"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Сарварбек ТЎРАЕВ. Икки ҳикоя

Ўқилди: 572

ЗАРЧОПОН

Ўғлим, билдим, ҳақиқат

Қаҳрдан қотиб ётар.

Шамол бўлиб ҳайқирган,

Бир кун уни уйғотар.

Қутлибека

– Тунлари ғўдайган бу чўққилардан пастга қишлоғу шаҳарларга қарасам, кўнглим бузилиблар кетади…

Барот кенгликларни ишғол қилган уйлар чироқларининг жимир-жимиридан қочиб, уларга терс қараб яна ёнбошлади. У қараган томонларда осмонга бўйлаган, зимистон кечада осмон билан сарҳадларини ажратиб бўлмайдиган ҳур қояликлар бор эди. Бири ёнбошлаган, бошқаси чўнқайиб олганларга фалакнинг ва чўққиларнинг бирлашиб кетган жойи кўринмас, англанилмас эдики, бунга уларнинг яқингинасида кўкка ўрлаётган, чўпон бола ёққан оловнинг ёруғи ҳам сабаб эди.

– Онамнинг зарчопонига ўхшайди.

У бу гапни овоз солиб айтимми-я, деб ўзини ўзи койий бошлади. Бошқалар эшитдимикан… бирор шеърий сатрга ёки қўшиққа йўйишаётган бўлса яхшийди.

Бу гап унинг кўнгил тубида анча маҳаллардан буён қамалган, фурсати келибми… туйқус… сирғалиб дунёга келганди.

У шаҳарда ҳам кўп қаватли уйнинг айвонида туриб узоқларга ёйилиб кетган бу каби чироқларга қараб шундай хаёлланарди.

Гурунг-гурунгга уланади. Ёқилган гулхан чўққа ва сўнгра кулга айлана боради. Борлиқ зулматнинг қоқ ўртаси томон шошади.

Бир маҳал қоронғилик қаъридан чўпоннинг ити ҳуради, отарнинг бошқа бир томонидан иккинчи бир ит унга жўр бўлади.

– Шу энағар жонга тегди ўзиям, – чўпон қўзғалиб ўтириб олади-да, яна дейди: – Ўлиб ўлмайди, қолиб қолмайди.

Меҳмонлар бир муддат диққат қилиб рўпарадаги қоя томондан келаётган шох-шаббаларнинг шитирлашини, майда шағал тошларнинг шовуллаб тушаётган овозини эшитдилар.

“Ҳу-ҳу”лаган қандайдир овоз атрофдаги метин сукунатни бузди. Тоғнинг турли томонларидан итлар ҳурди, чўпонларнинг “ол, ҳа”, – деган қийқириғи узун дарани тутди.

– Бу айиқми? – меҳмонлардан бири овозида ҳадик билан сўради чўпондан.

– Айиқ, худди шундай овозда сайрайдиган қуш ҳам бор. Бизнинг тоғ аҳли у қушни ҳилол дейди.

Қаёққадир бир муддат ғойиб бўлган чўпон бола пайдо бўлиб, гулханни қайта алангалатди.

– Айиқ даранинг нариги томонидами?

– Йўқ, юқорида дара бизга акс-садо қайтаряпти. Бу дараларда гўштхўр айиқлар бўлмасди. Ғаму ташвишимиз ҳам кам эди.

 * * *

Саҳар туриб чўпонлар гулхан ёқади. Қоравойда сув қайнайди. Тонг уйғонади. Ҳаёт ҳам қайнай бошлайди. Боботоғдан бош кўтарган қуёшнинг илк заррин нурлари Сурхонтоққа тушади. Ана шу икки тоғ орасидаги кенг воҳада яшовчилар чўпонлардан-да бир муддат кейинроқ уйғонадилар. Ана шу тоғларда тунлари изғиган жонзотлар ўз инлари томон шошадилар.

Чўпон қирнинг тумшуғилаб юқорига ўрларди. Отар арчазор оралаб ўтлаб борарди. Шу пайт итлар аллақандай шовқинними, ҳидними пайқаб олдинга отилди. Отарнинг бир қисми уларнинг югуригидан ҳуркиб, пастга эниб қолди. Чўпон ҳам овоз солиб олдинлади-да, баланд харсангтош устига чиқиб, итлар кетган томонга тикила бошлади. Рўпарада арчазор ястаниб ётардики, пайқаш қийин эди. Ниҳоят, ўша томонда чўпон аввал ўз итларини, сўнгра ундан олдинроқда лапанглаб кетаётган айиқни ва унинг болаларини хира-шираликда зўрға пайқади.

Юқоридаги қўшни отарнинг итлари ҳам вовуллаб пастга энди, чўпонлар ҳам уларни шундай қилишга ундашди.

Икки томондан борган итлар она айиқ ва унинг болаларини ўрашди. Она айиқнинг метин тоқатига, вазминлигига ҳам дарз кета бошлади. Ортига қайтиб, итларга ташланди-да ўкирганича уларнинг қуршовини бир зумда ёриб ташлади. Икки ит иложсиз ғингшиб, пастроқда қолаверди.

Қолган уч ит айиқваччалардан бирига ташланганида ғоят жаҳлланган она айиқ у томон шошди-да, кучуклар ортга чекинаркан, боласини тезроқ юришга ундаб, тумшуғи билан туртди. Она олдинлади, болалари мағрур эргашди. Итлар уларни изма-из таъқиб этиб келаверди.

Она айиқ бирдан чўнқайиб ўтирган куйи оёғи остидаги катта-кичик тошларни пастга туртиб юбора бошлади. Бехосдан… у кўрмадими, унутдими, ҳайвон эканлигиданми… айиқваччанинг шундоққина тепасидаги йирик харсангтошни қўпориб ташлади ва кеч пайқаб қолиб, ўзи ҳам пастга отилди. Катта-кичик тошлар, шағаллар билан бирга айиқнинг болаларидан бири ҳам дара тубига тушиб кетган эди. Она айиқ ўкирганича пастлади-да, ҳамон изидан қолмаётган итлардан бирига чанг солиб бир уриб, пастликка отиб юборди.

Айиқ… унинг кетидан айиқваччалар овоз солганича дара туби томонга эниб кетишди.

Чўпон бу каби ҳодисотларни кўп кўргандир, шундан сўнг ҳали отарга етиб келмаган икки итига ҳам ачинмагандир, бироқ ўшанда ўз боласини ўлдириб қўйган она айиқни ўйлаб дилига хиралик қўнган эди.

Тушга яқин сувлоққа келган қўшни чўпонлар ҳам бўлган воқеани тинглашгач: “Яхши бўлмабди-да”,– дея афсусланган эдилар. Шу куни бу дарада ҳеч ким қорасини кўрсатмади. Икки ўтинчига ҳам чўпонлар томонидан бошқа йўл ва томонлар кўрсатиб қўйилди. Шу кеч борлиққа сукунат чўмганида тоғдаги чўпон-чўлиқ дарадан элас-элас келаётган она айиқнинг мунгли ноласи остида, ғамнок, шу билан бирга бироз ҳадик билан таёқларини, ов милтиқларини маҳкам тутганча уйқуга кетишди. Эртаси тонгданоқ чўпон ҳали отарини ҳайдаб чиқмасидан аввал, унинг қўшида қишлоқ овчиларидан бири пайдо бўлди:

– Шомда эшитиб кечаси билан уйқум келмади. Сизга ўхшаган чўпонлардан бири ўлиб ётган бўрининг ёнидан ўтиб кетиб, фалончининг итига ўхшаркан, дермиш. Дарага тушиб бормадингизми? У боласини қўриқлаб ётармиди… кетади-да.

Овчи дарага эниб кетди, шу кетишда уни ҳеч ким кўрмади. Қишлоқдан қайтган чўпон болалардан бири овчини туман марказидаги касалхонага олиб кетишганини, икки гапнинг бирида ўғлига она айиқ ярадор бўлганлигини, тезда ўлишини, ўлганида унинг териси-ю, тирноғигача ўзи эгалик қилиши кераклигини таъкидлаётганлиги ҳақида гап топиб келди.

– Балки…шундан… она айиқнинг нолакор овози кучайгандир, – хаёлланганди чўпон. Бироқ бошқа ҳеч ким бу томонларга елкасига милтиқ осиб, она айиқни отаман, бойлик топаман, деб келмади.

Биродар, фарзандидан жудо бўлган онанинг ғамнок, кўпчиликка таниш бўлмаган, сўзини ҳеч ким ёзмаган ва унга ҳеч ким мусиқа басталамаган нолакор қўшиғини тинглаганмисиз? Буни фақат она ҳис қилади ва айта оладики, бу хоҳ овоз, ҳоҳ нола, ҳоҳ ўкириш бўлсин, тирик жонни, одамзотни шиддатли эврилишларига сабаб бўлмасдан қолмайди.

Бир куни дара тепасида ўлаксахўр қушлар айлана бошлаганида, чўпонлар она айиқни ўлганга йўйишди. Бироқ ўша тун ҳам одатийдек, ўша таниш овоз дарани ларзага тўлдираверди.

– Дарада айиқнинг боласидан асар йўқ! – деди унинг ёнчўпонларидан бири. – Лекин қоянинг шундоққина остида дўмпайган тошлар уюми бор, тушунишимча айиқ ўз боласини тошлар билан кўмган.

– Бўлса бордир! – пичирлайди чўпон.

Одатда бу каби жониворлар овга чиқишса, ҳамманинг, ҳамма нарсанинг ҳаттоки, осмондаги самолётнинг ҳам ўз йўли бўлганидек ўзларининг ўрганиб қолган йўллари бўйлаб юришади.

Кейинги пайтларда ўша айиқ қирлар ортидан ўкириб ялангликларга чиқар ва дарага эниб кетарди. Бир муддатдан сўнг яна пайдо бўлиб, қўтоннинг шундоққина тепасидан ўз йўлида давом этиб кетаверарди.

 * * *

 – Онамнинг зарчопони!!!

Бу чопон қачон сандиқнинг тубига жойлашганини кўрмаган, эслолмайди ҳам.

Бир куни онаси тўшаклар тахламини тушириб, соч попугина доим осиб юрадиган калитча билан сандиқни очганида бу ялт-юлт қилаётган нарсага кўзи тушган, эътиборини тортган, нима эканлигини сўрашга оғиз жуфтлаганида икки тақсимчага қанд-қурс тутқазиб: “Зинғиллаб дадангга етказ. Меҳмонларга салом бериб кир”, – дея жўнатганди.

Ўша болакай шу куни уйга келган меҳмонларнинг ким эканлигини, қандай гурунглар бўлганлигини, салом бериб кирдими, йўқми, улар алик олишдими, аниқ эслолмайди.

– Эна, анов тўнми? – у онаси сандиқни ёпиб олмасидан шошиб уйга кирганди, чунки доимо қулфлоғлик турадиган сандиқнинг ичидаги ноёб нарсалар уни қизиқтиради.

Она сандиқнинг тубидан зарли тўнни авайлаб олди, авайлаб тутди, узоқ ҳидлади, энтикиб-энтикиб нафас олди. Шунда тўннинг ичидан бир қоғоз сирғалиб тушди. Бола уни қўлига олди-да, деди:

– Ичидан манови расм тушди.

У газетадан қирқиб олинган сурат парчаси бўлиб, унда урушгами, жанггоҳгами кетаётган танклар карвони, уларнинг ҳар бирининг устида жилмайиб турган хушрўй аскар йигитлар акс этганди.

Онаси боласининг қўлидаги газета парчасини оларкан, ранги оқаринқиради. Туйқус кўзларида ёш кўринди.

– Хотин! Пиёла ҳам келтирсанг-чи, уйда бўлмаса, ана, қўшниникида бордир! – Отасининг ҳазиломуз овози келди қўшни хонадан.

Аёл тўнни сандиқ ичига ташлаб, қопқоғини шоша-пиша ёпди-да, ташқарига отилиб чиқиб кетди.

Шу билан ўғил шаҳарга ўқишга кетди-ю, сандиқнинг тубидаги ялтироқ тўнни унутиб юборди.

Орадан йиллар ўтиб, болакай йигит бўлиб, қишлоққа қайтганида она тахмонни ағдариб ўша зарчопонни олиб чиқди. Онанинг кўзларида тасвирлаб бўлмайдиган хушнудлик зоҳир эди.

– Буни сенга деб атаб қўйгандим!

– Эҳ-ҳе! – деди йигит тўнни қўлларига олиб, айлантириб кўраркан. – Амир Олимхоннинг зарбоф тўними, бу дейман…

– Шуни бир кийиб кўргин, сенга лойиқ келар, – она сабрсизлик билан ўғлига уни кийишни ундарди.

– Даққиюнусдан қолган тўнни-я, эна.

– Бўйгинангга бўйтумор, болагинам, бу тўнни йигирма икки йилдан буён асраб келаман. Уни ҳар кўрганимда, кўнглимга қавилаётгандек игналар урилиб келади-я!

– Э, бундоқ атрофга қаранг, ҳозир тўн-дўппи киядиган замонми? Тўн-дўппининг кийиладиган жойи – жанозахонада-ку.

Ўғил истамайгина уни кийди. Лойиқ келди.

– Куёв бўлсам киярман, асраб қўяверинг-чи! – деди.

Она эса ўғлининг: “Эна, бу жуда чиройли тўн экан-ку, шу боис ҳам яшириб қўйган экансиз-да. Аввалроқ чиқариб берсангиз ҳам маза қилиб, кўз-кўз қилиб кийиб юрардим” –дейишини кутганди. Демади.

Орадан йиллар ўтиб, туман марказидан қишлоққа элтадиган машиналар турар жойида ўғил бир аёл билан пайдо бўлди.

Тоққа томон ўрлаб бораётган автобуснинг ўрта қаторида ўтирган ўғил йўловчилар орасида бўлаётган шивир-шивирларга ҳам қулоқ тутган, аёл эса табиатнинг бетакрор гўзаллигидан сармаст, пурвиқор қояларни, дараларни томоша қилиб борарди.

– Тегирмончининг ўғлими? Ўзгариб кетибди-а… Бир замонлар одамлар ўқияпти, қишлоқ халқига ёрдами тегар дейишарди, мана, саломини ҳам бермади-ку.

– Нега ундай дейсиз, ўзи емай едирган, ичмай ичирган Абдуҳазрат тегирмончига келин олиб бораяпти-ку, – дейди иккинчиси кинояомуз жилмайиб.

– Бундай келинни… энг аввало ўғилни… – қўл силтайди биринчи отахон.

Шунда учинчи биров Баротнинг эшитиб кетаётганини пайқайди ва гапни бошқа ёққа буриб юборади.

Ота ва она ўғилу келинни яхши кутиб олишди. Она ўзида йўқ хурсанд, тўйга деб йиққан бир сандиқ матоҳларини инқиллаб-синқиллаб нариги хонадан судраб чиқди.

– Бу сизга, келинжон, сизга деб атаганидим.

У сандиқдаги бор бисотини уй ўртасига ағдарди.

– Бунинг ҳаммаси сизга.

Она келинининг: “Ойи, раҳмат сизга”, – дейишини жуда-жуда кутганди. Ҳатто қурғур чоли ҳам: “Келининг сенга ҳали шундай дейди”, – деганди ҳам. Демади. Унинг мато узатаётган қўлларини ўзидан қайтариб; “Йўқ, шаҳарда бунақасидан кийишмайди”, – деди. Онанинг қўллари сандиқ тубидаги зарчопонга тегиб, уни ҳам олди, доимгидек тўйиб-тўйиб ҳидлади.

– Буни ўғлим кияди… – деди ниҳоят. – Киймаса, кийдирасиз, келинжон.

– Шу етмай турувди… – узун қўндирма тирноқлари қўпорилиб тушмасин дегандек, қўл учида тўнни тутган келини ўғлига қараб истеҳзоли жилмайди-да, яна деди:

– Ишхонага кийиб борсангиз-а.

Ўғил ва келин мириқиб кулиб олишди.

Она ўғлининг бу гал ҳам зарбоф тўнни киймайдигандек туюлганидан сўнг, хомуш тортиб чолига бир нима десангиз-чи, дегандек илтижоли боқди.

– Онаси… кияди, олиб кетади! – деди чол қатъий оҳангда.

Шунда онанинг кўнгли борлиқда ёмғирдан сўнг чиққан қуёшдек яшнаб кетади.

– Вой, бизни ҳайдаяпсизларми? – дафъатан сўради келин улардан.

– Нега ҳайдарканмиз? Сизларнинг босган изингиз кўзимизга тўтиё-ку, болажон, – гирдикапалак бўлди она.

Чолнинг полвонлик ори келиб, юзини осмонга бўйлаган тоғларга қаратиб мум тишлаб ўтиради. У шу кунларда янада мункайиб қолгандек туюлади.

Келганлар кетишга тараддуд кўради. Она сандиқда асраганлари билан уларнинг тугунини қаппайтиради. Келин лаб буриб айвонда ўтираверади. Чол зийрак кўз билан ёнбошлаган кўйи: “ Ўғлим, қаерда бўлсанг ҳам бошинг тошдан бўлсин!” – дейди-да, кетаётганларни кузатгани ҳам чиқмайди.

Кампир эса ўғли ва келинини автобусгача кузатиб қўяркан, унинг ҳолати тилла топган гадойни эслатарди. Автобус ўрнидан жилади. Кампир унинг ортидан қўл силкиб анча жойгача чопиб боради. Қишлоқ одамлари уларга ҳам томоша, ҳам бироз ачиниш билан боқадилар.

Орадан кунлар ўтиб, она кўрпа-тўшаклар орасидан келини “Олиб кетаяпман”, – дея алдаган ўша зарчопонни топиб олиб, кўзида ёш ҳалқаланди, ўкраб-ўкраб йиғлади.

– Қўй, йиғлама, неваралар кияр, ҳали буларинг ҳаётни қанд деб, уни еб юрганлардан… Эси кириб, қадрлаб қолар. Қадр топибди-ю, қадрлашни билмабди-да, –  юпатади чол.

Ўғилнинг шу билан, ўзининг айтишича, иши кўпайганлигиданми, катта бир ташкилот оғзидан чиқадиган гапга қараб турганлигиданми, ўша томонларда илдиз отиб, ўша илдизларни шақирлатиб олиб келишга кучи етмаётганлигиданми, “гадой топмас бу томонлардан” оёғи бутунлай узилиб кетди.

Чолни кексаликми, касалликми, ўйловми, томоқми, тўшакка йиқитди. Олис шаҳарда яшаётган ўғлига бу хабарни етказиш ҳам анча душворликларни келтириб чиқарди. “Биз эрингизнинг қишлоғиданмиз, гап бор”, – дейишганида хотини, “Биз Баротжонни қишлоғиданмиз, у кишини чақириб беринг”, –дейишса котиба қиз телефонни ташлаб қўяверди.

Ўша шаҳарда ўқийдиган, фақат телевизорда кўрган бўлса-да, Барот Абдуҳазратович бизнинг томонлардан деб фахрланиб юрадиган талаба йигит ишхона эшигининг олдида кута-кута тушлик пайти бўлганда отанинг касаллигини айтди-да, бир вақтлар танишишни мақсад қилиб қўйганидан воз кечиб тез-тез юрганча кетиб қолди. Ўғил бугун бораман, эртага бораман, деб юрди-да, отасининг жанозасига ҳам етолмади.

– Озроқ кутайлик, битта ўғлидан бўлак кими бор, йўлдадир! – деди кимдир.

Оломон норози, паст овозда чувиллашди.

– Бир ҳафта келмаган, энди учиб келармиди…

– Садқаи фарзанд кет-э, она айиқ ўз боласини кўмганида… эҳ, одамзот!

Ўғил хорижда чиққан енгил машинада қишлоқ кўчаларини чангитиб кириб келганида, одамлар қабристондан бош чайқаб-бош чайқаб қайтиб келишаётган эди.

Барот маърака кунлари қишлоқда қолганида, келиб-кетаётган одамлар худди синчиклаб тикилаётгандек, ўзи туғилган уйнинг харобага айланганлигидан уялиб кетди. Ахир Барот Абдуҳазратович шу маҳаллада туғилган, деб эшитганман дейишса, шу чолдевор уйни кўрсатишадими…

Ҳовлида шаҳардан олиб келинаётган қурилиш материаллари хирмондек уйилиб қолди.

– Ҳашар қил! Эл-улус ёрдам қилади, – деди она.

У яқинларни, қариндош-уруғни ҳашарга айтди. Биров келмади. У ўзини пешонасига бир тарсаки туширди-да, деди:

– Эҳ… одамлар… отамнинг маъракасига келиб овқатланиб кетишни билади, ҳашарга чақирса, жони чиққудек бўлади. Пул бу – дунё эканлиги рост гап-да!

У шаҳардан мардикор ишчиларни ёллаб келди-да, тез кунларда қишлоқдаги энг ҳашаматли уйни тиклатди.

Кунлардан бирида кампир уйдан унутилиб кетган зарчопонни яна кўтариб чиқди.

– Ўғлим, буни кийиб юргин, сен туғилмаслигингдан олдин ният қилгандим.

– Энди, эна, биз тўн киядиган пайтдан ҳам, ёшдан ҳам ўтдик. Ана Хайруллага беринг, кийиб юради, – дея кампирга қараш учун ўз уйига кўчириб келтирган жияниини кўрсатди.

Ўғил яна ўзининг таъбири билан айтганда маданийлашмаган, қолоқ қишлоқдан тараққий топган, зиёлинамо шаҳарга йўл олди.

Биродар, эр аёли учун пайғамбаридек гап. Бир замонлар Сулаймон подшонинг қиличидек кесгир ва чаққон бу аёл энди ўша пайғамбарнинг қурт тушган ҳассасидек емирилиб борарди.

Кампир тўшакка ётмади. Қишлоқ одамларининг таъбири билан айтганда, “Азроил осон қилди-ю”, ҳеч кимга бу дунёнинг яширин сирларидан гапирмай, васият ҳам қилмай, хайр-хушлашмай қўл силтади-кетди. Биров билди, биров билмади.

Биродар, ота-она кишига кўринмас устун. Улардан кейин нимага суянишни билмай, ҳоли бир муддат ҳароб бўларкан одамзотнинг. Ана шунда кичкинагина, ўзинг ясаган сунъий суянчиқларинг ҳам мўрт чиқса, алданиб лойга йиқилиб оломонга кулги бўларкансан.

Ўғилнинг аҳволини чархпалакнинг сувни юқорига олиб чиқиб, сўнгра уни сув йўлига тўкиб бўлгач, бўшаб қолган челагига қиёсласа бўларди.

Маст-сармаст гурунгларнинг бирида хотини: “Ҳамма нарсага мен туфайли эришдингиз, ёки гапим нотўғрими? Дадамнинг биргина қўнғироғи билан ишга жойлашдингиз, мансабингизни ҳам кўтаришди. Уй ва машина олиб беришди. Сизнинг раҳбар бўлишингиз ҳам дадамнинг уйларидаги бир банкетда ҳал бўлганди…”

Ана шунда бу оиланинг устунларига дарз кетди. Аслида ҳам бу оиланинг пойдевори мустаҳкам эмасди. Кўп ўтмай ишдан ҳам бўшатишди.

Одамлар авваллари биринчи бўлиб унинг қўлини олишни истаган бўлишса, энди янги раҳбар томонга қўл қовуштириб кетишадиган, унинг қўллари эса ҳавога муаллақ қоладиган бўлди.

Барчасидан воз кечди. Ўзида яшириниб ётган, ота-бобосидан ўтган полвонлик ғурури оз бўлса-да бор экан, биродар. Қўл силтади. Дунёнинг бу каби ишларини тушуниб, англаган одамлар учун эса унинг бу ҳолати ғоят ачинарли, бечораҳол кўринарди. Кўнглига ҳеч нарса сиғмаган бир пайтда, тоғлар орасидаги дўппидеккина қишлоқда қолиб, ҳеч бўлмаганида атрофдаги икки-учта қишлоқда ҳам номи чиқмай умрининг кўпини яшаб қўйган дўстлари уни топиб келишди.

 * * *

 – Ота-она дегани одам учун пуфлаб шиширилган шарга ўхшайди. Бир куни пақ этиб ёриларкану, ҳеч вақо қолмаскан. Биздан оёқ учида узоқлашиб кетишавераркан. Бизни уйғониб, безовта бўлмасин, деркан-да. Улардан сўнг одамзотнинг аксари ғафлатда қолиб, аюҳаннос соларканки, унда кеч бўларкан.

– Жўра, онанг умрининг охирги пайтларида бир зарчопонни эгнидан қўймай кийиб юрди. Вафот этишлари арафасида ҳам бу тўнни тобутимнинг устига ташланг деган эканлар, айтганларидек қилдик.

– Онамнинг ўзи кийибди, – хаёлланди у чуқур бир ғамда ўртаниб.

– Ўша тўннинг ҳам алоҳида сири бор. Баротбой, сиз биласизми, шуни?

У шу дамда бошқалар билган, бироқ ўзи билмаган ўша тўннинг тарихини, не сабабдан қадрли эканлигини бир бор сўрамаганлигига жуда афсусланди.

 * * *

 Инсоният тарихида сабаб сўралмайдиган, сўралганда ҳам елка қисиб қўя қолинадиган номли ва номсиз урушлар кўп бўлган. Баротнинг тоғаси ҳарбий хизматдалигида ана шундай урушлардан бири бошланиб, уни ҳам ўша ёққа олиб кетишади. Ҳарбий хизматга кетмаслигидан аввал унга синфдош қизни унаштиришган. Урушдан унинг ўзи эмас, халок бўлганлиги ҳақида бир парча қоғоз келди. Барча куйди.

Биродар, бу дунё ўлмаганники, деб тўғри айтишган экан.

Ҳамма нарса унутиларкан. Қиз бошқага эрга тегар бўлди ва негадир йигитни эслатадиган барча нарсага ўт қўйди. Ўшанда Баротнинг онаси етиб келмаганида, акаси кийиб кўрган, тўйга деб асралган куёвлик тўни ҳам ёниб кетарди ва балки бизнинг сизга айтажак бу ҳикоямиз ҳам бўлмасмиди…

Ўшанда… Баротнинг онаси ўшанда шундай хаёлланганди: “Эримга кийдираман, ундан сўнг боламга, набирамга шу тўнни кийдираман. Одамларнинг кўнгли ўшанда ана шу тўндек ловулласин”.

 * * *

Яна бир тонг отди. Бу тонгни тоғ чўққиларидан бирида оттиргани учунми у Барот учун ўзгача эди. Пастда ястаниб ётган улуғ воҳанинг қуёшни қарши олишини томоша қилиб ўтирди. Отар қўтонида бир ўзи қолган, чўпон бирга келган қишлоқлик жўраларини ўзи билан эргаштириб кетган эди. Унинг хаёлини эшакнинг ҳанграши бузди. “Айтганча, ахир у жиянининг эшагини миниб тоққа чиқиб келган эди-ку”.

Ўрнидан туриб, ўтган оқшом чўпон бола томонидан арқонланган жойда жониворни кўрди. “Ана у, хайрият-э, кечаги она айиқ… тегинмабди. Ҳартугур, бировнинг мулки…”

Ҳайвоннинг жули бир томонга оғиб қолган, авваллари шундай ҳолатни кўришганларида, болалар бир-бирларига қарата: “Фалончибой, эшагингиз сумкасини олиб қаёққа кетаяпти”, – дея шўх қийқиришарди.

Ўша дамларни эслаб, болаликка қайтгиси, ҳаммасини бошидан бошлагиси келди.

Эшакни ўтли томонга етаклаб бориб, гулмихини ерга қадади. Жониворнинг жулини текислаб жулламоқчи бўлди. Тўғрироғи, болаликни янада кўпроқ эсламоқчи бўлиб, эшакнинг белтортиғини бўшатди. Ва унинг устига кичрайтириб махсус тикилган жулларни бирин-кетин ташлаб, тахлай бошларкан, кўзлари эшакнинг устидаги ўша таниш зарчопонга тушди. Зарчопонга узоқ тикилиб қолди. Сўнгра уни силай бошлади ва ниҳоят, ёш болалар сингари ўксиб-ўксиб йиғлашга тушди.

КЕЧ БЎЛГАНДА

Ўшанда ҳам нофармон тонглар худди шундай отарди, миллиардлаб йиллардан буён зиё сочиб турган ва дунё зулматларини, қораликларини яширинишга мажбур қилиб келаётган бобо қуёш ўшанда ҳам шарқдан чиқиб келарди. Ўшанда ҳам минг йилликлар оша доимо ғафлат домига тушиб юрадиган одамзотга тонг отганлигини ўз қичқириғи билан билдирадиган хўрозлар овози баланд тоғлар пинжидаги овулни тутарди. Бугун бу манзилдаги бир-бирига уланиб кетган уйларга эргашсангиз, катта-катта шаҳарлар томонга келиб колганингизни билмай қоласиз. Шу кунларда келиннинг ҳовлига ширт-ширт сув сепгани эшитилар, ҳовлини тупроқ ҳиди тутарди. Баҳор ва ёз кунлари қуёшни қишлоқ тепасидаги тоғларда чўпонлар ёққан гулхан ва кўплар ҳавас қиладиган хонадондаги ҳалим келиннинг сув сепиши уйғотарди гўё.

Ана шунда қишлоқ жонлана бошлар, қаердандир машиналар овози ғуриллаганча йўловчиларини дўппидеккина қишлоқдан олиб, серташвиш шаҳар томон елиб кетарди. Чўпонлар ва подага ўз қўйини қўшишга шошган, уст-боши чанг кўчаларда ўйнаверганидан афтодаҳол, иштони ўрнида турмай, пойчаси судралган болакайлар оғилхоналардан ўз чорваларини ҳайдаб чиқишарди.

Келин ва куёв тўйдан сўнг орадан бир йиллар ўтиб, бу қишлоқ аҳли яшашни ҳавас қиладиган шаҳарга йўл олишиб, серғалва, серташвиш шаҳри азимнинг юз минглаб катта-кичик болалари ичида кўмилиб кетдилар. Уларни бу манзилга етаклаб келган мақсад ҳам бошқача эди. Давраларнинг бирида куёв дегичимиз гапдан гап чиқиб:

– Фалончибойга шаҳарда нима бор эди, пул топаман деб, мардикорлик қилиб юрибди. Ҳамма бойлик, мана, қишлоқда. Бир кетмон ургулик ер ағдарса, бир сиқим буғдой олади, – деди.

– Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради, биродар. Аммо шаҳарнинг ҳам ўз қонуни бор. Эплаган, кўнган яшайди. Сизу бизга йўл бўлсин? – деди аллаким.

Бироз шошқалоқлиги бор куёв, “Истасам, бу шаҳар тугул, марказга бориб ҳам ризқимни тераман, нима деяпсиз!” – деди тутақиб.

Атрофга разм соларкан, унга эътибор қилган одамларнинг юз-ифодасидан бу гапга ишонишмаётгандек туюлди. У лаб тишлади-да:

– Агар шаҳарга яшай олмасам, эркак эмасман, – дея шахд туриб, биров билди, биров билмади, кимдир елка қисиб кулди, у жўнади. Жўнаганда ҳам кўч-кўронни ортиб, хайр-маъзурни насияга қолдириб жўнади.

Айтишганидек, шаҳарда яшаб кетиш қийин эмас, аммо ҳаммасини бошидан бошлаш қийин экан. Атрофда уларни танишлари учун етти йил вақт кетди. Энди у уйли-жойли бўлган, ўша тонгларни уйғотган аёл олий маълумотли ва юриш-туриши ибратли театр ходимасига, эркак эса ўзининг савдо дўконига эга мулкдор, шаҳарнинг олифта кишиларидан бирига айланган эди.

– Хотинжон, – деди кунларнинг бирида. – Мен бир…четга чиқиб келсамми деб турибман.

Аёл унамади.

– Тўғри, шу ерда ҳам, у ерда ҳам бир коса овқатга қорин тўяди, – деди эр муросанамо. – Аммо атрофга қара, ҳамма ҳашаматли уйлар қуриб ётибди. Машинани турли-туманини минганлар қанча. Менинг улардан кам жойим йўқ, шекилли. Кейин… ўзимни дўхтирларга бир кўрсатмоқчиман… хоҳласанг, театрингда ишла, анави бетайин, суюқоёқ режиссёрнинг минғирлишидан кўнглинг безган бўлса, ишлама.

Аёл мум тишлади. Улар бефарзанд бўлганликлари сабаб, аёл бойликдан кўра фарзандли бўлишни жуда истагани сабабли унади.

Эр кетди. Кетганда ҳам бедарак кетди. Тоғдан қариндош-уруғ аёлни эрнинг дараги чиққунча қишлоққа бориб туришга кўндирмоқчи бўлиб келиб, қуруқ қайтиб кетишди.

Аёл дастлаб ишга келган пайтлари кўпгина одати, айниқса енгилтак эканлиги туфайли ҳам ёқмаган бош режиссёрнинг хурмача қилиқларига энди анчагина ўрганиб қолган эди. Шу туфайли ҳам авваллари, истеъдодига қараб эмас, ўзи хоҳлаганига рол бериб, ёқтирмаган одамини, хусусан ёш, саҳнабоп қиёфага эга, иқтидорли бу актрисани саҳнага чиқармасликка одатланган саҳна эгаси энди ундан таниқли санъаткор яратишга жиддий бел боғлади ва бунга эришди ҳам.

Кунлардан бирида эрнинг дараги чиқди. Телефон орқали боғланган эр соғ-cаломат эканлигини, кўп қийинчиликлар кўргани, ҳозир озод бўлса-да, қайтиш имконини тополмаётганлигини айтди.

– Кимдан, қандай бўлмасин қарзга пул ол-да, мени бу дўзахдан қутқар! – деди охири болалардек йиғламсираб эр. – Сенга яна бир яхши янгилигим бор, мен энди ота бўла оламан.

– Шукр, соғ-саломат экансиз. Қийинчиликлар ўтиб кетади. Имконини топарман. Даволандингизми?

– Йўқ, ҳали даволанганим ҳам йўқ… ҳа, ҳа даволандим.

– Яхши, мен бирор иложини топаман.

Аёл телефоннинг ўчириш тугмасини босар экан, ҳолсизланди-да, стулга чўкди.

Оғир кунларида доимо ғамхўри бўлган режиссёр уни ўз машинасида уйига олиб бораркан, аёлнинг нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаётганлигини сезиб, унинг негадир кун сайин тўлинлашиб кетаётган ойдин юзига тикилди.

– Сизга илтимосим бор! – деди аёл ниҳоят.

– Жоним садқа!

– Менга пул берсангиз, охирги бор!

– Сенга бор бойлигим садқа. Хоҳласам, театрнинг барча ходими, директоридан тортиб фаррошигача сенинг хизматингни қилдираман-а.

– Эримнинг дараги чиқди. У ўзга юртларда мусофирликда, ортга қайтолмай юрганмиш.

Режиссёр лом-мим демади. Тўшаклари ғижимлаган хонада ҳам пашша ғўнғилласа эшитгулик сукунат чўкди.

– Мен-чи, – деди бирдан режиссёр пинагини бузмай.

– Муносабатларимиз бузилмайди. Пинҳона учрашаверамиз. Бегона жойларда қолиб кетмасин, бечора.

Режиссёр индамай чиқиб кетди.

Эртасига котиба қиз актрисага режиссёр уни чақираётганлигини айтгач, аёл учун анчагина таниш бўлиб қолган хонага йўл оларкан, юраги недандир тез-тез урарди.

– Шанба, якшанба кунлари Сангардакдарё томонларга сайрга чиқсак, – деди режиссёр деразадан ташқарига қараб, сигарет тутатганча.

– Фақат… у томонларга эмас, мени таниб қолишади.

– Ҳеч ким танишига йўл қўймайман. Дўстларим, ҳудуднинг устунлари даврасида ўзимга мос бўлмаган бирор аёл билан ўтиришим керакми… бу менга муносабатингизми?

– Фақат…

– Нима “фақат”? Шунга қараб анави илтимосингизга жавоб бераман.

Аёл чурқ этолмади.

 * * *

 Ўшанда ҳам, қалбида ғалаёни борлар ёмғирнинг ёғиши, камалакнинг турфа ранг товланиши, қуёш ва ойнинг заминга ёғду сочиш вақтидаги уйғунликни, япроқнинг ўз дарахтидан узилиб тушишидан илҳомланишар, унинг моҳиятини қидиришар, дунёнинг сархил ифодасини кузатишдан эринмасдилар. Ўшанда ҳам ёрдан хабар келганда энтикилар ва қалбларга дилбарлик инарди.

Ўша вақтларда хатлар кабутарлар воситасида эгасига етказиларди.

Ҳукмдорнинг хабарчи кабутарларидан бири мамлакат шимолидан хабар олиб келганлигини шаҳар аҳли биларди. Боиси шимолга жўнатилган қўшин сардори билан салтанат марказини боғлаб тутувчи оқ кабутар шаҳар устида бироз муддат учиб, сўнгра саройга йўналганди. Авваллари хабар келганида, хоҳ у яхши, хоҳ у ёмон бўлсин, шаҳар бозорида жарчилар томонидан тезда ўқиб бериларди. Бу гал эса ундай бўлмаган, бу каби сукутдан хослардан ташқари барча салтанат аҳли кўнглида аллақандай ғулу бор эди.

Кунларнинг бирида арки аълодан шаҳар майдонига чиқиб келган жарчининг қичқириғи оломонни жамлади.

– Салтанат бошига мусибат тушди, – деди жарчи. – Шимолдаги сарҳадларимиздан ёғийларни қувишга кетган саркарда Музаффар ғалаба қучиб, ортига қайтаётганида душманнинг дайди ўқидан ҳалок бўлди…

Оломон гувранди. Чунки салтанат аҳли учун бу саркарда шоҳдан-да азиз эди. Шоҳга давлат жиловини олиб берган ҳам, уни тутишга кўмаклашаётган ҳам, узоқ-яқинга эл орини танитган ҳам шу қўмондон эди.

– Улуғ шоҳ марҳум саркарданинг хонадонига бош-қош бўлмоқчилар…

– Музаффархоннинг жонига шоҳ қасд қилганлиги аён.

Оломон ичидан номаълум ва қўрқмас бир киши томонидан айтилган бу гапдан халойиқ қаттиқ мусибат ва беихтиёр ғайритабий бир куч билан олдинга интилди. Зум ўтмай шаҳар кўчаларида аҳоли ва шоҳ аскарлари ўртасида жанг бошланиб кетди.

Бу пайтда эса саркарда Музаффархоннинг хотини ва эндигина тетапоя бўла бошлаган ўғли саккиз-тўққиз чоғли хос навкарлар қуршовида салтанат сарҳадларидан қочиб чиқиб кетишаётган эди.

Саркарда юрт сарҳадларини гоҳ жануб томонга, гоҳ шимол томонга кенгайтириб борарди. Сўнгги пайтларда сарой аҳли ундан ҳайиқар, аёнлар унинг ортидан фитналар тайёрлашар, шоҳ ва саркарда ўртасига кўп бор нифоқ солишга уриниб кўришар ва аксар ҳолларда бунга эришар ҳам эдилар.

Музаффархон ўғилли бўлганида подшоҳ ўз саройида базм ташкил этди ва ўшанда ўғлига исм қўйишни шоҳнинг измига топширган Музаффарнинг хотинига нигоҳи тушиб, кўзи тиниб қолди. Каттагина ҳарамга эга ҳукмдорнинг ҳаловати йўқолди.

– Саркарда, Музаффархон сенинг нега бўйинг кўкка этганлиги, жангу жадалларда доимо ғалаба қилишинг, доимо исмингдек музаффар бўлишингнинг сабабини энди билдим, – деганди ўшанда шоҳ, шаробдан сипқориб ўзини сармастга оларкан. – Менга шундай аёл тушганида менинг қўлимда етти иқлимнинг жилови бўларди.

Саркарда эса зимдан кўнглига олиб жаҳлланса-да, ўзини босди, шоҳнинг бу гапини мастликка йўйди.

Шундан сўнг шоҳ ошиқ бўлиб девонага айланди. Шаробхўрликка берилиб, шеърлар ёзди. Худосизга айланиб, мониймисол суратлар чиза бошлади. Саройда тез-тез базмлар ташкил этиб, баҳонада саркарданинг оиласини ҳам таклиф қилар, аёл келганида зуғум остидаги сарой бекалари кўмагида жувонни йўлдан оздиришга уринар, фитнакор аёнлар, қўшиннинг садоқатсиз бошлиқлари олдида чинакам қобилиятга эга масхарабозга айланарди.

Шоҳ саркарданинг қўшин кўригига кетганлигидан фойдаланиб, унинг аёлини саройга бошқа баҳона билан чақиртириб, кўнглидагини ёрди. Ўзига эрга чиқиб, саройнинг бош маликаси бўлишга таклиф этди.

Жувоннинг сурати чиройли, дилбар бўлганидек, қалби ҳам гўзал, ақлли эди. Саройни тарк этаркан, эртасига жавоб сифатида чўрисидан икки қулоч келадиган арқон жўнатди.

Шоҳ жувон юборилган арқоннинг маъносини ҳар не қилса-да, чақа олмагач, маслаҳатчиларига юзланди. Уларнинг эса тўхтами шу бўлди: жувон – банди.

Кунларнинг бирида дафъаттан салтанат соҳиби қўшинни мамлакат шимолидаги исёнчи қабилалар устига жўнатди. Саркарда дунёи дундан бехабар эди. Аёлнинг кўнгли қандайдир хираликни сезса-да олиб қололмади.

Музаффархон саройдан узоқлашгач, шоҳ жувонга юзланди.

– Мана, сиз банди эмассиз, энди, – деди.

Шунда жувон шоҳ арқон ҳикматини нотўғри талқин қилганини англади-да, деди:

– Арқоннинг маъносини ҳар ким ўз фикрича ифодалайди. Мен сизга ўғри, каззоб, хиёнаткор ундан қўрқади, ақлсиз ит унга эргашади, нокас, субутсиз эса унга ўзини осгани яхши демоқчи эдим.

Шоҳ ғазабланди. Қалб кўзи кўр бўлиб қолган бу кимса энди ғирром йўлни танлади. Жангдан ғалаба билан қайтаётган саркарда Музаффархонни ёлланма қотил томонидан ўлдиртирди.

Оқ кабутар шаҳар осмонида пайдо бўлган заҳоти, саркарда пинҳона қолдириб кетган етти зобит унинг уйи олдида пайдо бўлди ва аёлни фарзанди билан биргаликда айланма йўллар орқали зудлик билан салтанат пойтахтидан олиб чиқиб кетди. Салтанат оралаб пинҳона икки кун юришгач, мамлакат шимолидан ўзга юрт сарҳадларига чиқиб кетиш йўлида яна бир аскар уларга қўшилди. Биргалашиб ўз ўлимини ва бор яширин сирни билган саркарда тайин этган манзилга йўл олишди. Бу манзилга пурвиқор тоғлар орасидаги дара орқали ўтиб борилар, манзил – баланд қоялик остидаги ўн-ўн беш чоғли уйи бўлган овул эди.

Жувонга саркардани ўлмаган, қачонлардир бу жойларни ўзи топиб келишини айтишди. Дўппидеккина қишлоқнинг ёнгинасидаги баланд қоялик бағридан тошни қоқ иккига бўлиб шаршара отилиб тушарди.

Жувон шу манзаранинг мафтуни эдими, ёки шаршарадан нарироқда, табиий қояликда кишининг алп келбатини, қиёфасини эслатувчи келбаттошни ўз ёрига ўхшатдими… ўша ердан кўз узолмай қолди. У саркардани кутарди.

Йиллар ўтди. Аёл ўғлини уйлантирди. Бир этак невара-эварали бўлди. Кексайди ҳамки, келбаттош ва шаршарадан бери келмасди. У шу жойда – мафтункор шаршара ва қоядаги келбаттошнинг шундоққина пойига, уларга тикилиб бу дунё билан видолашди.

 * * *

 – Ана у келбаттош, мана бу шаршара. Иккиси ошиқ-маъшуқдек турибди, – деди тепакал, кўк ва қисиқкўз эркак. Ўзига ҳамроҳлиқ қилаётган кўҳликкина жувоннинг елкасидан қўлини ошириб оларкан, семиз қорнини силкитиб беўхшов кулди-да, яна деди: – Агар сиз истасангиз, биз ҳам шу жойларда абадий қолишимиз мумкин.

– Вой, бу ерларда яшаб бўларканми, дунёга келдингми… яйраб, яшнаб, ўйнаб-кулиб қол… – таннозланиб кулди ҳамроҳи.

Бу ердаги бешовлон, уч эркак ва икки аёлнинг ўзаро гурунглари гурунгларга яна ва яна уланарди. Олтинчи аёл – актрисанинг қалби исён кўтарган эди.

У зов ости томонга юрди. Шаршарани, отилиб тушаётган сувда кўринган камалакни томоша қилди, келбаттошни топиб унга боқди.

Кўзларидан ёш сизди шаршаранинг зилол томчилари мисол. Аёл уларга тикилиб ёлғизликда қанча вақт қолиб кетганлигини эслолмади. Шахд билан ўрнидан турди. Энди у ҳаммасига қўл силтаб, режиссёрни ҳам кутмай йўловчи машинада ўз уйига кетади. Ҳеч кимга қўғирчоқ бўлишни ҳам истамайди. Ҳаммаси тугади. У ўз ҳаётида янги даврни бошлайди.

Аёл катта йўл ёқасига тушиб борди-да, булоқнинг муздек сувига юзини чайди ҳамки, машина сигнали эътиборини тортди.

Ўгирилиб, ортда, йўл ёқасида режиссёр ўз машинасида уни кутиб турганлигини кўрди-да, беихтиёр ўша томон шошди.

Режиссёрнинг ёнига нимтабассум билан ўтираркан, режиссёрнинг паст овоздаги “Кеч бўлди”, деган гапини эшитди.

Ҳақиқатдан ҳам кеч бўлганди…

«Шарқ юлдузи» журналидан 2016 йил, 8-сон

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС
Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш
ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР
ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ! ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!