"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“Шоир ўлди” деманг…

Ўқилди: 1 096

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов хотирасига

 

“Шоир ўлди” деманг – яшайди шоир,

Безавол, ширали қўшиқларида.

“Шоир ўлди” деманг – яшнайди шоир

Биринчи муҳаббат кўшкларида.

 

“Шоир ўлди” деманг – ёзар қасдма-қасд,

Уни енголмайди йиллар армони.

“Шоир ўлди” деманг – митти юлдузмас,

Чароғон юлдуздай порлар ҳар они.

 

“Шоир ўлди” деманг – то бордир ўзбек,

Тилида, дилида янграйди саси.

“Шоир ўлди” деманг – қуёшли сўздек

Музларни эритгай ўтлиғ нафаси.

 

“Шоир ўлди” деманг – бўй берар ҳар йил

Деҳқоннинг кўкламги, кузги ўйида.

“Шоир ўлди” деманг – даврада у, дил

Пиёладай тўлса элнинг тўйида.

 

“Шоир ўлди” деманг –висол чоғлари

Сирлашган қалбларнинг шавқига шерик.

“Шоир ўлди” деманг – ҳижрон доғларин

Даволаб юргувчи табиб у – тирик!

 

“Шоир ўлди” деманг – урар юраги

Юртнинг бош, улуғвор таронасида.

“Шоир ўлди” деманг – кўчиб юради

Миллатнинг шеърсевар ҳар онасида…

 

“Шоир ўлди” деманг – уйғоқ, саросар

Кўнгилдан жаннатга йўл солди шоир.

“Шоир ўлди” деманг –дўзах, аросат

Юкини елкалаб, юксалди шоир.

 

“Шоир ўлди” деманг – шикаста рози

Синиқдил кўзида силқир ёш бўлиб.

“Шоир ўлди” деманг – собит овози

Ҳасадгўй кўксига ботар тош бўлиб.

 

“Шоир ўлди” деманг – бир умр майда

Ғийбатлардан безиб, чўчиб ўтди у.

“Шоир ўлди” деманг –чорлашган пайтда

Улуғлар ёнига кўчиб ўтди у.

 

“Шоир ўлди” деманг – Бақо қасрига

Муҳташам, қутлуғ бир ялов – туғ илди.

“Шоир ўлди” деманг! Шоир, аслида,

Ўлмайдиган бўлиб қайта туғилди!

 

Нодир Жонузоқ

2016 йил 7 ноябр

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

«Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти «Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти
«Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини» «Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини»
Китоб- кўнгил чашмаси Китоб- кўнгил чашмаси
Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар