"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БАХТЛИ ҲАЁТ ҚЎШИҒИ

Ўқилди: 481

Гўзал ва бетакрор диёримизда дунё одамнинг кўзига бошқача кўринади.

Эрта тонгдан эзгу ният, яхши кайфият билан кўчага чиқсам, асфальт  йўллар  оқ кўйлак, қора фрак кийиб, кўкрак чўнтакларига гулу райҳонлар қистириб олган,  дазмолланган либосининг қирралари қиличдек ўткир оркестр дирижёридек пўрим. Светафор кўзларини пирпиратиб  юмиб-очиб, чироқларини ёқиб-ўчириб одамлар ва машиналар ҳаракатини  бошқаради. Шаҳарда ҳаёт қўшиғи, тириклик мусиқаси баланд янграйди.   Кўп қаватли уйлар узун бўйинларини чўзиб, бу ажойиб концертни мароқ   билан тинглаб, томоша қилади. Карнай-сурнай садолари одамларни мустақиллик байрами тантаналарига чорлайди… Барчанинг юзида қувончу табассум, кўзида шодлик балқийди. Одамларнинг юзига, кўзига боқиб,  Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобидаги қуйидаги сўзлар кўнгилдан    ўтади:

“Ютуқларимиз ҳақида гапирилганда, биринчи навбатда, катта-катта рақамлар келтирилади. Кўпчилик, айниқса, иқтисодчилар шунга ўрганиб қолган. Лекин рақам ва кўрсаткичлар, қанчалик салмоқли бўлмасин, биз эришган марраларнинг моҳияти ва аҳамиятини тўла очиб бера олмайди.

Кимки мустақиллик йилларида Ўзбекистон қўлга киритган муваффақиятларни кўрмоқчи бўлса, аввало одамларнинг, халқимизнинг юзига, кўзига қарасин. Мактаб, лицей ва коллежларда таълим-тарбия олаётган болаларнинг чеҳрасига боқсин”.

Ozbekiston yoshlari

Мустақиллик ўзбек халқининг тарихий ютуғидир.

Бугун Термиздан Нукусгача, Сариосиёнинг чекка қишлоғидан “Қора-қалпоғистон” деб аталган чегара шаҳарчасигача, Қарши чўлларидан Устюртнинг улуғ даштларигача, Зомин тоғларидан Олой этакларигача, Ҳисор  тизмаларидан Чотқолгача, она диёримизнинг барча гўшаларида ўзгача руҳ, ўзгача шукуҳ. Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик қутлуғ  айёми  шарофати билан ватандошларимизнинг юрагида ғурур, ифтихор.

Уй хоналардан, шаҳру қишлоқ уйлару ҳовлилардан, мамлакат   шаҳру қишлоқлардан, Ватан ер, дарёю сойлар, адирлару тоғлар, далалару боғлардан ташкил топган. Давлат содиқ ва ватанпарвар фуқаролардан, оилалардан иборат. Бугун ўзбекнинг улкан оиласида, Ўзбекистон деган улуғ давлатда мустақиллик байрами тантаналари шукуҳи кезмоқда.

Байрам арафасида Президентимизнинг  Фармонига  биноан яратувчан   ва меҳнаткаш халқнинг фидойи, заҳматкаш вакиллари давлат мукофотлари    билан тақдирланди. Ушбу Фармон тимсолида барча соҳаларда эришилган     ютуқлар  ҳукумат томонидан эътироф этилди, бунёдкор халқимизнинг  фаол вакилларининг фидокорона хизматларига муносиб   баҳо берилди. Улар қаторида мен ҳам “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият   ходими”  унвони билан мукофотланганимдан  жуда севиндим.

Катта тўйнинг совринларию “тобоқ”лари, совғаю эҳсонлари ҳам катта бўлади. Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик тўйида бизга ана шундай катта мукофотлар насиб этди.  Озод ва обод Ватанимнинг, ҳукуматимизнинг эътиборидан, эзгу ният билан қилган  хизматларим юксак эътироф   этилганидан бошим осмонга етди. Кўзларимда севинч ёшлари тошди, юрагимда ҳаяжон ва шукроналик туйғулари жўшди.

Шундай юксак мукофот билан тақдирлагани учун Юртбошимизга мингдан минг раҳмат. Ватанимга, халқимга таъзим қиламан.

Бизнинг  илк шеърлар ёзиб, газета-журналлар таҳририятларига югуриб юрган ёшлигимиз ўтиш даврига тўғри келди. Умримизнинг навқирон палласида мустабид тузумнинг азобларини бошимиздан кечирганмиз. Мустақиллик қадрини ўз ҳаётимизда татиб кўрганмиз. Президентимизнинг “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик” деган теран мазмунли саволларига жонли мисоллар билан жавоб бера оламиз. Мустақиллик йилларида китобларимиз нашр этилиб, устозлар меҳри туфайли эл назарига тушдик. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиндик. Бугун ёш ижодкорларга давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўсиб келаётган авлодга ҳавасимиз келади. Улар учун мамлакатимизда барча имкониятлар эшиги кенг очиқ. Мен ҳам бугун унвон билан сийланиб, давлатимиз ғамхўрлиги, халқимиз меҳридан баҳраманд бўлдим. Шу ўринда бизни ижодда ва ҳаётда қўллаб-қувватлаган устозларга, ёзган битикларимизни эълон қилишга оқ йўл бериб,   ёш эканимизга қарамасдан катта минбарларда шеър ўқишга чиқарган, мамлакатимиз бўйлаб ижодий сафарларда ёнида олиб юрган, ютуқларимизга хайрихоҳ  бўлган муҳтарам устозларимизга раҳмат айтаман.

Бу мукофот менга  катта масъулият юклайди. Ватаним, эл-юртим учун ғайрат билан хизмат қилишга ундайди, замондошларимиз ҳаётини ифодалайдиган янги бадиий-публицистик мақолалар, шеъру достонлар ёзишга     илҳомлантиради. Халқимнинг менга ижодкор    сифатида билдирган ишончини оқлашга даъват этади.

 

Мустақиллик бошимдаги давлатим,

Ифтихорим, ғурурим ҳам савлатим,

Аждодлар руҳи шод, бахтли авлодим,

Юрт бугуни, юрт эртасига қуллуқ!

Бахти гул очилган эл чиройи бу,

Истиқлол қуёши, давлат ойи бу,

Озод ҳамда обод элнинг сойиби,

Юрт фарзанди, юрт эркасига қуллуқ!

Ғурурли халқим, мусаффо осмоним,

Ватан тарихида олтин замоним,

Мустақиллик менинг олий унвоним,

Юрт сорбони, юрт эгасига қуллуқ!

Истиқлол — ўлмас руҳ, синоат, қудрат,

Сув ва ҳаво каби ҳаётий қувват,

Муҳаббат мисоли илоҳий неъмат —

Улуғ халқнинг ҳур ўлкасига қуллуқ!

 

Рустам МУСУРМОН,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ