"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Энахон СИДДИҚОВА. Икки ҳикоя

Ўқилди: 678

Ёлғиз ўғил

 

Чақириб бўлса ҳам айбларингни юв,

То уйга бутунлай кирмасин кетиб.

Тувакдаги гул ҳам тўкилади дув,

Турмасанг сув қуйиб, эслаб, чақириб.

 

Ҳалима Ҳудойбердиева

Баҳор еру кўкни уйғотди. Бедард хасталикдан қиш ичи муштдеккина қоқ суяк бўлиб қолган меҳрга зориққан, ёлғиз кампирни кўклам ҳавоси айвонга етаклаб чиқди.

Кампир айвондаги ёғоч сўрига беҳолгина чўкиб, хира тортган кўзлари билан атрофга тўлиқиб боқди. Кўзлари айвон адоғидаги қийғос гуллаган олчага тушди. Болаликдаги ўртоғини кўриб қолгандай энтикди. Бор оғирлигини ҳассасига ташлаб, таяниб ўрнидан турди. Товонлари худди увада пахтадай тахланиб, зирқираб оғрийди. У оппоқ, беҳол гуллаган олча олдида маҳзун ўйга толди. Негадир хаста юрагини ғалати ҳаяжон босиб келди. Ўзини митти қизалоқлардай ҳис этди. Беғубор болалиги, тенгқур ўртоқлари, увишган пахса девордан солланиб осилган қантакилар, кўча чангитиб, чопқилаб юрган чоғлари бирма-бир хаёлидан ўтди.

– Э, воҳ, қанча ою, йиллар бир-бирини қувалаб, сувдек оқиб кетибди. Кечагина ўримга кирмаган жамалак сочлари энди олча гулларидай оппоқ… олча ҳам қарибди, лекин гуллашдан тўхтагани йўқ. Унинг юраги эса аллақачон гулламай қўйган. Кўнгли шу ҳувиллган уйлардек бўм-бўш, ичига чироқ ёқса ёришмайди. Кампир оғир хўрсинди. Қулоғининг тагида онасининг кўрпа қавиб ўтириб, айтган ҳазин нолалари жаранглагандек бўлди:

 Ота-онам келди, кетди,

Меҳри кўзимдан кетмади,

Меҳрибонларим йўқ учун

Ҳеч ким мени ёд этмади.

 ушфиқ онаизорининг волалари энди унинг юрагини акс-садосига айлангандай… Кўзи олча тагидаги намозшомгулга тушди. У ҳам кампирга ҳасратли термулиб тургандай… Ажабо, нечун бу маҳзун гул намозшомда гуллайди ёки у ҳам унингдек ёлғизликдан, қоронғуликдан қўрқиб, ўз кўнглини ёритмоқчими? Кампирнинг юраги санчиб оғриб, бўғзига нимадир тиқилди. У кафтини кўксига босганча кимсасиз чорбоғи, ғариб кулбасига ғамангиз назар ташлади.

Кампирнинг дардли дунёсини қалдирғочларнинг вижир-вижири бузди. У қадрдонлари йўқлаб келгандай суюнди, ғуборлари тўкилгандай қуш уясига тикилиб қолди. Уларнинг бир-бирларига меҳрибонлиги, ялаб-юлқашини кўриб, юрагига изғирин ёпирилиб кирди. Муштдеккина бўлиб қолган жуссаси янада чўкди. Ўз-ўзича кимларгадир сўзлана бошлади:

– Гоҳо шу қушлардаги меҳру оқибат одам боласида йўқ. Биргина ширин сўзни, каломни аяйдилар ҳатто оналаридан… Оёқлари увишиб совқотди. Судралганча юриб бориб сўри четига омонатгина чўкди.

– Мана ўғли келмаганига йил бўлди-ёв… Ора-сира ўғлининг ўртоқлари, шогирдлари йўқлаб келишади, дуосини олишади. Улардан боласини сўроқлаганча соғинчлари ортидан қурбон қушдек чирқираганча қолаверади. Қандоқ меҳрибон эди болажони, оёқлари оғригудек ёки хасталангудек бўлса, ўзини қўярга жой тополмай атрофида гирдикапалак бўларди:

– Бувижон, катта бўлсам сизни ҳеч нарсага зориқтирмайман, елкамда опичлаб юраман.

У бор умрини, гўзаллигини, ҳусни таровати, соғлиғини ёлғиз ўғлига бағишлади. Отасизлигини билинтирмай, ўкситмай, бировга зориқтирмай катта қилди. Мактабда фаррошлик қилди, кечалари кўз юммай бировларнинг кўрпа-тўшини бутлади, қора ишлардан ҳазар қилмади, лекин кўнгил кўчасига қайрилмади. Йигирма беш ёшида бошига ёққан қорларни ўзи курайдиган бўлди. Аммо гулдек ёшлиги хазон бўлди. Битта-ю битта кўз тиккани шундоқ бағритош, бемеҳр чиқиши етти ухлаб тушига кирмаганди, унинг орқасидан кўраман деган қанча орзу-ҳаваслари бор эди, юрагига зилдек чўккан армонларини ушатмоқчи эди. Йўқ-йўқ, у ўғлидан нолиётгани йўқ. Агар тақдир ёзуғи қайтса, яна ёлғизгинасига жону жаҳонини беришга тайёр.

Тақдирнинг ўгайлиги етмагандек, бутун вужуди ёлғизликнинг зил-замбил тегирмон тошлари остида қолгандек… Балки ўқитмаганида… оддий дурадгорми, тракторчими, бир ҳунарнинг эгаси бўлганида онаизорини соғинтирмасмиди, ташлаб йироқларга кетмасмиди? Шу вайрона кулбаси қушларнинг чуғур-чуғуридек набираларининг қийқириқларига тўларди, балки улар ҳозир бир-бирларига гал бермай оёқларини уқалаб ўтиришган бўлармиди?

Кампирнинг оёқлари симиллаб оғриди. У жонсиз, қоқ суякка айланган қўллари билан тиззаларини уқалади. Яна сўнгсиз хаёлларга толди. Кечалари боши ёстиққа эмас, тошга теккандек тўлғониб чиқади. Ўзини ширин хотиралар билан овутиб-совутади. Ёстиқлари ҳам боласини туш кўради.

Кампирнинг қибласи… ўғли яшаётган томонда, катта шаҳарда, эрта-ю, кеч дуосини қилаверади, тинчлиги, хотиржамлигини сўрайверади, интиқ бўлиб кутаверади, Оллоҳга илтижо қилаверади.

– Эна, қатиқли мастава олиб чиқдим, иссиғида ичар экансиз.

Унинг хаёли бўлинди. Қаршисида қўшни қизчани кўриб, қўявер, дегандек сўри четига имо қилди, қўл чўзмади. У ёзғириқларини биров эшитиб тургандек, ўзига келиб истиғфор айтди:

– Майли, қаерда бўлса ҳам, ишқилиб тинч бўлсин, ёлғизи ўзидан кўпайсин. Худога шукур, ўғли катта шаҳарда, катта ишда. Суқсурдай келини, шириндан-шакар набиралари бор. Давлатга керак эканки, ўшақларда юрипти, келибам қолар… Шукр, қўни-қўшнилари тилло, ёлғизлатиб қўйишмайди. Бири бўлмаса бири иссиқ-совуғидан хабар олиб турибди. Ёлғизгинаси соғ бўлса бўлди. Тобутини бир четини кўтарса, бир кафт тупроқни ўзи сочса…

Кампирни совуқ тер босди. Ҳассага суяниб, бир амаллаб ўрнидан турди. Эрталабдан бери туз тотмаганига қарамай овқатга қарамади. Уйга киришга юраги бетламади, тўрт девор ютаман, дейди. Оёқлари беихтиёр кўча томонга бошлади. Кўчада зоғ учмайди. У дарвоза тагидаги суппачага ўтирди. Изғиринни сезмагандай кўзларини йўлга тикди. Худди ўғли кўча ўртасидан у томонга югуриб, ҳовлиқиб:

– Онажон, сизни соғиндим, – деб болалигидек чопқиллаб келаётгандай туюлди.

– Онагинанг ўргилсин-а, – кампир хаёлан ўғлининг норғул бўй-бастини қучиб-ўпиб юзларига суртди.

Тахмон қатидан қўшнисига буюриб, атаб тиктирган қалампир нусха дўппи тахловини бузиб боласига кийдирди. Болагинам-а, бу дўппилар сенга қандоқ ярашади. Бўйгинангга гиргиттон бўлай!

Кампир изтиробли хўрсинди. У ўғли келган тақдирда ҳам дарвоза тагигача хизмат машинаси олиб келиб қўйишини фаромуш қилганди…

Кеч кирди. Кампир ҳамон катта йўлдан нигоҳини узмай ўтирар, қўни-қўшниларнинг:

– Эна, совуқ ейсиз, уйга киринг, ё бизникига юринг, – деган илтижоларини гўё эшитмас эди.

Кампир юрагини тегирмон тошидек айлантираётган бу уйга киришга, ёлғизлик билан рўбарў келишга ботинмайди. У увишган оёқларини уқалаб, ҳассасига таяниб базўр ўрнидан турди. Захкаш уйига кириб тўшака беҳол чўзилди. Қўл-оёқлари увишиб, дармон кетаётганини ҳис этди. Қўшнисининг боласига овоз беришга чоғи етмади. Уйнинг шифтига, қурт еб мўртлашган вассажуфтларга дардли термилди, шифтдан тўкилган ёғоч тўпонлари кўзларини ачиштирди. Негадир азоб-уқубатлари, қувончларига шерик бўлган қадрдон уйидаги ҳар бир нарса, сандиқдан тортиб жойнамозгача, раҳматли эридан ёдгор қолган қийиққача охирати яқинлашаётганини башорат қилаётгандай, хайрлашаётгандай мискин туюлди. Тиқ этган товушга қулоқ тутиб, эшикка умидворлик, илҳақу интизорлик билан қараб қўйди.

Шукр, у ғарибгина, борига қаноат қилиб ҳалол яшади. Бировга ёмонликни соғинмади, озор бермади. Катта-кичикнинг хизматини қилди. Ўлиги кўчада қолмайди. Эл-юрт, маҳалла-куй “онамлаб” йиғлаб, тепкилаб кўмади. Буни билади. Лекин унинг ёлғиз армони қазои қадарида сўнгги манзилга ўғлининг ўзи қўйса… қабрида ҳам тириклигида тўйиб улгурмаган ёлғизгинасининг бўйлари қолса…

У ҳозир кўзларидан нур кетиб, умр дарахти силкинаётган чоғида ўлимдан эмас, ёлғиз ўғлининг сўнгги дақиқаларга етиб келолмаслигидан, тобути олдида етим боладай мунғайиб қолган соғинчу армонлари ўғлининг юрагига тоғдек чўкишидан жуда-жуда қўрқарди.

Соғинч

Дарвозадан кириб кирмасимдан рўбарўдаги сўрида ғариблардай синиқиб ўтирган онагинам мени кўриб, кўзлари яшнаб кетади:

– Мунча соғинтирмасанг…

Ортимга қараб, кўзларимга хавотирли боқади:

– Ёлғиз келдингми-а?.. Куёвинг қани? Уйинг тинчми, ахир…

Айтиб айтолмаган ҳасратларимни нигоҳимдан англайди. Кўнглининг нурлари вужудимга оқиб киради:

– Майли болам қаноатли бўлавер, қаноатда ҳикмат кўп. Шукронаи неъмат, зиёдаи давлат, деганлар.

Узоқдан куёвларини кўришлари билан оёқлари оғриғини ҳам унутиб, ўрнидан даст туради. Елкасидан қўш-қўллаб тавоф қилади, дуога қўл очади.

Она бўлдим, қизим бўй етди. Аммо қачон борсак, субҳи содиқ нонуштага тандирдан янги узилган сомса, патир дастурхонда мунтазир.

Онам бугун кеч ухлади. Шунча юмушга қачон улгурди?! Лоақал келинларини авайлаб уйғотмабди.

– Нимага уйғотмадиз, бува, давлениез билан тандирга бордизми?

– Меҳмонимсан-а, болажоним, ундай дема, ҳафа бўламан-а. Кетаётганимизда атаб асраганлари билан беш-олтита сомсани патир орасига оладилар. – Қудамга илиндим, болам, олиб келганларингда иссиққина еб кетарди-я.

Ёши тўқсондан ошган отам эса куёвларини ўтқазгани жой тополмайди. Гоҳида укаларим онамга ҳазил аралаш танбеҳомуз гапиради:

– Жуда куёвларизи иззат-икром қиласиз-а, буви. Бунча эркалатиб юборманг.

Онам бўлса улардан астойдил койинади:

– Ундоқ деманглар, болажонларим, куёвни пайғамбаримиз сийлаганлар-а. Битта ёмонимизни яхшилар қаторида олиб юрибди, сийласанглар опаларингизни иззати.

Кетаримда яна кўзларимга термулади:

– Соғинтирмагин-а, болам!

Мен бўлсам, азиз меҳмонингиз бўлиб келиб кетавераман, она. Сиз сўрайверасиз, сўрайверасиз. Мен нодон эса уй ичимдан, боламдан, ишимдан ҳасратимни тўкиб, сизни жон ришталарингизни зирқиратиб боравераман. Мен ғофил нечун сизни кўзларингиздаги мунгли оғриқларини пайқамайман, онажон. Нечун сизни эшитмайман. Сўрасам ҳам сукут қиласиз ёки ўз ғалваларингиз билан дардманд қилгингиз келмайди.

– Шукр, худонинг берган куни ўтиб турибди.

– Кейинги сафар икки-уч кун ётадиган бўлиб келиб, бир ҳасратлашаман, таниш дўхтирларга бир соғлиқларини кўрсатаман. Ўйлаб дилимга тугаман. Қайдам, яна уйимга, болаларимга ошиқаман.

– Ишқилиб қаерда бўлсаларинг, омон бўлинглар, доғларингни кўрсатмасин, дийдор ғанимат-да, – онам чуқур тин олади.

Машина жилаётганида онамнинг илтижоли, сўнгсиз боқишларидан юрагимда нимадир узилгандек бўлади.

Нима бир-икки кун қолиб армонларини ўлдирсам, бу дунёнинг бир қавати қулаб тушармиди? Турмуш ўртоғим эса йўл-йўлакай аҳволимдан бехабар оғзидан бол томиб мақтайди:

– Дадам билан бувим жуда аломатлар-да!

Мен эсам изтироб билан ўйлайман. Бу меҳрибончиликлари. ташвишлари, бедорликлари ботинида менинг, болаларимнинг ҳузур-ҳаловати. фароғати, оиламнинг тинчлигини бутлайман, деб муштдеккина бўлиб бораётган онам кўз олдимга келади.

Бир сафар уйимизга борганимда синглим оиласидан ёзғириб, озорланиб йиғлади.

– Болажоним, гўдакларингни кимга чирқиратасан, сабр арқонини узун ташла, – деди-ю, нима деркин, деб отамга юзланди.

Отам узоқ сукутга толди, сўнг сокинлик билан қатъий гапирди:

– Етти пуштимизда оиланинг сири кўчага чиқмаган, – дея ўрнидан туриб кетди.

Жигаримга юрагим куйди, оғриқлари менга ўтиб шижоатландиму аммо отамга сўз айтиб, аралашишга журъатим етмади. Кейин билсам, отам оқилона йўриғ тутган экан. Синглим арқонни узун ташлаб, ютди. Ували-жували, бахтли бўлиб кетди.

Она бўлдиму фарзандлик фарзимни узолмаётганим, ғофиллигимдан кўнглимга оғриқлар чўкаверади. Менинг тинчим, бахтимни қўрғонлаб, ўзи тинчсиз, беҳаловат қолган, чойда шама турса, елкаси учса эшикка кўз тутаётган онажонимнинг гардини ўпмоққа фурсатлар тутқич бермайди.

Бир сафар онам ҳузурига узоқроқда бордиму мен нодон айбимни ювиш учунми кўришганимдан сўнг қўлларига янги урф бўлган матодан кўйлаклик тутдим. Негадир онамнинг кўзларига ёш келди. Жумла оламга, аҳли мўминларга, кўплар қаторида оиламизга тан-сиҳатлик, барака-қут, ишларимга ривож тилади:

– Жудаям чиройлигидан олибсан.

Кейин сандиқни очиб, ўтган байрамда олиб борган кўйлаклигим ёнига қўшди.

– Нилуфаройга илиндим, болам. Яхши ният билан сепига ташлаб қўйгин. Кийганида онамнинг қўли тегиб, табаррук бўлганди, деб қўясан. Мени дийдорингга зориқтирмасанг бўлди.

Оҳ нодон-а… она меҳри нелигини билмаган, уч ёшида онасидан етим қолиб, ўгай онанинг озори-ю, оби-ёвғонини ичган волиданг, наҳотки, бир оғиз яхши сўзингни гадоси эканлигини англамасанг.

Онамни соғиндим. Унинг бу дунё ҳасратларидан униққан кўнглига, хира тортган кўзларига нур бўлолсам эди.

Оллоҳдан менга нури ҳидоятлар тилаб турган қўш кабутарларим қошига учгим келяпти.

Эй, ёлғон дунёлар, бевафо шону шавкатлар, алдоқчи риёлар кўнглимни боғламанг, турмушнинг, тирикчиликнинг тошдан қаттиқ кунлари, бедард йўллар оёғимдан чалманг. Бу дунёда ёлғиз харидорим, дилимнинг шоҳу султони онаизорим ҳузурига ошиқяпман..

 Бир қушдек қошига учиб борайин,

Ғариб кулбасига кўчиб борайин,

Икки дунёйингдан кечиб борайин,

Қўш дарахтим асра, художон.

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

«Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти «Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти
«Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини» «Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини»
Китоб- кўнгил чашмаси Китоб- кўнгил чашмаси
Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар