"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Кўчалар қувончдан кетар жаранглаб

Ўқилди: 507

 

                    Онажонлар

Жамалаксоч қизчалардай дил ҳапқириб,

Юрагимда гуллай бошлар ҳаяжонлар.

Кўнглидаги орзуларин ипак қилиб,

Супачада дўппи тикар онажонлар.

Девор оша анграяди қантак ўрик,

Қумғонда сув биқирлайди ҳоли қуриб.

Чолгинамга, деб пахтали тўнми, қийиқ,

Супачада дўппи тикар онажонлар.

Беланчакни тебратади қўҳна қўшиқ,

Тебранади Алпомишдан қолган бешик.

Гулларига Яратганнинг ишқи тушиб,

Супачада дўппи тикар онажонлар.

Битдими, деб қуёш ҳалак келар тикка,

Тарс ёрилар анорларнинг пўсти юпқа,

Чиқса ҳамки, ғалвир сўраб, ё элакка,

Супачада дўппи тикар онажонлар.

Дунёларнинг дардларини аритгандай,

Армонларин, аламларин қаритгандай,

Вақтнинг учқур тулпорларин ҳоритгандай,

Супачада дўппи тикар онажонлар.

Меваси бол ишкомларнинг соясида,

Ўзлари ҳам худойимнинг соясида,

Дейсиз жаннатларнинг пиллапоясида,

Супачада дўппи тикар онажонлар.

 

                Дарахтларга қасида

Оллоҳ деб гуллайди, кўтаради туғ,

Ҳикмат сўйлар ҳатто букчайган қадди.

Ҳеч ким эркдан сабоқ беролмагай, йўқ,

Донишманд, муаллим дарахтлар каби.

Сўйлаб берар юлдуз, осмон ҳақида,

Қушлар учун кўкка парвоз ошёни.

Болталар зулмига тутлардан бошқа

Ўргатолмас ҳеч ким гўзал исённи.

Ватан, сенга агар севгим беқиёс,

Жонфидолик жўшиб турса қалбимда,

Дарс бермаган ҳеч ким чинордай ҳассос,

Матонату мардлик, ғурур ҳақида.

Гулбарглар шеър ўқир осмонга ёддан,

Учмоққа шайланар дил парвозланиб.

Дарахтлардай туғма шоир олдида

Хижолат тортасан шеърлар ёзгани.

 

                Отамга

Ота, юрагимни совутиб, босиб,

Сизни эслаганда ёнади юзим.

Фарзанд бўлолдимми сизга муносиб?!

Ахир, олдингизда кўп эди қарзим.

Гарчи ёлғон дунё гирдобларида

Берган тузингизни оқлаб ўтдим мен.

Юрагимнинг иймон китобларида

Поклик, ҳалолликни ёқлаб ўтдим мен.

Отам умрибоқий юрадигандай,

Ўлмайдиган, мингга кирадигандай,

Нечун ғафлат босди мени, онажон,

Дунёларга устун турадигандай.

Мана, кўз олдимда… илҳақ, кўчада…

Нигорон термулиб мен келар ёққа.

Соғинчу сўзингиз қолган супада

Энди ўлтирибман мангу фироқда.

Қўнғироқлар келар устма-уст тонгда:

– Отам соғинибди! – зорланар укам.

– Зарур ишларим кўп, – қиламан зарда,

Ахир, юрибдилар… саломат, бардам.

Бўзлаб ахтараман дуо олгани,

Кунларимда йўқдай файзу барорим.

Ҳасратда ўтарми умрим қолгани,

Рози кетдимикин пир, бузрукворим.

Қабрингизга ёғсин раҳмат ёмғири,

Сизсиз ҳувиллайди кечам, кундузим.

Илтижоларингиз ўяр бағримни:

– Бирпасга ёнимда ўлтиргин, қизим.

Менинг кўнглим каби, соғинчим каби

Баҳор қабрингизга интиқ, зориққан.

Ёш боладай бўзлаб, чопаман энди

Ҳидларингиз қолган Олтиариққа.

 

        Эсласалар…

Эслармикин бир кун…

Бу дарахт

Экканимни шу гўзал боққа.

Эсларми бу булбуллар хушбахт

Кафтларимдан қанот қоққанин.

Шу эрка ниҳоллар эсларми,

Суяганим, бўлганим қоя.

Довул, саратондан тўсганим,

Бўлганимни қалқон, ҳимоя.

Бу ғам эзмас, биламан, асло,

Умрим кетмас шамолга, елга.

Малҳам бўлар хушифор, наво

Олис йўлга чиққан ҳур элга.

Фақат…

Эсласалар гул, озод сўзлар

Экмаганим қалбларга теран.

Икки қўлим ёқамда бўзлар,

Ўтда куйиб ётарми танам?!

 

 Олтиариқ кўчаларида

Болажон кўчалар бағри тўлиб бой,

Қантак шимган чолдай қилади ҳузур.

Дарахтдан олмалар қоқади болдай,

Олтин асо билан ҳазрати Ҳизр.

Кўчалар қувончдан кетар жаранглаб,

Тўлиб кетар шодон қийқириқларга.

Меҳрдан майишган боғлар гуркираб,

Беҳилар отади гул ариқларга.

Тўкинликдан сармаст,

Ширакайф токлар,

Гулоб узатади ёқут ишкомлар.

Пахса деворлардан энгашар қантак,

Ризқу насибага тўлади жомлар.

Бегим онажонлар борарлар ҳурдай,

Бахт, толе кўтариб бўхчаларида.

Жаннат дарвозаси очилар шундай,

Султон Олтиариқ кўчаларидан.

 

            Бир кун…

Айланади

Чархикажрафтор,

Айланади мисли чархпалак.

Шу тупроққа кўмилиб минг бор,

Милён бора

Кўкарар юрак.

Аён қисмат…

Биллур томчидек

Қумликларга кетарман сингиб.

Юз минг…

Минг йил қаъридан балки

Озод сўздек

чиқарман униб.

Мен ўлмайман…

Руҳим нур каби,

Самоларга қўшилгай абад.

Бир мўъжиза рўй берар токи,

Булоқ бўлиб кўз очгай, албат!

Айланади чархикажрафтор…

 

                      Ёғоч оёқ

Отам кўнглидаги дард билан ўсдим,

Эргашиб гоҳ қўлтиқтаёқларига.

Қулундай чополмай дилим ўксиди,

Термулганча ёғоч оёқларига.

Қадамида пошна изимас, ҳайҳот,

Ортидан тупроқлар тўзғимас, ҳайҳот.

Борар юрагимда жанглар қуюни,

Тизиммас, отажон, бўғзимгача дод!

Отам кетди кўзларидан қон сирқиб,

Хотиралар ўтмас пичоқда қирқиб.

Кетди ярим жону бутун дард билан,

Тобутда жисмимас, ғам борди қалқиб.

Дардлар улғайтирди, дардлар суяди,

Одам ўлмас экан ғаму фироқдан.

Кўзларимни юмсам қақшаб кетади,

Болалигим чопар ёғоч оёқда…

 

Усмон Носирнинг сўнгги нидоси

Тош турмалар,

Жаллод турмалар

Аяр мендан парча қоғозни.

Бунда мудҳиш сукут ўрмалар,

Чиқармаслик керак овозни.

Мадорим йўқ қалам ушлашга,

Юракларим кетгандир озиб.

Деворларга,

Ҳаттоки тошга

Кўзим билан қўйяпман ёзиб.

Ҳаво йўқдир нафас олмоққа,

Эшитилмас ҳатто маҳкум сас.

Қад кўтарсанг бошинг ёрмоққа

Бунда шифтлар қилиб турар қасд.

Қўлда кишан,

Бўйнимда сиртмоқ,

Кўрарманми эркингни, Ватан.

Қонга тўлган юрагим билан

Мен қаърингда қандоқ ётаман?!

Умидим бор, бир кун келар Эрк,

Ва тинади зулму фарёд.

Кишанларни парчалаб, ёриб,

Сўзларимни қиларлар озод!

Энахон Сиддиқова

yoshlikjurnali.uz

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ