"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Бахтиёр АБДУҒАФУР. Кибр минораси

Ўқилди: 657

Қисса

Олис Қофқоз тоғларидан бошланиб, ваҳм солиб, бўтана-бўтана гирдобланиб оқадиган Фурот анчадан бери безовта. Сатҳи кўтарилиб ўзанидан ошди. Ерга уруғ тушиш арафасида дарёнинг нотинчланганини ёши юзга бориб қолган кексалар ҳам хотирлай олишмасди. Бунинг устига, кейинги кунларда шаҳарда бўғиқ ва оғир ҳаво туриб қолган. Қуёш ҳам кўринмайди. Гўё булутлар заминдан ўрлаётган гардга обдон тўйинганда шартта узала тушиб олгандек. Улуғшаҳарни файз тарк этган. Аммо авомнинг бу билан иши йўқ. Олий ҳукмдор фуқаро кўнглига дунёлар ҳавасини солиб қўйган. Нима қилиб бўлса-да, кундан-кунга кўтарилаётган минорани битириш! Одамларнинг на ичиши, на ейишида ҳаловат бор. Уларнинг ўй-хаёлини нафақат Ерда, балки осмонда ҳам ҳукмрон бўлиш эгаллаб олган.

Бугун ҳам эрталабдан ҳавонинг авзойи бузуқ, намчил; ёмғирдан дарак бериб ора-сира ёмғир томчилаб қўяди. Кенг Синаар текисликларидаги ёмғир мавсумини фақат Улуғшаҳарда яшайдиганлар билади. Фурот ва Дажла шундай қутурадики, одамлар: “дунё энди сувга айландими”, деган ўйга ҳам боради. Авомга энг ёмони, дарёлар ҳовуридан тушгунча далаларнинг бўлари бўлади.

Булутлар тамом эгаллаган кўкка термуларкан, Ҳаммуданинг кўнгли ғашланди. Ёмғир мавсуми чўзилганидан, ўтган йили ҳосилнинг мазаси бўлмади. У каби юзлаб деҳқонлар кўзланган ҳосилни ололмай, заминдорлардан анча қарздор бўлиб қолишди. Ўтган йили далаларга ўроқ тушиши арафасида Дажла қутурган бўлса, бу йил ҳатто уруғ ерга тушишга ҳам улгурмади.

У оёғи билан тошқиндан сўнг қатқалоқланган тупроқни эзиб кўрди. Дарёнинг қотиб қолган лойқаси ёқимли қисирлади. “Дарё қачон тинчланаркин? – ўйга берилди у. – Балки у ҳам норозидир? Айни ҳақиқат! У ҳам норози!”

Унинг кўз ўнгида Улуғшаҳарнинг қоқ марказидан кўкка бўй чўзган, булутлар кўксини-да тешиб ўтган минора. Минора дейишга ҳам тил айланмайди – нақ тоғнинг ўзи! Баҳайбат минора булутларнинг кўксини тешиб ўтганини кўрганида даҳшатга тушиб, тили сўзга айланмай қолган, анчагача кўзларини ундан узолмай қолганди. Минглаб одамлар қопларда, араваларда тупроқ, ғишт ташир, дарғазаб ишбошиларнинг овозлари, ора-сира юқоридан қулаганлар ёки оғир нарса босиб қолганларнинг додлашлари эшитиларди. Чанг-тўзон остида қолган ёввойи издиҳомдан отларнинг ёввойи ва жон аччиғидаги кишнашлари эшитиларди-да, кишининг юрагидаги ғулу ва ваҳимани янада кучайтирарди. Аммо қурувчилар ўзгача иштиёқ билан ишлайдилар. Ҳаммуда нафасини ютганича аллақандай қўрқув ва ҳадик билан минорага яқинлашганди. Унинг пойдевори ҳукмдор саройидан ҳам катта ерни эгаллаганини англаганида қўрқуви янада кучайганди. Улкан ўчоқларда пиширилган ғиштлар, олис тоғлардан келтирилган тошлардан қад ростлаётган минора қандайдир хунук, шу билан бирга улуғвор, салобатли эди.

Миноранинг юқорисида ишлаётганлар пастдан қаралса худди чумолига ўхшаб кўринарди. Шунда Ҳаммуданинг хаёлига илк бор: “Одам боласи ўзи яратган нарсаси қаршисида йўқ бўлиб кетса-я!”, деган ўй оралаганди. Шаҳарликлардан бири, кўринишидан савдогар ёки заминдор, унинг елкасига нуқиб, деганди: “Кўрдингми буни! Улуғшаҳарликларнинг фахри бу, бизнинг куч-қудратимиз рамзи!” У ўша одам айтганидек ғурур ёки фахр туйғусини эмас… қўрқувни туйганди. Унинг назарида Улуғшаҳарнинг жами аҳли қандайдир жазавага тушиб қолганди.

– Намунча хаёлга берилдинг? – нарироқда куймаланаётган аёли Ёсида унинг ўйларини тўзғитди.

Ҳаммуда қатқалоқ ерни босиб, унга яқинлашди. Айбдорлардек елка қисиб, жилмайди.

– Ҳали ҳам хаёлинг минорадами? – Ёсиданинг ўзи ҳам мағриб уфқида кўкка таҳдид солаётган қоя – минора томон қараб қўйди.

Исида эридан хавотирда эди. Одамларнинг оғзида шаҳардаги қандайдир минора ҳақидаги гап-сўзлар ўзгача ваҳима билан юриб кетди. Миш-мишларнинг кети узилмасди: “Ҳукмдор Улуғшаҳарда бир минора қурдираётганмиш, дунё яралганидан бери бундай иншоот бино бўлмаганмиш! Бутун улуғшаҳарликлар минора қурилишига киришганмиш…” Бир-биридан қўрқинчли овозаларнинг кети узилмасди. Ҳаммуда ҳам қизиқиб, қурилаётган минорани кўриш учун Улуғшаҳарга борди. Борди-ю, бир аҳволда қайтиб келди. Унинг ўнг ёноғи пир-пир учар, остки лаби билинар-билинмас титрар, ҳайрат ва таажжуб ила қаршилаб, ундан сўз кутган аёлига анчагача гапиролмай турганди. Ўшандан бери у таомга ҳафсала қилмас, кейинги кунларда эса ҳатто ўзига қарамай қўйганди.

– Кўз олдимда миноранинг ақл бовар қилмайдиган бўй-басти, – ўзига ўзи гапиргандек деди у. – Одамлар ҳам ҳукмдорга кўр-кўрона эргашаяптилар.

Исида ёғоч чопқични ташлаб, унинг ёнига келди. Унинг кўзларига ёлворгандек термулиб, деди:

– Азизим, сени тушунаман, анави қўшниларимиз, – Ёсида анча нарида ер юмшатаётган деҳқонлар – ҳамқишлоқлари томон бош ирғади. – Тушунишади. Бошқалар-чи? Минора ҳақида гапирганингда шаҳарликлар сени не кўйларга солишганини унутдингми? Бутун Улуғшаҳар сенга қарши бўлиб, шаҳардан қувғин қилгани ҳали ҳам кўз олдимда. Сендан ўтинаман, энди бу ҳақда бошқаларга оғиз оча кўрма!

Ҳаммуда беихтиёр ўйга берилди. Аёли минг бора ҳақ. Бошига ит кунини солганларини эсидан чиқара оладими? Шаҳардан уни тошбўрон қилиб қувганлар яна бу ҳақда эшитармидилар! Бу сафар қувғин қилиб ўтиришмайди, булутлар бағрини тилган миноранинг энг юқорисидан ерга улоқтиришади…

Қуёш ётоғига шошаркан, ғарб уфқига ажиб ва хаёлий ёлқин парда тортди. Қизғиш шафақда шаҳар ўртасидан кўкка ғазабнок бош кўтараётган минора чўнг қояга ўхшаб қолди. Ҳарчанд қарамасликка ўзини мажбур этса-да, савқи-табиий бир куч унинг кўзларини шаҳар томон буриб юборди. Ҳар оқшом, далаларда иш тугаган пайтларда негадир у шунга одатланиб қолди. Балки кун бўйи узоқ-узоқларда ғўдайиб, юракларга аллақандай қўрқув ва ваҳима солаётган минорани эртага қуёш қайтадан бош кўтаргунча сўнгги марта кўриб олиш учунмикин… Кутилмаганда қулоқлари остида жарангдор, таҳдидли овоз янграй кетди: “Одам нафақат Ерда, балки Самода ҳам ҳукмрон бўлиши керак!..”

– Бунга барибир чек қўйиш керак, – ўзига ўзи гапиргандек деди у.

 ***

 Ўша кунларда Ҳаммуда қандайдир тушкун, одамови бўлиб юрар, кўпинча ҳилватга ошиқарди. Кўнглида бир-бирига зид туйғулар курашарди. Шундай кунларнинг бирида у туш кўрди. Тушида беўхшов минора Улуғшаҳарнинг устига қулаб, ҳаммаёқни шип-шийдам қилганмиш-да, бирорта ҳам тирик жон қолмаганмиш. Тушига қандай таъбир кўришни билмаганди. Аввалига бунга унчалик эътибор бермади. Кейин, орадан бир муддат ўтгач, худди ўша туш – қулаётган минора яна оромини ўғирлади. Айнан бир хил тушни икки марта кўриши унга жуда ғалати кўринарди. Кўп ўтмай Улуғшаҳарда қурилажак минора ҳақидаги овозалар тарқагач, тушининг таъбири аёнлашди-қўйди. Одамлар фақат минора ҳусусида гапиришар, баҳслашишарди. Олий ҳукмдор минора нафақат Улуғшаҳар, балки улуғшаҳарликларни қудратли қилиши ҳақидаги нутқидан сўнг қурилиш бошланди. Улуғшаҳарликларнинг барчаси – ёшу қари, эркагу аёл – ёппасига қурувчига, аниқроғи, машаққатли ва оғир ишга ташланган қулга айланди.

Кейин ўша тушни яна кўрди. У бир хил тушни уч марта кўришини келажакдан башорат деб билди. Шунгача журъати сўниб, тили боғлангандек юрган Ҳаммуда улуғшаҳарликларни тушидан воқиф этишга аҳд қилди. Қурилишга келиб, яқиндагина кўтарилган тупроқтепага чиқиб, баланд овозда сўз бошлади:

– Эй Улуғшаҳар аҳли, сўзларимга қулоқ тутинглар! Қандай ишга қўл урганингизни фикр қилинг, ўйлаб иш кўринг! Одам боласи самода тугул, ҳатто ерда ҳам омонат, ожиз! Ўзингиз ўйланг, Фурот ёки Дажла ўзанидан ошиб, тошқинлар ичида қолсак, қўлимиздан бирор иш келадими? Ёмғирлар мавсуми тугашини кутиб, кунлар санашимиз хотиримиздан фаромуш бўлдими? Оддийгина безгакдан ҳар йили неча-неча оилаларда яқинларимиздан айриламиз. Шуларнинг ўзи ожизлигимизни рўйи-рост кўрсатиб бермайдими?..

Юз-кўзи тер ва чангда қора-қура, уст-боши оғир ишдан яғир, елкаси тош ва харсангдан эзилган минглаб қурувчилар Ҳаммуданинг сўзларидан анчагача жим бўлиб қолган, ҳатто пашша учса сезиладиган сукунат чўкканди. Кўплар ҳайратда эди – Улуғшаҳарда ҳукмдорга қарши борган одамнинг номи ҳатто кўҳна битик ва ривоятларда ҳам учрамасди. Ҳаммуда эса ҳукмдорнинг гапларини ошкора инкор этмоқда эди.

Одамлар орасидан теридан тикилган коржома кийган, кўринишидан иш бошқарувчилиги билиниб турган киши чиқиб, дарғазаб бўлиб деганди:

– Эй Улуғшаҳар аҳли, кимнинг гапларига қулоқ солиб турибсиз? Олий ҳукмдор сизга нафақат Ернинг, балки Самонинг ҳам йўлини кўрсатиб берди. Унга элтувчи кўприк – минора! Ҳеч ким бизга қаршилик кўрсата олмайди! Биз барибир Самога етамиз ва унда ҳам ҳукмрон бўламиз!..

Оломонга шу сўзларнинг ўзи кифоя эди. Иш бошқарувчининг сўзи оломоннинг жунбушга келишига кифоя қилди.

– Бу одам, – иш бошқарувчи Ҳаммудани кўрсатди. – Бизнинг душманимиз! Унинг жазосини бериб қўяйликки, иккинчи бундай гап-сўзлари билан йўлимизга тўғаноқ бўлишни хаёлига ҳам келтирмасин!

Издаҳом қутурди:

– Жазо! Жазо!

Иш бошқарувчининг ишораси билан беш-олти киши оломондан ажралиб чиқиб, Ҳаммуданинг қўлларини қайириб, арқон билан боғлаб ташлашди. Худди шу тупроқтепага устун ўрнатишиб, уни боғлашди. У шундай боғлангандики, минора қурилишини кузатишдан ўзга чораси қолмаганди.

Ҳаммуда бир ҳафта устунга боғланган ҳолда оч-наҳор қолиб кетди. Қуёш шўрликнинг вужудини жизғинак қилар, очлик ва ташналик бениҳоя азоблар, камига ҳар гал нафас олганида қурилишдан кўкка ўрлаётган чанг-тўзонни ютарди. Буткул ҳолсизланиб, боғланган арқонига шалвираб осилиб қолганидан кейингина уни устундан ечиб олишди. Нафас олаётгани ҳам билинмаётган Ҳаммуданинг қуёшнинг аёвсиз тиғлари ва сувсизликдан ёрилиб кетган лабларига, юзига боқаркан, ўша иш бошқарувчи жуда мамнун бўлганди. Минорага қарши чиққанларнинг жони қил устида бўлади, деган бемаъни ўй хаёлидан ўтганди.

– Бу ақли ноқис минора қурилишига қарши чиққанди! – иш бошқарувчи ишчиларга юзланиб, гап бошлаганди. – У минорага эмас, бизнинг Самода ҳоким бўлишимизга қарши эди. Бундайлар шундай аҳволга тушади!..

Оломон жазавага тушганди.

– Буни Улуғшаҳардан ташқарига чиқариб ташланглар! Токи минорага чиқолмай бир умр армон ва аламда ўтиб кетсин!

– Армон ва аламда ўтиб кетсин! Армон ва аламда ўтиб кетсин! – оломон иш бошқарувчининг сўзларини такрорларди.

Ҳуши ва мадорини йўқотган Ҳаммудани тупроқ ташийдиган замбилга ортишиб, Улуғшаҳардан ташқарига олиб чиқишди-да, шундоқ яйдоқ далада қолдириб кетишди. У ердан эса қишлоққа қайтаётган деҳқонлар топиб олишди. Шу тариқа у бир ўлимдан қолди.

Орадан олти ойлар ўтиб у яна ўша тушни кўрди. Минора Улуғшаҳар устига қуларди

 ***

 Ҳаммуданинг бир одати бор эди: қўли ишдан бўшаши билан майда-чуйда тошларни олиб йўнар, катта-кичик ҳайкалчалар ясарди. Уларни санъат асари дейиш кўп ҳам тўғри бўлмаса-да, таниш-билишлар орасида бу ҳайкалчалар анча машҳур эди. Ҳатто баъзи дўстлари ўзлари истаган буюмларга буюртмалар ҳам бериб қолишарди. У мағриб томонлардаги ҳазораларда нафақат одам бўйи, балки Улуғшаҳар ҳукмдорлари саройи билан бўйлашадиган ҳайкаллар ясалиши, улар авом ўртасида мўъжизадек қабул қилинишини кўп эшитганди. Мағриб ва машриқ ўртасида қатнайдиган савдогарларнинг гувоҳлик беришича, ўша ҳайкаллар худди тирикка ўхшайди; Улуғшаҳардаги ҳайкаллар уларнинг олдида ип эшолмайди.

Ўтган йили Улуғшаҳарга Финикия соҳилларидан келган карвоннинг моллари орасида оқ мармардан йўнилган, рақс тушаётган раққосанинг ҳайкалчаси ҳам бор эди. Уни кўриб қолган Ҳаммуда ижодкорнинг таърифга тил ожиз иқтидори ва маҳоратига тан берган, анчагача раққосадан кўз узолмай қолганди. Оддий тош бўлагидан шундай санъат асарини йўниш одам боласининг қўлидан келармикин, деган ўйга ҳам борганди у.

Қуёш ётоғига чекиниб, атроф-жавониб тун пардасини ёпинганида у қўлидаги мўъжаз фил суягини айлантириб ўтираркан, ўша раққоса ҳайкалчасини эслади. Шамнинг заиф шуъласида ҳам фил суягидаги сарғимтир доғлар кўзга ташланарди. Уни шам шуъласига тутиб, яна бир-икки айлантириб кўргач, хаёлига кутилмаган ўй келиб қолди: “Балки шундан бирор ҳайкалча ясаб кўрарман…” Кўнглида енгиб бўлмас иштиёқ улғайиб борар, ясалажак ҳайкалчанинг турфа тарҳлари хаёлида чизиларди. Шундай нарса ясасинки, санъат асари бўлмаса ҳам кўрганлар ижодкорнинг айтмоқчи бўлганларига тан берсинлар. Шу ўйи далдасида у кичкинагина пичоқчасини олиб, суякка тахминий чизиқларни тортди… У ўзгача шавқ ва қизиқиш билан ишлар, титроқ қўллари билан шакллар ҳосил қилар, тиззасига ташлаб қўйилган коржомаси оқ кукунга қопланиб борарди. У қанча вақт ўтгани, самодаги ой ва юлдузларнинг йўқолганини ҳам сезмади. Афт-ангори, кийим-боши тамом оққа беланган Ҳаммуда тонгга яқин ясаган ҳайкалчасини оҳиста ерга қўйди. Тамом эриб битган шамнинг ўчишга маҳтал шуъласи ва қуёшнинг илк нурларида нари борса муштдек келадиган, кўкка ҳадик билан қараган одам ҳайкалчаси бўй берди-қўйди. Яхшироқ разм солинса, одамнинг юзида илоҳий қўрқув кўринади. Туйқус пайдо бўлган хатардан ўзини ҳимоя қилишга урингандек, қўлларини хийла олдинга чўзган. Ортга тисарилишга тайёр оёқ мушаклари асабий бўртган…

– Ким… бу ўзи?! – ўзидан ўзи сўради Ҳаммуда.

Унинг уйқу ола бошлаган кўзлари катта-катта очилди. Хира тортаёзган зеҳни тиниқ тортди. Ҳайкалчанинг қиёфаси унга жуда-жуда таниш. Аввал қаердадир кўрган. Унинг қошлари чимирилди, беихтиёр ўйга берилди. Хаёлга ботган Ҳаммуданинг кўзлари ачишиб, юмилиб кета бошлади…

 – Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади! – деди кимдир.

У овоз қайси томондан келганини билиш учун атрофга аланглади. Негадир ҳеч ким кўринмасди. Шундай туюлдимикин, деган ўй оралади хаёлига. У қаддини ростлаб, ортига энди ўгирилмоқчи бўлганида қаршисида минглаб ҳайкаллар турганини кўрди-ю, ҳайрат ва қўрқувдан тили боғланди. Уни ҳайратга солган нарса – ҳайкаллар ҳозиргина ясаган ҳайкалчасининг айни нусхалари эди. Уларнинг бари бир томонга – Улуғшаҳарга қараб юзланганди. Худди кибрга кетган шаҳардан ўзини ҳимоя қилишга урингандек. Уларнинг юзларида Ҳаммуданинг ҳайкалчаси юзидаги даҳшат кўринади.

“Бу ҳайкаллар қаердан пайдо бўлди?!” – унинг ҳайратининг чеки йўқ эди.

– Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади! – ўша овоз яна такрорланди. – Ва бошқаларнинг ҳам шуни ҳис қилишларини истайди.

Нега кўрмай қолди?! Улар шундоқ қаршисида туришган экан-ку! Ҳаммуданинг қаршисида, у ва минглаган ҳайкаллар ўртасида оқ матога ўранган, соч-соқоллари оқарган кексалар туришарди. Қизиғи, икки томчи сувдек ўхшаш. Улар бир қатор сафланиб олишган. Яна энг ҳайратланарлиси – кексалар ва ҳайкаллар ортида, сийрак чанг-тўзон пардаси орасида… ўша минора элас-элас кўринади. У гапиролмай қолди.

– Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади, – кексалардан бири учинчи марта такрорлади.

– Сиз… ҳайкалчани… назарда тутаяпсизми? – тутилиб-тутилиб сўради у ўша қариядан.

– Ҳа.

– Унда… унда анави ҳайкаллар қаердан пайдо бўлди? – у кенг майдонни тўлдирган ҳайкалларга ишора қилди.

– Улар улуғшаҳарликлар, – деди бошқа қария.

– Мен… мен… уларни ясашни хаёлимга ҳам келтирмагандим, – ўзини оқлашга уринди Ҳаммуда.

– Биламиз, – суҳбатга қўшилди яна бошқа қария. – Шунинг учун ҳам ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади.

Ҳаммуда уларнинг нима демоқчи бўлганини энди англади.

Қариялар бир-бирларига қараб, кўз уриштириб олишгач, тасдиқ ишорасида бирдек бош ирғашди. Ҳаммуда қўрқа-писа улкан майдонни ишғол қилган, минорага ҳадик билан юзланган ҳайкалларга қаради. “Наҳотки шуларнинг ҳаммаси мен бўлсам”, пичирлади унинг лаблари.

– Худди шундай, – дейишди қариялар бир овоздан. – Ўзингдан ортиқ нарсани гапира олмайсан…

Ҳаммуда кўзларини очганида қуёш сахийлик билан нур сочар, уйи анча ёруғ эди. Уст-боши, қўллари оппоқ чанг, қаршисида эса туни билан ясаган ҳайкалчаси турарди. Ёдига туши тушди: оппоқ кийинган қариялар, минглаган ҳайкаллар, чанг-тўзон ичида элас-элас бўй берган минора…

– Нега бундай туш кўрдим? – ажабланди у.

Энди унинг хаёлида биргина жумла айланарди: “Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади…” Тушига таъбир кўришдан ожиз эди.

 ***

 Синаар кунботишидаги ҳаробалар тўғрисида Улуғшаҳар аҳли оғзида азалдан турфа ривоят ва асотирлар юрар, улар ҳар хил талқин қилинарди. Уларнинг бирида Буюк Тўфон ҳамда бани-башарнинг ўша тўфондан омон қолган саноқли одамлардан тарқагани ҳақида сўз борарди. Ўша ривоятларда Синаар адоғидаги харобалар ўрнида аввал ҳазоралар бўлгани, уларнинг эгалари тўфондан омон қолганларнинг авлоди экани ҳам айтиларди. Азбаройи қизиқувчан бўлган Ҳаммуда ҳаробаларга кўп борган, илк бор тош қотган сополаклардаги кўҳна битикларни кўриб, ҳайратдан анчагача ўзига келолмаганди.

Кўнгли Улуғшаҳардан совий бошлаганидан бери у негадир ўша ҳаробалар зиёратини қумсай бошлаганди. Сафар халтасини тайёрлаётганида Ёсида таажжубланиб сўради:

– Қаёққа отланаяпсан?!

– Харобатепага.

Исиданинг қошлари чимирилиб, эрига ҳайратланиб қаради. Харобатепа

– У ерда нима қилмоқчисан?

– Ўзимни топмоқчиман, – нарсаларини солишда давом этаркан ярим чин, ярим ҳазил деди Ҳаммуда.

– Мен ҳам бораман, – эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда деди Ёсида.

– Хоҳишинг…

…Вақтнинг аёвсиз ҳукмидан чуқур сукутга толган харобалар узоқдан улкан тепаликка ўхшаб кўринади. Шунинг учун одамлар уни оддийгина қилиб Харобатепа деб қўя қолади.

Қўли ишдан бўшаганида ёки зиқ бўлган вақтларда у Харобатепага ошиқар, қуёш тиғи ва ёмғирлардан обдон шувалган, нураб, ер билан битта бўлаёзган чолдеворларга термулиб ўтирарди.

Бу сафар ҳам шундай бўлди. У харобаларни оралаб юриб, доим ўтирадиган жойига ўтирди. Лекин одатига хилоф қилиб, сафар халтасидан кеча тунда ясаган ҳайкалчасини чиқариб, ёнига қўйди. Эрининг ёнига ўтирган Ёсида ажабланганича ҳайкалчага тикилиб қолди. Эрининг ҳайкал йўнишга қобилияти борлигини билса-да бу қадар маҳорат билан санъат асари яратишини кутмаганди.

– Бу ким? – анчага чўзилган жимликдан сўнг сўради у.

Кутилмаганда хаёлига келган ўйдан Ҳаммуда беихтиёр жилмайди.

– Ўзимга ўхшамаяптими? – аёлига саволомуз қаради у.

Исида нима дейишини билмай индаёлмай қолди. У ҳам шувоқлари кўчган, айрим жойларида ғиштлари яланғочланган деворга термулди. Бу чолдеворлар орасида Ҳаммуданинг қандай маъно-ю тасалли топиши унга қоронғу. Агар эридан хавотир олиб юрмаганида Харобатепага келмаган бўларди.

Кейинги икки-уч кунда Улуғшаҳарда ёмғирлар тиниб, энди қуёш атроф-борлиқни жингиртоб қилишга тушган. Тупроқ ва қум остидаги Харобатепа қуёшнинг оташ нафасидан унсиз азобланаётгандек, ҳатто унда вақт ҳам тўхтаб қолгандек. Ёсида иссиқдан лоҳасланар, ҳар нафас олганида қайноқ ҳовур димоғини куйдиргудек бўлар, бетоқатланиб эрига тез-тез қараб қўярди. Ҳаммудага эса жазирама таъсир қилмаётгандек эди. У кўзларини нураган девордан узмай ўтирарди. Шунда… кутилмаганда унинг ёнидаги ҳайкалча катталаша бошлаб, росмана одам кепатасига кирди. Унинг бу сиёқидан энди одам даҳшатга тушарди. Ҳайкал-одам ҳатто… энтикиб нафас олар, кўзлари ола-кула бўлган, яланғоч сони ва қўлларининг мускуллари тарам-тарам бўртиб турарди. Суякдан қандай йўнилган бўлса худди шундай – ҳайрат ва қўрқувдан ортига тисарилишга тайёр, ўзини ҳимоя қилишга чоғлангандек қўлларини кўтарганди.

– Сен… кимсан?! – тили сўзга айланиб-айланмай сўради Ҳаммуда.

– Мен… сенман! – унга қарамай деди ҳайкал-одам.

Ҳаммуданинг ёдига бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаш қариялар ва уларнинг айтган сўзлари тушди: “Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади!”

– Мен?!.. Нега бу алфозда турибсан?

– Деворга қара! – ҳануз сиёқини ўзгартирмай деди ҳайкал-одам.

Ҳаммуда деворга қаради. Ҳарчанд уринса-да, шувалган пахсадан бошқа нарсани илғамади.

– Ҳеч нарсани кўрмаяпман, – деди у.

– Кўраяпсан! Шундоқ кўз олдингда!

Деворда ҳеч нарса кўринмасди. Шунда ҳайкал-одам ҳамон кўтарилган қўлларини тушириб, уни силкита бошлади.

– Қара! Қара! Кўрдингми!?..

Бирдан Ҳаммуданинг кўз олдида ҳаммаси айқаш-уйқаш бўлиб, зум ўтмай тиниқлашди. Энди уни ҳайкал одам эмас, балки Ёсида силкитарди.

– Ҳаммуда! Ҳаммуда! Менга қара, мени эшитаяпсанми!?

Унинг фикри тиниқлашди. Жазираманинг ҳадди аълосига етгани, шундан маълум муддат онги хира тортганини фаҳмлади. Кўринган рўёми ёки алоқ-чалоқ туш, энди унга аҳамиятсиз эди. У дарҳол чўккалаб, шоша-пиша қаршисидаги деворга яқинлашди. Деворга ўтирган қалин чанг-тўзонни қўли билан сидирди, сидираверди. Кутилмаганда деворда ранги ўчган, тарс-тарс ёрилиб кетган кошинлар қуёш нурида ярақлаб кетди. Ақл бовар қилмасди. Ҳаммуда кўҳна битикларда Буюк Тўфондан омон қолганларнинг авлодларидан бўлган қавм ҳатто ҳозир Улуғшаҳарга маълум бўлмаган кошинлар тайёрлашни билиши ҳақида ўқиганди…

– Биз… биз… нимадир топамиз, Ёсида! – ҳаяжонланиб деди у.

 ***

 Унинг ҳайрати чексиз эди. Емирилаётган деворлар остидаги кошинлар, улардаги битик ва расмларда бутун бошли тарих силсиласи яширинган эди. Юз-кўзидан тер шовуллаб оқаётгани, яктаги баданига чиппа ёпишиб қолганига ҳам эътибор бермай, чўккалаганича битикларни ҳижжалаб ўқишга тушди: “О, бепоён Синаар… Сен… неча-неча ҳазораларга гувоҳсан. Ва, ҳар доим… уларнинг сўнишини… жимгина… кузатиб турасан…”

– Бу нима деганинг?! – жазирамадан эримнинг эси оғиб қолдимикин, деган қўрқувда сўради Ёсида.

– Исида, булар кошинлардаги битиклар! – ҳаяжонланиб деди Ҳаммуда.

– Қандай битиклар?

– Кошинлардаги! Мана, буларни қарагин! – Ҳаммуда тушуниксиз, узуқ-юлуқ шакллар узра бармоқларини юргизди.

Исида бу шаклларда ҳеч қандай маъноларни англамади. У кўҳна ёзувларни ўқишни билмасди. Ҳаммуда деворнинг қолган қисмини ҳам тозалади. Яна ёзувлар, шакллар кўринди.

– Булар нима демоқда? – сўради Ёсида.

Бу ёзувлар аввалгиларига ўхшамасди. Ҳаммуданинг вужудини енгил титроқ олди.

– Исида… буларнинг нима эканлигини биласанми?

– Йўқ…

– Бу… янада кўҳнароқ ёзув… Бу дегани, бу ерда бир неча авлод… бир неча ҳазора яшаган…

– Бу ҳақда эшитмаган эканман…

Кўҳна битикларга Улуғшаҳарда икки-уч кексанинг тиши ўтар, уларнинг айтганлари авом ўртасида худди асотир ва ривоят каби тарқаларди. Ёсида ҳам ана шундай ривоятларни кўп эшитганди.

Ҳаммуда ана шундай битикларни ўқишни бобосидан ўрганганди. Вафотидан аввал бобоси Улуғшаҳардаги энг кекса киши ҳисобланар, ўзининг шоҳидлик беришича, Фурот ҳамда Дажла ўзанидан ошадиган мавсумларнинг юз-бир юз ўн марта кўрганди. Оппоқ соқоли кўксига тушадиган, қалин қошлари остидаги хира кўзлари ҳорғин боқадиган қария – Эҳудр умрининг шомида лой тахтачаларга қандайдир нарсаларни битиш билан кун ўтказадиган бўлиб қолганди. Қавму қариндош ва фарзандлар қариганда мияси айнибди-да, деган ўйда уни кўпда безовта қилишмас, ёлғиз ўн ёшли Ҳаммудагина унинг пинжига тиқилиб, ишларига ҳамроҳ бўларди. Кулоллардек ҳафсала билан лой ийлаб, ҳар хил тахтачалар кесиб, уларнинг нами қочмай шакллар ўяркан, кекса Эҳудр неварасига тушунтирарди: “Манави белги қуёш, буниси эса ер, бу эса сув… Буларни бирлаштириб, “Қуёшли заминдаги уммон”, деб ўқиймиз, тушундингми?” Белги ва шакллардан маънолар чиқишидан мурғак Ҳаммуда ҳайратга тушарди.

Бобоси ўзидан кейин минглаб сопол тахтачаларни жамлаган кутубхонани унга мерос қолдириб кетди. Баъзи вақтларда Ҳаммуда уларни мутолаа қилар, ҳатто шам ёруғида тонгларни қаршиларди.

– Бобом ҳам айтганди! – анчага чўзилган жимликни бузди Ҳаммуда. –Ҳар бир ҳазоранинг ўз белги ва шакллари бўлган. Кошинлардаги белги ва шакллар ҳам шундай экан…

Унинг кўрсаткич бармоғи сатрлар узра югураркан, лаблари ожиз пичирлади:

– “Авлодлар… сўзларимизни унутдилар…” Тушунмадим, буни қандай англамоқ керак? Аждодлар авлодларга нима демоқчи бўлишган?..

– Балки ёзувларнинг қолганини ўқирсан? – деди Ёсида.

Аксига олиб кошиннинг қолган қисми куйиб кетган, унинг ўрнида буришиқ лой қотиб қолганди.

– Қизиқ, – ўзига ўзи гапиргандек деди Ҳаммуда. – Бу жумлани олдин ҳам ўқигандекман…

– Қанақасига?! – ажабланди Ёсида. – Бу белги ва шаклларни ҳозиргина тупроқ остидан очдик-ку, Ҳаммуда!

Аёли ҳақ бўлса-да Ҳаммуда кўнглининг туб-тубларида аввал худди шундай маъноли шаклларни кўрганига ишончи ортиб борарди. Айнан бир хил белгилар, шакллар…

– Иссиқ авжига чиқаяпти, – деди Ёсида унинг ўйларини тўзғитиб. –Қайтмасак бўлмайди.

Шундагина Ҳаммуда жазираманинг оловли тафтини ҳис қилди. Мубҳам ўй-хаёллар ичида ўрнидан туриб, яктагини қоқаркан, ўтирган жойи ёнида қолдирган ўша ҳайкалчага қараб қолди. Аста эгилиб ҳайкалчани олди. Энди унинг бутун борлиғини ҳайкалча, ҳозиргина кўрган белги ва шакллар тамом эгаллаб олганди…

 ***

 Этаги узун ридога ўраниб, асога таяниб юрадиган кекса Эҳудрни Улуғшаҳарнинг катта-ю кичиги танирди. У тирик тарих сифатида машҳур эди. Унинг атроф-жавонибдаги юртлар, олис ва яқин ўтмишда ўтган ҳукмдорлар тарихи ҳақидаги бир-биридан қизиқ ҳикояларини авом мароқ билан тингларди. Лекин умрининг охирги кунларида у лой тахтачаларга битиклар битишни бошлади-ю Улуғшаҳарда кўринмай қолди. Эртадан кечгача мўъжаз устахонасида кун қаритар, гоҳ лой қорар, гоҳида эса қандайдир матнларни ёддан ўқиб (баъзида улар тушуниксиз тилда ҳам бўларди), қуриб улгурмаган тахтачаларга белги ва шаклларни ўйиб чиқарди. Кейин эса тахтачалар шундай кўпайиб кетдики, қариянинг ўлимидан сўнг уларни устахонанинг шифтига қадар тахлаб ташлашди. Қавму қариндошнинг унга чексиз ҳурмат ва эҳтироми сабаб, устахонага, ундаги минглаб сопол тахтачаларга ҳеч ким тегмади.

Фақат Ҳаммудагина устахонага – кутубхонага кирар, кўплаб битик ва кўҳна матнларга кўз ташлаш имкониятига эга бўлганди.

Бобосининг нафақат кўҳна битикларни кўчириш, балки қандайдир тушуниксиз белги ва шаклларда ёзувлар битиш одати ҳам бор эди. Ҳаммуда аввал уларни кўрмаган, табиийки, уларнинг қандай маънолар беришини билмасди. Бобосидан сўраганида у маъноли бош ирғаб, беозор жилмаяр, “вақти келганда ҳаммасини ўзинг билиб оласан” дерди.

– Қанақасига ўзим билиб олишим мумкин?! – ўшанда соқол-мўйлови сабза ура бошлаган Ҳаммуда ажабланиб сўраганди. – Буларни ҳеч кўрмаган бўлсам… Мен билган ёки кўрган битикларга ўхшамаса…

Туси ўзгаришсиз Эҳудр кўзларини мубҳам нуқтага тикиб, узоқ жим бўлиб қолган, сўнг туйқус хаёлларидан бош кўтариб, унга юзланганди.

– Белгилар, шаклларни ўрганиш, ёдлаш шарт эмас, болажоним. Вақти келиб уларни ўз-ўзидан тушунасан.

Ҳаммуда ҳеч нарсани англамаганди. Шундай бўлиши ҳам мумкинми?! Номаълум ёзувларни таржимонсиз тушунса?

Орадан йиллар ўтиб бу белги ва шаклларни бобоси кашф этганини тушуниб етади. Ўттиздан ҳатлаган Ҳаммуда кўп қавмлар ишлатадиган белгилар, шаклларни пухта ўзлаштирганди. Бобосининг айрим сополаклари, аниқроғи, йирикроқ лавҳлардаги битиклари ҳеч қайси ёзувга ўхшамасди. Улар кутубхона-устахонанинг алоҳида бурчида сақланар, устига яшил мато ташлаб қўйилганди. Ҳаммуда Улуғшаҳардаги ҳамма донишмандларга, ҳатто ўз битикларидан бошқаларини тан олмайдиган коҳинларга ҳам сополакларни кўрсатди. Эҳудрнинг матнларига тиши ўтадиган одам топилмади. Улуғшаҳарнинг энг йирик коҳини, олий ҳукмдор саройи ходими “Эҳудрнинг матнлари энг кўҳна битиклар бўлиши ҳам мумкин”, деган фикрни ўртага ташлади. Улуғшаҳарнинг ақл соҳиблари ҳайратда эди. Яна бошқачароқ айтилса, Эҳудр ўзидан кейин катта жумбоқ ташлаб кетганди…

…Кейин Улуғшаҳарда минора қурилиши бошланди-ю, Эҳудрнинг битиклари ҳамманинг ёдидан кўтарилди. Ҳатто Ҳаммуда ҳам ўша яшил мато остидаги сополакларни унутганди. Лекин Харобатепадан қайтаётганида у нафақат кутубхона-устахона, балки белги ва шакллари номаълум бўлган сополакларни эслади.

Харобатепадан қайтган Ҳаммуданинг биринчи қилган иши – Улуғшаҳарнинг ҳамиша очиқ турадиган жанубий дарвозаси томон юзланиш бўлди. Унинг қарори Ёсидани тонг қолдирди. Шаҳдам қадам ташлаб кетаётган эрига етиб оламан, дея у ҳам тез-тез юрар, ўпкасига ҳаво тиқилиб, боши айлана бошлаганди. Ҳаммудани эса аёлининг аҳволи қизиқтирмас, унинг бутун борлиғини бобосининг кутубхона-устахонасидаги ўша сири очилмай қолган матнларни яна бир бор кўздан кечириш иштиёқи эгаллаб олганди.

Шаҳарнинг жанубий дарвозаси ланг очиб қўйилган, отлиқ кибор ва савдогарлар, эшакларга минган оддий фуқаро ва яна ола-қуроқ оломон – деҳқонлар, ҳунармандлар, дайди-бекорчилар ва исқирт тиланчилар шаҳарга киришар-чиқишар, дарвоза остидаги қуролланган соқчилар эса ким кираяпти ёки чиқаяпти, кузатиб туришарди. Шаҳарнинг бронзадан қуйилган оғир ва улкан дарвозаси, бўртма ҳайкаллар ишланган баланд, устида бир неча отлиқ ёнма-ён бемалол юра оладиган қалин тошдеворларининг ўзиёқ Улуғшаҳар ҳақида қўрқувга қоришиқ тасаввур ҳосил қиларди-қўярди. Деворлар ва дарвоза қаршисида эса одамларнинг кичкина бўлиб қолишини кўрганда қўрқув янада улғаярди.

Ҳаммуда ҳар гал шаҳарга кираётганида ана шу қўрқувни туяр, тошдеворларни ортда қолдиргунича бу қўрқув кучайиб, вужудини тамом ҳолсизлантириб қўярди.

Бу сафар ҳам шундай бўлди. Юрак уриши тезлашиб, нафас олиши қийинлашди. Оёқ-қўлидан мадор кетиб, анчагача қандай кетиб бораётганини ҳис қила олмай турди. Бу ерни бекорга Улуғшаҳар демайдилар, ўй ўтди хаёлидан. Эрининг аҳволини сезибми, Ёсида дарҳол унинг қўлидан олди.

Ҳаммуданинг ёдига бобосининг ҳикоялари тушди. Ҳикоялардаги одамлар бундай тошдеворлар кўтариш, бронзадан ҳайратангиз дарвозалар қуйишни билишмасди. Кўтарилган ёғочларга ташланган матолар – чодирлар остида яшашарди. Улар ҳам баланд бўлмас, катта одам бўйини росмана ростласа шифтга тегарди, қоларди…

Одамлар Ҳаммудани дарров таниб қолишди. Ҳамма унга бирдек тикилиб қолди. Айримлар юришдан таққа тўхтаб, анграйишганича қараб қолган бўлса, яна кимлардир бир-бири билан пичирлашишга тушиб кетганди. Асабий жимликни дўконида ўтирган баққол бузди:

– Бу ўша – Эҳудрнинг авлодларидан бўлган Ҳаммуда! – қичқираёзди у. – Мана шу минорага қарши чиққан!

– Худди ўша! – дарвозадан кириб, отини йўрттиришга тушган савдогар деди. – Уни шаҳардан бадарға қилишганди!

– У яна нега келди шаҳарга? – иркит, титилиб кетганидан дағал иплари чувилиб қолган енгларидан қоқсуяк қўлларини юқорига кўтарганича таҳдидли дағдаға қилди бир дайди.

– Мен ўтган ойда минора қурилишида тупроқ ташидим, ҳиссамни қўшиш учун! – давом этди у. – Бундақалар очиқдан-очиқ бизга қарши сўзлаб юрибди.

Исиданинг капалаги учиб кетди. У дам эрига, дам бири қўйиб, бири гапираётган одамларга жавдирарди. Эрининг миқ этмай турганидан сабри чидамай, деди:

– Бизнинг ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ! Ахир биз ҳам Улуғшаҳарданмиз, Улуғшаҳарликлар қайси йўлни тутишса, биз ҳам ана шу йўлдамиз!..

Исиданинг гаплари одамларни анча шаштидан туширди. Фурсатни ғанимат билган Ёсида эрини судрагудек бўлиб юриб кетди. Одамлар индамай уларнинг ортидан кузатиб қолишди.

 ***

 Эҳудр умрининг сўнги кунларини мўъжаз ҳовли адоғидаги устахонасида ўтказар, уззукун мук тушиб олиб, матнлари устида ишларди. Қария чарчоқ билмас, таомга ҳафсала қилмас, хатти-ҳаракатларидан шошаётганга ўхшарди. Кекса вужудини жон тарк қилганида ҳам қўлида ёғоч-қалам тутганича қаршисидаги ҳали қуриб улгурмаган лой-тахтачага юзтубан бўлганди. Қариянинг юзи акси қолган ўша тахтача ундан қолган сўнгги ёдгорлик бўлиб қолди. Бошқача айтилса, мазкур тахтача кутубхона-устахонадаги битикларга қўйилган муаллиф-муаррихнинг имзоси эди.

Ҳаммуда шаҳардан бадарға қилинганидан бери кутубхона-устахонага ҳеч ким кирмаганидан ҳаммаёқни ўргимчак тўрлари эгаллаб олган, эшик ва деразаларга қалин чанг ўтирганди. Унинг ёдига бобосининг башоратомуз сўзлари тушди: “Болажоним, сендан бошқа ҳеч ким битикларни ўқимайди…” Беихтиёр унинг кўзларида ёш ҳалқаланди, бўғзига нимадир тиқилди. Бобоси билган экан, набирасидан бошқа одам бу ерга кирмаслигини. У кўзларини артиб, ўзига яқин қатордан биринчи сопол тахтачани олди. Ундаги битик ва шаклларни осонгина тушунди. У тахтачани қўйиб, кутубхона-устахонанинг олис бурчига, устига яшил мато ташлаб қўйилган қаторга борди. Матони олиб, ўзига яқин тахтачани олди. Номаълум белги ва шакллар, тушуниксиз матн. Бу бобосининг шаҳарнинг ақл соҳибларига қолдириб кетган жумбоқли матнлари эди. Иккинчи тахтача. Унда ҳам тушуниксиз битиклар. Уларни тушунмаса-да ҳамма тахтачаларни бирма-бир кўздан кечириб чиқди. Машғулотига шунчалар берилиб кетганидан қуёшнинг кўтарилиб, сўнг ботгани, атроф-борлиқни қоронғилик олганини ҳам сезмади. Кўзи ёзувларни илғамай қолганидан кеч кирганини пайқади…

Назарида сополаклардаги номаълум битиклар сирини очиш унинг тақдирига айланганди.

 ***

 Бобосининг сополакларидаги битикларни тушунишга муккасидан кетган Ҳаммуданинг кейинги кунларда кўнгли анча нотинч, тунлари ухлай олмасди. У бобосининг устахонасидан чиқмай қолган, умрининг сўнгги кунларини ўтказаётган кекса Эҳудрнинг худди ўзи эди. Қуёшнинг чиқиб, ботаётгани, тун ва кунларнинг бирин-кетин алмашаётганини сезмас, бутун борлиғи билан ёзувлар – белгиларга шўнғиганди. Бундай вақтларда уни ишидан алаҳситиш бефойда эканини билган аёли эрини ўз ҳолига қўйди.

У белгиларни тушунмаса-да, уларни зўр иштиёқ, ҳафсала ва қизиқиш билан назаридан ўтказар, қандай маънолар беришини тахминларди. Аммо битиклар маъноларини очавермасди. Ҳаммудани эса ҳайратангиз саркашлик бошқараётгандек эди…

…Шам эриб битаётганида ҳам у сополакларига тикилиб ўтирарди. Кўзлари қум тиқилгандек ачишар, боши лўқиллар, вужудида мадор қолмаганди. Қанча вақт устахонада ўтирганини билмади. Энг алам қиладигани – битиклар сирини оча олмади. Ёзувларга тикилиб ўтираркан, ич-ичидан қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳис қилди. Бобоси бу белгилар сирини ўзи билан олиб кетганига жуда-жуда афсусланди. Ёниб бораётган шам шуъласига қаради. Ҳамма нарса ана шу шуъла каби сўнаётгандек туюлди унга.

Шам ёниб битса-да у ҳануз сополакларга тикилганича ўтирар, дарчадан тушаётган ойнинг заиф ёғдусида жонини ҳалқумига келтирган битик-белгилар айқаш-уйқаш кўринарди. Хира тортиб бораётган ёзувлардан маъно тополмаслигини алам билан эслагач, беихтиёр бошини уюм қилинган сополаклар устига қўйди. Руҳи ва вужудига аллақандай енгиллик югурди…

Феруза осмон тоқини забт этган қуёш сахийлик билан нур сочади. Ҳузурбахш шаббода ям-яшил далалар, пальмазорлару узоқ-узоқларга ясланиб кетган узумзорлар ўртасида югуриб чарчамайди. Қут-барака ёғилиб турган гўзал водий узра, худди қўл етадигандек, оппоқ-оппоқ булутлар соябон.

Кўчалар равон, текис, одамлар эса… хийла ўзгачароқ. Бўй-басти, шакл-шамойили ўша-ўша, лекин уларнинг қарашлари, юриш-туришлари қандайдир ўзгача. Уларнинг нигоҳида қўрқув йўқ. Кўчадан илгарилаб юқориланса кенг майдон. Бу ердаги манзара эса ҳайратланарли. Сон-саноқсиз ҳайкаллар. Бари оппоқ мармардан йўнилган. Ҳар ҳил ҳолатда бўлса ҳам уларнинг қиёфаси, айниқса нигоҳи бир хил. Худди икки томчи сувдек. Ҳозиргина кўчада кўрган одамларникидек. Лаблар истеҳзоли қимтилган, қарашларда озгина кибр, шунингдек: “Бор-йўғи шуми?” деган саволни ўқиш мумкин.

Нимадандир қўрқиб, қўлларини билан ўзини ҳимоя қилишга уриниб, ортга тисарилган, кўзларида чексиз даҳшат муҳрланган ўша ҳайкалчага бу ҳайкаллар асло ўхшамасди.

Ҳайкаллар орасида кимдир кўриниш берди. Юриш-туриши жуда-жуда таниш. Боши қуйи солинган, кетиб боради. У аста ортига ўгилди. Бу… Эҳудр эди. Кекса, елкаси букчайган қария эмас, айни кучга тўлган, барваста ва кўркам.

“Бу ерда нима қилиб юрибсиз?!” – сўрабди у.

“Ҳайкалларни тадқиқ этиб юрибман, бўталоғим!” – дермиш Эҳудр.

“Ҳайкалларни?! Бу тошларнинг нимасини тадқиқ этасиз?”

“Ҳамма ўз қисматидан баҳс юритади, чироғим… Бу ҳайкаллар шу ҳазоранинг сурати!”

Бошқа сўз айтмай Эҳурд ортига бурилиб, йўлида давом этди. Ҳеч қанча ўтмай ҳайкаллар орасида кўздан йўқолди…

 Ҳаммуда кўзини очганида қоронғу устахонада эканини сезди. Шам эриб битган, қаршисида бир уюм сополаклар. Вужуди жиққа терга ботган. Кўз олдида туши гавдаланди. Ҳайкаллар, бобоси ва унинг айтган сўзлари: “Ҳар ким ўз қисматидан баҳс юритади…” У бир муддат жим бўлиб қолди. Нафас олаётгани ҳам сезилмасди. Ҳайкалчани ясаганида ҳам шундай туш кўрганди. Бир-бирига икки томчи сувдек ўхшайдиган қариялар ҳам худди шундай дейишганди. Бу сафар эса бобоси… Бунда бирор маъно бормикин? Нега бундай туш кўрди? Беихтиёр нигоҳи сополакларга тушди. Балки шулар билан боғлиқ эмасмикин? Улардаги битиклар ҳамон ўз сирини очишни истамасди…

 ***

 Қуролланган аскарларни кўриб Ёсида жуда қўрқиб кетди. Норғул, елкалари кенг, мушаклари ўйнаб турган ва лаблари қалин йигит олдинга бир қадам ташлаб, қаҳрли нигоҳини унга тикди. Ёсида уларнинг ким эканлигини дарҳол фаҳмлаганди. Олий ҳукмдорнинг раҳм-шафқат ҳиссидан маҳрум хос соқчилари. Ҳукмдор раъйига ўтирмаган ишлар қилган фуқароларни жазолаш шуларнинг зиммасида эканини эшитган Ёсиданинг оёқ-қўлидан мадор қочиб, пахса деворга суяниб қолди.

– Ҳаммуда деган одам шу ерда яшайдими? – сўради лаблари қалин йигит. Кўриниши ва дағдағали гапиришидан соқчиларга бошлиқ эканини пайқаш қийин эмасди.

Ёсиданинг ортидан Ҳаммуданинг жарангдор ва ўктам овози эшитилди:

– Менман!

Эрининг овозини эшитиб, ўзига келган Ёсида шошиб ортга ўгирилди. Ҳовлидан Ҳаммуда чиқиб келарди. Унинг нигоҳи қатъий, синовчан тикилган, худди савашга кираётган жангчининг кўзларидаги маъно бор эди.

Соқчибоши Ёсидага эътибор бермай унга юзланди. Шунча йўл юриб келишга мажбур қилган одамни яхшилаб кўриб олиш мақсадида уни бошдан оёқ кўздан кечирди. У дағал матодан узун кийим, теридан тикилган шиппак кийганди. У соқчибошининг ғариб тасаввуридаги фитначи ёки жиноятчиларга ўзшамасди. Соқчибоши бир муддат иккиланиб тургач ортидаги аскарларга буюрди:

– Қўлини… боғланглар!

Қизиқ, авваллари у буйруқларни ҳиссиз, юраги ачимай бераверарди. Бу сафар эса ундай бўлмади. Юрагида қандайдир… ғашликни сезди.

Аскарлар Ҳаммуданинг қўлларини орқасига қилиб боғлаганларида Ёсида ўзига келди. Жонҳолатда ўзини эрини устига ташлади. Аскарлар бир амаллаб уни эридан ажратиб олишди.

Ҳаммуда кўзларидан дув-дув ёшлар оқаётган аёлига юзланди.

– Шаҳардан кет, Ёсида! – деди у.

Ёсида ҳайратдан қотиб қолди. Қулоқларига ишониб-ишонмай эрининг кўзларига тикилди. Бу сафар Ҳаммуданинг қарашлари мулойим эди.

– Айтганимни қил, тезроқ кет, – деди у яна.

Аскарлар уни ўртага олишиб, соқчибошининг ортидан йўлга тушишди.

 ***

 …Синаар кенгликларидаги энг муҳташам бино – ҳукмдор саройи. Узоқдан қаралса қалдирғоч инини эслатадиган, бир-бирининг пинжига тиқилиб олган авомнинг паст-баланд уйлари орасида сарой янада кўркам, улуғвор кўринади. Баланд, кунгурадор девор билан ўралган бўлиб, тўрт тарафида шер боши туширилган биттадан дарвоза. Улардан фақат биттаси очилади, қолганлари доимо тақа-тақ ёпиқ. Соқчилар иҳотасидаги Ҳаммудани шу дарвозадан ичкарига олиб киришиб, саройнинг юқорига ошиёнига олиб чиқишди. Бу ер кенг зал бўлиб, алоҳида зийнатланган эди. Залнинг икки деворига илинган машъалалардан ичкари анча ёруғ. Оёқ остига ётқизилган, юзасига ҳафсала билан ишлов берилиб, силлиқланган тошлар, деворлардаги турфа афсонавий мавжудотлар тасвирланган кошинларда машъалалар аксланиб, ажиб жилваланар, залга хаёлий, одамнинг тасаввурига ҳам сиғмайдиган манзара берарди. Шаҳардаги оддий фуқаро ҳаёти бошқа олам бўлса, бу ердагиси тамоман ўзгача. Ҳаммуда ўзини бир дунёдан иккинчисига қадам қўйгандек ҳис қилди. Унга қарама-қарши томонда белигача яланғоч мулозимлар қўл қовуштириб, олий ҳукмдор ташрифини кутиб туришарди.

Ниҳоят, бошқа мулозимлари иҳотасидаги ҳукмдорнинг ўзи ҳам кўриниш берди. У оғир қадам ташлар, қовоғи солиқ, қарашлари вазмин, гўё тузалмас хасталикдан азобланаётган беморга ўхшарди. Мулозимлар унинг риоясида қадам ташлардилар. У Ҳаммудага эътибор бермай тахтига бориб ўтирди.

Ҳукмдорни энди кўраётган Ҳаммуда фуқаро итоатини ҳам унутиб, унга ошкора қизиқиш билан тикилди. Замин қолиб, осмонлар ҳукмдорлигига даъво қилган одам. Оддий фуқародан ҳеч қандай фарқи йўқ. Осмонларга ҳукмфармолик қилиш унга нега керак? Шунда унинг кўз олдидан тушидаги ҳайкаллар ва улар орасида юрган бобоси ўтди. Айниқса, бобосининг сермаъно нигоҳи унинг кўз олдидан кетмай қолди. Гўёки унга нимадир демоқчи бўлаётгандек. Кутилмаганда уни саросималик олди. Назарида… устахонадаги сополаклар ўз сирини оча бошлагандек эди.

Ҳукмдор тахтига ўтиргач, Ҳаммудани энди кўраётгандек унга синовчан тикилди.

– Сенми ўша Эҳудр авлодларидан бўлган Ҳаммуда? – сўради у узоқ давом этган жимликдан сўнг.

– Ҳа, ҳукмдорим, – саройга келганидан бери энди бош эгиб, таъзим қилди Ҳаммуда.

– Сен ҳақингда кўп эшитдик, – давом этди ҳукмдор. – Шаҳарда ҳар хил беибо гапларни тарқатаётган экансан, шундайми?

Ҳаммуда бундай саволни кутмаганидан нима дейишни билмай қолди. Ўзини оқлаш бефойдалигини билса-да кўпдан бери қийнаб келаётган нарсаларни айтишни лозим топди.

– Ҳамма нарсада мен… қандай тушунтирсам экан, буюк қонуниятни кўраман. Доим бир вақтда қуёшнинг чиқиши ва ботиши, кун ва туннинг алмашиши… ҳамма-ҳаммасида. Омонат ва ожиз инсон буларнинг тартибини бузишга қодирми? Ҳеч! Ҳатто, мана ўзанидан ошган Фурот олдида ҳам чорасиз! Шунда англайманки, инсон боласи бунда ҳокими мутлақ бўла олмайди. Сабаби, у ҳам ана шу қонуниятларга бўйсуниб яшайди. Инсоннинг дунёга келиши, ўсиб-улғайиб, қаригандан сўнг йўқлик дунёсига дохил бўлишида унинг чорасизлигини англаш, ўқиш мумкин.

Ҳукмдорнинг кўз ўнгида итоаткор фуқаро эмас, исёнкор одам бўй берди. Унинг сиймосида вайронкор ва тажовузкор куч мужассам эди. Сония сайин бу куч улғаяр, унинг қаршисида эса ҳукмдор ўзини тобора ожиз сезарди. Бундан бир неча дақиқалар аввал Ҳаммудани измига бўйсундирган саросима энди ҳукмдорни мувозанатдан чиқарди. У бунга чидай олмай ўрнидан туриб кетди. Косасидан ирғишга тайёр кўзлари ола-кула, қон қочганидан юзи кесак тусига кирди.

– Ўзингни ким деб ўйлаяпсан! – саройни бошига кўтаргудек бўкирди у. – Ҳамма гапларинг сафсата! Ер ва самога мен ҳукмдор бўламан! Мен! Мен!

Жазаваси қўзиган ҳукмдорнинг сиёқи Ҳаммудага жуда таниш кўринди. Уни ҳукмдорнинг сўзлари эмас, айнан таҳдидли кепатаси ҳайратга сола бошлаганди. Умрида биринчи марта кўраётган бўлса-да, уни кўпдан бери танийдигандек эди. Уни аввал ҳам кўрган. Лекин қаерда, қачон? Бироқ ҳеч эслолмасди.

– Минора – менинг қудратим! – давом этарди ҳукмдор. – Минора бу менман!

У қўлини пахса қилди. Шунда Ҳаммуда ҳайрат ва даҳшатдан қотиб қолди: ҳукмдорнинг бу ҳолати унга тушида кўрган ўша ҳайкалларни эслатарди! Худди ўша ҳайкаллар. Унинг юрак уриши тезлашиб, томоғи қуруқшади.

– Нега индамайсан? – ғазабнок сўради ҳукмдор.

Ҳаммуда унинг кўзларига тик қаради.

– Ҳукмдорим… бизнинг ўрнимиз ерда, самода эмас…

– Бас! – ҳукмдорнинг гулдурак овози зал деворларини титратгудек аксланди. Аъёнлар ва мулозимлар ҳукмдорнинг қаҳрли нигоҳини учратиб қолишдан чўчиб, кўзларини ерга қадаб олишганди.

– Қандай ҳаддинг сиғди, менга қарши чиқишга?!

– Ҳукмдорим, мен асло сизга қарши чиққаним йўқ, – деди Ҳаммуда. – Мен сизга… – кутилмаганда у жим бўлиб қолди, хаёлига туйқус ўй урилди: – Мен сизга… азалий ҳақиқатни айтдим, – бу ўй миясига қаердан келганига ўзи ҳам ҳайрон бўлган Ҳаммуда паст овозда деди.

Ҳукмдор итоат занжирини узган фуқаросини жаллод ихтиёрига бермоқчи бўлди-ю, негадир сўнгги сонияларда аҳдидан қайтди. Қасос олишга улгураман, деган хаёлга борди. Тез орада минора битади, бунга шубҳа қилмайди. Ана ўшанда мана бу нобакор ҳукмдор миноранинг энг юқорига ошиёнига кўтарилишини ўз кўзлари билан кўриши керак. Минорага кўтарилган авом орасида унга жой бўлмасин. Ва айтган бу беибо (у шундай ҳисобларди) сўзларига афсус-надоматлар чексин. Худди ғалаба қозонгандек, ҳукмдор ширин энтикди.

– Марҳаматимиз кенг, – деди у кутилмаганда ҳовуридан тушиб. – Жонинг ҳозирча омон бўлсин, истагимиз шу.

Аъён ва мулозимлар ҳукмдор ғазабидан тушганига анча енгил тортишди.

– Буни зиндонга ташланглар! – буюрди ҳукмдор.

Зал эшиги ёнида қўл қовуштирган соқчилар дарҳол Ҳаммуданинг қўлларини орқага қилиб қайирдилар. Уни туртиб-суртиб ташқарига олиб чиқиб кетишди…

 ***

 Кичкинагина туйнукчадан ичкарига сизган ёруғлик намчил деворларни аранг ёритади. Агар шифтдан томаётган томчининг овозини демаса, ўлик сукунат ҳукмрон. Зах деворга суяниб ўтирган Ҳаммуда бу ерга ташланганига қанча бўлганини ҳам эсидан чиқарди. Қуёшнинг чиқишию ботиши унга фарқсиз. Сурати ичкарида, сийрати… бобосининг устахонасида. Кўз олдидан ўша битиклар ўтаверади, ўтаверади. У ёнидаги тош бўлакчасини олиб, деворга ўша битикларни тушира кетди. Устахонага қаланган ҳамма сополаклардаги битиклар миясига шундоқ нақшланиб қолганидан уларни адашмай, бехато ёзарди. Орадан қанча вақт ўтганини билмади. Ортига бир қадам тисарилиб деворга қаради-ю, аввал кўзларига ишонмади. Кейин уни енгиб бўлмас ҳайрат измига бўйсундирди. Унинг қўллари титрар, тили сўзга айланмасди. Ўша белги-ю битикларни қандай бўлса шундайлигича ёзгани ёки сополаклардаги бирор нуқтани ҳам қолдирмагани учун эмас, балки уларни тушунаётгани тилини боғлаган, мадорини олганди. Ишонгиси келмасди: у Эҳудрнинг шу дақиқаларгача махфий қолган матнлари сирини очганди! Ҳар бир белги, битикнинг маъносини тушунмоқда эди. Ўзини қўлга олгач, журъати етиб-етмай деворга аста яқинлашди. Титроқ тарк этмаган қўли билан битикларни зўр эҳтиёткорлик билан силаб, уларни пичирлаб ўқишга тушди. У тутилиб-тутилиб ўқир, битиклар ҳали замон яна маъносини яшириб оладигандек ҳадик ва хавотири сония сайин ортиб борарди. Деворга шунча белги ва битикларни ёзиб ташлаганига ўзи ҳам ҳайрон бўлар, улар ҳали-вери тугамайдигандек туюларди. Ниҳоят, сўнгги белгига етиб келиб, томоғи ақл бовар даражада қуруқшагани, авзойи бадани жиққа терга ботганини туйқус англади. Лекин у бунга эътибор қиладиган аҳволда эмасди. Бобосининг битиклари бошдан-оёқ машъум башорат эди. Ёдида қолган энг сўнгги жумла лабларидан заиф ун бўлиб учди:

– “Кейин одамлар Синаардан қувилдилар…” 

У бир муддат ўқиганларига ишонмай тургач, жонҳолатда эшик томон ўзини урди. Қалин ёғочдан ишланган эшикни муштларкан, қичқира кетди:

– Илтимос, эшикни очинглар! Очинглар эшикни! Олий ҳукмдорга айтадиган сўзларим бор!..

Бироқ ҳеч ким уни эшитмасди. Эшитса ҳам эътибор бермасди. У бу азим шаҳарда ёлғиз қолган. Буни алам билан ҳис қилган Ҳаммуда ўтирди-ю эшикка суянди. Шу алфозда қанча ўтирганини сезмади… Шитирлаган овоздан чўчиб тушиб, овоз келган томонга юзланди. Не кўз билан кўрсинки, ҳозиргина белги-ю битикларга тўлдириб ташлаган девордан… оппоқ матодан ридо кийган, кўзлари аввалгидек хира, сўник эмас, балки порлаб турган, юзи ҳам тиниқлашган, қадди тик Эҳудр тушиб келарди. Худди зинадан тушиб келаётгандек салмоқ билан қадам ташларди. Ҳаммуда беихтиёр ўрнидан туриб, бобоси томон юрди. Эҳудр гўё ҳозиргина қаергадир чиқиб кетиб яна қайтиб келгандек набирасига бир қараб қўйди-да, қаердандир пайдо бўлиб қолган курсига ўтириб олди.

– Сени кўрганлар юзга кирдимикин, деган хаёлга боради, болажоним, – унга ёқимли жилмайиб, деди у.

– Мен… ҳали ўттизга ҳам кирмадим-ку…

– Айтаман-да… – Эҳудр ҳозиргина чиқиб келган деворга қараб, ўзининг матнларини таниганидан юзи яна-да ёришиб кетди.

– Буни қара, болажоним, сени шунчалар азобга қўяман, деб ўйламаган эканман, – давом этди у. – Охир-оқибат бу битикларнинг сирини очибсан-да, қойилман сенга!

– Наҳотки… наҳотки шаҳарнинг қисмати шундай бўлса?!

– Шаҳарнинг номи… Бобил бўлади, чироғим. Яъни, туғён ва кибрга кетган шаҳар. Битиклардан мурод ҳам шу.

– Нажот йўқми унга?

– Болажоним, Бобил ўзининг қисматини ўзи белгилади, – хотиржам деди Эҳудр. У ридоси остидан қатор ҳайкалчаларни чиқариб, Ҳаммуданинг қаршисига бирма-бир териб чиқди.

– Буларни танидингми? – сўнгги ҳайкалчани қўяркан, сўради Эҳудр.

Ҳайратдан Ҳаммуданинг тили боғланди. Ахир бу ўша… тушида кўрган ҳайкаллар-ку! Бобоси буларни қаердан олди экан? Ажаб, бировнинг тушидаги нарсаларни қўлда тутиб, уларни ёнма-ён териб бўлса-я!

– Эсингда бўлса ўшанда сенга “ҳайкалларни тадқиқ этиб юрибман”, дегандим, эсладингми?

– Тушимдами?

– Ҳа.

– Эсимда…

– “Бу тошларнинг нимасини тадқиқ этасиз”, деб ҳам сўрагандинг. Қандай жавоб берганим ҳам ёдингдами?

– Ёдимда. “Бу ҳайкаллар шу ҳазоранинг сурати”, дегандингиз…

– Худди шундай, болажоним, Улуғшаҳар энди Бобил бўлди! – унинг кўзларига жиддий тикилди Эҳудр. Энди унинг кўзларида меҳрибон бобонинг эркалатувчи назари эмас, қаҳри қаттиқ ҳакамнинг ўқдек қадалган совуқ нигоҳи зоҳир эди. Буни англаган Ҳаммуданинг вужудини муздек тер қоплади.

– Фақат мана шу ҳайкалчагина омон қолади, – Эҳудр қўйнидан бошқа ҳайкалчани олди. Ҳаммуда ҳайратдан тошдек қотиб қолди: бу ўзи ясаган ўша ҳайкалча эди.

– Бу ҳайкалча Бобил аҳлидан гувоҳлик бериб туради! – Эҳудр шундай дегач ўрнидан турди. Набирасига қараб, деди:

– Бу ердан кет, болажоним, сўнгги сўзим шу!

У ортига ўгирилди. Белги ва битиклар битилган девор томон юрди. Девор ютдими ёки ҳавога сингиди, Ҳаммуда буни билолмай қолди.

– Тўхтанг! Тўхтанг! – қичқириб юборди у.

…У кўзларини очганида ҳамон эшикка суянганича ўтирганини кўрди. Хаёлидан туйқус бобоси ўтди-ю жонҳолатда ўрнидан туриб кетди. На ҳайкалчалар, на бобоси ўтирган курси кўринарди.

У туш кўрганини англади.

 ***

 Қамоқхона эшигидаги занжирнинг шиқирлашидан Ҳаммуданинг ўйлари тўзғиди. Эшик оғир сурилиб очилди. Аввал соқчи кўринди.

– Менга қара, маҳкум, аёлинг келибди. Нарсаларни ол-да, гапни қисқа қил! – буюрди у.

Ҳаммуда эшик томон ошиқди. Остонада Ёсида кўринди. Унинг юзига қўрқув кўланка солган, кўзлари жонсарак эди.

– Ёсида, нега шаҳардан кетмадинг? – Ҳаммуданинг биринчи айтган сўзлари шу бўлди.

– Нега?! Ахир сен шу ердасан-ку!

– Кетишинг керак, Ёсида, фурсат борлигида кетишинг керак! – Ҳаммуда ўзига ўхшамасди. Кўриниши ва гапларидан эс-ҳушини йўқотган одамга ўхшарди.

– Мени қўрқитма, Ҳаммуда… – Ёсиданинг кўзларида ёш ҳалқаланди.

Кутилмаганда ташқарида нимадир гумбурлади. Чақмоқ чақиб, ҳатто қамоқхонанинг олис, қуёш нурлари етиб бормайдиган олис-олис бурчакларини ёритиб юборди. Ҳаммуда ҳам, Ёсида ҳам қўрқиб, эшик томон қарашди. Шошқалоқ оёқ товушлари, кимларнингдир бақирганлари эшитилди. Бир муддат иккиланиб турган Ҳаммуда ташқарига чиқди. Қамоқхона нозирлари, соқчилари қаёққадир югуришарди.

– Нима бўлди? – эрига хавотирланиб қаради Ёсида.

– Нимадир бўлди шекилли…

Ҳаммуда гапини тугатишга улгурмади. Кутилмаганда қаршиларидаги девор аввал иккига бўлинди-да, ағанади. Уларнинг кўз олдида қиёмат қўпаётган шаҳар бўй берди. Яна кучли шамол турган, сония сайин куч олиб қутурар, йўлида учраган нарсани чирпирак қиларди. Ҳаммуда беихтиёр ортига тисарилиб, худди унга кимдир ҳужум қилаётгандек қўллари билан ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлди. Эрини бу алфозда кўрган Ёсиданинг ёдига эри ясаган ўша ҳайкалча тушди-ю ҳайрат ва қўрқувда вайрон бўлаётган шаҳарни, уюрма қилиб ўйнаётган шамолни ҳам унутди. Ҳаммуда ўша ҳайкалчага айланиб қолгандек эди. Шамол қутурар, ҳаммаёқни чанг-тўзонга ўрар, Ҳаммуда эса қаёққадир илтижо билан тикилганича қўлларини кўтарганди.

– Ҳаммуда!!! – Ёсиданинг асаблари бунга дош бермай қичқириб юборди.

Ҳаммуда аёлининг чинқириғидан ўзига келди. Чанг-тўзон пардаси ортида энди тоғдек қад ростлаган минора кўринди. У… бир томонга оға бошлаганди! Ҳаммуда нафасини ютганича ундан кўзларини узолмай қолди.

– Қулаяпти… – пичирлади Ҳаммуда.

– Нима?! – ҳеч нарсага тушунмаган Ёсида сўради.

– Улуғшаҳар… Бобил қулаяпти!

Ҳаммуданинг кўз олдида Эҳудрнинг сополакларидаги битиклари бирма-бир ўта бошлади. У уларни ҳеч қийналмай ўқий оларди. Бобосининг бу қадар аниқ-тиниқ қилиб Улуғшаҳар келажагидан баҳс юритганидан ҳайратининг чеки йўқ эди. Эҳудр Улуғшаҳар устидан шафқатсиз ҳукм ўқиганди. Энди қулаётган минора устида бўрон қутурарди. Минора ундан маҳкам ушлаб, қаддини ростлашга уринаётган, бўрон эса эрмак қилиб, ўзини олиб қочишга ҳаракат қиларди. Ҳаммуданинг назарида қулаётган минора устида бўрон рақсга тушаётган эди! У яна бобосининг ҳайратангиз закосига тан берди. Сополаклардаги битикларни бақирганича айтишга тушди:

– Ерда улар тарқалдилар! Кўпайдилар! Ер камлик қилиб, Самога кўз тикдилар! Кўприк-минора қуриш васвас этди қавмларни. Кўприк уларни Самога эмас, Ер тубига элтди. Кўприк устида ғазабнок бўронлар рақс тушди…

У бир зум бўлсин тин олмасди. Бўрон кийим-бошларини тортқилар, сочларидан юлгудек бўлар, аммо у бунга парво қилмасди. Кекса Эҳудрнинг сополакларида битилган ҳар бир белги, ишорани ёддан айтиб қичқирарди. Булар Улуғшаҳар ҳазораси устидан ўқилган шафқатсиз ҳукм эди.

Ер ютаётган Улуғшаҳар, Эҳудр айтганидек, Бобил узра эса қутураётган бўронлар рақс тушарди.

«Шарқ юлдузи» журналидан 2016 йил, 7-сон

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС
Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш
ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР
ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ! ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!