"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“Afrosiyob”нинг навбатдаги манзили Бухоро

Ўқилди: 587

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поездининг Тошкент – Бухоро йўналиши бўйича қатнови йўлга қўйилди.

afrosiyob_ning_navbatdagi_manzili_bukhoro_25_08_2016

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ темир йўл транспортини изчил ривожлантириш орқали ягона миллий темир йўл тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Узоқ истиқболга мўлжалланган махсус дастурлар, лойиҳалар асосида ушбу соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида ўтган йигирма беш йилда янги темир йўл линиялари барпо этилиб, асосий транзит участкалар реконструкция қилинди ва электрлаштирилди. Янги йўналишлар ташкил этилиб, янги йўллар, вокзаллар қурилди, мавжуд темир йўл вокзаллари таъмирланди.

Навоий – Учқудуқ – Султон Увайстоғ – Нукус темир йўли мамлакатимиз шимолини марказ билан, Амударё орқали ўтган кўприк эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини бошқа ҳудудлар билан боғлади. “Аср мўъжизаси” деб ном олган ноёб иншоот – Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўл линияси жанубий ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Қамчиқ довони орқали ўтган Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўл линияси ва ундаги Қамчиқ туннелининг ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали боғлаш имкониятини яратди. Мазкур темир йўл тармоғи Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.

Бундан беш йил аввал, истиқлолимизнинг 20 йиллиги арафасида Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб мамлакатимизда Тошкент – Самарқанд йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган “Afrosiyob” поезди қатнови йўлга қўйилди. Кейинчалик бу борадаги ишлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилди. 2015 йилда Мароқанд – Қарши темир йўл линиясини электрлаштириш ишлари якунига етказилди ва “Afrosiyob” поезди Қарши шаҳрига қатнай бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 26 мартдаги “Самарқанд-Бухоро темир йўлини электрлаштириш ва юқори тезликдаги йўловчи поездлар ҳаракатини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтган йили Самарқанд – Бухоро йўналишидаги мавжуд темир йўл линияларини реконструкция қилиш, янги пўлат излар ётқизиш ҳамда электрлаштириш ишлари бошланди.

Мазкур йўналишдаги темир йўл 259 километр. Умумий қиймати қарийб 400 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳа қисқа муддатда, яъни 16 ойда амалга оширилди. Мингдан ортиқ темир йўлчилар, қурувчи ва мутахассислар ҳар қандай об-ҳаво шароити ва табиат инжиқликларига қарамай белгиланган ишларни ўз вақтида, сифатли бажарди. 220 дан ортиқ замонавий техника ва механизм ёрдамида 16,2 миллион кубометр тупроқ ишлари бажарилди. 146 километрлик Мароқанд – Навоий участкасида ер кўтарма ишлари амалга оширилиб, алоҳида янги темир йўл қурилди. Навоийдан Бухорогача бўлган масофада мавжуд пўлат излар тўлиқ реконструкция қилинди.

Темир-бетон таянчлар, туташтириш тармоқлари, кўндаланг металл мосламаларнинг ўз вақтида етказиб берилгани иш суръатини бир меъёрда ва кўзда тутилган муддатда олиб бориш имкониятини берди. Эътиборлиси, тармоқни электрлаштиришда ишлатилган 6 мингдан ортиқ темир-бетон таянчлари ва бошқа жиҳозлар маҳаллий корхоналар томонидан тайёрланган. Магистралнинг икки томонида 500 километрдан зиёд масофага металл тўсиқлар ўрнатилди.

Ушбу йўналишда 222 сунъий иншоот, жумладан, 1 пиёдалар ўтиш йўлаги, 4 йўл ўтказгич ва 4 кўприк қуриб битказилди. Поездларни доимий электр қуввати билан таъминлаш мақсадида ҳудудда 4 электр станцияси бунёд этилиб, замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди.

Каттақўрғон шаҳрида бир йўла юз нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга замонавий вокзал биноси қад ростлади ва бугунги кун талаблари даражасида жиҳозланди. Узунлиги 400 метрни ташкил этувчи бетон платформа бунёд этилди.

Лойиҳа доирасида Бухоро вокзали замон талаблари даражасида реконструкция қилинди. Эски, кўримсиз бино ўрнида 300 йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган ва халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган муҳташам вокзал биноси қад ростлади. Мажмуада йўловчилар учун жаҳон андозаларига мос шароит яратиш мақсадида энг сўнгги русумдаги техник воситалар, замонавий жиҳозлар ўрнатилди. Кенг, кўркам кутиш зали, чиптахоналар, она-бола ва тиббиёт хонаси барпо этилди. Юқори мартабали меҳмонлар ва сайёҳларни кутиб олиш, кузатишга мўлжалланган зал қурилди.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ушбу лойиҳа тўлиқ ниҳоясига етказилиб, фойдаланишга топширилди ва 25 август куни Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электр поездининг илк қатнови амалга оширилди. Поезднинг дастлабки йўловчилари меҳнат фахрийлари, темирйўлчилар, Бухоро, Самарқанд, Навоий вилоятлари фаоллари ва ёшлар вакиллари бўлди.

– Мустақиллик йилларида юртимизда темир йўл соҳасида амалга оширилган беқиёс янгиланишлар мўъжизанинг ўзи, – дейди Бухоро муҳандислик-технология институти ўқитувчиси Фармон Аминов. – Бундан бир неча йил олдин Бухоро ва Тошкент шаҳарлари ўртасида “Шарқ” тезюрар поезди қатнай бошлаганда пойтахтга 10-12 соатда қатнаб ўрганган бухороликлар бу вақт тенг ярмига қисқарганига ишонмаган, ҳатто чўчиган ҳам эдик. Чунки Тошкентга бориш ва яна Бухорога қайтиш учун икки кун вақтимиз йўлда ўтарди. Бунинг устига 600 километрлик масофани ана шунча вақтда босиб ўтишда вагонлар ичи қишда совиб кетар, ёзда эса иссиқ ва дим ҳавода нафас олиб бўлмасди. Йўл азоби кишини ҳолдан тойдирарди. Бундай шароитда “Шарқ” мўъжизадек туюлган эди-да. Бугун энди қаранг, юртимиз тараққиётига монанд поездларимизнинг ҳам шиддати, тезлиги ошиб бормоқда. Тошкент ва Самарқанд ўртасида “Afrosiyob” поезди қатнай бошлаганида унинг имкониятлари ҳақида эшитиб, ҳавас қилгандик. Ўша йилларда Президентимиз бундай поездлар юртимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам боради, деб айтганида “ўша кунларни биз ҳам кўрамизми?” деб ўйлагандик. Яратганга шукр, бугун орзу қилган кунга етдик, замонавий поезднинг илк йўловчиси бўлиб, ҳурмат-эҳтиром кўряпмиз. Бизга бундай бахт берган, ғуруримизни баланд, қаддимизни тик қилган мустақиллигимиз абадий бўлсин!

– Поезднинг тезлиги юқори бўлса-да, вагонлар ичида ҳеч қандай тебраниш, шовқин сезилмас экан, – дейди “Навоийазот” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Шуҳрат Жўраев – Мана, чой ичиб кетяпмиз. Пиёладаги чойнинг тўкилмай турганини кўриб, бир таблодаги поезд тезлигига, бир ойнадан ташқарига қарайман. Таблода тезлик – 250 километрни кўрсатмоқда. Ойнадан юртимизнинг гўзал табиати, обод бўлиб бораётган шаҳару қишлоқлармиз қиёфаси кино лентасидек ўтмоқда. Бир пайтлар армон, ушалмас орзу бўлган истакларимиз бугун мустақиллик туфайли, Президентимизнинг инсонпарвар сиёсати туфайли амалга ошмоқда. Халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш борасида доимий ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

16

25 август куни соат 8.00 да Тошкент шаҳридан йўлга чиққан поезд орадан 2 соат 8 дақиқа ўтиб Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят жамоатчилиги томонидан тантанали кутиб олинди. Соат 10.30 да бир гуруҳ самарқандлик фаоллар қўшилган “Afrosiyob” поезди илк бор Бухоро томон йўлга тушди.

– 2011 йилда Тошкент – Самарқанд йўналишида ушбу поезд қатновининг йўлга қўйилиши юртдошларимиз учун жуда катта қулайлик яратиш билан бирга, мамлакатимизда туризмни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтирди, – дейди самарқандлик меҳнат фахрийси Зоир Зиёев. – “Afrosiyob”да эрталаб Самарқандга келиб, кечки пайт яна шу поездда Тошкентга қайтиб кетаётган сайёҳлар сафи кенгайди. Энди унинг Бухорога ҳам қатнай бошлаши қадимий шаҳарга келадиган сайёҳлар оқимини янада кенгайтириши шубҳасиз.

Шу кунгача йўловчилар Тошкент ва Бухоро ўртасидаги масофага темир йўл орқали 7-8 соат вақт сарфлаган бўлса, энди 3 соату 20 дақиқада ўз манзилларига замонавий поездларда ҳордиқ чиқариб етиб олишлари мумкин.

– Асли бухороликман, 30 йилдан буён Самарқандда яшайман, – дейди Самарқанд давлат университети профессори Шавкат Ҳасанов. – Баъзан дўстларимиз Бухородан Самарқандга поездда осилиб келиб, шу ерда қолиб кетгансиз, деб мутойиба қилишади. Икки қадимий шаҳар ўртасидаги масофа 300 километрга етмаса-да, ўша вақтларда шугина йўлни босиб ўтиш ҳам нақд азоб эди. У кунларнинг тарих бўлиб қолганига шукр. Мана, энди “Afrosiyob” Бухоро томон йўлимизни яна ҳам қисқа қилди. Бу поезд Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига халқимиз учун энг катта совға бўлди.

Самарқанд, Навоий вилоятларининг истиқлол байрами шукуҳи билан яшаётган шаҳар ва қишлоқлари, бепоён далаларидан елдек учиб ўтган поезд соат 11.40 да Бухоро темирйўл вокзалига етиб келди.

Бу ерда илк поезд ва унинг йўловчилари Бухоро вилояти фаоллари, кенг жамоатчилик томонидан тантанали кутиб олинди. Поезддан тушаётганларнинг тилида шукроналик, юз-кўзида ҳайрат ва қувонч. Барча бир-бирини табриклайди, таассуротларини изҳор этади.

Бухоро вокзалида Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланадиган “Afrosiyob” поезди қатновининг йўлга қўйилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Абдуллаев, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси О.Раматов ва бошқалар барчани ушбу муҳим воқеа ҳамда Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги билан муборакбод этди. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз темир йўл соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари янги вокзал биноси, бу ерда йўловчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Вилоят марказидаги диққатга сазовор жойларга саёҳат уюштирилди.

Шу куннинг ўзида “Afrosiyob” поезди Бухородан Тошкентга қайтди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши натижасида темир йўл участкасининг ўтказиш имконияти 36 фоиз ошиб, эксплуатация харажатлари 36 фоиз камаяди. Ушбу йўналишда 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Мазкур йўналишда юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд қатнови йўлга қўйилиши билан юртимизда бундай поездлар ҳаракатланадиган темир йўллар узунлиги 700 километрдан ошди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Зокиров сўзга чиқди.

Ғолиб Ҳасанов, Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА

 

 

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ