"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БИЗ ИСТИҚЛОЛ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ

Ўқилди: 614

ЁШЛАР БАЁЗИ

Шеърлар

 

Maxlıyo Umrzoqova

 

 

Маҳлиёхон  УМРЗОҚОВА—  1990 йил Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида туғилган. Тошкент шаҳар Гидро-метерология коллежи  талабаси.

 

 

 

 

 

 

 КИТОБЛАР СУҲБАТИ

“Мен янгиман, муқовам янги,

Вароқларим чекмаган фироқ.

Сенинг эса аҳволинг ёмон,

Ҳолинг эса ачинарлироқ”.

 

“Мендан кулма, менга ҳавас қил,

Келганимда эдим озғинроқ.

Шунча севиб ўқилганим-чун,

Мен тўлишиб боряпман кўпроқ.

 

Сен янгисан, муқованг янги,

Вароқларинг чекмаган фироқ.

Ҳар китобнинг қиймати асли,

Ўқилгани билан азизроқ!”

 

             ВАТАН

Ватан — қўлларимда бир ҳовуч тупроқ,

Ватан — жаннатбўйлар таратган райҳон.

Ватан — осмонларни даст кўтарган тоғ,

Ватан — тандирларда пишган кулча нон.

 

Васфингни куйлайди турнакўз булоқ,

Оҳанглар етади уммонгача то.

Буюк боболарнинг руҳлари уйғоқ,

Юлдузлар живирлаб беради садо.

 

Ватан, онам каби меҳрга бойсан,

Ватан, отамдайин юраги баланд.

Ватан, синглимдайин соҳибчиройсан,

Ватан, акамдайин меҳнатга пайванд.

 

Навқирон юракнинг шўх алёрини

Битайлик ниҳолнинг ҳар япроғига.

Бу қўшиқ аритгай дил ғуборини,

Яхшиларни чорлар юртим боғига.

 

Бағримда улғаяр Ватан номли сўз,

Унга илинаман топсам неники.

Эҳтимол, худбинман, эҳтимол, юлдуз,

Ватан, меникисан, фақат меники!

  

                ОРЗУЛАР

Кўм-кўк гумбазларда улғайди осмон,

Меҳр булоғида уйғондим мен ҳам.

Мунис кўзлари-ла боқади менга,

Гулдайин эркалаб отам ва онам.

 

Отам жасоратнинг жонли суврати,

Жажжи қўлларимдан етаклаган зот.

Бутун иродамга чизиб журъатин,

Юксак парвозимга беради қанот.

 

Онам дуолари қўрғоним ҳар он,

Елкамда элимнинг шони, шуҳрати.

Керак бўлса, унга берадирман жон,

Шу Ватан ҳурмати, шу эл ҳурмати.

     

              БОЛАЛИГИМ

 Болалигим узоқларда қолиб кетди,

Ҳаёт мени олисларга олиб кетди,

Ҳижронларнинг юкларига чидаёлмай

Мажнунтолнинг елкалари толиб кетди.

 

Димоғимда лолаларнинг бўйи қолган,

Қулоғимда  капалакнинг куйи қолган.

Мен қуёшга бойчечаклар тутган эдим,

Бармоғимнинг уч-учлари куйиб қолган.

 

Анҳорларнинг лойларига ботгим келар,

Онажоним ҳалволарин тотгим келар.

Беғуборлик булоғидан сув симириб,

Такрор ўша дамларимга қайтгим келар.

 

Болалигим узоқларда қолиб кетди…

 

      ЎЗБЕКИСТОН

Самоларда порлаб турсин қуёшим,

Бахтнинг қўлларида улғаяр ёшим.

Умид қуёшидай порлар Юртбошим,

Қутлуғ Ватанимда, қутлуғ Юртимда.

 

Мустақиллик учун курашдинг ўзинг,

Мен учун виқордир ҳар ўтли сўзинг.

Қувонч бахш этади қувончли кўзинг,

Қутлуғ Ватанимда, қутлуғ Юртимда.

 

Гулу майсаларга паноҳ бўлайлик,

Дунёни билайлик, огоҳ бўлайлик,

Элга қул, кўнгилга подшоҳ бўлайлик,

Қутлуғ Ватанимда, қутлуғ Юртимда!

 

IQbol YUsuf

 

 

Иқбол ЮСУФ —— 1992 йил Фарғона вилоятининг  Риштон туманида туғилган. Фарғона Олимпия заҳиралари спорт коллежини тамомлаган.                

 

 

 

 

 

             

                 ВАТАН

Ҳар гиёҳ, ҳар зарра баҳосини бил,

Бойлик изламагин олис-йироқдан.

Кел, дўстим, шу юртни аввал тавоф қил,

Ватан топилмайди ўзга тупроқдан.

 

Офтобнинг кулганин эзгуликка йўй,

Ғийбатни нари сур, миш-мишларни қўй.

Тинч-омон юрганинг ўзи байрам, тўй…

Ватан топилмайди ўзга тупроқдан.

 

Не сир-синоатга гувоҳ бу башар,

Элдан айро тушган ғафлатда яшар…

Ҳатто, қумурсқа ҳам инига шошар!

Ватан топилмайди ўзга тупроқдан.

 

Сотмагин, шу қора кўзлигингни сен,

Пок тут тотган ҳалол тузлиғингни сен,

Топсанг ярашади ўзлигингни сен…

Ватан топилмайди ўзга тупроқдан.

 

Виждон бор гўшада иймон бут бўлар,

Ўзлигин унутса – манқуртлар шулар,

Инсонга энг улуғ таскин юрт бўлар,

Ватан топилмайди ўзга тупроқдан.

 

Чаман қолиб кўкни қилмагин орзу,

Ҳар ерда ҳам бордир тошу тарозу,

Шу она заминни айлагин рози…

Ватан топилмайди ўзга тупроқдан.                                      

                                            

                                                           

                 ОНА БОРКИ…

Она борки, эй дунё, бешигинг бойланади,

Шу боисдан кузинг ҳам баҳорга айланади.

 

Она борки, бу дунё – баҳор дунё, гул дунё,

Она бўлмаса, агар зулмат босади гўё.

 

Кўзингдан ёш оқмайди, ёмон кўзлар боқмайди,

Онанг бўлса, ёнингда чаёнлар ҳам чақмайди…

 

Тонглар эрта отади, сўнгра кулиб ботади,

Она борки, эй дунё, ҳаёт давом этади.

                                                                 

 

            КАПАЛАК

Қушлар олиб келар кўклам дарагин,

Келишингни айтгин энди, капалак.

Бу баҳор ҳам ташлаб кетсанг “қарагин”,

Севишингни айтгин энди, капалак.

 

Нозик эди титроқларинг, қанотинг,

Соғинтириб ташна дилим қонатдинг.

Гулга кўмиб ташлайинми ҳаётинг?

Севишингни айтгин энди, капалак.

 

Чорла мени, юр кезайлик қир-дала,

Ўзинг билган дунёларга етала…

Иккимиз ҳам эрка ўсдик, эркалаб,

Севишингни айтгин энди, капалак.

 

Сену мени тушунган бир дардкаш йўқ,

Сену мендек бу оламда саркаш йўқ,

Ичимизда хиёнат йўқ, алдаш йўқ,

Севишингни айтгин энди, капалак.

 

Мунисгинам ёлғиз билма ўзингни,

Яқинроқ тут юзларимга юзингни.

Уялиб сен олиб қочма кўзингни,

Севишингни айтгин энди, капалак.

 

Англагандай бўлдим буюк жумбоқни,

Кўшк-қасрдан афзаллигин ўтлоқни.

Ҳидлаб-ҳидлаб, ўпдим она тупроқни…

Севишингни айтгин энди, капалак.

 

 

Mırzaozod

 

 

 

Мирзаозод МИРЗОНЕЪМАТОВ1994 йил Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. «Юрт келажаги», «Юксак маънавиятли авлод» ёшлар фестивалининг Республика босқичи ғолиби.

 

 

 

 

 

ЭЗГУЛИК ЭЛЧИСИ

 Хаёлларим боғига кирдим,

Марра сари интилдим олға.

Мен у ердан жавоб қидирдим,

Эзгулик не деган саволга.

 

Мақсадим не? Муддаойим не?

Ундан гўзал шеърлар ясашми?

Эзгуликни ўзга шиор деб,

Эзгуликни излаб яшашми?

 

Ёки уни қурол деб билиб,

Қалқон қилиб қалбга қадашми?

Ёки уни кўзга жо қилиб,

Эзгу нигоҳ билан қарашми?

 

Балки, ундан бир гул ундириб,

Ифорини туймоқчидирман.

Япроғидан матолар тикиб,

Кийим қилиб киймоқчидирман.

 

Мен-чи уни билиб бир зина

Унга қадам ташламоқчиман.

Эзгуликни мен фақатгина

Моҳиятин англамоқчиман.

Келажакка уйғонди ишонч,

Имкон топдик вақтдан ўзгулик.

Юракларни қоплади қувонч,

Шу эмасми айтинг, эзгулик!?

 

                           ***

Минг шукрки, юрибмиз яйраб,

Энг фаровон диёр бизники.

Воҳ, қандайин юксакмиз, ё Раб!

Бунинг бари ўзимизники!

 

Бу кунларга етмоқ осонмас,

Берилмайди осон бу нуфуз.

Қаранг, бизга қилмоқда ҳавас

Ҳар бир элат, ҳар битта улус.

 

Энтикканда эрк истаб кўзлар,

Туҳфа этди бизга эркни ким?

Сиз ҳам бир бор ўйланг, азизлар,

Бошлаб келди эзгуликни ким?

 

Қақшаганда кўҳна Туркистон

Эрк суви-ла суғорган зот ким?

Тош шаҳардан тошларни териб,

Чаманистон этди бунёд ким?

 

Кўзёш тўкди қалам қўлимда,

Унинг ёши қоғозда қатор.

У ҳам билар, менинг юртимда

Эзгуликдан келган элчи бор.

 

Тўкилмоқда севинчдан ёшим,

Эзгулик – бу тинчликдир сўзсиз.

Англаб етдим, азиз Юртбошим —

Эзгуликнинг элчиси Сизсиз.

 

 

Zulfıya

 

 

Зулфия  БОБОЕВА — 1986 йил Навоий вилоятининг  Кармана туманида туғилган.  Вилоят телевидениесида хизмат қилади.

 

 

 

 

 

 

 

                 ТОНГ

Яна сени кўрмоқ истадим,

Кетмоқликка шайланганда тун.

“Тез бўл” дея ўзни қистадим,

Ва далага отландим гулгун.

 

Борлиқ ҳали сукутда эди,

Шивирларди япроқлар бехос.

Орзулари дилда жўш урди,

Қани сендан ололсам қиёс.

 

Нигоҳларим тўқнашди шу дам,

Сен келардинг қизариб, ёниб.

Ол кўйлагинг гўзал жудаям,

Боқдим ҳайрат ичра қувониб…

 

Сен-ла, қалбим бўлиб бир чаман,

Соф тилаклар урганида бонг.

У сен эдинг покликка маскан,

Қуёш олиб келаётган тонг!

                          ***

Кенг далада, кўркам қишлоқда,

Ҳаёт қайнар, одамлар гавжум.

Ниҳол экар кимлардир боғда,

Қўлда кетмон лабда табассум.

 

Булбулларнинг садосидан маст,

Тонг чоғида гул экар қизлар.

Шу қизларга тилагандай бахт,

Гўзал баҳор заминни безар.

 

Лўппи-лўппи бўлиб очилган

Оқ пахтадан яшнайди кўзлар.

Тупроқ йўлда товонлари қум,

Пахтазорга йўл олар қизлар.

 

Қадамларни бағрига босиб,

Уйинг томон етаклар сўқмоқ.

Чарчоқларин шамолга осиб,

Сокин ухлар тунда бу қиш

 

 

Xushnudbek

 

 

 

Хушнудбек ДАРВЕШОВ — 1990 йил Андижон  вилоятининг Асака туманида туғилган. Ўзбекистон  давлат санъат ва маданият институти талабаси.

 

 

 

 

 

 

                     ОТАМ

Боламга, деб ниҳолларни эккан отам.

Оқ кўнгиллик йўргагидан юққан отам,

Яктагига артиб-артиб терларини,

Мени асли юрагидан туққан отам.

 

Дулдул отим елкасида той минганим…

Кишнанг, десам, от сингари кишнаганим,

Полвоним, деб юрагимни хушлаганим.

Белбоғига мен деб қандлар туккан отам.

 

Болам, дея минг тирилиб, минг ўлганим,

Ғиштлар қуйиб, синчлар ясаб, уй қурганим,

Ўғил уйлаб, бола каби қувонганим,

Қиз узатса, пинҳон йиғлаб чиққан отам.

 

Рўзғор оғзи ғор бўлса-да ошинганча,

Уст, эгнимга янги кийим қилган қанча,

Ўзи эса кийиб олиб эски нимча,

Арслоним, деб, полвоним, деб, боққан отам.

 

Камолимни кўриб, кўзда жолалари,

Яктагидан юқди оқ соч толалари,

Ҳар кимнинг ҳам бўлсин шундай оталари,

Иқболимдан армонларин ёққан отам.

 

Мени асли юрагидан туққан отам.

 

                    ***

Мен севиб қолган гўзал

Гулларнинг гул лоласи.

Ё парилар авлоди,

Ё малак андозаси.

 

Кокиллари тошқиндир,

Имолари афсундир,

Ҳатто Нилдан узундир,

Сочларининг толаси.

 

Ойдан сузук кўзлари,

Юлдуздандир излари,

Нурли, нурли юзлари,

Офтобнинг зуволаси.

 

Маст айлади анбари,

Севдим, севганим сари,

Лоладек дудоқлари,

Бол тўла пиёласи.

 

Қўйса гар қиё боқиб,

Дил кетгай селдай оқиб,

Учгай қанотин қоқиб,

Қўқон арк дарвозаси.

 

Филлари олиб домим,

Ишққа шох берди ёрим,

Бой берилган оромим,

Шатранж пиёдаси.

 

Кимда бор бундай нигоҳ?

Севмасам, бўлар гуноҳ,

Хушнуд севган ўша моҳ,

Оймомонинг боласи.

 

 

Sirojiddin

 

 

Сирожиддин  РОБИДОВ — 1994 йил Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган.  “Илк қадам” тўгараги  аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

                 ҚИШЛОҚҚА ХАТ

“Сабабсиз бир тола соч бошдан учмас”.

                                                                           Шуҳрат

 Сабабсиз бир тола соч бошдан учмас,

Ота, сочларингиз мен тўкмадимми?

Сиз ерга эгилиб ниҳол эккандай

Мен сиздаги қалбга ғам экмадимми?

 

Ажинлар тушмайди юзга даъфатдан,

Она, ҳуснингизга доғлар сочган ким?

Сизни кўрган қирққа кирган демайди,

Кексаликка сизни бевақт сотган ким?

 

Неларнидир излаб юрдим шаҳарда,

Кўнгилни раъйига қаролганим йўқ.

Боғни чопишибди сингиллар, мен-чи,

Ҳорманг, дейишга ҳам боролганим йўқ.

 

Ҳа, айтгандай олдим, хат ва суратни,

Барчаси ўзгарган, боқдим маъюс, жим.

Ота, сочларингиз мен тўкмадимми?

Она, юзингизга доғлар сочган ким?

 

          ҲУРЛИК

Осмонимсан сен мени,

Ўзинг коинотимсан.

Парвоз этар бўлсам гар,

Ўзинг қўш қанотимсан.

 

Қалбдан кетмас ҳеч нари,

Қодирийнинг унлари.

Сен Чўлпоннинг мунглари,

Сира сўнмас ёдимсан.

 

Эй сен, кўнглимга иниб,

Бағрида ўсиб униб,

Ҳаммадан  ҳам қизғаниб,

Қучган оппоқ отимсан.

 

Осмонимсан сен менинг,

Ўзинг коинотимсан.

Парвоз этар бўлсам гар—

Ўзинг қўш қанотимсан.

  

          СЕВАМАН

 Мен сени ўйлайман, эй қушим,

Йиғлаб туриб, кулиб туриб ҳам.

Ҳатто, сени жондан севишим

Истамайман, билиб туриб ҳам,

Мен сени севаман барибир.

 

Осмонларда тўлганида моҳ,

Кўк  бағрига иламан нигоҳ.

Ўз  юлдузим топиб мен шу чоғ,

Ойдай порлоқ, қуёшдай қайноқ

Мен сени севаман барибир.

 

Рўмол сочинг ўпиб, ўраган,

Ундан бахтли бормикан, гулим.

Эркалаб юзингни силаган

Шамолдай шод бўлмади қўлим.

Мен сени севаман барибир.

 

Анҳорда, ялпизлар — шўх қизлар,

Қиқирлашар, бағримни тилиб,

Мени кўрса, чақнаган кўзлар

Ўзимники бўлишин билиб,

Мен сени севаман барибир.

 

 

Shoxsanam

 

 

Шоҳсанам  КАРИМОВА — 1992 йил  Жиззах  вилоятининг Зомин туманида туғилган. Гулистон давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

 

 

 

 

 

 

     

         ЁМҒИРЛАР

Оҳ, ўша ёмғирлар…

Марварид, олмос,

Булутнинг бағридан аразлаб кетди.

Сўнг бизга термулиб турди-ю бир пас

Қақраган ер томон

Кўксини тутди.

 

Атиргул баргида титраган изҳор,

Ариқнинг лабида қотган табассум –

Ҳамма-ҳаммасида ёмғир иси бор,

Пок-покиза эди,

Беозор, маъсум!

 

Сен эса… Жўш уриб

Камалак байтга

Гаров қўяр эдинг азиз жонингни.

Дилдаги розингдан

Хиргойи айтган –

Мен яхши кўрардим соябонингни!

 

Бир томчи –

Ғўр томчи.

Ғунчадек нафис

Гулдек кипригимдан юзимга тушди.

Сен ёмғир ортига кетдинг-у олис,

Бу кун ўшал томчи кўксимга тушди…

 

Энди сенсизликка

Кўнгил кўнмайди,

Камалак – бағримга санчилажак ўқ.

Энди умр бўйи ёмғир тинмайди,

Энди тутмоқликка соябонинг йўқ!

  

        КЎКЛАМ СУВРАТИ

Соғиниб-соғиниб титради тонглар,

Пурвиқор чўққилар тўкди ёшини.

Кўнгил кўклам истаб, ҳориган онлар

Оҳиста кўтарди майса бошини.

 

Дарахтлар эгнида ярашиқ либос,

Сойларнинг юзида тиниқ табассум.

Бу, ахир, гўзаллик, эзгуликка хос,

Бир тўйиб нафас ол, кўзларингни юм!

 

Ожиз майсаларми матонат рамзи?

Яшамоқ сирини ўргатиб қўйди.

Наврўз – аждодларнинг абадий қарзи,

У бизни, биз уни қанчалар суйдик!

 

Ҳар битта қадамда саодат сочиб,

Югурдинг. Шошилдинг. Билмадинг тиним.

Табиат қўйнидан кетсанг-да кўчиб,

Йил бўйи диллардан тополдинг қўним.

 

Кетасан…

Ва қайтиб келасан такрор,

Зулфингга гул мисол тақилди бир сўз:

Минг битта малакнинг ҳуснисан, баҳор,

Бир дунё юракнинг соғинчи – Наврўз!

 

      БАХТИММИДИНГ?

Маъюсликка топинди кўзим,

Олов ичра қийноқда ўзим,

Ногоҳ қотди бўғзимда сўзим,

Бахтиммидинг ё бахтсизлигим?

 

Ҳолим забун, эсдан тонаман,

Соғинчимни ичиб, қонаман.

Айт, не десанг, мен ишонаман,

Бахтиммидинг ё бахтсизлигим?

 

Дард билмаган дилга дард солдинг,

Ишқдан ўчмас зўр суврат солдинг.

Қасдинг борми, нечун қасд олдинг?

Бахтиммидинг ё бахтсизлигим?

 

Дўстларимга эшик ёпилди,

Душманимга эрмак топилди,

Юрак жимжит…уришдан толди:

Бахтиммидинг ё бахтсизлигим?!

 

 

Баходир

 

 

Баҳодир БАҲРОМ — 1990 йил Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида туғилган. “ Ғунча” болалар  журналида фаолият юритади.

 

 

 

 

 

 

 

          ГУЛЛАР  БЕРСАМ

Гуллар берсам, олмайдилар гулдай санам,

Атрофида ошиқлари айлонади.

Товон ўпган сочларига шайдо манам,

Бир толага мингта ошиқ бойлонади.

 

Чин ошиқлар изҳоридан ийманади,

Севги тилдан эмас, дилдан куйланади,

Рўмолини ҳилпиратиб, шамол сархуш,

Саҳроларда мажнунсифат тўлғонади.

 

Ой нур сўраб адо бўлар юзларидан,

Капалаклар учиб чиқар изларидан,

Эс-ҳушидан жудо қилиб ошиқларни,

Сездим мени севишини кўзларидан.

 

Гулҳаёнинг гулдай гўзал хаёллари,

Жондан ўтар бироқ унинг жафолари.

 

 

              ГУЛЁРИМ

Гулёрим, қалбимда очилган гулсиз,

Тақдир йўлларимда сочилган гулсиз.

Оловсиз, яқинроқ борсам, куяман,

Узоқлашсам, умрим куяди сизсиз.

 

Сиз эзгу мақсадим, порлоқ омадим,

Бахтдан яралганми дейман қисматим.

Ўхшайман севгининг шаҳаншоҳига,

Гарчи, мажнун бўлиб, саҳро кезмадим.

 

Фарҳоддай тентираб тоғу тошларда,

Қайғу улашмадим қайғудошларга,

Ҳасратни ҳазратим дея эъзозлаб,

Армонни кўтариб юрдим бошларда.

 

Гулёрим, қалбимда очилган гулсиз,

Тақдир йўлларимда сочилган гулсиз.

Оловсиз, яқинроқ борсам, куяман,

Узоқлашсам, умрим куяди сизсиз.

 

                   ОТАМ

Ота десам, кўнгли тоғдай ўсган, болам,

Юрагимдан ғам ипларин узгин болам.

Мен отамнинг суратини сенда кўрдим,

Юпанчиғим, отам бўлиб бергин, болам.

 

Эзгу ишни ҳар сония қилгин, дерди,

Ёмонни қўй, яхшиликни  билгин, дерди.

Ўлсам, расмим уй тўрига илгин дерди,

Юпанчиғим, отам бўлиб бергин, болам.

 

Дуо қилар эди, элга қўшил, болам,

Одам бўлгин, эл корига яра, болам.

Ўлганим йўқ, дерди, яша эркин, болам,

Юпанчиғим, отам бўлиб бергин, болам.

 

Гарчи бугун етарлидай давлатим ҳам,

Элга маълум, иқтидорим, санъатим ҳам,

Илдизимсан, шажаримсан, савлатим ҳам,

Юпанчиғим, отам бўлиб бергин, болам

 

Тгкшввшт

 

 

 

Нуриддин  РАСУЛОВ — 1990 йил Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. Қарши минтақавий темир йўл узели механиги бўлиб ишлайди.

 

 

 

 

 

АСКАР ЎЙЛАРИ

 Сочи узун ёр қайда?

Уйда нон ёпар балки.

Сочини ўриб майда,

Ойнага боқар балки.

 

Чой сузганда нечалар,

Аскарни ўй сургандир.

Кашта тикиб кечалар,

Тонглар уй супургандир.

 

Балки деразасида,

Гуллар экиб тургандир.

Балки дарвозасида,

Мени кутиб тургандир.

 

Сочи узун ёр қайда?,

Уйда нон ёпар балки.

Сочини ўриб майда,

Ойнага боқар балки.

  

 

    АСКАР ИШҚИ

 Дилҳаё, қилдим хаёл,

Ўйларимда ёр, алёр.

Аскар бўлиб юриб ман,

Соғинч нима билдим, ёр.

 

У хумор кўзлар экан,

У ширин сўзлар экан.

Қалбимга томган булоқ,

Ишқ сени истар экан.

 

То эр йигит бўлгунча,

То эл қадрин билгунча,

Ватаннинг остонасин

Қўрмоқчиман ўлгунча.

 

Чунки, унда сен борсан,

Чунки, у менга Ватан.

Кўнглим менинг ёруғдир,

Аскарни кутган ёрсан.

 

Дилҳаё, қилдим хаёл,

Ўйларимда ёр, алёр.

Аскар бўлиб юриб ман,

Соғинч нима билдим, ёр.

 

 

Nasrullo

 

 

Насрулло ЭРГАШЕВ —1988 йил Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган.  “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида хизмат қилади.

 

 

 

 

 

 

КАБУТАР ПАТИДАЙ

            ТЎЗҒОҚ ХАВОТИР,

шамолга сочилган соғинч шивирлар.

Мен Сени унутдим — паришонхотир

қаро сочларингга ёздим оқ шеърлар.

 

Йўлларга сочилган хотира — тариқ,

қушлар учиб келар руҳсиз, жисмсиз.

Она, кўзларингда энг гўзал тарих,

кўз ёшга айланган дардлар исмсиз.

 

Исмсиз дардларни ўқир ҳижжалаб,

изимни соғинган муқаддас тупроқ.

Она, дунёдаги барча йўллар кам,

нечун юзингдаги ажинлар кўпроқ?!

 

Асли ҳеч қаерда йўқ бундай тасвир,

Онажон, ўғлингни кечиргин фақат!

Мен-ку, ажинларинг чизган мусаввир,

соғинчдан сочингга ёзиб кетган хат…

   

ШАФФОФ ВА ЮМАЛОҚ ЁМҒИР

Ёмғир ичидаги осуда лаҳза.

Кўзларимдан оқа бошлайди

рангин бир товуш…

 

КЎК ТОҚИДА ҚЎЛ ЕТМАС ҚИЗДАЙ

нилуфарми ёки тўлиной?..

Ёнаётган сенинг кўзларинг…                                                        

 

         ИЛҲОМ

 Учаётган дарахт

  учаётган кўзлар

 учаётган сўз..

 

 

 

Raxmıddın

 

 

Раҳмиддин АБРАЕВ — 1994 йил Қашқадарё вилоятининг   Муборак туманида туғилган. Қарши давлат университетининг ўзбек филологияси факультети талабаси.

 

 

 

 

 

 

       УЧ СЎЗ

 Мендан кетди сабру ихтиёр,

Нега уни босмас хавотир?

Айтолмайман дилимда не бор,

Яна қанча мақсадим бордир.

Дил остида бир қушча додлар:

«Учта сўз айт, кутмоқда жуда!»

Мен сизни… ҳалиги…

Мен сизни…

Оёқ чўзиб кетар уч нуқта…

Мана энди жиддий тортади,

Ана энди босар хавотир.

Худо ҳаққи, етиб ортади,

Битта хунук сўз айтса ҳозир.

Ҳозир… ҳозир… узилар ришта,

Ажабланманг тортса тарсаки.

Сиз билмайсиз у бир фаришта,

У бирам қайсарки,

қайсарки…

«Нима, сизни тушунолмадим!

Жин чалдими сизни, Абраев?

Боринг, кетинг, йўлиздан қолманг,

Алжираманг ҳар нималар деб».

«Менсиз ҳам кўп сенинг ошиғинг,

Мендан пешмас ўша гаранглар!»

Шарт бурилдим

Ногоҳ ортимда

Йиғлагандек овоз жаранглар:

Сиз мағрурсиз. Эланмайсиз деб

Қиз ортимдан эргашар дўғлаб:

«Тўхтанг дейман, тўхтанг, Абраев

(Сўроқ, ундов, сўнг икки нуқта)».

  

НИГОРА ВА КУЗ

 Нигор,

ҳиссиётим бир кун ўлдирар.

Мен сизни севаман –

севаман сизни.

Ҳаёт боғларимда – чаман туйғулар,

сиз мудом етаклаб юрибсиз,–

                 кузни… 

 

Қаршимда аламли –

бир ҳолат турар:

Чаман боғларимнинг – хазонрез туси…

Пойим-да поёнсиз – 

барглар югурар,

наҳот яна олиб келдингиз,–

                 кузни?..

 

Айтинг,

сиздан кейин қандай яшайман?

Сиз менинг ўзимсиз –

унутиб ўзни?!

Энди бутун умрим азоб… қақшайман,

бошқа олиб келманг, илтимос,–

                 кузни!..

 

Жоним сиз…

ёрингиз билан бахтлисиз.

Сиз қатори яъни –

бахтлиман ўзим.

Ҳар не сиздан… ҳукм этмакка ҳақлисиз,

ҳукмга буюрманг, ўтинчим,–

                 кузни…

 

Майлида,

ҳижронда қоврилиб кетай.

Ҳақиқий муҳаббат – энг бахтли тўзим!

Бахтиёр япроқдай,–

соврилиб кетай,

ўйнатиб – ўйнатиб, кўзининг–

                 кузни!

 

 Кулинг, кулаверинг,

кулинг қиқирлаб!

Кулмайсизми, ахир? Севаман сизни!

Лабларингиз сўнг бор айтсин,–

шивирлаб:

«Мен ҳам севар эдим, Раҳмиддин,–

             …кузни…»

 

 

Aziza

 

 

 

Азиза  АБДУРАҲМОНОВА — 1994  йил Сирдарё вилоятининг  Боёвут  туманида туғилган. Гулистон  давлат  университети ўзбек филологияси факультети талабаси.

 

 

 

 

 

 

 

     ДИЛ ИЗҲОРИ

 Мен нетгайман фарзандинг бўлиб,

Сен чорласанг, тинса парвозим?

Нега ҳар гал Ватаним, десам,

Яна титраб кетар овозим?

 

Элтгай руҳим соҳир ишқимни,

Дилга туташ томирларингга.

Орта борар кўзимда меҳр,

Шукрлар-эй, юртим, борингга!

 

Кўзимдаги чўғдек ястаниб,

Бўйларингга туморлар тақсам.

Бахт аталиб тушимга кирган—

Болаликдан дилга яқинсан!

 

Пуч бўлмасми маънолар шарҳи,

Моҳиятлар сенга бормаса?

Тинчимайман юрагим билан

Юрагингга томон бормасам.

 

      КУЙ

 Бир сукунат даштидан,

Кезиб борар кимсалар.

Юрагимни чокидан

Кесиб борар симчалар.

 

Тинглайман жим. Не бу най,

Титраб бармоқ, ким чалар?

Ва ёки даштнинг ўзи

Машшоқ каби сим чалар.

 

Таралади куйлари

Ватан ҳақда… Жим чалар.

Юзидан мўралайди

Юзимга ажинчалар.

 

Изғима эй, эски куй,

Тўзиб кетсин жинчалар.

Сен тўхтасанг, давомин

Абадий қалбим чалар,

 

Қалбим чалар, жим чалар…

 

 

     ФУТБОЛ

 Майдон узра бахтиёрсан-а,

Яна футбол ўйнай бошлайсан.

Тўпни гўё жамоагамас,

Менинг йўлларимга ташлайсан.

 

Бунча куйиб-пишдинг ўйинда,

Жон койитдинг нимадир сабаб.

Копток учиб тушса мен томон,

Сўнг узатсам сенга эркалаб.

 

Сен тўп учун курашасан-у,

Нигоҳларим қилади таьқиб.

Менга ёқмас: чалмоқ уринар

Оёғингдан олифта рақиб.

 

Ҳужумчисан, аммо қарадинг,

Энди сенинг дарвозанг нишон.

Сен кўксинг-ла қайтардинг зарбни,

Титраб кетди юрагим шу он.

 

Шунда ногоҳ қалқидинг ортга,

Йиқилмадинг, қувондим ногоҳ.

Сени онанг дуоси асрар,

Сени доим асрайди Оллоҳ.

 

Шамоллардай елиб борасан,

Рақиб томон коптокни тепиб.

Гол урасан пешонанг билан

(Қани уни қўёлсам ўпиб).

 

Исминг парвоз қилар ҳавода –

Яшираман қизарганимни.

Сен югуриб излай бошлайсан,

Нигоҳинг-ла, айт, ахир, кимни?

 

Ҳайқириқлар тинади секин,

Ва ишончим ортади сенга.

Исминг – ҳаво, қучсам, майлига,

Ҳакам қизил кўрсатса менга!

 

Шу пайт жаҳлим чиқар ўйинда,

Бармоғингга бир шикаст етди.

Сен билмайсан, азизим, шунда

Ўқ томирим жимирлаб кетди…

 

Нима дердим, бу ахир ўйин:

Ғирром бўлар, чин бўлар унда.

Сенга танбеҳ бергим келди-ю,

Нима етсин сенинг кулгунгга!

 

Қай даврада кўрсам ўзингни,

Ўз ўрнини топган тўрасан.

Нима қилай, барибир мендан

Сен футболни яхши кўрасан.

 

Биласанми, футбол мен учун

Ҳавас билан ҳасад ораси.

Нетай, жоним, сенга не ёқса,

У  менинг ҳам қалбим пораси.

 

Ғалабага кўмилиб севгим,

Кетиб борар одимлар ташлаб.

Фақат майдон қолар ҳувиллаб,

Майдон қолар кўнгилни ғашлаб…

 

 

 

 

 

 

 

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ