"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ АБДУЛЛА ОРИПОВ ВАФОТ ЭТДИ

Ўқилди: 642

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Мустақил Ўзбекистон мадҳияси матни муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий раиси, барчамизнинг севимли устозимиз Абдулла Орипов оғир хасталикдан сўнг 75 ёшида вафот этди.Абдулла Орипов1

Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилди. Ўрта мактабни олтин медал билан тамомлагандан кейин (1958), ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида ўқиди (1958-1963), “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, “Ёш гвардия” ва Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир, “Ёш гвардия” драматик театрида бадиий бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи, катта адабий маслаҳатчи, Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият институтида ўриндошлик бўйича ўқитувчи, “Шарқ юлдузи” журналида муҳаррир (1963-1982), Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими масъул котиби (1982-1983), “Гулхан” журнали бош муҳаррири (1983-1985), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Раёсати раисининг ўринбосари (1985-1987), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби (1987-1989), Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси (1989-2007), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси (1995-2009) вазифаларида ишлади. 2009 йилдан ҳаётининг сўнгги дамларигача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фахрий раиси сифатида фаолият кўрсатиб келди.Абдулла Орипов13

У 1990 йилда Ўзбекистон Олий Кенгашининг, 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати этиб сайланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси (2005-2010) сифатида фаолият юритган.

Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) Фан, таълим, саноат ва санъат халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси, Сока университети (Япония) профессори, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Бош таҳрир ҳайъати аъзоси, Ҳамза номидаги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати эди.Абдулла Орипов5

Дастлабки шеъри 1957 йилда, ўзбек шеъриятида ўзига хос воқеа бўлган “Митти юлдуз” номли биринчи китоби эса 1965 йилда нашр этилди. Шундан кейин “Кўзларим  йўлингда” (1966), “Онажон” (1969), “Руҳим” (1971), “Ўзбекистон” (1972), “Ҳайрат” (1974), “Юртим шамоли” (1976), “Юзма-юз” (1978), “Нажот қалъаси” (1980), “Жаннатга йўл” (1980), “Сурат ва сийрат” (1981), “Йиллар армони” (1983), “Олтмиш ёшли ватаннинг олти ёшли ўғлони” (1983), “Эҳтиёж фарзанди” (1989), “Сен баҳорни соғинмадингми”, “Бобо ва набира”, “Қуш тили” (1991), “Муножот”, “Муборак ҳаж йўлларида”, “Ҳаж дафтари, Ҳикмат садолари” (1992), “Ҳикмат садолари” (1993), “Дунё” (1995), “Ибодат”, “Соҳибқирон”, “Сайланма” (1996), “Савоб” (1997), “Бедорлик” (1999), “Мустақиллик қўшиғи” (2000), “Бир қарасам…” (2001), “Шоир юраги” (2003), “Меҳр” (2004), “Кўз тумор” (2005), “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Биринчи муҳаббатим” (2006), “Талош палласи”, “Сайланма” (2007), “Она янглиғ ягона”, “Менга хушхабар айт” (2009) , “Истиқлол манзаралари”, “Сайланма” (2011), “Эзгулик”, “Ранглар ва оҳанглар” (2012), “Туташ дунёлар”, “Янги шеърлар”, “Соҳибқирон” (2015) каби олтмишга яқин тўпламлари чоп этилди. 2000-2013 йилларда “Танланган асарлар”нинг етти жилдлиги босилиб чиқди.Абдулла Орипов9

Абдулла Ориповнинг достонлари, шеърлари кўплаб хориж тилларига таржима қилинди. “Родник” (1970), “Ветер Родины” (М., 1975), “Любовь к жизни” (М., 1980), “Жажда весны” (1985), “Удивление” (1985), “Ветер моего края” (М., 1988), “Сохибкиран” (1996), “Благословенно прожитое мной” (2003) сингари саккизта китоби Москва ва Тошкентда рус тилида босилиб чиқди. “Илҳом” (1984) тожик тилида, “Шеърлар” (1989) Урумчида уйғур тилида, “Ҳур ўлкам” (1999) мажмуаси Истанбулда турк тилида нашр этилди.

У буюк итальян шоири Данте Альигерининг шоҳ асари “Илоҳий комедия”нинг “Дўзах” қисмини тўлиғича ва “Аъроф” қисмидан тўққиз қўшиқни маҳорат билан ўзбек тилига ўгирди (1975, 2005). Енье Хельтон, А.Пушкин, Н.Некрасов, Л.Украинка, Т.Шевченко, Р.Ҳамзатов, Қ.Қулиев, Махсатий Ганжавий, Егише Чаренц, Ҳ.Баччан, Ҳ.Мерилаас, Халил Ризо ва бошқа қардош шоирлар шеърларини таржима қилди.

Шоир ижоди мустақиллик йилларида ниҳоятда туйғуларга бой, файзли ва сермаҳсул бўлди. “Ҳаж дафтари” (1992) туркумига кирган шеърларида шоир маънавиятимиз манбаларини кашф этиш йўлидан боради. Қуръони Карим, Ҳадиси шарифлардан замонавий маънолар излади ва топди. У достоннавис ва драматург сифатида ҳам маълум ва машҳурдир. Хусусан, “Соҳибқирон” (1996) шеърий драмаси ва “Истиқлол манзаралари” (2011) достони шоирга катта шуҳрат келтирди.

Ўзбек халқининг миллий тикланиш, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти алоҳида ўрин тутади.bdlrphj3

Ўзбекистонхалқ шоири Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ҳаммуалифидир. У 1994 йилда Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти билан, 1998 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони билан тақдирланган эди.

Абдулла Орипов ўзбекнинг буюк фарзандларидан бири эди. Унинг бадиий юксак ижоди халқимизнинг қалбидан чуқур ўрин олган. Буюк истеъдод соҳибининг ижод намуналари асрлар давомида мухлислари томонидан севиб ўқилишига шубҳа йўқ.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ