"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Шарқ адабиёти намояндалари

Ўқилди: 443

РАШИДИДДИН ВАТВОТ

Ўрта осиёлик йирик шоир ва олим Муҳаммад ибн Абдулжалил ал-Балхий (1088—1182). Шеър санъатининг моҳир устаси, зўр бадиий маҳорат эгаси. У шеъриятда мурассаъ, тарсиъ, тажнис ва бошқа усулларни қўллашда замонасининг пешқадам шоири бўлган. Рашидиддин Ватвот шеъриятга оид «Ҳадоиқ ус-сеҳр» («Сеҳр боғлари») каби бирмунча илмий асарлар ҳам битган. «Ҳадоиқ ус-сеҳр» XV асргача ва ундан кейин ҳам Шарқда зўр шуҳрат қозонган. Давлатшоҳ Самарқандий сингари адабиётшунослар учун муҳим манба вазифасини ўтаган. Олимлар бу асарга шарҳ ҳам битганлар. Шарафиддин Ромийнинг (XIV аср) «Ҳадоиқ ал-ҳақоиқ» («Ҳақиқат боғлари») деб аталувчи шарҳи улардан энг муҳимидир. (Бу шарҳнинг бир нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқ­шунослик институтида сақланмоқда: инв. № 9151). Рашидиддин Ватвот умрининг охирларида Хоразмшоҳ саройини тарк этиб, илм ва фан билан машғул бўлган.

Унинг исми Рашидиддин Муҳаммад ибн Абдулжалил ал-котиб ал-Умарийдир. Насаби мўминлар амири Умар ибн ал-Хаттобга… уланади. Улуғ, фозил, адиб ва соҳиби илм бўлиб, унинг буюклиги, фозиллигини ҳамасрлари эътироф этганлар. Унинг (олим ва шоир сифатида) майдонга чиқиши Отсиз ибн Қутбиддин Муҳаммад Хоразмшоҳ даврида содир бўлган. Асли Балхдан, лекин Хоразм вилоятида турғун бўлиб, ўз даврида шуаро ва фусаҳо тоифасига устод эди. Теварак-атроф, узоқ-яқиндан келган шоирлар ҳамма вақт унинг ҳузурида шеър ва бошқа илмларни ўрганиш билан машғул эдилар.

У шоирликдан бошқа (яна бир) юқори мансаб ва мартаба эгаси бўлиб, ҳозиржавоб, ширинсухан олим эди. Теварак-атроф шоирлари билан баҳслашар, уларнинг камчиликларини топар эди. Шунинг учун шоирлар уни хуш кўрмас, кўпчилиги бениҳоя ҳасад ва бахилликдан уни нозик ҳажв қилардилар…

Рашидиддин Ватвот хокисор, кичик жуссали, теззабон одам эди. Ватвот деб аташларига боис улким, Ватвот мўъжаз бир қуш бўлиб, (Фарастук) фариштарак ҳам дейдилар. Шундай бир нақл бор: Кунлардан бир куни Хоразм олимлари Хоразмшоҳ Отсиз мажлисида мунозара ва баҳс қилар эдилар. Рашидиддин Ватвот ҳам ўша мажлисда ҳозир бўлиб, мунозара, баҳс ва теззабонлик кўрсатар эди. Хоразмшоҳ кўрдики, шу қадар кичик жуссали бир одам беҳад ва беандоза баҳс юритаётибдир. Рашидиддин Ватвотнинг олдига бир довот қўйилган эди. Хоразмшоҳ зарофат юзасидан дедиким: «Довотни олиб қўйинглар-чи, кўрайлик қани, унинг орқасида туриб гапираётган ким экан?» Писандани англаган Рашидиддин Ватвот довотни олиб қўйиб, ўрнидан турди ва деди: «Киши жуссаси билан эмас, балки дили ва тили билан инсондир». Унинг закийлиги, фазли ва балоғати Хоразмшоҳга аён бўлди. Унга иззату эҳтиром кўргазди ва кўп инъомлар бериб баҳраманд қилди. Унинг Хоразмшоҳ мадҳида айтган покиза қасидалари бор…

Рашидиддин (Ватвот)нинг девони қарийб ўн беш минг байтдан иборат, аксарияти маснуъ, мурассаъ ва икки қофияли, баъзи байтлари тарсиъ ва тажнисдир. У: «Мендан аввал бирон киши, хоҳ араб, хоҳ форс тилида, ҳаммаси мурассаъдан таркиб топган қасида битмаган», деб даъво қилар эди. Дарҳақиқат, у қарийб етмиш байтдан иборат бир қасида ёзганки, барчаси мурассаъдир…

Рашидиддин Ватвот узоқ умр кўрди. У ҳатто Хоразмшоҳ Отсизнинг вафотидан кейин, Султоншоҳ ибн Эл Арслон ибн Отсиз даврида ҳам ҳаёт экан. Султоншоҳда Рашидиддин Ватвот суҳбатини топиш орзуси пайдо бўлибди, лекин унинг қариб, қувватдан кетиб, букчайиб қолганлигини айтадилар. Шундай бўлса ҳам Хоразмшоҳ: «Уни, албатта, менинг ҳузуримга етказинглар», деб буюрибди. Рашидиддин Ватвотни маҳофага ўтқазиб олампаноҳнинг ҳузурига олиб келадилар. Унинг кўзи Султоншоҳга тушиши ҳамоно, ўз ҳолига муносиб   мана   бу   рубоийни   айтибди:

Бобонг зулмни замон юзидан ювиб ўтди,

Одил отанг адолат отини қувиб ўтди,

Муборак эгнинггаким салтанат тўни битди,

Ҳар на қодирсан кўрсат, эй, навбат куни етди.

…Кейинчалик Ватвот Термизга кетиб қолди ва Султон Санжар ғуззлар қўлига асир тушиб, Отсиз эса бу тарафларга лашкар тортиб, тамоми Хуросон унинг қўлига ўтганга қадар, бирмунча вақт, Термизда истиқомат қилди. Шундан кейин Рашидиддин Ватвот Отсиз ҳузурига жўнади ва Ҳабушонда унинг лашкаргоҳига етишди. У бирмунча вақт Отсизнинг ҳузурида бўлди. Тасодифан 1156 (551 ҳижрий) йили Отсиз Ҳабушоннинг Дараи хуррам1 деган жойида вафот этди…

Рашидиддин (Ватвот)нинг вафоти 1182 (578 ҳижрий) йили Хоразмда содир бўлди. Айтишларича, у тўқсон етти йил умр кечирган. Қабри Хоразмнинг Журжония шаҳридадир.

Унинг илми маоний ва илми баён бўйича маъқул асарлари бор. «Ҳадоиқ ус-сеҳр» Ватвот асарлари жумласидан бўлиб, шеър санъатида ундан фойдалироқ китоб ёзилмаган… Яна бирмунча, шеър илми, истифо ва иншо илмига оид китоблари ҳам бор.

 

1-Кўҳна Урганч 

Давлатшоҳ Самарқандийнинг
“Тазкират уш-шуаро” китобидан олинди

Сайт бўлими: Ўзбек мумтоз адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ