"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Олтин бешигини ахтаради ой

Ўқилди: 529

Эътиқод

Тупроқ бўлиб яшашни ўрган,

Қўшилиб ол тўрт фасл билан.

Оқ тонглардан Хизр туш кўрган

“Ватан” деган бир туйғу тилан.

 

Шу дарахтлар тафтинг олади,

Юраги бор ҳар тўрт томоннинг.

Гар қоқилсанг, суяб қолади

Елкалари зангор осмоннинг.

 

Шу заминда тоғлар виқорли,

Шу заминда шамол майиндир.

Шу заминда шомлар ифорли,

Шукрларинг умр сайиндир.

 

Қўл ташлаган қуёш елкамга,

Кўзларимдан меҳр унади.

“Ватан” десам, дил шу каломдан

Меҳр-муҳаббатга қонади.

 

Эй ватандош, иниб гулларга,

Эгачингга ўхшаб қўяман.

Ўғил-қизинг юрган йўлларга

Бор жонимни тўшаб қўяман.

 

Ой тунларни ёритар атай,

Йўл бошига сўзсиздек борма.

Қулоғига исмингни айтмай,

Кунларингни қўйиб юборма.

 

Айланади кўҳна чархпалак,

Бу умрнинг ёмғирлари бор.

Бошқасининг саждаси бўлак,

Ўзинг томон ўзингни юбор.

 

Ҳовучимга оламан жойлаб,

Бир қаричмас дунёнинг эни.

Ҳад билмаган кенгликлар бўйлаб

Ҳар тонг Ватан уйғотар мени.

 

Тун

Этакда бир ўзи турибди, ана,
Нурсиз милтираган кимнинг чироғи?
Мени ҳаяжонга солади яна
Шамолнинг қўшиғи, терак титроғи.

Замин жим ухлайди, тушига кирган
Оқ отли шаҳзода қайтар изига.
Кўйлаги идраган юрагим билан
Ким бўлиб кўринсам унинг кўзига?

Қайда ўтирибди тоғ ошган олам,
Бунда қолган фақат садо бергани:
Бойқуш – карвонидан адашган одам,
Чигиртка – кечанинг чақалоқлари…

 

* * *
Йўллар қичқиради шом қучоғида,
Молини ёяди кеча – савдогар.
Қартайган тоғларнинг олис ёғида
Қўшиғин бошлайди уйсиз, дарбадар.

Тун оёқ қоқмайди.
Ўзидан чўчиб,
Уйғонган осмонга тикилади сой.
Кўзимда чайқалган дарёни кечиб,
Олтин бешигини ахтаради ой.

Ким тиккан кашта бу рангларни сириб,
Нимани фарқлайди қизил, қора, оқ.
Келиб-кетаргача масофа юриб,
Мен ҳам тиланганим бир ҳовуч тупроқ…

Соғинчдай бир баҳор юракда қишлар,
Дунёнинг кузлари билмайди нега?
Менга ўхшайдими сен кўрган тушлар,
Умрим ўхшаб кетди жуда ҳам сенга.

 

* * *
Учқунлаб туташган ўт борасида
Юрагим қизиган бир тандирга тенг.
Онам қўли билан уй орасида
Оёқяланг чопиб нон ташийман мен.

Бошимдан қийқириб турналар ўтар,
Пешонам ярқираб, йўлдай ошланди.
Аммо, аммоларни буткул унутар,
Умрнинг исёни қачон бошланди?

Туташган ўтларни ўйин кўрибман,
Она, сув урасан тандир, нонингга.
Ёнгинангда мен ҳам ёниб турибман,
Раҳминг келмайдими менинг жонимга?!

 

* * *
Қуёшни чорлайди тонглар оқара,
Тоғларнинг бошига булутлар қўнар.
Худойим бахтимга қўйган чегара –
Энг яқин манзилдек кўнглинг кўринар.

Сукутга тўлмасин бу биллур сарой,
Аждарҳо тишини экдим атайин.
Энг катта оғриққа қўшилиб олай,
Ҳузурингга етгач ёнишим тайин.

Дийдорнинг изига йўллар бегона,
Замин айланади вақтнинг измида.
Кечаги ташвишлар туғилар яна
Фурсатин соғинган бугун юзида.

Кўнглини сўрашга қўли етмаган
Иккита йўлчимиз – йўли бир қадам.
Кўлга тушган тошдек жимиб кетмагин,
Дунёга икки бор келмайди одам.

Эрка орзуларга етмасин озор,
Қизғалдоқ баргидек учади ёдим.
Йўл бошладим – ердан қуёшгача бор,
Сенинг кўнглинггача бўлган бир одим.

 

Наргиза Одинаева
1988 йили туғилган.
“Истеъдод мактаби”
III республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. “Йўлдаги мактублар”, “Тўрт томон” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ