"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БИЗ ИСТИҚЛОЛ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ

Ўқилди: 583

ЁШЛАР БАЁЗИ

Шеърлар

 

 

Манзура АШИРБОЕВА

 

 

Манзура АШИРБОЕВА —  1994 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида туғилган. Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг педагогика факультети талабаси.

 

 

 

 

 

 

 

         ЯХШИ КЎРАМАН

 Қалбида эзгулик, ғурур, ифтихор,

Ёр йўлида кўзи муштоқ, интизор,

Мажнунларга ўрнак муҳаббати бор

Севги достонимни яхши кўраман.

 

Сўзларида бахтнинг таъми, тоти бор,

Юрагида ғайрати ҳам ўти бор,

Дунё бўйлаб Ўзбек деган оти бор

Кўнгли осмонимни  яхши кўраман.

 

Осмони мусаффо, кўм-кўк мовий ранг,

Қуёш беминнат нур сочади, қаранг,

Камалак товланар гоҳо ранг-баранг,

Қуёшистонимни яхши кўраман.

 

Истиқлол меъмори боғ барпо этган,

Бу боғда бахтиёр чоғ барпо этган,

Дарахтлар новдаси осмонга етган

Боғу бўстонимни яхши кўраман.

 

Эзгу ният билан ўстирган фарзанд,

Буюк келажакни кўзлаган дилбанд,

Менинг юрагимга, қалбимга пайванд

Ўзбекистонимни яхши кўраман.

 

            БАХТЛИМАН

 Орзулар мисоли порлар юлдузлар,

Қўлимдан тортқилаб елади шамол.

Фалакда айланар кеча-кундузлар,

Яшагим келади бахтли, баркамол.

 

Обод Ватанимда кулди толеъим,

Парвозимга қанот берди “Камолот”.

Элга хизмат қилмоқ энг олий амал,

Орзуим, ишончим бағишлар қанот.

 

Фарзандига берар бору будини,

Меҳнат қилиб ризқин теради ҳалол.

Юксак маънавият — ўзбек удуми,

Халқимнинг меҳридан дунё қолар лол.

 

Муқаддас бу тупроқ, муқаддас диёр

Онамдек суяди бағрига босиб.

Юртим озод-обод, элим бахтиёр,

Бўлгим келар шундай юртга муносиб.

 

Гуллола  ТОҒАЕВА

 

 

Гуллола  ТОҒАЕВА — 1988 йил Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида туғилган. Андижон давлат университети филология факультетини тугатган.

 

 

 

 

 

 

 

                   БОБУР НИДОСИ

 Йиғлар фалак, титрар замин тинглаганда оҳларим,

Тушларимга кираверар Андижоннинг боғлари.

Димоғимда ҳамон ул хуш райҳонларин иси бор,

Юрагимда асраяпман алвон қизғалдоқларин.

 

Тонгги сабо олиб келди она юртим бўйини,

Шунчалар ҳам қалтисмиди шум тақдирнинг ўйини.

“Вақоеъ”ни олдим қўлга кўзимда ёш шашқатор,

Ашъор ила обод этдим ғариб кўнглим уйини.

 

Анда жоним деб ўртандим, танда жоним йўқдайин,

Соғинч мени ёндирмоқда оловдайин, чўғдайин.

Дилим ўртар, айлар яро чексиз афсус, надомат,

Жон-жонимга ботаяпти камондайин, ўқдайин.

 

Бошимда тож, давлат бисёр, кўнгил эса девона,

Қайтгим келди болаликка, соғиндим хуш чоғларим.

Тун бағримга чўкар аста, кўзларим гар илинса,

Тушларимга кираверар Андижоннинг боғлари.

 

            ВАТАН НАФАСИ

 Ўзга юрт булбулин айласам ҳавас,

Шу бийрон тилимни чўқисин зоғи.

Лабларим Ватан деб титраб турган пайт,

Гуллаб кетаяпти кўнглим боғи.

 

Кўксида қизғалдоқ унгувчи қабр —

Олисдан таралар бобомнинг саси.

Дуоси тилимдан тушмас момомнинг,

Қалампирмунчоғин таралар иси.

 

Нафаси отамнинг нафасидай соф,

Юзи сингилчамнинг юзидай тоза.

Ватан, мен номингга битаман ашъор,

Халқим юрагидан олиб андоза.

  

                     ВАТАН

 Саҳроларда сарғайган гиёҳингни ўпаман,

Одам ато яралган тупроғингни ўпаман.

Сени севмоқ мушкулдир, соғингум ҳар нафасда,

Ширин дардимсан, Ватан, қийноғингни ўпаман.

 

Икки дарё қаърига ғарқ бўлса гар ҳисларим,

Муаззамим, ул икки қароғингни ўпаман.

Яссавийю Нақшбанд ҳикматлари олиб ёд,

Машраб бобо, жандаю кулоҳингни ўпаман.

 

Темур бобом севган юрт ҳар қадами мукаррам,

Куброларинг тик тутган байроғингни ўпаман.

Сенда кечмиш шарафли, гоҳо мунгли савдолар,

Бобур кетар чоғдаги титроғингни ўпаман.

 

Бошим осмон, ғурур-ла, сурур-ла олдим қалам,

Онам, дея бош эгиб оёғингни ўпаман.

 

 

Хосиятхон ҲОЖИЕВА

 

 

Хосиятхон ҲОЖИЕВА — 2000 йил  Фарғона вилоятининг Қувасой   шаҳрида   туғилган. Қувасой   шаҳридаги  19 — умумтаълим   мактаби ўқувчиси.

 

 

 

 

 

 

 

                 БАҲОР

Борлиқ яшил рўмолин ўрар,

Дилда ҳислар ура бошлар ниш.

Баҳор келдими деб дил сўрар,

Ҳали кетиб улгурмасдан қиш.

 

Бизни борлиқ этади мафтун,

Уйғотар ҳар дарахтни шамол.

Гўё замин эгнига гулгун,

Кўйлагини кийган бир аёл.

 

Ялпизлар бош кўтарар илк бор,

Қалдирғочлар келтирар хабар.

Сезилади баҳорий ифор,

Боғлардан тинмай ҳониш янграр.

 

Само қучар шўх варракларни,

Дилга ҳайрат тўлдирганди қор.

Меҳр тўлган ҳар юракларни,

Эзгуликка тўлдирдинг такрор.

 

* * * *

Кел, кўнглингга кирай куй каби,

Кўзларингни кўргим келади.

Кўрсатади кўркини кўклам,

Камалаклар кўкда кулади.

 

Кун кетидан келади кунлар,

Кўришмасмиз кўнгиллар кемтик.

Кенгликларда кезамиз кутиб,

Кўкси кулмас кунлардан кетдик.

 

Кўзларингни кўзларим кутар,

Келмасанг-да куяди кўксим.

Келмасанг-да кўнглим куяди,

Кўргим келар кўнглингни, кўрким.

 

Керакмасдир кўнглинг кўчаси,

Кел, кўзингдан кўнглингга кўчай.

Кел, куйчисан, кўнглим куйчиси,

Кўкси кулмас кунлардан кечай.

 

 

Дилафрўз  АБДУЖАЛИЛОВА

 

 

Дилафрўз  АБДУЖАЛИЛОВА — 1995 йил Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида туғилган.  “Сурхон” адабий тўгараги аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

 

           КЎНГЛИМ ОСМОН

 Кўнглим —осмон, хаёлларим — қуш,

Вужудимдан янграйди хониш.

Муҳаббат ўт, муҳаббат— ёниш,

Саботимда алланечук туш.

 

Кўнглим — уммон, хаёлим— жилға,

Ёрил, қалбим, бағримга сиғма.

Қўй муҳаббат, бунча койинма,

Сийратингда солланар оққуш.

 

Кел-ей, қушим, мени тарк этма,

Хаста руҳим тилкалаб кетма.

Қўлимдан тут. Бошимга етма,

Мен сен билан абадий сархуш.

 

Кўнглим осмон, хаёлларим — қуш.

 

 

           ДИЛГА ЁҚАР

Безаётир кўкни  камалак,

Булутлардан тизиб болу пар.

Ол лола-ю ғунча япроғи,

Хониш этар қалб-ла баробар.

 

Дилга ёқар, шамол шивири,

Жўр бўлади ўйга ҳамоҳанг.

Ниҳоя йўқ, қизлар базмига,

Қуёш чиқиб чалгунича бонг.

 

Тилга кирар она табиат,

Асалари йиғади боллар.

Қишлоқ қизларига ўхшайди,

Бошин эккан мажнуна толлар.

 

Умринисо  МИРЖАЛИЛОВА

 

 

Умринисо  МИРЖАЛИЛОВА — 1997 йил Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган.  Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети академик лицейи ўқувчиси.

 

 

 

 

 

 

 

         ҚУШЛАР

 Осмонда озод қушлар,

Дўст- иноқ яйрашади.

Қулоқ тутинг уларга,

Ўзбекча сайрашади.

Бувим айтар тинч элда

Кўпаяди лайлаклар.

Тинчлигимиз посбони,

Аскардек мағрур улар.

Опамни эслатади

Беозор мусичаси.

Болалардек қувнайди

Ёнида сингилчаси.

Онамга ўхшаб кетар

Серфарзанд қалдирғочлар.

Жамулжам бўлиб бари,

Тонгдан базм тўй бошлар.

Доим сергак туради

Бургуту лочинлари.

Обод элда ҳамиша

Донга тўлар инлари.

Уларда ҳам кўнгил бор,

Ватани бор ягона.

Юрагида шахд бордир,

Қўшиғида шукрона.

Бетиним меҳнат қилиб,

Уй қуриб кўнглин хушлар.

Худди биздек ватандил,

Юртсевар озод қушлар.

 

       АЗИЗУ ЯГОНА

 Қалбларнинг туғёнли қўшиғи сенсан,

Азалдан даҳолар бешиги сенсан,

Эзгулик ҳурликнинг эшиги сенсан,

Ватан, сени севган фарзандларинг бор.

 

Боласин бир тола сочин туширмас,

Бахтга шукронасин дилдан туширмас,

Борин элга сочар, ҳеч не яширмас,

Ўзбек номин оқлар фарзандларинг бор.

 

Ўзинг ўт солгансан, кўнгли чўғларга,

Суратинг жо айлаб қорачиғларга,

Сен учун кўксини тутиб ўқларга,

Жонин фидо айлар фарзандларинг бор.

 

Азизу ягона, бетакрор Ватан…

 

 

Барака БОЛТАЕВ

    

 

Барака БОЛТАЕВ —— 1989 йил Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида туғилган. “Онажоним — шеърият” тўгараги аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

 

ОТАМ БОРЛИГИ УЧУН

Йиғласам ҳамки кулдим,

Отам борлиги учун.

Ушлаган жойни юлдим,

Отам борлиги учун.

 

Эгилсам ҳам синмадим,

Чанг отларга минмадим,

Қаро тунда қолмадим,

Отам борлиги учун.

 

Едим доимо жизза,

Элга бўлмадим изза.

Ёвга букмадим тизза,

Отам борлиги учун.

 

Қўлим етди ойларга,

Бордим нурли жойларга.

Ботмадим лой, мойларга,

Отам борлиги учун.

 

Суянган тоғим отам,

Ишонган боғим отам.

Бу бешафқат дунёда

Қувонган чоғим отам.

 

Эзилган бағрим бутун,

Отам борлиги учун.

Мақсадим баланд, шукур,

Отам борлиги учун.

 

ПАХТА ТЕРАЁТГАН ҚИЗ

Гулдай очилиб тўлинг,

Сизни кўргани келдим.

Ҳорманг, саломат бўлинг,

Пахта тераётган қиз.

 

Ўн саккизми ёшингиз,

Ой айтди назаримда.

Омон бўлсин бошингиз,

Пахта тераётган қиз.

 

Эгибсиз сарви бўйни,

Жоним қурбон деяпсиз.

Қилайлик режа тўйни,

Пахта тераётган қиз.

 

Юрт равнақига ҳисса

Қўшсангиз қандай яхши.

Ёзай қасида, қисса,

Пахта тераётган қиз.

 

Ўхшатдим нафис дурга,

Шаънингизга шеър ўқиб.

Ўранинг оппоқ нурга,

Пахта тераётган қиз.

 

Гулдай очилиб юринг,

Хайр, саломат бўлинг.

Унутманг, эслаб туринг,

Пахта тераётган қиз.

 

 

Жавлон ХУРРАМОВ

 

 

Жавлон ХУРРАМОВ — 1997 йил Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида туғилган. Музработ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

 

 

 

 

 

 

 

                                    ***

Тушда кўрдим, ўнгда кўрдим,  ишқ сойининг райҳонини,

Парво қилмас ул хушсурат, қилсам ҳамки икромини.

 

Кулар ҳолим хароб айлаб, қаддим камон айлаб мамнун,

Мени кўрганлар айтадур: “Кўрдим узум ишкомини”.

 

Ишқ жўш урган уммон экан, тўлқинлари ҳар ён тошар,

Юракларга солар қайноқ, жўшқин шоир илҳомини.

 

Розидурман, гул ҳажрида минг йил азоб чеқмоққа ҳам,

Бир кун келиб  қилгай фалак дурдан қиммат инъомини.

 

Кел, эй  Жавлон, кўнглингдагин ҳозирча ошкор  айлама,

Балки гулюз ўзи эрта сенга тутгай ишқ  жомини

 

   АСЛ ЁРНИНГ…

 Эрта тонгдан юракни

Бир ҳаяжон босди-да.

Учрашгандим гулюз билан,

Кекса жийда остида.

 

Гулюз менга бир сўз демас,

Олиб қочар нигоҳин.

Каломимга сиғмай кетар,

Севги ёққан дил оҳим.

 

Жийдаларни шамол тўкар,

Қушлар сайрар шохида.

Гулюзимнинг имзоси бор,

Юрагимнинг доғида.

 

Асл ёрнинг ҳижронида

Куймоқлик ҳам асл бахт.

Бор бўлсин-а дилни бедор

Айлаб турган муҳаббат.

 

 

 

 

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ