"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Абдулла АВЛОНИЙ. ВАТАННИ СУЙМАК

Ўқилди: 524

(“Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асаридан)

Ватан. Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан — уюридан айирилса, ўз еридаги каби роҳат-роҳат яшамас, маишати талх бўлуб, ҳар вақт дилининг бир гўшасида ўз ватанининг муҳаббати турар.

Биз туркистонлилар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйдиғимиз каби, араблар Арабистонларини, қумлик, иссиғ чўлларини, эскимўлар шимол тарафларини, энг совуқ қор ва музлик ерларини бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши, тириклик осон ерларга ўз ватанларин ташлаб ҳижрат килурлар эди.

Боболаримиз: «Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртинг­да чўпон бўл», демишлар.

 

Мен айблик эмас, эй ватаним, тоғларим,

Бевақт ташлаб кетдим аё, боғларим.

Ҳижрон қилодур мени жудолиғ,

Дўнди ғама рўзу шаб чоғларим.

 

Ҳаммага маълумдурки, энг муқаддас диний еримиз ўлан Арабистонга  боғларини, ҳовлиларини сотуб ҳижрат  қилган ҳожиларимизнинг аксари яна ўз ватанларига қайтуб келурлар. Бунинг сабаби, яъни буларни тортиб кетурган қувват ўз ватанларининг, тупроқларининг меҳру муҳаббатидур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллаллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Ҳуббул-ватани мина-л-имони — ватанни суймак иймондандур», демишлар.

 

Ватан, ватан дея жоним танимдан ўлса равон,

Банга на ғам, қолур  авлодима ўю ватаним.

ўубора  дўнса   ғамим  йўқ вужуд  зери  ваҳм,  

Чароки, ўз ватаним хокидур гўру кафаним.

Туғуб ўсан ерим ушбу ватан вужудим хок,           

Улурса аслина рожеъ бўлурми ман ғамнок.

 

Сайт бўлими: Ўзбек мумтоз адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ