Юз йилда дунёга келади шоир,
Ҳар куни туғилар одам боласи.
Юз йилликлар оша Сизга ташаккур,
Абдулла Орифнинг онаси!
Чидайсиз, гоҳ шодон, гоҳида озор,
Қуёшга гул тутар шоир хаёли.
Ўз дардин кўчада қилмаган бозор,
Абдулла Орифнинг аёли!
Ёниқ юлдуз учди — самовот қалқди,
Ҳатто титраб кетди ерда гул банди.
Отангиз шу юлдуз ўрнида балқди,
Абдулла Орифнинг фарзанди…
Берамиз Эгаси жон сўраган пайт,
Лек юртдан узилмас шоирнинг жони…
Олов ўғлонингдан розимисан, айт,
Абдулла Орифнинг Ўзбекистони!
Қўчқор НОРҚОБИЛ
Эй, икки минг ўн олтинчи йил,
Бунча оқсан, бунча қорасан?
Гоҳи сендан бахтиёр ҳар дил,
Гоҳо қон йиғлатиб борасан!
Билолмайман сен дўстми, рақиб,
Дилга қувонч ҳам қайғу солдинг!
Кўксим узра «Шуҳрат»ни тақиб,
Устоз Эркин Воҳидни олдинг!
Чарақлатдинг кўнглимиз бутлаб,
Ҳурлик деган қуёшимизни.
Бизни чорак аср-ла қутлаб,
Олиб кетдинг Юртбошимизни.
Эр йигитлар беришиб ваъда,
Ютди, уммон ортига бориб.
Улар олтин олган қитъада,
Жон топширди Абдулла Ориф.
Кўнглимизга сиғмаяпти қил,
Гул отиш, ҳам ўқ отиш бўлдинг!
Эй, икки минг ўн олтинчи йил,
Ўнглаб бўлмас йўқотиш бўлдинг!
Ботир ЭРГАШЕВ