"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал…

Ўқилди: 421

Юртимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити ўтаётган кунлардан бири эди. Тонг отар-отмас пайти зарурият юзасидан йўлга тушиб, таксига чиқдим. Ёши улуғроқ ҳайдовчи бирдан ҳаяжон билан гап бошлаб қолди:

qutlibeka_maqola

– Неча кундан буён бир қушқўним фурсат мизғиб оламан-у, оёғим кўчага тортаверади. Кўрган кўчаларим, кўрган манзараларимни такрор кўраман, лекин соғинавераман. Мана бу муҳташам иморатлар, мана бу дарахтлар, гулзорлардан нур чиқиб турганга ўхшайди. Шу нурда одамни ўзига оҳанрабодай тортадиган нимадир бордай, – деди у. Мен кўпни кўрган, кўп нарсаларни қиёслаб, кейин гапираётган бу кишининг ҳаяжонларига муносиб жавоб топгунимча, у яна гапини давом эттирди:

– Рост, бу шунчаки тасаввур эмас. Оллоҳнинг назари тушган жойлардан вақти-вақти билан нур кўтарилиб туради, деган гапни эшитганмисиз? Нурота чашмасида ҳам шундай манзара бор-ку, борганмисиз, биласизми?

Мен:

– Амаки, атрофингиздаги ҳамма нарсалар нур аралаш кўринаётганига ишонаман. Бу қалбингиздаги қувонч шуъласи. Озодлик нури, десаям бўлади буни, – дедим.

… Яқинда Фарғонада “Баркамол авлод” спорт мусобақалари бўлиб ўтаётган паллада ўша вилоятда хизмат сафарида юриб қайтган ҳамкасбим ҳам ҳайдовчининг гапига ўхшаш фикрни айтган эди:

– Водийга бормаганимга, нари борса, уч-тўрт ой бўлгандир. Лекин шу қисқа фурсат оралиғида шу қадар гўзаллашиб кетибдики, қараб кўзларинг тўймайди одамнинг. Айниқса, мусобақа иштирокчиси бўлган ёшларни айтмайсизми? Бошдан оёқ оппоқ кийинган, юрган йўлларида нур қолаётгандек…

Одамларнинг ичкин бир ҳаяжон, ботиний қувонч билан айтган бу эътирофлари бизга – ҳар бир сўздан ҳикмат излаб юрган қаламкашларга нечоғлик фахру ғурур бахш этишини тасаввур қилаверинг. Хаёлга яна ўша гап келади:

– Озодлик нури бу!

Агар юртимиз, кундан-кун барча ижобий ўлчамларда жаҳон майдонида баландлаб бораётган Ўзбекистонимиз ривожи билан боғлиқ залворли рақамларни кўз олдимизга келтирсак, бу ҳаяжонларимиз, фахру ғуруримиз яна ҳам аниқлик касб этади:

Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиши якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олган…

… 2015 йилнинг октябрь ойида Жаҳон банки “Бизнес юритиш” рейтингини эълон қилди. Ана шу рейтингда Ўзбекистон фақат бир йилнинг ўзида 16 поғонага кўтарилиб, 87-ўринни эгаллади.

… “Кичик бизнес субъектларига кредит бериш” деб номланган кўрсаткич бўйича Ўзбекистон сўнгги уч йилда 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилди ва ўтган йилнинг ўзида рейтингини 63 позицияга яхшилади.

… Жаҳон банки маърузасида Ўзбекистоннинг кейинги йилларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олгани қайд этилган…

… Бу расмий маълумотлардаги ҳар бир рақамнинг орқасидаги меҳнат, машаққат, синову имтиҳонлар, ғалабаларни тасаввур қилар эканмиз, “Ўзимиз пешона тери билан ҳалол топганимизнинг ўзимизга буюргани шу-да”, деймиз. Тарих учун “йилт” этган фурсат саналган, лекин ўзимиз учун кураш, яратиш йиллари бўлган истиқлолнинг 25 йиллигига шундай ёруғ юз билан етиб келганимизга дил-дилимиздан шукрона айтамиз. Бир пайтлар – пахта яккаҳокимлиги авжига чиққан, истиқлол арафасида шундай ёзган эдим:

Кўп нарса керакмас аслида менга,

Халқим ўз уйида қадди тик юрсин.

Тўрт фасл мисқоллаб топган хазина

Энг аввал ўзига буюрсин!

Ҳа, ўша пайтлар… Баъзилар: “Ҳадеб ўтганни эслайверишнинг нима кераги бор? Ўтган ўтди, инсон бугуни билан яшаши лозим”, дейишади. Балки, бу гапда ҳам жон бордир. Хотиранинг оғир юкини ирғитиб ташлаб, бугуннинг қувончларидан куч олиб яшаган яхшироқдир. Лекин шундай кунлар борки, унутилмайди.

1991 йилнинг 31 август оқшомида Юртбошимиз Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилганларида залда ўтирганлар бир муддат тараддудланиб қолгани ёдимда. Ўшанда Миразиз ака (турмуш ўртоғим)га:

– Юринг, бунақа қувончли дақиқаларда уйда ўтириб бўлар эканми? Ҳамма аллақачон кўчаларга чиқиб байрамни бошлаб юборган бўлса керак, – дея болаларимни, дадасини кўчага бошладим. Чиқсак, маҳалламиз жим-жит, бешта-олтита уйда чироқ кўринган, холос.

“Қулликдан карахт бўлган бу эл озодлигини ҳали-бери билмаса керак”, деб йиғлаганман ўшанда. Мана, мендай бир зиёлининг шубҳали оғриқларининг буткул йўққа чиқишига бор-йўғи чорак аср, йўқ, ундан анча кам фурсат керак бўлибди. Озодлик шундай буюк куч эканки, ўзининг нималарга қодирлигини жуда тез фурсатда намоён қила олар экан. Эрк жарчиси Чўлпоннинг:

«Ойдан-да гўзалдир,

Кундан-да гўзал…» –

мисраларини бежиз Озодликнинг таърифи дейишмас экан.

… Яна ўша истиқлолимизнинг илк кунлари. Биз – ўша пайтнинг ўн навқирон ижодкорига истиқлол қасидаси ёзиш ҳақида таклиф бўлди. Қасидадаги менга тегишли қисм:

Ҳуррият, қийналиб кетарсан,

Қийналиб кетарсан биз билан…

деб бошланган эди. Шунда дугонам, шоира Муҳтарама Улуғова:

– Ҳаммамизнинг қувонч сўзларимиз рақсга тушиб турганида, сиз нега бунақа ёздингиз? – дея гина қилганида:

– Кайфиятим шунақа, – деб жавоб берган эдим. Мен нега бу гапларни батафсил ёзяпман? Чунки қарамлик руҳиятидан озод инсон даражасига кўтарилиш осонгина кечадиган жараён эмас. Лекин юртимизда жуда жадал фурсатда юз берган, бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ўзгаришлар бизнинг яшаш, фикрлаш тарзимиз , орзу-мақсадларимизни буткул ўзгартириб юборди. “Ўзгартириш” деган анча умумий сўздан қочиб, аниқликка қайт­сак, айтаётганларимнинг моҳияти яна ҳам яққолроқ кўринади…

… Мен 12-13 ёшларимдан ёза бошлаган бўлсам, илк китобчам 1980 йилда – 28 ёшимда чоп этилган. Шунда ҳам қувонганимдан дўппимни осмонга отганман. Ёш ижодкорларнинг пиёзнинг пўстидай юпқа китобчалари “Иқтисод қилинган қоғозлар ҳисобига” деган ёзув билан (“Яхшиям, катталарнинг китобидан сен учун қоғоз иқтисод қилдик, бўлмаса, сенга бу рўшнолик қайда эди?” деб турарди-да бу ёзув, таъна, миннат қилиб) чоп этиларди.

Бугун “Ижод” жамоат фонди ҳисобидан ўнлаб 19-20 ёшдаги, ҳатто ундан ҳам ёшроқ ижодкорларнинг илк китобчалари 20 минг нусхада чоп этилиб, бепул тарқатилмоқда. Яна бу китобларнинг чиройли тақдимотлари ҳам ўтказиляпти. Илк китоб – фақат илк синов эмас, ишонч оламининг дарчаси ҳам. Ижодкорнинг ўзига ўзининг ишончини уйғотади. Бу – кичкина гап эмас. Илҳом, рағбат беради. Қаламкашда: “Шу юрт, Ватан меники. Мен унинг баланд-пас­тига масъулман” тарзидаги фуқаролик позициясини эрта шакллантиради. Уни маиший ҳаётдан баландга кўтаради. Шоири, ёзувчиси Ватанни эрта таниган халқ ҳам Ватанни эртароқ танийди. Бу олтин занжир, олмос занжир юртнинг маънавий тараққиётига туртки берувчи кучлардан бири экан.

70-йиллар охирларида Қува туманининг Акбаробод қишлоғидаги ўн-ўн беш чоғлик хоначалари бор мактабда дарс берганман. Ўзим раҳбар бўлган синфда икки-уч болагина ўқишга иштиёқманд эди. Кунда кунора: “Ғўзапоя йиғдик”, “Калишимдан қор кириб кетди”, “Қурт ғонадик” тарзидаги баҳоналар билан болалар дарсга келмасди. Ўзим уйма-уй юриб, ўқувчиларни йиғиб чиқардим. Бугун Акбарободга шаҳарча мақоми берилган. Бутун водийда машҳур муҳташам, атрофи гулзор, боғ билан ўралган иккинчи мактаб-интернат ўша Акбарободда қурилган. Ҳар йили 85-90 фоиз битирувчиси олий ўқув юртларига киради. Мактаб коридорида ҳар бир ўқувчининг кириш имтиҳонларида олган бали, кирган олий ўқув юрти рўйхати осилиб турибди. Ишонмасликка, улар учун қувонмасликка ўрин йўқ.

Ўзим мактаб-интернатнинг синфларига кириб, маънавият дарсларини ўтдим: болалари қарсиллайди. Қаердан сўрасанг, жавоби тайёр!

Айниқса, танаффусда ўғил-қизларни кузатиб, қувонганимдан йиғлаб юбордим. Чунки одатда, ўғил болалар танаффусда у-бу ўйинга чалғийди ё ишкал бошлайди. Аммо ҳозир ўсмирлар ерга формулалар чизиб, кимё дарсларини давом эттиришар, баҳслашишар эди…

Халқаро фан олимпиадаларидан бир неча йиллардан буён диёримиз ўқувчилари олтин, кумуш, бронза медаллар олиб қайтишади.

Шаҳару қишлоқларимиздаги барча мактабларда тўкис таълим-тарбия шароити яратилгани учун, ўқиш-ўқитишга иштиёқ кучайгани учун халқаро миқёсда шундай муваффақиятларга эришаётганимиз сир эмас-ку.

Фақат ижод, фақат таълим соҳаси эмас, қайси йўналишни олиб қарасангиз, бор-йўғи 25 ёшга – бир сарвар йигит, бир дилбар қизнинг ёшига кирган истиқлолимизнинг 25 минг турли неъматларини кўрамиз. Шу неъматлардан баҳрамандмиз, улар билан бирга ўсиб-улғаймоқдамиз, ёшлар шу неъматлар бағрида камолга етмоқда.

Спорт бўйича чемпион ёшлар, санъат соҳасидаги халқаро мусобақа ғолиблари… Тағин оддий ғолиблар эмас, олий ўрин соҳиблари… Уларни кўриб, баҳор ёмғирларидан сўнг барқ уриб очилган, очилаётган чечаклар кўз олдимизга келади. “Истеъдодларинг шунча кўпмиди, юртим? Шунча хазинани бағрингда яширганмидинг? Энди фурсати келиб хазинангни очдингми? Дунёга кўз-кўз қиляпсанми?” – деб ҳайқиргинг, ўз овозингдан ўзинг куч олиб, дала-қирларда югургинг келади…

Ижод изидан, ўзимиз ва ўзлигимизга имкон, йўл излаб пойтахтга келган ёшларнинг деярли ҳаммаси ўша пайтларда ижара уйларда яшардик. Эшик қўнғироғи босилса, “Уй эгаси келдимикан, бирор нарсага эътироз қилмасмикан?” дея юрагимиз ўйнаб турарди. Айниқса, бола-чақаси, оиласи билан ижара уйда яшайдиган тенгдошларимиз азоб тортарди.

… Ҳозир эса қанчадан қанча навқирон ёшдаги, ишлайман, яратаман, юртимнинг маънавий бойлигига бойлик қўшаман, деб турган ёшларга имтиёзли кредитлар асосида “Камолот” уйлари бериляпти. Уйни халқимиз бежиз “ватан” демайди. Ватани борнинг паноҳи, хотиржамлиги бор. “Ўзимники, ўзимникига эгаман”, деган туйғу одамнинг юрагига қувват беради. Буларнинг ҳаммаси – бизнинг ҳаётимиз, мустақил Ватан манзаралари; атрофимиздаги дунё эса чайқалиб турибди. Диний, миллий низолар дунёнинг қай бир гўшаларида одамларни оловга ташлаган. Тақдирлар, истеъдодлар, умидлар, орзу-ҳаваслар ёняпти бу оловда. Яна бир гўшада “эркин муҳаббат”, “эркин ҳаёт”, “эркин шахс” ниқоби остида ахлоқсизликлар урчияпти, дунёнинг маънавий иқлимига оғу пуркаяпти. Қуролланишлар пойгаси, ғийбатлар бозори қизиган… Шундай талатўп ҳаётда ўзимизни ўз эришганларимиз билан асраб қолиш, кўр-кўрона кимларгадир эргашмаслик, тақлид қилмаслик, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, оқни қорадан, ростни ёлғондан ажратиб яшаш ҳар биримиздан доимий уйғоқлик, ҳушёрлик ва айни чоғда садоқат, фидойилик талаб этади.

Мадомики озод диёр, озод юрт эканмиз, ҳар биримиз жон-жисмимиз билан шу юртнинг бир озод парчасимиз.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати, шоира Меҳриноз Аббосованинг бир гўзал сатри бор:

… Ўзбекистон бўлмоқ осон бўлмади…

Дарҳақиқат, шундай. Камситилган, парчаланган юртдан яхлит, бир бутун юртга айлангунча, култепалар аро қақнусдек қайта тирилиб чиққунча, бу юрт бошидан не-не савдоларни ўтказди. Халқимизда ҳаёт йўлларини чидам, бардош билан одимлаётган инсонга: “Бошинг тошдан бўлсин”, дея тилак билдирадилар. Биз ҳам шу тилакка тиловдошмиз. Ҳурриятимизнинг боши тошдан бўлсин, дейман. Дунёнинг, энг инсонпарвар, эрксевар ёзувчиларидан бири Эрнест Ҳемингуэй:

– Ғалабанинг ўзи эмас, ғалабагача бўлган йўл муҳим, – деган эди.

Биз ўша йўлдамиз. 25-бекат эса ўша йўлдаги бир нурафшон бекат. Йўлимиз давомли, манзилимиз ёруғ. Олдимизда йигирма олтинчи, ўттизинчи, қирқинчи бекатлар кутиб турибди. Ҳамиша синовдамиз. Озод яшамоқнинг шарти шу: ҳар дақиқа, ҳар кун ўзингнинг қандай эзгуликларга қодир эканингни исботлаб, жонкуярлик, фидойилик билан яшашинг керак. Озодлик руҳий дангасаликни ҳам, жисмоний сусткашликни ҳам, лоқайдликни ҳам сиғдиролмайди, кўтаролмайди. Унга фаолият одами, ҳаракат одами керак. Борар йўлларимиздаги бекатларга етганимизда ҳам юракка қадалган байроқ – шаън, ғурур байроғи тик бўлса, фақат ўзбекона илтифот билан кўлимиз кўксимизда, ўз лаҳжамизда:

– Хуш келибсан, хуш кўрдик сени, Озодлик! – десак… У бизнинг қаддимизни, биз унинг қадрини кўтарсак…

Бу орзу юраклардан юракларга дарёдай оқаверса, тўхтамаса, тинмаса…

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

1952 йили туғилган. Фарғона педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган. “Юрагимда кўрганларим”, “Узун кундузлар”, “Уйғониш фасли”, “Озодлик”, “Кўксимдаги Тангритоғ”, “Қоракўзларим” каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

yoshlikjurnali.uz

 

 

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ