"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БИРИНЧИ ФАРМОН

Ўқилди: 394

1991 йилнинг 4 сентябри эди. Ўзбекистон Республикаси мустақил ва суверен давлат деб эълон қилинганига эндигина тўрт кун бўлганди. Ўзбекистон халқи кўтаринки руҳда яшар, Президент номига чет эл мамлакатлари раҳбарларидан, жамоат арбоблари, оддий одамлардан табрик телеграммалари ёғилиб кела бошлаган эди.

Ўша 4 сентябр оқшомида Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Миллий боғида қад кўтараётган Алишер Навоий ҳайкалини, бу боғда олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирди, меъмор, муҳандис ва қурувчилар билан суҳбат ўтказди, Навоийга ўрнатилаётган ҳайкал, келгусида бу боғ сўлим зиёратгоҳ бўлиб қолажаги ҳақида сўзлади.

4247243961_0ffcfd8908_o-886x592

Ҳайкалнинг тантанали очилиш куни қатъий қилиб белгиланди, боғнинг тўққиз ерига тўққизта дошқозон ўрнатилиб, элга наҳор оши тортиладиган бўлди. Маълумки, тўққиз рақами халқимиз удумига кўра буюк ҳурмат белгисидир. Суҳбат охирида шундай таклиф тушди:

—    Наҳор оши тортишдан олдин Қуръон тиловат қилинса…

Бу такпиф баъзиларга эриш туюлди. Орага бир оз сукут чўмди. Ҳамма Президентнинг жавобини кутарди.

— Халқимизда арвоҳ хотира деган азалий удум бор, — деди Юртбошимиз. — Бу удумимизни қайта тиклашга вақт етди. Миллий турмуш тарзимиз шуни тақозо этади. Нимадан, кимдан чўчийсизлар, биродарлар! Энди мустақилмиз. Орқага қайтиш йўқ.

Рост гап шуки, даврадагиларнинг кўпчилиги Президентдан бундай жавобни кутмаганди, шу сабабли баъзилар ажабланар, айримлар эшитган сўзларига ишонқирамас эдилар…

Суҳбат давом этди. Энди сўз Тошкентнинг, умуман эса, Ўзбекистоннинг миллий қиёфаси, номуносиб ҳайкаллар ҳақида, майдон, кўча, ташкилотларнинг номлари хусусида борди. Шу суҳбат самараси ўлароқ эртаси куни, яъни 1991 йилнинг 5 сентябри оқшомида Ўзбекистон телевидениесининг «Ахборот» кўрсатувида Президент Фармонига кўра Тошкентнинг Ленин номи билан аталиб келинган Марказий майдонига Мустақиллик майдони номи берилгани маълум қилинди.

10

Ушбу Фармон 6 сентябрда матбуотда эълон этилди. Бу ҳужжат Ислом Каримовнинг мустақил ва суверен Ўзбекистон давлатининг Президенти сифатидаги биринчи Фармони эди, ватансеварлик, ватанпарварлик туйғусининг Олий намунадаги ёрқин ифодаси эди.

Халқимиз ҳам жисмонан, ҳам маънан жар ёқасига яқинлашиб қолган қалтис бир вақтда, ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлаётган бир пайтда Президентимиз мард ва танти миллатнинг мард ўғлони янглиғ дадил майдонга чикди — Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини эълон қилди. Шу тариқа юртимизга янги давр, янги замон келди, янги давлат тузилди. Бу ўзбекнинг янги даврони, янги замонаси, янги тузуми, янги давлати, янги сиёсати эди. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, 1991 йил 31 августдан Ўзбекистон учун янги эра бошланди.

Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилинган 31 августдан кейинги кун — 1 сентябр дам олиш кунига тўғри келган эди. Шу ҳолни рўкач қилиб, айрим депутатлар эртаси куни эълон қилинган истиқлолга бағишлаб жойларда йиғилишлар, намойишлар, митинглар ўтказишни таклиф этишди. Бу таклифга Президентнинг жавоби бундай бўлди: менимча, бу борада ҳозирча шошилмаслик керак. Айримларнинг ғашига тегмай турайлик. Вазиятдан келиб чиқиб иш тутайлик. Худо хоҳласа, келгуси йил Мустақилликнинг 1 йиллигини олдиндан катта тайёргарликлар кўра бориб, кенг нишонлаймиз. Шу соатдан бошлаб бундан кейинги энг муҳим вазифамиз — бугун эълон қилган мустақиллигимизни омон сақлаб қолиш, уни мустаҳкамлаб боришдан иборат бўлиши керак. Мустақилликни эълон қилиш дегани ҳали биз тўла мустақил бўлиб қолдик, дегани эмас, барака топкурлар. Аввапо, мустақилликни амалда тиклаш, яратиш, эътироф эттириш керак. Ҳали олдимизда тарихий курашлар бор. Ана ундан кейин ҳар қанча тантаналар қилсак ярашади… Узоқни кўзлаб иш тутайлик, халқимизда байрамдан кейин ҳам кун бор деган доно нақл мавжуд. Ана ўшанга риоя этайлик.

Президентнинг бундай маслаҳати тўғри деб топилди, якдиллик билан маъқулланди…

Биринчи Фармондан кейин ўтган давр мобайнида яна кўпгина фармонлар қабул қилинди. Бу қонун ва фармонларда халқнинг хоҳиш-иродаси бор бўй-басти билан ўз ифодасини топди.

1996 йилнинг июн ойида матбуотда Юртбошимиз имзо чеккан «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, ташкилотлар ва бошқа топономик объектларнинг номларини тартибга солиш тўғрисида» деган қарор эълон қилинди. Унда, жумладан, шундай дейилади:  — «Мамлакатимиз мустақиллигига беш йил тўлаётганига қарамай, ҳамон жойларда топономик объектларнинг эски тузум ва коммунистик мафкурага хизмат киладиган, халқимиз тарихи ва миллий анъаналарига боғлиқ бўлмаган номлари мавжуд. Булар истиқлол мазмун-мохиятини тушунмасликдан, миллий мафкура ва миллий ғурур сустлигидан, баъзан эса масъулиятсизлик ва бефарқлик иллатлари туфайли келиб чиқмоқда. Натижада халқимиз янгича фикрлаш ва яшашга ўрганаётган бир пайтда мустакиллик ғояларидан чалғитмокда».

Президент ташаббуси билан қабул қилинган фармонларда узоқни кўра билган доно Йўлбошчининг серқирра ва қизғин фаолиятини кўриш мумкин. Бунга 1991 йилни Алишер Навоий йили деб эълон қилиш ҳақидаги тарихий хужжатни ва улуғ бобомизнинг 550 йиллик юбилейида сўзлаган ёрқин нутқини мисол қилиб келтириш мумкин. Навоий юбилейида Президентимиз сўзлаган нутқида, жумладан, бундай деган эди:

 «Бу тўй миллат байрамидир. Қадриятимизни яна бир бор улуғлайдиган байрамдир. Бу тўй халкимиз, Ўзбекистонимиз ҳаётига алохи- да файз, тароват бахш этди. Алишер Навоий йили деб эълон қилинган 1991 йил юртимиз, элимиз тарихида кутлуғ келди, унутилмас сана бўлиб қолди. Бу йил халқимизнинг асрий орзу-умидлари амалга оширилди. Ўзбекистонимиз давлат мустақиллигини эълон қилди ва ўз такдирини энди ўзи ҳал қиладиган бўлиб қолди…».

Бу гаплар ёзилганига чорак асрдан ортиқ вақт ўтди. Ундан баъзи асарларимда фойдалангандим. Ниҳоят, шу йилнинг 12 сентябр, душанба куни бўлиб ўтган Қурбон ҳайитида имом хатибларнинг маърузаларида ундан парчалар ўрин олди. Бу деган сўз шуки, Қурбон ҳайити намозида ҳозир бўлган фуқаролар Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг мамлакатимизда диний бағрикенглик, имон ва виждон эркинлиги йўлидаги фидоийликларини ҳам миннатдорлик ва шукроналик билан ёдга олдилар.

Бутун дунё аҳли, тараққийпарвар инсоният эътироф этганидек, ҳинд халқининг даҳо фарзанди Маҳатма Гандининг вафоти Ҳиндистон халқларини бирлаштириб, озодлик, мустақиллик ва тараққиёт сари даъват қилган. Худди шу сингари, озод юртимизнинг Биринчи Президенти, Буюк Йўлбошчи Ислом Каримовнинг номи, ёди, ғоялари ҳам Буюк Шахснинг мангу тимсоли бўлиб турган озод ва обод Ватанимиз, кўпмиллатли Ўзбекистон халқини янада бирлаштириб, улуғвор ишларга чорлаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Абдукахҳор ИБРОҲИМОВ,  

                           Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби,

профессор

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ