"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Юракдаги юк азоби

Ўқилди: 410

Юракдаги юк азоби

(Икки ҳикоя ҳақида бадиҳа)

Ажойиб кексаларимиз бор-да! Ҳар бири улкан хазина, суҳбат қилсангиз, жонингиз ором олади, яшаш сирларини ўрганасиз, кечаги кунингизга нигоҳ ташлайсиз, “қандай яшадим, нима қилишим керак” деган саволларга жавоб излайсиз, тегишли хулосалар чиқарасиз. Мен яқинда ана шундай чоллардан иккитаси билан ҳамсуҳбат бўлдим. Ҳар бири ўзига хос қиёфага, характерга эга экан. Айниқса, ёши бир жойга бориб қолган бу қарияларнинг умри сўнггида савоб ишга қўл урганлигини англаб, уларнинг жасоратига тан бердим. Яна шуни ҳам сездимки, икковининг ҳам ичи тўла дард, бири ёшлигида жаҳл устида қилиб қўйган гуноҳи учун узр сўраб азобдан қутилмоқчи, бошқаси отасига берган ваъдасини бажармаса, у дунё-ю бу дунёси куядигандек қатъий ҳаракатга тушган. Агар  бу аҳдини бугун, шу онда бажаришмаса–эртага кеч бўладигандек ҳолатда.

Чоллардан бирининг исми Ҳайитбой оқсоқол, гап-сўзлари, хатти-ҳаракатига қараганда Жиззах тарафдан. Яна бири ёшлигида “кўпкарими, курашми қуруқ қайтмай полвонам шу, чавандозам шу” бўлган Холли чиноқ  (курашдами, улоқдами қулоғининг бир четидан айрилган бўлса керак-да!) бўлиб,  Сурхон томонлардан эканлиги англашилади. Аслида бир-бирини танимайдиган бу қариялар  қарийб тенгдош, умрларининг учдан икки қисмини Шўро замонида  қўрқув ва таҳлика муҳитида ўтказган, ният қилган ишларини амалга оширолмай юрагида армон билан яшаган, мустақиллик даврига келиб қаддини тиклаган, атрофига дадил қарай бошлаган, бугунини кечаги куни билан таққослаб, бир тўхтамга келган одамлар. Мустақиллик уларнинг кеча амалга оширолмай қолган орзуларини рўёбга чиқариш имконини берди. Шунинг учун дадил ҳаракат қилишади, кўнглидагини очиқ айта олади. Улар табиатидаги қатъийлик, айтганини бажаришга иштиёқ, фикрининг аниқ-тиниқлиги, маънавиятининг етуклиги, шу куннинг ҳавосидан эмин-эркин нафас олаётганлиги бошқаларни ҳам ҳаваслантиради.

Мен Ҳайитбой оқсоқолни йўлда кўпдан буён “бетоб бўлиб, эшик ҳатлаб кўчага чиқолмай қолган эски ошнаси” Алламуроднинг ҳолидан хабар олгани кетаётганида, Холли чиноқни эса ҳовлисида “жазаваси жавзони қовуриб, аламидан тош чайнаб, ўзича ғудраниб-ғудраниб ҳоварга лорсиллаб-лорсиллаб, худди ернинг жонини суғуриб оладигандай кетмон” ураётган пайтида учратдим. Икковининг ҳам юраги ғаш,  бири ич-этини егудек ўйлар гирдобида ўзича гапириб кетаётган бўлса, иккинчиси  “жаҳлининг жилови узилиб”  аламини кимдан олишни билмай, гоҳ қандайдир “уруғи паст бўлган уккағар”ни, гоҳ “дими-дирс” ўтириб, “кўзанинг муздек сувига чалоб” тайёрлаётган кампирини бўралаб сўкиш билан овора. Уларга нима бўлди? Нега шу аҳволга тушиб қолишди? Бу саволларимга жавоб топиш учун мен сездирмайгина уларга яқинлашаман ва  гапларига қулоқ соламан.

Маълум бўлишича, Ҳайитбой бир пайтлар ўзига ва  ҳамқишлоқларига ҳаддан зиёд зулм ўтказган Алламурод дўмнинг туясини қасдма-қасдига ўғирлаб, ундан ўч олгани учун кеч бўлса ҳам узр сўраш, бўйнидаги қарзини узиб, шунча йиллардан буён юрагини эзиб келаётган азобдан қутилмоқчи экан. Холли чиноқ эса бобоси ва отасининг Шўро ҳукумати  зуғумидан қўрқиб, туғишганлари босмачи сифатида отиб ташланган жойни девор  қилиб ўрай олмаган армонини амалга оширмоқчи. Оқсоқол ўз айбини очиқ тан олиб, кўнглини поклаш ниятида нечанчи мартадир Алламурод дўмникига келяпти. Холли чиноқ ўша жойни  фермер Наби каттадан ололмай хуноб. Шу боисдан Наби каттани бўралаб сўкади, шунақа қурумсоқ одамга қариндош бўлгани учун кампири Сарви холани ҳам нари обориб, бери опкелади.  Аслида Алламурод дўм ҳам, Наби катта ҳам жа қордек оқ, пахтадек юмшоқ одамлармас.  Алламурод дўм бўлиб юрган пайтида  арзимаган нарса учун ҳам “устма-уст солиқ солавериб, одамларнинг тинкасини қуритган” қаттиққўл, тошмеҳр одам эди. Шунинг учун оқсоқол узр сўрамаса ҳам, ўғирлаган туянинг пулини қайтармаса ҳам бўлаверарди. Бунга аллазамонлар бўлди, бунинг устига унинг ўғирлаганини ҳеч ким билмайди-ку! Наби катта бўлса ерни қизғонади, бу жойни нега сўраётганини тушунмайди. Шундай экан, оқсоқол бормаса, Чиноқ ҳеч ким билмайдиган ўша сирни очмай, жимгина юрса бўлмасмиди?

И-е, мен уларни ҳали Сизга таништирмай туриб, анча гапни айтиб қўйибман-ку! Келинг, аввал таништириб қўяй: Ҳайитбой оқсоқол ёзувчи Нурали Қобулнинг “Азоб” (“Китоб дунёси” 28.01.2015), Холли чиноқ эса Қўчқор Норқобилнинг “Юракдаги юк” (“ЎзАС”, 6.11.2015) деб аталган ҳикояларининг қаҳрамонлари. Ўзига хос ижодий услубига эга бўлган икки  адиб асарларидаги бир-биридан йироқ маконда умргузаронлик қилаётган бу чолларнинг бир-бирига қандай яқинлиги ёки фарқи бор? Жудаям бор-да! Эшитинг…

Ижодкорларни бир-биридан бехабар равишда  бир хил мавзуда асар яратишга ундаган муаммо ҳозирги кекса авлоднинг шукронаси, покланишга эҳтиёж сезаётгани, аввал қилган гуноҳларидан холи бўлиб, савоб ишлар қилишга отланаётганидир. Аммо бу бир хил мавзу икки қалам соҳиби томонидан икки хил характер, икки тақдир, икки тасвир усулини қўллаши туфайли ўзига хос оригиналлик касб этган. Масалан, Ҳайитбой оқсоқол бўйнида айби борлиги, ҳар доим қисиниб-қимтиниб яшагани учун ўзини дадил тутолмайди, оёғи қалтирайди, тили тутилади.  Холли чиноқ эса ёшлигидан полвон, чавандоз бўлиб, елкаси ер искамаганидан ҳозиргача бир гапи икки бўлмаган. Энди келиб-келиб ким – шу Набига  одам деб оғзининг ҳовурини шамолга олдириб қўйганига куйиняпти. Шунинг учун у ниҳоятда тажанг.

Муаллифлар ўз қаҳрамонларининг бундай  аҳволга тушиши сабабини узоқ вақт сир сақлайдилар. Уларни ўз ҳолига қўйиб, бир четда кузатадилар. Ҳайитбой ҳам, Холли бува ҳам ўз ўйи билан банд, кўпроқ ўзини ўзи тафтиш қиладилар. Иккала адиб ҳам қаҳрамонларининг ўй-фикрларини (онг оқими) кўпроқ беришга, шу орқали уларнинг ички оламини чуқурроқ очишга, давр манзаралари ва муҳит иллатларини кенгроқ тасвирлашга алоҳида эътибор берадилар. Масалан, оқсоқол бундан 60-70 йил аввал рўй берган очарчилик, уруш йилларини эслар экан, одамлар “бу пайтда ҳеч нимадан тап тортмайдиган бўлиб боришяпти. На яратган эгасидан қўрқишади, на бандасидан ҳайиқади. Худодан қўрқмагандан қўрқ… ишқилиб охири бахайр бўлсин…” деб ўйлайди. Шунда унинг миясига  “Ўзинг-чи? Ўзинг?” деган савол яшиндек урилади ва чол “беихтиёр сесканиб бошини кўтарди”. Хушёр ўқувчи дарҳол сезади: демак унинг қандайдир “айбғинаси” бор. Шу сабабдан эҳтиёткорроқ…

Холли чиноқнинг ич-ичидан ўкиниб тан олишича, “Шу пайтгача елкамда тоғни кўтариб юрибман, момоси. Сен билмайсан, билмаганинг ҳам дуруст… Ҳеч ким билмагани яхши. Лекин мен ўз юкимни бу дунёнинг елкасига қандай ортайин? Елкамдан юким босмасдан мен шу ишни қилишим керак”. Шунинг учун унинг шашти баланд, аҳди қатъий.

Ҳар икки ҳикояга асос қилиб олинган воқелик жанр талабига кўра қаҳрамонларнинг бир неча соатлик, нари борса, бир кунлик ҳаётида рўй беради. Гарчи оқсоқол Алламуродникига анчадан бери қатнаётган бўлса-да,асосий масала бир неча соат ичида ҳал бўлади. Айни чоғда  оқсоқол ҳам, Холвой ҳам хаёлан узоқ ўтмишга саёҳат қиладилар. Бусиз улар характери тўла очилмас, муаммонинг моҳияти ҳам тушунарли бўлмасди. Муаллифлар онгли равишда қаҳрамонларини ўз ҳолига қўядилар. Бу улар кўнгли истаганини қилади дегани эмас. Боз устига ёши бир жойга бориб қолган бу нуроний кексалар қачон, қаерда,  нимани қандай айтишни яхши биладилар ва муаллифлар ишончини оқлайдилар. Агар Н.Қобул оқсоқолнинг виждонини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган гуноҳини айтиб, қарзини узиб, ўзини оқлаб олиши вақтинигина асар марказига қўйган бўлса, Қ.Норқобил воқеа кўламини бироз кенгайтиради. Йигитлигида “Полвонам шу, чавандозам шу” бўлган Холвойнинг Сарвинисога уйланиш эпизоди, пенсия олиб келган почтальон билан суҳбати ҳикояга енгил руҳ бағишласа, шу пайтгача ҳеч ким билмаган ва билиши  шарт ҳам бўлмаган елкасидаги тоғдек оғир юкдан халос бўлмай боқий дунё сафарига кетолмаслиги, “шаҳид боболари ётган жойни девор билан ўраб қўйиш қўлидан келмай, армонда” кетган бобоси ва отасининг изтироблари ҳақидаги ўйлари, ўн яшарлигида ҳали англаб-англамай ичган қасами муаммонинг вазнини янада салмоқли қилади.

Адиблар Шўро ҳукумати олиб борган нотўғри сиёсатни қора бўёқларга бўяб, қаҳрамонлари кўп жабр кўрганлигини шарҳлаб ўтирмайдилар. Уларнинг бир-икки оғиз сўзи, жести ёки мимикаси, хатти-ҳаракати орқали ишора қиладилар холос. Шунинг ўзи ҳам оқсоқол билан чиноқнинг қандай ҳаёт кечирганлигини яққол кўрсатади ва бугуннинг ўқувчисига мустақилликнинг моҳиятини чуқурроқ англаб етишига ёрдам беради. Бунинг учун Н.Қобул оқсоқол билан дўмнинг суҳбати оҳангига кечаги қилмишларини ўзлари баҳолаб (зинҳор баҳона қидириб эмас!), кекса авлоднинг истиқлол олдидаги тазаррусини сингдириб юборса (Алламурод: “Ўтган гапни қўй, Ҳайитбой. Ўша ишларнинг ҳаммаси менинг хоҳишим билан бўлган деб ўйлайсан, шекилли.” Ҳайитбой: “Мен сенинг ҳақингни еганман! Шунчаки билдириб-билдирмай ҳақингни еган бўлсам ҳам майли, молингни ўғирлаганман!..” Алламурод: “У пайтда ким кимнинг ҳақини емади дейсан. Бошга ташвиш тушганда одам ҳақ билан ноҳақни ажратишга ожизлик қилиб қолади”. Ҳайитбой: “Ўшандан буён сени кўрсам ичимга ўт тушиб, азоб ўтида қовриламан. Олдингда игнанинг устида ўтиргандай ўтираман. Хўрлигим келади”), Қ.Норқобил  истиқлол берган имкониятдан фойдаланиб, отасига айтган ваъдасини бажармагунча тинчимайдиган Холбойнинг дадил, кескин, қатьий гаплари ва ҳаракатини ифодалашга эътибор беради (Ота: “Ўғлим, икки бобонгнинг қони шу ерга тўкилган. Уларни қизил аскарлар “босмачи” деб отиб ташлашган. Отам бир умр қўрқиб яшади, шаҳид боболаринг ётган жойни девор билан ўраб қўйиш қўлидан келмай, армонда кетди”. Ўғил (Холбой): “Ота,биз-чи, биз ўраб қўяйлик бўлмаса…”. Ота: “Мумкинмас-да…” Ўғил: “Нега?” Ота: “Сўрама. Жим юр.” Ўғил: “Ота, катта бўлсам, мен албатта, шу жойни девор билан ўраб қўяман…”). Бу унинг қасамёди эди, қасамни эса бажариш шарт.

Хўш… Мабодо, мамлакатимиз мустақилликка эришмаганда Холбой чиноқ отасига берган ваъдасини бажара олармиди? Эҳтимол, у ҳам отаси каби умрининг охиригача “жим юр”иб ўтишга мажбур бўлармиди?! Бу фикрлар хушёр ўқувчини чуқур ўйга толдиради, мустақилликнинг қадрини оширади. Сўз санъати ҳисобланган адабиётнинг кучи шунда! Шу санъатни инсоният қалбини поклашга хизмат қилдириш маҳоратини эгаллаган адибнинг баҳоси шунда!

Чолларнинг юрагидаги юк азобидан қутилгандан кейинги ҳолати ҳам ўзига хос ва айни чоғда ўхшаш. Одатда, узоқ вақт ўйланиб юрган одам ниятига етгач, ўзини шу қадар енгил ҳис қиладики, буни таърифлашга сўз ожиз қолади. Шунинг учун Н.Қобулнинг Ҳайитбойи “белидаги тугунни ечиб, дўмнинг кўрпаси остига қистириб қўяди” ва “Ўзини қушдай енгил сезади.” Наби катта ўша тепаликни беришга ва ўзи девор қуришга рози бўлгач, “Чиноқнинг юзига табассум ёйилди. У қушдай енгил тортиб бормоқда эди.” Оқсоқол тўғри ва яқин “йўл қолиб, адир оша уйига қараб юрди. Унинг юраги хаприқарди. Уйга киргиси келмай кечгача адирда тентираб юрди. Ўртақирда ёнбошлаб ётганча тўйиб-тўйиб ерни ҳидлади.”  Шу пайтгача кўзига булутли ва кир бўлиб кўринган осмон ҳам бугун ниҳоятда тиниқ, “булутсиз ва беғубор эди”. Холли чиноқ “оғир ютиниб, супанинг бир четига омонатгина ўтирди. Ичидан ўкирикли бўрон кўтарилди. Сўнг кўз ёшларини тўхтатолмади”. Агар Нурали Ҳайитбой оқсоқолнинг ички дунёсини табиат унсурлари (адир, тупроқ ҳиди, олма дарахти, осмон, булут, қирғий) ёрдамида реаллаштирса, Қ. Норқобил Чиноқнинг сийратини ёндош персонажлар ҳолати билан бойитади (“Наби катта сесканди, аъзои бадани жимирлаб кетди”. Кампир: “Мени қўрқитманг. Мазангиз қочдими-а? Нега рангингиз ўзгарди?. Шариф дўхтир: “Яхшимисиз, бова. Сизга нима бўлди?” “Наби катта ўрнидан бир сапчиб тушди”) ва бажарилажак ишнинг залворини янада оширади.

Сўнгги пайтда кўплаб адибларнинг оталар, оналар ва кекса авлод вакиллари образини яратишга, уларнинг маънавий янгиланиши жараёнини ифодалашга алоҳида эътибор бераётганлиги таҳсинга лойиқдир. Йўқ, буни шунчаки “Кексаларни эъзозлаш йили”га жавобан қилинган ҳаракат деб ўйламанг! Бу ижод аҳли ота-боболаримизнинг “Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик?” деган саволга жавобан ўзлигини чуқур англаётгани, қадриятларни қадрлаётган замоннинг қадрига етаётганини бадиий акс эттиришга маънавий эҳтиёж сифатида қараётгани натижасидир. Назаримда, мен Сизга илинганим икки ҳикоя қаҳрамонлари ана шундай отахонларимиз тоифасидан. Уларга ҳавас қилсак арзийди. Нима дедингиз?..

Йўлдош СОЛИЖОНОВ

 

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ