"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БИЗ ИСТИҚЛОЛ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ

Ўқилди: 617

 ЁШЛАР БАЁЗИ

Шеърлар

Mırolım

 

 

Миролим  ХАЙРУЛЛАЕВ —  1995 йил Aндижoн вилoятининг  Шaҳрихoн тумaнидa туғилгaн. Oлтинкўл иқтисoдиёт кoллежини тамомлаган. “Бoбур издoшлaри” тўгaраги аъзоси.

 

 

 

 

 

 

            ҒУРУР

 Тoмирлaрим тaрaлгaн зaмин,

Киндик қoним тўкилгaн гўшaм.

Бaхтиёрмaн бугун бaғрингдa,

Қўлим етaр қaйгa чўзсaм ҳaм.

 

Кўзлaримдa пoрлaйди ғурур,

Пешoнaмдa бaхт лaбин изи.

Oлaм узрa хуш aнқиб турaр

Нoннинг иси, Юртимнинг иси.

 

Бaхтдaн, oрзулaрдaн ярaлгaн

Кoшoнaмсaн, тaхтимсaн, Вaтaн.

Сендaн бир зум aйрo кетмaсмaн,

Тaқдиримсaн, бaхтимсaн, Вaтaн.

 

  МЕН ЎШАМАН

Мени эсaлaдингми?

Ҳa, мен ўшaмaн,

Бутун вужудингни бaнд этгaн ҳaёл.

Титрaгaн лaбингдaн бўсaлaр oлиб,

Субҳидaм сoчлaринг силaгaн шaмoл.

 

Мени эслaдингми?

Ҳa, мен ўшaмaн,

Сaмoлaргa қaрaб сени ўйлaгaн.

Бедoр кечaлaри oрoм oлмaсдaн,

Зуҳрo юлдузлaргa дaрдин сўйлaгaн.

 

Мени эслaдингми?

Ҳa, мен ўшaмaн,

Юрaккa сурaтинг чизгaн мусaввир.

Қaлбингдaги ғубoр, гaрдлaрни ювиб,

Кипригинггa қўнгaн бoкирa ёмғир.

 

Мени эслaдингми?

Ҳa, мен ўшамaн,

Ёниб-ёниб oхир сўниб бўлгaн шaм.

Сенгa oрзулaрдaн либoслaр бичиб,

Сўнг ўзин унутгaн фаришта одам.

 

 

Фаёза  ИСМОИЛОВА

 

Фаёза  ИСМОИЛОВА — 1991 йил Қашқадарё вилоятининг  Яккабоғ туманида туғилган. Қарши давлат университетининг физика-математика факультети талабаси. 

 

 

 

 

 

 

   

 

    БАҲОР МАНЗАРАСИ

Тонгда деразадан мўралаб қуёш,

Беғубор туйғулар этади инъом.

Ялпиз япроғидан кўтаради бош

Ва эриниб тушиб кетади шабнам!

 

Гулнинг япроғига қўнар капалак,

Болари қизғаниб қоқади киприк.

Тиллақўнғизчалар бошлари сарак,

Ҳар жойда ҳаёт бор, ҳар нарса тирик!

 

Райҳонлар юзини ювиб жилғалар,

Ариқ лабларини ўпиб ўйноқлар.

Бош қўйсам, майсалар болишим бўлар,

Юзимни силайди момақаймоқлар.

 

Настарин очилиб гуллари саф-саф,

Шаббода куйига бош тебратади.

Қалдирғочлар эса тизилиб садаф,

Бу куйга оҳиста қўшиқ айтади.

 

Боғда олма, гилос оқгул кўйлакда,

Ифорин таратиб айлайди таъзим.

Баҳорга аталган ишқ бор юракда,

Бунданда гўзаллик борми, азизим!

 

Бунда йўқ дарду ғам, қайғу-изтироб,

Ёмонлик, ёвузлик топгайдир барҳам.

Бунда пешонангни силайди офтоб,

Бунда чин бахтиёр бўлади одам.

 

Меҳр, севги, ишқ, вафо этади ҳадя,

Беминнат ҳар йилда қайтади такрор.

Бутун мавжудотга берар тарбия

Табиатнинг тўнғич фарзанди баҳор.!

 

       ОНАМГА

Сизга энг гўзал сўз,

Сизга ҳуш забон.

Сизга дунёдаги

Гўзал тилаклар.

Сизга оламафрўз,

Сизга нурафшон,

Муҳаббатга тўла

Гўзал юраклар.

 

Сизга энг гўзал гул,

Ифор хушсабо.

Гулистонда булбул

Сайрар хушнаво.

Жаннатий бир чаман,

Жаннатий ҳаво.

Сумбул атри суман,

Келинг, марҳабо!!!

 

Сизга нурли ҳаёт,

Фараҳбахш дамлар.

Бахтдан ясаб қанот

Учар одамлар.

Мазмунли бир умр

Бахтиёр кунлар

Тинчлик берди ҳузур,

Қилинг шукрлар.

 

Сизга дунёдаги

Барча яхшилик,

Сизга орзу-умид,

Ишончу омад.

Сизни мана шундай

Суюб юргулик

Тарк этмасин бизни,

Бўлинг саломат!!!

 

 

Дилафрўз  ТЎРАҚУЛОВА

 

  Дилафрўз  ТЎРАҚУЛОВА — 1986 йил Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган.

 

 

 

 

 

 

 

 

“АФРОСИЁБ” тезюрар поезди

Темир йўллар фахри эрур “Афросиёб”,

Елдан ўзиб учар асов тулпор каби.

Бари Яратгандан мўъжизадур ноёб,

Халқим интилгайдур бахт-иқбол сари.

 

Янги замон барпо этган темир йўллар,

Неча олис манзилларни яқин этдинг.

Ҳалол меҳнат-ла ризқ топди қадоқ қўллар,

Халқим, бугун энг бахтли кунларга етдинг.

 

Қанот қоқиб учаётган лочин мисол,

“Афросиёб” заминга кўрк берди бу кун.

Ҳатто кўкда ҳайрат ила боқар ҳилол,

Илло, халқим бахти мангу бўлгай бутун.

 

Шиддат билан юрар учқур темир тулпор,

Йўллар дунёга чиқди ошиб кенг сарҳад…

Токи жонкуяр, фидойи йўлбошчинг бор,

“Афросиёб” халққа хизмат қилгай абад!

 

        ЖОНИМДЕК ИССИҚ ЮРТ

Мен қанча юртларни сайр айлаб кездим,

Таққосладим, кўрдим озними, кўпни.

Бир ажиб туйғуни юракдан сездим,

Тополмам онамдай меҳрибон юртни.

 

Ўзга юртда бахтни хомхаёл қилиб,

Кетганлар гадодек бурда нонга зор.

Бошимни силагай отамдай бўлиб,

Азизлар, бундай юрт яна қайда бор?

 

Жонимдек иссиқ ҳам бағрикенг макон,

Сўлим боғларию тоғлар бетакрор.

Қаранг, инсонлари аҳил, қадрдон,

Айтинг, бундайин юрт яна қайда бор?

 

Чўп қадасанг, ўсиб бўлгайдир дарахт,

Чексиз заминимда барака бисёр.

Бу азиз ватанда яшаш буюк бахт,

Дўстлар, бундайин юрт яна қайда бор?

 

Нонин ҳалол топар бободеҳқоним,

Меҳнаткаш халқим ҳам элга мададкор.

Шу масканда эрур бахту иқболим,

Бундай сафоли юрт яна қайда бор?

 

Миллийликда ҳеч ким келолмайди бас,

Мен учун хон атлас, дўппим ифтихор.

Не-не хорижликлар қилишар ҳавас,

Айтинг, бундайин юрт яна қайда бор?

 

Мендан ўтадиган бахтли одам йўқ,

Камол топдим озод, обод ватанда.

Бу юрт тинч-фаровон, доим кўнглим тўқ,

Кўздай асрагайман  токи жон танда.

 

КЎНГИЛДА ГУЛЛАЙДИ СЕВГИ

Ҳар тонг қайноқ меҳр ишга етаклар,

Ҳар он жўш уради ажиб иштиёқ.

Кўклам келгач гулга кирди куртаклар,

Меҳрдан қўнгилда унди бир гиёҳ.

 

Тонг палла Тошкентда ҳаёт ўзгача,

Ҳамма ёқ сукунат. Йўқ бирор ҳадик.

Қўнғироқ овози то бонг чалгунча

Хўрозлар уйғотар сутчи хотиндек.

 

Ишга отланаман. Тошкент вокзали,

“Афросиёб” турар мисли учқур от.

Атроф сув қуйгандек жим-житдир ҳали,

Аммо бир лаҳзада қайнайди ҳаёт.

 

 Ҳаёт табиат-ла гўзалдир асли,

Уйга кузатади энди гавжум шом.

Қуёш порлаб чиқди гарчи қиш фасли,

Аёз хайрлашмай, гуллади бодом.

 

Кўклам эшик қоқар, лек ёғмоқда қор,

Қалбда гуллаб кетди севги дарахти.

Энди кўнгилларда ҳамиша баҳор,

Илло, шу фаслдан топгаймиз бахтни.

 

 

Мансур  ЖУМАЕВ

 

 

Мансур  ЖУМАЕВ — 1991 йил Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабаси.

 

 

 

 

 

 

ТЕНГДОШЛАРИМГА

 Нечук юлдузим хомуш,

Осмонимда парчин ой?

Ахир, отам – Алпомиш,

Ахир, онам – Барчиной!

 

Қийнасам ширин жонни,

Менга тенг келарди ким?!

Қиблам – Ўзбекистонни

“Ё, отам”, деб кўтаргум!

 

Сен-чи, азиз йўлдошим,

Елкадошим, қўлдошим,

Нега бошинг хам сенинг?

Нечун ўлтирибсан жим?

 

Ахир, нечун бу туриш?

Наҳот, англамайсан, ҳой?!

Сенинг отанг – Алпомиш!

Сенинг онанг – Барчиной!

 

     БОЛАЛИК

 Қор жилғага айланиб,

кетди ҳаёт сойига:

кетаверди лойланиб,

танимаган жойига.

 

Қорлигидан асар йўқ;

қайга етди?

айтмайди…

… у қор бўлиб яшаган

чўққисига қайтмайди…

                     

                     ГУЛ

 Деманг: “Гул бу қора тупроққа келган”,

Тиконин дилларга  суқмоққа келган.

Бўстонлар бағрини қолдириб доғда,

Мен юрган мана шу сўқмоққа келган.

 

Ғунчанинг бағрида бор бўлса доғи,

Бир куни очилур қирмиз дудоғи,

Димоғим атридан маст бўлар чоғи,

Қучоғим қаддидан тўлмоққа келган.

 

Қисмат, қаҳр билан боқмагин, ҳайҳот,

Шу гулни боғимда қолдир умрбод,

Мени ҳаётимдан айирма, ҳаёт,

У менинг ҳаётим бўлмоққа келган.

 

Мевагул  ТУРСУНБОЕВА

 

 

ТУРСУНБОЕВА  — 1999 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида туғилган. Мактаб ўқувчиси.

 

 

 

 

 

 

 

           УЗУМ

Эрка синглим Гулзода

Хархаша қилиб қолди.

Хом узумни ейман деб,

Бир бошин узиб олди.

 

Онам: “Узма, узум хом,

Нима қиласан?” — деди.

Синглим эса: “Ўзим ҳам

Яхши биламан”, — деди.

 

Оғзига солган эди

Хом узумдан бир дона.

Йиғлади: “Вой-вой! — деди,- —

Оғзим ачиди, она!”

 

Хом узумни Гулзода

Узмайман, деб сўз берди.

Узум сабаб илк бора

Аччиқ сабоқ юз берди.

 

             НОН

Нон бу — ҳаёт, нон бу — жон,

Нон билан тирик инсон.

Қандай ширин, мазали

Тандирда ёпилган нон.

 

Отам ўрар буғдой, дон,

Онам ёпар иссиқ нон.

Нон билан тўлиб турсин

Доим тўкин дастурхон.

 

                          Қорақалпоқ тилидан

                          Рустам МУСУРМОН таржимаси.

 

 

Шоҳиста  ЭРГАШЕВА

 

           Шоҳиста  ЭРГАШЕВА — 1997 йил Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида  туғилган.  Янгиер шаҳридаги педагогика касб-ҳунар коллежини тамомлаган.

 

 

 

 

 

 

 

ОНАМГА ЎХШАЙСАН…

Баҳор, сен онамга ўхшайсан,

Келасан бағримни тўлдириб.

Кўнгилчан кўнглимни кулдириб,

Баҳор, сен онамга ўхшайсан.

 

Боғингга капалак қўнганда,

Қучоғинг гулларга тўлганда,

Бағрингда қизғалдоқ унганда,

Баҳор, сен онамга ўхшайсан.

 

Гулларинг кетишса узишиб,

Бу нозик кўнглингни бузишиб,

Шунда ҳам кетмасанг қизишиб,

Баҳор, сен онамга ўхшайсан.

 

Мевангни пишмасдан юлсалар,

Шамоллар устингдан кулсалар,

Шунда ҳам бахтиёр бўлсанг гар,

Баҳор, сен онамга ўхшайсан.

 

Йиғласам, индамай ёнолсанг,

Мен учун ўзингдан тонолсанг.

Ёнимда бир умр қололсанг,

Баҳор, сен онамга ўхшайсан.

 

Онамни сен каби яшнатиб

Дилларда дардларни қақшатиб,

Қанийди минг аср яшолсам,

Онамни мен сенга ўхшатиб.

Онам ҳам сен каби елолса,

Ҳар кўклам яшариб келолса,

Бағримда юрардим яшнатиб,

Онамни мен сенга ўхшатиб,

Баҳор, сен онамга ўхшайсан.

 

                БЕКАТ

Бугун яна шу бекатни йўқлаб ўтдим.

Хотирамга ўраб олдим нигоҳингни.

Балки сенга севишимни айтармидим,

Менга секин тутганингда қулоғингни.

 

Ширин ҳислар, юрагимни қитиқлайди.

Балки сенинг қўлларингдан тутармидим?..

Аслида мен, тор бекатда автобусмас,

Севаман деб айтишингни кутар эдим.

 

Сен жимдирсан, мен сукутга ичиб қасам,

Нигоҳимиз бирга тўқнаш келар эди.

Юзимизга томган ёмғир томчилари,

Сени қандай севишимни билар эди…

 

Сен келмадинг…

Бошқа тўқнаш келмади бахт,

Ўзинг ҳукм чиқаргандинг кўнглимизга.

Мен-ку, сира йиғламадим,

Балки сен хам…

Лекин осмон йиғлаб берди ўрнимизга.

 

Сени севиб нима қилдим?..

Аҳир сен ҳам

Севгимизни шу бекатга илиб кетдинг.

Билсанг агар, асли менга армонмассан,

Фақатгина хотирамда қолиб кетдинг.

 

Бекатда зор кезиб юрган севгимизни,

Узоқларга автобуслар олиб кетсин,

Сенинг севгинг сирлимиди?

Шундай бўлса,

Бизнинг севги сирлигича қолиб кетсин!..

 

Бугун яна шу бекатни йўқлаб ўтдим…

 

                  ИФТИХОР

Ям- яшил майсазор, гуллар хушбўйи,

Қушларнинг чуғури ҳамоҳанг бунга.

Бу боқий гўзаллик, оний лаҳзалар

Туташиб кетади гоҳида тунга.

 

Йигирма беш ёшли ўғлон ўтириб,

Китоб варақлайди тун оғушида.

Ўзгача шижоат, ўзгача ғайрат

Жўш уриб туради ҳар боқишида.

 

Суратга ўхшайди зимдан кузатсанг,

Шижоаткор ўғлон ва гўзал чаман.

Агар шу суратга ном жоиз бўлса,

Шубҳасиз суратнинг номидир “Ватан!”

 

Ватан! Унга таъриф йўқ аслида менда,

Бўлса ҳам барчаси айтилган такрор.

Лекин юрагимда, ҳа юрагимда

Унинг номи ила муҳаббатим бор.

 

Байроғин баландга кўтарса ҳар ёш,

Истиқлолни кўрсанг бўлар аксида.

Йигирма беш ёшли ўғлон мадҳ этиб,

Ҳурликни куйлайди қўли кўксида.

 

Қувончим ичимга кетмоқда сиғмай,

Изҳорлар қайнайди бу дилистонда.

Мен бахтли одамман, энг бахтли одам,

КЕЛАЖАГИ  БУЮК ЎЗБЕКИСТОНДА!

 

Дилафрўз  АЙТБОЕВА

 

 

Дилафрўз  АЙТБОЕВА —1995 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида туғилган.  Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси.

 

 

 

 

 

 

             МЕҲНАТСЕВАР ЭЛ

 Қуёш кўкка чиқмасдан

Далададир деҳқони.

Дер: “Ҳеч қачон меҳнатнинг

Бўлмас яхши-ёмони”.

 

Аста-секин узилар

Тандиридан патирлар,

Момом жойнамозида

Дунёга тинчлик тилар.

 

Ғайрати тошни ёрар,

Аслида қудрати шу.

Нон-насибаси ҳалол,

Меҳнатсевар элдир бу.

 

Эрназар, Алпомишлар

Жуда кўп қучоғида.

Ботирлик сингиб кетган

Элу юрт тупроғига.

 

Бу юрт дилбарларидан

Ой хижолат, уялар.

Ҳамма ҳавас қилгудек

Гулойим, Барчинойлар.

 

Юзларидан табассум,

Соддалик балқиб турар.

Минг ташвиши турса ҳам

Эл ғами билан юрар.

 

Бу юрт шундай қудратли,

Буни ҳамма билади.

Тупроғини яшнатиб,

Чўлларни боғ қилади.

 

 

ҚИЗҒАЛДОҒИМ

Сени жуда соғиндим,

Келди анча кеч баҳор.

Йиллаб кўрмадим сени,

Кўнглимга тўлди ғубор.

 

Эсимда, бола эдим,

Ҳовлимиз чаман эди.

Бобом қизғалдоқларни

Жонидан севар эди.

 

Капалакдай ёнингда

Узмас эдим кўзимни.

Мағрурланиб турардинг,

Буриб қизил юзингни.

 

Узай десам, бобом дер:

“Қизим, унинг жони бор”.

Менинг бобомга ўша

Бўлди охирги баҳор.

 

Англамабман ўшанда

Сен ҳам дарҳол тўкилдинг.

Шу йилдан бошлаб нега

Бизни йўқламай қўйдинг?!

 

Бобом қабридан унган

Ёғдусан қизғалдоғим.

Менинг кўнглимдан асло

Ўчмайдиган чироғим.

 

ШАХМАТЧИ УКАМ

Уйимизнинг подшоси,

Жажжигина укам бор.

Тўрт ёшга тўлмади, лек

Шахмат ўйнар бемалол.

 

Эркаланиб, ялиниб:

“Шахмат ўйнайлик” дейди.

Агар боплаб ўргатсанг,

Зўр ўйинга ярайди.

 

Қаранг ўйин тарзини,

У доим бўлади оқ.

Унинг рухсатисиз ҳеч

Ушлай олмайсан сипоҳ.

 

Бир вақтнинг ўзида у

Қилар уч-тўртта юриш.

Фарқи йўқ шоҳ мотми, мот

Керакмас бош қотириш.

 

Ўйин тобора қизир,

Кетар тахта айланиб.

Гоҳо укам бош қашиб,

Қолар чуқур ўйланиб.

 

Мотга навбат келганда

Кимга ҳам кўнгил ёрар.

Мағлубиятни севмас,

Укам йиғлаб юборар.

 

 

 

 

 

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ