"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

МАЪРИФАТ ЧАРОҒБОНЛАРИ

Ўқилди: 371

Байрамларимиз кўп. Касбларни улуғлайдиган кунларимиз кўп. Аммо шуларнинг ичида энг улуғи, энг қадрланадигани бу «1 октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни». Айнан шу куни ҳамма устозига, муаллимига дилининг қат-қатидаги сўзларини айтмоққа чоғланади.

Кунлар кунга, ойлар ойга уланиб вақг шиддат билан ўтиб боради. Кечагина мактабга қўрқибгина кадам қўйган болакаю қизалоқлар кўз очиб юмгунча вояга етиб эл хизматига шайланади. Ўғил-қизлар, шогирдлар заҳмат чекиб, ранжу машаққат ила таълим-тарбия бераётган, биргина «Устозингга раҳмат» деган рағбатдан кўнгли осмон қадар юксаладиган муаллимлари олдидаги қарзини фақатгина ютуқлари, Ватанга бўлган чексиз муҳаббати орқали узишни ўз олдиларига мақсад қиладилар. Икки оғиз илиқ сўз, айниқса ўқувчиси, шогирди ҳақида айтилган яхши гапдан завқ туядиган мураббийларни эзгулик ва маърифат боғининг чароғбони десак янглишмаймиз.

Мактабга биринчи марта борган ўқувчининг илк сабоғи «Она» ва «Ватан» сўзини ёзишдан бошланади.

Унга сўзлар қўшилиб кетаверади — «Тинчлик», «Нон», «Бобо», «Гул», «Қуёш». Минглаб қапбларга ана шу тахлит эзгулик уруғи қадалади. Ватанни севиш, ота-онани эъзоз этиш туйғулари шаклланади. Ўқитувчилик касбининг ўзига хос завқи шунда-да! Ёш авлод калбида эзгу истаклар уйғотиш ва уларни ҳаёт билан бирга қадам ташлаб, эзгулик бунёд этишга йўналтириш дунёдаги энг савобли иш. Донишмандлар айтганидек, мактаб — ёшлик гулшани, болалар эса унинг бебаҳо ниҳоллари, устоз-ўқитувчи бу боғнинг доно соҳибкори. У эккан ниҳолларнинг ҳосили авлоддан авлодга ўтиб, ундан эл баҳра топади.

Ўқитувчилик касби истиқлол йилларида бениҳоя қадр топди. Бир пайтлар томидан чакки ўтиб турган, зах босган хоналарда дарс ўтган ўқитувчилар қачонлардир уларнинг меҳнати бугунгидай қадр топиши ҳақида ўйлашга ҳам ботинолмаган.

Устозларимиз, муаллимларимизга кўрсатилаётган  эътибору ғамхўрлик туфайли бугун уларнинг боши осмонда. Замонавий илм масканлари, спорт иншоотлари, санъат даргоҳларида устозу мураббийларимиз ёш авлодга ифтихор ила таълим-тарбия бермоқда. Уларнинг самарасини турли

халқаро танловлар, фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида ёшларимиз эришаётган ютуқларида кўрамиз. «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» танловида ғолиб бўлаётган ўқитувчи ва устозларимиз нафақат мактаблари, балки бутун юртимиз фахрига айлангани бежиз эмас. Мана, кузнинг биринчи ойи якун топмокда. Энг табаррук байрамларимиздан бирини нишонлаш арафасида турибмиз. Шу кунларда устозларимизга, ўқитувчиларимизга, мураббийларимизга дилимизнинг қатидаги энг самимий тилакларимизни айтамиз ва шу аснода ўтган устозларимизни хотирлаймиз.

Ўтган аждодларимиз ва устозларимизнинг жасорати, илм-фанга бўлган садоқати бугунги авлодларни ҳам буюк кашфиётлар яратишга ундаётгани шубҳасиз. Уларнинг буюк ишларидан фахру ифтихор туйиш, улар хотирасини ёдга олиш каби эзгу амаллар машъаладек йўлларимизни ёритиб туради.

Азиз устозлар, қалби қайноқ, меҳри уммон, муҳтарам ва муҳтарама муаллимлар! Атоқли шоиримиз айтганидек:

Буюк Алишербек лутф этган мисол,

 Савод ўргатдингиз қанча ранж билан.

 Қоплаб бўлармикан бу қарзни алҳол,

 Узиб бўлармикан юзта ганж билан.

 

Барно СУЛТОНОВА

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ