"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Энг қиммат мерос

Ўқилди: 400

Анвар ОБИДЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири

Жаҳонда бири биридан жарангдор, бири биридан кўтаринки шиорлар кўп. Атрофга назар ташлаб, ер юзининг гоҳ у, гоҳ бу минтақасидаги бесаранжомликларни ички безиллоқ билан кузатаркансан, бошингда ўз-ўзидан бир ўй пайдо бўлаверади – оилангдагилар даврасида хотиржам тамаддиланиб, дастурхон йиғиштирилаётганида: “Омин! Тинчлик, омонлик бўлсин!” деб айтилгучи одмигина дуодан ҳам эзгуроқ шиор бормикин бу очунда?

Ҳар бир элатни гўзал манзиллар, қувонарли ютуқлар, чексиз фароғатлар сари элтгучи йўлларнинг барчаси Тинчлик деб аталмиш одмигина сўқмоқдан бошланади. Бирон бир жойда машмаша чиқаришдан манфаатдор зўравонларнинг, ўз чўнтагини қаппайтиришни минг-минглаб оддий кишилар ҳаётидан устун қўювчи бир ҳовуч очофатларнинг қутқусига учиб, ўша нажот сўқмоғини йўқотиб қўйган айрим қавмлар мислсиз кўргиликларга дучор бўлаётганини бутун дунё кўриб турибди. Телевизорни ёқасанми, газетани варақлайсанми, интернетга кирасанми, икки гапнинг бирида буниси унисидан совуқ хабарларга йўлиқаверасан, буниси унисидан даҳшатли манзаралар олдингдан кўндаланг чиқаверади. Гоҳ бўғриқиб кетасан, гоҳ кўзинг намланади.

Бу не бедодликки, асрлар давомида бунёд этилган кўркам-кўркам шаҳарлардаги осмон­ўпар иморатларнинг, ноёб иншоотларнинг, неча-неча хонадонларга ризқ улашиб келган катта-кичик корхоналарнинг, касалхоналарнинг, мактабларнинг, боғчаларнинг ўрнида қаровсиз қабристонни эслатувчи вайроналар қолган бўлса? Бу не кулфатки, кеча битта бозорда очиқ юз билан олди-сотди қилиб юрган юртдошлар бугун гуруҳларга бўлиниб, бир-бирига ўқ ота бошласа? Бу не фожиаки, миллат фахри бўлган қадимий обидаларнинг кули кўкка совурилиб, музейларидаги нодир-нодир ёдгорликлар қароқчиларча талаб кетилаверса, ўзига хос бир элатнинг минг йиллик қадрияти, маънавияти аёвсиз тарзда оёқости қилинаверса? Бу не хўрликки, юз минглаб одамлар жон ҳовучлаганича уйини ташлаб қочиб, бегона мамлакатларда сарсону саргардон бўлиб юрса?

Бу кишиларга “яхшироқ турмуш”ни насияга ваъда қилиб, юртда низо қўзиган жаноблар нега энди тўнни тескари кийиб, уларга ҳатто вақтинча бошпана бериб туришдан оғринишга тушди? Қолаверса, қайиқда қочиб ўтаётганида вояга етмаган уч фарзанди денгизга чўкиб кетган бахти қора аёл учун энди садақасифат бошпананинг нима ҳаловати бор-у, йигирма-ўттиз йил берисида юзага келиши ҳам буткул даргумон бўлган “яхшироқ ­турмуш”нинг нима қизиғи қолди?

Яна бир нарсадан бошинг қотади – наҳотки шу қир­ғинлар БМТ биноси саҳнида ўз байроғи ҳилпираб турган эркли давлатда юз бераётган бўлса? Бундай қон тўкишлар фақат қарам мамлакатнинг мустақиллиги учун курашда ёки юртингга ёв бостириб киргандагина ўзини оқлаши мумкин. Ундоғроқми, мундоғроқми, тинчгина яшаб, бемалол ошаб турувдинг, бировларнинг ишқовидан жазаваланиб, оға-инилар нечун юмдалаша бошладинг? Во, дариғ! Энди бировга томоша бўлавер! Ҳа, сенинг кулфатингниям томошага йўядиган эрмакталаб тоифалар кам эмас.

Ўзбекистонимиз истиқлолга эришганидан буён, Яратгучига минг қатла қуллуқки, бу янглиғ кўргиликлардан сақланиб турипти. Бу олий саодатга мушарраф бўлишда эл осойишталигини таъминлаш юртимизда энг устувор вазифага айланганлиги асосий омил бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси     Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни  вақтинча юклаш тўғрисида”ги масалага бағишланган қўшма мажлисида ҳукуматимиз раҳбари Ш. М. Мирзиёев нутқ сўзлаб, биринчи йўлбошчимиз бошлаб берган улуғ ишлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилишини таъкидлар экан, жумладан, шундай деди: “Биринчидан, биз ҳар доим Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг чуқур маъноли ўгитларини, айниқса, “Бизга тинчлик ва омонлик керак!” деган сўзларини ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим”.

Олдимизда турган кўламли-кўламли вазифалар ичида юртимизнинг, меҳнатчиларимизнинг тинчлигини асраш масаласи биринчи ўринда тилга олингани барчамиз учун айни кўнглимиздаги гап бўлди.

Мустақиллигимизнинг ўтган 25 йили ичида ўлкамиз аҳли халқ хўжалигининг барча-барча тармоқларида қўлга киритган мислсиз ютуқлар бутун жаҳонни ҳайратга    солаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Каттаю кичикка ойдек аёнки, агар диёримизда осойишталик ҳукм сурмаса, буларнинг бирортасигаям эришолмаган бўлардик.  Биринчи йўлбошчимиз ­ТИНЧЛИКни бизга энг қиммат  мерос қилиб қолдирди.

Халқимиз учун ўша оғир ва мусибатли кунда Тошкентдан тортиб, Самар­қанддаги дафн маросимига қадар  Биринчи Президентимизни сўнгги йўлга кузатишга   чиққан кишилар ўз жигарбандидан айрилгандек йиғлаганидан, бутун бошли халқ чуқур қайғуга ботганидан таъсирланган бир дўстимиз кўзига ёш олиб, биз билан салкам ўттиз йил бирга бўлган бу инсон ҳар биримиз учун оиламиз аъзосига айланиб кетганини яхши англолмай юрган эканмиз, дегани қалбни тўлқинлантирмай қўймайди. Бу зот мўътабар юртини, юз минглаб хонадонларнинг вакилига айланган тарзда, ўз оиласини бало-қазолардан асрагандек асрашга интилиб келди.

Кўп ҳукмдор ўтган

Туғроли, туғли,

Юрт отаси бўлмоқ – залворли тақдир.

Элни ризо қилиш – беҳад шукуҳли,

Гар эли бойимас, у ҳам бир фақир.

 

Кўп ҳукмдор ўтган

Туғроли, туғли,

Ўлимдан сўнг олмиш турфа хил баҳо…

Бир юртнинг отаси бўлмоқ – улуғлик,

Ҳар уйнинг отаси бўлолган – даҳо!

Тинчлик биз учун энг қиммат мерос, дедик. Шуни ҳар қадамда ҳис этиб яшашнинг ўзи халқимизнинг ўта донолигидан бир далолатдир, чексиз шукроналик белгисидир. Азиз авлиёлар айтганидек, шукронаси бор қавмни    меҳрибон Тангри доим қўллайверади.

Унутмайлик, болаларимиз бизга илтижоли термулиб турибди. Уларга, энг аввало, ҳаловат керак…

 

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ