"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Дилшод РАЖАБ. Шеърлар

Ўқилди: 669

ЙЎЛИМ    ҚУЁШ   ТОМОНДИР

ТУҒИЛГАН ЖОЙ

Киндик қоним томган жой,IMG_2291

Меҳридан дид қонган жой.

Ишқи билан эрта-кеч

Юрак-бағрим ёнган жой.

Бағри-боғи чамандир,

Шу ер менга Ватандир!

 

Қадам боссам йўллари,

Елка тутар мард бўлиб.

Чанг-ғубори қошимга,

Қўнар тилла гард бўлиб.

Кутар майса, дарахти,

Юзи заъфар, зард бўлиб,

Дийдори туй-байрамдир,

Шу ер менга Ватандир.

 

Не азизлар хоки бор,

Ҳар бир қарич ерида.

Яшнайди боғ-роғлари

Элнинг манглай теридан.

Далалари кенг бирам

Одамларин феълидай

Тупроғи зар, маъдандир

Шу ер менга Ватандир.

 

 

Кўрдим не макон-маъво,

Унга ишқим бошқача.

Бағрида ётсам ҳатто

Кўрган тушим бошқача.

Худди ўғил-қизим у,

Ўхшар кўзгу қонгача.

Ҳам онам, ҳам отамдир,

Шу ер менга Ватандир.

 

У юртларда унутмайман,

Еган нону- тузимни.

Номин айтиб бошлайман,

Ҳар рўзим, ҳар сўзимни.

Қайда бўлмай нигорон,

Тикдим унга кўзимни.

Ўлганда ўгирмай,

Ётадирман юзимни.

 

Менинг қилам-каъбамдир.

Шу ер менга ВАТАНДИР!

 

ДЕНОВДА БАҲОР

Отамга

Осмон оқ қоғоздай топ-тоза бирам,

Навбаҳор шоири оламга ўхшар.

Учи кўкка теккан кўк тераклар ҳам,

Ёзишга шай турган қаламга ўхшар.

 

Тизилиб келмоқда турна сафлари,

Гўё зўр ғазалнинг илк шоҳ байтлари.

Шоирнинг илҳоми жўшган пайтлари,

Шу дилбар лаҳзалар, шу дамга ўхшар.

 

Она ер юзида яшил ҳаяжон,

Ҳар зарра, майсада таъсир, ҳаяжон.

Хуш еллар дилларга ташир ҳаяжон,

Бу кунлар шеър базми, байрамга ўхшар.

 

Ҳей, гўзал, гуллаган Денов боғлари,

Куй, ғазал гуллагн Денов боғлари.

Эсласам гуллаган ёшлик чоғларим,

Бу боғлар бир сулув санамга ўхшар.

 

Кезсам бу боғларда кўнглим чоғ бўлиб,

Дилим бир энтикди ногаҳон кўриб.

Анов оппоқ бўлиб гуллаган ўрик,

Сочлари оқарган отамга ўхшар.

 

ДЕНОВГА ҚАЙТИШ

Шовқинли шаҳарни эгнимдан ечиб,

Не дарё-кўллардан, чўллардан кечиб.

Бағрига отлдим она қишлоқнинг,

Бағримдан отилди завқу севинчим.

 

Бўй чўзиб йўлимни пойлаган каби,

Шивирлай бошлайди сергак тераклар.

Янги қурилажак иморатларга,

Синч, болор тераклар, тиргак тераклар.

 

Ҳар дарахт, ҳар майса кўнглимнинг мулки:

Толларга термулиб толмас кўзларим;

Қадрдон тутларнинг қўларин тутиб,

Отамдай сизлагим келар, сизлагим;

 

Ўриклар кўрикка чиққандай қатор,

Тиллодай товланар ҳар бир зардоли.

Шовуллаб юборрар бирдан буғдойзор,

Нигоҳим тортади ёрқин жамоли.

 

Бош эгган бошоқлар неларни ўйлар,

Шовуллаб неларни сўйлар буғдойлар?

Тандирнинг тафтида, онам кафтида,

Оппоқ нон бўлишни ўйлар буғдойлар.

 

О, она қишлоғим!

…Ҳар майса гардида умрлик қарзим,

Болалик изларим ботган бу тупроқ.

Бошимга кўтариб юришга арзир,

Оёғим остида ётган бу тупроқ.

 

 

АМУ  ВА  СИР  ОРАСИДА

Икки дарё куйлаб ётган қўшнайдир,

Наволарин тинглаб, қалбинг жўшгайдир.

Ҳаёт қайнар, чарх ургандек “Лазги” га,

Обод турмуш — фаравонлик базми-да!

…. Икки дарё — икки мисра, шоҳбайтдир,

Озод юртга тинмай шукрона айтур.

Бу шоҳ байтга қулоқ сол қул-қаролдай,

У етиб бормаса, қалбинг …. oролдай….

 

ОНАМНИНГ   ҲАССАСИГА

Онажоним қўли маҳкам ушлаган,

Бир ўғилдай елка тутиб, суяган —

Ҳассажон, юравер доим “тўқ-тўқ-тўқ”,

Бемеҳр фарзандга урган каби дўқ.

Сенчалик ҳам мадад бўлолганим йўқ…

… Товушинг таралиб турса, кўнглим тўқ.

 

ОТАМНИНГ   КЕТМОНИГА

Эй, қанча тупроқни ўйиб-қўпорган,

Отам елкасида сени кўтарган.

Мен бошимда тутай, бошимни эгай —

Таъзимлар қилай, ёнингдан ўтаркан.

 

Эй, отам пойига неча бош урган,

Гоҳо дами қайтган – заранг тош урган.

Гарчи бир кетмонсан, кўп қадрдонсан,

Қадоқ қўл, ҳалол тер қадринг оширган.

 

                  ФАВВОРА

Бир гўзал шаклсан, на ажиб, хушсан,

Пок сувдан яралган (ясалган) сан, соз.

Кумуш қанотларин ёзган оққушсан,

Кўк сари тинимсиз истаган парвоз.

Ҳар гал гўзал қулаб, жойига тушган,

Қайта-қайта кўкка интилгувчи боз…

 

 

          БАДАНТАРБИЯ 

Жисмонан ҳам руҳан тобланиб

Комил фарзанд бўлиб борамиз.

“Халқим!” деб чуқур нафас олиб,

“Жон, ватаним!” деб чиқарамиз.

 

“Бир, икки, уч” – қадамлар шахдам,

Ватан бирдир! Дўстим  — иккимиз,

“Уч” деганда учайлик баланд,

Юксак самоларга тикка биз.

       АДАБИЁТ 

(Соат  айланадир.)

Миллар айланар,

Фасллар айланар,

Йиллар айланар.

Не замон ўтса ҳам

Номинг айтмоққа

Пок диллар талпинар,

Тиллар айланар.

Эзгулик йўлида соатдай бедор,

Ҳар лаҳза, қадаминг ёруғ ниятдир.

Эскию эскирмас бир ҳақиқат бор:

Асл адабиёт абадиятдир!

 

Соат “чиқ-чиқ”и дай қиламан такрор:

Асл

                                            

                 КЕЛДИМ…

Келдим, мана таниш майсазор,

Таниш борлиқ, таниш дарахтлар.

Бу ерларда неки, неки бор,

Юрагимга солар фараҳлар.

 

Бу ерларда дунё қаримас,

Дунё ўн бир ёшида ҳамон.

Завқ аримас, ҳайрат аримас,

Ҳар майса, гул, тошидан ҳамон.

 

…Мана. мана таниш чумоли,

Ўзгармагн шунча йил қиттай.

Кетиб борар, ишда хаёли,

Бели боғлиқ абжир йигитдай.

 

Оғирмасми тошинг, тошбақа,

Қўймадими елкангни эзиб?

Кел, ёнимга бир пас ағана ,

Бир пас дам ол оёғинг чўзиб.

 

Кўзойнакли дилбар ниначи,

Сени тутиб қўйворган элим.

Унутибсан араз-гинани,

Қўлларимга гулдайин қўндинг.

 

…Ҳар нарсада эзгулик, ҳайрат,

Ҳар нарсадан дилим қувонгай,

Кулча еган гўдакдай яйрар,

Кулча бўлиб ётган илондай.

 

Ғам-ташвишдан, дарддан нари жон,

Фақат елкам жиз этди. Ким бу?

Э-ҳа, сенми. Азиз арижон,

Нишинг бутми, оғримадими?

Мезбон кенгфеъл ҳам ширинзабон,

Бир гапириб ўн кулар лаби,

«Ўзингизни ҳис этинг, меҳмон,

Бухорода ўтирган каби».

 

О, Бухоро номинг қулоққа,

Хуш ёқади, мисли хуш оҳанг!

Қайда бўлмай улуғвор тоғдай,

Кўз ўнгимда улуғ миноранг!

 

Кўз ўнгимда мағрур қиёфанг,

Јоз юрурман ғурурга тўлиб.

Кўринади сомон йўли ҳам,

Сомонийлар излари бўлиб.

…Мезбон кўнгли учун жилмайдим…

Юртни қумсаб гар дилим қондир.

Бир ҳикматни такрор илғадим:

Бу дунёда ҳамма меҳмондир!

 

Мен ҳам унда меҳмонман, зотан,

Бир кун, бир кун кетсам гар, балки…

Жаннатда ҳам шод юролмасман,

Бухорода юрганим каби!…

 

ОНАМНИНГ ҚЎЛЛАРИ

 Келтирай бир таърифин онамнинг қўлларини.

Ҳам ҳабиб, ҳам табибим — онамнинг қўлларини.

 

Кўтарган рўзғор юкин, қилт этмай бирор туки.

Ҳам буюк, ҳам суюкли онамнинг қўлларини.

 

Кафтида тутган бизни — беш ўғил, икки  қизни,

Қуёшдай иссиқ юзи онамнинг қўлларини.

 

Биз деб ўт-сувга кирган, нонлар ёпиб, кир ювган,

Қаттиқлиги темирдан, онамнинг қўлларини.

 

Гоҳ суюб, гоҳ алқаган, оқ ювиб, оқ тараган,

Кунимизга яраган онамнинг қўлларини.

 

Соябон паноҳ бўлган, кафтлари қадоқ бўлган,

Минг “садқа-садоқ” бўлган онамнинг қўлларини,

 

Гоҳо тушимга кирган, кўз ёшим артиб турган,

Сўранг мен мусофирдан онамнинг қўлларини.

 

Баргдай титрадим ёзиб, гўё бағримга босиб,

Новдадай озган, нозик  онамнинг қўлларини.

 

Сизлар — ака-укалар,

Тизлар букиб — чўккалаб.

Кўзга суринг сийпалаб,

Хоҳи шом, Хоҳ эрталаб,

Болангиздай эркалаб,

Онамнинг қўлларини,

Онамнинг қўлларини!

 

        ПОЛВОН

Эл айтарки ҳамиша,

Камтарга камол бўлгай.

Чиранган беандиша,

Паст бўлгай, увол бўлгай.

 

Гар билакда қайнар куч,

Юракда кир тутма ҳеч.

Ғирром ўй-фикрдан кеч,

У мардга завол бўлгай.

 

Халқни ўйла, ҳақни деб,

Эл шонини кўтар тек,

Турма ночор дакки еб

Мард баҳсда фаол бўлгай.

 

Чала буткул бут эмас,

Ёнбошлар чол йигитмас,

Мард нопок луқма ютмас,

Топгани ҳалол бўлгай!

 

    СЎЗБОЙЛОВЧИ

Сўз сеҳрли дейдилар

Демак тилчи – сеҳргар.

“С” ўрнига “М” қўйса,

“Сеҳр” дўнар “меҳр”га.

 

“А”ни олиб бир зумда

“Аёз”ни “ёз” қилади.

“Оз” олдига “С” ёзиб,

Ажойиб “соз” қилади.

 

Учиради “қовоқ”ни

“Ари” қўйиб ёнига,                    (Қовоқари)

Юргизади “оёқ”ни

Қўшиб “саккиз” сонига.  (саккизоёқ)

 

Сўзбойловчи сўз овлаб

“Той”ни “ой”га ўхшатсин,

Лекин сира кўз бойлаб

“Най”га “ранг”ни қўшмасин.    (найранг)

 

СЎЗ СЕҲРИ

 Ҳар бир гапу сўзимиз —

Гўё ойна-кўзгумиз.

Айтган ҳар сўзимизда

Кўринамиз ўзимиз.

 

Қандай яхши сўз-калом

Одоб боши “Ассалом”

Хуш ёқади ҳамма вақт:

“Раҳмат”, “Хўп-хўп”, “Марҳамат”.

 

Яйратади дилингни

Дўстларнинг “хуш келинг”и.

Сўнгги сўз ҳам аломат:

“Хайр, бўлинг саломат”

 

ҒАРОЙИБ САЙР

“Ҳайвонот боғи”н аста

Қадам ташлаб кезаман

Ўзимни шу нафасда

Нақ паҳлавон сезаман.

Қўлимни белга тираб

Тикиламан қўрқмасдан.

Ювош мушукдай турар

Қаршимда зўр йўлбарслар.

“Ҳайт!” десам айиқ полвон

Чўчиб қайтар ортига.

Мени кўриб каркидон

Тошдай қотиб қолди-я.

Тимсоҳлар жим кўз тикиб

Қўрқа-писа мўралар.

Улкан филлар бош силкиб

Мулойим ҳол сўрашар.

Нақ паҳлавон сезаман

Ўзимни шу нафасда.

…Бунча сеҳр-куч қайдан

Оддий симтўр, қафасда?

 

ОТАМНИНГ БОҒИ

Кириб боқ бир бу боққа,

Жам бунда эрам ҳусни.

Ҳайратланиб қучоқдан

Тушиб кетар тарвузинг.

Кулар хандон писталар

Боғнинг қувноқ қизлари.

Уятчан гилосчалар

Турар чўғдай қизариб.

Бу хўб одобли ток-да,

Эгилиб тутар узум.

Қара, лампочка нокка

Ёришиб кетар юзинг.

Қанттай, дейсан тотисанг

Ана шу қантак ўрик.

Чойнак тушар ёдингга

Анов беҳини кўриб.

Пишиб ёрилган анор—

Кулиб юборган пари.

Кўринар қатор-қатор

Ёқут каби тишлари.

Бу ёққа боқ, бу ёққа,

Кўрсатай боғ гўзалин.

Сўзим кирмас қулоққа,

Олма терар кўзларинг.

Қай бирига қарашни

Билмай, шошиб қолдинг-а?

Шафтолини айтолмай

«Шап-шап-шап» деб толдинг-а?

Шундай, мевасин тотиб

Тўярсан ўзинг, дўстим.

Лекин бу боққа боқиб

Тўймас ҳеч кўзинг, дўстим.

 

           ЁЗ ТОНГИ

Чекинади қора ғам-зулмат,

Ёришади юзи осмоннинг.

Далаларни олади чулғаб

Оппоқ шодлик каби ёз тонги.

 

Севинчдан кўз ёшлар майса-ўт,

Йиғлоқ чигирткалар овунар.

Ичларига сиғмай қувончи

«Тарс» ёрилиб кетар қовунлар.

        

             ТУТ

Мевасини қоқишар,

Новдасини чопишар,

Борлиқ яшар кўкариб,

У қип яланғоч, ғариб.

Яшил-яшил барглари

Бўлар қуртлар емаги.

Ҳар йил шу бўлар такрор:

Бир бошига минг озор.

Мевасини қоқишар,

Новдасини чопишар.

 

Оҳ, дунёга бир келиб

Кетгил бир бора ўлиб.

Тутдай кесилмагин ҳеч,

Тутдай тўкилмагин ҳеч!

 

КИМГА ИШ,

КИМГА ОЛҚИШ

иш тугагач устидан

Кумуш қорларни қоқиб,

Яшил тўнча кийдириб

Дарахтларга муносиб,

Енгин шимариб ишга

Тушиб кетди Баҳорой.

Ҳалол меҳнати билан

Далалар очди чирой,

Дарахтларда энди ғўр

Мева пайдо бўлганда,

Меҳнатсевар Баҳорой

Тўқсон ёшга тўлганда,

Тугаб қолди меҳнатга

Бахш этган олтин умри,

Ёзга васият қилиб,

Аста кўзини юмди.

 

II

Жўшиб турган қайноқ ёз

Киришиб кетди ишга.

Баҳорнинг васияти—

Ҳосил етиштиришга.

Тинмай манглай тер тўуиб

Ҳосил етиштирган чоғ,

Аттанг, олтин Ёзнинг ҳам

Умри тугади эвоҳ.

«Меҳнат қилиб мевамиз

Еёлмасдан кетдинг-а»,

Деб дарахтлар ғам чекиб,

Бошларини эгдилар.

 

III

Эрта тонгда уйқудан

Куз кўщини очган дам,

Кўрди майса-ўтларнинг

Кўзлариди ёш-шабнам.

Куҳз ҳайро: нега бошин

Эгиб турар дов-дарахт?

(Билмас дарахтлар Ёзга

Сақлардилар сукунат)

Кўзини катта очиб,

Куз кўрди кенг боғларни.

Ширин шарбатга тўлган

Олма, узум, нокларни…

Сўнгра тайёр ҳосилни

Териб ола бошлади,

Яшикларни тўлдириб,

Хирмонларни чошлади.

 

IV

Баҳорой-у олтин Ёз

Кетдилар роса ишлаб.

Тайёр ҳосилни йиққан

Кузга бўлди олиқишлар.

 

                ҚОР

Қор босмоқда атрофни—

оқлар босар гупиллаб.

Оқлар… ҳатто Офтобни

Кўкда таслим қилдилар.

 

Қаҳратоннинг қаҳридан

Қўрқиб қотган ер-фалак.

Қўл кўтариб асирдай

Қилт этмай турар дарахт.

 

Фақат курашар бетин

Азамат шербилклар—

Купаш учун яралган

Фидойи…Қоркураклар.

 

           ҚАЛИН ДЎСТ

Дўст билинар деганлар

Мушкул кунлар келганда,

Бир қалин дўстим бор, зўр

Жуда меҳрибон, ғамхўр.

 

Совуқ, аёзли кунда

Мендан ажрамай сира,

Олиб иссиқ бағрига

Асрар қишнинг қаҳридан.

 

Айланай бу дўстимдан,

Яъни иссиқ пўстиндан.

 

ВАРРАКЛАР ҚУВОНЧИ

 Ўтиб кетди бадқовоқ

Қишнинг аччиқ аёзи,

Табиат киймоқда шод

Байрамона либосин.

 

Гулдираб кулар осмон

Чақнаб чақмоқ тошлари,

Кулгисининг зўридан

Чиқиб кетар ёшлари.

 

Ичга сиғмай севинчи

Қайнаб тошар булоқлар,

Ўзанига сиғмасдан

Тошар сою ирмоқлар.

 

Юмшоқ ердан юмалаб

Чиқар хандон бойчечак,

Қаттиқ ердан қаталаб

Чиқар полвон бойчечак.

 

…Бизнинг ҳам кўксимизга

Шамол тегади энди.

Қувончлардан бошимиз

Кўкка етади энди.

 

ЯШИЛ ҚЎЗҒОЛОН

Яшил қўзғолон борар

Бу кун бутун борлиқда.

Бош кўтариб майсалар

Чиқдилар озодликка.

 

Ғафлат хобида ётган

Дарахтлар ҳам уйғонди.

Ариқларда муз қотган

Тутқун сувлар тўлғонди.

 

Сўнгсиз кенгликлар бўйлаб

Кураш этмоқда давом.

Тўп отилар зарбидан

Гумбурлаб кетар осмон.

 

…Ҳув, олис довонларда

Ҳамон олға борарлар,

Беланса-да қонларга

Исёнчилар-лолалар!

САЁҲАТЧИЛАР

Э, сўраманг қандай, деб,

Тунов кунги саёҳат.

Чиқди оёқ остимас,

Бош устидан фалокат.

 

Босиб келиб бир пасда

Қора булут галаси.

Устимиздан пақирлаб

Қуйди роса жаласи.

 

Тўрт томон яйдоқ кенглик

Соябон йўқ аксига.

(Қоларкансан ноилож

Дуч келсанг кўк қаҳрига).

 

Қайтдик уй-уйимизга

Шалаббо бўлиб, гап шу.

Саёҳат бурнимиздан

Чиқяпти…апшу, апшу!…

         БАЛИҚЧИ

Дарс тайёрлаб ўтирувдим

Келиб укам,

Деди: “Бешта балиқ тутдим

Қармоқ билан”.

… Кўп ўтмасдан билиб қолдим

Укам сирин —

Балиқлардан бўшаб қопти

Аквариум.

 

        ЖИРАФА

Яхшиям бўйни узун,

Унга асқотар жуда.

Айниқса, дарс маҳали —

Мисол ечиш вақтида

 

Чунки у энг ортдаги

Бир партада ўтирар.

Бўйнини чўзиб, аста

Чумолидан кўчирар.

 

ЧИН ДЎСТ

Пинҳон тутмас қаҳрин ҳам,

У кўп танти кирпи-да!

Бор тиканин яширмай,

Олиб юрар сиртида.

 

            АРРА

Шундай экан бу дунё,

Келиша олмай ҳамон.

Бир-бирига ён бермай,

Тортишар икки Томон.

Тинчитолмай уларни,

Мен шўрлик жонҳалакман.

Эҳ, бу ўртада қийин,

Бегуноҳ дов-дарахтга.

              ТОНГ

Эшитишиб тонг хабарин

Шартта-шуртта барчалари—

Ёпиб олар юлдузхонлар

Нур порлаган дарчаларин.

 

Ҳамма танбал уйқучининг

Қочирворар уйқусини.

Эрта турган тўполончи

Хўрозларнинг қийқириғи.

 

Нима гап, деб, ер юзида

Пусиб пойлаган кишидай,

Мўралайди қуёш секин

Осмоннинг бир тирқишидан.

 

ТАНИШ ТОВУШЛАР

Она тебрар бешикни:

«Дуқ-дуқ»…

Шамол ўйнар эшикни:

«Ғийқ-ғийқ».

Соат чайнар бир гапни

Чиқ-чиқ.

Ёмғир чертар ойнакни

Тиқ-тиқ.

Ғоз юради ғўддайиб

Ғақ-ғақ.

товуқ додлар мақтаниб

Қақ-қақ.

сергап бақа гап сотар

Вақ-вақ.

Қизилиштон мих қоқар

Тақ-тақ.

Куйлар бақироқ хўроз

Қу-қу,

Мусичалар жўровоз

Ку-ку

Отга буюрар отлиқ

чу-чу.

Биздан сизга шеър тортиқ

Шу-шу.

 

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ