"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Шариф шаҳар фуқароси

Ўқилди: 591

Минг тўққиз юз тўқсон иккинчи йилнинг кеч кузи. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг 675 йиллигини нишонлаш ҳақида Юртбошимизнинг  Фармони эълон қилинган, шу муносабат билан Ҳазратнинг ёдгорлик мажмуини, қадамжоларини обод қилиш, Нақшбандия тариқати ғояларини чуқур ўрганиш, халққа етказиш юзасидан кенг кўламли илмийамалий ишлар бошланиб кетган эди.

Ўшанда Республика радиосида ишлардим. Ҳазратнинг “Имон — қалб гав­ҳаридур” деган ибораларидан келиб чиқиб, “Қалб гавҳари” туркумида эшиттиришлар тайёрлаш лойиҳасини таклиф қилдим, раҳбарият маъқуллади. Шундан сўнг, Бухоро сари йўл олдим. Йўл олдидан шоир Садриддин Салимовга, албатта, учрашишимни, шунда ишим енгил кўчишини қулоғимга қу­йишган эди. Садриддин акани танирдим, албатта. Бухоро педагогика инс­титутида олмон тилидан дарс беришини, олмон шоири Гётенинг “ўарбу Шарқ” девонини таржима қилгани ва Гёте ижодидан устозимиз ўайбулла ас-Салом раҳбарлигида илмий иш олиб бораётганидан ҳам хабарим бор эди. Бундан ташқари унинг шеъриятига ҳам ихлосманд эдим.

* * *

3

Хизмат сафаримдан мақсад Хожа Баҳовуддин ҳазратлари юбилейи олдидан Бухорода бўлаётган тайёргарлик ишларини ёритиш эди.

Яхши эслайман, зиёратни Пойи Остона гузаридан бошлагандик. Пойи Остонада камида олти аср нарида бунёд этилган табаррук масжид бор экан. Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари Қасри Орифондан ҳар гал Бухорога келганларида айнан мана шу масжиди жомеда ибодат қилар эканлар… Жоме янги таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида турган экан.

Тоқи заргарон бўйлаб кетяпмиз. “Заргарлар тоқиси, яъни савдо растаси, — дея тушунтирди Садриддин ака. — Бухорода бешта тоқи бўлган, шундан учтаси омон қолган, булар — Тоқи саррофон, пул майдаловчи, айирбош қилувчилар, Тоқи телпакфурушон, бош кийим билан савдо қилувчилар ва мана шу Тоқи заргарон”. Суҳбатдошимнинг “омон қолган”   деган изоҳи кейин ҳам кўп бор такрорланди ва ҳар гал оғриқли бир оҳанг туярдим уларнинг замиридан.

Мир Араб мадрасаси, Масжиди калон, Минораи калон, яъни Пойи калон мажмуасидамиз. Энди бу ерда ҳамроҳимдан эшитганларимни бир-бир хотирлайверсам… “Ё тавба, бу одам Бухоронинг тирик қомуси экан-ку!” дея қайта-қайта ҳайратга тушаман. Қисқаси, шу куни шаҳардаги яна бир неча обидани — Чор минор мажмуаси, Сомоний мақбараси, Арк қалъаси, Моғаки Аттор масжиди, шунингдек, Мир Араб, Говкушон, Абдуллахон, Кўкалдош, Мирзо Улуғбек, Абдулазизхон мадрасаларини зиёрат қилдик. Кейин шаҳардан чиқиб асосий зиёратгоҳимиз Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуи томон йўл олдик…

* * *

Айтишим лозимки, ўшанда ҳали ҳаммаси олдинда эди. Улкан шаҳардаги таъмирлаш ишлари энди-энди бошланиб келаётган эди. Вилоят бўйича рўйхатга олинган 660 та маданий мерос объекти, жумладан, шаҳар ичидаги 103 та меъморий обида ўз навбатини кутиб ётарди. Бироқ некбин ҳамроҳим завқ-шавқ билан сўзлар: “Қаранг-а, қандай қутлуғ замонлар келди! Шукр қилиш керак, шукр! Ҳаммаси яхши бўлади”, дерди…

13

* * *

Шу-шу бўлдию, мен Бухорога сер­қатнов бўлиб қолдим. 1993 йилда Хожа Баҳовуддин Нақшбанд юбилейи жуда чиройли тарзда нишонланди. Унгача эса Ҳазратнинг ёдгорлик мажмуи бошдан оёқ таъмирланди, обод қилинди. Нақшбандия тариқатига бағишланган ўнлаб тадқиқотлар эълон қилинди. Жумладан, Садриддин аканинг ҳам “Дилда ёр”, “Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир” номли икки рисолалари босилди. “Дурдона” номи билан Мир Кулол ва Шоҳи Нақшбанд мақомотлари ҳам унинг таржимасида чоп этилди. Баҳовуддин Нақшбанд жамоатчилик маркази ташкил этилиб, нақшбандия таълимотини тадқиқ ва тарғиб этиш ишлари бошлаб юборилди…

* * *

— Бир пайтлар мен ҳам гидлик қилганман, лекин эплолмаганман, — деб қолди Садриддин ака бир сафар кулимсираб.

Кейин айтиб берди. У 1972 йил Бухоро педагогика институти чет тиллар факултети немис тили бўлимини битиргач, шаҳар туристлар идорасида таржимон сифатида иш бошлайди. Вазифаси асосан Германиядан келган меҳмонларни Бухоро билан таништириш, уларга диққатга молик жойлар, обидалар тарихини сўзлаб беришдан иборат. Бир сафар нуфузли меҳмонлардан иборат гуруҳ ташриф буюради. Садриддин ака кун бўйи улар билан Бухоро кезади-да, хайрлашув олдидан гуруҳ раҳбари уни саволга тутиб қолади. “Сизга раҳмат, муҳтарам жаноб, — дейди у. — Шаҳрингиз тарихини яхши биларкансиз, жуда кўп нарса олдик. Лекин барибир битта нарсага сира тушунмадик, шуни ойдинлаштириб берсангиз.” “Хўп, хўп эшитайлик, нима экан?”, дейди Садриддин ака. “Уруш бизда, Германияда бўлган. Лекин, Бухоро нега бунча вайрона, 1941—1945 йил бомбалари Бухорога тушмаган-ку”, дейди меҳмон. Ёш, тажрибасиз Садриддин лом-мим деёлмай қолади. Ўз дардини, вайрона шаҳар қисматини қай тилда ифодалаб беришни билмайди, ва шу куниёқ ариза ёзиб ишдан бўшайди. “Ўша кундан юрагимда қаттиқ дард қўзғолди, — деди Садриддин ака, — аниқроғи, бу дард илгаридан бор эди, ўша куни у ғалаён кўтарди.”

Бу армон кўп ўтмай шоирнинг шеърларига кўчди. Шеърларига сиғмаган гаплари “Бухорони қутқаринг”, “Обидалар нидоси” (Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов билан ҳаммуаллифликда), “Обидалар муқаддас эмасми?” (шоир Исроил Субҳонов билан бирга), “Сўнгги хаттоти хат битар” каби публицистик мақолалар кўринишида Республика матбуоти орқали бонг ура бошлади…

* * *

Бухорога нур-зиё келди,

Имон келди, шарм-ҳаё келди.

Бухорони зулмат этди тарк,

Бухорога Бухоро келди...

У озодликни, ҳурриятни, Истиқлолни ана шундай бемисл қувонч билан қарши олганди.

Бухорога Бухоро келди… Шоирнинг бу ташбеҳида ҳамма нарса бор эди. Озодликнинг қайтиши, имоннинг қайтиши, ўзликнинг қайтиши… Бир йиғинда баралла овозда: “Мен яшайдиган замона келди!..”, дея фахр этган шоир ўзининг қолган умрини Истиқлол ишига бағишлади. Унинг ташаббуси билан махсус экспедиция ташкил этилди. Бутун вилоят бўйлаб кезиб чиқилиб, ўнлаб, юзлаб  азиз-авлиёлар, аллома зотлар қадамжолари, зиёратгоҳлари аниқланди. Бугун Бухорога келган зиёратчи борки, аввало, Етти пир зиёратини ихтиёр этади. “Етти пир” атамаси Абдухолиқ ўиждувонийдан Баҳовуддин Нақшбандийгача бўлган пири муршидлар силсиласига дахлдор бўлиб, Садриддин Салим Бухорий изланишлари, тадқиқотлари натижаси сифатида таомилга кирган эди. Бундан ташқари унинг “Икки юз етмиш етти пир” номли тадқиқот асарида қайд этилган зотларнинг мақбара ва қадамжолари аксари бугунги кунда обод зиёратгоҳларга айлантирилди. Шунингдек, у шаҳар топономика гуруҳи аъзоси сифатида жонбозлик кўрсатди. Шаҳар кўчалари, гузарларига ўзининг асл тарихий номлари қайтарилишига ҳисса қўшди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов таъбири билан айтганда, Бухоро унинг учун бу ёруғ дунёдаги энг олий қадрият эди. Унинг ўзи ҳам шариф шаҳарнинг шариф фуқароси эди.

* * *

— Мен Садриддин акани телевидения ва радиодаги чиқишларини кўриб, эшитиб, қандайдир унга меҳрим ортиб юрардим, — деб эслайди қурувчи-муҳандис Улуғбек Абдуллаев. — 1997 йил Ҳаж сафарига бордим. У ерда бизнинг юртимизни, жумладан, Бухорои шарифни қанчалик ҳурмат қилишларига гувоҳ бўлдим. Ҳаждан катта ниятлар билан қайтдим. Бироқ ишни бошлашим учун бир маслакдош топишим лозим эди. Ҳеч иккиланмай Садриддин акани излаб топдим. Танишдик. Гапимиз бир ердан чиқиб, дўстлашиб қолдик. Шу кундан бошлаб менинг дунёқарашим ҳам, фирмамиз хизмат йўналиши ҳам бутунлай ўзгарди. Садриддин ака илгари бошлаган ишлар — Бухоро қадамжолари, зиёратгоҳларини ўрганиш, жойини аниқлаш мақсадидаги экспедициялар яна давом эттирилди. Нафақат шаҳар, бутун вилоят бўйлаб иш олиб бордик. Чекка-чекка қишлоқларда қаровсиз ётган мақбаралар, қадамжоларни излаб топардик. Суратга олардик. Садриддин ака эринмасдан китобларни қараб, кекса одамлардан сўраб-суриштириб, охири бир тўхтамга келарди. Кейин бу ҳақда матбуотда, вилоят радио, телевидениесида чиқишлар қиларди. Аксари ҳолларда бу яхши натижа берар, хароба бўлиб, тўкилиб ётган обида кўзни қувонтирадиган бир зиёратгоҳга айланарди. Бу ишларда маҳаллий ҳокимият ҳам ҳисса қўшар, лекин асосий иш халқнинг ўз ташаббуси, ҳашари билан амалга ошарди. Чунки оддий ибодатини қилишдан ҳам маҳрум бўлган одамларнинг кўзи очилган, янги замон шукронаси учун енг шимариб, ҳамма ўз ҳиссасини қўшишга интиларди…

Улуғбек Абдуллаев ва Садриддин ака ҳамкорлиги яна кўпдан-кўп хайрли ишларга туртки берди. Жумладан, Садриддин аканинг сценарийси асосида Ўзбекистон телевидениеси ижодкорлари билан ҳамкорликда яратилган беш қисмли “Имом Бухорий” видеофилми буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги тўйига муносиб армуғон бўлди. Зангори экран орқали қайта-қайта намойиш этилди. Шунингдек, “Абу Ҳафс Кабир”, “Хожаи Жаҳон” телевизион бадиий филмлари ҳам икки маслакдош дўст ҳамкорлигининг тотли меваси сифатида дунёга келди.

Биринчи Президентимиз ташаббуси ва ғояси билан барпо этилган 107 гектардан иборат маданий марказда 700 ўринли вилоят мусиқали драма театри, 2000 томошабинга мўлжалланган амфитеатр, улар ўртасида эса “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи қад ростлади. Дарвоқе, мазкур монумент лойиҳасини тайёрлашда Садриддин Салим Бухорий ҳам фаол иштирок этган, монументда акс этадиган тасвирлар, исмлар, ҳикматлар юзасидан ўз таклифларини билдирган эди. Қадим Бухоронинг кўркига кўрк бўлиб қўшилажак мазкур маҳобатли обиданинг мукаммал қиёфасини кўришни у қанчалар интиқлик билан кутган эди…

* * *

Абу Ҳафс Кабир қабристони… Абу Ҳафс Кабир Бухоро алломаларининг, жумладан, ҳадис мулкининг султони Имом ал-Бухорий ҳазратларининг ҳам устози аввалидир. Бу зотни Имоми Ҳожатбарор  ҳам дейишади. Садриддин ака бу зотнинг шахсияти, илмий мероси устида кўп тадқиқотлар олиб борди. Рисола чоп эттирди. Ҳали айтганимдай, унинг сценарийси асосида “Абу Ҳафс Кабир” телевизион бадиий филми ҳам олинган эди. Истиқлол йилларида бутун бошли қабристон обод қилинди. Имоми Ҳожатбарор турбатлари устида улкан мақбара  қурилди. Эсимда, Бухорога бир борганимда Садриддин ака ҳаяжон билан мени бу ерга бошлаб келган, биргалашиб зиёрат қилган эдик. Орадан кўп ўтмай, мана энди унинг зиёратига келмоқдаман. Ҳа, Садриддин Салим Бухорий ҳам энди шу қабристонда, буюк Имом мақбарасининг шундоқ ёнгинасида.

Устоз қабри томон одимларканман, унинг ўтли нафасини туйдим, қулоғим остида таскинбахш, ўктам овози жаранглаб кетгандай бўлди.

 Дард келса, ғам келса ютдик биз,

Кутдик биз, кутдик биз, кутдик биз.

Қабр деб атаманг бу жойни,

У уйдан бу уйга ўтдик биз...

Орзиқул ЭРГАШ

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ