"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Тошкент – Андижон поезди қатнови йўлга қўйилди

Ўқилди: 671

toshkent_andizhon_poezdi_atnovi_y_lga_yildi_27_08_2016

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами арафасида қурилиши якунланган Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли орқали 27 август куни йўловчи поезди Тошкентдан Андижонга йўл олди.

Ҳамманинг юзида хурсандчилик. Поездга чиқаётган отахону онахонлар тилидан шукроналик тушмайди: шу кунларга етказганига шукр! Мамлакатимиз гуллаб-яшнайверсин. Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин.

Йўловчилар мамлакатимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, хусусан, транспорт тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашиб кетди.

10

Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг илк йилларидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларини яхлит транспорт-коммуникация тизимига боғлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда минглаб километр янги темир йўллар қурилди, замонавий йўл инфратузилмаси яратилди.

Президентимиз Ислом Каримов 2013 йил 26 апрель куни халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ангрен – Поп йўналишида электрлаштирилган темир йўл қурилиши режалаштирилгани, 2016 йилда бу темир йўл қуриб битказилиши ва поезд қатнови йўлга қўйилишини таъкидлади.

Ана шу сўзларнинг исботи сифатида қисқа вақтда 123,1 километрлик Ангрен – Поп темир йўли ва унинг таркибида 19,2 километрлик Қамчиқ туннели қуриб битказилди.

8

2016 йил 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик лойиҳаси ижроси бўлган Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди.

Бу билан мамлакатимизда яхлит, мустақил ва замонавий темир йўл тизими яратилди. Улкан стратегик ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг коммуникация ва транспорт соҳасида эришган тараққиёти даражасини намоён этди.

– 2013 йилнинг апрель ойида Президентимиз халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида нутқ сўзлади. Сессияда мен ҳам қатнашганман, – дейди “Нуроний” жамғармасининг Андижон вилояти бўлими кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Таваккал Топволдиев. – Давлатимиз раҳбарининг Тошкент – Андижон поезд йўли қурилиши ҳақидаги сўзлари наинки Фарғона водийси, балки бутун мамлакатимиз аҳлининг кўнглини кўтарди. Бугун ана шу гапларнинг ижобати, тарихий воқеанинг гувоҳи бўлганимиздан беҳад бахтиёрмиз.

18

Мазкур йўл Фарғона водийси вилоятларига поездда юк ва йўловчи ташиш имконини беради. Шу билан бирга, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистоннинг чет давлатларга чиқиш ва экспорт имкониятини, юртимизнинг транзит ролини кенгайтириш борасидаги салоҳиятини кескин оширади.

– Ўн миллиондан зиёд аҳоли яшаётган Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан транспорт коммуникациялари анча чегараланган эди, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг капитал қурилиш дирекцияси бошлиғининг ўринбосари – Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўл қурилиши бошлиғи, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Умматов. – Собиқ тузум даврида барча коммуникация тармоқлари, авваламбор, транспорт-логистика алоқаси қўшни республика ҳудуди орқали ўтар эди. Бу ҳолат аввало аҳоли, қолаверса, иқтисодиёт учун кўплаб ноқулайликлар туғдирарди. Одамларимиз Фарғона водийсини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл воситасида тўғридан-тўғри боғлайдиган кунлар тезроқ келишини орзу қиларди. Президентимиз мустақилликнинг илк йилларидан бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Дастлаб Қамчиқ довони орқали янги автомобиль йўли қурилди. Бу йил халқимизнинг яна бир орзуси ушалди – темир йўл ҳам фойдаланишга топширилди.

– Бугун халқимиз, айниқса, Фарғона водийси аҳли учун катта байрам, унутилмас тарихий кун, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова. – Мен ҳам ушбу байрамда иштирок этиб, улкан бунёдкорлик ишларини кўриб, кўзларимга қувонч ёшлари келди. Мустақиллик шарофати, давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб амалга ошираётган оқилона сиёсати туфайли шундай улкан ютуқларга эришаяпмиз.

…Поезд Ангрен, Поп, Қўқон ва Марғилон шаҳарларидан ўтиб, Андижон шаҳрига етиб келди. Бу ерда ҳозир бўлганлар меҳмонларни карнай-сурнай ва гуллар билан кутиб олди.

– Тошкентдан Андижонга замонавий поездда қулай шароитда қандай келганимизни ҳам сезмай қолдик, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. – Собиқ тузум даврида алмисоқдан қолган поездларда қўшни республика орқали минг азоб билан йўл босганимиз ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Бугунги хурсандчилик мустақиллигимиз, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар мевасидир! Бу том маънода тарихий воқеадир.

Андижон темир йўл вокзалида ушбу воқеа муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ф.Дадахўжаев, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси О.Раматов, Наманган давлат университети профессори Т.Файзуллаев, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори С.Фозилжонова ва бошқалар Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннелининг фойдаланишга топширилиши мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти янада тараққий этишига, халқимиз турмуш фаровонлиги бундан-да юксалиб, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Зокиров сўзга чиқди.

Шу куни поезд Андижондан пойтахтимизга қайтиб келди.

Анвар Самадов, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ