"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Улуғ йўл давом этади!

Ўқилди: 490

Бугун мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси Ислом Каримов вафот этганига қирқ кун бўлди. Қирқ кундирки, меҳрибон раҳбаримиз, доно Йўлбошчимиз орамизда йўқ… Бир ҳикмат борки, унга кўра, улуғ инсонлар ёруғ дунёда ўзларининг фидойиликлари, фавқулодда шижоати, холис меҳнати, садоқати билан Ватан номини баланд тутиб, элни бирлаштириб, одамларни бир-бирига дўстлаштириб, эзгулик нурини сочиб ўтадилар, ҳатто уларнинг вафотлари ҳам Ватанни қурч айлашга, халқни янада жипслаштиришга, юрт тинчлигини сақлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўзбек халқининг ана шундай асл фарзанди эди. Унинг орзу-ҳаваслари жуда улкан эди. “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!” деган сўзларни ғурур билан айтишни яхши кўрарди. Буюк Юртбошимизнинг ушбу сўзлари жуда катта ҳаётий асосга эга эканлигига бугун бутун дунё шоҳид бўлиб турибди. Кўнгилларни яшнатадиган бинолар, равон йўллар, обод қишлоқлар, кўркам шаҳарлар, шинам боғлар, ҳайратомуз иншоотлар, дунё андозасидаги завод-корхоналар, улкан қурилишлар, бус-бутун муҳташам Ўзбекистон… Бамисли эртаклардагидек манзара!

Шу ўринда, Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида бунёд этилган бир иншоот ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Мен Фарғона водийсини пойтахт билан улаган Қамчиқ довонидаги 19,2 километрлик туннелни, тошкесарлар, тоғкесарларнинг   мислсиз шижоатини назарда тутмоқдаман.

Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони қаҳрамони Фарҳод шаҳду шиддат кўрсатиб, метин тошларни кесиб, “Айн ул-ҳаёт” (Ҳаёт булоғи)дан ариқ очиб, оби ҳаётни ўзи севиклиси Ширин учун тошдан бунёд этган маҳобатли қаср пойидаги “Баҳр ун-нажот”(Нажот денгизи)га олиб бориб қуяди, элни обод этади… Ҳа, тош кесиш, тоғни қазиш — бизга бобомерос касб. Шу сабабдан, қаҳрамон қурувчиларимиз тоғ кесиб, довон узра йўл очдилар. Ҳозир бу йўлдан поездларнинг қатнаётганини кўриб, дилдан қувонади киши.

Юртбошимиз Истиқлолимизнинг баҳоридаёқ айтган: “Мустақиллигимизнинг бош вазифаси — ўзбек халқининг иззатини жойига қўйиш”, деган даъваткор сўзлари кўнгилларни бағоят руҳлантириб юборган эди.

Ислом Каримов раҳнамолигида мустақил Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида ташлаган залворли қадамлари — бу катта-кичик давлатлар билан ҳамкорлик муносабатлари бўладими, ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаслик, ўзбек аскарларининг юртимиздан ­ташқарида бўлмаслиги каби масалалар бўладими — ҳамма жойда халқимизнинг иззатини юксак қўйиш туйғуси, масъулияти ­Биринчи Президентимизнинг ҳамиша юрак тўрида бўлди.

Мен Юртбошимиз Ислом Каримовни ­Соҳибқирон Амир Темур бобомизга қиёс қилгим келади. Бунга етарли асослар бор. Эътибор беринг:

Амир Темур буюк давлат арбоби сифатида арслон юракли, қўрқмас, ёвқур эди, бу сифатни Ислом Каримовга нисбатан ҳам айта оламиз.

Ҳар иккиси ҳам ўз Ватанини, халқини севар, она юртни деб жонини беришга тайёр турар эди (Ислом аканинг ўз маърузаларида, шундай сўзларни кўп бор айтганига барчамиз гувоҳ бўлганмиз).

Ҳар иккиси ҳам ўзи учун яшамади, балки халқим деб, юртим деб ёниб яшади.

Ҳар иккиси ҳам адолат маёғини маҳкам тутди. Амир Темур “Куч — адолатда!” деган шиорни кўтариб чиққан бўлса, Ислом Каримов бу улуғ ҳикмат мазмунини маънавий жиҳатдан бойитиб, “Куч — билим ва тафаккурда!” дея унга юксак мақом берди. Бежиз эмас, ҳар икки улуғ сиймо ҳам “Юрт адолатсиз тура олмайди” деган сўзларни яхши кўришар, ҳамиша унга амал қилишарди.

Ҳар иккиси ҳам кечиримли инсонлардан эди.

Амир Темур буюк Турон давлатини барпо қилди, унинг довруғини бутун дунёга ёйди. Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатига асос солди, уни бутун дун­ёга танитди, “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат!” шиорини ўртага ташлади.

Амир Темур бунёдкор сиймо эди, Ислом Каримов ҳам бемисл бунёдкор эканини намойиш қилди. Бу улуғ сиймоларнинг, бири олти юз йиллар олдин, иккинчиси кейинги йигирма беш йил ичида Ватанимизда қурган бинолари, тиклаган шаҳарлари,   улкан бунёдкорлик ишлари бугун жаҳонни ҳайратга солмоқда.

Ислом Каримов буюк бобосидан кўп фазилатларни олишга интилар эди. У доимо столи устида турадиган “Темур тузуклари”ни мутолаа қилишини, ундан ўзини қийнаган саволларга жавоб топа олишини фахрланиб гапирар, ёшларни бу нодир   китобни ўқиб-ўрганишга даъват этарди.

Ислом Каримов ёшларни жуда яхши кўрар, самимий оҳангда, чин юракдан: “Барчангиз менинг фарзандларимсиз!” дер, уларни келажагимиз деб ардоқлар эди. Ана шу юксак эътибор     туфайли ёшларимизнинг камолга етишида кўп имкониятлар   яратиб берилди.

Биргина мисол: спорт соҳасини олсак, уч босқичли “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” мусобақаларининг ташкил этилиши ўхшаши йўқ, ўзига хос ноёб ҳодисадир. Унинг оламшумул илк натижаларини кўрмоқдамиз. Мана, Рио-де- Жанейродаги Олимпия ўйинларида ўзбек спортчилари еттита олтин, иккита кумуш, тўртта бронза медалини қўлга киритдилар ва дунёни қойил қолдирдилар.

Маънавий соҳада ташланган қадамлар ҳам залворли.       Юртбошимизнинг биргина Соҳибқирон Амир Темурни халқимизга қайтариб берганининг ўзи тарихимизда   бемисл ҳодиса, буюк қаҳрамонликдир!

У киши Соҳибқирон Амир Темурдай буюк сиймо билан чексиз равишда фахрланарди. Амир Темур шаънини кўтариш — халқимиз шаънини кўтариш демакдир. Ёки   Ислом ака айтганидай: “Амир Темурни англаш — ўзликни англаш демакдир”. Умуман олганда, тарихимизга мутлақо янгича ёндошишни бошлаб берган зот муҳтарам Юртбошимиз ҳисобланади.

Биринчи Президентимизнинг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласи бутун қалам аҳлига нисбатан улкан жонкуярлик ва меҳрибонлик туйғуларини ўзида ифода этади. Рисола Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг дастуриламалига айланган.

Ислом Каримов қалам аҳлини ўзига жуда яқин тутар, адибларни янги ва яхши асарлар ёзишга илҳомлантирар, ижодкор зотини авайлар, туриш-турмушидан доим яхши хабардор бўларди. Учрашувларда ёзувчилардан, қандай асарлар ёзаётгани ҳақида сўраб-суриштирар, китобини тезроқ битиришга даъват этарди. Ўзимдан қиёс: доим бирор нарса ёзсам, шуни Ислом ака ўқийдилар, деган тушунчада бўлардим, бу нарса мени ҳамиша ҳушёр туришга ундар эди. Менимча, бошқалар ҳам шундай ҳолни бошдан кечиришган бўлса, ажабмас. Чиндан ҳам, асарларимизни ул зот ўқирдилар, асарларимиз ҳақидаги фикрлари бизга етиб келарди.

2016 йил 8 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик   палатаси ва Сенати қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча   юклаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қўшма мажлисда мамлакатимиз Бош вазирининг маърузасида эртанги кунга бўлган улкан ва қатъий ишонч туйғулари уфуриб тургани, салобат ва босиқлик ўз аксини топгани бутун халқимизнинг кўнглини кўтарди. Ҳар бир ватандошимиз халқимиз, давлатимиз тақдири ишончли қўлларда эканига ишонч ҳосил қилди.

Ҳа, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бошлаган ишлар асло тўхтамайди.

Улуғ йўл давом этади!

Муҳаммад Али,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,

Халқ ёзувчиси

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ