"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Эркин Аъзам. Навоийни ўқиган болалар

Ўқилди: 1 345

10 август — ёзувчи Эркин Аъзам таваллуд топган кун

lola-karimova-presentation-erkin-agzam

Эркин Аъзам 1950 йили Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. Адибнинг “Чироқлари ўчмаган кеча”, “Отойининг туғилган йили”, “Байрамдан бошқа кунлар”, “Олам ям-яшил”, “Жавоб”, “Пакананинг ошиқ кўнгли”, “Шоирнинг тўйи”, “Шовқин” каби ўнлаб насрий асарлари нашр этилган. Ҳозирги кунда “Тафаккур” журналининг бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Адибнинг ҳикоя ва қиссалари бир қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Адабий сценарийлари асосида “Чантрэморе”, “Дилхирож”, “Эркак”, “Қарздор”, “Забаржад” ва “Паризод” бадиий филмлари суратга олинган. “Паризод” фильми нуфузли халқаро кинофестивалларнинг бош совринига сазовор бўлган. 

Бугун севимли адибимизни таваллуд куни муносабати билан самимий муборакбод этиб, мухлислари қалбидан жой олган ҳикояларидан эътиборингизга ҳавола қиламиз. 

НАВОИЙНИ ЎҚИГАН БОЛАЛАР

Ҳазрат Навоий ҳамда бир навоийшуносга бағишланади

         Маликанинг «кетаман» деганига парво қилмабмиз — на мен, на Жаноб. Парво қилгулик ҳолатда эмас эдик: ўйин-кулги, сармастлик. Янги йил кирган, янги йил бошланган. Ёш умрнинг яна бир йили, узундан-узоқ. Шунинг дастлабки кечаси, бир кечагинаси. Ялдо кеча, ялло кеча. Вақт дегани, соат миллари гўё бир нуқтада тўхтаб қолган — ёшликка, ёшлик завқларига маҳлиё. Қўшиқ айтиб чарчамаймиз, тинглаб чарчамаймиз, томоқлар бўғилмайди, бош оғримайди, ирғишлайвериб толмас оёқлар баттар хуружу хумор қилади. Майли, вақт ўтса ўтаверсин, олдинда мўл. Фақатгина тонг отмаса — бас. — Ойим дори ичиб ўтирган бўлсалар керак, мен кетдим!

Кўчага чиққанимизда дунёни қор босган эди. Тўзон, туман. Бир қадам нарини кўз илғамайди. Шу қиёматда Яланғочга етиб бориш керак. Илож йўқ, ойиси дори ичиб ўтирибди. Яна бирпасгина кутса-ку олам гулистон эди — ҳадемай тонг отади. Ана ўшанда дори ичадими, сирками — кўнгли тортгани. Инжиқ, бесабр хотин экан. Онасини кўргину қизини ол. Йўқ, Малика… яхши барибир!

Жаноб Маликанинг тўрвасини (Янги йил базмига сомса пишириб келган эди) кўтариб олган. Хушомад. Садоқатли ит. Хира пашша. Ҳам ғашим келади, ҳам кулгим қистайди: зарурга-ку зарур, қудағай хола, сизга нима зарур?

Шунақа бир аломат тоифа бор. Доимо эргашиб, суйкалишиб юради. Соя, шарпа. Ўзи мустақил ҳолда бирон ишнинг уддасидан чиқолмайди. Севиб-севолмайди, кетиб-кетолмайди. Мудом бировларнинг маъшуқасига кўз тиккани тиккан. Кулгили ва аянчли жойи шундаки, гоҳида ўша ошиқ-маъшуқлар ўртасида воситачилик ҳам қилади: гап ташиш, хат-пат дегандек. Оқибат — пинҳона умидлар билан юра-юра, доғда қолиб кетади. Бечора Жаноб! Қўлида каттакон тўрва, машина тутаман деб елиб-югуришини қаранг. Жони жабборники. Майли, юзта жони бўлса, бари-бари ўшанинг, яъни— Маликанинг йўлида нисор! Шу қилиқларини юзига солсангиз, «Сен учун-да, жўра! Бирга ўқиймиз-ку, жўра!» дейди ерга қараб. Меҳрибон жўра, шум рақиб!

Қор қўйнида, ҳарир-кўкиш тўзон ичра хира милтиллаган учта чироқ базўр судралиб келаётир. Ниҳоят! Иккитаси ер бағирлаган, учинчиси тепароқда. Икки қўлида иккита дур, пешонасида олтин жиға…

Жаноб йўлнинг ўртасига чиқиб фидойиларча туриб олади.

Кўк белбоғли сариқ машина, милисанинг машинаси. Ичида икки одам, ҳокимият вакиллари

—  ёнламасию кўндалангига камар таққан, елкаларида заррин тасма, пешонада тўға, мис тўға… Худо урди!

Жаноб тап тортмайди. Ановинақа ашё-анжомлардан унда йўқ, албатта, лекин ғурури ўзига яраша, тил-жағдан ҳам худо қисмаган. Бир ёқда Маликанинг олдида мулзамлик, боз устига ўлгудек совқотиб кетяпти.

—    Янги йил муборак, тақсирлар!

—    Қуллуқ, қуллуқ.

—Бизларни лутфан Яланғочга олиб бориб ташланглар, илтимос. —Қизилидан битта бўладими? . — Инсоф қилинг-да, тақсир! —Эшикни ёп! Тақсиир!..

Хайрият, савдомизни Малика эшитмайди. У бозор жойидан нарироқда — бекатда қунишибгина, мушфиқ бир қиёфада турибди. Ўн сўм эмиш-а! Ўн сўмга ўн марта бориб келса бўлар Яланғочга. Шу тобда иккаламизнинг чўнтагимизни қоқиштириб қараганда ҳам ўн сўмга етиши гумон. Ўзимизни қўшиб ҳисоблаганда ҳам. Айниқса, ҳозир, шу юпун, мирқуруқ ҳолимизда. Лекин — кўнгил қурғур осмони фалакда, осмон баробар ғуруру даъвога тўла. Қиздан пул сўрамоқ — гуноҳи азим, ўлимнинг ўзгинаси. Биримиз шоиру биримиз Жаноб бўлсак! Яна денг — иккаламиз ҳам ошиқ. Биримиз ошкора, биримиз пинҳона. Чўнтаклар бу аҳвол. Маъшуқа бекатда совуқдан дийдираб турибди. Ойиси уйда дори билан сувнинг нисбатини чамалаяпти. Ўжар, ўзбошимча қиз эса, хушторлари бўлмиш икки ландавурнинг ношудлигига чидаб, қорбўрон кечаси аллақаёқларда тентираб юрибди. Кўп ўтмай бошқа бир машина кўринади.

—  Беш сўмингни чаккангга ёпиштир, ука! Яланғоч дунёнинг кетида-ю!

Кўчада қоровуллик килаётганимизга бир соатлар бўлай деяпти. Яна андак чидаб берсак тонг отади. Маликамизнинг кўзига кўринмаслик учун иккаламиз йўлнинг икки ёқасига гўёки арқон тутганмиз.

Яна бир машина. Олдинги ўриндиқларда пўстинга ўранган икки йигит. Жаноб жонҳолатда ойнага ёпишиб, ёлворади: —Жон оғайнилар, илтимос!.. Инсоф дегани бор экан-ку!

Апил-тапил кириб машинага ўрнашамиз. Икки пўстин ўзаро ғўнғир-ғўнғир қилади. Гаплари қулоғимизга кирмайди — изғирин этни увада, устихонларни илма-тешик қилган. Маликанинг қўлини кафтларим орасига олганман: муз, бармоклари зириллайди. —Қайси томонга, акахонлар? — деб сўрайди пўстинлардан бирови. —Айтдик-ку, Яланғоч тарафга! —Булар-чи? —Ўша ёққа. —Сизлар-чи?..

Машина негадир йўл ёқасида тўхтайди. Гап сўраган пўстинли Жанобдан «бир минутга» чиқишни илтимос қилади. Улар сал нари кетиб, нима ҳақдадир сўзлаша бошлайди. Бир маҳал эшик шартта очилиб, Жаноб қўлимдан тортади: —Тушинглар! Тез! Бу машинада кетмаймиз!

Малика икковимиз ҳанг-манг бўлиб машинадан тушамиз. Машина шу заҳоти кийим- бошимизга қор аралаш шалтоқ сочиб шиддат билан жўнаб қўяди.

—  Нима бўлди ўзи? — дейман гангиб. Жаноб мени четроққа бошлайди.

—   Бизларни, сен билан мени уй-уйимизга олиб бориб қўймоқчи… —Нега… Малика-чи?

—Уни… уни.. — Жаноб юзини четга буради. — «Биз опкетайлик», дейди мараз! Баттар, товонимга қадар музлаб кетаман. Алам, таҳқир ва совуқдан дод деб юборгим келади. Қани, овоз чиқса! Чиққанида ким эшитарди? Эшитганда нима!

Энди машина кутиш бефойда. Маликани ўртага олиб чор-ночор яёв йўлга тушамиз. Йўл тойғоқ, манзил узоқ. Бир-биримизга суянишиб кетиб боряпмиз. Сўз йўқ, садо йўқ. Совуқданми, чарчоқданми, шу қадар карахт бўлиб қолибмизки, аллақандай машина ёнгинамизга келиб тўхтаганини ҳам пайқамабмиз. Қордек оппоқ «Волга».

—     Йўл бўлсин, ёшлар?

Умидсиз, ҳафсаласизлик билан, аммо учаламиз баравар жавоб берамиз: —Яланғочга. —Ўтиринглар.

Тушимизми бу, ўнгимиз? Ишонар-ишонмас машинага кирамиз. Ичкарида, ҳайдовчининг биқинида бир жувон ҳам бор экан. Эгнида қорқизлар киядиган ёқа-енги пахмоқ пўстинча, бошини ихчамгина қилиб оқ шолрўмол билан танғиб олган.

—Яхшимисизлар? Янги йилинглар билан! — деб қўяди у эшитилар-эшитилмас овозда.

Хижолатдан шоша-пиша биз ҳам уларни байрам билан қутлаган бўламиз.

Машина секин қор кечиб жилади. Иссиқдан аъзойи баданларимизга жон оралай бошлайди. Орқадаги кўринмас карнайлардан ўйчан бир наво таралмокда. Танбур. Хушбўй атир ҳиди… Жаноб иккаламизнинг ҳам хаёлимизда бир ўй: бу роҳат-фароғат ҳали қанчага тушаркан? Камида юз сўм сўрайди-ёв. Майли, Маликани уйига элтиб қўяйлик, қолгани бир гап бўлар. Бор- будимизни қоқиштириб берамиз. Беш сўм ҳам чиқмаса керак. Сўка-сўка тушириб юборар. Бу ёғи тонг яқин, ўлиб қолмасмиз. Ўлиб қолсак ҳам Малика кўрмас. Унамаса, изза қиламиз, ёнидаги жувондан уялар. Аёл кишининг олдида биздақа қашшоқ талабалар билан савдолашиб ўтирмас, ўлдими! Хушрўй жувонга ўхшайди. Маъшуқасимикан? Ўзи қари-ку, ўттиз бешларда бор… Бўлмаса кими? Қайси аҳмоқ байрам кечаси хотинини бундай даврон қилиб машинага солиб юради?!

Тўпори Жаноб, ҳеч кутилмаганда, эҳтиросли товуш билан байтхонлигини бошлаб қолади:

Ошиқ ўлдум, билмадим, ёр ўзгаларга ёр эмиш,

Оллоҳ-оллоҳ, ишқ аро мундоғ балолар бор эмиш…

Тун. Қор. Машина шаҳар маркази бўйлаб оҳиста елади. Икки ёнда, бошлар узра рангин чироқлар силсиласи. Биз тушган кема ана шу турфа ёғдулар бағрида сузиб бораётир. Қулоқлар остида танбур навоси. Тантанавор бир намойиш. Олдинда бир жуфт ошиқ-маъшуқ, орқада бир жуфт. Биргина одам ортиқча. Лекин бу сафар базмини, бу фусункорликни шу кимсанинг дардли овози, ўқиётган оташин мисралари уйғунлаштириб, обод этиб турибди.

Ўртанурмен, кўнглига андин асар бўлғайму деб,

Бўлса таъсир, анга ҳолимдин хабар бўлғаймудеб…

Билдик, Маликанинг олдида ўзларини кўрсатмоқчи! Изҳори муҳаббат, очиқ-ошкор! Қарасам, ҳаддидан ошяпти, тобора хиралашиб кетяпман. Ёдаки бисотимни кавлаштириб, «Санго-манго» лақабли домламиз тазйиқ остида ўргатган ғазаллардан айни шу вазиятда кинояомузроқ жаранглайдиган бир байти хаёлимга келади:

Ишқ айлади юз оқилу фарзонани расво,

Не айб, агар қилди бу девонани расво.

Шу тариқа зимдан кураш бошланади: сен зўрми, мен зўр? Малика, ўзинг баҳола! Малика эса таажжубда: бир бало бўлганми буларга, фавқулодда ғазалхонлик, бегона бировнинг машинасида!..

«Бегоналар»га бизнинг бу қилиғимиз негадир эриш туюлмайди, далда берган каби жувон қараб-қараб қўяди. Чамаси, бу ҳол уларнинг ҳам кўнглига ҳамоҳанг.

Сираси, биз — икки талабгор ҳозир истиҳола нималигини билмасдик. Кўр эдик, кар эдик. Бизнинг илоҳимиз ҳозир — яккаш муҳаббат, байт, ғазал, қўшиқ. Бунга эса айни тобда ҳамма нарса муҳайё эди.

— Ке, энди «жон» пайровига ўтамиз, — дейди оташин қиёфага кирган Жаноб.

Шоҳ байтлар. Навоий бобо қулоғимизга шивирлаб турибди.

Жаноб бошлайди:

Жонға йўқ кўнглумдину кўнглумға йўқ жондин хабар,

Менга не ўздин хабар, не кўнглум олғондин хабар.

Мен курсимиздаги Сафар нўноққача ҳамма ёд биладиган машҳур байтни шафе келтираман:

Жисм айларму фиғон, бўлғоч нафас жондин жудо, Айлагил ондин жудо, қилғунча жонондин жудо.

Жаноб тап-тайёр:

Жонға зулмунгни нечаким кўнглунг истар, онча қил, Мен чека олғонча демон, сен қила олғонча қил.

Навбат меники. Аммо ҳадеганда мендан садо чиқавермагач, яккам-дуккам бисотим адо бўлганини сезиб, рақибим мушоира майдонида ёлғиз қолади. Баттар авжу тантана қилади у:

Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим, Жон басе қилдим фидо, оромижоне топмадим.

Шунда мен ҳам бўш келмасликка тиришаман:

Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим, Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.

—   Э, хўш-э, саломат бўлгайлар! — дейди Жаноб тирсагимдан чимдиб. — Мирзо Бобур-ку бу!

—  Навоийники эмасми?

Жанобнинг жиғибийрони чиқади:

—Навоий деганинг нимаси! Табаррук зотларнинг номларини тоқ айтиб бўлмайди. Шаккокликка ётади бу. Низомиддин Мир Алишери Навоий, мухтасарроқ айтиш лозим бўлганда — мавлоно ёки ҳазрати Навоий деган маъқул.

—  Маъқул, маъқул, — деб қўяман иримига, бемаврид бу сабоқдан энсам қотиб.

Биз бугун йигирма биринчи аср бўсағасида турибмиз. Ўтган асрлар адабиётию уларнинг намояндалари олисда қолиб кетган. Биз энди Лорка, Хименес, Уитмен, Неруда руҳида яшамоққа ошиқамиз. «Навоий замонида қолиб кетган» ёлғиз одам курсимизда мана шу — Жаноб, Жанобиддин Сайфиддинов; лақаби — Жанобиддин Савдойи ёки жаноб Жаноб. У ҳамон Навоий замонида яшайди, ўша қадим Ҳирот муҳитидан нафас олади. Шундан, гап-сўзлари одамга эришроқ, ўзи ҳам пича савдойироқ туюлади. (Қайдам, ўз навбатида биз унинг назарида ҳавойиларга ўхшаб кўринсак керак.) Қизларимиз уни очиқдан-очиқ «ненормальний» деб атайди, биз эса масхара аралаш — «навоийшунос».

Дарҳақиқат, унинг гапирган гапи — Навоий, Навоийга доир бирон янгилик топмаган куни дарсга келмайди. «Менга қолса, ҳазрати Навоийни ўқиганга — номзодлик, уққанга докторлик унвонини берардим, — дейди. Кейин ўзича куюниб, комил ишонч билан таъкидлайди: — Токи ул зотни ўқимас экан, уқмас экан, бу халқ одам бўлмайди». Бирор нимадан нолиб, ҳасрат қилсангиз ёки бесабаб, бемаврид суюнсангиз — хуллас, унга шарҳи дил айласангиз, мудом бир хил, қисқагина маслаҳат оласиз: «Ҳазрати Навоийни мутолаа қилинг, ҳамма жавобни ўша кишидан топасиз». У туриб-туриб, масалан, оламшумул бир жиддият билан гапириб қолади: «Кеча тун бўйи камина ўзимча фикр этдим ва шундай хулосага келдимки, Навоий ҳазратлари одам боласи эмас эканлар…» «Ие-ие, бу нима деганинг?» «Авлиё эканлар, пайғамбар! Негаким, оддий одам боласининг қувваи иқтидори бунчаликка қодир бўлмас. Йўқ, ишонмайман, ҳаргиз!»

Биз, оддий одам болалари, ҳали айтилганидек, дарсда Навоийни ўтиб бўлганмиз, Жаноб эса ҳамон ўша муҳит, ўша мавзулар билан машғул: курс иши, эски-туски қўлёзмалар, илмий жамият, навоийшунослар йиғини… Қандайдир тўпламда бир-иккита кичик-кичик мақолалари чиқиб, «Санго-манго» домламизнинг яқин маслаҳатгўйига айланди, курсда ҳам бирмунча обрў қозонгандек бўдди.

Бизни боғлаб турган нарса — у билан иккаламиз бир юртданмиз, бирга ўқиймиз, кейин… йўқ, бу бизни боғлаб турмасди, бизни ўзаро рақибга айлантирган эди. Мана, шу байтбаракнинг мазмунидан ҳам аён.

Уни деб шунчалик жангу муҳораба кетяпти-ю, Маликанинг парвойи фалак, тўғрироғи, хаёли бошқа ёқда: ойиси бор дориларини ичиб битирмай уйга етсам дейди…

Манзилга етганимизда қизиқ бўлди. Маликаларнинг торкўчаси бошида машинадан тушиб, Жаноб икковимиз иймана-иймана чўнтакларимизни титкилаётган эдик, машинанинг эгаси қўл силтади:

— Қўйинглар-қўйинглар, керакмас!

Бизнинг ўзи қуруқ «раҳмат»дан бўлак ҳеч вақомиз йўқ эди.

—Ўзларингга раҳмат. Омон бўлинглар, — деди у машинасини изига буриб оларкан. — Навоийни… ҳазрат Навоийни унутмаган ўзбек болаларидан пул олсак, уят бўлар, гуноҳ! Шунақа эмасми?

Учаламиз кўча бошида серрайиб туриб қоддик.

—Ана, қаранглар, — деди Жаноб ҳаяжон билан, — ҳазрати Навоийнинг руҳи поклари бизни қўллади!

Афсуски, бундан бу ёғига уни ҳеч кимнинг руҳи қўлламади: Малика менга майл билдиргани кўриниб турар, уни энди бир ўзим кузатишим лозим эди. Шунда, хайрлашув палласи Жаноб икковимиз бир дақиқа бир-биримизга тикилиб, боя бошлаган мушоирамизни хаёлан якунлаган бўлдик.

Жаноб:

«Вою юз минг войким, тарки муҳаббат қилди ёр, Билмайин қолдим мену қилмай хабар айрилди ёр».

Мен:

«Ҳилди душман раҳм баским, қилди жавр изҳор дўст, Эй кўнгул, душман топ эмди, тутмағил зинҳор дўст».

Жаноб:

«Кўнглунг истар ёрлар бирла ҳамиша шод бўл, Мендину кимдинки, кўнглунг истамас, озод бўл».

2

Мен Малика билан яқинлашган сари Жаноб мендан узоқлашарди. Мендангина эмас, жамоатдан ҳам. Ҳеч кимга аралашмайдиган одамови, яккамоховга ўхшаб қолди. Энди кўрган- кўришганда совуққина салом-алик қилардик, холос. Бу орада ўқишларни битирдик, кўча- кўчасини топиб ҳар ким ҳар ёққа тўзиб кетди. Юртдошлик, курсдошлик ҳурмати, бир пайтлардаги чатиш хотиралар ҳаққи, атайин хабар юборганимга қарамай, Жаноб тўйимизга келмади. Балки тўғри қилгандир, унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам бормас эдим.

Шу тариқа бегоналашиб, Жанобиддин менинг, Малика иккимизнинг ҳаётимиздан гўё чиқиб кетди. Худди ўзаро келишиб олгандек, умумий бир гуноҳимиздек, уни эсламай ҳам қўйдик. Айтишларича, шарқшунослик институтида юрганмиш. Эски қўлёзмаларнинг чангини артиб. Узоқ йили қайси бир жамоат йиғинида кўрдим ҳам. Кўзойнак тақиб олибди. Фан номзоди. Навоийшуносликка оид баҳсталаб мавзуларда шарҳлари чиқиб туради. Шу борада шов-шувли бир масалани қўзғаб юргани ҳам қулоғимга чалинган эди.

Уйланмади. Эшитишимча, «Ҳазрати Навоий тутган йўриқдан бориб, тоқ ўтмоқни ихтиёр этдим», дер эмиш…

Кейин — мана шу хабар…

3

…Ўша куни у кечки рейс билан Самарқандга учиши керак экан. Қўлида Навоий даврига оид кашфиёт даражасида муҳим ҳужжат, навоийшунослар анжуманида қатнашиши, маъруза қилиши лозим. Илмий сессия эртага эрталаб иш бошлайди.

Лекин аэропортда нима ҳамдир бўлади-ю, самолётга чиқиш олдидан «Кечиқдингиз, одам тўлиб қолди» деган баҳона билан уни рейсдан қолдириб юборадилар. Бу сўнгги рейс экан. Аламига чидаёлмаган навоийшунос тўполон кўтаради, йўлини тўсган ҳалиги маъмур билан жиққамушт бўлишгача боради. Можарога шу атрофда айланиб, жамоат ўртасида тартиб ўрнатиб юрган милиция капитани аралашади. Машғулот топилганидан қувониб, у шартта келиб навоийшуноснинг қўлини қайириб олади. Тартиббузарни хосхонасига элтиб, ҳужжатларини текширади, сўроқ қилган бўлади. Гап-сўзлари бирмунча ҳавойироқ туюлганига қарамай, дарду даъвосини эшитгач, юмшайди, юпатади: «Ҳечқиси йўқ, оғайни. Бунақаси бўлиб туради бизда. Бирортасини шошилинч учириб юбориш керак бўлгандир-да. Сизга маслаҳат: бу кеча уйга бориб маза қилиб дамингизни олинг. Эртага азонлаб келсангиз, мен ўзим тонгги рейс билан жўнатиб юбораман».

Бу ваъдани омонат чўнтагига жойлаб сал-пал ҳовуридан тушган навоийшунос, капитаннинг ҳузуридан чиққач, ўйлаб боши қотади. Ижара уйи шаҳарнинг нариги чеккасида, азонлаб бу ерга етиб келмоғи даргумон. Боз устига хўжайкаси билан айтишиб қолиб, бошқа жойга кўчмоқчи, уч кундан бери эса бир талаба ҳамқишлоғининг каталагида тунаб юрибди. Шўппайиб бу кеч ҳам кириб бориши ноқулай — эрталаб хайрлашиб чиққан.

Дафъатан хаёлида бир фикр туғилиб, аэропортнинг биқинидаги баланд бинога қараб юради. Бир ҳисобда самолётдан қолиб кетгани фойдага. Бу кеча шу ерда бафуржа ўтириб қўлидаги қоғозларни саранжомлайди, анжуманда баён этажак мулоҳазаларини пухталаб олади…

Қачон, қайси меҳмонхонада бўш жой бўлган?! Аммо, навоийшунос хиралик қилиб ёпишиб олгач, маъмур хотин ийгандек бўлиб унинг паспортини варақлаб кўради-ю, башарасига отиб юборади: «Пропискангиз шаҳарда-ку, боринг, уйингизга бориб ётинг!»

Масаланинг бу жиҳатини ўйлаб кўрмаган навоийшунос саросимада қолади. Кейин зўр бериб

ялинмоққа тушади. Фойда чиқмагач, дўқ-сиёсатга ўтади. Маъмур хотин ҳам бўш келмайди, таҳдид чорасини қўллайди: «Ҳозироқ бу ердан даф бўлмасанг, милиса чақираман!» «Милисани

мен ўзим чақираман», дейди навоийшунос кўнглида бир илинж билан ва меҳмонхонадан чиқиб бояги маслаҳатгўйининг олдига югуради. Капитанга аҳволни тушунтириб, «Меҳмонхонага сим қоқиб, бир кечага жой олиб беринг, тақсир, — дея илтимос қилади. — Навоийшуносликка ҳисса қўшган бўласиз».

Капитан нимадандир диққат бўлиб ўтирган эканми, боядан бери қимматли вақтини ўғрилаб безор қилган бу нусханинг ўзини тутиши, гап-сўзлари энди шубҳалироқ туюлиб, ижирғаниш билан сўрайди: «Нималар деяпсиз ўзи, оғайни? Қанақа навоийшунослик?» «Шеър, ғазал деганини тушунасизми ўзи? — дейди навоийшунос унинг беписанд оҳангидан ранжиб. — Мир Алишер Навоий деган зотни эшитганмисиз?» «Ҳа, «Муножот»ни ёзганми?» Навоийшунос бу гапга сал тиришади-ю, сир бой бермай: «Мана, у киши нима дебдилар…» дея ғазал ўқимоққа киришади.

Шеър оҳанги таъсир қиладими ё оми кўрингиси келмайдими, капитан: «Бизнинг улуғимиз ҳам ёзадилар, у киши қўшиқ ёзадилар! — дейди фахр-ифтихор билан ва тортмасидан пиёзнинг пўстидек юпқагина бир китобча олиб, меҳр билан авайлаб столга қўяди: — Мана, у кишининг китоблари! Айниқса, битта қўшиқлари бор, зўр! Эшитгандирсиз, «О-о, кечалар…» деб айтади».

«Ҳа энди, сизнинг улуғингиз қаёқдаю ҳазрати Навоий қаёқда! — дейди навоийшунос, дарди-ҳоли эсида йўқ, астойдил баҳсга киришиб. — Унақалар бутун бор — эртага йўқ. Ўтади- кетади. Ҳазрати Навоий эса… Мана, қулоқ солинг…»

Ҳазрат Навоийнинг даври ўтган, бугун ўзгача даврон экан. Капитан ана шу давроннинг фидойи, кўру кар гумашталаридан эди. У қўшиқнавис улуғининг мухлиси, мухлиси не, садоқатли қули, саноқсиз мирғазабларидан бири эди. Бир муддат одамшаванда бўлиб кўринган бу кимса, мирғазаблиги эсига тушиб, яна аслига қайтади. Яқин бир соатдан буён бошини қотираётган мана бу телбанамонинг андишасизлигига аччиғи келади. Ўзидан пастроқ бир мирғазабга буюрадики, бу шаккокни анови хонага олиб кириб боплаб адабини берсалар, то улуғнинг улуғвор қўшиқларига ҳамнавоз бўлмагунича дарраласалар…

«Кимсани дард аҳли деб, сирримга маҳрам айладим,

Ўз-ўзумни куч билан расвои олам айладим».

Шаккок болтадан қайтмайдиган хилидан бўлиб чиқади. Ҳаммаёғи мўматалоқ, оғзи-бурни қон ҳолига, бояги лафзини қўймайди: «Улуғинг шоир-поир эмас, ўткинчи! Ўшанга сиғинган сенлар эса — қонхўр жаллод!» Кейин ўз-ўзидан совуқ илжайиб байт ўқийдими-ей, ғазал ўқийдими-ей…

«Даҳрдин меҳру вафо қилма ҳавас,

Элидин ғайри жафо қилма ҳавас».

Ҳибсхонага оқ халат кийган иккита норғул-норғул йигит кириб келганда шаккок, кўзларида ёши шашқатор, ҳамон овозини баралла қўйиб ғазал ўқиётган бўлади. Норғуллар уни таппа ерга босиб, оёқ-қўлини боғлашади, аъзойи баданини омбирдек сиққан аллақандай ридога ўраб, «Тез ёрдам» машинасига тиқишади.

Шаккок бу ерда беморга айланиб, бир эм билан беш кун кўзини очмай ётади. Олтинчи куни ўзига ке-либ, ҳовлига ўрмалайди. Қаерга тушиб қолганини қўриб, ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Аммо ҳеч ким парво қилмайди, ҳеч ким ҳайрон ҳам бўлмайди. Чунки бу ерда ундан ҳам қаттиқроқ ҳўнграб йиғлайдиганлар сероб экан.

Шу зайл аста-секин аҳволига кўникади, бундаги тартиб-қоидага бўйсуна бошлайдй; ўзига ўхшаган биродарларига аралашиб, элакишиб, байту ғазаллар ўқиб юради. Улар орасида «Навоий», «шоир» деган лақаблар орттиради. Илк дафъа бундан хабар топганида, яъни — кимдир «Ҳў Навоий» деб чақирганида у бирдан кўкариб кетади, сўнг шифохонани бошига кўтаргудек тўполон қилади. Шунда уни тутиб олиб яна эмлайдилар…

Бир куни йўлақда фаррош кампирга пул қистириб, шарҳи аҳволи баён этилган мактубни жўнатишни сўрайди.

Хизматдош ҳамкасблари ҳеч гапдан бехабар, унинг Самарқандда бунчалик узоқ қолиб кетганига ажабланиб, ўша ёқда касал-пасал бўлиб қолдимикан, деган гумон билан юришган экан. Тезда бу ерга етиб келишибди. Аҳволни кўриб, аввал ҳайрон, сўнгра дарғазаб бўлишибди: бу қандай шафқатсизлик, бу қандай қабоҳат! Ўша куниёқ зудлик билан ишхоналаридан ваколатномаю кафолатнома уюштиришибди. Бироқ, шифохона маъмурияти бу қоғозларни инобатга олмабди: бошқа жойдан бошқа кўрсатма келган экан.

Ниҳоят, йигирма кунлардан кейингина унга жавоб берилади. Кутилмаганда рухсат теккани боис, ёнида бирга кетадиган ҳеч ким йўқ, ўзи ёлғиз экан.

Оқибати шу бўлибдики, ижара уйига кетаётиб, метронинг охирги бекатига келганда, «Бу ўзимнинг уйим-ку, нега бўшатар эканман?!» дея даъво килиб туриб олибди…

Яна ўша мирғазаблар, яна ўша оқ халатли норполвонлар, яна эм… Кейин…

4

…Дафн маросимидан эзилиб қайтдим.

Шўрликнинг сўрайдиган киройи кимсаси йўқ — бесойиб; амакисими, тоғаси бор экан, у ҳам етиб келолмади шекилли, шаҳардаги қабристонлардан бирига дафн этилди.

Мозордан қайтишда баъзи бировлар ўлими тафсилотини муҳокама қилишди: ўшандоқ жойда қандай рўй бериши мумкин бундай ҳодиса, бепарволик, совуққонлик; наҳотки, ҳеч ким кўрмаган бўлса; арқонни қаёқдан топди экан… Марҳум Самарқандга олиб жўнаган ўша муҳим ҳужжат ҳақида гап борди, ҳар хил тусмол-тахминлар айтилди, баҳс бўлди: қўлёзма чиндан ҳам кашфиётмиди; қаерда қолди экан; тақдири нима кечди; наҳотки, шундай ноёб ҳужжат йўқолган бўлса… Бу борада ҳеч ким тайинли бирор гап айтолмади.

Кейин кимдир марҳумнинг феъл-атворига оид эҳтиётсизроқ бир гап қилган эди, дафн аҳли ўша кишига бараварига ўқрайиб қаради.

5

Уйга келгач, Маликани кўриб яна безовта бўлдим. Бу ҳодисани унга айтгим келаверди. Аммо… тилим бормади. Келиб-келиб энди, рашкка ўрин қолмаган бўлса-да (қабоҳат-ку бу!), айтолмадим. Кўрқдим, нимадандир қўрқдим. Ҳануз қўрқаман…

Лекин, ўша тушдек қорбўрон кечасини ҳаётимиздан ўчириб ташлаб бўлмаслигига ҳам ақлим етади. Ушанда бизга унутилмас бир ҳиммат кўрсатган кимсани эслаб эса кўнгил таскин топгандек бўлади.

1989

БИЗНИНГ ТОҒА

Балки эшитган чиқарсиз, тоғамизнинг исми Ғазанфар. Супрақоқдисига меҳри бўлакчамиди, раҳматли бобомиз уни азза-базза дабдаба отига миндириб, эринмай, алланечук мароқ билан номини жуфтлаб «Муҳаммад Ғазанфар» деб атарди. Бундай шарафга муносиб кўрилган фарзандга муомала ҳам, табиийки, ўзгача бўлади: кенжа болам, сен же, болам. Салкам юз йил умр кўрган кўҳна одамнинг чопони этагида вояга етган зумраша ана шу юз йиллик ҳаёт тажрибасини сабийлик зеҳнига бамисоли оҳанрабо маҳкам жойлаб олган, етти ёшдаёқ етмиш яшар чоллардек салмоқ билан мулоҳаза юритадиган бўлиб қолган эди. Унга дам-бадам маслаҳатлар солинишини айтинг: «Келаси бозор анови қисир қўйни савдога қўйиб, пулига уч- тўртта тувча сотиб олсак, шунга сиз нима дейсиз, мулла Муҳаммад Ғазанфар?» ёки: «Мулла Муҳаммад Ғазанфар, боғ этагидаги ҳуув икки туп олманинг танасида чумоли кўргандек бўлдим, чиришини кутмай шуларнинг баҳридан кечсакмикан, девдим…» Хотирингиз жам бўлсинки, бундай пайтда муштаккина тирмизакдан, муқаррар равишда, турмуш ташвишларида чийралиб кетган тажрибакор мўйсафидни-да қаноатлантирадиган бамаъни бир таклиф чиқарди.

Қазоси етиб бобомиз оламдан ўтгач, уруғимизнинг сўзга етар оқсоқолларию ёши улуғ акалари бир четда қолиб, барча маърака-маросимга кенжа тоғамиз Муҳаммад Ғазанфар бош бўлганида, кейинчалик эса у ўз-ўзидан раҳматли бобомизнинг ўрнини ишғол этганида ҳеч ким ажабланмаганининг сабаби ана шунда. Ўтган ўтди, ўрнига муносиб ўринбосар қолди — ёшининг нима аҳамияти бор, тўғрими?

Лекин, бобомиз бу дунёдан кўз юмгач, тоғамизнинг болохонадор исми шарифи ҳам таъсир кўрди. Баъзи бировлар, айниқса, билмаган бегоналар тоғамизга иши тушганда пайғамбаримизнинг муборак номларини айтарди-ю, умматларининг асл исмига келгавда ҳафсаласи етмасди. Бегона бўлмасак-да, биз — хеш-табор уни раҳматли бобомиз ўтқазиб кетган дабдаба отадан қариндошларча аяб-авайлаб пастга тушириб, тоққина қилиб «Ғазанфар» деб атаймиз. Аммо — юз-кўзига эмас, орқа-варотдан, ўзаро эслаган-нетганда. Бошқа вақт андак табассум, андак истеҳзо билан — «тоға», «тоғамиз». Шукрки, худо бизни тоғадан қисмаган, нордек-нордек тоғаларимиз бор. Лекин уларни номи билан атаймиз, масалан: Самандар тоға, Искандар тоға. Кенжавойга келганда эса — йўқ, номларини тутмоққа изн берилмайди, у киши — якто, ягона, у киши — тоға, тоғамиз, вассалом! Ўзлари биздан уч- тўрт ёш берида-ю, шундай деб атаймиз. Демай кўринг-чи! Мажбурсиз. Энамиз мажбур килади. Арзанда укаси, яъни — бўлажак тоғамиз ҳали ҳўл этагини белига боғлаб, булоқи бурнини шўриллатиб юрган кезларидаёқ биз уни «тоға» демоққа мажбур эдик. У гўёки башорат қилинган келажагини ўша вақтлардаёқ туфлаб белига маҳкам тугиб юрарди, бурнининг шўриллашлари ҳам кароматдан ажаб аломат! Бугун эса, хоҳланг-хоҳламанг, аммо «тоға» демай кўринг-чи, нақд бошингизни ёради. Ҳар гапида икки карра «жиян» деб турганидан кейин, гоҳвда ҳам «тоға», ҳам «амаки» деб юборасиз!

Ҳали айтдик: тоғамиз биздан ёш (у бобонинг кейинги хотинларидан), лекин шу ҳолига уруғимиздаги жами улуғларга бош. Гўёки, тўқсон еттига кириб оламдан ўтган раҳматли бобомиз авлодимизнинг бор ор-номусиғш мана шу кенжасига васият қилиб, қулф-калитни ўзи билан олиб кетган («Бобонгизнинг васияти шундай бўлган, жиян, бобонгизнинг!»). Ўлими олдидан эшикни маҳкам тамбалатиб, келажак етти пуштимизга тегишли васиятларини ҳам шунга қолдирган гўё.

Тоғамиз — ўрнига қараб, албатта — бирда куйди-пишди, бирда сипо-соме кайвони; қариндош-уруғда бирон бир майда-катта мажлису машварат усиз, унинг маслаҳатию йўл- йўрикдарисиз ўтмоғи раво кўрилмайди. Аллақачон иягига бобосоқол битган невара-чеварали отамиз ҳам у кишимдан маслаҳат сўрамоққа мажбур. Кечқурун девор-дармиён қўшнингизни чақириб бир нафас чақчақлашмоқчи бўлсангиз ҳам тоғадан изн олмоғингиз шарт. («Шу ҳамсоянгиз моли мардумхўрроқ, жиян, ҳушёр бўласиз-да. Кечаги бозор денг, битта тиррақи эчкини отасининг нархига пуллади-я, ноинсоф! Тағин ўзингиз биласиз, жиян. Айтдим-қўйдим. Бобонгизнинг васияти»). Ўзингиз «билакўрманг», зинҳор-базинҳор. Касофат босиб, бирор йўрикда у кишим ғофил иш тутсангиз борми, ҳеч иккиланмай, тоғамиз энди йўқ, деяверинг. Араз, юзкўрмаслик. Орага қўйган одамингиз бир дунё дилсиёҳлик билан қайтган. «Унақа жиянни билмаймиз, биродар, — деганмишлар. — Бориб айтинг, тоға-поғаси йўқ, ўлган». Азза- базза, бетингизни қаттиқ қилиб ўзингиз рўбарў бўлиб, минг бир тавалло этиб кўринг-чи, бирон иш чиқармикан! «Ҳай, ўзингиз биласиз, ҳай, йўлингизни берсин»лаб тураверади совуққинасига. Охирида зўр-базўр юмшаган бўлади. «Ҳар ишнинг расми бор-да, жиян», дейди худди қарз бергандек қилиб.

Расми шуки, уч-тўрт кишини уйга чақирасиз, тоғани эса шахсан бориб таклиф этасиз. Битта қора қўйнинг, бир неча «оқ қўй»нинг бошини олиб… яраш оши! Бошқаси ҳисобмас — расми шу.

Қариндош-уруғ неки бир маслаҳатга жам бўлса, жумлаи давра Ғазанфарбойнинг оғзига қарамоғи, у киши ҳали қадамранжида этмаган бўлса, истиқболига кўз тутмоғи шарт. Бунақа пайтда тажангроқ отамиз: «Шу уканг!.. — дейди энамизга. — Шу уканг хотиндай майдагап, хотиндай ўшакчи-я!» «Нима қилай, чол? — дейди энамиз ночор жавраниб. — Сизнинг орингизни ортмоқлаб овора-да шўрлик укагинам!»

Ниҳоят, тоқатларни тоқ қилиб Ғазанфарбой келадилар. У келганда эса, отамиз бирдан гирдикапалак бўлиб, «Тўрдан ўтинг, Ғазанфарбой, тўрдан ўтинг»га тушиб қолади. Ғазанфарбой тўрни қўйиб, ранглари бир алвон, опасини, яъники, бизнинг энамизни четга имлайди. Маъни-дод асноси у кишининг «Апа-а! Апа-а!» деган, энамизнинг эса, «Нима қилай, укажон, замонаси экан-да» деган нолаю афғонлари эшитилиб туради.

Маълум бўладики, Ғазанфарбойнинг бўй етган жиянлари, яъники, бизнинг синглимиз (аммо шу тобда унинг бизга сингил экани асло ҳисобга кирмайди) бугун тағин кўчага бошяланг чиқибди! Уни кўриб оркаш тоғанинг номуси келибди. Бор гап шу. Бўлмаса-ку, кўча тўла қиз- жувон, шу кунда бошига рўмол ўраганини топиб кўринг-чи! Майли, улар билганини қилсин, ҳар кимнинг гўри бошқа, лекин, кимсан — Ғазанфарбойнинг жияни… Ҳай, ҳай!

Бу нақлларни ўқиб, даврдан ортда қолган аллақандай биқиқ бир кимса кўз олдингизга келган бўлса керак. Янглишасиз! Ғазанфар тоғамиз замонавий одам: мактабда меҳнатдан дарс беради, муаллим. Ҳа, «домла» деса ҳам бўлаверади. Дарвоқе, Булғорияда унга шундай деб мурожаат қилганлар. Ишонмасангиз, ана, ўзидан сўранг.

Ун йиллар бурун у қадрдон ошнаси Ибод сартарош билан, халқаро маданий алоқаларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшмоқ ниятида, арзон-гаров йўлланмани чўнтакка уриб, дўст ва биродарлар юрти Булғорияга саёҳатга бориб келган. Мана, ўн йилдан бери, тўрт одам тўпланган жойда шуни нақл қилади. Аллақачон оёғи осмондан бўлиб кетган халқаро сиёсат бобидаги бор бисоти шундан иборат. Айтишича, ўшанда бир булғор унга: «Бизлар ҳам асли туркмиз, домла», деганмиш. Гурунгаинг шу жойида шўх-шалайим укамиз луқма ташлайди: «Ростдан ҳам шундай дедими, тоға? Сизни ростдан «домла» дедими?» Тоғамиз бир сескангандек бўлиб, ўқраяди: «Жия-ан!» Кейин яна: «Жия-ан!» Бу дунёда сўраб бўлмайдиган нарсалар ҳам борлигини, бинобарин, кўпдан-кўп саволларга очиқдан-очиқ жавоб берилмаслигини ҳали билмайдиган бетамиз жиян баттар хуруж қилади: «Домла» деган бўлса, суриштириб кўрмабсиз-да, балки бизга ўхшаб у ҳам қўлингизда ўқиган чиқар? — Бола болалигига тортиб ҳужумнинг бу ёғини сусайтириб юборади: — Уларнинг ота-боболари ўзимиздан бориб қолган, дейишади-ку…» Сезган бўлсангиз, ҳалидан бери «биз», «биз» деб гапиряпман. Биз деганим — мен билан Амир. Иккаламиз ҳам тоғамизга бирдек жиян: мен катта опасининг, Амир ўртанчасининг фарзанди. Лекин, мен яхши жиян, Амир — ёмон. Менинг ҳамма ишим — мирқуруқ бир соҳани танлаганиму «игна билан қудуқ қазийвериб» таги заминни илма- тешик қилиб юборганимга қарамай, ҳамон бирим иккига дўнмай шўлтиллаб юрганим, Тошкентдан уйланганиму мусофир бўлиб шу шаҳарда яшаб қолганим — бари-бари яхши, минг бора мақтовларга сазовор, энг муҳими, тоғамизга маъқул; Амирнинг «сайқали замин» Самарқанддаги донғи кетган савдо ўқишларини битириб, ёғли-ёғли жойларда ишлаганию қишлоқда ҳар қанақа шаҳардагидан қолишмайдиган дабдабали иморатлар солиб, амир Олимхондек давр суриб яшаётгани ҳам, шу кунларда айниқса ошиғи олчи туриб, тижорат орқасидан дунё кезиб юргани ҳам — бари-бари ёмон, нопоклик, энг муҳими — тоғага маъқул эмас. Негаки…

«Бўлангизнинг зоти паст» дейди тоғамиз. Худога шукр, бўла-бўлаваччаларимиз кўп, аммо ўзидан нари суриб «бўлангиз» деганда тоғамиз фақат Амирни назарда тутади — номини ҳам атамоқни эп билмайди. Бўламизнинг зоти бир тарафи ўзларига тақалиши ҳаммага маълум, лекин бундай пайтда тоғамиз айнан собиқ поччаси — Амирнинг отасини нишонга олади. Бу ота-ўғилдан нозиктаъб тоғамизга нима жабр ўтган — бир худога аён, тўғрироғи, у ёғи мужмал, мунозарали бир гап.

Амир бўламиз — кўнгли очиқ, қўли очиқ, аксарият савдо аҳлига хос киришимли, сал нарсага ён берувчи ҳамиятли йигит. У менга жуда меҳрибон, «бўлажоним»лаб бошига кўтаради. Болаликдан бирга ўсиб, бирор маротаба жанжаллашмаганмиз. Кисқаси, худо берганини биродарлари билан бўлишадиган ҳотамтой, мурувватли инсон. Унинг тоғамизга нисбатан ҳам бирон бир кек-ғаразини сезмаганман, ҳамиша бағрини очиб муомала килади. Тўғри, андак киноя аралаш, андак пичингу истеҳзо билан. Аммо бунга ҳам тоғамизнинг ўзи айбдор.

Сабаби менга қоронғи бу зиддият тоға-жияннинг ўртасида азалдан бор эди, деса булади. Бу, табиатан бир-бирини хуш қўрмаслик — иқи суймасликми ёки арзимас бир нарсадан бошланган болалик аразининг тобора чуқурлашиб адоват чоҳида айланганими, ишқилиб, мен билмайман, билмайман. Бобомизнинг кенжатой-эркатойи хархашаю жанжал эвазига бошқалардан ундирган неки нарсаси бўлса менга илингани илинган эди, «ўгай» жиян — Амирга эса одатдаги ёвқарашдан ўзга ҳеч вақо йўқ. Бундай чоғларда бечора Амир қўзлари ёшовсираб менга илжайиб турарди. Ҳозир ҳам шундай. Бироқ энди у тоғамизнинг бундай айирмачиликларини кўрганда бепарво, шўхчан кўз қисиб қўяди, холос. Болаликдаги сингари кўзи ёшланмайди.

Тоға-жиян ўзаро ёвлашиб-ёқалашиб юраркан, ўртада менга маза! Иккаласи ҳам мен билан соз. Сезишимча, мени бир-биридан қизғанади, бир-бирининг ғийбатини келиб менга қилади. Бирига суюкли бўла, бирига суюкли жиянман. Гоҳида, шулар мен туфайли ёвлашиб юрмаганмикан, деган ўйларга ҳам бораман. Гўё иккаласи алоҳида-алоҳида менинг олдимда ниманидир исботламоқчидек…

Уларнинг менинг тўйимга Тошкентга келиши ҳам кизиқ бир ҳангома бўлган. Манзилдан адашмаслик учун, шаҳарга кираверишда тўй анжомлари ортилган машиналарни бошлаб борадиган бир такси ёллашибди. Инқилоб хиёбонини айланишда йўл бошловчи машина ўтган заҳоти «кизил чироқ» ёниб қолибди. Унинг изидан келаётган «меҳмон» машинани эса милиса тўхтатибди. Одатдаги машмаша: «Нимага қизил чироққа ҳайдадинг?» «Кўрмай қоппиз, кечирасиз». «Қайси бирингни кечирай, правани чўз!» «Ия, олдиндаги таксига индамасдан, бизни — меҳмонни тутасизми, тарафкашлик экан-да?» «У қоидани бузгани йўқ, сиз — буздингиз!» «Ундан орқада қолсак, адашар эдик-да, ака…»

Ахийри, машинада қўр тўкиб ўтирган қудабоши — беқасам чопонли девқомат тоғамиз тушади. Аввал кафтини тўлдириб, шошилмай носини отади. «Қани, ошна, тинчликми?» дейди кейин милиса болага, нақд осмондан келиб. «Бизда-ку тинчлик, — дейди милиса бола,— сизда билмадим». «Ҳа энди, бир келиб эдик шаҳрингизга меҳмон бўлиб…» «Сиздақа меҳмон кўп шаҳримда, — дейди милиса бола баттоллигига бориб. — Ҳар бири сизга ўхшаб қоидани бузаверса, шаҳарда шаҳар қоладими, ака!» «Ўв ука, одамгарчилик деган гапларни эшитганмисан? Мусулмон миллатиданмисан ўзи?» Боланинг шу жойда айбгинаси бор экан чоғи, индалл-сини айтиб қўяқолибди: «Миллатим… милиса, билдингизми?!» «Билдим, билдим, — дебди тоғамиз уни нозик жойидан тутиб, — кўриниб турибди муомалангдан. Пагонинг ҳам бор экан, ҳали топ-тоза. Ке, ука, правани қайтиб бер, яхшилаб бир дуо қилайлик, мана шу пагонингда осмондагидай юлдуз бодраб кетсин илойим, хўпми?» «Бошши қотирманг, ака, лўлиликни бориб қишлоғингизда қиласиз!» «Ҳўв-в, берсанг — бердинг, бўлмаса, ҳозир Муҳаммад Юсуфнинг олдига бораман!» дейди тоғамиз сўнгти чорасини ишга солиб. (Шоир маччойи саёҳатларидан бирида менга қўшилиб бориб, тоғага меҳмон бўлган, иккаласи роса чиқишиб қолган, тоға уни Тошкентдаги нақд энг довруқли одам деб билар эди — мухлислик дарди ёмон-да!) «Юсуф? Муҳаммад? — дейди йигит милисалигига бориб, беписандлик билан. — Ким у, муллами?» «Шоир, хомкалла, шоир! «Кўнглимда бир ёр»ни ёзган зўр шоир! Шундай шоирни билмайсан-у, катта шаҳарда ғўддайиб юрганингни қара!» Нодонлигидан мулзам бўлган милиса бола аччиқ устида қўлидаги қоғозга тамға босай деганида тоғамиз оғзидаги носини узоққа тупуриб, алам билан пўписа қилади: «Ўв-в, ўғилбола, биз томонларга ҳам борарсаан, қўлгинамга ҳам тушарса-ан бир кун!..» Милиса бола эса умрида Тошкентдан бир қадам нари чиқмаган, чиқиб дунёнинг бир четидаги тоғу тошлар орасида биқиниб ётган аллақандай гадойтопмас гўшага бориб, азза-базза «қўлга тушмоқ» нияти ҳам йўқ.

У зўр ҳафсала билан қўлидаги «ҳайдовчи одамнинг жони»га бигиз ураман деб турганида кейинги машинадан аста Амир бўламиз тушиб келади. Бўламиз савдо ходимларига хос бир эҳтиёткорлик ва мулозамат билан милиса болани четта имлаб, унча-мунча одамнинг тиши ўтмайдиган бир тилда икки оғиз гаплашадию қўл сиқишиб хайрлашув баробари керакли муомалани битиради; ҳайдовчилик гувоҳномасини эсон-омон «қутқариб», уни негадир келтириб тоғамизнинг қўлига тутқазади. Бу ишни атайин қиладими, беихтиёрми, ҳарқалай, аҳмоқ Амир шу ўринда ниҳоятда катта хатоликка йўл қўиганини айтиб ўтмасак бўлмайди.

Улар ўртасида шу тариқа яна бир адоват туғилди. Бу ёқда ҳамма тўй тараддуди билан банд, тоғамиз эса тумшайиб, тунд бўлиб юрди. Кечқурун тўй бошланган қаҳвахонадагина келиннинг сипо, сертавозе тоғаси билан топишиб қолиб, чиройи сал очилгандек бўлди. Икки тоға тўйни эсдан чиқариб, ўзаро шакаргуфторликка шўнғиб кетди. Аммо буни ҳам худо кўп кўрган экан.

Бир маҳал қулоқларни қоматга келтириб даранг-дурунг бошланиб қолмайдими! Гурунг заҳа еганидан ранжиган нозик томон — қуда тоға «Шу, сал пастроқ чалса бўлмасмикан» дея тилак билдирибди. Тўйга масъул томоннинг вакили сифатида жўмард тоғамиз шартта ўрнидан турибди-да, «шовқинчилар»нинг каттасини хурсанд килиб, муддаога эришибди. Буни кўрганми, кўрмаганми, атайми, атай эмасми — хуллас, ўлгур Амир ҳам бориб ҳалиги йўл билан тоғамизга, тескари иш қилиб келибди. Яна қулоқлар батанг! «Ўгай» жиянининг қилмишидан бехабарми, бохабарми, тоғамиз тағин бориб бояги амални қўллабди…

Бу ҳол, бу мусобақа бир неча бор такрорлангач, пулдор рақибига бас келмоғига кўзи етмаганми, умум-кўпчиликнинг раъйи (шулар орасида биз — келин-куёв ҳам бормиз) — шовқинсеварликка қарши бормоқни эп билмаганми, тоғамиз тўйхонага сиғмай, аразлаб туриб уни тарк этибди.

Уйланган биз-у, орада тоға-жиян талай вақт араз-дураз қилиб юрди. Умуман, уларнинг бир- бирига тум-шуқ кўрсатиб юришига баҳона доим тайёр эди.

Мусофирчилик, бобомизнинг жанозасига етиб боролмадим. Маъракаси куни унчалик аҳамият бермаб-ман, кейин қарасам, тағин одатдагидек — тоға бир ёну жиян бир ён. Кечган гапни иккалови икки хил талкин қилиб гапиради.

Бобомизнинг «етти»си куни, эгнида чопон-белбоғ, дарвоза тагида турган тоғамиз нарироқда Амир бўламиз ўзибоп бир-икки жўраси билан ҳадеб ҳиринглашаётганини эшитиб қолибди. Бундай диққат қилса — беҳад ножўя, шаккокона ҳангома. «Саттор, Саттор, — дер эмиш бенамоз Амир узанги-йўлдош жўрасига, — бизнинг бобо билан сенинг моманг ёшлигида дон олишган, деб эшитиб эдим, ҳозир улар жаннатда топишиб, «свидания» килиб юрган бўлса кераг-а, нима дединг?» Ҳиринг-ҳиринг. Куфри ошиб тоғамиз ул шаккок невараларнинг олдига борибди. «Бобонгиз ўлди, жиян, шунга куляпсизми?» «Энди-и, тоға, — дебди Амир баттар тиржайиб, — бобомизнинг тўйи бу». «Тўй бўлса, карнай-сурнай чақиринг. Арзанда қизидан арзанда невараси бўласиз, сиздан лозим».

Амир бўламизни хушламасликка, ўзининг ҳисобича, тоғамизнинг минг бир асоси бор эди. —Бўлангизнинг зоти паст, жиян, зоти! — дер эди у ҳар гал жизғанаги чиқиб. — Сиз билмайсиз. Ҳеч ким билмайди. Отаси қасамхўр унинг. Бузуқи. Гапирсангиз тилингиз куяди, эшитсангиз, қулоғим битсин илойим, дейсиз. Айтсам — ишонмайсиз. Ўз кўзим билан кўрганман… Эсиз апам! Ўзингиз биласиз, жиян, раҳматли холангиз неча йил тўшакка михланиб ётди! Хотин бу ёқда ҳиқиллаб ётибди, поччажонимизни бўлса бир кеча Анор беваникидан чиқиб келаётганида кўриб эдим, жия-ан!.. — дея фиғон киларди оркаш тоғамиз. — Буни кўрган кўзларим ўйилиб тушгани йўқ, жия-ан!

—Ҳў қачонги гап бу, тоға! Холамиз раҳматли, мана, ўзингиз ҳам айтиб турибсиз, неча йил ўриндан қимирламай етди. Эркак киши, нима қилсин, ахир? А кейин уйланди-ку ўшанга.

—Майли, майли, қаршилик йўқ. Лекин, марҳумнинг йил-пилини ўтказиб, сўнгра қилинади- да бунақа ишлар. Расми шундай. А бизни чақирсин эди, олдимиздан бир ўтиб маслаҳат солсин эди. Иўқ, йўқ. Ўлсам — кўкайимдан, чирисам — суягимдан кетмайди бу, жия-ан!

Холамиз ўлганда тоғамиз ўн тўрт-ўн беш ёшларда бўлган. Демак, расманасини олганда, поччамиз ўшанда ўлган хотинининг укасини — ўн тўрт-ўн беш яшар тирранча қайнисини азза- базза чақириб, уйланиш хусусида унга маслаҳат солмоғи керак экан… Аттанг. Нодон почча!

Бултур меҳнат таътилида қишлоққа борганимда тоғамиздан чиққан илк луқма шу бўлди: «Эшитгандирсиз, жиян, бўлангиз тус қирнинг бошига қаср қурди!» Бошқалар ҳам фақат шуни такрорларди: «Ҳа, ҳа, эшитдингизми, эшитдингизми?»

Эшитдик, эшитдик. Бориб кўрдик ҳам. Ёзнинг куни шабадасида ўтириб бирпас яйрадик ҳам. Барака топсин бўламиз. Лекин, қургани қаср-паср эмас, баҳаво, кўркам манзарали жойга дид билан солинган анчайин бир шийпон, холос. Тевараги ўраб олиб обод қилинган, пастдан сув ташиб дарахт-парахт кўкартирилган, ҳар ёғида гулу чечак чаман, яшнаб турибди.

Бўламиз бизни илк бор у ерга таклиф қилатуриб, келгуси режалари, яъни тоғда жуда катта, замонавий, керак бўлса, вертолёт ҳам қўнадиган бир дам олиш маскани қуриш нияти борлигини атай кўпиртириб гапирганида ўша даврада мен туфайлигина юрган тоғамиз ҳам бор эди. Таклифга жавобан у киши узун-узун қўлларидан кўкракларида салб ясаб: «Қуллуқ, қуллуқ. Ўзларинг бораверинглар, баҳузур. Биз рози, биз тавба қилдик», дедилар негадир заҳралари учиб. Амир ҳам ортиқ қистаб ўтирмади, унинг писандаю замзамаларига ҳам парво қилмади — эти ўлиб кетган.

Қолган «дарди»ни тоғамиз кейин айтди:

—Ул дабдабаю ул асъасани кўрдингизми, жиян? Ҳайф, ҳайф. Ҳафтанинг етти куни ана шундай маишат. Бир тўда улфати билан қаёқдаги саёқ ўйинчи қизларни элтиб, базми жамшид қилиб ётади. Бу ишларнинг савол-жавоби бордир ахир бир кун! Кошоналарига «Амиртепа» деб ном қўйиб олганлар. Бир-икки нордонроқ гап билан изза қилмоқчи бўлсам — қаёқда! «Афғонга ўтаётиб амир Олимхон шу жойда тўхтаб нафас ростлаган экан, ўшанинг номига қўйдик-да, тоға», дейди касофат сув юқтирмай. Сенинг ўша амир Олимхондан нима фарқинг бор? Амир Олимхон ҳам шунчалик давр сурмагандир! Мана, кўриб турасиз, жиян, бу корчалон бўлангиз шу кетишда бутун тоғу тошни эгаллаб, юртимизга ўзининг номини қўйиб юборишдан ҳам тоймайди ҳали! Ўз оғзи билан айтиб турибди-ку!

—  Қўяверинг, тоға, — дейман муроса йўлини ахтариб. — Биздан ҳам чиқсин-да! Ҳечқурса, гиламининг бир чети ўзимизники бўлади, зиён қилмас.

Тоғамиз дафъатан қайнаб кетади:

—    Жия-ан! Жия-ан! Тоғангизни билмас экансиз. Шунинг гиламига ўтиргунча, бориб ҳув анови тақрон ерга ўтираман, захга ўтираман, захга!.. — Кейин бирдан, кутилмаганда ҳовуридан тушиб, дард билан, алам билан ўйчан бир овозда пичирлайди: — Жиян, мана, сиз ўқиган, билган олим одамсиз, айтинг-чи, наҳотки, дунё энди шу бўлангизга ўхшаганларнинг қўлига ўтиб кетса?! Радиосиям, телевизориям кечаю кундуз жаврагани жавраган: пул топ, пул топ, қаердан бўлса ҳам, қанақасига бўлса ҳам пул топ, бой бўл, миллионер бўл! Ҳа, маъқул, бой бўлганга, бадавлат бўлганга нима етсин, ахир! Лекин меҳнат билан, машаққат билан, тер тўкиб топилади-да давлат дегани ҳам! Булар айтаётган ҳийла-найрангдан келадиган бебилискаси куфр эмасми, жиян, ҳаром-ку!

Ёзнинг ўрталарими эди, осмондан тушгандек бўлиб тоғамиз Тошкентга келиб қолди. Тўғри ишхонамга кириб келди. Биз томонда турадиган бир ҳамкасбимизнинг шалақ «Москвич»ида кечқурун уйга келдик. Обу ош, гурунг. Айтишича, тоғамиз атайин биз билан маслаҳат қилгани келибди. Амиртепанинг (бу номга энди ҳамма кўниккан, ҳатто қайсар тоғамиз ҳам!) қоқ тўғрисидаги баланд қирга чиқариб кўшксимон иморат солмоқчи экан, шунга менинг рухсатим керак эмиш. Нега айнан менинг рухсатим? Иморат менинг номимда бўлармиш-да. Амир бўламизнинг шийпонидан ўтса ўтармишки, асло қолишмасмиш!

Бу таклиф менга аллақандай бачкана, ҳавойидек туюлди. Қолаверса, менда на маблағ, на истак-интилиш бор.

—У ёғидан ғам еманг, жиян, бизга қўйиб беринг,— деди тоғамиз тоғаларгагина хос бир жўмардлик билан. — Сиз бир оғиз «хўп» десангиз бас, у ёғига ишингиз бўлмасин. Қишлоққа борган-қолганингизда ёр-жўраларингиз билан чиқиб бирпас бўлсаям ўйнаб-яйраб келасиз. Бу дунё фақат анови корчалонларники эмас-ку!

Мақсад тушунарли: сен зўрми, мен зўр? Таклифга нима дейишимни билмай, ҳазилга бурмоққа мажбур бўлдим:

—Қургандаям-чи, тоғабой, зўр қилиб қурасиз! Амирники бир қаватли бўлса, бу камида икки ошёнли бўлиши керак!

—Ана бу бошқа гап, жиян!

Тоғамиз эртаси куни шаҳар айлангани чоғланаркан, кечаги гап шунчаки ҳазил, бошқа бирон зарурроқ иш билан келгандир, деб гумон қилган эдим, кечқурун вокзалдан қўнғироқ бўлди: биз қайтяпмиз, жиян, хайр-хўш.

Қишлоқ янгиликларидан эшитиб турибмиз. Тоғамиз Тошкентдан борибоқ овоза қилиб юборибди: олим жиянимиз бизни роса сийлади! Олим — олим-да, кўчада улоқиб юрган қаллоб тижоратчи эмас-да! Ёр-дўстларини ҳам айтиб, бизни «Волга»сида уйига олиб борди, зиёфат берди, эртаси шаҳар айлантирди. Кейин бир даста юзталикни олдимизга ташлаб, «Тоғабой, — деди, — ўзингиз биласиз, менинг қўлим тегмайди, илмий ишларим кўп, мана шу пулга Бурамақирнинг тепасидан бизга атаб бир жой қилсангиз, анови Амирқулнинг шийпонидан зиёда бўлса бўлсинки, асло кам бўлмасин! Қанча ақча керак бўлса, тортинманг — бор!»

У ёқдан келадиган бунга ўхшаш лоф-қофларга кўникиб қолганман, парво қилмадим. Аммо учқур хабарлар тобора жиддий тус касб эта бошлади. Тоғамиз, айтганида туриб, ростакамига ишга киришиб кетганмиш. Бўзбола-бўзбола уч ўғлини сафарбар этиб, Бурамақирга тошу шағал ташиб ётган эмиш. Тоғамизнинг мактабда меҳнатдан дарс беришини айтган эдим-у, қўли гул дурадгор уста, топиш-тутиши ҳам шунга яраша мўмайгина эканидан хабарингиз йўқдир ҳали. Боз устига, бобомиздан кенжа ботирга қолган мевазор боғдан чиқадиган даромад ҳар қанақа бойваччаникидан кам эмас.

Ишончли манбаларнинг хабар беришича, «иморатим» қарийб битай-битай деб турган эмиш. Қора ишлари аллақачон тугаб, бир-бир ярим ой ичида пардоздан ҳам чиқармиш. Ана ўшанда шахсан ўзим бориб, иморатни тантанали тарзда қабул қилиб олармишман. Қабул маросимига атаб боқилаётган қўй ҳам семирибгина қолганмиш. Амир Олимхон бўл-э!

Айтишларича, бўламизнинг шийпони баҳавороқ жойга қурилган оддий бир бошпана бўлса, «меники» қўш ошёнли чинакам кўшк эмиш! Буни кўрган Амирбойваччанинг ғайирлиги келиб, шийпони ўрнига уч қаватли қаср тикламоқни режалаб юрганмиш. «Айтиб қўйинглар, ўпкасини босиб олсин, — деганмиш шеримард тоғамиз. — Йўқса, бўш келадиган аҳмоқ йўқ, керак бўлса, басма-басига, нарвон қўйиб осмонгача ҳам уй тикламоққа қурбим етади!»

Албатта, бу ажабтовур тоға-жиян ҳақидаги ақл бовар қилмас савдоларни ўқиб, наҳотки, шунақа афандинамо қариндошлар ҳам бўлса, деб куларсиз, таажжубга тушарсиз. Кулманг,

таажжубга ҳам ўрин йўқ. У юртнинг одамлари ўзи шунақароқ. Бири тоғам, бири бўлам бўлса, хўш, мен нега унақамасман, уларга ўхшамайман? Чунки мен Амиртепаю (қаранг, энди ҳеч ким ажабланмайди бу номга!) Бурамақирни ошиб ўтиб юрт кўрдим, турфа одам кўрдим, энг кераги — кун чиқишию кун ботишини ўз вақгида кузатдим! Улар эса шу насибдан бебаҳра: умрлари бино бўлиб на кун чиқишини кўрган, на кун ботишини. (Шунда ҳам ҳикмат кўп экан-да, биродарлар.) Бу юртда офтоб кеч чиқиб, эрта ботади — кунчиқари ҳам тоғ, кунботари ҳам тоғ. Ана шу чўнг тоғлар исканжасидаги ватанларини ўлар дунёнинг нақц марказию ўзларйни худди осмондан оёқ осилтириб тушган — худонинг меҳрига сазовор бандалардек ҳис этишади.

Бу мардумнинг Амиртепаю Бурамақир оша ўзга дунёларга аралашуви — бамисоли жонбозлик, ҳаёт-мамот иши. Унақа одамни ё ватанфуруш санайдилар, ё қаҳрамон қила улуғлайдилар. Шу ҳисобда тоға-жияннинг икки қирнинг тепасига чиқариб бетма-бет иморат қургани шунчаки кимошди ёки «сен зўрми, мен зўр» ўйини эмас, зинҳор-базинҳор ундай эмас…

Тоғамизнинг оёғига тўсин тушиб кетиб, ўсал бўлиб уйда ётганмиш, деган хабарни эшитдиму «Ўҳ, худо урди!» дея бунда ўзимни айбдор санаб, шоша-пиша йўлга чиқдим. Борсам, ҳовлининг ўртасида қанот ёзган баҳайбат гужум тагидаги супада бетоб деганимиз, оёғи тахтакачланган, лўлаболишга ўмган ташланганча, ҳов нарида помидор жўякларига сув тараб юрган ўғлига бақириб-чақириб кўрсатма бериб ётибди: нарёғини тўс, тез бўл, ювиб кетади; ановининг ҳосилини кўтариб қўй, галварс, чириб йўқ бўлади, ахир!..

Мен кутган нарсанинг бутунлай тескариси чиқди. Тоғамизнинг инкиллай-синқиллай хикоя қилишича, гап бошқача бўлган экан.

Амиртепадаги шийпонга ўт тушиб, ёнғин рўй бе-рибди. Эгаси бир ойми-икки ойдан буён тижорат ишлари билан чет элда экан, «ош» жўралари данап-санапларини элтиб бас дегунча базм қуришибди, шунда бадмастлик туфайлими, бебошлик орқасидами, шийпонга ўт кетибди. Хайрият, одам зиён кўрмабди. Эгаси ҳали бехабар, у ҳамон Америками, Туркиясида «Дайдиб» юрганмиш; — Наҳс оралаган-да, жиян, наҳс, — дерди тоғамиз. — Ҳаром пулга келгандан кейин шу-да!

Шумхабарни эшитибдию «менинг» иморатимни чала ташлаб, тоғамиз Амиртепага чопибди. Борса — анови тайёрига баковул «ош» жўралардан уруғлиққа ҳам йўқ, ҳаммаси қочиб кетган. Ҳартугул, худо асраб шийпоннинг омон қолган жойлари ҳам бор экан. Тоғамиз дарров ўғилларини бошлаб бориб, вайронани куйиндилардан тозалатибди; «менинг» иморатимдан ортиб қолган ёгочу тўсинларни элтиб, шийпонни тиклаш-таъмирлашга киришибди. Эрта-индин битираман деганда — болалари мактабда экан, яккақўллик қилибди— тўсин тушиб кетиб, тиззасидан пастини… Эгаси келиб қолмасин, деб тиришган-да.

Ҳовлининг бир четидаги ўғлига атаб қурилаётган чала иморатга тикилган кўйи тушунқирамай турганимни кўриб, тоғамиз алам-изтироб билан бўкириб юборди:

—  Бўлмаса, келиб мендан кўради-да, жия-ан!

—  Йўғ-э, тоға, жин урибдими, ахир! Амир бўламиз унчалик эмас.

—  Барибир зоти паст… Майли. Лекин, фалончининг донғи Донғжстонга кетган шийпони ёниб кетибди, деса, кимнинг жияни у, деб сўрайдими мардум — сўрайди! Шу иснодни қандай кўтараман дедим-да, жия-ан! Мана энди, оёқнинг бошига етиб, бу йил анови помидор савил ҳам кечикиб кетди! — шундай деб тоғамиз суғориш ишлари кетаётган пайкалга юзланди-ю, чаён чаққандек бақириб юборди: — Ўв, ўв, мен сенга нима деб эдим, уккағарнинг ули, сувни тўхтат, ахир, томирини ювиб кетади! — Сўнгра, барибир кўнгли тўлмадими, ўзини шартта супадан ташлаб, тахтакач оёғини судраганча, пайкал сари алпонг-талпонг эмаклаб кетди.

Бу бесаранжом жонни энди тўхтатиб бўлмасди. Шу кетишда, агар қўйиб берсангиз, ҳув Бурамақирнинг учида ойналари офтобда ялт-юлт жилоланиб турган томошабоп иморатгаю ундан қайтиб «рақиби»нинг Амиртепадаги касофат шийпонига ҳам эмаклаб бориши мумкин.

Кўриб қўйинг, ана шундай бизнинг тоға!

1994

ТАЪЗИЯ

Ушбу ҳикоянинг дастлабки номи «Дўппи» эди. Шундай шеъри борлигини эслабми, уни Муҳаммад Юсуфга бағишламоқчи бўлдим. Асарнинг сарлавҳаси ўзгаргач эса, шоир номи билан ёнма-ён туриши хунукроқ туюлиб, фикримдан қайтдим. Ажабо…

Бугун ҳикояни суюкли инимнтг унутилмас хотирасига бағишламоқдаман.

Муаллиф

Ўзбекнинг хонадонидан дўппи топилмаса-я!

—Мана, — дея энам ниҳоят кафтларига уриб қоқа-қоқа, кизакларини торта-торта, қирралари уринган нимдошроқ бир дўппини кўтариб чиқдилар ичкаридан. — Уй эмас бу, карвонсарой. Дўппининг бозоридан ўтиб бўлмасди-я! Отанг Тошканддан бир тўққизини ортиб келган эдилар, қани энди? Тунов куни уканг бир тўда жўраси билан келиб, анови ҳамсоянинг таъзиясига кирамиз, деб битта-битта кийиб кетди. Би-иронтаси қайтиб келгани йўқ. Ўзинг-чи, келар экансан, мана шундай тўй бор, таъзия бор, чамадоннинг тагига ташлаб келай демайсан. Дўппи жониворнинг ҳамку писанди қолмади, яхши-ёмон кунда кийилмаса, бошига иладиганни бозордан топинг! — Энам жаврашдан тўхтаб, машинанинг калитини бармоқларида бетоқат айлантириб турган отамга юзландилар: — Бошингиздагини улингизга беринг, сиз мана буни киясиз.

—Ия, шундай бўлдими? — дедилар отам ясама итоат билан оҳорли дўппини менга узатиб. — Алининг жандаси Валига, янгисини акам кияр эканлар-да, майли, майли.

—Ўзингизнинг эскингиз. Шунгаям жон денг.

—Жо-о-он! Бўлдими?

— Ноз қилишларини, ҳў шў-ўр! Шуям йўқ эди, бобом бозордан опкелди, дебдилар.

—Арабларнинг ўзи бош кийимга унча аҳамият бермас экан — на тўйда, на азада, — дедим шўх мунозарани бўлиб.

—Шу учун айтадилар-да, мулланинг айтганинигина кил, деб. Буни энди кимга тушунтирардинг? Бош-яланг борсанг, кофир дейди — худди дўппи кийган заҳоти одам мусулмон бўлиб қоладигандай! Ота-бобомиздан қолган урф-да, улим. Бир вақтлар шуни кийиш ҳам жасорат эди. Нега шапка киймайсан, нимага шаъма бу, мақсадингни биламиз, деб шўри қуриганларни кўп кўрганмиз.

Йўқ, гап бош кийимда эмас, аксинча — дўппи кийиб мусулмонлик даъво қилиб, итоаткор бўлиб, окибати мана шундай кунга қолганимиздан баҳс очмоқни ўйладим-у, фикримдан қайтдим. Ўрни эмас, мавриди ҳам эмас. Ранжийдилар. Ахир, қарийб қирқ йиллик коммунист, йўлдан қайтиб, беш яшар неваралари билан бирга ўтириб, араб ёзувию араб тилини мустақил ўрганаётган одам, ниманингдир тагига етган бўлиши керак-ку!

Отам «жигули»нинг эшигини очиб, маслаҳат солдилар:

—Таъзияли жой тўртта. Хўш, қайсисидан бошлаймиз? Энг узоғидан, а? Сафаровдан, устозингдан.

—Қанақа устоз?

—Салим Сафар-чи, мухбир? Қайдам, «Бизнинг шогирд қалай юрибди?» деб сени кўп суриштирарди.

—Салим Қарор денг!

—А, ўшанинг фамилияси Сафаров эди-да. Шўрода котиблигида мажлис қарорларини қойилмақом қилиб ёзгани учун Салим Қарор бўлиб кетган. Лақабдай гап, мухбир бўлганига тахаллус деймиз.

—Ие, ўлдими? Нима, касалмиди?

—Қаригандан кейин нима қилади — ўлади-да. Тағин ким билсин, ҳар хил гап юради. Ўғлининг жабрига кетди, деганлар ҳам бўлди. Ёлғиз ўғил, эркароқ ўсган. Бўлмаса, шундай одамнинг фарзанди, нобоп чиқди. Хотинини уриб ғилай қилиб қўйди. Бир йилми, икки йил қамоқдаям ётиб келди. Уккағар бобо аралашмади, кўргани ҳам бормади. Эр-хотиннинг орасида нималар бўлмайди, фалокат-да буям, ярашиб кетар, ўртада жужуқлари бор, неки қилган бўлса — ўзининг шўрига, қўйинглар шуни, деб бир оғиз арз қилиб борганида-ку, ҳар қалай, эл-юрт ичида обрўси бор, бу ёғи маҳаллийчилик, ҳаммаям одам — чиқариб келарди ўғлини. Йўқ. Бир сўзли-да, принципиал. Ана, ўғил чиқиб ҳам келди, хотини билан ярашди. Биппа-бинойи. Ғилай бўлсаям — кўз очиб кўргани, боз устига ўзгинасининг қилмиши. Орада, садқаи сар бўлиб, бобо ўлиб кетди. Айтишларича, қайнона-келиннинг ғиди-бидиси ҳам кўпайган. У томон: «Ўл сен ғилай, улгинамни қаматиб кенг яйлов қилиб ўтирибсан», деган, бу томон: «Ўзи-дан бўлди-да, кўзим шаҳло эди», деган, у томон баттар ғазаблаган: «Улимнинг жойида бўлганимда, сен мочахарни уриб бу кўзгинангниям чиқарардим!» Шу-да, эски савдо.

—  Қиёмат одам эди, — дедим Салим Қарорни эслаб.

— Қиёмат ҳам гапми! — дедилар отам хаёлчан, машинани ортга тисарилтираётиб. — «Ўн еттинчи йил-нинг еттинчи ноябрида — худди инқилоб куни туғилганман, Октябрга тенгдошман, асли отим ҳам ё Октябрь, ё Инқилоб бўлиши керак эди», деб юрарди. — Кейин, нашъа қилгандек, гапда давом этдилар отам: — Тавба, сендан ўн ёшларча кичик бўлатуриб, қайси йилу қайси ойда туғилганимни мен аниқ билмайман-у, сен энангдан сўрабсанми?!

—Эътиқод-да, ота, догматик эътиқод.

—   Ҳа, сен айтган эътиқоднинг кучини шу одамда кўрдим. Босма ҳарфга чиппа-чин ишонарди. Бир варақ қоғозга босма қилиб «Уканг ҳукуматнинг сиёсатига қарши», деб ёзиб берсанг, жонажон инисига хода кўтариб чопишдан ҳам тоймас эди. Шунданмикан, бу ўрамда минмаган мансаби қолмади. Райқўму ижроқўмда ишлади, аввал колхозга, кейин Шўрога раис бўлди, ҳосилотлик қилди, милисадаям юрди-ёв. Э, қолмади. Охири мана шу — мухбирлик. Лекин, қуллуқхонадаги гапни айтиш керак: шунча амалларда юриб, на давлатнинг, на мардумнинг бирон хасига хиёнат қилган. Бўлмаса, қандай оғир йиллар эди у! Урушдан кейинги қаҳатчилик замонида ўз амакиси «Бола-чақам очдан ўлди», деб йиғлаб борганида омборхонанинг эшигини тамбалаб, «Буғдой йўқ, давлатники бу!» деб қуруқ қайтарган, дейдилар. Ана шундай берилган одам эди. Замонасозликни билмаган сира. Талай йиллар ўғлини хатна қилдирмай юрди. Ростми-ёлғонми, энасини жанозасиз кўмдирган, деган гап ҳам бор. Аниқ айтолмайман — мен Тошкандда, ўкишда эдим. Ишонч-эътиқоднинг маҳкамлигини қара! Ўзи, бор-йўғи чаласаводлик курсини битирган. Лекин «Капитал» дейсанми, замонанинг сиёсати дейсанми, кўзини юмиб айтиб ташларди. Даммаси мустақил мутолааю иштиёқнинг зўридан! «Ўн тўрт ёшимдан марксистман», дер эди, уккағар. Ўлди.

—  Марксистлар ҳам ўлар экан, — деб қўйдим шунчаки, гапнинг маромига қараб.

—Ҳаммаям ўлади. Лекин, сенларнинг тилинг билан айтганда — «уларнинг порлоқ хотираси дилларда абадий қолади», шундайми? Беозор киноя аралаш бу гапга индамай қўяқолдим.

Туман марказидан ўтиб бормоқда эдик. Кўча гавжум. Қовун-тарвуз қўлтиқлаган, халта-хулта ортмоқлаганлар қайтяпти. Якшанба, бозор-ўчар.

Кўзим шуларда-ю, хаёл паришон. Хотиралар қатидан бир қиёфа чиқиб келади. Сарупо мошранг либосда. Бошда сталинча шапка, серчўнтак сталинча камзул, бақалоқ галифе шим, дағал матодан этик. Кишин-ёзин. Бир ёнда каттакон блокнот, кўқрак чўнтакда қатор ранг- баранг авторучқа, этикнинг қўнжида бир даста газет-журнал.

Бу одамни бошқа қиёфада кўрмаганман. Устозим…

Кўп йиллик гап бу. Бирор йигирма йиллар бўлди-ёв.

Ёзги практикамни туман рўзномасига олдим. Рўзнома муҳаррири, узоқроқ қариндошимиз Жума ака йўлланмамни кўздан кечиргач, «Шеърингни Тошкентда ёзасан, ука, касбинг журналист, ҳаётга яқин бўлишинг керак, қора ишни ҳам ўрган», дея мени партия турмуши бўлимига бириктириб қўйди. Бўлим мудири Салим Қарорни чақириб тайинлади: «Оқсоқол, мана шу болани қулоқ-бошини тортиб, кузгача ҳаводан газет ясайдиган қилиб берасиз».

Салим Қарор деганларини мен илгари катта-кичик мажлис-машваратларда учратган, кўзимга жуда улуғвор кўриниб, савлатидан ҳуркиб юрар эдим. Жўнгина бир одам экан. Мўмин, мулойим. Кимнинг ўғли эканимни эшитгач эса очилиб кетди: «Отангиз билан бирга ишлаганмиз, жиян. Колхоз вақтида. Отангиз қўлимда табелчи эди». Кейин ҳам, ўша даврга оидроқ бирор нимадан гап кетганда, «Отангиздан сўранг» деб қўяди-ган бўлди.

Шеър ёзишимни билиб, армон билан уҳ тортди: «Биз ҳам ёшликда ёзар эдик. Биз ғазал машқ қилар эдик. Қофиясини тўғри келтиролмай, бу ёққа ўтиб кетдик-да. Отангиздан сўранг».

Қопдек бу одамнинг бир вактлар шеър, айниқса, ғазал битганига сира ишонолмасдим. Одатдаги мақтанчоқликка йўйдим. Қайси мухбирни сўраманг, ёшлигида албатта шоирликни орзу қилган, аммо турмуш шароити тўғри келмай, қолиб кетган. (Гўё шоирларга биров алоҳида шароит яратиб берадигандек!)

Ўлгудек ишчан экан Салим Қарор. Столдан бош кўтармайди. Эрталаб олдида бир тўп газета, чойнакда чой, кўзойнагини бурнига қўндириб, иштиёқ билан мутолаа қилади, қизил қаламда белгилар қўяди. Кейин мук тушиб, меҳнаткашларнинг хатларидан турли-туман мақола ясайди. Тушликни айтмаса, ташқари чиқиш йўқ, дам олиш йўқ, чақ-чақ йўқ. Тўнканинг ўзи.

Эринмаган бу кимсанинг қорасига тикилиб ўтиравериб сиқилиблар кетаман, хунобим ошади. Шеъримни ёзай десам — илҳом йўқ. Илҳом парилари Тошкентда қолган: Кейин, қора меҳнат учунгина яралган бу зотни ғафлатда қолдириб, чекиш баҳона, қўшни хонага бош суқаман. Қишлоқ хўжалиги бўлими билан маданият бўлими шу хонада. Дунёнинг завқу лаззати ҳам шу ерда. Чорси хонанинг чор бурчини эгаллаган улфати чор аллақачон икки юз қатордан материални тайёрлаб «ҳукуматдан қарзини узган», энди ҳангома билан машғул.

Тўрда ўтирган шўх-шалайим Назир ака қорамни кўриб:

— Ке, ке, Сталин бобомнинг невараси, — дейди дарров юзига ташвишли тус бериб. — Нима бўлди сенга? Ранг кўр, ҳол сўр. Уккағар Сталиннинг зулмидан бари. Қалай, ўтирибдими ўзи? Уни дев ҳам урмайди, қирғиндан қолган-да. Бери кел-э, укам-э, тоза тамом бўпсан-а. Сени ўзим даволаб қўймасам… — У ёнидаги темир сандиқдан шиша олади. — Мана шундан жиндаккина отиб юборсанг, одам бўласан-қоласан. Нима, дейсанми? Талмовсирама. Дори бу, дори — қултамитсин. Қулт-қулт ютасан — тамо-ом, олам гулистон! Қарабсанки, гуллар очилган, булбуллар сайраган, илҳом булоғи жўшиб турибди! Ё, бобонгдан қўрқасанми? Тўғрисини айт, бўлмаса ўзим уриб юбораман. Таги саёзроқ ўзи. Ҳа-а, маладес, ур! Е ҳаёт, ё мамот! Чаккидан яла, чаккидан. А, шоир дегани мана бундай бўпти-да. Анови Сталин сенга ҳам ўргатяптими, «Шеърни қўй, гўнгни ёз, хашакни ёз», деб? Ёзма! Мени десанг, ёзма шуни, ука! Шу уккағарнинг гапига кириб, бизлар гўнгу хашак бўлиб қолдик, етар. Бўлмаса, мана, Пўлатдан сўра, бир дафтар шеърим бор мениям! Ҳаммаси гулу булбул, ишқу муҳаббатга бағишланган. Лекин энди, кўриб турибсан — гўнг, хашак… Ўзи ёзсин, ўлмайди. Жони қаттиқ унинг. Сталин бобонг бир ўзи бир кунда саккизта газет чиқаради. Юқоридан буйруқ келса — бас!

Назир ака лоф қилаётгани йўқ, ўзим гувоҳман. Тоғдаги чорвачилик хўжалигида амалга оширилаётган партиявий-сиёсий тадбирларни рўзномада ёритиш зарур бўлиб қолди. Ўша куни райқўмда қанақадир мажлис чиқиб, Салим Қарор тоққа боролмади. Эртаси келиб, хўжалик раҳбари билан телефон орқали беш минутгина сўзлашдию машинкахонага кириб, икки соатда икки саҳифа нарса тайёрлаб чиқди. Оғзаки, айтиб туриб! Қойил қолмай илож йўқ. «Бешарчадан беш сабоқ». Қизиқсиниб ўқиб қарадим. Худди бориб ўз кўзи билан кўргандек жонли, батафсил. Далилу мулоҳазалар жой-жойида, хулосалар асосли, шиддатвор. Бирорта ҳам нуқсони йўқ. Гап шунда-да: бирорта ҳам! Бари барчага маълум, тўппа-тўғри, сип-силлиқ гаплар. Лекин — ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Устозим шу ҳунарнинг пири экан, билсам.

Иш бошлаганимнинг иккинчи ҳафтасимиди, у менга топшириқ берди. Шойи тўқиш фабрикасидаги очиқ партия мажлисидан ихчамгана репортаж ёзиб келишим даркор. Бордим, қатнашдим, ёздим. Бу даққиюнусларга бир кўрсатиб қўяй деб, бор истеъдодимни ишга солиб ёздим. Мудиримнинг таҳриридан кейин ўқиб кўриб эса дод деб юборай дедим. Соч юлиб ўтириб топган ўхшатишу сифатлашларим, мажозий ибораларим… қани?! «Фалон куни фалон жойда фалон мавзуга бағишланган фалондай мажлис бўлди. Йиғилишда фалончи-фалончилар сўзга чиқиб, фалон-писмадон дедилар. Мажлис аҳли фалондай қарор қабул қилди. Бу — жонажон партия-ҳукуматимизнинг тарихий қарорларига тўлиқ ҳамоҳангдир». Қолган гап шу. Худди бир даста гулни силкиб-силкиб баргини тўкиб ташлагандек. Айниқса, илова қилиб қўйган сўнгги жумласини ўқиб жоним чиққудек бўламан: шугина мажлис аҳлики «ҳамоҳанг қарор» қабул қилган экан, юқорида ўтирган партия-ҳукуматнинг нима кераги бор?! Ҳамонки, қарор «ҳамоҳанг» бўлмога олдиндан маълум экан, шунча одамни овора қилиб мажлис чақиришдан мурод нима?!

Муҳаррирга арз қилиб кирган эдим, Жума ака: «Ничево, партиявий услуб шунақа бўлади, ўрган», дея юзимга сув сепиб чиқариб юборди. Қўлимдан келгани шу бўлдики, кечқурун яширинча босмахонага тушиб, номимни олдириб ташладим. Ахир, буни кўрган биров-ярим: «Ёзганинг-ку Салим Қарорникидан фарқи йўқ экан, Тошкентда пашша қўриб нима қиласан?», демайдими?!

Аста-секин юксак шеърияту бадиий воситалар хаёлимдан кўтарилиб, бор муҳитга мослаша бошладим. нсоф билан айтиш керак: яхшими, ёмонми, устозимдан ул-булни ҳам ўргандим.

Ана шундай сабоқардан бирини эсласам, ҳамон ўзимни кулгидан тиёлмайман. Салим Қарор қаёққадир кетганида бир мақола тайёрлаб, босмага топширдим. Эртаси уни рўзномада ўқиб, ваҳимага тушиб қолмайдими устози!

—  Сиёсий хато, сиёсий хато! — дерди у бошини чангаллаб. — Капамиз куйди, жиянжон! Энди нима қилдик? Келиб-келиб Жума Турдиевич бетобликларида… «Партия қарорлари» дебсиз. Қайси партия: социал-демократлар партиясими, эсерлар партиясими ё кадетлар?! «Жонажон Коммунистик партиямиз» деб ёзишимиз керак, билдингиз! Буни райқўм ўқиса-а, икковимиз ҳам, Жума Турдиевич ҳам!.;

Тушлик чоғи бу нохушликни Назир акага билдирган эдим, у кулиб юборди:

—  Чепуха! Бор-э, энағар, демайсанми! Бу деворий газетангни ким ўқирди? Ўқиса ҳам — чепуха!

Хайрият, райқўм бизни чақирмади. Ё, у ердагилар ҳам Жума Турдиевичга ўхшаб ўша кунлар бетобмикан…

Салим Қарор билан корректура ўқишганимиз бундан ҳам қизиқ. Корректор қизимизнинг тўйи бўлиб, бир оқшом рўзномага навбатчилик қилган мудиримга кўмаклашгани қолдим. Мен қўлёзмани кузатиб бораман, у киши босмахонадан келган нусхасини овоз чиқариб ўқийди. Солиштирамиз. Устоз ҳижжалаб-ҳиж-жалаб ўқияпти-ю, мен кулиб юбормаслик учун сонимни чимчилаб ўтирибман.

—  «Жо-на-жон Ком-му-нис-тик… бош ҳарф билан, иккита «м»… пар-ти-ямиз-нинг та-ри- хий…ий… қа-рор-ла-ри-дан руҳ-ла-ниб, вергул… а-за-мат пар-ран-да-бо-қар-лар юк-сак зафар қучдилар… «Қучдилар»ми? Ҳа-а, ана шундай. Сергак бўлинг-а, жиянжон…

Салим Қарор йиғин-пиғинга кетганида мен дераза олдида узоқ-узоқ туриб, кўчадан ўтаётган қиз-жувонларни томоша қиламан. Туриб-туриб хўрлигам келади, ўзимни ўзим сўкаман. Бу нима юриш, ахир? Диққинафас хонада, ундан-да диққинафас бир одам билан, диққинафас бир муҳитда, ҳеч кимга кераксиз, сийқаси чиқиб кетган гапларни чайнаб, талантимни хор қилиб, «далага нури чиқарилди», «кўприк қурилди», «бригада планини бажарди» деб ўтиргунча, практикага Тошкентнинг ўзида қолиб, хушҳаво чаманлар аро Мадинамни қўлтиқлаб, унга шеъру ғазал ўқиб юрмайманми! Аҳмоқ, нодон! Ҳаётни ўрганармиш, ҳаётга яқин бўлмоқчи эмиш! Мана ҳаёт!.. Жўралар қачон келаркин-а, деразанинг тагида машинасини бип-биплатиб? Бугун чўмилгани шаршарага бормоқчи эдик… Кетаман-ку, куз келсин, кетаман! Гўнгу хашагинг ўзингга сийлов, қарор-парорларинг билан қўшмозор бўлгур Салим Қарор!

…Туман марказидан ўтиб олмазорга қайрилаётганимизда отам гапириб қолдилар:

—  «Шогирдимиз бизни боплаб бир қўлга туширганда» деб юрарди раҳматли. Нималигини айтмасди.

Уша воқеани ғира-шира хотирлаб, сўрайман:

—Ота, энасини жанозасиз кўмдирган у, дедингиз боя. Шу одам намоз-памоз ўкирмиди ўзи?

—Ўқиган бўлса ўқигандир, биров кўрган эмас. Дафн-маъракаларга қатнашарди-ю, жаноза пайти четга чиқиб турарди. Нима бўлган эди ўшанда?

—Э, эсда йўқ…

Эсда бор. Салим Қарор кечки навбатчиликка қолганида қарашиб юрган кунларим эди. Босмахона охирга саҳифани тайёрлаб бергунича бирпас ҳовлини айланай деб чиқиб, қайтиб келсам — эшик берк. Қаттиқроқ силтаб итарган эдим, занжири омонат эканми, шарақлаб очилиб кетди. Қарасам… биров ерга мук тушиб ётибди. Устозим, Салим Қарор! Шарпани сезиб, у апил-тапил ердан ниманидир йигиштириб олиб, столи тагига уриб юборди. Жойнамозми? Кейин белини ушлаганча инкиллаб ўрнидан турди-да, ҳадаҳа стол устида ётган алланимани кафти билан босди ва сатҳ бўйлаб суриб бориб, билинтирмайгина чўнтагига солиб қўйди. Қизил нарса, ҳужжатга ўхшайди…

—   Келинг-келинг, жиянжон, саҳифа ҳали тайёр бўлмабди, — деди Салим Қарор гуноҳкорона оҳангда ва нолиш билан илова қилди: — Қурғур бел оғрийди. Шунга бирпас ёнбошлаб олай деб…

Гапни олиб қочишини! Намоз ўқир экансан, очиқ ўқийвермайсанми, менга нима? Бундан чиқди, кундузлари мени нарига хонага чиқариб юбориб… Узоқ-узоқ қолиб кетсам ҳам индамаслиганинг сабаби бу ёқда экан-да, ҳаҳ, муғамбир! Лекин, анови нимарса эди? Нега тура солиб шунга ёпишди?..

Ўша оқшом Салим Қарорни таниб бўлмай қолди. Алланечук жонсарак, ялтоқи, одатдагидан сергап. Узи чой дамлаб, менга манзират қилган. Саҳифаларга тўлиқ имзо чекиб бўлинди ҳамки, уйга кетишга шошилмайди. Зарофатдан йироқ кўринган тўнкамижоз кимса, мендан шеър тинглаб чарчамайди. Ўтган-кетган ҳангомалардан сўз очади. «Отангиздан сўранг-да». Кетаётганимизда, бобом тенги одам, устозим, бир қадам уйимизга кажавали мотоциклида элтиб қўймоқни таклиф қилди… Таажжуб!

Салим Қарор эртаси ишга келмади. «Бетобман», дебди сим қоқиб. Икки кундан кейин отпуска сўраб ўғли орқали ариза юборди.

Бебош қолганимни кўриб, муҳаррир мени интиқ бўлиб юрганим — маданият бўлимига ўтказди. Шўхшан улфатлар даврасида юриб, куз келиб қолганини сезмабман. Севимли Тошкентимга жўнадим.

Салим Қарорни бошқа кўрмадим. Кейинги йили келганимда редакцияга кириб суриштирсам, «Шу уккағарни сен бир бало .килиб кетдинг-ов, шоир, — деди кулиб Назир ака. — Ўша бўйи қайтиб ишга чиқмади. Кўз қурғур хат ишига ярамай қолди, деб бошқа соҳага ўтиб кетди. Боғдорчилик бригадасига қоровул деб зшитаман. Кўча-кўйда кўринмайдиям». Бу жумбоқдан бошим қотди.

Унутилмас устозим ҳақида билганим мана шулар. Кейин-кейин у хотирамдан ҳам кўтарилиб кетай деган экан, бугун келиб…

Боғкўчалар бўйлаб бир оз айлангач, деворлари нураган, хароброқ ҳовлига етиб машинадан тушдик. Ота-бола сипо тортиб, қийшайиб қолган қадимий дарвоза орқали «келинг-келинг»сиз, тўппа-тўғри ҳовлига кириб бордик. Этакдаги эгри ўсган олма тагида одам кўриниб, ўша еққа юрдик.

Заранг ерга тўшалган шолчада икки-уч киши «манқа» гурунг қилиб ўтирибди. Бориб биз ҳам чўккаладик. Тўрда, юзлари қат-қат ажин, қабариқ кўзойнак таққан кўҳна бир мўйсафид чилчўп оёқларини бетакаллуфона чалчайтирганча ёстиққа ёнбошлаб мудраб ётибди. Берироқда ундан тетикроқ яна бир қария, тўхтаб-тўхтаб шеригига гап беради. Пойгакда дўппи- белбоғли кайвонисифат бир йигит. Гап-сўзларидан — марҳумнинг жияни. Ўғли негадир кўринмайди.

Бош ирғаб салом-алик. Дуои фотиҳа. Кейин бафуржа ҳол сўрашувга ўтилди.

Фурсатдан фойдаланиб мен ҳовли-тузга кўз югуртирдим. Дўппидеккина, тор. Маҳаллий шароитга сира тўғри келмайди, бамисоли шаҳарҳовли. Вақти-замонида бирмунча ободроқ бўлган уй-жой ҳам энди хароб, файзи кетган. Ҳаммаёқ патарот, олмаларни қурт кемириб ётибди, кузаки меваларини ғубор босган, каҳрабо тусда.

Кайвони жиян мендан қачон келганиму неча кунга келганимни сўради.

—  Уканинг шу одатлари маъқул-да, — деди сўнг отамга юзланиб. — Келасолиб дарров эл- улуснинг мавлид-маъракасини кўзлайдилар. Узим кўрганман-да бир-иккида. Соғ бўлсинлар. Раҳмат. Савоб. — Кейин, бир зум тин олгач, марҳумнинг эгаси сифатида, бу ерда ўтирганлар неча бор эшитган, яна эшитажак, ўзи ҳам неча бор такрорлаган, тағин такрорлаяжак ўлим тафсилотини, таомил бўйича, энди бизга сўзлай бошлади: — Билмадим, биппа-бинойи юрган эдилар. Ўша куни денг, бир-икки жойга таъзияга ҳам борибдилар, қайтишда бозор-ўчар қилиб кептилар рўзғорга. Балодай. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Сўнгра денг, бу энди пешин намозидан кейинги гап — Самиевнинг олдига жўнабдилар, директорнинг. Шундан шу ёққа. Пиёда. Оёқларида бодлари бор эди, кекса одам. Самиев бир вақтлар қўлларида тракторчилик қилган экан, шуни орқа қилганлар чоғи-да. Мана, ўзларинг кўриб турибсизлар: ҳовли каталакдай, боз устига, яримчаси йўлга тушмоқчи. Гап ўзимизники-ю, қайнона-келиннинг ҳам собиқаси келишмайроқ қолган. Шунга, улларига бир парча ер сўрамоқчи бўлганлар-да, янгамизнинг айтишича. Самиев нима депти денг: «НКВДда ишлаганингизда отамни қаматгансиз, сизга ер йўқ». Нокаснинг гапини қаранг! Шунча замон ўтиб, эски аламинг энди, совхозга директор бўлганингда эсингга тушдими, номард! Қаматган бўлса, отанг бирон айб қилгандирки, қаматган-да. Қолаверса, амакимиз милисада озроқ ишлаганларидан хабарим бор эди-ю, — эски шапкаларини ҳўв йиллари, болалик-да, биз кийиб юргич эдик, — лекин НКВД- пнквдсини эшитганимиз йўқ.

Мудраб ётган кўҳна чол дафъатан жонланиб, луқма солди:

—  Э, ў вақтлар ўнинг бари бир эди.

—   Бирмиди, бир эмасмиди, отасини тус амаким қаматганини ким исботлайди, бобо, қани?! — деди тарафгир жиян чолга «ҳужум» қилиб. — Самиевингиз у вақтлар энасининг қорнидаям бўлмагандир. Ҳай, майли, нимаям дердик энди! — Сўнг бизга ўгирилиб, узр сўрагандек, гапини айбдорона оҳангда давом эттирди:— Амакимизни биласизлар: сал ҳалигидай, қизилроқ эдилар. Боз устига денг, кейинги вақтда бу ердаги ғурбатлардан сиқилиброқ юрган эканларми, оташин бўлиб, анови гапларини айтибдилар: «Ўн тўрт ёшимдан марксистман». «Бор, ўша Марксингга бор, Марксинг ер берсин!» дебди-я энағар Самиев. Бўлган гап шу. Қайтиб кептилар, янгамизга пича ҳасрат қилган бўлиб, анови супага ёнбошлабдилару жонлари чиқибди…

Худди шуни кутиб тургандек, алҳол қизиқ иш бўдди. Ғир-ғир эсаётган беозор шабада тўзонга ўхшаб бир гуврандию гириллаб учиб келган қандайдир дўппи тепамиздаги олма шохига илиниб қолди. Шамол тағин бир ғайрат кўрсатган эди, шоҳдан узилиб, пастак девор оша қўшни ҳовли томон парвоз қидди.

Ирғиб туриб девор сари таЯпинган жиянни бери-роқда ўтирган қария тўхтатди:

—Ҳаҳ, қўйинг энди, Мардонбой, ҳализамон болаларингиз кўтариб чиқади. — Кейин мийиғида кулимсираган бўлиб деди: — Раҳматлининг бошида дўппи кўрганимиз йўқ эди ўзи.

Жиян қайтиб жойига чўккаларкан, хижолатомуз ил-жайди:

—Янгигина эди. Ҳали кийилмаган. Амаким шапка киярдилар. Расмига деб осиб қўйган эдикда.

Шундагина айвондаги дорга ташлаб қўйилган ки-йим-кечакка диққат қилдим. Марҳумнинг усти-боши. Ўша, кўзга таниш мошранг либослар. Ўша каттакон блокнот, ўша ранг-баранг авторучкалар.

Чеккарокда, устун қозиғида шумшайибгина бир дона оқ яктак осилиб турибди. Чамаси, дўппи шунинг тепасида бўлган. Омонатроқ илинган эканми қозиққа…

Ҳарчанд уринмайин, раҳматлини бу яктак, бу дўппида тасаввур қилолмадим. Ў кўпроқ анови либосларга лойиқ эди. Галифе бобо…

Кейин — хайр-хўш. Худо раҳмат қилсин. Жойлари жаннатда бўлсин. Қолган умрлари бизларга — тирикларга насиб этсин…

Кайвони жиян кузатувида ота-бола ҳовлидан чиқдик.

Қайтяпмиз.

—Энди Боғболога, — дедилар отам машинани марказга етмай юқорига буриб. — Халиловникига. Яқинда укаси мотоцикддан учиб ўлди. Аломат йигит эди, қўли гул. Халиловнинг уйини биларсан, ҳў-ў теракзорнинг орқасида. Асом зўрга ҳамсоя-да.

—Қайси Асомни айтяпсиз? — деб сўрадим пари-шонҳол. — Асом деган синфдошим бўларди…

—Кўнглингга олмагин-у, улим, Асом зўрники унутган бўлсанг, анча бегоналашиб қолибсан.

Кўнглимга олмадим. Тўғри-да, балки ўша мен айтган Асомдир. У ҳам болалигида ўлгудек зўму зўравон эди.

Йўдда гап айланиб, тағин Салим Қарорга кўчди.

— Боя шу одамни эътиқодли эди, деб таърифладик, ота. Менимча, у бор-йўга оддийгина қўрқоқ бўлган, холос.

—  Гапингда жон бор, улим, — дедилар отам. — Сталин замонида юрак олдириб қўйгани рост. Уни Термиз турмасида бир ҳафта кигизга ўраб жабрлаганлар. «Кигиз жазоси» деган шундай бир қийноқ усули бўлар экан. Ўз оғзидан эшитганман. Колхоз даврида бир кеча хирмонжойда ётиб қолиб, мастлик билан йиғлаб ҳасрат қилган эди. Биласанми, уни нимада айблаганлар? «Сталин»га «бетайин»ни қофия қилгани учун. Салим Қарор шоир эди-да, ў-ў, қандай шоир! Ғазал ёзарди, кейин шуни ўзи қўшиққа солиб айтарди. Эшитганмизда. Биз унда бола эдик.

Салим Қарорнинг «Биз ҳам ёшликда ёзар эдик. Кейин, қофиясини тўғри келтиролмай…» деган армонли сўзларини хотирладим. Гап бу ёқда экан-да.

—Эҳтимол, ўшанда, кигизга солиб кийнаганлари-да, чидаёлмай айғоқчиликни зиммасига олгандир? Ҳалиги бобо бир нимага шаъма қилгандай бўлди-ку?

—  Бўлса бордир, улим. Неки сир-асрори бўлса, ўзи билан олиб кетди энди. Нариги дунёси обод бўлсин, деймиз-да, бошқа нимаям дердик? Расми, ўлганнинг орқасидан бундай гаплар гапирилмайди. Икковимиз ҳам гуноҳга ботиб бўлдик. Ўзи қизиқ-да: шуларни нақл қилмасанг, яхши-ёмонни қандай фарқлайсан? Тириклардан гапирай десанг — иғво, ғийбат саналса… Э-э, улим, замонаси не-не валломатларни майиб қилмади! Мана шу Асом зўрни олайлик…

Хаёлим чувалашиб кетди. Боғболонинг донғи кетган сарв тераклари бўй кўрсатиб қолган эди.

Отамнинг нақллари қулоғимга узуқ-юлуқ чалинади: —…НКВДнинг одамлари эшикда пойлаб турибди. Қаёқдандир буни сезади. Жон ваҳми мансабнинг мазасига қўшилиб, ғаладондан думалоқ муҳрни оладию кўзини чирт юмиб ютиб юборади. Кейин шартта орқа деразадан ташлаб қочади. Шу кетганича ўн беш йиллар деганда қайтиб келди. Қандай де? Капитан либосида. Кўкракларида турли-туман нишон… Укасини, ўз укасини қаматиб юбориб, ўрнига ўтирди. Унинг хотинига уйланди. Кўп хушрўй жувон эди, Зайнаб дегич. Раислик қилди. Ҳў-ўв яқин йилларга довур. Ука қайтиб келди.. Абгор… Ўн йилча оёқ-қўлидан ажралиб, шол бўлиб ётди. Қилма — топарсан, деганлари шу-да.

—Кимни гапиряпсиз, ота?

—Асом зўрни-да, Асом зўрни. Сулаймонга язна-почча бўлади. Сулаймон эсингдами, уйимизга келиб турарди-ку? Чўлоқ, юрганда бир оёғи ғирчиллайдиган? Сенга ёғоч от ясаб берган эди болалигингда…

Асом зўр, Асом зўр… Ҳа-а, эсладим, эсладим… Келинг, буниси янаги галга қолсин.

 

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

Китоб- кўнгил чашмаси Китоб- кўнгил чашмаси
Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар
Сергей Гетман: Главное для меня – это лично познакомиться с современными авторами Сергей Гетман: Главное для меня – это лично познакомиться с современными авторами
“Ҳамкорбанк”да ижодий учрашув “Ҳамкорбанк”да ижодий учрашув