"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Чемпионнинг онаси

Ўқилди: 391

Феруза ЖАЛИЛОВА,

“Шуҳрат” медали соҳиби

Хосият ҲАКИМОВА олган сурат.

Ўн икки ёшли набирам Россиянинг Анапа шаҳрида бўлиб ўтган футбол мусобақасида қатнашиб, диплом билан қайтди. Сафар таассуротларини тўлиб-тошиб сўзларкан, гапининг орасида, “Мураббийимизга ҳам диплом беришди”, деб қолди.

— Ие, мураббийингиз ҳам майдонга тушдими, — дея қизиқиб саволга тутдим  уни.

— Йўқ, мураббийимиз футбол ўйнамадилар. Мусобақада қатнашган барча жамоалар орасида бизнинг жамоани “Энг одобли жамоа” деб топишди. Шунинг учун мураббийимизни диплом билан тақдирлашди.

Набирамнинг сўзларини тингларканман, беихтиёр ўша пайтлари кўз ўнгимда ёш футболчиларимизни мазкур мусобақага кузатиш жараёни жонланди.

— Ўғлим, мураббийингнинг сўзидан чиқма, дўстларинг билан аҳил бўлинглар. Одобингизга ҳамма ҳавас қилсин, — дея қайта-қайта тайинлашарди ўзидан ҳам каттароқ сафар халтасини базўр кўтариб аэропортга кириб кетаётган ўғилларига оналар. Бу ҳол, балки баъзилар учун бироз эриш туюлар, лекин бундай тарбия усули бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Ўн икки ёшли болаларимизнинг тарбиясига, одобига ўзга давлатларда ҳам тан беришяптими, демак, биз тўғри йўлдамиз. Илдизлари минг йиллик қадим қадриятларимизга туташ тарбия усулимиз ўзини оқлаяпти…

Шулар ҳақида ўйлар эканман, кўзларимда беихтиёр қувонч ёшлари ҳалқаланди, қалбим ғурурга тўлди.

Мен набирамнинг  кичкинагина ютуғидан шунчалар қувоняпман, энди куни кеча Рио-де-Жанейродан кўксига олтин, кумуш, бронза медалларни тақиб, Ўзбекистонимиз байроғини халқаро майдонлар узра баланд ҳилпиратиб, юртимиз шарафини кўкларга кўтариб қайтган ва айни кунларда худди шу мамлакатда XV Паралимпия ўйинларида чемпион бўлаётган ҳамюртларимиз оналарининг кўнглидан кечаётган ҳиссиётларни, уларнинг қувончи, ҳаяжонини бир тасаввур қилиб кўринг-а.

— Ўғлимнинг рингдаги жангларини томоша қилишга юрагим дов бермайди, — дейди XXXI  ёзги Олимпиада ўйинларида юртимизга илк олтин медални совға қилган Ҳасанбой Дўсматовнинг онаси Дилноза ­Ҳайитбоева. — Лекин унинг юртимиз шарафи учун  курашаётганини ўйлаб, ўзимга тасалли бераман, ўғлимга зафарлар тилаб, дуога қўл очаман…

Менимча, ҳамма оналар шундай. Бу гавҳар сўзларни ҳамма волидалар айтади. Фазлиддин, Шаҳобиддин, Шаҳрам, Бектемир, Рустам, Муроджон, Шерзод, Севинч, Муслимаю Фотимахонларнинг оналари ҳам телевизор қаршисида қимирламай боласининг омадини Оллоҳдан сўраган, тунни тонгга улаган. Оғир атлетика бўйича олимпиада рекордини янгилаган Руслан Нуриддинов, паралимпия рекордини янгилаган енгил атлетикачимиз Ҳусниддиннинг волидаси қўллари дуодан бўшамаган бўлса, ажабмас. Аслида Алпомиш ўғлонларимиз халқимиз, Биринчи Президентимиз ишончини оқлаш учун майдонга тушганларида аҳли  Ўзбекистон оналари уларни дуо қилишди. “Буюк, шижоатли боболаримиз, ­Соҳибқирондек улуғ саркардалар руҳи мададкор бўлсин!”, дея ният билдиришди. Зеро, дуоларда ҳикмат кўп. Оналарнинг бўлажак чемпионлар бешигини қучиб айтган “Алла”ларида ҳикмат кўп. Ҳикматлар қуввати мақсад сари йўл солади.

Алла, болам, тез улғайиб,

Кучга тўлгин, аллаё.                        Chempionning inasi

Курагини ер искамас,

Полвон бўлгин, аллаё.

Жалолиддин, Алпомишлар,

Авлодисан, аллаё.

Олим, фозил, шерюраклар,

Зурриётисан, аллаё…

 Бугун оналарнинг дуолари мустажобига, “Алла”лар оҳангига йўғрилган эзгу-ниятлари ижобатига гувоҳмиз. Жуссаси кичик бўлса-да, юрагига катта шижоатни сиғдира олган Ҳасанбойимиз, эгнидаги спорт кийимига туширилган гербимиз суратини қайта-қайта ўпиб, “Ўзбекистон!”, “Ўзбекистон!” дея ҳайқирган арслонкелбат Русланимиз, ўзбек ёшларининг ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлаган шижоатли ўғил-қизларимиз Олипм чўққиларини забт этишди. ўалаба онлари бу фақат қуёш қадар, булутлар қадар ҳаволанган байроқ, миллионлаб мухлисларнинг ол­қиши, ғолибларнинг қувончи эмас. Бундай фараҳбахш лаҳзаларда шу юртни ўзига Ватан билган, унинг тақдирига дахлдорлик ҳиссини туйган барча-барчанинг юраги уммонлашади, ғурур-ифтихорининг қадди-қомати янада юксалади. Юракларда: ”Биз энди буюк ишларга қодирмиз!” деган ишонч уйғонади.

Асл фарзандларимиз қучган ва эришаётган бу мислсиз ғалабалар халқимизга ана шундай катта ишончни ҳадя этди. Ўзбекистон, ўзбеклар жасорати, шиддатининг бардавомлигини исботлади.

Чемпионларимизга ҳавас-ла боқиб: “Бу азаматларни қайси бахтли она дунёга келтирган экан-а?”деган савол кечади ҳар бир онанинг кўнглидан. Ва беихтиёр шундай сатрлар қуйилиб келаверади:

 Ҳавас қилинг бугун бахти кулганларга,

Ўғлонлари марди майдон бўлганларга,

Қулочлари гулдастага тўлганларга,

Йўл беринглар, чемпионлар онасига.

Она борки, шундай ботир ўғлонлар бор,

Юрт орига қалқон бўлган полвонлар бор,

Энг аввало, оналарга қуллуқ минг бор,

Таъзим қилинг, чемпионлар онасига.

 

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ