"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Сеҳрли диёр

Ўқилди: 487

Шарифа САЛИМОВА

                                  ВАТАН

Ватан, айланайин тупроқларингдан,

Соя-салқин берган япроқларингдан.

Мен дарё кўксида Ватан кўрдим, деб

Чўққидан отилган ирмоқларингдан.

 

Қалдирғоч валфажр айтади сайрон,

Тумшуғин интилиб чўзар полапон,

Вассажуфтли уйинг айлагач макон,

Қалдирғоч ризқ тутар урвоқларингдан.

Зангор денгиз янглиғ чайқалар далам,

Райҳонга сув сепар келинчаклар ҳам,

Боғингда олмалар юзлари тарам,

Ширмой нон узилар ўчоқларингдан.

 

Оллоҳ назар қилган сеҳрли диёр,

Дунёни титратган даҳоларинг бор,

Тупроғинг зарраси жонимга тумор,

Юз чайгум иймондек қирғоқларингдан.

 

Бугун олтин тожли Алпомишим сен,

Қодирий ҳам ўзинг, ҳам Кумушим сен,

Зарларга беланган Ҳумо қушим сен,

Дунё гул оғушлар қучоқларингдан.

 

Ватан, онажоним, жону жаҳоним,

Кўксида ўстирган фирдавс маконим,

Мангу завол билмас Ўзбекистоним

Ватан, айланайин тупроқларингдан!

 

                             МЕҲР

Ҳар ким ўз жаннатин ўзича севар,

Дилда борин айлар ўзича талқин.

Мен сени қуёш деб, тортдим хижолат,

Васфингга минг қалам ожиздир, халқим.

 

Қўҳиқоф тоғларин залворлари ҳам

Азамат елкангга қўндирмас ғубор.

Муқаддас тупроғинг зарраларида

Улуғ аждодларинг битиклари бор.

 

Ватанлар йўргакда ҳали тиш чиқмай,

Она алласини кўрганида туш.

Сен Ватан тимсоли, номуси бўлиб,

Қуёшга қўл чўзган она Тўмарис.

 

Ҳар ким ўз жаннатин ўзича севар,

Қўшиқлар битади ёна ва ёна.

Она Ватан меҳрин сокин сўзлайди,

Амир Темур ётган улуғ хилхона.

 

Шоирлар кўксида гувиллар дарё,

Ҳар бир гиёҳ унга айтиб турар шеър.

Дарёлар қуйилган уммон кўксида

Сўз дурларин сочар улуғ Алишер.

 

Ҳар ким ўз жаннатин ўзича севар,

Сен – Онам! Онадан ҳеч ким тонолмас.

Юрагимда ўсган улкан дарахтни,

Кўксимдан суғуриб ҳеч ким ололмас.

 

                       ҲАР ЗАРРАДА…

Нечун бунча ям-яшил боғлар

Самодаги булут бунча оқ.

Ботаётган қуёш нурлари

Нега қондан кўра ёрқинроқ?

 

Тоғлар нечун қаддини букмас,

Нечун боши эгик мажнунтол.

Шунча юксак бўлса ҳам нечун

Ийманади бизлардан ҳилол?

 

Дарё нечун бир сўз айтмасдан

Оқаверар абадиятга.

Сир-синоат тўла бу дунё

Солаверар бизни ҳайратга.

 

Яшилланиб солланар боғлар

Қайдан шунча илоҳий виқор.

Кўкдан келар шунда бир садо:

Ҳар бир баргда… Яратган пинҳон,

Ҳар зарранинг ўз ҳикмати бор.

 

             ДУР СОЧИБ,

            ИНЖУ СОЧИБ…

Дур сочиб, инжу сочиб,

шўх куйлашар фавворалар,

Мисли қўлда гул тутиб,

бийрон югурган болалар.

 

Йўқ, улар ёш боламас,

сочи белига чулғониб,

Кокилин сув ўйнаётган

ул пари рухсоралар.

 

Ой билан офтоб юзига

термулиб ҳайронадир,

Ой ё офтоб нурими

нурдан ўрилган толалар.

 

Ерни суйган ул кумуш

юлдузми бу, биз билмаган,

Кўкда мафтун термулиб,

жилва қилар сайёралар.

 

Она ернинг кўксидан

кўкка отилган куй эрур,

Соҳира чолғусин излаб

неча дил овворалар.

 

Шоиро, сен ҳам сўзинг айт,

бул Ватан инжусига,

Дил ёниб, инжу сирин

оппоқ қоғозга қоралар.

 

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ