"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БУЮК ЙЎЛБОШЧИ

Ўқилди: 610

Бугун Ватанимизнинг халқаро майдонда юксак эътибор ва эътироф топиши барчамизнинг кўнглимизга ғурур бағишламоқда. Ўзбекистон мустақиллиги гарчи 1991 йил 31 августда эълон қилинган бўлса-да, бунинг заминини яратиш борасидаги ишлар Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг шижоати, кучли сиёсий иродаси, маънавий жасорати боис 1989 йил июн ойидан бошланганини алоҳида қайд этиш лозим.

14067436_2082338908658625_2985772814909206853_n

Мустақилликка эришишга давлатимиз раҳбари ҳаёт-мамот масаласи сифатида қаради. Муҳтарам Юртбошимизнинг боқий асарларида мустақилликнинг асл моҳияти, бизнинг келажак йўлимиз аниқ-тиниқ кўрсатиб берилган. «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир» номли кенг қамровли китобни чуқур ўрганиш асносида «Ким эдигу ким бўлдик? Эртага ким бўлишимиз, қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?» деган ҳаётий саволларга жавоб топгандек бўламиз.

Мустақиллик йилларида одамларимиз истиқлолга қадар кўп йиллар давомида шаклан озод, мохиятан эса куллик ҳолатида яшаб келганини англаб етди. Халқмиз бошидан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл кўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани турли йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат килинган. Шунинг учун ҳам истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ миллий давлатчиликни мустаҳқамлаш энг долзарб ва ҳал қилувчи вазифалардан бирига айланди.

Бундан йигирма беш йил олдин Ислом Каримов Ўзбекистоннинг истиқбол йўлини белгилаб берар экан: «Ишонинглар, Ўзбекистоннинг келажаги, албатта, буюк бўлади», деган даъваткор сўзларни айтганларида, сир эмас бунга шубҳа билан қараганлар ҳам бўлган. Ҳозир эса юртдошларимизнинг бирортаси ўзини ўтган асрнинг 90-йилларидаги кайфият билан юрган инсон деб ҳисобламайди.

Мустақиллик арафасида ва истиқлолимизнинг дастлабки кезларида бутун мамлакатни ижтимоий-иқгисодий муаммолар қамраб олгани, таъминотдаги узилишлар, собиқ марказдан келаётган таҳдидлар жамиятдаги тангликни янада жиддийлаштирган, бунинг устига, ўз умрини яшаб бўлган сохта тузум тарафдорларининг турли фитна-найранглари, узоқ-яқиндан келаётган хуружлар кўпчиликнинг ёдида. Ўша қалтис дамларда аҳволни ўнглаш, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, одамларнинг мустақиллигимизга бўлган ишончини сусайтирмаслик учун кескин, аммо пишиқ-пухта, халқимиз манфаатларига ҳар жиҳатдан мос чоралар кўриш, адолатли қарорлар қабул кушиш, бунинг учун эса бутун масъулиятни зиммага олиш зарур бўлди.

Шу вақтдан бошлаб муҳтарам Ислом Каримов бошчилигида ўзбек халқнинг қадр- қимматини тиклаш ва уни ҳимоя қилиш жараёнлари бошланди. Кадрлар сиёсатида жиддий ўзгариш юз берди. Маҳаллий кадрларга бўлган талаб ва эътибор кучайтирилди.

Таъкидлаш жоизки, Ислом Каримовнинг республика раҳбарлигига келиши мамлакатнинг жуда оғир ҳолати — ижтимоий-иқтисодий ҳалокат ёқасига келиб қолган даврига тўғри келади. Бу ҳакида Л.Левитин «Ўзбекистон тарихий бурилиш палласида» асарида шундай ёзади: «Ислом Каримов ҳокимият бошқарувини кўлга олган пайтда Ўзбекистон ҳалокат ёқасига келиб қолган эди. Энди ҳеч ким фожиали воқеалар окимини ортга кайтара олмайдиганга ўхшарди. У ҳокимият тепасига мамлакатни бало-қазолардан сақлаб қолувчи ҳақиқий халоскор Раҳнамо сифатида келди».

Ислом Каримов ўз раҳбарлигининг дастлабки кунларидан мамлакатда миллатидан ва динидан қатъи назар, одамлар Ўзбекистонни ўз Ватани деб ҳисоблашларига нафақат даъват этди, балки улар учун шарт-шароит яратиш қайғуси билан яшади. Сулҳпарвар сиёсати туфайли қарама-қаршиликка барҳам берди, миллатлар ва динлар ўртасида тотувлик, барқарорликка эришишга муваффақ бўлди.

Шу ўринда 2011 йилда намойиш этилган «Ўзбекистон мустақилликка қадар ва шўроларнинг сўнгги талвасаси» ҳужжатли фильмни эслаш жоиз. Уни кўриш асносида мустақиллик арафасида Ўзбекистондаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий аҳвол кўз ўнгимизда гавдаланади. Унинг лавҳаларидан бирида 1991 йил 9 декабрь куни Наманган шаҳрида юз берган воқеа, яъни бир гуруҳ қўпорувчи кучлар вилоят ижроия қўмитаси биносини эгаллаб олиб, ҳар хил даъволар билан чиққанлари тасвирланади. Улар республика раҳбари билан учрашув ташкил қилишни талаб қиладилар. Президент Ислом Каримов эртаси куни тонгдаёқ Наманганга етиб келиб, ақидапарастлик ғоялари билан онги заҳарланган, жазавага тушган оломон орасига соқчи ва ҳамроҳларсиз бир ўзи, ҳеч бир иккиланмасдан, шижоат ва шиддат билан кириб боради.

Таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов Ислом Каримовнинг мустақиллик арафасидаги фаолиятига тўхталар экан, куйидагиларни айтади: «Тарихий бурилиш палласида баъзан бир одам давлат ва халқ такдирида ҳал қилувчи ва улкан роль ўйнайди. Бу инсон Ислом Каримовдир. У ҳозирги Туркистоннинг буюк сиймосидир».

Ислом Каримов ислоҳотлар ғояси «сокин кабинетларда» яратилмаслигини ўз фаолиятининг бош мезонига айлантирган давлат раҳбари эканлигини ижтимоий ҳаётнинг ўзи тасдиқлади.

Мустақиллик йилларида тараққиётни белгиловчи муҳим омил — маънавиятимизни инқироз исканжасидан олиб чиқдик: аждодларимиз, шу муқаддас заминда яшаган, башарият тарихида улкан из қолдирган алломалар, олимлар — бобокалонларимизнинг пок номлари тикланди.

Мустақиллик адолат, юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшашга замин яратди. Адолат устуворлиги, Юртбошимизнинг «Адолат ҳар ишда ҳамроҳимиз бўлсин» деган эзгу ғояси жамоатчилигимиз, айниқса, ички ишлар органлари ходимлари фаолиятида муҳим аҳамият касб этди.

Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш халқимизнинг азалий орзуси бўлиб келган, лекин уни рўёбга чиқариш имкони фақат Ўзбекистон мустақилликка эришгач пайдо бўлди. Ўтган йиллар мобайнида халқимиз Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида туб ўзгаришларни амалга оширди, тоталитар тузум қолдирган асоратлардан кутулиб, демократик жамият куриш борасида улкан тажриба тўплади.

Бугун мустақиллик туфайли эришган ютуқларимизни, давлатимиз раҳбари олиб борган ички ва ташқи сиёсатни дунё ҳамжамияти, жаҳоннинг кўзга кўринган арбоблари тан олмокда, эътироф этмокда. Жумладан, Хитой раҳбари Си Цзиньпин жаноблари Ўзбекистон Президенти билан учрашувлардан олган таассуротлари ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни таъкидлади: «Ўз юртида мустакил давлатни барпо этиш борасида улкан тажрибага эга, мамлакатининг гуллаб-яшнаши йўлида мисли кўрилмаган ишларни амалга ошираётган катта донишманд ва Буюк Йўлбошчи билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлдим. Ўзбекистон Президенти — мавжуд воқеликдан келиб чиқадиган ва узоқ келажакни олдиндан кўра оладиган, жаҳондаги барча муҳим муаммоларни — бу минтақавий ҳамкорлик ёки бутун дунёдаги ўзгаришлар бўладими — ҳамма масалаларни донишмандларча ва чукур таҳлил эта оладиган, глобал стратегик фикрлаш қобилиятига эга инсон. Ўзбекистон Президенти нуфузи миллиарддан ортиқ Хитой халқининг ҳақли равишда катта дўстидир. Ислом Каримовдан кўплаб ҳаққоний ва теран маъноли фикрларни эшитдим ва уларнинг барчаси мен учун жуда фойдали ва ибратли бўлди».

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мустақилликнинг бетакрор аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат килиш — энг олий саодатдир» китобида шундай дейди: «Биз ўз олдимизга кўйган буюк мақсадлар йўлида ўтган йиллар мобайнида эришган ва жаҳон тан олган ютуқ ва марралар — ўзлигимизни англаш, инсоний шаънимиз, ғурур-ифтихоримиз, тарихимиз, муқаддас дину диёнатимизни тиклаш, миллий демократик давлат куриш, иқтисодиётимизни янги асосда ташкил этиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш борасидаги кенг кўламли ишларимизни, бутун мамлакатимизнинг киёфаси тобора очилиб, обод бўлиб бораётганини кўз ўнгимиздан ўтказадиган бўлсак, қани, айтинг, истиқлолга эришмасдан туриб, бундай юксак натижаларга етиб боришимиз мумкинми- ди? Бунга жавоб битта: йўқ ва асло йўқ».

Ўзбекистонда озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилишдан иборат бош мақсадимиз барчамиздан «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган даъваткор сўзлар эл-юртимизнинг қалбида, юрагида чуқур акс-садо бермоқдаки, бу барчамиздан ушбу Бош ғоя атрофида бир тану бир жон бўлиб, фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилишни талаб этади.

Шариф КОБИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси доценти

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ