"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Хосиятли дуолар

Ўқилди: 549

Музаффар АҲМАД,

Қорақалпоғистон халқ шоири

                            ХУЛОСА

Ҳаёт шундай доно!

Ўз ҳикматларин

Инсонлар кўнглига жойлайверади.

Мозий ва келажак башоратларин

Момолар тилидан сўйлайверади.

 

Жим қол, эй табиат,

Жим қол, эй башар,

Томоша қил ҳикмат жилоларини.

Қулоққа сирғадай тақсанг ярашар

Ўзбек кампирларнинг дуоларини!

 

Даҳшатга кўммасин сени ўтмишлар,

Хулоса ясасанг ҳалокатлардан.

Жим тингла… мана шу дуо, олқишлар

Дунёни асрайди фалокатлардан.

                         ҒИЖЖАК

Деворда осиғлиқ турибди ғижжак –

Отамнинг умрлик йўлдоши.

Деворда осиғлиқ турибди ғижжак –

Онамнинг севимли “кундоши”.

 

Қайда ул азиз қўл, ул меҳрибон қўл?

Қайда ул сеҳргар – жавоб бер ахир.

Минг кун ўтди, балки ўтгандир минг йил,

ўижжак чалинмасдан турибди сағир.

 

Камон қиллари ҳам ташлаётир тоб,

Кун-кундан тўлиқар куйлашга зор соз.

Қайда? Сукут. Фақат сукут.  Йўқ жавоб…

ўижжак ногаҳонда чиқарар овоз!

 

“Мени, ҳам ўзингни қийнама, жоним,

Оҳ урсам, сендан-да ўтажак нолам.

У кетди, келмайди!” – девордан олиб,

“Кундошин” қучоқлаб юпатар онам.

 

                ЙИРТИЛГАН СУРАТ

Бугун йўлда

Йиртиқ сурат кўрдим:

 

Йигитнинг кўзлари…

Қизнинг кўзлари…

 

Йиртиқ сурат узра

Маъюс, лол турдим.

Шамол бўзлади:

 

Ваъда-вафоларни

Пойимга сочиб,

Сўкиниб, қарғаниб,

Оҳ уриб, қочиб,

Қай томонга кетди

Бугун ўзлари?..

Чинор бош чайқарди,

Шамол бўзларди,

Ул кўзларни

Хазон ичра изларди…

 

                   УЧРАШУВ

Миллион йил ҳозирлик кўрди табиат,

Бир қомати мавзун – сени яратди.

Миллион йил ҳозирлик кўрди табиат,

Бир ошиқи мажнун – мени яратди.

 

Мана, икки маҳсул, икки эркатой,

Турар бир-бирининг ҳузурида жим.

Бу мўъжиза жунун, мўъжиза чирой

Ҳуснидан дунёлар ҳайратда, балким.

Эркам, бу дамларни тарк этма асло,

Кетсанг, ҳижрон мени бағрига олар.

Барча мўъжизадан айрилур дунё,

Табиат миллион йил ҳувиллаб қолар…

 

                            БУЛБУЛ

Овози ялтироқ, ҳарир ва инжа…

Булбул уйғотади мени ҳар куни.

Бу не наво ўзи, бу не мўъжиза,

Нафаси – шудрингдан, гулдан – халқуми.

 

Унинг лаҳжалари тобора хуш-хуш,

Тобора хижолат чекаман минг-минг.

Нечун уялтирар мени митти қуш,

Булбул сайрагудай не иш қилдим мен?

 

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ