"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БИЗ ИСТИҚЛОЛ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ

Ўқилди: 661

 ЁШЛАР БАЁЗИ

Шеърлар

 

Асроржон  СОЛИЖОНОВ

 

 

 

СОЛИЖОНОВ — 1990 йил  Фарғона вилоятининг  Ўзбекистон туманида туғилган.  Фарғона давлат университетининг филология факультетини тамомлаган.

 

 

 

 

 

                ЙЎҚЛОВ

Юлдузлар суврати ўчмасдан ҳали,

Қуёш кун саҳнига қўймасдан қадам.

Саҳар шабнамга юз чаяр маҳали,

Оҳиста ойнамни чертади дадам.

 

“Ўғлим, бисёр ухлаб қўймадингизми,

Ғафлат оғушида қолманг бу қадар.

Онангиз соғиниб кўзларингизни,

Ўксинар, сиз эса бунда бехабар!

 

Яшамоқ имтиҳон, гоҳ қилар ўйин,

Инсон ҳаётига синов берар зеб.

Боринг, акангиздан ҳол сўраб қўйинг,

Тинкаси қуриди тирикчилик деб!

 

Сингиллар бағирдан учган қуш каби,

Бир кафт меҳр тутинг, қанотин силаб.

Буғдойзорни кечиб боринг улар-чун,

Жонин тўшарга шай бир дийдор тилаб».

 

Дада,—дейман— дада, соғиндим ёмон,

Кафтингизни беринг, бошимда турсин!

Мени гумроҳ қилган, рангимни сомон—

Девона кўнгиллик, шоирлик қурсин!

 

Шафақ қозонидан сут тошар аста

Қуёш кун саҳнига қўяди қадам.

Уйғондим, енгимга кўзёшим арта,

Ахир, деразамни чертганди, дадам…

 

        

  ТОҒЛАРГА УРИЛИБ…

Тоғларга урилиб гумбурлади кўк,

Юрагим уради, ёмғирдек сим-сим.

Оёғинг остига шартта тушдим чўк,

Ёнингда қолмоққа бермадинг изн.

 

Ҳасрат ёғаверди гуллаган боққа,

Илинж куртаклари синдими, ё Раб?!

Кипригимга қадар ботдим гуноҳга,

Кипригимдан томган севгимни ўйлаб.

 

Соғинч тошиб борди қабоқларимдан,

Қисмат харитасин чизди йилдирим.

Дунё наҳот менга сенсиз яралган,

Тўзонли боғ янглиғ тўздим севгилим.

 

Бир титроқ титратди тирноғим қадар,

Бир тулпор депсинди кўксимда бежо.

Адашган ажнабий каби дарбадар,

Кўнглингга йўл олсам, очмадинг қучоқ.

 

Дилдорим,

дилимга дор бойладингми,

Сочингни ел каби тортқилаб ўтсам?..

Мендан пинҳон тутган муҳаббатингни,

Ким учун асрадинг эй, гўзал ғуссам?

Жавоб бер,

Олислаб кетган бўлсам ҳам…

 

 

Бахтинисо  МАҲМУДОВА

           

 

Бахтинисо  МАҲМУДОВА — 1993 йил Қашқадарё     вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. “Онажоним — шеърият” тўгараги аъзоси.

              

 

 

 

              

 

                       

                  ВАТАН

 Мен шеърдай ўқидим дарахтларингни,

Ёдладим баргининг холларигача.

Заминин баҳор деб, дунёни куз деб,

Қучдим ёзлари-ю, қорларигача.

 

Кўзимни нимадир авайлаб ўпди-

Шамол бўсасида ёнди киприклар.

Икки жаҳонларни туташтиргудай,

Юрагимга ундан бунёд кўприклар.

 

Бобомни кўраман тоғига қараб,

Момомнинг кафтига ўхшар ҳаёти.

Уйқумга кўчгани сира тушлармас-

Даладан дил терган қушлари ёди.

 

Бошоққа бойланиб ўсар умрлар,

Юлғундай шохланиб, ростланар деҳқон.

Хоҳласа, тандирдай гуллайди тупроқ,

Хоҳласа, ёмғирдай тўкилар осмон.

 

Бу афсунни кимдан ўрганди экан?

Нурлар тўшаб борар қуёш изига.

Қанийди, кўнглимдан ўтган Ватаннинг

Ватан бўла олсам битта ҳисига!

Қанийди!

 

                 МАКТУБ

 Меҳр тўла кўзингизга боқиб шундоқ,

Бардошлари ҳориб кетди опангизнинг.

Опа бўлиб нима бердим, деган сўроқ

Ҳаловатин олиб кетди опангизнинг.

 

Мафтун этди осмоннинг нур расталари,

Бекитди кўз гулнинг бахт йўқ дасталари.

Сизга атаб ёзиб қўйган мисралари

Тушларида қолиб кетди опангизнинг.

 

Ёнда туриб етолмади отасига,

Бир ширин сўз айтолмади онасига.

Деворида шеър гуллаган хонасидан

Дунёлари нолиб кетди опангизнинг.

 

Инсон тақдир назарида ўйин экан,

Ютар экан бу ўйинда бўйин эккан.

Сиртда кулиб, ичда йиғлаш қийин экан,

Ҳоли ёмон бўлиб кетди опангизнинг.

 

Ёки  ҳаво юрагига ботиб-ботмай,

Гоҳи омад орқасидан чопиб-чопмай.

Уни мендек тушунувчи дарддош топмай,

Дард қадаҳи тўлиб кетди опангизнинг.

 

Куюк кўксин бекитмади барг-хазонлар,

Музларини эритмади саратонлар.

Аламларин кўриб-билиб қаҳратонлар

Аҳволига кулиб кетди опангизнинг.

 

Айб санаманг, боролмаса ёнингизга,

Мудом шерик, чеккан ҳар бир ғамингизга.

Гина қилманг!

Азизларим, арзи сизга-

Қанотлари куйиб кетган деманг фақат,

Орзулари қанот бўлар опангизга.

      

***

Узоқ яқин қирлар ортидан

Менга қўлин кўтаради куз.

Сезаяпман, тағин афтидан,

Дарахтларнинг шохлари маъюс.

 

Шундоққина ариқ ёқалаб,

Ўриб келар бир совуқ ҳаво.

Ҳеч бир нима этмайин талаб,

Радиодан таралар наво.

 

Мен-чи, секин қўлга оламан,

Ёпинаман иссиқ рўмолни.

Не қайтарар? ўйлаб қоламан,

Қалбимдаги совуқ шамолни.

 

Хаёлимнинг жони минг ҳалак,

Сўроғимга тополмай жавоб.

Ёнимда-чи парвойи фалак,

Радиодан таралар наво.

 

Деразамга ногоҳ урилар,

Қайлардандир келиб бир япроқ.

Мендан нажот кутиб термулар,

Мен кўзимни юмаман бефарқ.

 

Тушларимда кўраман сени,

Соғинчимга топмайман даво.

Яна бўзлаб дил ноласини

Радиодан таралар наво.

 

Менга таниш бу куз хазони,

Мастман, армон куртакларидан.

Эшитилар гоҳо овозинг,

Иссиқ рўмол бурчакларидан.

 

Лек шунда ҳам сира ўзимга

Дийдорингни кўрмайман раво.

Ҳамон яна боқмай кўзимга,

Радиодан таралар наво.

 

 

Зилолабону  ХОЛИҚОВА

       

 

Зилолабону  ХОЛИҚОВА —— 1987 йил  Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳрида туғилган. “Онажоним — шеърият” тўгараги аъзоси.

 

 

 

 

 

 

               ВАТАН

 Ватан, сени таърифлаш учун,

Қанча луғат титмоқ керак?

Бажармоққа инсон бурчин,

Керак унга шердек юрак.

 

Осмонимда чуғурчуқлар,

Бахтиёр тинч ҳаётингдан.

Юртим сенинг қанотингман,

Тилда янграр баётингман.

 

Бахтиёрдир кўнгли тўқлар,

Шукур ила яшар мудом.

Юртим етти иқлим аро,

Тез фурсатда чиқардинг ном.

 

Машъал тутай келажакнинг,

Йўлларини ёритгали.

Посбон бўлай ёвдан куйган,

Дилгир дилни аритгали.

 

Тинчлигингни бузмоқ бўлса,

Ёғийлардан ҳалос этай.

Темур бобом бериб кетган,

Шамширимни қўлга тутай.

 

Бобур бобом қаламидан,

Сенга ўтли аъшор битай.

Юртим сенинг қанотингман,

Тилда янграр баётингман.

 

 

             ЎЗБЕКИСТОН

Тинчлик менинг тож давлатим,

Бойлигимга кўз тегмасин.

Ўзбеклигим бўй, савлатим,

Бахтсизлик бошим эгмасин.

 

Қайда бордир шарқона урф,

Аждодлари жонин тиккан.?

Аёлларин дилида қулф,

Дардин танҳо ойга тўккан.

 

Темурийдек султонлари,

Адолатнинг йўлин тутган.

Навоийдек сиймолари,

Тафаккур уруғин эккан.

 

Жалолиддин Мангуберди,

Неча жангда ғолиб келди.

Темур Малик учқур оти,

Ёғий сари дадил елди.

 

Ўзбек номи достон бўлиб,

Таралмоқда элатларда.

Мурувватли инсон бўлиб,

Ном қозондик миллатларда.

 

Адолатли ҳам қудратли,

Шон-шавкатли буюк Турон.

Халқинг эрур мудом бахтли,

Фахрим, шаъним Ўзбекистон

 

              ИФТИХОР

Навқиронсан 25 йигит ёшингда,

Мағрур бўлдинг савлатинг ошган.

Қачон инсон Ватан қошида,

Хизмат ила ҳиссасин қўшган.

Ватан десам ифтихор дилда,

Ватан деган хайқириқ тилда.

 

Омадлиман порлар иқболим,

Тинч осуда ўтмакда йиллар.

Мозий оша, берсам саволим,

Жавоб берар армонли кунлар.

Ватан мадҳи интизор дилда,

Ватан деган хайқириқ тилда.

 

Юлдузларга ҳавасманд бўлдим,

Нарвон қўйдим бобомдек мен ҳам.

Эртанги кун камолин кўрдим,

Бахт кутмоқда бизларни улкан…

Ватан десам ифтихор дилда,

Ватан деган хайқириқ тилда.

 

 

Сарвиноз РЎЗМЕТОВА

 

Сарвиноз РЎЗМЕТОВА 1998 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний шаҳрида туғилган. Беруний қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

 

        

 

 

 

 

 

                ЮРТИМ

 Қамраб сўлим бўстонларинг,

Янграр шеъру достонларинг,

Қароғидек асрар сени

Алпомишдек ўғлонларинг.

 

Осмонўпар тоғларинг бор,

Дўланали боғларинг бор.

Турнакўзли чашмалардан

Бол сув ичган чоғларинг бор.

 

Илм олар ўғил-қизинг,

Ҳар бири порлоқ юлдузинг.

Улар жаҳон минбарида

Айтар сенинг аҳдинг, сўзинг.

 

Шарқ кентларин дурдонаси,

Регистон бош кошонаси.

Бугун унда жаранглайди

Етти иқлим таронаси.

 

Бир шаҳар кўз, бириси қош,

Барчасидан муҳташам Шош.

Қулоч ёйди бунёдкорлик—

Юртнинг доно сарбони бош.

 

Йўллар янги, эллар янги,

Боғлардаги гуллар янги.

Тилагим шу: азиз юртим,

Бахтинг, эркинг бўлсин мангу.

 

          МУНАВВАР ТОНГЛАРИМ

 Мунаввар тонгларим қаршилар мени,

Покиза ҳисларга бўлиб қўшқанот.

Муродбахш онларга чорлайди сени,

Бугунги тонг ўзга, бошқачадир тот.

 

Мени оғушига олган, эй замин,

Тингла қалбим янгроқ овозасини.

Дунё кезиб охир бўлдимки амин,

Тополмам офтобнинг дарвозасини.

 

                     ИНСОН

Дунёда нима бор инсондан улуғ,

Дунёда меҳрдан буюк нима бор.

Бу дунё эзгулик, яхшиликка кон,

Ажабо шодлик ҳам, қайғу ҳам бисёр.

 

Ҳаёт асли оққан бир тошқин дарё,

Ёғилиб туради кўкдан нур, зиё.

Эй инсон, кемангнинг елканин кўтар,

Қолиб кетасанми ул қирғоқда ё?

 

 

Дилобар МАМАТОВА

 

 

Дилобар МАМАТОВА — 1994 йил Навоий вилоятининг  Хатирчи туманида туғилган.  Навоий давлат   педагогика институти  ўзбек тили ва адабиёти факулътети   талабаси.

             

   

 

 

 

              

               БАХТ

 Кун бўйи қучаман шамолни,

Оқшомда ой бирла ётаман.

Эрта тонг саҳар-ла уйғониб,

Кечқурун қуёш-ла ботаман.

 

Тоғлардан баланддир ғурурим,

Сув қайнаб тошади кафтимдан.

Фазони фатҳ этар шуурим,

Айсберглар эрийди тафтимдан.

 

Мен асли меҳрнинг бўлаги,

Дадамнинг қолдирган изиман.

Ўйларсиз бу кимнинг қизи деб,

Билсангиз, Ватаннинг қизиман.

 

Билсангиз, Ватаннинг қизиман.

 

                 КЕЛ…

 Кел, шаҳзодам, йўлларим ёрит,

Менга кўнгил изҳорингни қил.

Энди ҳар гал қор ёғганида,

Оқ отдамас, оқлик ила кел.

 

Майин қордек поклансин қалблар,

Саодатга эшик очилсин.

Йўлимизга лайлак қор билан

Муҳаббатнинг рангги сочилсин.

 

Кел, шаҳзодам, йўлларим ёрит.

 

            ТЎРТЛИКЛАР

 Бирор чиркин ғоя бўлмайман,

Тоғ бўламан, қоя бўлмайман.

Орқалардан эргашадиган

Ўз йўли йўқ соя бўлмайман.

***

Ёшликда қиш билан ўйнашиб,

Совқотиб оққордан қочаман.

Биламан, бир куни оқ соч-ла

Қарилик эшигин очаман.

***

Қара қанча илиқ ҳаволар,

Энди қорлар тугаб, музлар эрийди.

Қийнайверар мени турли саволлар,

Сени муз юрагинг қачон эрийди?!

 

 

6

 

 Моҳидил  АБДУЛЛАЕВА — 1998 йил Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида туғилган. Булоқбоши агросаноат касб-ҳунар коллежи  ўқувчиси.

 

       

 

 

 

 

 

                 ШЕЪРИЯТ

 Шеърият бахт томон дастлабки қадам,

Энг катта дардимга сабабчи қувонч.

Мен сенга қалбимни туҳфа этаман,

Сен менинг юрагим сўзига ишон.

 

Тугатсам назмнинг алифбосини,

Янги сўз айтаман адабиётда.

Шеър асли муҳаббат мураббосими,

Шунинг-чун жой олган абадиятдан.

 

Сен менинг юрагим сўзига ишон,

Мен сенга қалбимни туҳфа этаман.

Энг буюк дардимга сабабчи қувонч,

Шеърият — бахт томон дастлабки қадам.

 

                БАХТ ҚАДРИ

 Бир қадам зулматдан зиёга қадар,

Фақатгина бир бор қоқилгай киприк.

Қоронғулик нурнинг элчиси бўлса,

Тундир асли тонгга элтгувчи кўприк.

 

Интихонинг боши ибтидо эрур,

Қоп-қора булутдан ёғар оппоқ қор.

Ҳатто кумуш қишнинг совуқ бағрида.

Яшар ишққа тўла беғубор баҳор.

 

Ўтмиш келажакнинг пойдеворидир,

Аслида шу эрур энг гўзал тилсим.

Кеча кўнгилларда умид уйғотиб,

Эртага ишонч ҳам мангу порласин!

 

Қайғу. Алам қалбга ташлолмас сиртмоқ,

Ҳеч қачон эгилмас ва синмас ғурур.

Бахт, қувончнинг қадрин англатгани-чун.

Дардга, армонларга минг бор ташаккур.

  

                   ОРЗУ

 Само асли буюк адабиётдир,

Унинг бағри эса мусаффо. Тоза.

Ибрат нурин сочган Навоий бобом,

Қуёшдир, ундан ер олар андоза.

 

Зулматда порловчи жажжи юлдузлар,

Туннинг қучоғини айлар чароғон.

Ижоднинг таъмини тотган юрагим,

Танҳо у томонга талпинар ҳамон.

 

Бобурдан обида эрур шеърият,

Қалбим сатрлари тортар қаърига.

Энг эзгу орзуим ушалар бир кун,

Мен сингиб кетаман бахтлар бағрига.

 

 

7

 

Назокат ШАРИФБОЕВА —1998 йил Хоразм

вилоятининг Урганч туманида туғилган. Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси.

 

         

 

 

 

     ОНА ТИЛИМ

Асрлар тўфонидан,

Омон ўтган тилимсан.

Фахр-ла куйлагайман,

Сени жону дилимдан.

 

Онамнинг алласидан,

Сингдинг жону қулоққа.

Ўхшатгайман мен сени,

Манзил сари маёққа.

 

Ҳар бир сўзинг нақшинкор,

Сенсан поклик даъвати.

Сеҳринг-ла кўркам эрур,

Кўнглимнинг ҳуснихати.

                   ***

Шеърлар ёзаман, аммо етолмайман сирига,

Ҳар қайсиси бетакрор, ўхшамас бир-бирига.

Недан шеърда шоирнинг асли кўнгли мужассам,

Сўзлар эса ёнади, тобланса қалб қўрига.

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ