"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Шодмон СУЛАЙМОН

Ўқилди: 2 301

1975 йилда Бухоро вилоятида туғилган. Бухоро давлат университети ўзбек филологияси факультетини тугатган (1997). Филология фанлари номзоди (2003), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (2004). “Хосиятли кун” (2001), “Куз хаёли” (2004), “Туғилган кун” (2006), “Отамнинг айвони” (2015), “Мен бахтли яралдим” (2015) каби шеърий ва насрий китоблари, “Қайноқ қум кенгликларида” (2006), “Шеърий санъатлар сеҳри” (2007), “Адабиёт назариясига оид тушунчалар” (2008), “Адабиётшунослик атамаларининг қисқача изоҳли луғати” (2009), “Мутолаа шукуҳи” (1-2-қисмлар, 2013) сингари илмий рисолалари нашр этилган. 

 

            ОНА ТИЛИМ

 

Ҳумо қанотида сеҳрли мактуб –

Кекса Нуҳ йўллаган ўғли Ёфасга.

Бир зот эҳтиром-ла кафтида тутиб,

Сайёҳ сўзларингни “солди қафасга” –

Устоз Қошғарийдан мерос “Девон”им,

Она тилим, онажоним.

 

Сен –“Ирқ битиги”дан келган башорат,

Бобо Афросиёб сўйлаган калом.

Кўзга суртар экан ҳарфинг, ишоранг,

Йўллуғ Тегин кўксин чулғаган илҳом.

Тўнюқуқ, Култегин, Билга хоқоним –

Она тилим, онажоним.

 

Яссавий бағридан таралган ҳикмат,

Не бахт, садо берди ҳар бир япроқда.

Гўё мудраб ётган туркона журъат

Порлади Алишер ёққан чироқда.

“Беш достон” аршидан боққан Туроним –

Она тилим, онажоним.

 

Уйғонди Югнакий тортган фиғонлар

Тинглаб дунё чеккан фарёд сасини.

Уруш оловини ёққан нодонлар

Тингласин Хос Ҳожиб таронасини.

Башар дардларига бўлган дармоним –

Она тилим, онажоним…

 

Хира тортмагайми қадимий излар,

Йилда бир бор сўраб қўйсам кўнглингни.

Эриб бораётир кафтимда сўзлар –

Кечир ташбеҳларга нўноқ ўғлингни.

Онам алласидан бунёд қўрғоним –

Она тилим, онажоним!


 

ЭЛЕГИЯ

 

Бир теран андуҳ бор юракнинг қаърида,

Тобора сустлашар кўнгилнинг парвози.

Бир оташ гувранар оловлар бағрида,

Дилга ўт сочади айрилиқ овози…

 

Не сабаб мунг ёғар, булутлар паришон,

Даҳри дун, сенга ҳам танишми бу ҳислар.

Ё тарқаб кетдими муаззам Каҳкашон,

Оймомо қаерда, қаерда юлдузлар?

 

Юрт аза тутганда олис бир қитъада,

Сен ҳам ҳис этдингми бир лаҳза қайғуни.

У маҳкам қўл сиқди, қисқарди масофа,

Эл дилга жойлади мунаввар туйғуни.

 

Беҳиштнинг қопқаси очилди шу асно,

Кўксимга етди, деб, Тангридан шаҳодат.

Сен ҳамон аланглаб, излайсан муаммо,

Қай бошга солай, деб, минг битта ҳалокат…

 

Бунчалар синайсан башарнинг бардошин,

Кўз ёшин ичасан, тўлдириб ҳовучни.

Бир онлик суҳбатнинг топсайдинг иложин,

Ўргатиб қўярди Одамни севишни.

 

Юлдузсиз самони хаёлан тасвир эт:

Чаплашиб кетдими бўёқлар, тасаввур?

Тур, қара, кетмоқда, ортидан қувиб ет,

Мулойим жилмайган донишманд мусаввир.

 

Вужуди шовқинга эврилган, ай дунё,

Аслингга қайт, дилга қулоқ сол бир лаҳза.

Тур, югур ортидан, қилганча тавалло,

Битта мўйқаламин тилаб ол, ҳеч йўқса…

 

 

КЕЧА КИМ ЭДИГ-У, БУГУН КИМ БЎЛДИК

 

Самога ўрлади оҳу фиғонлар,

Кўк юзини тўсгач дайди тўфонлар.

Мазлум эл кўнглида улғайди армон,

Қалбларда жўш урди минг йиллик туғён.

Жасорат Соҳиби чиқиб майдонга,

“Мустақиллик” сўзин айтди жаҳонга!

Ватан иқболидан қувончга тўлдик:

Кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик!

 

Иймон-эътиқодга туташ карвонлар,

Юлдузлар аршига қўнган нарвонлар,

Беш достон бағрида унган чаман ҳам,

Жасорат, қадрият, миллат, Ватан ҳам –

Кеча пинҳон эди, бугун эл аро,

Уйғоқ кўнгилларга сочгайлар зиё!

Кимнинг кимлигини англадик, билдик,

Кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик!

 

Меҳру оқибати чексиз уммонмиз,

Бир тану бир жонмиз, жумла жаҳонмиз.

Ғубор қўнмасин деб юрт осмонига,

Айландик Ватаннинг чин посбонига.

Қудратли қўшинмиз – миллат таянчи,

Ҳар ўғил, қизимиз – юртнинг ишончи!

Не-не синовларда тобландик, кўрдик:

Кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик!

 

Тупроғида олтин ундирган элмиз,

Сарҳади дунёга туташган йўлмиз.

Самоларга етгай бугун қўллари –

Ғолиб “Ўзбекистон ҳаво йўллари”н.

Олий тафаккурнинг қудрати бизда,

Мағрур “Афросиёб” шиддати бизда!

Гўёки қайтадан дунёга келдик,

Кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик!

 

Халқнинг иродаси, шаъни, ўзи бу,

Замон меъморининг мағрур сўзи бу:

“Кўзга суринг жондан азиз тупроғин,

Мангу ҳилпиратинг Ватан байроғин!

Энди ҳеч ортига қайтмагай даврон,

Марра бизникидир, бизники довон!

Қаранг, қанча файзу шукуҳга тўлдик,

Кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик!”

 

                                                БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ЗИЁРАТГОҲИДАГИ ЎЙЛАР

 

Иймон зиёсидан борлиқ мукаррам,

Дилга ором солгай қалдирғоч саси.

Ҳар лаҳза ҳис этиб кенгаяр олам –

Нақшбанд бобонинг уйғоқ нафасин.

 

Бунда тонг ёришгай дунёни қутлаб,

Тинчлик шукронаси томгай кўзидан.

Алпомишлар ўсар аллалар тинглаб –

Нақшбанд бобонинг дилбар қизидан.

 

Бунда мангуликдан беради сабоқ –

Маърифат, қадрият, миллат карвони.

Дунё рафторига боқади огоҳ –

Нақшбанд бобонинг жасур ўғлони.

 

Бунда ёлғон қўшиб ичмайди қасам,

Сафларга тизилгай энг саралари.

Ёвга бўйин эгмас, кечмайди юртдан –

Нақшбанд бобонинг набиралари.

 

Бунда Ватан сўзин айтар ҳар япроқ,

Ҳар дилда садоқат, жасорат, туғён.

Юрт меҳрин қалбига нақш айлаган чоғ –

Дунёни ларзага солгай бу тўфон!


 

                                                    НАВОИЙ ВА БОБУР

 

Навоий ва Бобур. Бобур, Навоий –

Сайқал Самарқанду зебо Бухоро

Янглиғ дил кўкида порлайди боқий

Фалак айвонига берганча оро.

 

Навоий ва Бобур. Бобур, Навоий –

Беш юз йилки тирик исонафаслар.

Ҳикматлар яратиб турфа, анвойи,

Адаб чорбоғида ўтмоқда дарслар.

 

Навоий ва Бобур. Бобур, Навоий –

Қисмат қаршисида юксалган девор.

Дилдан қувай десанг кибру ҳавони

Амир Алишердан малҳам сўраб бор.

 

Навоий ва Бобур. Бобур, Навоий –

Ватанни соғиниб келдилар қайта.

Ёв титроққа тушгай, тутсанг яроғинг

Икки баҳодирнинг исмини айта.

 

Навоий ва Бобур. Бобур, Навоий –

Туркона ифтихор, туркона ихлос.

Хорлик кўрмагайдир – ҳикмат булоғин

Ўғил-қизларингга қолдирсанг мерос.

 

Навоий ва Бобур – мангу музаффар,

Авлодлар қалбида абадий баёт.

То қалам бор экан, Навоий сарвар,

То олам бор экан, Бобур барҳаёт!

 

 

 

                                                           ЎЗБЕКЮРТ

 

Жонга роҳат ҳатто қиши, қор, ёмғири,

Юрагингга туташ эрур жон томири,

Номин айтсанг, тарқаб кетгай хавотиринг,

Ўз юртингнинг сен деб тўккан ёши бўлак.

 

Юртни деган ўз онасин ранжитмайди,

Ёстиқдоши, дилпорасин ранжитмайди,

Тўзса тўзар, лек боласин ранжитмайди,

Ўз юртингнинг парча ғишти, тоши бўлак.

 

Жаннат излаб йўлга чиққан, эй мусофир,

Ҳатто Қуёш ўз аршида топгай қадр.

Чап кўксингда фарёд ургай алланедир…

Ўз юртингнинг тиканзори, дашти бўлак.

 

Қатра ёшми ёки шабнам ёноғингда,

Онангдайин аста ўпар қароғингдан.

Болаликнинг ҳиди келгай тупроғидан,

Ўз юртингнинг шаббодаси, шашти бўлак.

 

Ўзбекюртим, ўргилайин баҳорингдан,

Онам суйиб тақиб қўйган туморингдан.

Икки дунё айирмасин дийдорингдан –

Сенга фарзанд бўлмоқликнинг гашти бўлак!


 

 

 

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ