"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Усмон АЗИМ. Ишхонадаги кўргазма

Ўқилди: 869

Ҳикоя

Асрор Валиевич ишнинг одами. Бугунги юмушни эртага қўймай, жон-жаҳди билан тиришиб ишлайдиганлар тоифасидан. У идорасига келиб тақаладиган юзлаб муаммоларнинг калаваларини қўлида маҳкам ушлаб туради. Бу калава чувалиб-чувалиб, адо бўлгунга қадар зинҳор-базинҳор кўздан қочирмайди. Дастурланган аллақандай машинадай бир меъёрда эринмай меҳнат қилади. Ҳамма нарсани эслайди, ҳамма нарсани билади, ҳамма нарсани назорат қилади. Унинг қўлидан ўтмай, бир парча қоғоз ҳам ташқарига чиқмайди. Калласи ҳам компьютернинг ўзи – керакли пайтда зарур рақамми, кўчирмами, чиқиб келаверади. Бир минг тўққиз юз эллик учинчи йил мамлакатда экин майдони қанча бўлган? Асрор Валиевич шифтга қараб бироз ўйланади-да, сўнг қоғоздан қийналиброқ ўқиётган каби ҳар бир сўзни дона-дона айтишга тушади: ”Бир… миллион…” Фалончи завод қачон ишга туширилган? Яна шифтга қарайди. ”Бир минг…” Фалончи йиғинда пистончи нима деган эди? Яна шифтга кўз тикади. “Хўш, ёзинг.. “Биз халқнинг манфаатини ўзимизнинг манфаатдан…” Уни яхши билмаганлар табло-мабло йўқми дегандай шифтга ҳам қараб қўядилар. Баъзилар китоб очиб, текшириб ҳам кўришган: ҳеч қандай хато йўқ! Рақамлар ҳам, кўчирмалар ҳам худди Асрор Валиевич айтгандай!

Айтишларича, Асрор Валиевич энгашган бошини илкис бир кўтарса, тепадаги кабинетларнинг полини бемалол тешиб чиқади. У ўша кабинетлардаги креслоларда ўтирса ҳам ярашади. Аммо ишга кўмилган бу одам, бошини кўтаришни хаёлига ҳам келтирмайди. Шундоқ ҳам ундан негадир барча чўчийди, тепадагилар эса ҳурмат қилади. Идораларда бепошна гапириш жонкуярлик намунаси сифатида расмга кириб кетаётган ҳозирги замонда ҳам унга ҳеч ким овоз кўтариб гапиролмайди.

У ходимлари билан ҳам тенг муомала қилади. Овозини паcтлатмайди ҳам, баландлатмайди ҳам; бировни яқин ҳам олмайди, олислатиб ҳам юбормайди. Бу ўринда ҳам аллақандай машинага ўхшашлик сезилиб туради. Ишни дўндириб қўйдингми? Раҳмат. Расво қилдингми? Яна бир урин. Қўлингдан келмадими? Бошқа жойдан иш топишингга тўғри келади… Бировнинг ўртага тушмоғига ҳожат йўқ. Чунки бу тўнка ишдан бошқа ҳеч нарсани билмайди, ҳеч нарсани юзхотир қилмайди. Бундай вазиятда, айниқса, хушомадгўйларга қийин: раҳбарлар қўйнига кириб кетишнинг машқини олган бу кимсалар, янги ходимликларида Асрор Валиевичнинг ҳам иссиқ бағрига бир-икки талпиниб кўрадилар. Аммо “акахон”нинг иссиқ бағри тугул, тафти уриб турадиган масофага ҳам етиб келолмай, бироз гангиб юришгач, ўзларига хос уддабуронлик билан, фаолиятларига кенг майдон ахтариб, бошқа идорага ишга ўтиб кетадилар.

Асрор Валиевичнинг, айниқса, рангларни фарқлашда ажибтовур қобилияти бор. У “бу кўк”, “бу яшил” деб қўя қолмайди. У турфа нимрангларни, нимчорак рангларни ва ҳатто ниммингрангларгача кўради. Масалан, матоларнинг нусхаларини кўздан кечирар экан, “бу биз келишгандай яшил эмас”, “бу арғувон тус бўлиши керак эди”, “ҳаво ранг бундай бўлмайди” каби жуда кўп қисқа, лекин заҳарханда танбеҳлар айтади. Тажрибали мутахассислар унинг танбеҳларини ортиқча мулоҳазаларсиз, тақдирнинг ҳукмидай қабул қилишади. Чунки Асрор Валиевич рангни сезишда тенгсиз эканлигини ичларида аллақачон тан олишган. Улар бир-бирларига ним табассум-ла кўз уриштиришиб, “қойил” дегандай бошларини сарак-сарак қилиб қўйишади, холос. Баъзан янгилардан бирортаси ишонқирамай, андаза нусхани пеш этиб қолган пайтлари ҳам бўлади. Бундай пайтларда Асрор Валиевич эътироз билдирмайди, фақат бу ҳақталабга кўрга қарагандай ачиниб бир назар ташлайди-да, “Ван Гог”ни чақиришларини сўрайди.

“Ван Гог”, идоранинг тан олинган қизиқчиларидан Шодмонбеков айтгандай, “сонда йўғу сифатда бор”лардан. Кам гап, одамови, сочлари елкасига тушган, бир қадар исқиртроқ кийиниб юрадиган бу одамнинг асл исми Боқибек. Идорада у нима вазифада ишлашини ҳеч ким билмайди. Лекин бўш ўтирганини ҳам ҳеч ким кўрмаган. Шиор ёзадими-ей, баннер ясайдими-ей, компьютерда сурат соладими-ей… Идорадаги ҳамма хоналарнинг дизайни ҳам шу “Ван Гог”нинг қўлидан чиққан. Бу хоналарнинг бирортасига иш билан кирган одам, “аммо… лекин… зўр-ку!..” қабилидаги сўзларни чайнаб, нимага келганини бир дам унутиб қўяди. Улардан баъзилари идораларини ёки уйини худди шу йўсинда ясантирмоқ орзусида Боқибекни “аренда”га ҳам олмоқчи бўлганлар. Аммо устаси фаранг уларнинг таклифини бош эгиб эшитгану, лекин ҳеч ёққа бормаган. Гапи ерда қолишга кўникмаган баъзилар қизишиб, катта-катта пул ҳам ваъда этишган. Боқибек тушунмагандай елка қисиб қўя қолган. “Бу болани қўйинглар, – деган гапи қайтмайдиганларнинг дунё кўрганларидан бири. – Пулга қизиқмас экан. Шунча пулни ваъда бериб турибмизу кўзи ялтирамади-я!” Боқибек баъзан беш-тўрт кун ишда кўринмай қолади. “Ичаяпти”, дейишади бу ёлғончи дунёда бирор-бир яхшилик рўй беришидан умидини узганлар; ҳали ҳам ғаройиб мўъжизалардан умидворлар эса, у “сурат чизаётганидан” башорат қилишади. Ходимлар бўлимининг бошлиғи Муяссар Қодировнанинг қиёфаси эса бу кунлар жуда ўзгариб кетади: қовоғи осилади, ранги ўчади, ингичка лаблари янада ингичкалашади. Унинг юриш-туриши жангда ҳалок бўлган эри учун қасос ўтида ўртанаётган ёсуманними-ей, жодугарними-ей эслатади. У йўлакда дуч келиб, ҳол сўраганларга идорада тартиб қолмаганидан шикоят қилади. Сталин замонида бундай тартиббузар зараркундаларни “турма”га тиқишганини телевизордан ўз қулоғи билан эшитганини аллақандай орзумандликда сўзлаб беради. Бизда эса!.. Идорада қизиқ воқеалар рўй бермаса, зерикиб қоладиганлар, Боқибекнинг шохи йўқлигини Муяссар Қодировнага эслатадилар. Бир парча қоғозга рапорт ёзиб, “катта”нинг олдига киришни маслаҳат берадилар. Муяссар Қодировна Ван Гогни шохли тарзда тасаввур этади, шекилли, бенажот қўл силтайди-да, жаҳлғайрат юришда ўз хонасига йўл олади. Унинг бўзариб кетган юзи энди кўкимтир тус ола бошлаганини барча аниқ кўради. Шу идора ҳам ўлиб кетсин, Ван… Нима эди?… Ўша ҳам ордона қолсин! Нима, “катта”га рапорт ёзиб кирмаганми? Кирган. Бир эмас, бир неча марта кирган. Асрор Валиевич ўқиб кўргач, унинг кўзи олдида рапортни йиртиб, чиқинди қутига ташлаган! Бечора Муяссар Қодировна унинг бу ишини англишмовчиликка йўйиб, гап сабабсиз уч кун ишга чиқмай, меҳнат интизомини қўпол тарзда бузган Боқибек ҳақида кетаётганини айтган. Гап нима ҳақида кетяпти? Асрор Валиевич ўз одатига кўра ҳис-туйғусиз – бирор-бир сўзга урғу бермасдан сўраган бўлса ҳам, жеркиниброқ гапиргани ҳар ҳолда сезилган. Меҳнат интизоми учун жон куйдириб турган содда Муяссар Қодировна буни пайқармиди! Боқибек-чи… Нормуродов… Ван Гўнгми… Ўша алкаш уч кундан буён… У охиригача гапиролмаган. Бошлиқнинг лабида зоҳир бўлган билинар-билинмас заҳарханда табассумга назари тушгач, миясида фикри бир дамда чалкашиб, ноқулай тортиб, сўздан тўхтаган. Сизга бир топшириқ бор, деган Асрор Валиевич. Муяссар Қодировна шоша-пиша қалам-дафтар олиб, ёзишга чоғланган. Хўш?.. Бундан буён Боқибек Нормуродовнинг устидан шикоят билан бу кабинетга кирманг. Нега? Ахир… Тушунмаган ишингизга аралашманг… Шу алкашни тушунмайдими? Тушунмайсиз. Боринг. Ван Гўнгларингиз билан шуғулланиб юраверинг. Ҳа, айтгандай одамларни таъқиб қилишни ҳам бас қилинг. Бу ер ЦРУ эмас, идора. Одамлар эркин ўтириб, эмин ишлаши керак…

Муяссар Қодировна ер билан битта бўлиб чиқиб кетган. Айниқса, бироз вақт ўтгач, Шодмонбековдай тилининг суяги йўқлар орқаваротдан унга ҳам “Ван Гўнг” деб лақаб қўйиб олганларини сезган. Булар Муяссар Қодировнанинг илдизи қаерга бориб тақалишини билмайдиларми? Билишади. Билиб туриб гапиришади. Умрида бирор бир китоб ўқимаган Муяссар Қодировна яна телевизорда эшитган Сталин замонини эслайди.

 Хуллас, Асрор Валиевич йўқлагандан кейин Ван Гог кабинетга салом-аликсиз кириб келади. Бошлиқнинг имосидан сўнг, андозага ва бошлиқнинг эътирозига сабаб бўлган матога бир қур назар ташлайди-да, бош чайқайди. Бу ҳаракат – унинг қатъиян қарор чиқаргани. Асрор Валиевич Ван Гогни саволга тутади. Нима бўлган экан? Шу… Нима шу? Бу мато андозадигидай мовий эмас. Нега? Технология бузилганми? Йўқ. Нима бўлган? Бўёқни аяшган.

Бошлиқ Боқибекка жавоб беради-да, у билан баҳслашишга журъат этган ҳақталабга ўгирилади. Нима деди? Бўёқдан тежалган дедими? Жайдари тил билан айтилса, ўғирланган… Ҳақталаб нодон нимадир демоқчи бўлади. Аммо Вали Асрорович чилла аёзининг нафаси уфуриб турган бир қараш билан унинг тилини танглайига ёпиштириб қўяди. Сўнг аллақандай беҳис – ўша машина овозда бир текис гапира бошлайди: “Ё бу соҳанинг одами эмассиз, ё ишлашни билмайсиз, ё фирибгарсиз, ё фирибгарларнинг қўлида ўйинчоқсиз! Илтимос, эртага соат ўнда тахминларимнинг қайси бири тўғри эканлигидан мени ҳам хабардор этиб қўйинг… Хўш, энди навбатдаги масалага ўтамиз”…

Бутун мамлакат бўйлаб шох отган бу идорада иш тиғиз, ҳатто аллақандай залворли. Масъулиятнинг зилини барча хизматчилар ҳар дақиқада елкасида сезиб ишлашади. Бу ерда вақт ҳам аллатовур зич бир тарзда ўтади. Вазифа аниқ эканлигидан пайдо бўладиган қизғинлик бу ерда яралиб, идорадан ташқарига ловуллаб чиқади. Аммо барибир иш залвори одамларни толиқтиради. Шунда бир хилликка яна Ван Гог аллақандай ўзгача бир ранг киргазади.

 Эрталаб ишга келган одамлар ишхонанинг фойеси ва йўлаклари бирдан ўзгариб, ажабтовур тусга кирганини ҳис қиладилар. А!.. Деворларда расмлар… Ранго-ранг, турли-туман расмлар! Улар ўзга дунёлардан келган мўъжизалар каби атрофга билинар-билинмас – аллақандай сирли мавжлар тараб турганини ҳамма бирдан сезади. Идоранинг бирор ходими одатдагидай шошиб хонасига ўтиб кетолмайди. Суратлардан оқаётган мафтункор куч уларни беихтиёр тўхтатади. Ҳамма суратларни томоша қилишга тушади. “Жуда зўр экан!”, дейди кимдир, кимдир вақт топиб, музейларга бормаганидан афсусланади, кимдир жимгина “Қойил!” дегандай бош чайқайди. Коллежни битириб, бу идорага яқиндагина ишга келган ёшгина қиз – Жасмина фойега кирган заҳотиёқ, деворларга бир қарайди-да, бирдан қувончда ярқираб, “Вой!” деб юборади. Нафақа ёшидан ошиб, ишдан бўшатилишини қўрқибгина кутиб юрган Жўра Олимович эса “Бизлар ҳам юрган эканмиз” дейди, юз-кўзи ёришиб. У негадир тетик тортади. Бош ҳисобчи Жамила Ғофуровна эса, қип-қизил гуллар акс эттирилган натюрмортга тикилганча кўзлари ёшланади. Аёл кўзёшларини билдирмай артаркан, қачонлардир унга совға қилинган қирмизи гулдастани эслайди. Гулдастанинг ранги шу қадар нафис, шу қадар жозибали эдики, кейинчалик бирор-бир анвойи гул ўшанда туйган шавқини унга ҳадя этолган эмас. Кўнглида ҳозиргача ярали қонга менгзаб яшовчи гулларни ҳаётда ҳеч қачон учратолмади. Мана энди ўша гулдаста рамкага солинган мана бу суратдан, тирикликдан тирик бир аснода, унинг кўз олдида шовуллаб турибди…

Ходимлар ўзларини ҳамишагидай тутишга ҳаракат қилишади, аммо аниқ фикрлашдан бошқа ҳеч нарса йўлламайдиган бу ишхонада нимадир ўзгаргани шундоқ сезилиб туради. Топишнингми, йўқотишнингми, ёхуд соғинчнингми – армонли бир сурурнинг бўйи ҳавони тутган, бу ҳол кўнгилларни майда-чуйда ташвишлардан бирдам озод этиб, одамлар унутиб юборёзган ҳурликками-ей, чексизликками-ей – аллатовур кўнгил йўлига чорлаётгани тобора аён бўлиб боради.

Бу хатарни барчадан аввал Муяссар Қодировна пайқайди.

– Иш вақти бошланди! – дейди у аллақандай расмий, бир қадар роботнинг овозини эслатадиган қуруқ товушда.

Ҳамма ўзига келади. Чунки деярли тириклик аломати сезилмайдиган бу овознинг оҳангида аллақандай пинҳон ваҳима бор эди. Бу овоз – темир мантиқли қонунларнинг, улуғвор идораларнинг, деразасиз мошиналарнинг, погонли одамларнинг – инсон тақдирини бир имо билан ҳал этадиган даҳшатли қудратнинг шу ергача етиб келган оқаваси эканлигини ҳамма билади. Ходимлар азиз бир нимадан айрилиб қолаётгандай юраклари ачиб, суратларга яна бир қур назар ташлаган кўйи, негадир хижолат тортиб, хоналарига тарқашга ҳозирланадилар ва… бирдан тараддудланиб тўхтайдилар. Биров шоша-пиша қўлини кўксига қўяди, бировнинг юзида ясама кулгу жилваланади…

Фойега Асрор Валиевич кириб келади. У одатдагидай, ходимларнинг саломига йўл-йўлакай алик олганча, шиддат билан йўлак тўрида жойлашган кабинети томонга йўналади. Аммо бир-икки қадам босгач, нимнигоҳи билан деворлардаги расмларни пайқайди-да, шиддати пасайиб, тўхтайди. “Адашмадимми?” деган аснода деворларга бетартиб осилган расмларга негадир гарангсиб қарайди… ва ўзгара бошлайди. У лаҳзада атрофидаги одамларни, ишхонани, ишхонага нима келганини, мартабасининг виқорини – ҳамма нарсани тамом унутади. Ҳатто атрофдагиларга у ўзининг кимлигини ҳам эсдан чиқараётгандай туюлади. Ходимлар уни аллақандай бир тарзда ичидан нурлана бошлаганини ва ҳозир юракларни не ажиб кўйларга солган деворлардаги расмларга нимаси биландир ўхшай бошлаганини ҳис қиладилар. Асрор Валиевич, суратлардан кўз узмаган ҳолда, унга машинанинг олдида пешвоз чиқишга улгурмаган, шу сабабдан ортиқча шошиб, йўлакдан югургилаб чиққан ёрдамчисига плашини ва портфелини ним беҳушлик янглиғ бир ҳолатда узатади-да, суратларни ютоқиб томоша қилишга тутинади. Қачонлардир ўлиб кетган азиз одамини ногаҳон тирик учратиб қолган каснинг карахт ҳайронлигига менгзаш бу ютоқиш уни бутун вужудини қамраб олган – у ҳадеб ютинади, бурни ва пешонасида реза тер пайдо бўлади.

Негадир жимлик чўкади. Асрор Валиевич бу жимликни ҳам сезмайди. Муяссар Қодировнани эса энди беихтиёр бошлиқни ҳаяжонланиб томоша қилишга тушган одамлар хавотирга солади. Улар негадир ҳозиргина суратга лолу ҳайронликда термулишгандай бошлиққа тикилиб қолишган эди. Хуллас, бу ерда ходимлар бўлими бошлиғининг фаҳми етмайдиган нимадир рўй бераётгандай… “Нима, раҳбар ҳайвонот боғидаги маймунмидики, улар томоша қилишса!”, деб кучи етганича ўйлайди аёл.

– Иш вақти бўлди! – дейди у энди қатъийлик билан.

Муяссар Қодировна бу гапини кўпроқ бошлиқ эшитишини хоҳлайди. Аммо Асрор Валиевич эшитмайди.

Унинг овозининг темир жаранги фақат ходимларни ҳушёр торттиради. Улар фойени қамраб олган, аллақандай нафис ва соғинчли бўйларга тўлган ҳавони тарк этгилари келмай, истар-истамас, икки тарафга шох отиб кетган йўлакларга тараладилар. Бошлиқ эса картиналарни бирин-бирин томоша қиларкан, вақт ўтаётганини сезмайди. Ҳар кун эрталабки қисқа мажлисга кўниккан катта-кичик раҳбарчалар дафтарчалару ручкаларини ҳозирлаб, одатдагидай, Асрор Валиевичнинг қабулхонаси тарафига йўналадилар. Аммо бошлиқ ҳамон фойеда эканлигини кўришиб, аросатда тўхтаб қолишади. Муяссар Қодировна энди бу қуюшқондан чиқишга жиддий аралашмаса бўлмаслигини жону танига сингиб кетган теран масъулият билан ҳис этади. У одамларга қўли билан “йўқолинглар” ишорасини қилади. Уларнинг ғойиб бўлганига ишонч ҳосил қилгач:

– Асрор Валиевич… – дейди юрак ютиб. – Асрор Валиевич…

Бошлиқ унга қайрилиб ҳам қарамайди. Фақат расмлардан кўз узмаган аснода, бутун вужуди билан оғриниб:

– Жим, – дейди. – Жим!..

У расмларни навбат билан, синчиклаб томоша қила бошлайди. Айниқса, бир картина рўпарасида узоқ ушланиб қолади.

…Булутсиз осмон. Ҳувуллаган дашту қир. Қип-яланғоч. Ўт-ўланни ёзу куз аллақачон янчиб, вақтга совуриб юборган. Бир четдан аҳён-аҳёнда ўтадиган машиналарнинг изи қолган жайдари тупроқ йўл. Йўлнинг четида бир қишлоқи чол невараси билан мошина кутиб ўтиришибди. Эгнида чопон. Бошида салла. Невараси ҳам чопонгинада. Улар жуда митти тасвирланган, ҳатто юз-кўзлари ҳам кўринмайди. Аммо уларнинг бу ушоқ тасвирларидан аллақандай интиқлик, интизорлик, шу билан бирга юракни орзиқтирадиган номаълумликнинг ҳавоси таралмоқда… Умри шу дашту қирларда ўтган чол неварасини қай тақдир сари бошламоқда? Улар қаерга кетяпти? Кимни кутишяпти? Уларнинг бошидан не савдолар кечади? Нечун бунчалар ҳасрат? Дала-даштнинг сукунатига қоришган бу кексалигу ёшлик аллақандай чексиз қамровли қудратнинг чангалида нега бу қадар соме турибди? Тақдир уларни қайга учириб кетади?..

Бир пасдан сўнг Асрор Валиевич илкис безовталанади-да, кўзларини расмдан узолмай, бир қўлини ортига чўзиб, кўрлар каби ниманидир бетоқат излашга тушади:

– Қани! – дейди у бесабрлик билан. – Қани!..

Муяссар Қодировна ҳеч нарсани тушунмай, лекин ташаббускор ходимга хос шижоат билан бошлиқ сўраётган нарсани муҳайё қилгани йўлакка отилади. Аммо бу бемаънилик югуришининг муддаосини ўзи ҳам англамай, тўхтаб қолади:

– Асрор Валиевич! Нимани олиб келай?

Бошлиқ ўзига ўхшамай ғижинади:

– Қанақа “нима”?.. Ван Гогни топинг!

Илоё, шу Боқибой Ван Гўнг бўлмай адо бўлсин! Шунга шунча ваҳима-я! Юргандир-да бир очиқ лаҳатда, ипирисқи тортиб! У тартиб-интизомни писанд қилармиди! Ўзи хон, сояси майдон! Мушугини “пишт” деб бўлмаса! Ишдан ҳайдаб бўлмаса!..

Бу сўзсиз монолог Муяссар Қодированинг аламли юрагидан бир “тиз” этиб, товушсиз отилади… ва шу заҳотиёқ ходимлар бўлими бошлиғининг кўзи Асрор Валиевич томон шарпасиз юриб келаётган Ван Гогга тушади. Вой, қуриб кетгур! Арвоҳга ўхшамай, баттар бўлгур! Осмондан тушдими?

– Топибсан! – дейди Ван Гогга аллақандай ҳаяжонланиб бошлиқ. – Жуда топибсан! Яйдоқ куз бўлгани ҳам яхши! Мезонлар учадиган пайтда, а?

– Сездингизми? – дейди Ван Гог кўзлари беозор нурланиб. – Албатта, мезонлар учиб юрибди-да!

Сўнг жиддий бир тарзда қўшиб қўяди:

– Буни кўрган кўради!..

Муяссар Қодировна ҳам картинага илк бор кўз ташлайди. Бу иккови уни масхара қилишяптими? Мезон қани? Жинни-пинни бўлиб қолишмаганми?

– Шамол-памол йўқ! – баттар қувонади Асрор Валиевич. – Мезонлар ҳавода беҳушгина сузиб юрибди…

– Ҳа-а!.. – дейди бошлиқнинг тушунаётгани маъқуллаб Боқибой. Кейин аллақандай ўйга толиб гапира бошлайди. – Бу картинани, шу… каттароқ қилиб чизиш керак эдими-ей! Ўшанда яна-да…

– Йўқ! – Кескин эътироз билдиради бошлиқ. – Шу ҳолида яхши! Умуман тегинманг! Ўзи худо берган нарсалар бўлади! Бу картинани сизга худо берган! Тегманг! Бузасиз!

– Энди… – Сўз ахтариб каловланади Боқибой. – Янада… картинада ҳаво мўл бўлардими, деб ўйлаяпман-да…

– Э, дунёнинг ҳамма ҳавоси бор бу картинада…

– Шошманг-да… – Ван Гогнинг тилига яна сўз келмайди.

– Бу-за-сиз!

Боқибой кўнмай бош чайқайди. Асрор Валиевич негадир қувониб, Боқибойнинг елкасидан қучади:

– Юринг, ичкарида гаплашамиз! Юринг!..

Бошлиқ ажиб бир ғайрату шижоатда Боқибойни елкасидан қўйиб юбормай, кабинети томон бошлайди.

Муяссар Қодировна серрайиб қолади. Сўнг йўлакдан чиқиб келаётган бош ҳисобчи Жамила Ғофуровнага кўзи тушади. У ходимлар бўлимининг бошлиғини кўрмагандай ўтади-да, тескари турганча, қирмизи гуллар чизилган картинани томоша қилишга тушади. Юзи кўринмаса-да, бош ҳисобчининг ҳаяжон гирдобида тўлғонаётганини, чуқур-чуқур нафас олганини; ҳатто зўриқишини босиб, бесас хўрсинишга ҳаракат қилаётганини Муяссар Қодировна ҳис қилади ва ногоҳ унинг елкаси титраётганини кўради.

– Нима бўлди?

Муяссар Қодировна шошганча бориб, бош бухгалтернинг елкасига астагина қўл ташлайди:

– Нима бўлди?

Жамила Ғофуровна аллақандай карахтликда бурилиб, танимагандай унга қарайди. Кўзлари жиққа ёшга тўлган. Сўнг илкис ўзини қўлга олиб, ёшларини шошиб артади:

– Ўзим… – дейди жилмайишга ҳаракат қилиб. – Ўзим…

Аммо ичини ўпириб келаётган ўкрик юзларини қийшайтириб юборади. У бош эгганча, йўлакка отилади.

 Шу кун идорада маром бузилади. Натижада, антиқа воқеалар рўй бера бошлайди. Аввало, бу идора пайдо бўлганидан буён ўтказиладиган, нафас олиш каби одатий ҳолга айланиб қолган эрталабки йиғин ўтмай қолади.

Қабулхонага одатдагидай биринчи бўлиб Шодмонбеков бош суқади ва ҳамишанги ҳазили билан котибага мурожааат қилади:

– Ёсуманхон, – дейди у кабинетга имо қилиб. – Кираверайликми?

Котибанинг пешонаси тиришади:

– Юз марта айтаман, Зафар Расулович, меня зовут Жас-ми-на!

Шодмонбеков ҳам юзинчи бор гапидан қайтмай, такрорлайди:

– Ўзбекчаси “Ёсуман” бўлади-да, онажоним! Давлат тилида айтаяпман!

– Ну, что мне теперь делать? Родителларим ўрисча ўқиган…

– Майли, онам, майли… Фақат мустақил бўлганимизга ҳам, мана, йигирма йилча бўлиб қолди-ёв… Шу исмингизни ўзбекча қилиб, ёздириб олинг, тамом-вассалом!

Котиба баттар тутоқади:

– “Ёсуман” деб ёзолмайман! У, ахир ўзбекчасига, оказывается… Нақа… “Жодугар” дегани ҳам экан-ку!

Шодмонмонбеков хандон отиб кулади.

– Ёсуман шунақа гул, онам. Унга қўнган ҳашорат қайтиб учолмайди. Ёпишади-қолади. Сеҳрлаб ташлайди. Худди сизнинг ўзингиз! Сизга ҳам бир кўзи тушган ишқингизда жодуланиб, адо бўлади! Сиз эса уларга ҳашоратга қарагандай ҳам қарамайсиз! Воҳ, қанча одам кўйингизда ҳашоратдай ўлиб кетди!.. Эҳ, Ёсуманхон! Ёсуманхон!.. – У яна Асрор Валиевичнинг кабинетига имо қилади: – Кираверайликми?

Жасмина постда тургани эсга тушгандай, бирдан жиддий тортади:

– Йўқ, – дейди у ва компьютерда қандайдир бир матнни жадал тера кетади. Бу – котибанинг “гап тамом, ҳазил тугади” дегани эканлигини ҳамма билади. Аммо эрталабки йиғинни бекор қилиш…

Шодмонбеков ҳам ҳазиллашишни унутади:

– Ҳозир… мажлис!

Жасмина вазиятнинг аҳамиятига мос сукунат сақлайди.

– Асрор Валиевич, – дейди у сўнг негадир қизишиб. – “Ҳеч кимни киргизманг”, деди! Мен: “Ҳозир пятиминутка”, сказала. “Ўзбекчани тушунмайсизми?” деди у киши… Ну, дался мне этот узбекский!..

Жасминаннинг бармоқлари негадир жуда жадал ишлай бошлайди.

Шодмонбеков нима бўлганини тушунолмай гарангсирайди. Ахир бу идорада йигирма йилдан буён хизмат қилади. Худо берган иш куни шу йиғин билан бошланган. Бу йиғин кайфиятингу кўнглингга қарамасдан, “аввал мендан ўтиб ол, қолганини кўрамиз” йўсинида безрайиб, худди тақдирнинг тавқи лаънатидай нақ саккиз яримда йўлингни қароқчидай тўсади. Бунинг устига анаву Асрор Валиевич!.. На бир ҳазилни билади, на бир хуш гапни… Худди мошинанинг ўзи! Ундан кўра темир билан, тош билан мажлис ўтказган яхши! Ҳар ҳолда уларнинг кўзи йўқ. Бошлиқнинг кўзи! Бир совуқ қараса, музинг бир ҳафта эримайди!.. Энди қандай қилиб?…

Хоҳласа ҳаммани гап билан ўтқизиб қўядиган, хоҳласа мутойиба билан кўнгилларни баҳор қиладиган Шодмонбеков бирдан довдирайди:

– Мен… нима қилай?

Жасмина бирдан ишдан тўхтайди:

– Зафар Расулович… Как-то… нақа.. а? Не то!…

– Онам, ичкарида бирор одам борми?

Жасмина давлат аҳамиятидаги сирни ошкор этишга чоғлангандай чуқур нафас олади. Клавишларни ўзлари топиб ишлаётган бармоқлари кескин тўхтайди.

– Бор! – дейди у. – Бор! Ану… Как его… Ван Гог! Они так бес-се-дуют!… Шунақа гаплашишаяти-и-и!…

– А-а…

Шодмонбеков бирдан ниманидир фаҳмлайди. У дуч келмагани аллақандай ҳақиқат бу ишхонага оралаб қолганини, бу ҳақиқатни фақат ичкаридагилар – мажлисни бир тийин қилиб ўтирган Асрор Валиевичу суратлар осиб, фойени сеҳрли бир масканга айлантирган Ван Гог англашини; улар ҳозир бу англамоқнинг шавқида масту аласт суҳбат қураётганларини негадир юраклари орзиқиб тасаввур қилади. У Жасминанинг ҳам аллатовур хаёлланиб турганини кўради.

– Яхши бўлди-я, Зафар ака? – дейди қиз алланечук бўлиб. – Суратлар… Как хорошо!..

– Нимасини айтасиз!..

Шодмонбеков мана шу юрак орзиқиши етагида ўрнидан хаёлланиб туради-да, кўкси нотаниш – фарраҳли ҳавога тўлиб, фойега қараб жўнайди.

У суратлар осилган фойе ҳам мана шу нотаниш ҳаво билан тўлганини, бу ҳаво фойедан тошиб йўлакка, хоналарга, кабинетларга – бутун ишхонага ва ҳатто хизматчиларнинг юракларига ҳам сочилиб бораётганини; ишхонанинг деворларидан ошиб ўтиб, тушунуксиз соғинч ва ҳазинлик сочганча дунё бўйлаб таралиб бораётганини ҳам ҳис қилади.

 Жасмина эса шу алланечук кайфиятда ўтириб қолади. Боши қушга айланиб, бехос учиб кетаётгандай калласини икки қўли билан маҳкам чангаллайди. Кўзларини юмган тариқа, бор бўйича ўзига чўкиб, ўйга толади. Сўнг ногоҳ ёнғин хизматига фалокатдан хабар берадиган одам ҳовлиқишида шошилиб, телефон рақамларини тера бошлайди.

– Алло… Алло!.. Мени кечир!.. – дейди у ўртаниб телефонга. – Прости!.. Мен айбдорман!.. Нима? Встретимся? Кўришамизми? Қаерда?… Тушунарли! Могу! Бораман! Ҳозир жавоб оламан-да, югураман! Бегу, жоним! Бегу!…

У шошганча ўрнидан туради-да, Асрор Валиевичнинг кабинетига қараб юради. Сўнг “э, нима бўлса, бўлар” қабилида қўл силтаб, йўлакка, йўлакдан одамлар суратларни томоша қилаётган фойега, фойедан гўё йиқилиб тушаётган осмонга кўзи тушгандай ваҳимада турган Муяссар Қодировнанинг ёнидан югургилаб ўтганча уни кутаётган, соғинаётган, ўртанаётган ташқарига йўл олади.

 – Ниҳоятда қувондим, – дейди Асрор Валивич хонасида чир айланиб юрар экан. – Зўр! Бунақа бўлади деб ўйламаган эдим! Қойил! Фақат… у суратни бузманг!

Ван Гог бошлиқни танимайди. Бу сўзидан кўнгил бўйи уфуриб турган одам қайдаю, Асрор Валиевич қайда! Тўғри, Асрор Валиевич уни жуда ҳурмат қилишини, ҳатто меҳр билан ардоқлашини у ҳамиша сезиб, қадрлаб юрган, аммо унинг ичидан қуёш чиқиб келаётгандай порлаб туришини биринчи бор кўраяпти! Гўё қаршисида самимият таратиб кўнгилнинг ўзи сўзлаётгандай!

Ван Гог беозор жилмаяди:

– Йўқ… Мен сезиб турибман-да, агар…

– Мен ҳам сезиб турибман! – Асрор Валиевич ижодкорларда бўладиган қизғинликда унинг гапини шартта кесади. – У мукаммал сурат! Тушинаяпсизми? Му-кам-мал! Қош қўяман, деб, кўз чиқариб қўясиз!..

– Э!.. – Ван Гог ҳам илкис ўрнидан туриб кетади. – Чалалиги бор-да!..

– Бу асар, – Асрор Валиевич Ван Гогнинг қаршисига баҳс мавжида юриб келади. – Мана шу чалалиги билан гўзал!..

Энди Ван Гог ҳам қаршисида бошлиқ турганини тамом унутиб қизишади:

– Тавба, чала асар ҳам мукаммал бўлар эканми?

Асрор Валиевич ҳам нимадир демоқчи бўлади, аммо бирдан жиддий тортиб, Ван Гогнинг кўзига тик қарайди:

– Ичмаймизми?.. – дейди у зўриқиброқ. – Йигирма йилдан буён ичмаганман. Аммо ҳозир… бир ўтирайлик!

Ван Гог юзида яна беозор жилмайиш пайдо бўлади.

– Майли, – дейди у бошлиқнинг гапидаги зўриқишни илғамагандай ва ташқарига қараб йўналади.

– Тўхта!

Асрор Валиевич бурчакдаги деворга ўрнатилган сейф ёнига шахдам юриб боради-да, аллақандай ғайрат билан мурватларни “шарақ”латиб бураб, эшикни очади. Бир пачка пул олиб, Ван Гогга узатади.

– Ол! – дейди у ғайрати қўзиб. – Бир ўтирайлик!.. Газак олишни ҳам унутма.

Ван Гог пулни олади-ю, негадир иккиланиб туради.

– Балки… – дейди бошлиққа синовчангина назар ташлаб. – Ташқарида, бирор пастқам жойда ўтирармиз…

Асрор Валиевич деразага, чексиз ташқари ҳувуллаб ётган тарафга негадир нохос чўчиб қарайди:

– Йўқ, – дейди у шошиб. Унинг юзида бир зумгина нимадандир чўчиш аломати “лип” этиб пайдо бўлади. Аммо Асрор Валиевич унга ён босмайди: – Йўқ! Шу ерда ўтирамиз! Шу ерда!..

– Гап-пап бўлмайдими?

Бошлиқ “бўлса, бўлавермайдими” дегандай қўл силтайди.

Ван Гог негадир қувониб, чиқиб кетади.

 Йиғиннинг бўлмаслиги ҳақидаги хабар ишхонага бир пасда тарқалади. Ишхона бугун жанг қилиш-қилмаслигини билмайдиган қўшиндай беқарор бир вазиятда туриб қолади. Гўё қурол аслаҳа тайёр турибди, душман мўлжалга олинган, аммо ўқ-дори етказиб берадиган аравалар карвони номаълум бир жойда қолиб кетгандай. Департаменту бўлим бошлиқлари мажҳул бир қиёфада йўлакда санқишга тушадилар. Ҳар-ҳар жойда майда-чуйда суҳбатлар давраси пайдо бўлади. Аммо бир зум ўтиб, ҳамма фойега йиғилади. Бошқа ходимлар ҳам хоналардан бирин-кетин чиқиб келиб, суратларни томоша қилишга тушадилар.

– Ўртоқлар! Иш бошланди!

Аммо негадир Муяссар Қодировнанинг гапига эҳтимол илк бор ҳеч ким парво қилмайди. У намойишкорона тарзда бу тартиббузарларни рўйхат қила бошлайди. Маошидан чегириб ташлашсин, кейин билишади сурат томоша қилишни! Қовун қовундан ранг олади дейишади. Барча ходимлар шу калласи айниган Ван Гўнгнинг ишлашига ўтиб олса, нима бўлади? Ишхонанинг ишхоналиги қоладими? Дунё остин-устин бўлиб кетади-ку!.. Ана, бошланди!.. Ясан-тусандан бошқа нарсани билмайдиган бўйнинг узилгур Жасмина унга парво қилмай, югургилаб кўчага чиқиб кетди. Бир пас ўтиб, Ван Гўнг ҳам сирли жилмайганча, ўзининг бешарпа юришида кўчага сирғалиб чиқади…

Ва фойеда Муяссар Қодировнанинг ақлига сиғмайдиган ишлар рўй бера бошлайди. У аввал Шодмонбековнинг, сўнг Жўра Олимовичнинг оёқлари ердан узилиб кетаётганини кўради. Аёл ақлдан озмадимми, деган хаёлда кўзларини очиб юмади. Аммо бирин-кетин бошқаларнинг ҳам ҳавога кўтарилаётганини фаҳмлайди. Муяссар Қодировна ҳам негадир ўзини ердан кўтаришга уринади. Аммо зил-замбил гавдасини ердан узиб бўлмаслигини пайқайди. Шу билан бирга бу парвозларнинг олдини олиш кераклигини, агар олинмаса, дунё тўс-тўполон гирдибодида адойи тамом бўлишини аниқ тасавваур қилади. Одам қушмас-ку, ахир! Идоранинг ишини ким бажаради? Охир-оқибат “кўзинг қаёқда эди, нега бунга йўл қўйдинг”, деб ундан сўрашади-ку! Тезроқ бу тартибсизликнинг олдини олиш керак. “Бир тош йиқилса, тоғ қулайди”, деб қайси бир шоирми, машойихми айтган-ку, ахир! У бор жон-жаҳди билан бақиради:

– Мен сизларга айтаяпман! Иш бошланди!

Ходимлар бўлимининг бошлиғининг овози бу сафар ниҳоятда ваҳимали ва қўрқинчли тарзда жаранглайди.

Биринчи бўлиб, оқсоқол Жўра Олимович ерга “тап” этиб тушади.

– Оббо!.. – дейди у. – Одам ҳам шунча нодон бўладими? Инсон, бу кўргазма ҳар кун бўлаётгани йўқ-ку! Худо шу ишхонага бир иноят қилиб юборибди! Бу бўлса…

Жўра Олимович гапини тугатмай, анчадан буён кечираётган эҳтиёткор умргузаронлигидан ногоҳ тошқинлаб, жадал юришда хонасига чиқиб кетади.

Асабий бир сукунат фойени тутади. Оёқлари ердан узилган ходимлар бирдан Ернинг ториш кучини ҳис қиладилар ва уларнинг парвозлари сўлиш олиб, қовжираб, бирин-кетин ерга қайтиб туша бошлайди. Улар ходимлар бўлимининг бошлиғидан таралаётган қудратни ҳам бирдан ҳис қиладилар ва энди нима бўлишини кутган асно, қизариб-бўзариб кетган Муяссар Қодировнанинг қаршисида карахтланиб турадилар. Бироздан сўнг Жўра Олимович тошқин юришда фойега чиқиб келади-да, лолу ҳайронликдаги халойиқнинг кўзи олдида унинг бу мисли кўрилмаган қилмишидан карахтланиб қолган Муяссар Қодированинг қўлига бир варақ қоғоз тутқазади:

– Мана! Ариза! Шу идорада димиқиб ўлиб кетмасимдан, нафақага чиқиб олай! Ахир, дунёда кўнгил бор-ку! Дунё кенг-ку, ахир! Дунёни бунча тор қилиб юбордингиз! Нафас олиб бўлмайди-я!..

У Муяссар Қодировнадан шартта терс ўгирилади-да, картиналарни томоша қилишга тушади.

Аммо идораларда рўй бериб турадиган ҳар кунги кўнгил хираликлардан бири бўлмиш бу мажоранинг ғуборидан расмлар жозибасини бир пасда йўқотади. Уларни кўнгиллар билан боғлаб турган ришталар “чирс-чирс” узилиб кетаётганинии ходимлар шундоқ сезиб турадилар ва нохос уйқудан уйғонгандек, ғалати бир аҳволга тушадилар. Сўнг уят иш қилиб қўйган кас каби уялганнамо бир ҳолатда хоналарга аста-аста тарқала бошлайди. Ходимларнинг бу ҳол кетишидан эса Муяссар Қодированинг руҳи кўтарилади. У ғолиб бир юришда хонасига шахдам йўналади. Аммо қип-қизил гулдастани бағрига босганча, йўлакдан учиб келаётган Жасминага ногоҳ кўзи тушади-да, эси оққудай бўлиб, тўхтаб қолади. У учаётган одамни биринчи кўриши эди. “Э, одамзот бу дунёда ивирсиб-ивирсиб, ўлиб кетади” дегучи эди раҳматли онаси. Бу гап Муяссар Қодировнанинг қулоғига маҳкам ўрнашиб қолган. Шунинг учунми, аёл кўзларига ишонмайди ва ваҳима ичида ўзини четга олади. Жасмина эса ногоҳ пайдо бўлган бу тўсиқ ёнидан қанот қоқиб ўтганча, парвозини узмасдан, қабулхонага кириб кетади.

 Жасминанинг тўсатдан учиб киришидан қабулхона ҳам бир сесканиб тушади-да, ҳушидан кетгудай бир алфозда лол қотиб қолади: телевизор телевизорлигини эсдан чиқаради, телефонлар жарангламайди; ҳатто хонага қамалиб қолган арига менгзаб мудом ғўнғиллаб турадиган музлатгичнинг ҳам ашуласи хаёлидан кўтарилади. Жасмина эса уларга парво ҳам қилмасдан уча-уча қўлидаги қип-қизил гулдастани гулдонга қўяди. Гулнинг гулдонда барқ уриб туришига қанот қоққанча эркаланиб қарайди. Сўнг капалак монанд ҳавода бир-икки чарх уради-да, компьютер қаршисидаги креслога илкис қўнади. Ва бирдан мудом ишлаб турадиган компьютер юзи қоронғи тортиб турганини кўради. Аммо у компьютернинг бу ҳоли ўзи билан боғлиқ эканлигини ҳис қилмайди.

– Черт! – дейди у учиб бориб, чироқ тугмани “шиқил”латиб кўрар экан. – Яна ток йўқ…

Шу пайт эшикдан Жамила опа кириб келади. У ҳорғин. Йиғи нуқси қолган юзу кўзлари шишинқирагандай…

– Асрор Валиевич?..

Жамила опанинг сўзи чала қолади.

Унинг кўзи гулдондаги гулларга тушади.

– Вой!..

Аллақайдандир бостириб келган бехос қувонч бош ҳисобчининг юзу кўзидан йиғи нуқсини бир лаҳзада ювиб кетади.

– Бу гуллар… қаердан?

Жасмина бахтиёр кулади:

– Подарили!.. Совға қилишди!..

Унинг гап-сўзи, бутун вужудидан ёғилиб келаётган шодиёна бу гулларни ким тортиқ қилганини шундоқ айтиб туради.

– Қуллуқ бўлсин! – дейди Жамила опа ҳам ажиб бир бахтиёрлик ичида. – Худди ўзи… Ана у.. Фойедаги қизил гуллар солинган расмни кўрдингизми?

– Натюрмотними?

– Ҳа-ҳа!.. Ўшанинг худди ўзи… Ўша гуллар! Ўша!… Бу қиз қаёққа учиб кетяпсиз десам!..

– Қаерда кўрдингиз?

– Кўчада… Деразадан кўрдим! Билсам, қизил гулларни бу қиз ҳам соғинган экан-да!.. Жасмина, сиз бу гуллар қайси узоқлардан келганини билмайсиз!

Жамила опа бирдан ердан кўтарилади-да, мастона бир учишда гулларга энгашади. Кўзларини юмган тариқа ҳидлайди. Юзларига гулларни оҳиста теккизиб силайди – эркалайди…

Шу пайт Муяссар Қодировна эшикда пайдо бўлади.

– Ярим соат ишда бўлмадингиз! – дейди у Жасминага юракларга ваҳима соладиган расмий оҳангда. – Тушунтириш хати ёзинг!

Жасмина ҳам, Жамила опа ҳам нохос ернинг тортиш кучи пайдо бўлганини, қанотлари эса қовжираб қолаётганини ҳис қилади. Улар суянчлари бирдан йўқолиб, осмону фалакдан ерга бор бўйларича – беаёв қулаб тушганиларини сезадилар.

 Асрор Валиевич деразадан кўчага тикилиб турибди.

Кўчада куз. Сариғу қизғиш рангларда алангалаётган куз. Дарахтлардан тўкилаётган барглар бешамол ҳавода қалқиниб-қалқиниб ерга, кўчанинг икки четида қатор териб қўйилган машиналарнинг устига беозор қўнади. Йўловчи автомобилларнинг ортидан хазон тўзғиб қолади. Ишхонани ўраб турган кўм-кўк чимзорда ўрикнинг қирмизи барглари сочилган… Хазонрез! Дарахтларда, ҳавода, йўлкаларда, гулзорда — бутун дунёда хазон! Нақадар бу кузнинг ҳасрати улкан. Дунёнинг бор-будини – ҳар бир заррасигача – бу заъфарон сўлғинлик забт этгандай!

Асрор Валиевич деразадан кўчага неча йиллардан буён негадир илк бор қўрқмай қараяпти. У ҳатто кузнинг баҳайбат ғуссаси деразадан сизиб ўтиб, зимиллаб юрагига кираётганини ҳам пайқайди. Нима бўлса, бўлди! Қаршилик қилмайди. Майли, кирсин!.. Майли, унинг ҳам юраги хазон бўлсин! Ахир бир кунгина юраги ихтиёрида яшаши мумкин-ку! Уни асир олиб кетиши мумкин бўлган дунёдан қанчалар яшириниб яшади. Қанчалар қочди. Қишнинг ҳам, баҳорнинг ҳам, ёзнинг ҳам, ҳатто мана шу суюкли кузнинг ҳам кўзига тик қарамади. О, бу жодугар фаслни у қанчалар яхши кўради! Аммо куз билан юракни очиб, жим суҳбат қилишдан қанчалар қўрқди! Чунки аниқ билади: куз уни кўнгли қумсаган томонларга олиб кетади. У шунча йиллар ўзини жиловлаб, кишанлаб қурган ҳаётидан мосуво бўлади! Кунпаякун бўлади ҳаёти!

У ичидаги тубсиз зиндонга ўзи ташлаган нарсанинг кучини яхши билади! Ҳар он унинг ҳамлага тайёр қувватини ҳам сезиб туради! Бироз эркини ихтиёрига берсанг, гирдобига тортади-кетади! Осмону ернинг фарқи қолмайди ўшанда! Сезгиларинг ўткирлашади. Дунё кўзингга алдоқсиз кўринади. Гўзалликлари, жилвалари, тошқинлари, фожеалари, меҳру муҳаббати; адолати ва адолатсизлиги; пастлиги ва юксаклиги; саёзлиги ва теранлиги билан қаршингда намаён бўлади. Сен эса бу кўринишнинг беаёв азобида тўлғонасан!

Унга қачонлардир бу азобдан халос этишга кўмак беришган. “Одам бўлиб яшаш” илмини ўргатишган. Ҳамма қатори кун кўриш лозимлигини уқтиришган ва гўё барча одамлар ўйнаб-кулиб яшаётган кўчага киритиб қўйишган. У ўшанда бу кўчада Мунис борлиги учун абадул-абад бахтиёр бўлдим, деб бутун руҳу вужуди билан ишонган.

Аммо барига куз сабаб…

Бундан йигирма йил аввал куз уни жоду айлаб, Муниснинг ортидан сарсон-саргардон эргаштирмаганмиди? О, ўша куз! Дарахтлардан бешамол ҳавога ихтиёрини ташлаб, узилиб-узилиб тушаётган, йўлкаларга бенажот чўзилиб ётган хазон япроқлар! Йўлканинг бошида хазонни босиб ўтишга журъат тополмаётгандай турган қиз… Куз минг жилвада тўлғонаркан, шу қизга рўбарў этган. Асрор эса ақлу ҳушидан айрилиб – ўзи ҳам тушунмайдиган кучнинг уни учириб бораётган тақдирининг қанотлари чирсиллаб ёниб бораётганини илғаб турса ҳам қаршилик қилишнинг иложини тополмаган. Умидини, мақсадини, жону жаҳонини бахшида этиб юбораверган. Аммо тақдир тинчгина ёниб кетавермас экан-да! Бурқсиб, чўғланиб, ғашланиб, кўнгилини кул тўзонига чўлғаб, кунларини хуфтон этганча, ортидан ит каби эргашиб келаверган. Бу таъқибнинг безовта ҳасрати уни бир лаҳза ҳам тинч қўймаган. У эса фақат ўша кузда учраган қиз кўзига тикилганча, қанчонлардир гарданига қўйилган мажбуриятни бор кучию иродаси билан бажаришга уринаверган. Шунинг учун ҳам уни чорлаб, ҳар дамда қайларгадир – кўнгилни маст-аласт этиб, ернинг қаъригами, етти қават фалакками, олиб кетгиси келиб турадиган дунёга тик қарашдан чўчиган. Айниқса, куздан кўзларини олиб қочган! Бу фасл – сеҳргар! Қўйиб берсанг, инон-ихтиёрингдан бир зумда жудо қилади!

Аммо бугун бу ногаҳоний кўргазма, ўзини ўзи зўрлаб тиққан зиндонларидан уни бехос озод қилди! Мана, дунёга шундоқ тикка қараяпти! Нима бўлса, бўлар!.. Бу Ван Гог деган даҳонинг ҳунарини қаранг! Тавба, ранглар ҳам шунақа ўртанадими? Бу суратларнинг қаршисида ўтириб, фақат ўкириб йиғласанг! Вужудинг йўқолиб, нурга айланганча ҳўнграсанг! Бунинг устига бу куз!…

Темир ирода билан ясагани – ҳаяжону жўшишлардан холи зиндоннинг темир эшиклари қулаб, юрак-бағри ҳурлик ҳавосида тўйиб нафас ола бошлаганини у яққол сезиб турибди! Нима, темир эшикларнинг тоқати тоқ бўлиб, қулашга баҳона излаб турганмиди ё?…

Эшикдан Ван Гог киради. Лабларида ўша беозор табассум. Қўлида қаппайган елимхалта. Аммо энди юриш-туришида қандайдир ишчанлик ва билинар-билинмас тантанаворлик бор. У бошлиқнинг кабинетини беш қўлдай биладиган одамдай кенгу мўл кабинетнинг тўридаги истироҳатхона эшигига имо қилади:

– Кирамизми?

Асрор Валиевич эса ичишни бетоқат кутаётган ароқхўр каби хуррам кайфиятда кафтларини бир-бирига ғайрат билан ишқалайди.

– Э, тезроқ бўл! Шу ерда оча қол!

Ван Гог қўлидаги елим халтани кабинетнинг бир тарафини эгаллаган кенг- мўл “мажлис” столнинг устига қўяди. У ёқ-бу ёққа қараб, Асрор Валиевичнинг столи устидаги газетани олади-да, столнинг бир четига дастурхон қабилида тўшайди. Халтачадан паласмасса идишларни чиқариб, бир зумда қопқоқларини очиб қўяди. Кейин қаердандир қўлида очқич пайдо бўлади. Сеҳрли халтадан чиққан консервалар ҳам ҳадемай елканли антиқа қайиқлар шаклига кириб, уларнинг ҳукмига ҳозиру нозирлик ҳолида турадилар… О! Ван Гог бундай ишларни қойил қилар экан-ку! Тажрибаси борлиги шундоқ кўриниб турибди. Шўр помидору бодринг, колбаса, қоқланган балиқ, шпрот, кабоб… Бунинг устига, қисқа қадаҳ сўзи – “Қани! Қани!”га беҳад қизғин маъно киргизадиган қанча газаклар! Иштаҳани очиб, сабрни йўқотадиган мўъжизалар! Бу туйғуни у қачон туйган эди? Ҳа, йигирма икки йил аввал! Йигирма икки йил!…

– Тезроқ очсанг-чи!

Ван Гог бошлиқнинг бетоқат буйруғига парво ҳам қилмай, тўғри истироҳатхонага йўл олади-да, лаҳзада иккита пиёла кўтариб чиқади.

– Қадаҳингиз ҳам йўғ-а!..

– Бўл!..

Ван Гог халтачадан ниҳоят шишани олади.

– Ўзимизники. Лекин зўр!

Пиёлаларга Ван Гог аниқ ҳаракатлар билан ароқни қуяди.

– Аммо лекин қойил! – дейди бошлиқ кимгадир тақлид қилиб. – Бу ишда ҳам аълочи экансан!

Ван Гог эса қўрқинчли бошлиқнинг бу бола қилиқларига парво ҳам қилмайди:

– Қани!

– Ичдим!..

Асрор Валиевич ногаҳон байрамга дуч келиб қолган бола каби қувониб, пиёлани бир кўтаришда бўшатади. Юзларини бужмайтириб, газакни худди эртаклардагидай бир ямлаб, икки ютади. Сўнг жилмайганича Ван Гогнинг ичиб бўлишини кутиб туради. Улфати пиёлани бўшатиб столга қўйгач эса, бирдан жиддий тортиб, гап бошлайди:

– Биласанми, – дейди у, бу гапларни энди кашф қилётгандай. – Ҳаётнинг маъноси нимада? Санъатда!..

У аллақайдан кўнглига оқиб кираётган, ўзи ҳам, унут бўлиб кетган даврадош биродарлари ҳам сархуш ҳушёрликда қачонлардир гапирган фикрларни такрорлаётганини сезиб туради. Аммо сўзлар экан, руҳу вужуди яйраб қизишаётганини, бу тарздаги суҳбатларни чидаб бўлмас интиқликда соғинганини ҳис қилади.

 Муяссар Қодировна бугун бирдан масъулиятни унутиб қўйган бошлиқсиз ҳам, идорани йўлга солганидан, ишхона худди соатдай бир маромда “чиқиллаб” ишлай бошлаганидан ғурурланиб, йўлакларни икки-уч бор айланиб чиқади. Сўнг хонасини ичидан беркитиб, Жўра Олимовичнинг “дело”сини олади. Ҳар бир варақни синчиклаб кўздан ўтказади. Айниқса, қариндош-уруғлари ҳақидаги маълумотларни алоҳида ўрганиб чиқади. Бу қурғур мияси ачиган чол бекорга дағдаға қилмаётгандир? Бирор суянган тоғи бордирки, ҳамманинг орасида аризани Муяссар Қодировнанинг юзига отиб чиқиб кетди! Ишонган тоғи бор!

Аммо Муяссар Қодировна қанча ўрганмасин, мияси ачиган чолнинг ишонган тоғини тополмайди. Маълумотларни қайта-қайта кўздан кечиради. Йўқ! Теп-текис! Саҳро!.. Энди уйи куйди бунинг! Ҳеч киминг йўқ экан, нега кўпирасан? Тинчгина юрмайсанми, маошингнинг устига нафақангнинг ярмини қуртдай санаб олиб! Энди кетдинг! Ҳар ойда нафақани кути-и-иб, тўрт девор ичида ўлгандай бўлиб ўтираверасан! Сен ҳали Муяссар Қодировна билан ўчакишасанми? Мана, ҳозир феълингга яраша буйруқ тайёр бўлади! Қарабсанки, нафақахўрсан! Бу идорани энди тушингда кўрасан! Ҳе, ўлиб кет!..

Ходимлар бўлимининг бошлиғи мана шундай ғалвали ишлардан бош кўтаролмай ўтираркан, ишхонада нималар рўй берётганидан ҳам, қачон иш куни тугаганини ҳам бехабар қолади.

Муяссар Қодировнанинг зуғумидан кейин қанотлари синган қушдай қунишиб, ишга қўли бормай, деразага қараб ўтирган ходимлар эса яна бир антиқа воқеага гувоҳ бўладилар. Тушликка яқин Ван Гог ишхона эшигидан аллақандай бир мастона парвозда учиб чиқиб, баргларини сочиб ётган дарахтларни оралаб бир пас парвоз этгач, қайсидир бир фалак сори қанот қоқиб кетганини аниқ кўрадилар. Йўқ, кўпчилик бунга ажаблангани йўқ! Чунки у девона одам-да! Учса, учиб кетаверади! Аммо улар аллақандай завқ-шавқли парвозда ишхонадан отилиб чиққан Асрор Валиевичга кўзлари тушганда, ўзларга ишонмай, лолу карахтликда кўчага қараганча қотиб қоладилар.

 Асрор Валиевич пиёда юрмаганига анча бўлган. Шунинг учунми, кузга қоришиб ётган шаҳарни аввал танимади.

Бунинг устига, машинада юраверганиданми, машина ойнасидан бўлса ҳам дунёга дадил кўз билан қарашга чўчиганиданми, кўрганлари билан кўнгли ўртасида девор ташлаб, атрофга назар ташлаганиданми, бу жойлар унга нотанишдай туюлди. Ахир, уч-тўрт йўналишдан машина уни ғизиллатганча олиб бориб, олиб келаверган – уйдан хизматга, хизматдан уйга, идорадан фалон мажлисга, мажлисдан ишга, ишдан уйга… Демак, бу шаҳарнинг шакли шамойили хотирасидан кўтарилганига ажабланмаса ҳам бўлади. Демак, қачонлардир умрини етаклаб кетаётган девонаваш тақдирдан айрилиш осон кечмаган! Бунинг учун инсон хотирасини, ҳатто ўзини ҳам эсдан чиқаришга мажбур бўлар экан-да!

Аммо Асрор Валиевич нохос атрофида сочилиб ётган кузни танийди. Қачонлардир бу кузакдан олган тошқин ғуссали дарслар қайлардандир келиб, вужудини яна тўлдирганча, юрагини бошлаб кетаётганини илғайди. Қаёққа кетяпти? Қаёққа? Чўчимаслик керак? Юрак алдамайди! Йўқ, алдамайди!.. Ҳа, у бугун чалғиди. Камгап ҳайдовчини ҳайрон қолдирганча, кутилмаган бир жойда ҳаприқиб, “Тўхтат!”, деди-да, машинадан шартта тушди. Юраги бошлаётган ёққа шошилиб кетаркан, машинаси ёнида унга ҳайрон қараб турган ҳайдовчига “кетавер” ишорасини қилгач, биров ушлаб қоладигандай, шошганча йўлидан давом этди. Нега чалғиди? Эҳтимол, чалғимагандир?. Эҳтимол, қодир парвардигор фақат унинг учун яратган йўлга қайтиб тушаётгандир?..

Нима бўлса ҳам, кўнгли қайларгадир ишонч билан бошлаб кетаётганини сезиб турибди.

Қаерга келиб қолди? Анҳор бўйидаги бу боғни нега танимайди?.. А, ўша боғ-ку! Хазонлари шамолсиз ҳавода беҳуш қалқиган ўша боғ! Танимаганини қаранг. Ахир, шу чорбоғда Мунисни учратганди-ку. Мунис… Кузги боғнинг шундоқ чегарасида – масту аласт хазонрезга халақит беришдан чўчиб, йўлак бошида тўхтаган қиз! Маҳобатли хазонрез тўлғонишларининг бир четида журъатсизгина турган қиз унга сеҳрли ва ниҳоятда гўзал кўринган. У юраги ҳилвираб, маҳлиё бўлганча серрайиб қолган…

Сўнг қизнинг ортидан эргашиб кетаверган. Кетаверган. Ўзини унутиб, дунёни унутиб – мақсаду орзулардан мосуво бўлгунча кетаверган. Токим қиз уни бир кўргандан яхши кўриб қолганини, лекин отаси қизини унга бермаслигини айтгунча, эргашиб юраверган. Бу қиз бахт ва бебахтликни қандай қилиб бир жумлага жо этди? Гарчи Асрор бу оғир гапни эшитганда, бир қалқиниб, тўхтаб қолган бўлса ҳам, бахтга ўраб ташланган қаршисидаги нохос тоғдан, ошиқларга хос беписандлик билан сакраб ўтган. Ўтган-да, яна эргашиб кетаверган. Кетаверган, кетаверган…

Бориб-бориб Муниснинг отаси – Самиғ Ниғматович Миркалоновнинг рўбарўсидан чиққан.

 Самиғ Ниғматович – катта одам. Номини ҳамма билади. Бирор маъраками, тўйга шотирлари билан кириб келса, барча типирчилаб қолади. Югур-югур бошланади. Алоҳида тайёрланган хосхонага киргизилади. Хизмат талош бўлади. Савлатидан шаҳар ҳуркийдиган одамлар ҳам товоқ кўтарибми-ей, шиша кўтарими-ей, ниманидир баҳона қилганча хосхонага кириб, “шундай улуғ одамга” бир кўриниш беришга ҳаракат қиладилар. Бирор бир милиса машинангни тўхтатса, “ака”га қарашли одамлигингга ишора этсанг, бўлди, узр сўрашу чест беришларни қойилмақом этиб, ҳурматингни жойига қўйишади. Қўзғолганингдан кейин “хайрият-ей” деб қутулганига шукур қилади.

Унинг исму шарифи қандайдир бир парол. Бировга эслатсанг, битмаган ишинг битганини билмай қоласан. Ҳурмату ваҳима аралалаш нимадир одамларни югургилатиб хизмат қилдиради…

Шундай одам сенинг тақдирингни ўн беш дақиқада ҳал қилди. Нақа… Аҳролмисан? Яхши… Ростини айтсам, сенга берадиган қизим йўқ эди, хўпми? Аммо бир ишинг ёқиб қолди. Ҳамдам Расуловичнинг ўғлини калтаклаганингга қойил қолдим, хўпми? Ёнидагиларни ҳам қўшиб урибсан! Қизларга гап отганнинг жазоси шу! Сени милисадан ўзим олиб қолдим. Хўпми? Аммо энди бундай ишларни йиғиштир? Хўпми? Нега жим турибсан? Қизиқ бола экансан-ку! “Хўп” демайсанми? Бошингга бахт қуши қўняпти… Хўпми?

Асрор “хўп” деди. Самиғ Ниғматович нима айтса, Мунис тайинлагандай, фақат маъқуллади.

Бу касбингни ташлайсан, хўпми? Хўп! Қайтиб қўлингга нақани… мўйқаламни теккизмайсан, хўпми? Хўп! Тикистилда ўқийсан, гаплашиб қўйдим, хўпми? Хўп. Мани битта-ю битта фарзандим мана шу Мунис. Агар тўй бўлса, менга ўғил бўласан, хўпми? Хўп! бу уй-жойлар икковларингники бўлади, хўпми? Хўп. Мен сени кўтараман. Мендай ҳамма ҳурмат этадиган раҳбар бўласан, худо хоҳласа, хўпми? Хўп! Хўп!… Хўп!.. Хўп!…

Асрор ҳамма шартга рози бўлди. Бу шартларни бажариш нима бўпти! Жонини сўрашса ҳам беради-ку! Фақат Мунис ёнида бўлса бас! Нимадан кеч дейишса, кечади! Нима қил дейишса, қилади! Ахир Муниссиз бу ҳаётнинг нима кераги бор?

Йигит Мунис учун бор дунёсидан кечди. Ташлаб кетгани орзу-мақсадига бурилиб қарамасликка қарор қилди. О, у кучли одам! Бироқ Асрор кечган дунё, у Муниснинг ортидан қандай эргашган бўлса, худди шундай изма-из изиллаб келаверди. Ташлаб кетилган тақдир оғриниб, ўртаниб, куйиб, ўксиниб, бир қийноқ дардга айланиб, жон-ҳолига қўймади. Йигирма икки йил уни тинмай таъқиб қилган тақдирнинг тайзиқига миқ этмай дош берди. Кўнглининг равишини тош ирода ичида тутди. Раҳматлик қайнатасининг режаси ва раҳнамолиги остида қураётган янги тақдирини чиндан уриниб қурди: соҳа одамларининг тилига тушган мутахассис бўлди; меҳнатидан униб, “кўтарилди” ҳам. Худди Самиғ Ниғматовичнинг орзусидагидай одам бўлди. Аммо бугун… Ҳаммасига Ван Гог ва мана шу куз айбдор! Мана, у кўнгил етагида, боши оққан тарафга кетяпти…

 Асрор Валиевич боғ тўридаги пештоқига ёнарҳарфлардан “СУҲБАТ” деб ёзиб қўйилган иморатга кўзи тушгач, қувониб кетди. Ие, ўзлари-ку! Шунча тўс-тўполондан омон қолибдилар-да! Баракалло! Пешонангизга ёнарҳарфлардан мақтовингизни келтирадиган рекламалар қўндириб олганингизни ҳисобга киритмасак, ҳеч ўзгармабсиз, биродар! Ҳақиқатдан ҳам биродаримсиз-да! Ижоддан чарчаган, ижодга ташна, ижоднинг сиру асрорини билишга интилган, кўнгилдошларини учратганидан бахтиёр одамлар даврасини бағрига бемалол сиғдирган бу камтар қаҳвахона биродар бўлмасдан, нима бўлади! О, сизда… Кечирасиз, “сен”лаб гапирсам бўладими?. Раҳмат!.. Хуллас, сенда ҳур базмларимиз қандай гуриллаган! Рауф Парфи айтганидай, “дарвишлар базми”! Шоирнинг ўзи ҳам сенга ишга келгандай қатнаган. Ароқ билан бошланган баҳс пивога қадар тушиб келган; пиводан бошланган суҳбат, ароқ билан юксалган. У суҳбатларнинг ниҳояси бўлмаган. Сенда авжланган дарё суҳбат, кейин ирмоқлару ариқларга бўлиниб, қаерларгадир, зилзиладан сўнг бузилмай қолган увада ҳовличаларга, ижара уйларга, рассомларнинг устахонасига, ётоқхоналарга оқиб борган. Сенда бошланган мавжланиш кўнгиллардан кўнгилга ўтган, тошлар эриган, дарахтлар мева берган, ниҳоллар боғ бўлган, бу тошқинларда бутун Тошкент мавжланган. Худди шундай! Мен ҳам мавжланганман! Мен ишлаган суратлар денгиздай тўлғонган! “Ну, его!.. – деган раҳматлик Рўзи Чориев кўз ёшини артиб. – Йиғлатади!” Ҳа, мен ҳам одамларни йиғлатганман! Ким чизган суратларимни кўрган бўлса, лолу ҳайронликда қотганлиги рост! Фақат Мунис… У суратларимга совуққина қараган-да, “яхши” деб қўя қолган, холос. Суратлардаги туғёнлардан унга ҳеч нарса ўтмаган. Суратлар ҳам ундан бегонасираган… Мен Мунисни шеъру суратларга ошно этишни, ўзимдай мавжланишини жуда истаганман. Уни денгиздай тўлғониб ётган даврага бошлаб ҳам келганман. Аммо у озроқ ҳадиксирабми, озроқ жирканибми-ей бир четда ўтирган. Дастурхонга қўл чўзмаган, суҳбатга қўшилмаган, бир пас ўтмасдан унга “кетдик” деб ишора қила бошлаган. Серфаҳм Рауф Парфи буни илғаган: “Сизнинг бу келишингиздан умидим катта эди, – деган у ҳаммага ёқадиган табассумида Мунисга. – Сафимиз яна бир дарвишкага кўпаяди деб ўйловдим. Афсус, ишончимни оқламайдиган кўриняпсиз. Энди… Асрорни ҳам ўғирлаб кетасиз-да, а!” “Илоё, шу қиз мени ўғирласин!”, деб худога нола қилиб ўтирган йигитни ўғирлаб кетиш осон: Мунис ўша заҳотиёқ бир имо билан олди, кетди! На парвардигор унга атаган тақдир қолди, на кўнгилда тинчлик…

О, хаёлларга берилиб кетибман!..

Кўринишинг яхши! Боғнинг тўрида, хазонрез сочқинига елкангни тутиб, менга кулибгина қараб турибсан. Танидингми? Нимани эслаяпсан? Ўша хотиралар ҳозир ҳам шу ерда яшаяптими? Қолдириб кетилган тақдирлар бу боғни арвоҳлардай айланиб, сени безовта этаётгандир? Ёки улар фақат куз келганда, эшигингни тақиллатиб, нохос келадиларми? Сен мени ҳам арвоҳ деб ўйлаётгандирсан?… Жуда сирли кўринаяпсан. Остонангдан ҳатлаб кирсам… нима қиласан?

У ўзининг теварагига қурган ҳамма ҳушёр чегаралардан бир неча соатларда ҳатлаб ўтганини ва бу яхшиликка олиб келмаслигини англаб туради. Агар қаршисида турган қаҳвахона сари бир неча қадам масофани босиб ўтса, орқага ҳеч қачон қайтиб бўлмаслигини шундоқ ҳис этади, вужудида қўзғолган аллақандай зилзила оғушида титраб-қақшайди. Шу билан бирга, қудратли бир куч Асрор Валиевич ўзини зўрлаб киргазгани темир қобиқдан қўпориб, аллақандай сурурли, мастона дунёлар тарафига учириб бораётганини ҳам тушунади. Узоқлардан бўйлари элас-элас келиб турадиган, қачонлардир оғушида озод учгани – ўша қолиб кетган дунёни соғинганини, унингсиз ортиқ яшолмаслигини; ҳамма қатори кун кечилишга ҳаракат этиб қурган омонат ҳаётидан бир зарб билан воз кечиши шартлигини ҳам фаҳмлайди. Зотан, бугун Ван Гогнинг кўргазмасидан сўнг, бу зарб ичида етилиб келганини, “тақдирим” деб ўйлаб авайлаб-асраган умргузаронлиги устида қандайдир бир шавқ-ла парвозда кўтарилганини ва энди… таваккал этиш лозимлигини сезади.

Худойим! Нега таваккал этмай? Нега?.. Ахир, бу кузни – умримнинг ўша кунида қолган мана бу фасли ҳам рўбарўмдан чиқариб турибсан-ку!.. Мен уни, синовинггга дош беролмай ташлаб кетган эдимми? Демак, ҳаётимни қачонлардир узилган жойидан энди қайта бошлашим керакдир-да!.. Бошла, мени бошла!

 Асрор Валиевич қаҳвахонага киради. Қаҳвахона ўша пайтлардагидай ёруғ эмас, нимқоронғи эди. Аммо кираверишда – авалгидай – бар! Бироқ у ниҳоятда олифта кўриниш олган; столлар ҳам ўша пайтдагидай: ярим айлана залнинг деворлари бўйлаб терилган. Бироқ энди ҳар бир столнинг сатҳига девордан пастга қараб ўрнатилган чироқлар хира-шира нур тарайди. Нимқоронғиликда столлар оролларга ўхшайди. Ўша пайтлардагидай барда пиво ҳам сотишяпти. Фақат энди қўлларида қўш-қўш бокалларни тутиб, пиво талашаётган пивохўрлар йўқ. Янгича нафис идишлардан кўпиклари тошиб турган пиволарни официантлар патнисларга солиб, хўрандаларга олдига қўйишяпти. Ҳамма жой озода, илгариги бақир-чақириқнинг ҳам уни ўчган.

Бармен унга кўзи тушган заҳоти бир сесканиб тушади:

– Ие, Аброр ока! Қўрқиб кетдим-э!

У шошиб зал томонга қарайди ва кулиб юборади:

– Эгизмисизлар?

Асрор Валиевич гап нимадалигини тушунмаса-да, бу майда гапнинг тагига етгиси келмайди:

– Ҳа, – деб қўя қолади у. – Эгизмиз.

– Аброр ока бир дақиқа бурун залга кириб кетган эдилар. Қарасам, яна кириб келяптилар!.. Жинни-пинни бўлдимми деб!.. Бор бўлинглар-э! Ўтакамни ёриб юбордиларинг!.. Ҳўв ана, ўтирибдилар!…

Асрор Валиевич у кўрсатган тарафга бир қараб олади. Сўнг шошмасдан барнинг токчаларига териб қўйилган ичимликларга кўз югуртиради.

– Анавудан борми? – дейди у француз коньягига ишора қилиб.

– Бизда ҳаммаси бор-де, ока! Қанча?..

– Икки юз…

– Буни оз-оздан ичилса, жа роҳат… – Бармен Асрор Валиевичнинг юзига бир кўз ташлаб, ундан таралиб турган виқорни кўргач, гапи оғзида қолади: – Хўп-де, ока!

Асрор Валиевич конъякни, бармен учун кутилмаганда, жуда осон ичади. На юзи буришади, на чуқур нафас олади. Сўнг илтифот билан узатилган шаколад бўлагига парво ҳам қилмасдан, бармен кўрсатган стол тарафга юради.

Асрор Валиевич столга яқинлашиб келаркан, унга тескари ўтирган одамлар стулларни тарақлатиб, ўрнидан қўзғолишади. “Мени кутишаётган экан”, деган фикр Асрор Валиевичнинг кўнглидан “йилт” этиб ўтади. У бу хаёлнинг мантиқсизлигини ўйлаб кўрмайди ҳам .

– О, инсон!.. Инсон келди!

Давра уни шу хитоб билан шодон кутиб олади. У соғингани раҳматлик одамга юзма-юз келгандай, бирдан сесканиб кетади. Бу сўзлар қаердан келди? Ҳали ҳам шу тарзда айтишадими?… Кимдир уни бағрига босади, кимдир қўлларини ҳаводан айлантириб кафтига кафт уради, кимдир юзига юз уриштирди.

– Қани, қани…

Бу жумла ҳам қадрдон! О, Рауф Парфининг меҳмонга илтифоти! Ўша!…Наҳотки, устоз шу ерда бўлса!.. У кўрсатилган ўриндиққа чўкар экан, атрофдагиларга бир-бир қарайди. Йўқ, Рауф Парфи йўқ. Аммо кимдир қарашининг маъносини илғайди:

– У киши йўқ. Давра тўлиб кутиб ўтирган эдик. Уч-тўрт киши сизни кута-кута кетиб қолишди.

– Дунёнинг иши-да!..

Бу кимнинг гапи?.. Ўзиники! Бир пайтлар шу жумлани бўлган-бўлмаган жойда ишлатиб, барча дўстларнинг кайфиятини кўтарар эди. Фалончи ўқишга кирибди? Дунёнинг иши-да! Пистончи ишдан ҳайдалибди. Дунёнинг иши-да! Кеча тонггача ўтирибмиз! Дунёнинг иши-да! Им-м… Бошим оғрияпти! Дунёнинг иши-да! Бир тийиним ҳам йўғ-а! Дунёнинг иши-да!..

Асрор Валиевич даврадагиларга яна бир бор разм солиб чиқади. Тавба! Бу нотаниш одамлар унга… таниш эди. Ҳатто қадрдон! Ҳатто улар билан умргузаронликда ҳаётнинг аччиқ-чучугини биргаликда тотишгандай эди. У ўзи бир пайтлар айтган гапини такрорлаган одамга синчиклаб қарайди. Бу одам… бу одам… бу одам унга ўхшар эди. Эски жинси ва дағал жемпер кийиб олган, сигаретни олифталик билан пуфлаб, гапни палахмоннинг тошидай ҳар тарафга отганча, гулгун очилиб ўтирган бу ўрта ёш одам унинг худди ўзи эди. Бармен уни шу одам билан адаштирганини Асрор Валиевич англайди.

Давра қулфи калитсиз – ниҳоятда очилиб ўтирар, шу сабабданми, унга сингиб кетиш жуда осон кечади. Бунинг устига, Асрор Валиевичнинг кўнгли ҳам авж бахтиёрлик ҳаволарида жўшган, у бу авжнинг тошқинида ҳар қандай даврага ёқишини аниқ ҳис қилади.

– Келдингизми? – дейди унга қиёфадоши худди кеча кўришган одамнинг оҳангида. – Бу бозор дунё сизни ҳам тамом ютиб юбордими, деб хавотирда эдик.

– Ютолмади! – дейди у . – Катталик қилдим!

– Зўр! – дейди қиёфадоши.

Негадир унинг бу гапи барчага ёқади. Ҳамма кулади.

– Албатта, катталик қилган, албатта! – деб негадир қийналиб гапиради ориққина одам. – Мен ҳам катталик қиламан! Ютиб бўпти!.. Мана!.. – У муштини кимгадир қўрқмай кўрсатиб, пўписа қилади.

– Бу ерда ҳамма омон қолганлар – дунёнинг оғзига сиғмаганлар ўтирибди! – дейди барваста одам. – Бизни ютолмайди! Хўш, энди… Меҳмон келди… Мурод-мақсадга етамизми?

У чаққонлик билан қадаҳларга ароқ қуяди.

– Бу финжонни энди келган инсон учун кўтарамиз!

Яна Рауф Парфининг овози! У қаерда? Ё биров тақлид қиляптими? Асрор Валиевич бу қадаҳсўзни ким айтганини англамай қолади.

– Эй!.. Инсон йиғлаб дунёга келади, йиғлаб дунёдан кетади!.. Давайте!

У бу гапни ҳам ким айтганини кўрмайди. Аммо бу гап Рўзи аканинг – устоз Рўзи Чориевнинг ўрисча ўзбекчаси эканлигини билади-ку! У ҳам шу ерда, шу ерда!…

– Ичинг-да энди! – деб уни ўзига келтиради қиёфадошининг ҳазил аралаш қувноқ товуши. – Кечикиб келганингиз етмагандай, тиралиб ўтиришингизни қаранг!..

Асрор Валиевич қадаҳни бир кўтаришда бўшатади.

 Асрор эртаси тонгда уйғониб, кеча нима бўлганини эслай олмайди. Кўзини юмиб ётар экан, нималардир элас-элас хаёлида жонланади. Аввал мастона давранинг бетўхтов ҳазил-ҳузилу, тортишуву баҳслари қандай гуриллагани хотирасидан ўтади! Ў, қандай яйраб ўтиришди! На Кафка қолди, на Гоген, на Беҳзод, на… Ҳаммасининг ижоди кавлаб чиқилди! Ўзи… Ўзи нима қилди? Ҳа, ҳеч кимга гап бермай, монологлар ўқиди! Мияси бирдан ёришиб, аллақандай қотиб қолган ҳақиқатларнинг авра-астарини ағдариб ташлади; барчанинг оғзини очганча, санъат энди қандай ривожланиши ҳақида эҳтирос билан нутқ ирод этди; нима учун тасвирий санъатга томошабин кераклиги ҳақида, бешафқат тақдирнинг ўйинлари даҳоларнинг бошига минг турфа савдолар солиши тўғрисида куйиб-ёниб гапирди. Фикрати мантиқ довонларидан енгил сакраганча, учиб борар экан, шу дақиқаларда яйраб яшаётганини ҳис қилди! Даврадагилар ҳам бир эрка маъқуллашда уни қўллаб-қуватлаб туришди. Бадиҳа фикрлаш миянинг қатларида мудраб ётган нотаниш маъноларни шиддатли туғёнларда ўйғотиб борар экан, вужуди қанотланиб бораётгани фаҳмлади… Ҳатто учиб кетётгани ҳис қилди… Ҳа, учди! Илгари у шундай яшаган! Фақат учган!..

Кейин… кейин… кейин… нима бўлди?

Алламаҳал қаҳвахонадан ҳамма бирга учиб чиққанини билади, аммо бошқалар қайси тарафга парвоз қилганини эслай олмайди. Уни ҳалиги қиёфадоши Аброр устахонасига таклиф қилгач, бу таклифга бир вақтлар ёшликда кечадиган каби осонгина рози бўлади. Чунки рози бўлмаса, бу ажиб парвознинг қанотлари шу заҳотиёқ қовжираб қолишини тушунади. Иккаласи чироқлар тилкалаб ташлаган кечага ним яширинган кузакни оралаб, бугун ечими қийналмай топилаётган мангу муаммолардан баҳслашганча қизғин суҳбат асносида шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган рассомларнинг уйига – шундоқ биринчи қаватдаги ижодхонага учиб кирадилар.

 Ижодхонага киришлари билан Асрор Валиевич бутун вужуди бесабр бетоқатликда ўртанаётганини сезади. У ҳозир нимадир – аллақандай мўъжиза юз беришини англаб туради.

Ҳамроҳи Аброр ҳам мана шу бетоқатликда ҳаракатланади – қўлидаги шишаларни ва газакларни шошиб чой столига қўяди ва “ҳозир… ҳозир” деганича, девордаги чироқёқар тугмачаларни бирин-кетин босади.

Деворлардаги ва шифтдаги чироқлар порлайди-да, ижодхона чарақлаб кетади.

Ижодхона жуда катта: унда нарсалар фақат ижодкоргагина тушунарли бетартиб тартибда сочилиб ётар ва бутун хона ногаҳон келадиган илҳомни ушлаб қоладиган антиқа ҳушёрликда эди.

Асрор Валиевич эски жавондаги китобларни, ерга тўшалган қандайдир катта ҳайвоннинг терисини, деворларга осилган қўнғиротча ойнахалта, тузлиқ ва белқарсларни, кираверишдаги бурчакда қўполгина йўнилиб ва шу билан бирга ажиб дид билан ясалган стол-стулларни, чала ишланган суратли мольбертни, дароз табуретка устидаги бежирим вазага солиб қўйилган мўйқаламларни – устахонадаги бор нарсаларни негадир юраги зирқираб, томоша қилади.

Бу устахона ва ундаги жиҳозлар Асрор Валиевичга таниш эди.

У бу устахонани қаерда кўрганини эслашга зўриқиб уринади ва… топади! Бу ўша устахона! Ўша!.. Ёшлик чоғлари унинг хаёлида минг бор жонланган устахона! У хаёлида ўзининг бўлажак устахонасини худди шундай тасаввур этган! Жаҳонни забт этадиган суратлар худди шу устахонада яратилиши лозим эди. Асрор Валиевич мақсадини ташлаб кетгач, эгасиз қолган орзу, наҳот, бу ерга келиб қўнган бўлса…

Аброр эса унга парво қилмай, “ҳозир… ҳозир”ни тилидан қўймаган асно, устахонанинг бир томонини бор бўйича бекитиб турган узун пардани шариллатиб тортади ва ҳозиргина сеҳргарлигини қойилмақом бажариб, ўзини олқишлаш учун томошабинга ижозат бераётган сеҳргар каби икки қўлини назокат билан тепага кўтаради.

Асрор Валиевич энтикиб кетади.

Деворда суратлар… суратлар… суратлар… Деворнинг энини ҳам, бўйини ҳам суратлар забт этган! Осилган, деворга суянган – катта-кичик, рамкали ва рамкасиз суратлар…

– Ў!.. – деёлади холос Асрор Валиевич.

У юраги ҳапқириб, суратларни томоша қилишга тутинади, аммо Аброр “ҳозир”лаганча, уни устахонанинг тўрига бошлайди-да, устига бўз ташлаб қўйилган одам бўйи картинанинг устидан матони юлқиб олади ва бўш қўли билан яна сеҳргарга хос “марҳамат, томоша қилаверинг!” дегандай ҳаракат қилади.

Картинадан сурати бор бўйича ишланган ёшгина аёл этаги ергача чўзилган зангори кўйлакда, қўлларида қирмизи кузги барглардан хазондаста тутган кўйи ажиб бир жоду қарашда нақ… Аброр Валиевичнинг кўзига тикилиб турар эди. Аброр Валиевич лол карахтликда қотиб қолади. Мунис?.. Бу нимаси?

– Бу қизни ёшликда девона бўлиб яхши кўрганман, – деб суратга изоҳ бера бошлайди Аброр. – Аммо ажралиб кетишга тўғри келди. Ўлиб кетсам керак дегандим… Аммо ўлмадим! Худо қўллади…

– Нега, – дейди Асрор Валиевич овози титраниб. – Ажралиб кетгансизлар?

– Тўғри келмаган… Унинг уйидагилар… Ўзи ҳам “рассомликдан кечсанг…” деган шарт қўйган…

Асрор Валиевичнинг боши ҳаяжондан зимиллаб кетади.

– Сиз… кўндингизми?

– Йўқ, – дейди Аброр қатъий, аммо билинар-билинмас ҳасрат анқиган овозда. – Йўқ! Мен рассомликни ташлаёлмадим. Худо буюрган ишдан қаёққа қочиб кетаман… Бу дунёга одам йиғлаб келади, йиғлаб кетади!.. Ҳозир!..

У кираверишдаги жавондан ликоблар ва финжонлар олади-да, чой столи устида бўлажак “тонготди” суҳбат учун емак ва газаклар тайёрлай бошлайди.

– Шу портретни Париждаги кўргазмага қўйганимда, бир ҳинд миллиардери миллионга сотиб олмоқчи бўлган эди… Сотмаганман! Ҳозир ҳам одам қўйиб юрибди… Аммо сот-май-ман!.. “Одамларнинг суратлари ўзларидан чиройли!” Қайси шоир айтган? Нозим Ҳикматми?…

Асрор Валиевич Аброрнинг гапларини эшитмайди. У Муниснинг қаршисида илон қаршисида сеҳрланган жонивордай қотиб туради. Сўнг Муниснинг кўзларидан кўзини аранг олиб қочиб…

…бошқа суратларга кўз ташлайди…

Э, худойим! Парвардигор! Мени нима қиляпсан? Бу суратлар ҳам… Булар ҳам… Девордаги ҳамма суратларни унинг хотираси бирин-бирин танийди – бу картиналарнинг бир қисмини у бир вақтлар чизишни ўйлаган, бир қисми эса… агар… агар… рассомликни давом эттирса, хаёлига илҳом олиб келадигани расмлар эди. У ҳаётини, кўнгил буюргандай қурганда, худди шу расмларни чизган бўларди! Худди шундай!..

Э, Худойим!…

Яратган!..

Парвардигор!…

Кейин… кейин… Нима бўлди?

Эсида йўқ.

Ҳеч эсида йўқ.

 Асрор Валиевич ишхонага келиб, Рассомлар академиясига қўнғироқ қилади. Яхшимисиз, дўст… Бир зўр рассомларингиз бор экан-а! Даҳо! Исму шарифи Аброр Рихси… Танимайсизлар? Нега? Шундай зўр рассомни ҳам билмасаларингиз… Манзили? Ҳозир… Ҳозир… Байрам кўчаси, биринчи уй, биринчи хонадон… Нима? Бу манзилда мен яшайман деяпсизми? Йўғ-е! Байрам кўчаси, биринчи уй, биринчи… Мен адашмайман. Худога шукр, хотирам жойида… Ростдан айтаяпсизми? Бунақа рассом йўқ денг… Ҳа, эҳтимол… эҳтимол… чалкаштиргандирман… Хўп… Хўп… Саломат бўлинг…

У гўшакни қўйиб ўйланиб қолади.

Э, Худойим!..

Яратган!

Парвардигор!

 У ўзига ғарқ бўлиб, қимирламасдан узоқ ўтиради.

Асрор Валиевич энди ҳаммасини тушунган: бу дунёни яратган қодир Эгамнинг қудрати билан у кеча ўзи билан, ташлаб кетгани тақдирдаги ўзи билан учрашган эди. Бу хаёлдан кўнгли ногоҳ равшан тортиб, вужуди кучга тўлаётганини, руҳи эса қанотланиб бораётгани шундоқ сезиб туради. Ўзининг сукут туришига аранг сиғиб ўтирар экан, эндиги ҳар қандай ҳаракати ўша қачонлардир ташлаб кетилган Ўзи сари бошлашини тушунади ва негадир бениҳоя қувонади. Асрор Валиевич шартта ручка олади-да, юз-кўзидан нурли бир табассум таралганича, ўзига ўзи овоз чиқариб айтиб турган кўйи, ёзишга тутинади.

Хўш…

“…га Ариза… …ўз аризамга кўра… лавозимимдан озод этишингизни сўрайман…”.

Хўш… Мана, энди гажак қилиб имзо қўямиз… Хўш… Санасини қани? Уни ҳам ёзамиз… Икки минг ўн учинчи йилнинг йигирманчи ноябри… Баракалло! Қойил!

У бир пасда йиғиштириниб, портфелини кўтарганча қабулхонага чиқади ва Жасминани ҳайратга қолдириб, бахтиёр енгилтакликда “гуд бай” деганча, хонадан шундоқ… учиб чиқиб кетади. Жасмина югуриб бориб, деразадан қарайди. Ишхонадан учиб чиққан Асрор Валиевичнинг олдини ҳайдовчи тўсади. Унга қўл телефонини кўрсатиб, нималардир дейди-да, шошиб машина эшигини очади. Бошлиқни машинага таклиф қилади. Асрор Валиевич унга парво ҳам этмай, бир қалқиниб, адл ҳавога кўтарилади… у дарахтларни оралаган асно юксалиб борар экан, молу дунё орттириш, кийишу ейиш, маишат қилиш, қорин ғамида тентираш, юксаклик ва тубанлик аро довдираш, тушуниш ва тушунмаслик, муҳаббату нафрат, душманлигу дўстлик… – минг турфа савдоларда ғимирлаб ётган дунёга фалакдан қарайди. У бу дунёнинг оғриғи шундай кўтарилиб, жисми жаҳонини забт этганини ҳис этади. Энди бу Дардларнинг суратини чизмаса, шу учишда чилпарчин бўлиб, қулаб тушишини ҳам фаҳмлайди. Асрор уни парвоз эттираётган қудратнинг исмини ҳам билади. Аниқ билади. Ижод. Фақат бу парвоз тугамай ўзини топиб олса, бўлди. Ўзинг кўмак бер! Ўзинг қўлла! Биламан, бу йўлдан қайтмасам, мени учириб толдирмайсан! Чунки сен энг… энг.. энг улуғ ижодкорсан! Чексиз-чегарасиз ижодкорсан… Чексиз-чегарасиз!

Ё, Раҳмон!

Ё, Раҳим!

Ё, Қаҳҳор!..

«Шарқ юлдузи» журналидан 2016 йил, 7-сон

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув
Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари
Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти
“Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди “Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди