"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АСРЛАРДАН СЎЙЛАБ ҲИКОЯ…

Ўқилди: 921

Навоий республикамизнинг энг кўркам шаҳарларидан бири. Шаҳарнинг бугунги жамоли, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик, ободончилик ишлари  ташриф буюрган меҳмонларда унутилмас таассурот қолдиради. Янги кўчалар ва маҳаллалар, кўркам кўп қаватли уйлар, шунингдек, ҳудуднинг бетакрор табиати, қадимий обидалари ҳар қандай ижодкорни янги асарлар яратишга руҳлантиради.

1357591013_nurato

Ҳазрат Алишер Навоий “черик чекмай тахти фармонига” олган мулклардан бири, шубҳасиз, Навоий вилоятидир. Бу ерда кўплаб таниқли ижодкорлар истиқомат қилиши бежиз эмас. Қолаверса, бепоён Қизилқум дашти, Нурота тоғлари, Бўкантов, Олтинтов тизмалари, Зарафшон дарёси, ойнадай товланган Айдаркўл, Тўдакўл каби кўллар ҳар қандай ижод одамига илҳом бахш этади. Уфққа боқсангиз, Қизилқум олтиндай товланиб ётибди. Айниқса, оқшом пайти ботаётган қуёш қум барханларининг устига заррин ёпинчиғини ташлайди. Тоғлардан жўшиб тушган Зарафшон ҳам атрофига зар сочиб ўтади. Буюк бунёдкор, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидай, Қизилқум саҳроси, Навоий вилояти – мамлакатимизнинг олтин сандиғидир. Ҳар қадамидан бир мўъжиза, бир хазина, бир ҳикмат топасиз.

Тарихий-ўлкашунослик музейи директори Рамазон Эгамов Навоий вилоятининг ўзига хос мўъжизалари билан фахрланади.

ТОШ ЎРМОН

— Вилоятнинг бетакрор мўъжизаси Жарақудуқ тош ўрмонидир, — дея музей билан таништира бошлади Рамазон ака. — Дара қудуқми, Жилға қудуқми, деб ўйлаб қоласиз. Мутахассисларнинг фикрича, тошўрмон ўрнида бир замонлар лиммо-лим денгиз бўлган экан. Вулқон отилганда унинг қаъридан чиққан лава — олов ва сув таъсирида минераллар қотишмаси ичида қолган дарахтлар асл ҳолидай тошга айланиб, сақланиб қолган: тут, қарағай, арча… Улар тошдан ҳам оғир, чунки турли минераллар билан тўйинган.

Ҳар кўрганингизда тош ўрмон сизга янги нарсаларни ҳадя қилади, — дея сўзида давом этади суҳбатдошим. — Баҳор ёмғирлари, куз шамоллари, эриб оққан қор ер юзасидан парда кўтаргандай ранго-ранг манзараларни очиб қўяди. Атроф ювилиб, қуёш нурида ўзгача товланади: турли дарахт шохлари, мева уруғлари, балиқ ва жонивор суяклари, динозавр қолдиқлари. Ҳаммаси ҳам рангин тошларга айланган.  Балки бу маржонқоялардир. Яна ким билади дейсиз…

* * *

 Икки юз гектардан зиёд ҳудуддаги тош ўрмонзор тасвири билан танишар экансиз, эртакларда тошга айланган дарахтлар, жониворлар ҳақида ўқиганларингиз ёдга тушади. Аввал кўм-кўк товланиб турган денгиз ўрнида бугун Қизилқум саҳросининг барханлари тўлқиндай чайқалади. Сармишсой дарасидаги қоялар эса кўкка сапчиган тўфонларни ёдга солади. Одамзод яралгандан буён унинг ҳаётига кириб келган янгиликларнинг тимсоллари тўфон каби қоялардаги суратларда сақланиб қолган. Қоятошлардаги расмларни Рамазон акадек мантиқли ва равон ўқийдиган мутахассислар кам бўлса керак. Навоий вилоятининг ҳайратга тўлиқ мўъжизалари билан чуқурроқ танишмоқ мақсадида ҳамроҳимиз билан йўлга отландик.

ТИКЛАНГАН ТАРИХ

— Ўтган асрнинг 20-30 йилларига келиб, мустабид шўро салтанати Сармишсой дарасига ҳам тоғ оралаб трактор солди: қанча-қанча табиий, меъморий обидалар вайрон бўлди. Бу ерда яшаётган аҳоли пастликка кўчирилиб, ҳаммаёқ ҳувиллаб, ташландиқ бўлиб қолди, — деб эслайди  Рамазон ака йўл бўйлаб кетарканмиз. — Ниҳоят, Мустақиллик шарофати билан тош суратларни ўрганишга бағишланган халқаро анжуманлар, фестиваллар ўтказила бошланди. Дара бағри яна одам билан гавжум бўлди. Унутилган мерос хал­қимизга қайтарилди ва давлат муҳофазасига олинди. Етмиш йил ҳеч ким эсламаган қоятошлар ҳикоятидан дунё ҳайрат бармоғини тишлади. Мовароуннаҳр тарихида Хоразм­да Маъмун академияси, Самар­қанд­да Улуғбек яратган академия бўлса, бизнинг Сармишсой — қоятош тасвирий санъат академиясидир. Беш минг гектардан зиёд ҳудудни эгаллаган бу маъвода ўн минг йил аввал чизилган суратларнинг сони ўн мингдан ортади.

Менга қолса, бу суратларни изоҳлаш учун қадимги битиклардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, — дейман Рамазон акага расмларни томоша қиларканман. — IX аср бошларига оид “Ирқ битиги” айнан шу суратларга мос изоҳдир. Бу асарлар икки жанр­да яратилган ва уларни орада катта масофа ажратиб турган бўлса ҳам қадим аждодларнинг фикрлаш йўсини, топган тимсоллари бир хил.

ЧАМБАРҚЎРҒОН

Сойлиқ деб аталувчи ҳудуддаги қоятошларда биринчи расмлар кўзга ташлана бошлади. Бу ерда VII асрга тааллуқли араб ёзувидаги тошбитиклар ҳам бор. Ўқилмаган тош китоблар. Шунингдек, Чамбарқўрғон деворлари, хонадонлар ва масжид пойдеворининг қолдиқлари сақланиб қолган. Одамлар ва уй ҳайвонлари чизилган тошларга мос битикларни эслайман:

Бек йигит ўз отлари томон борибди,

Унинг оқ бияси қулунлабди.

Олтин туёқли

Қулун яроқли бўлди.

— Икки томондан сойлар келиб бирлашган жойлар тоза ҳавоси, ям-яшил майсазорлари билан гўзал, — деб атроф билан таништиради Рамазон ака. — Қуёш нури тушган кунботар томондаги қоядан кўчиб тушган айрим ялтироқ тош парчаларида сув ўтларининг тасвири учрайди. Миллион йиллар аввал вулқонлар тошга муҳр­лаган гиёҳ суратлари табиатшунослар, қадимшунослар қиладиган ишлар ҳали кўплигини англатади.

ЧОРБОҒ АРО САЙРИБОҒ

Рамазон аканинг айтишича, яқин ўтмишда Бухоро амирлари табиат бағрига сайр қилиб, шу жойларга ҳам чиқишган, жойнинг номи шунга ишора. Қачонлардир катта боғ бўлган бу теваракда иккита чинор қолган, холос. Бу ҳам бўлса, мингйиллик чинорнинг илдизидан униб чиққан. Дарада сой бўйлаб қачонлардир серҳосил мевали боғлар, узумзор бўлгани сезилади. Сувбошидан бошлаб қоя ёнбағридан очилган, ўз оқими билан келадиган тошариқнинг излари қолган. Қирғоқ бўйлаб юқорига кўтарила борувчи поғона-поғона экин майдонлари яйловга айланган. Қоялар бағрида ҳозир ҳам узум ниҳоллари учраб қолади.

ЙЎҚОЛГАН ЖОНИВОРЛАР

— Тоғ эчкиси. Ёнида буқа тасвири. Илмий тадқиқотларда жониворнинг бу зоти уч минг йил аввал иқлим ўзгариши оқибатида қирилиб кетгани тасдиқланган, — дейди Рамазон ака, – Қаранг, буқанинг юқори қисмида одамлар тасвири.

Тахминан етти минг йил аввал чизилган тасвирнинг изоҳини тўлдириш учун  “Ирқ битиги”дан сатрлар келтирдим:

Икки ҳўкизни

Бир омочга қўшишди.

Уларнинг юришга мажоли йўқ, дейишди.

Билиб қўйинг: бу — ёмон.

Ундан сал наридаги тасвирларга яқинлашамиз.

— От минган одамнинг бошида тож, қўлида қилич. Бу ҳукмдор тимсоли,  — тушунтира бошлади Рамазон ака. — У жангдан қайтиб келаётир ёки ёрдамчилари билан ўз ҳудудини айланиб юрибди. Маълумки, 3-4 минг йил аввалги ҳукмдорни ўзида акс эттирган бу лавҳа тарихчилар учун бебаҳо ҳужжатдир.

— Бу сурат аждодлар томонидан қайта кўчирилган нусха, — дейди ­Рамазон ака юқоридаги қояни кўрсатиб. — Асл тасвир эса тепада, етти минг йил олдин чизилган. Ҳукмдорнинг қўлидаги қурол ҳам, бошидаги тож ҳам, от ҳам кейинчалик янада бойитилиб ва каттароқ қилиб чизилган. Отлар алоҳида меҳр билан баланд ва чиройли тасвирланган, ҳозирги қорабайирларга ўхшайди. Чорбоғдаги қоятош суратлари ўз номига мос келади. Тарих ҳамма нарсани ўз жойига қўяр экан-да.

ОЛОВ, НУР ТИМСОЛЛАРИ

Бир лавҳада ибтидоий одам таёқни тошга ишқаб олов чиқараётир. Шамол эсиб тургани ҳам моҳирона ифодаланган. Воқеани ўз кўзи билан кўрган, илк бор олов кашф этилганини ҳис эта олган одамгина шундай чиза олади. Ундан сал нарида эса, қўлида (оловдан туташтирилган) машъала кўтариб кетаётган одам юзини ниқоб билан нурдан тўсиб олган. Ёнидаги бошқа бир одам эса олов қаршисида тиз чўкиб, унга сиғиняпти.

Бу тасвирдан юқоридаги лавҳада Инсон тимсолидаги Қуёш маъбуди чамбаридан нур таратмоқда, — бизга тушунтиради Рамазон ака. — Маъбудни икки одам қўли билан бош узра кўтариб, бу одамлар эса битта катта жонзот устида турибди. Қуёш маъбудининг икки ёнида иккита фаришта тасвири ҳам бор. Одам зулматдан ёруғликка чиққан замонларда оловнинг кашф этилиши, одамнинг нурга  муносабатининг ифодаси бу:

“Мен – осмон ўғли, кундуз ва кечқурун

Олтин тахтда ўлтириб

Шодланяпман”.

Билиб қўйинг, бу – яхши.

Менимча, қадимги дунё ҳақидаги ҳақиқий китоб мана шу қояларга битилган.

ЛАЙЛАКТУМШУҚДАГИ КИЙИКЛАР

— Кийикнинг улоқчаси. Тоғ эчкиси. Ёнида така. Овчи содиқ итлари билан жониворларни қуршаб олган, — кейинги суратга изоҳ бера  бошлайди йўлбошловчимиз. — Кийиклар Лайлактумшуққа сув ичгани тушганда овчилар атрофдаги йўлларни тўсиб, уларни аввалдан қазиб қўйилган ҳандақ томонга ҳайдашмоқда. Тириклай, жароҳат етказмай тутиб олишмоқчи. Кийиклар бўлса, чуқурлик ёнига келгач, оёғини ерга тираб туриб олишган. Демак, бу ҳайвонларни хонакилаштириш ҳаракати бошланган замонларда чизилган лавҳадир. Ўн минг йил аввал ит қўлга ўргатилган ва инсонга хизмат қилган. Тарихга бой асарлар.

Бу лавҳага ёнма-ён, алоҳида чизилган яна бир ов тасвири бор. Думи гажак йўлбарс, бўри, қоплон каби йиртқич ҳайвонлар ҳар томондан келиб, битта эчкини қуршаб олиб, ташланишяпти. Яъни йиртқич ҳайвонларнинг ов жараёни ифодаланган. Яна изоҳ учун “Ирқ битиги”ни варақлаймиз:

Йўлбарс кийик овлашга чиқди,

Овини қўлга туширди.

Қўлга туширгач эса уяси томон

Хурсанд ва шодон қайтмоқда, дейишади.

Билиб қўйинг: бу — яхши.

                    ТАСВИРДАГИ ТАСАВВУРЛАР

Сувбошидан қўнғир-қора қоялар оралаб келаётган сой ўткинчи вақт каби илонизи ўзанидан оқаркан, икки ёндаги мозий лавҳаларини — ибтидоий жамият, одамлар, жониворлар ўтган лаҳзаларни ортида қолдиради. Не-не замонлардан буён шу.

Асрлар давомида неча бир авлод мусаввирлари — овчилар, қабила сардорлари, йўловчилар, яна бизга номаълум рассомлар ўз қалбида кечган туйғуларини тошга битганлар. Мутахассислар битикларни 14 гуруҳга бўлиб ўрганишар экан. Тарихни чинакам англашни истовчи барча соҳа вакилларининг саволларига қоятошларда жавоблар бисёр.

Биз йўл бўйлаб уч-тўрт жойдаги суратларга тўхталдик, холос.

Бу манзилларда шоирлар, бастакорлар, ҳайкалтарошлар бўлмаган қадим замонларда уларнинг барчасини ўзида мужассам этган лавҳаларни яратган мусаввирлар маҳоратидан ҳайратда қолиб, қоятош расмларида тарихни ҳам, сўзни ҳам, мусиқани ҳам, табиатни ҳам ҳис эта оласиз.

 

Ҳумоюн АКБАРОВ

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ