"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЎЗБЕКИСТОН УЧУН ДЕНГИЗ ЎЗИНГИЗ!

Ўқилди: 670

Давлат ва халқ, истиқлол ва истиқбол. Булар бевосита инсон билан, шахс билан боғлиқ тушунчалар саналади. Уларга миллий қаҳрамонлар нисбатини бериб, ҳақли равишда эъзозлайдилар. Ўз раҳнамосига эга халқ – бахтли, Аллоҳ алқаган халқ. Пешанасига ана шундай буюк кишилар битилган, ўзлари сайлаган азизларини ардоқлаган миллатнинг келажаги – буюк.

14141720_1856524804575275_7488319752824260500_n

Инсониятга оламшумул улуғ зотларни етиштириб беришда бизнинг миллатимиз шубҳасиз, энг фахрли ўринлардан бирини эгаллайди. Не бахтки, бугун халқимиз ўзининг ана шундай улуғ фарзанди, даҳо Йўлбошчиси раҳнамолигида тинч ва осойишта ҳаёт кечириб, буюк келажакка ишонч билан қарамоқда.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг шахсий обрў-эътибори аллақачон мамлакат ва минтақа доирасидан чиқиб, оламшумул миқёс касб этган.

Сизнинг Президентингиз нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўрта Осиёда тинчликни, барқарорликни сақлашда толмас курашчи деб тан олинган, дейилади Қирғизистон Республикаси, Жалолобод вилояти, Олабуқа тумани фуқаролари томонидан “Адолат” газетасига ёзилган хатда. – Тожикистон ва Афғонистондаги фуқаролар уруши билан боғлиқ муаммоларни дунё минбарига олиб чиққанларидан хабаримиз бор. Ўш воқеаларида эса худди ўз мамлакати фуқароларини ҳимоя қилгандек, куйиб-ёниб бизларни ҳимоя қилганлари ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилгани йўқ.

Шу боис Ислом Каримовни нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун Марказий Осиё халқлари ҳимоя қилишлари, қўллаб-қувватлашлари, уларнинг қадрига етишлари керак”.[1]

Қирғизистон Республикасининг собиқ давлат котиби (2000-2005), профессор Османакун Ибрагимовнинг “Белый Парусь” газетасида чоп эттирган мақоласида:

Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзлари қўшни қардош мамлакат раҳбари сиймосида ҳақиқий раҳнамо ва буюк сиёсатчини эътироф этишга ундайди: “Биз буюк халқмиз, асрлар давомида ёнма-ён яшаб келган қирғиз халқи билан ўзимиз тил топамиз, бу можароларни ечишга ўзимизнинг қурбимиз, ақлимиз ва тажрибамиз етади”. Мен ўз сиёсий фаолиятимда жуда кўп нарсаларни кўрганман, лекин Ислом Каримовнинг бу сўзларини кўзга кўринадиган барча жойларда ёзиб қўйиш керак, деб ҳисоблайман. Бу том маънода бебаҳо ва буюк сўзлардир. Ўзбекистондек ажойиб ва қадим мамлакат раҳбарига муносиб сўзлардир. Ҳа, бизнинг ўта мураккаб минтақамизда кенг кўламли можаро, балки урушнинг олди олинди. Ва бу, такрор айтаман, аввало, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизматидир. Қирғиз-ўзбек можаросидаги портлаш кучига эга бўлган ушбу вазиятда Ўзбекистон Президенти ғоят оқилона ва донолик билан иш тута билди. Бу эса ўз қадр-қимматини биладиган ва ҳурматга сазовор мамлакат раҳбарига муносиб фазилатдир.

Юртбошимизнинг тутган сиёсатига дунёдаги кўплаб кўзга кўринган сиёсатчилар, ҳарбий экспертлар томонидан ҳам юқоридаги сингари баҳо берилганлиги бизни ниҳоятда руҳлантиради.

Президентимизнинг Покистон Ислом Республикасига расмий ташрифи (2006 йил) телевидение орқали намойиш этилди. Исломобод кўчалари байрамона безатилган. Кўп жойларда улкан ҳарфлар билан ўзбек тилида: “Покистонга хуш келибсиз, жаноб Президент!” деб ёзиб қўйилган. Минглаб одамлар қўлларини силкитиб олқишламоқда. Улкан мамлакат аҳли шу тариқа минтақадан етишиб чиққан улуғ инсонга, халқаро миқёсдаги сиёсий арбобга ўз эҳтиромини изҳор қилмоқда эди!..

Бу, шубҳасиз ҳар бир ўзбек ва ўзбекистонлик қалбида мислсиз фахр-ифтихор, ғурур туйғусини уйғотади.

Шу ўринда бундан бир неча йиллар аввал Россиянинг “Век” газетасида  чоп этилган мақолани эсга олиш – ўринли. Унда жаҳон сиёсатида “бошқалар илғамайдиган воқеаларни кўра оладиган” етук бир инсоннинг фикрлари келтирилган. Жумладан, мухбирнинг: Ҳозирги пайтда ҳақиқий раҳбар тўғрисидаги тасаввурларингизга мос келадиган одам борми?” деган саволига у шундай жавоб берган:

—         Бор. У – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов!

—               СССР парчаланиб кетганидан сўнг энг даҳшатли воқеа Ўзбекистонда юз бериши лозим эди. Лекин, бундай бўлмади. Каримов бирорта хатога ҳам йўл қўймади. Истиқболни кўзлаб қилинаётган ишлар ХХ1 аср Ўзбекистон гуллаб-яшнайдиган аср бўлади, дейишга ҳуқуқ беради.

—         Бунга Каримовнинг қандай фазилатлари туфайли эришилди?

—                     Ўзбеклар – руҳият жиҳатидан бутунлай бошқача одамлар. Ўз шаъни учун инсон жонини қурбон қиладиган қийин пайтларда уларга тенг келадигани йўқ. Гдлян билан Иванов қамоққа олишга келганда хонадон эгаси хотиржам кийиниб, ўзини ўзи ўлдириш учун кечирим сўраб бошқа хонага чиқиб кетганида улар ҳайратда қолишган. Ҳатто чеченлар ҳам ўзбекларнинг ажалнинг кўзига мардлик ва совуққонлик билан қарай олишига ҳавас қилиши мумкин.

  Каримов мусулмон мамлакатлари билан муносабатларни заргарларга хос нозиклик билан йўлга қўйди. Мусулмон оламининг ўзга маърифатга қарама-қарши туриши келажакнинг манзарасини белгилаб беришини ўта сезгирлик билан аниқлади, уларнинг тўқнашувини истисно этадиган заминни яратди. Буларнинг ҳаммаси Ислом Каримовнинг улуғлигини белгилайдиган сифатлардир[2].

Юртбошимизнинг асарлари ўнлаб хорижий тилларга таржима қилинмоқда, кўплаб мамлакатларда бу китобларнинг тақдимот маросимлари ўтказилиб, махсус ўрганилмоқда.

Буюк давлатларнинг раҳбарлари, дунёга таниқли сиёсат, фан ва маданият арбоблари Президентимизнинг асарлари ва кўп қиррали фаолиятлари ҳақида ҳайрат ва эҳтиромларга тўлиқ сўзларни бот-бот изҳор қилмоқдалар.

Ўзга юрт ва миллат вакилларининг бундай холис ва самимий сўзлари  биз – Ўзбекистон аҳли учун ҳар қанча фахр ва ифтихорга арзигуликдир.

         “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ёзилишича, Имом Бухорий вафот этган милодий 870 йили тарихимиздаги яна бир мумтоз сиймо — Имом Мотуридий таваллуд топган эканлар. Юртбошимиз ушбу воқеани: “илоҳий бир боғлиқлик, Аллоҳнинг буюк марҳамати” – дея таърифлаганлар.

Ўша ёруғ замонлардан сўнг тарихимизда жуда кўп мусибатли кунлар, долғали даврлар ўтди. Президентимиз ибораси билан айтганда, “яқин тарихда халқимиз ўз бошидан кечирган бундай азоб-уқубатларни, тақдиримиз жар ёқасида турган машъум кунларни унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ”.

Не бахтки, миллатимизни буюк истиқлолга олиб чиққан Ислом Каримов сиймоси ҳам ҳақли равишда Яратганнинг буюк марҳамати ҳисобланади.

Миллатни миллат қилиш масъулияти бундан 600 йил олдин буюк Амир Темур зиммасига тушган эди. Соҳибқирон бобомиз улуғ салтанат тузгач, мамлакатлар ва миллатлараро савдо-маданий алоқаларни кучайтиришга катта эътибор қаратганлар. Ўша даврдаёқ денгиз орқали алоқаларнинг истиқболини чуқур англаб, денгиз флоти қуришни ҳам ният қилган эканлар. Шу мақсадда тегишли мутахассисларни чорлаб, кўп масалаларни муҳокама қилганлар.

Тарихий вазият такрорланди. 1991 йил 1 сентябрдан бошлаб миллатни миллат қилишдек машаққатли ва шарафли масъулият Президентимизнинг зиммасига тушди.

Муҳтарам Президент Ислом Каримов, — жон кетса кетсин-у, Истиқлол қолсин!”, — деб марҳамат қилган эди АҚШда яшайдиган асли андижонлик ватандошимиз Ҳожи Йўлдош ота Қуёш[3].

Юртбошимизнинг қуйидаги сўзлари бу даъватга жавобдек, кўнгилларга илиқлик бағишлайди: “…Ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, шу муқаддас заминимизда яшаётган барча инсонлар учун ҳеч кимдан кам бўлмайдиган эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз”.

Президентимизнинг, ҳатто, денгиз ҳақидаги фикрлари ҳам – улуғ Соҳибқирон бобомиз ниятлари билан ҳамоҳанг. Бу ҳақда севимли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов шундай ёзади:

Афсус, жаҳон аро денгизимиз йўқ…

Гоҳо ўкинч билан янграр сўзингиз.

Лекин, Ислом ака, менинг кўнглим тўқ:

Ўзбекистон учун денгиз ўзингиз!

Биз ушбу тарихий шахс, улуғ Йўлбошчига қай даражада муносиб фуқаро бўла оляпмиз? Олдимиздан солланиб оқаётган Азим Дарёни қанчалик теран англаяпмиз?

Бу саволларни ҳар биримиз, ҳар куни ўз-ўзимизга берайлик!

Ватанимиз равнақи йўлида кечаю-кундуз ишлаётган, бутун жаҳон сиёсат давраларида катта обрўли, нуфузли, салобатли Юртбошимиз борлиги сабабли ҳам ҳаловатимиз барқарорлиги учун тинимсиз шукроналар қилайлик.

Тарихнинг аччиқ сабоқларини доимо эсда тутайлик:

Улуғ саркарда, султон Жалолиддин Мангубердини ўша давр жамоатчилиги етарли қўллаб-қувватламагани, ўзаро аҳиллик йўқлиги оқибатида юрт мислсиз фалокатлар гирдобида қолди;

Эл-улуснинг бефарқлиги оқибатида улуғ олим ва ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг боши кесилди, юртда бошбошдоқлик, тушкунлик бошланди;

Фуқаронинг лоқайдлиги, жоҳиллиги оқибатида Заҳириддин Муҳаммад Бобур юртдан кетишга мажбур бўлди. Натижада буюк аждодимиз заковати ва мардлигининг маҳсули бўлмиш улуғ салтанат Ҳинд заминида бунёд этилди. Вақти-соати келиб, Андижон ёки Самарқандда қурилиши мумкин бўлган Тожмаҳал… олис Аграда қад ростлади.

Ўз юртимизда эса, буюк Соҳибқирон бобомиз Тожмаҳалдан ҳам улуғворроқ қилиб бунёд этган Оқсаройни душманлар эмас, жоҳиллигимиз туфайли ўзимиз вайрон қилдик…

Бу каби аламли мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

ХХ аср ниҳоясида миллатимиз келажаги улкан таҳлика остида қолган эди. Тили, дини ва қадриятлари топталган, етук фарзандлари мунтазам қатағон этилган ўзбек халқи ўзлигини унутишга маҳкум этилганди. Ана шундай мураккаб бир даврда тарих бизга Ислом Каримов сиймосида шерюрак ва даҳо Йўлбошчини ато этди. Биз ҳақли равишда, халқимизнинг буюк истиқлолга эришуви, миллатимиз номини олган мустақил давлат барпо этишдек буюк тарихий жараёнларни Ислом Каримов номи билан боғлаймиз.

Ўз йўлбошчисини улуғлаган, эъзозлаган халқ – улуғ халқ бўлади. Тарихни эслайлик: шавкатли Соҳибқирон бобомиз атрофида жипслашган миллатимиз нақадар буюк давлат қурган эди! Бугун ҳам биз Юртбошимиз раҳнамолигида олам аро шундай улуғ мавқега қадам қўймоқдамиз.

Агар биз келажакда ҳам дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси деган давлат мустаҳкам туришини, бу мамлакат ўз салоҳияти, обрў-эътибори билан бошқаларнинг ҳавасини келтиришини, кўп миллатли халқимиз ўртасида меҳр-мурувват, ор-номус, эътиқод, ғурур туйғуларининг оҳори сақланиб қолишини истасак, айни мақсадларни ўз умрининг мазмунига айлантирган инсон – Юртбошимиз атрофида ҳар қачонгидан кўпроқ ва кучлироқ жипслашишимиз лозим!

Бахтиёр Ҳайдаровнинг “ЎЗБЕКЧИЛИК” китобидан олинди.


[1] “Юксак қадрлаймиз”. “Адолат” газетаси, 1999 йил, 26 февраль.

[2] Андрей Михайлов. Энг даҳшатли воқеа ҳали содир бўлгани йўқ… “Век” газетаси, 1995 йил, 21-27 июль. (“Халқ сўзи” газетасининг 1995 йил, 2 август сонида кўчириб босилган)

[3] “Мулоқот” журнали. 1996 йил, № 5 (59)-сон. 41-бет.

Сайт бўлими: Мақолалар, Муносабат

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ