"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ОБОД ЮРТНИНГ УМИД ДАРАХТИ

Ўқилди: 634

Ёшлар баёзи

ИСТИҚЛОЛ ФАРЗАНДЛАРИ ОВОЗИ

 

Жонажон юртимиз – чинакам иқтидорлар ўлкаси. Йигирма беш йиллик мустақил тараққиёт йўлидан одимлаётган она Ватанимизда ёш авлод камолоти йўлида амалга ошириб келинаётган ҳаётбахш ислоҳотлар моҳиятида уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар сифатида вояга етказишдек улуғвор мақсад мужассамдир. Ёшларимиз сафида дунё фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорлари, жаҳон ва Осиё чемпионлари, дунё саҳналарида ўз иқтидорини намойиш этиб, олқиш ва эътирофга сазовор бўлаётган истеъдодларнинг борлиги қалбимизни чексиз ғурур-ифтихорга тўлдиради. Муҳтарам Юртбошимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган пурҳикмат сўзлари ана шундай навқирон ёшлар учун учун чинакам ҳаётий дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани шубҳасиз.

Жорий йилда истиқлолимизнинг қутлуғ 25 йиллик тўйи бутун мамлакатимиз бўйлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида кенг тантана қилинмоқда. Мазкур шиор биз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, ўзини юрт тақдирига дахлдор деб билган ҳар бир ватандошимиз қалбидаги улкан орзу-умидлар нишонаси, фарзандларимиз бахту саодати билан боғлиқ улуғвор режаларимиз акс садосидир.

Биз – ўз қадриятларини улуғлаган миллат сифатида саодатга эришган ва эришаётган халқ вакилларимиз. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари иқтисодий танглик, маънавий таназзуллар, хунрезликлар, макон ва майдон талашувлари исканжасида ўртанаётган бир пайтда собит эътиқодимиз, ўз қадр-қимматимизни англашимиз, энг муҳими, муқаддас тупроғимизга чексиз садоқатимиз бизни турли офатлардан омон сақлаб келмоқда. Қўлингиздаги китоб фарзандларимизнинг бу борада ҳам биз билан бир тану бир жон эканлигининг ёрқин исботидир.

Бинобарин, кўзида ғурур ва шижоат чақнаб турган, истиқлол фарзандлари бўлмиш ёшларимиз – юртимиз номини дунёларга таратиш орзусида парвозга шайланган чинакам лочинларимиздир. Улар ўз ҳаётларидаги ҳар бир ёруғ дақиқани истиқлол одимлари билан боғлайдилар ва бунга тўла ҳақлидирлар.

Юртимиз тўйига муносиб тўёна сифатида дунёга келган ушбу кўркам баёз эса келажакда янги-янги истеъдодларнинг кашф этилишида ўзига хос ибрат ва маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз!

 

Муҳиддин ЭСАНОВ,

 

Бухоро вилояти ҳокими,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлис Сенати аъзоси

ШЕЪРИЯТ

1

 

МақсудАСАДОВ  

1979 йилда Шофиркон туманида туғилган. Бухоро давлат университети Ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. “Ёруғлик йили”, “Ёнаётган тош” каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Республика ёш ижодкорларининг анъанавий “Зомин” семинари иштирокчиси.

 

 

 

                 

 

                            ТОНГ

Қара, тонг отмоқда, нофармон лаби,

Аста манглайимга босилди, сездим.

Сокин қадам босган йўловчи каби,

Хаёл оламини саргашта кездим.

 

Тун бўйи ўзини йўқотиб қўйган

Табиат шаклини эслай бошлади.

Бахтданми, совуқдан ё тонгни суйган,

Майсалар кўзларин ёшлай бошлади.

 

Қушлар болалардай бийрон, бижилдоқ,

Шеърлар айтай деса, йўқдир забони.

Тонг отди, қўлида оқ, оппоқ байроқ,

Сулҳга чорлаётир бутун дунёни.

 

***

Биласизми, қишлоққа қайтиб,

Тупроқ сочиб ўйнагим келар.

Кимдир айтар: “Юргандир дайдиб”,

Яна кимдир устимдан кулар.

 

Биласизми, ялпизни қучиб,

Манглайига югуртирдим лаб.

Кимдир деди: “Ўтмабди куни,

Яшолмабди шаҳарда эплаб”.

 

 

Биласизми, саҳрога чиқиб,

Калтакесак қувдим боладай.

Кимдир деди: “Кетганда ошиб”,

Яна кимдир: Ичгандир-да май”.

 

Биласизми, ариқ лабида,

Баҳру байтда райҳонни ютдим.

Кимдир деди: “Ақли жойида”,

Яна кимдир: “Девона бўпти…”

 

Биласизми, ҳаммаси майли,

Сизни севдим кўрмасдан бурун.

Кимдир деди: “Севгани – Лайли”,

Яна кимдир: “Бу ўша – Мажнун!”

 

***

Ёмғир, ёмғир, ёмғиржон,

Айт, омонмикан осмон.

Бахт топдингми заминдан,

Қилма бунча тўполон.

 

Томчилайсан кўзимга,

Ўйларимга, сўзимга.

Сирларингни бирма-бир,

Айтақолгин ўзимга.

 

Сочларимни силайсан,

Неларнидир сўрайсан,

Бир қарасам, онамга

Ё боламга ўхшайсан.

 

Эгизаксан кўкламга,

Хуш келибсан ўлкамга,

Дўстим дейми, инимми?

Қўлингни қўй елкамга.

 

Ёмғир, ёмғир, ёмғиржон,

Дурмисан ёки маржон.

Қўлларимни тутгандим,

Тўкилиб кетдинг осон.

 

ТАНТИ ШОИРНИНГ ФАРЗАНД САВОЛИГА ЖАВОБИ

Дунё надир?! – Ўта моҳир қўғирчоқбоз,

Дарё надир?! – Тўлқинларга эрмак, холос.

Осмон недир?! – Мен учун ҳам савол, болам,

Замин недир?! – Кўнгли ўксик бир чол, болам.

Армон нима?! – Эгнимдаги йиртиқ чопон,

Иймон нима?! – Кўксимда энг тиниқ осмон.

Севги надир?! – Айрилиқнинг қондоши у,

Садоқат-чи?! – Хиёнатнинг кундоши у.

Бойлик надир?! – У ҳам танноз хотиндай гап,

Хорлик надир?! – У ёлғонга беролмас чап.

Гумроҳ кимдир?! – Кўзи очиқ, илғамайди,

Ҳамроҳ кимдир?! – Айбинг билар, сўзламайди.

Рост нима у?! – Дор тагида қаддин тиклар,

Ёлғон нима?! – Бор айбини сенга юклар.

Омонат не?! – Шу тупроқнинг ҳар зарраси,

Хиёнат не?! – Дўстдан қолган дил яраси.

Ҳаёт нима?! – Мен куйлаган достон, болам,

Ўлим нима?! – У энг сўнгги меҳмон, болам.

 

                             ПАРВОЗ

                                       Ўғлим Алпомишга

Болам, йўлинг оқ бўлсин, тупроғингни унутма,

Илдиз нима, ҳар битта япроғингни унутма.

 

Отанг – шу юрт, онанг – халқ,изларини ўп, болам,

Шу иккиси “оҳ” деса, қуюн янглиғ қўп, болам.

 

Хато қилма, умрнингнурли йўли тавбадир,

Бу тупроқнинг аслида ҳар қаричи Каъбадир.

 

Ҳаволанма, ўткинчи истакларга берилма,

Душманингни ёр билиб,дўст олдида керилма.

 

Кипригингга қўнса гард,кўз ёш билан юв, болам,

Дунё асли ғирром-у, тақдир азал қув, болам.

 

Дилни уйғот, бедор бўл,ёлғонликдан тон, болам,

Халқ-ла Ҳаққа борар йўл,шу халқ учун ён, болам.

Бургут бўлгин ҳамиша, қанотларинг тўзмасин,

Ортингдаги эл, бешак, парвозингдан безмасин.

 

Чориқ билан олов кеч,бу ҳам битта дарс, болам,

Машаққатга ён берган баланд асли паст, болам.

 

Пичирлашма, гап термоқ эр йигитга малолдир,

Ғийбатга эрк берган эр эркак эмас, аёлдир.

 

Шер олдида шер бўл-у,ит олдида пастлашма.

Яхши билан олиш, бас, ёмон билан қасдлашма.

 

Умид ила суққанинг таёғинг ҳам гулласин,

Дуога қўл очган эл – Ўзбекистон қўлласин!

                   

                        БУГУН…

 Бугун – умидларга пиллапоядир,

Ишончу бахт учун зинапоядир.

Кўнгил – ҳақиқатнинг чин даричаси –

Муҳаббат, садоқат, бахтга доядир.

 

Бугун – ичилмаган қўлдаги қадаҳ,

Эртанинг ёдидан туйилган фараҳ.

Туйғулар тиниқиб оққан дарёдир,

Ҳавас-ла тизилиб ўтиб борар вақт.

 

Бугун… – кеча учун тутилган кўзгу,

Эртанинг кўксига тикилган орзу.

Ҳали очилмаган ғунча – табассум,

Сенинг лабларингда кўкарган кулгу…

 

Бугун…

 

 

2

 

Гўзал РЎЗИЕВА

 1986 йилда Жондор туманида туғилган. Бухоро давлат университети Ижтимоий-гуманитар фанлар факультетида таҳсил олган. “Баҳор яқин” шеърий тўплами “Биринчи китобим” рукнида йигирма минг нусхада чоп этилган. Республика ёш ижодкорларининг анъанавий “Дўрмон” семинари иштирокчиси.

 

 

 

 

                ОТАМГА

Кўз ўнгимда жонланар хотир,

Қути ҳовли ва супа тошлоқ.

Қўғирчоғин судраб ҳар томон,

Бижирлайди жажжи қизалоқ.

 

– Дада, қушлар қачон ухлайди?

– Дада, нега кўк рангда осмон?

– Айтинг, ахир, дарахтларнинг ҳам

Дадалари борми, дадажон?

 

У нимадир,

Бу нега, дада?

Нигоҳларим боқади ўйчан.

Отам сира чарчамас менинг

Бир антиқа саволларимдан.

 

Жавоб берар, силаркан бошим,

Ҳис қилардим қайноқ кафтини.

Йиллар ўтди ҳануз ҳеч меҳр

Бера олмас у қўл тафтини.

 

О, бу йиллар ўтмаслар шундоқ,

Ҳар нарсани билгичман энди.

Ҳар нимага қодирман гўё,

Ҳавога мих илгичман энди…

 

Лекин ҳануз болаликдаги

Бир ўй мудом ҳамроҳ барибир.

… Дунёдаги барча оталар

Худойимнинг қўшниларидир!…

 

Ундим, ўсдим, аммо ич-ичдан

Ўша жажжи қизчаман ҳамон.

Ёшим юзга етган дамда ҳам,

Айтинг, ҳамроҳмисиз, дадажон?…

  

                КУЗ

Боғ энтикар, жилмаяр майин,

Йўлларидан ололмас кўзни.

Балки, у ҳам интиқ мендайин,

Балки, у ҳам соғинган кузни…

 

Йўлкалардан чопар хиёбон –

Кузжамолнинг телба ошиғи.

Эшитмайди нега одамлар,

Сукунатнинг маъюс қўшиғин?

 

Ўриндиққа жим чўкади куз,

Йиғиштирмас этакларини.

У – паришон Шаҳризода қиз,

Айтар ҳаёт эртакларини.

 

Ошиқ шамол ингранар, йиғлар,

Кузни қучар хиёбон – ғолиб.

Куз – хаёлчан фаришта, Ерга

Келган тангри саломин олиб.

 

У – фаслмас.
Билмас одамлар.

У – сарсон руҳ, эзгин дардлари.

Кафтларида титрар хазонбарг –

Худойимнинг бизга хатлари…

 

Куз – хаёлчан фаришта, Ерга

Келган тангри саломин олиб…


              ***

Яхшиям йўллар жим,

Гапирмас йўллар,

Яхшиям тошларнинг тошлиги бор гап.

Агар, тилга кирса баногоҳ улар

Чақириб келарди сизни атайлаб…

 

Яхшиям осмоннинг осмонлиги ҳақ,

Йўқса, соғинчимни сизга айтарди.

Ёмғирга айланиб кўз ёшларимдан,

Кўксингизга тўкилиб қайтарди!..

 

Яхшиям симларнинг тили йўқ ҳали,

Эшитади, холос, сўзлаганимни.

Фақат у – телефон, билар тунлари

Гўшакка осилиб йиғлаганимни…

 

Яхшиям дарахтлар шовуллар фақат,

Қўрқаман бир куни қолсалар сўзлаб.

Исмингиз ўйилган сершох пўстлоққа

Миллион марталаб босган эдим лаб…

 

Яхшиям Сиз борсиз соқов дунёда,

Дилсўзон қушларнинг борлиги каби.

Гоҳ рўё, гоҳида жаннатий туҳфа –

Оромбахш тушларнинг борлиги каби.

 

Яхшиям Сиз борсиз тилсиз дунёда!..

 

 

 

3

Моҳичеҳра РЎЗИЕВА

 1982 йилда Шофиркон туманида туғилган. Бухоро давлат университети Ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. Шеър ва мақолалари республика ҳамда вилоят матбуоти, шунингдек, жамоа тўпламларда эълон қилинган. Республика ёш ижодкорларининг анъанавий “Зомин” семинари иштирокчиси.

                   

 

               

                         

                     ИЗҲОР

Эрта тонгда бодом гулин ҳидлаб туриб,

Шаббоданинг қўшиғини тинглаб бир дам,

Қучоғингда бахтиёрлик гаштин суриб,

Тафтингни ҳис қилаяпман пинҳон, Ватан.

 

Киндик қоним тўкилган, эй она диёр,

Ҳар заррангда, гиёҳингда латиф бўй бор,

Қучоғингда дилим яйрар такрор-такрор,

Бахтиёрман, сен кимларга армон, Ватан.

 

“Мен яшашни истайман”, деб, Усмон кетди,

Файзуллаю Фитрат, яна Чўлпон кетди,

Элим дeя тaлпинган сoф виждон кетди,

Не-не буюк даҳоларга макон, Ватан.

 

Истиқлолнинг тонги мангу шаффоф абад,

Оллоҳ танҳо, Ватан якто, бир муҳаббат.

Сенинг ишқинг бирлаштиргай бизни фақат,

Ўзинг ўтли туғёнларга ошён, Ватан!

 

***

Қувoнсaм, кучлимaн қувoнчдaн,

Ишoнсaм, бoй қилгум ишoнчдaн.

Янги йил, сeн бизгa бaxт бeргин,

Кўзимиз пoрлaсин сeвинчдaн.

 

Тундa Oй бaғридa ётaмaн,

Oрзудaн ширмoй нoн ёпaмaн.

Янги йил, бaxтимни бeр мeнгa,

Oмaдни ўзим ҳaм тoпaмaн.

Гул дeсaнг, гул тeриб бeрaмaн,

Кул дeсaнг, бир кулиб бeрaмaн.

Янги йил, сeн мeнгa бaxтни бeр,

Унгaчa мeн туриб бeрaмaн.

 

Ўзимгa xoнмaн-у, тўрaмaн,

Кимлaргa дугoнa, жўрaмaн.

Янги йил, сeн мeнгa бaxтни бeр,

Мeн уни дўстимдaй кўрaмaн.

 

Дaрдлaринг тўкмaй тур, тўлaмaн,

Зaррa ғaм кeлтирмa, сўлaмaн.

Янги йил, сeн мeнгa бaxтни бeр,

Мeн уни бaрчaгa бўлaмaн.

 

Янги йил, янги йил, янги йил,

Янги ўй, янги дaрд, янги дил.

Эски ғaм, эски йил, xaйр энди,

Янгичa бoшлaнсин янги йил.

 

                ОНАМГА

 Соғинчларнинг ҳеч адоғи йўқ,

Ёнингизга чўкким келар тиз.

Билсам агар дунёда танҳо

Мададкорим, онажоним – Сиз.

 

Термуласиз ҳазин ва мунгли,

Кўзингизда дунё ғам кўрдим.

Овунаман хаёллар ила,

Қачон бориб ҳолингиз сўрдим?…

 

Орзуларнинг поёни қайда?

Ором бермас, хаёл бесамар.

Юрагимда маҳзуна армон,

Азоб мени хонамга қамар.

 

Кўз ёш тўкманг, онажон, бундай,

Бағрим тирнар ўкинчларингиз.

Шукур, мудом ухлатар тунда –

Бошим силаб соғинчларингиз…

 

4

 

Олим ЖЎРАЕВ

 1985 йилда Шофиркон туманида туғилган. Бухоро давлат университети Ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. Адабиётшунослик магистри. “Чанқовуз”, “Соғинч сурати” ҳамда “Биз бошқача севиб яшаймиз” шеърий тўпламлари муаллифи. Республика ёш ижодкорларининг анъанавий “Дўрмон” семинари иштирокчиси.

                 

 

 

                     ОТА ДУОСИ

Кўп қадим ҳикмат бу – қулоққа илсанг,

Ҳаётинг устуни отангдир, билсанг,

Умр йўлларида ногоҳ йиқилсанг,

Отангнинг дуоси асрагай сени.

 

Жонин пардасига нурдай ўраган,

Яратгандан бахту толе сўраган,

Ғаму ташвишларинг қордай кураган –

Отангнинг дуоси асрагай сени.

 

Гар қисмат тескари бурса карвонинг,

Қўлдан омад кетса, битса давронинг,

Қайғу қирғоғида қақшаган онинг –

Отангнинг дуоси асрагай сени.

 

Ҳасрату мотаминг кимни этгай шод,

Оқибат ошёнин дунёси барбод,

Руҳни чўктирмагин, чекмагин фарёд,

Отангнинг дуоси асрагай сени.

 

Эр-йигит қалбида қалқиган ордек,

Қаддинг ҳам қадрингни тутгин чинордек,

Отанг дуосини асра тумордек,

Отангнинг дуоси асрагай сени.

 

             БОЛАЛИГИМ

Тушиммиди капалакни қувлаганим,

Майсазорда унинг билан қувнаганим,

Шоҳроҳингда нур изларим йитди маним,

Болалигим, болалигим, болалигим.

 

Ёдга чақмоқ чақди подшо дил наҳори,

Сен эдинг-ку гул умримнинг гул баҳори,

Ё тўкилиб кетганмиди хуш оҳори,

Болалигим, болалигим, болалигим.

 

Момом айтган эртаклари хаёлимда,

Унутмасман, унутсам гар заволим-да.

Аъмолим ҳам ўзингдандир, камолим-да,

Болалигим, болалигим, болалигим.

 

Тақдир деган икки эшик орасида,

Не ҳам дердим мен қисматим борасида,

Дунёйингдан қолиб кетдим норасида,

Болалигим, болалигим, болалигим.

 

Умидимни илиб қўйдим руҳ шохига,

Шохдан олма узиб бердим кўк моҳига,

Моҳдан роз йўқ саркаш кўнгилнинг оҳига,

Болалигим, болалигим, болалигим…

 

               САЙР БОРДИР

Ўртамизда соғинч отлиқ дайр бордир,

Телефонда салом-алик, хайр бордир.

Ҳур болалик кунларимга доя бўлган,

Ота, ўша чорбоғингга сайр бордир.

 

Сиғмай қолсам шовқин шаҳар қучоғига,

Миниб олгум ҳайратимнинг учоғига.

Ўт қалаган илҳомимнинг ўчоғига,

Ота, ўша чорбоғингга сайр бордир.

 

Ҳавоси бор, ғафлат дилни вайрон этган,

Жилваси бор жаннатни-да ҳайрон этган,

Ишваси бор жон қушини сайрон этган,

Ота, ўша чорбоғингга сайр бордир.

Дардларимнинг малҳамлари мевасида,

Ифор ёнган ҳар гиёҳи, ҳар хасида.

Қўшиқ айтиб қушчаларнинг шевасида,

Ота, ўша чорбоғингга сайр бордир.

 

Юракдаги ҳисларимни шаън уйғотиб,

Лаб буришиб довуччанинг таъмин тотиб.

Анҳорларда сузгандайин қулоч отиб,

Ота, ўша чорбоғингга сайр бордир.

 

                   БАХТДИР

Тонгда турсанг, тўрт мучанг сиҳат,

Тан соғлиги – энг олий неъмат,

Сўзларимни билма насиҳат,

Тирикликнинг хуш навосидан

Тотмоғинг ҳам бахтдир, биродар.

 

Уйдан чиқсанг қўшиқлар айтиб,

Шом чўкканда ишингдан қайтиб,

Яратганга шукрона айтиб,

Ҳаловатнинг пар тўшагига

Ётмоғинг ҳам бахтдир, биродар.

 

Қачон тинмиш бу ғалва бозор,

Гоҳо дўстдан топасан озор.

Тилагингдан тўкилганда зор,

Армонларнинг наҳрида қулоч

Отмоғинг ҳам бахтдир, биродар.

 

Интиқ жонга оройиш берсанг,

Меҳр отлиқ осойиш берсанг,

Етим кўздан қувончлар терсанг,

Қуёшдайин қисмат уфқига

Ботмоғинг ҳам бахтдир, биродар.

 

Номинг қолар қурар боғингда,

Яқинларинг куяр доғингда.

Сўнгги манзил кетар чоғингда,

Эркаланиб ўз тупроғингда

Ётмоғинг ҳам бахтдир, биродар.

 

 

5

Суҳроб ШЕРОВ

 1986 йилда Жондор туманида туғилган. Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетида Халқаро журналистика йўналишида таҳсил олган. Шеър ва мақолалари республика ҳамда вилоят матбуотида эълон қилинган. Ҳозирги кунда вилоят телерадиокомпанияси телевидение гуруҳи катта муҳаррири лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

 

             

 

                   СИЗ ЎШАСИЗ…

Мен ўзимни мағрур дердим, эгилдим, рост,

Бир ишвада юракдан маҳв этилдим, рост.

Қоя эдим, сойлар каби эшилдим, рост,

Сиз ўшасиз, мен ўшами, айтинг, моҳим.

 

Ором берар, дилга бир сўз излар бўлдим,

Тунлар Ойга боқиб, дардим бўзлар бўлдим.

Юлдузларга ҳатто эртак сўзлар бўлдим,

Сиз ўшасиз, мен ўшами, айтинг, моҳим.

 

Ҳаётимга оралади ширин маъво,

Ҳар томондан таралгайдир ажиб наво.

Нигоҳингиз айлаб бўлди мени шайдо,

Сиз ўшасиз, мен ўшами, айтинг, моҳим.

 

Илк оташнинг оловида юрак ёнди,

Ўзлигидан тониб бўлди, ўздан тонди.

Вужудимда бир ҳаётбахш ҳис уйғонди,

Сиз ўшасиз, мен ўшами, айтинг, моҳим.

 

Дардим ичга сиғмаяпти, булут саман,

Баъзан дайди шамол бўлиб учсам, дейман.

Юракдасиз, гарчи сиздан олисдаман,

Сиз ўшасиз, мен ўшами, айтинг, моҳим.

 

Имкон топсам, жилмас эдим ёнингиздан,

Баҳра олиб энг бахтиёр онингиздан.

Сўраб кўринг, қалбдан, жисму жонингиздан,

Сиз ўшасиз, мен ўшами, айтинг, моҳим.

Келинг, дилим ноласига қулоқ солинг,

Унинг ажиб ҳисларидан баҳра олинг.

Шу ғарибнинг маликаси бўлиб қолинг,

Келар албат, сен кутган дам, пайт денг, моҳим.

Сиз ўшасиз!

Мен ўшами?

Айтинг, моҳим!

 

        БЕВАФО ҚАЛАМ

Наҳот шоир аҳли шунча бевафо,

Кеча бошқасини дея ёнганди.

Кеча бошқаси деб чекканди жафо,

Кеча бошқасидан тонганди.

 

Бугун бошқасини севиб қолибди,

Бугун бошқасига жони бахшида.

Бугун бошқасини куйга солибди,

Бугун бошқасининг куяр ишқида.

 

Эрта бошқасини топиши тайин,

Эрта бошқасига битади ашъор.

Эрта бошқасини севар атайин,

Наҳот шоир аҳли шунча беқарор.

 

Йўқ! Қалам бевафо, қалам беқарор,

Чарчамас, сиёҳи бўлса, юрмакдан.

Лек шоир деганнинг битта қалби бор,

Фақат у севади, севса ЮРАКДАН.

 

           СЕН ЭМАС…

Сен эдинг! Кўрмадим, чин сўзим,

Танимай қолдинг-ку ўзинг ҳам.

Фақат-чи, шубҳада мен ўзим,

Негадир турардинг кўзинг нам.

 

Лабимни ютдим мен оғзимга,

Сочларим беркитди кўзимни.

Иягим санчилди бўғзимга,

Лек қайга беркитай ўзимни.

 

Кафтимни тишлолмай юрибман,

Тишласам, оғрийди бармоғим.

Сой бўйи… Сен кутиб турибсан,

Келади, менинг ҳам бормоғим.

 

Эрта кел, яхшиси, шу жойга,

Мен эмас, ўша, деб айтақол.

Ахир, сен ўхшаши йўқ, аммо

Кўрганим барчаси сен мисол.

  

           ОЙДА ҚОЛДИМ

Ой қиз мени чорлаганди ҳузурига,

То тонгача Ой нуридан баҳра олдим.

Қалби анор гулларидай алвон эди,

Дардкашликдан юз бурдим-у, қайта қолдим,

Аммо аро йўлга тушиб, қайда қолдим.

 

Бир-бирига етолмасдан оввора ишқ,

Фақат висол бир лаҳзадир разм солдим.

Ошиқларга қиёс бўлган ягона ишқ,

Асли ҳижрон эканидан ўйга толдим,

Тақдиримиз ўхшаш экан, Ойда қолдим.

 

 

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ