"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ҳаёт ҳақиқати ва юксак бадиийлик

Ўқилди: 456

Одил Ёқубов таваллудининг 90 йиллигига

Ҳаёт ҳақиқати ва юксак бадиийлик

 

Ўзбек адабиётига «Дастлабки қадам»ини (1953 йилда чиққан тўплами назарда тутилди-Й.С.,З.Р.) ҳикоялар ёзиш билан бошлаган Одил Ёқубов  қисқа муддатда бадиият хазинамизни «Чин муҳаббат», «Юрак ёнмоғи керак», «Олма гуллаганда», «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим» сингари драмалари, «Муқаддас», “Қанот жуфт бўлади”, “Бир фельетон қиссаси”, “Матлуба”, “Тилла узук” (кейинроқ бу икки асарини ҳикоя деб эълон  қилди-Й.С.,З.Р.), “Биллур қандиллар”  каби ўндан зиёд қиссалари, 7 та роман, кўплаб очерклар, мақолалар ҳамда эсселар билан бойитди.  Ёзувчининг илк асарлариёқ ўтган аср ўрталарида ғоят бардамалаб кетган адабий сохталикка, зўрма-зўракилик ва конфликтсиз-ликка қарши ўт очганлиги, чин маънодаги ҳаётийлиги билан тан олинган эди. Шунинг учун ҳам ҳозир мамлакатимиз таълим тизимини унинг асарларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Умумтаълим мактабларида О.Ёқубовнинг “Музқаймоқ” ҳикояси, ўрта ва махсус ўқув юртларида тарихий мавзудаги “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё” романлари, олий таълим дастурларида эса ижодий мероси батафсил ўрганилади.

Ёзувчи  асарларини мутолаа қилган ўқувчи унинг ижоди талай фазилатлари билан ажралиб туришига ишонч ҳосил қилади. Бу фазилатларнинг биринчиси Одил Ёқубов ҳам тарихий, ҳам замонавий мавзуда ёзган ҳикоя, қисса, драма ва романларида ҳақиқатни асосий мезон қилиб олганлигидир. Тўғри, бу аслида умуман, сўз санъатининг бош талаби саналади. Бироқ кўпчилик ижодкорлар Шўро даври қолипларини ёриб чиқишга журъат қилолмаган бир пайтда янгиликка интилган, ҳаётий ҳақиқатдан чекинишни ижодга хиёнат деб билган ёзувчилардан бири О.Ёқубов эди. Ана шу ижодий принципга қатъий амал қилганлиги учун ҳам ҳозиргача унинг биронта асари замонасозлик нуқтаи назаридан чиқитга чиққан эмас ва бундан сўнг ҳам яшаб қолишга ҳақлидир.

“Музқаймоқ” ҳикояси “оиласи бошига тушган машъум кун” ҳақида бўлиб, у О.Ёқубов ижодига хос шафқатсиз реализмнинг ёрқин намунаси саналади. Чунки унда 60 ёшлардаги адиб 10 яшар бола Одилнинг қалбига жойлашиб олиб, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни унинг кўзи билан кўради, онги билан баҳолайди. Натижада биз уни отаси ва оиласига нисбатан “хоинлик”да айблай олмаймиз. Айни чоғда ҳикоячи-муаллиф боладан узоқлашиб, ўша машъум ҳодисанинг моҳиятини чуқур англаб етган донишманд ёзувчи сифатида у йўл қўйган хатонинг туб илдизларини жамият иллатларидан излайди ва китобхонни ишонтира оладиган муҳим далилларни келтиради. Ҳикоянинг “Музқаймоқ” деб аталиши ҳам ёзувчи илгари сурган ғоявий ниятларини чуқурроқ ифодалашга хизмат қилади. Биринчидан, музқаймоқ – емиш, лаззатли таом, иккинчидан, ота кўнглини музлатган  армон; учинчидан, совуқ хабар, музлаган муҳит, инсонларнинг эриб битаётган умри каби маъноларнинг очилишига хизмат қилади.

Тарихимизга панжа орасидан қараш, тарихий шахслар ҳамда воқеаларни бузиб кўрсатиш авжига чиққан ХХ асрнинг 70-йилларида Одил Ёқубов «Улуғбек хазинаси», «Кўҳна дунё» каби романларини яратиб, уларда мамлакатимиз ўтмишининг нурли саҳифаларини ёрита олди. Адиб ҳаётий ва ижодий тажрибаларидан келиб чиқиб, инсоният ўз тарихига тез-тез назар ташлаб, унинг ютуғи ва хатоларидан тегишли хулосалар чиқариб туриши лозимлигини англади ва тарихимизнинг энг зиддиятли даврлари ҳамда тақдири мураккаб шахсларга мурожаат қилди. Зулм ва адолатсизликка, разолат ва қабоҳатга қарши кураш олиб борган пок ниятли аждодларимизнинг юксак бадиий образлари яратилган бу тарихий романларида ана шу ниятларига содиқ қолганлигини кўрамиз. Уларда аждодларимиз яратган маданий-адабий меросни асраб-авайлаш ва уни ўрганиш масаласининг қўйилиши О.Ёқубовнинг ўша пайтдаёқ тоталитар тузумнинг тарихимизни топташ, уни сохталаштиришга уриниш сиёсатига қарши онгли исёни эди.

Ч.Айтматов,М.Карим,В.Оскотский, А.Ҳакимов сингари улкан санъаткорлар таҳсинига сазовор бўлган “Улуғбек хазинаси”  романи ўзининг юксак бадиийлиги, структурал янгилиги, воқеа-ҳодисалар ва қаҳрамонлар тақдирини полифоник нутқ типида баён қилиниши жиҳатидан нафақат ўзбек адабиётида, балки дунё адабиёти хазинасидан ҳам муносиб ўрин олди. Муаллиф шоҳ ва олим Улуғбек тақдирини унинг олтину жавоҳирлардан иборат хазинасини эмас, илмий меросини асраш ва авлодларига етказиш воситасида тасвирлайди. Натижада Улуғбек ўқувчи тасаввурида салтанатдан кўра илми-фанни афзал кўрган доно шахс қиёфасида намоён бўлади.

Ёзувчига катта шуҳрат келтирган “Кўҳна дунё” романи реал ҳаёт ва унда умргузаронлик қилаётган инсонни ҳар тарафлама теран таҳлил қила олгани, қаҳрамон билан ёзувчи тафаккурининг ўзаро чатишиши туфайли полифоник нутққа асосланганлиги билан қадрлидир. Унда тарихимизнинг энг мураккаб даврларидан-бири  жаҳонга Беруний ва Ибн Синодек буюк алломаларни етказиб берган 1Х-Х асрларда илм билан жаҳолат ўртасида авж олган аёвсиз кураш қаламга олинган. Романни ўрганиш жараёнида кўпроқ асар поэтикасига хос қуйидаги хусусиятларга эътибор беришни тавсия этамиз:

Биринчидан, ўқитувчи Беруний ва Пири Букрий, ҳақиқий Ибн Сино билан сохта Ибн Сино-Шаҳвоний ўртасидаги зиддиятларни таҳлил этишда    Президентимизнинг “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”    зарурлиги ҳақидаги фикрига асосланиши керак. Маълумки, жоҳиллар нечоғлик имконият ва куч-қудратга эга бўлмасин, Беруний ва Ибн Синолар кўтарган маърифат машъалини ўчиролмадилар. Мазкур роман поэтикасидаги иккинчи янгилик ҳикоя-ривоя усулидаги ўзига хосликдир. Ҳикоя баёни жараёнида муаллиф билан персонаж нутқининг хилма-хил кўринишлари мураккаб воқеликни ҳар тарафлама теран ёритишга хизмат қилади. Романда  нутқнинг ички ва ташқи турлари, диалогик ва параллел нутқ ҳамда ҳикоялаш усулининг ёзма шакли, кундалик асосида баён қилиниши муаллиф-ҳикоячининг холислигини таъминлаш имконини яратган. Учинчидан, романда Жузжоний кундалигининг берилиши адабий мистификация ҳодисаси бўлиб, ўзбек адабиётида биринчи бор қўлланилди. Аслида тўқима бўлган бу воқеа романда ёзувчи маҳорати билан чинакам ҳаётийлик касб этган, тасвирни самимийлик билан бойитган.

Нафақат тарихий мавзуда, балки замонавий мавзудаги асарларида ҳам Одил Ёқубов ҳаёт ҳақиқатини юксак бадиийлик асосида ёритиш принципига қатъий амал қилди. Бу жиҳатдан адибнинг “Эр бошига иш тушса” (1966), “Диёнат” (1974), “Оққушлар, оппоқ қушлар” (1988), “Адолат манзили” (1994), “Осий банда” (2008) сингари романлари, “Ростгўй” ҳикояси характерлидир. Уларнинг ҳар бирида санъаткор ижодининг бош фазилатини янада бойитадиган муҳим хусусиятларни учратиш мумкин. Одил Ёқубов асарларида «мана мен» деб бўй кўрсатган муҳим фазилатлардан яна бири асар марказига олинган  асосий муаммонинг ҳаққоний акс эттирилиши ва адолатнинг ғолиб келишидир. Учинчи  фазилат эса  қаҳрамонлар тақдирининг ўзига хос ечими ҳисобланади. Ёзувчи ғоят мураккаб образларни яратар экан, воқеалар ечимида уларнинг тақдирини шу қадар холис, ҳаётий ва ишонарли вазиятда ҳал этадики, ўқувчи бирдан енгил тортади. Бу жиҳатдан «Диёнат» романидаги Отақўзи, «Оқ қушлар, оппоқ қушлар» романидаги Музаффар Фармонов, «Муқаддас» қиссасидаги Шариф, «Адолат манзили»даги Лочин, “Осий банда” романидаги Саркор образлари ғоят ибратлидир.

Маълумки, ўтган асрнинг 60-70-йилларида яратилган кўпчилик асарларда хўжалик раҳбарлари консерватор, ўзбилармон, механизация ва агротехника янгиликларининг ашаддий душмани, оддий меҳнаткашларни назар-писанд қилмайдиган қўпол шахс сифатида бир ёқлама тасвирланар, асар тугалланмасида албатта, унга партиявий жазо берилиб, ишдан олинарди. Одил Ёқубов «Диёнат» романида иккинчи бўлиб (биринчиси албатта, А.Қаҳҳор ҳисобланади) бундай эски муносабатни рад этди. «Диёнат» романининг бош қаҳрамони Отақўзи фақат қора бўёқлар билан чизилмайди. Унда иллатлар билан биргаликда фазилатлар ҳам талайгина. Отақўзи моҳиятан кучли тадбиркор, хўжалик равнақи ва фаровонлиги йўлида жон куйдирадиган, унинг манфаатини ўз оиласи ҳамда шахсий манфаатидан устун қўядиган раҳбар сифатида  намоён бўлади. Шунинг учун ҳам муаллиф асар сўнггида Отақўзини оғир партиявий жазодан тоғаси Нормурод Шомуродовнинг ўлими баҳонасида «асраб» қолади. Бу адабий «ҳийла» ёзувчи томонидан атайин ўйлаб топилган десак, бироз эриш туйилар. Ҳаётда шундай ҳодисалар рўй бериши табиий. Аммо Отақўзини ўша пайтдаги район партия комитетининг қасддан чақирилган бюросидан омон олиб чиқишнинг бундан бошқа йўли ҳам йўқ  эди. Бу билан Одил Ёқубов Отақўзи Умаров сингари ҳалол, пок,  умри бино бўлиб ҳеч кимга ялинмаган, «ҳеч қачон, ҳеч кимга хушомад қилмаган», бунга уни ҳаддан зиёд эркалатиб қўйган  муҳит бош айбдор эканлигини, бундай раҳбар-одамни асраш, унинг фаолиятидан ижобий йўсинда фойдаланиш зарурлигини илгари суради.

«Адолат манзили» романи Ўткир Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар»,  Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асарлари қаторида истиқлол даврининг илк адабий меваси ҳисобланади.  Унда собиқ шўро давлатининг «ўзбеклар иши» номи остида миллатимизга қарши амалга оширган жиноят ва босқинчиликлари тасвирланган. Ёзувчи мазкур романида Маржонтов жамоа хўжалигининг раҳбари Суюн бургут образи орқали “Диёнат” романидаги анъаналарини давом эттириб, миллий адабиётимизда аввалроқ ифодаланган шу тоифадаги образларга зид шахснинг янгича қиёфасини яратди.

Ёзувчи бу асарида 80-йилларнинг иккинчи ярмида мамлакатимизда ўтказилган қатағонларнинг навбатдаги тўлқинини, сохта «ўзбек иши» номи остида атайлаб уюштирилган воқеликни асарга бежиз асос қилиб олмаган. Мустабид тузум 30 ва 50-йилларда қатор халқ вакиллари — зиёлиларни бадном қилганлиги етмаганидек, 80-йилларга келиб ана шундай туҳматлардан иборат сохта иш билан ўзбек халқини, унинг қўли қадоқ деҳқонларини ҳақоратлади. Шулардан бири Суюн бургут ўз оиласи, юрти, ватани шаънини ҳимоя қилиб, инсон ҳуқуқларини таҳқирлашга асосланган тузум зулмига чидай олмайди, мусулмончиликка зид бўлса-да, қадр-қимматининг камситилиши ва ноҳақликка қарши ўз жонини қурбон қилади. Бу эса мавжуд тузумга қарши исён эди.

Умри сўнггида ёза бошлаган, аммо бетоблиги сабабли тўла тугалланмай, қайта ишланмай қолган “Осий банда” романи истеъдодли ёзувчи Одил Ёқубовнинг сўнгги нидоси бўлди десак, янглишмаймиз. Чунки адиб бутун умри мобайнида жамиятда юз бераётган адолатсизлик, зулм, қатағон, камситиш сингари иллатларга қарши курашиб келди ва баланд овозда ҳайқирди. Унинг кўплаб мақолалари, комфирқанинг сўнгги съездида сўзлаган оташин нутқи фикримиз далилидир. “Осий банда” романида юқорида тилга олинган барча мавзу ва муаммолар қамраб олинган десак, хато қилмаган бўламиз. Роман ёзувчи услубига хос шафқатсиз реализмнинг янада такомиллашганидан, жамият иллатларининг туб илдизларини реал фактлар ва далилларга асосланган ҳолда фош этилиши жиҳатидан  “Диёнат”, “Оқ қушлар, оппоқ қушлар”, “Адолат манзили” романларига қараганда ҳам бир неча поғона юксакликка кўтарилганидан далолат беради. Адиб ўтган асрнинг 80-йилларида ўзбек халқи бошига маломат тоши бўлиб ёғилган пахта яккаҳокимлигининг фожиали оқибатларини, “пахта иши”ни вужудга келтирган қабиҳ сиёсатнинг туб илдизларини 50-60-йиллар воқеалари билан боғлаган ҳолда реал образлар воситасида очиб ташлайди.

Хуллас, Одил Ёқубов ХХ аср ўзбек адабиётининг улкан намояндалари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор анъаналарини сидқидилдан давом эттириб, адабиётимиз хазинасини мангуликка дахлдор асарлари билан бойитган сермаҳсул санъаткордир. Ўзбек реалистик насри ривожида, унинг шаклан ва мазмунан янада бойиши ҳамда янгиланишида адибнинг хизматлари беқиёсдир.

Йўлдош Солижонов,

                                        Филология фанлари доктори, профессор.

  Зокиржон Раҳимов,

                                        Филология фанлари номзоди.     

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ