савти дугоҳ”да Мискиннинг эларо машҳур ашулалари билан бирга  кўпчиликка маълум бўлмаган кўплаб ғазал ва мухаммаслари,  шоир ҳаётига доир янги маълумотлар келтирилади. Улар ичидаги икки ҳолат диққатимни тортди. Биринчиси — ушбу тўплам шоир Мискиннинг илк китобчаси экан.  Тенгдошимиз Абдулла Турдиев “Мен китоби чиқмаган шоир…”, деб шеър ёзиб юриб, биринчи китобини кўрмай оламдан ўтиб кетди. Қарангки, китобини кўриш “Тошкент ироғи”дай қўшиқ муаллифига ҳам насиб қилмаган экан. Иккинчиси — шоир умрининг сўнгги йилларини тўшакка михланиб, оғир бетобликда, муҳтожликда ўтказган.

Тўпламга Муҳаммаджон Қўшоқовнинг “Отам ҳақида” деб номланган ғоят қисқа хотираси ҳам киритилган. “Отам хаста ётганларида мен учинчи синфда ўқир эдим,— деб ёзади Муҳаммаджон ака. — Қўшнимиз болаларига эргашиб, олдинроқ машқ қилганим туфайли ҳарфларни танир ва китобни ҳижжалай олардим. Мактабда яхши таҳсил олаётганимдан отам жуда севинар эдилар. Кейинчалик айрим шеърларини менга айтиб туриб ёздирадиган бўлдилар… Хатни зеҳн қўйиб ёзаётганимни кўриб, онамга шундай деганлари эсимда:

— Мана, ўғлимиз ҳам хат ёзадиган бўлиб қолди. Юрагимдаги ғазалларни ўлим олиб кетолмайди энди. Айтиб туриб ёздираман…”.

Энди айтмасам бўлмас — бу жажжи китобчага алоҳида эътибор қилаётганимнинг боиси бор. Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари мен республика ёшлар газетаси (ҳозирги “Туркистон”)да ишлаганман. Муҳаммаджон Қўшоқов деган киши қишлоқ хўжалиги бўлимини бошқарарди. Мирзакарим Пирматов, Жаббор Раззоқов, Сафар Остонов,  мен ва яна бошқа кўплаб тенгдошларимиз у кишидан мақола ёзишни, ахборотни қандай бошлаб, қандай тугатишни, унга қандай сарлавҳа қўйишни, муаллифларнинг қўлёзмаларини таҳрир қилишни ўрганганмиз. Муҳаммаджон ака ишга ҳаммадан аввал келар, ёнида ҳамиша қоғоз-қалам бўлиб, стулга чўкканича, бир нималарни қоралаб ўтирарди. Мажлисларда тиззасига қўлини қўйиб, нималарнидир қоғозга тушириш у кишининг одати эди. Болаларга атаб ёзган шеърлари матбуотда кўриниб турарди. Баъзилари қўшиқ  бўлгани ёдимда.

У пайтлари газетада илғор пахтакор, чорвадор, чўпон ёки механизаторнинг чиқишини  уюштириш, аниқроқ айтадиган бўлсак,  ўзинг кўрмаган, билмаган одамлар номидан мақола ёзиш,  кеча кечқурун бўлиб ўтган фирқа қурултойидаги узундан-узоқ расмий маърузани қўллаб-қувватловчи  “отклик” тайёрлаш жуда авж олганди. Бу борада чаққон ҳаракат қилмасангиз номингиз ёмонотлиққа чиқарди. Газетанинг ички қўш саҳифасига умумий сарлавҳа, яъни “шапка” топишга келганда Муҳаммаджон ака жонимизга оро кирарди. “Дала шийпони — деҳқоннинг иккинчи уйи”, “Қишлоқда яшайсанми — техникани эгалла”, “Маккажўхори — дала маликаси”, “Пахтазорим — номус-орим”, “Ҳунар ҳунардан унар”, “Ўқиш бошқа, уқиш бошқа”, “Касбим — фахрим”  — хотирамда қолган шу ва  бошқа кўплаб “шапка”, рукн,   авваллари ишлатилмаган ғаройиб сарлавҳаларнинг муаллифи  Муҳаммаджон ака эди. Бу борада у кишига ҳавасимиз келарди.

Кейинроқ бир сабаб билан у киши   машҳур шоир Мискиннинг ўғли эканлигини билиб олдик. Шундай инсон билан бир таҳририятда ишлаётган эканмиз-а! Аммо Муҳаммаджон ака отаси тўғрисида деярли гапирмасди, гап очилиб қолса ҳам, фикрини қисқа-қисқа баён қиларди, холос. Ахир, “Отам шоир бўлганлар, “Тошкент ироғи” шу кишининг қўшиғи, эшитинглар, мана бу сатрлар ҳам отамники:

Барча анвойи ҳунарни(нг) пешвоси илм эрур,

Тўғри йўлга бошламоқнинг раҳнамоси илм эрур,

Зуҳду тақво борининг мунтахоси илм эрур,

Бу жаҳолат зулматин нуру зиёси илм эрур.

Зийнати миллат ажамдан то араб мактаб эрур,

Кўз очинг атрофи оламга, талаб мактаб эрур,

дейиши,  қўшиқ қилиб куйланайтган латиф ғазалларидан ўқиб бериши мумкин эди-ку! Йўқ, у киши сира бундай қилмасди. Бир гал: “Отангиз ёзган ғазаллар сақланиб қолганми?”, деган саволимизга ҳам қисқагина қилиб:  “Бир-иккита қўлёзма қолган холос, бошқалари йўқолиб кетган, мен ёш бўлганман”, деганди.

Энди ўйлайман — Муҳаммаджон ака ўшанда оталари қаламига мансуб ғазаллар матнини билмасмиди?  Биларди, бир-иккитасини эмас, жуда кўпини ёддан ўқий олиши мумкин эди. Аммо ўқимасди. Нега шундай қилганининг сабаби аён —  ўтган асрнинг ўттизинчи  йиллари эски алифбода ижод қилган, бунинг устига мадрасада сабоқ олган мулла оталар тўғрисида гапириш ҳамиша ҳам яхшиликка олиб келмаган. Шўро тузуми душман топишда эски алифбодан ҳам жуда самарали фойдаланган. Кимнингдир уйидан араб алифбосида ёзилган бирорта китоб  чиқиб қолгудек бўлса, у нодир бир асарми, жуғрофия ёки тиббиётга оид оддий қўлланмами, бунисига қарамай, хонадон соҳибларини қаттиқ исканажага олишган. Кўп китоблар ёқиб, кўмиб юборилган. Шу боис фарзандлар ўқимишли, айниқса, араб алифбосида ёзув-чизув қилиб юрган оталари тўғрисида гапиришдан ўзларини тийишган. Бу тийилиш шундоқ ҳам кўнгли яримта фарзандлар учун нечоғли оғир бўлганлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бундай деяётганимнинг боиси — бир куни Муҳаммаджон ака иккаламиз газетага навбатчилик қилаётганимизда  бир воқеа юз берди. Кечаси соат бирга яқин газетани  саҳифалаб бўлдик. Навбатчига қўл қўйдириш учун Муҳамаджон аканинг хонаси эшигини аста очсам (у йиллари оддий мухбирлар бўлим мудирининг олдига ҳам эшикни тақиллатиб киришарди), у киши стол устида турадиган транзисторни қулоқларига қўйиб, бир нимани тинглаб ўтирган экан. Ўша куни Москвада катта йиғин бўлиб, ўртоқ Брежнев маъруза қилган эди. Ҳаёлим шунга кетди.  Хонага қайтиб, мен ҳам транзистор қулоғини бурадим — радио тўлқинларида оқшом концерти бошланиб, “Тошкент ироғи” янграётган экан…

Муҳаммаджон ака камтар, камсуқум, фойдасиз ишларга аралашмайдиган, биров бир нарсани сўрамаса ўзича гап бошламайдиган, дардини ҳуда-беҳуда тўкиб солмайдиган одам эди. Оёқ оғриғи безовта қилиб турарди. Баъзан лифт ишламай қолса, ўн иккинчи  қаватга пиёда кўтарилишнинг ўзи бўлмасди.  Ўша йилларнинг тамойилига кўра, райижроқўмдан газета жамоасига онда-сонда  бирор нима ажратиладиган бўлса, “Мен газетада фалон йилдан бери ишлайман, менга беринглар” деганларини эшитмаганман.

“Савти дугоҳ”ни мутолаа қилар эканман, Мискин ижодида жадидларнинг таъсири жуда кучли бўлганлигини англадим. Яқинда Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган бир йиғинда миллий университетимиз домлаларидан бири: “Бугун талабаларимиз хорижий  тилларни шахд билан ўрганишмоқда, инглиз, француз, немис, испан адабиётидан илмий тадқиқот ишлари ёзишмоқда. Бу, албатта, яхши, аммо уларнинг кўпи ғарб адабиётида кеча ва бугун урф бўлаётган турли оқимларни билгани ҳолда, ўзбек адабиётини яхши билишмайди. Билишга қизиқишмайди ҳам. Бунисига нима деймиз?” деган афсус-надомати ёдимга тушди. Ўзимизни билмай туриб, ўзгани билишга ҳаракат қилишимиз ўринли эмас. Кечаги куннинг жуда қимматга тушган бу хатосини яна такрорламай, “Илм эрур бешак, билингиз, дардимизнинг чораси” деб ҳайқирган шоирнинг ижодини чуқур ва атрофлича ўрганишимиз, Юртбошимиз қўйган вазифа — биздан кўра доно, ақлли ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт фарзандларимиз тарбиясида ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмаган шоир даъватидан фойдаланишимиз лозим эмасми?!

Келгуси йили Мискин домла таваллудига 130 йил тўлар экан. Чоққина даврада  чинакам мухлислар, қўшиқ шайдолари, ҳофизлар, толиби илмлар тўпланиб, “Тошкент ироғи”ни яна бир бор тингласак,  шеърхонлик, ғазалхонлик қилсак, ўтган асрнинг машъум ўттизинчи йилларида миллат ривожини ўйлаган, дардини куйлаган яна бир фидойи жадид ватандошимизни хотирласак  арзийдиган сана. Эҳтимол, шу хотира кечаси боис, Хўқанд шаҳри кўчаларидан бири   ўша пайтдаёқ Мискин номи билан аталгани сабабини ҳам билиб олармиз…

 

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

Китоб- кўнгил чашмаси Китоб- кўнгил чашмаси
Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар
Сергей Гетман: Главное для меня – это лично познакомиться с современными авторами Сергей Гетман: Главное для меня – это лично познакомиться с современными авторами
“Ҳамкорбанк”да ижодий учрашув “Ҳамкорбанк”да ижодий учрашув