"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги олдидан

Ўқилди: 970

Эркин Воҳидов таваллудининг

80 йиллиги олдидан

МОҲИРУ МЕҲРУ МАҲОРАТ

Ўтган аср миёнасида мустабид ҳукмдор вафотидан сўнг юз берган нисбий илиқлик шароитида, “иккинчи миллий уйғониш” деб аталган тарихий жараён таъсирида мамлакатда янги бир адабий авлод етишиб чиқди. Улар сафида шоир 60Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповдек ноёб истеъдод соҳиблари бор эди. Ўша кезлари оғизга тушган жасур адиб Абдулла Қаҳҳор адабий муҳити ҳамда ҳозирда Миллий университет деб аталаётган қутлуғ ўқув даргоҳида М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов асос солган адабий танқид мактаби айни шу навқирон авлоднинг раҳнамосига айланган эди. Кўплаб ёш иқтидорли қаламкашлар қатори ноёб шеърий истеъдод соҳиби Эркин Воҳидовнинг ижоддаги илк дадил қадамларини ҳимоя қилган, рағбатлантирган, элга танитган айни ўша табаррук сиймолардир. Абдулла Қаҳҳордек улкан сиймо ёш бошловчи шоир Эркинжоннинг тўртлигини машҳур “Маҳалла” ҳикоясига эпиграф қилиб олган, марказий матбуотда чиққан бир мақоласида “Нидо” ­достони ҳақида илиқ гаплар айтган; Озод Шарафиддинов эса шоирнинг илк шеърий китоби — “Тонг нафаси” ҳақида махсус мақола ёзиб, миллий шеъриятимизда янги бир ноёб истеъдод майдонга чиққанини эл-юртга ошкор этган эди.

Ана шундай рағбат туфайли 14-15 ёшидаёқ қўлига қалам олган шоирнинг ижодий имкониятлари йилдан-йилга тобланиб, чирой оча бошлади. Шоир 1960 йили 24 ёшида битган мана бу сатрларда ўзининг ҳам бетакрор, ҳам ҳаётий ижодий ақидаларини баён этган эди:

 03

Моҳиру меҳру маҳорат,

                    Олиму илму амал.

Ошиқу ишқу машаққат,

                    Шоиру шеъру шуур.

Шахсан камина гувоҳ: бу беназир истеъдод соҳиби, ҳазрат Навоий сўзлари билан айтганда, дили поку, сўзи поку, ўзи пок сиймо умрининг сўнгги дақиқаларига қадар  бир умр ижодда, ҳаётда ўша юксак ақидаларига содиқ қолди. Моҳиру меҳру муҳаббат ижодда унинг бош шиорига айланди, филолог олим сифатида илму амал йўлидан борди; “Сўз латофати” китоби орқали чин олимлик иқтидорини исбот этди; ҳаётга шайдолик, чин меҳр-муҳаббат кўйида жамики машаққатларни енгиб ўтди; ­шоиру шеъру шуур оламида ёниб яшади. Мана шу ноёб фазилатларининг ҳосиласи ўлароқ 80 ёш бўсағасида саккиз жилдга жо этилган мукаммал асарларини шоиримиз ўз қўли билан кўркам китоблар ҳолида тайёрлаб, сизу бизга, келажак авлодларга ҳадя этиб кетди.

Эркинжон шахсияти, характерининг шаклланишида у туғилиб ўсган, улғайган оилавий муҳитнинг таъсири катта. Фарғонанинг Олтиариқ туманида зиёли оилада дун­ёга келган дўстимиз иккинчи жаҳон уруши қурбони отаси, сўнг онаси вафотидан кейин Тошкентдаги тоғаси Соҳибоевлар хонадонида униб-ўсиб вояга етган.

Бу оила аъзолари адабиётга, санъатга, умуман, маърифатга ташна одамлар эди, хонадонда тез-тез шоир ва хонандаларнинг мароқли давралари бўлиб турарди. Эркин Воҳидовдаги нафосатга, шеъриятга меҳр ва майл шу хонадонда, ана шу давраларда шаклланди. Бу хонадондаги давра қатнашчилари орасида Алихонтўра Соғуний каби ислом маърифатининг дарғалари ҳам бор эди. Эркин Воҳидов табиатидаги Шарқ маданияти ва адабиётига чуқур эҳтиром, шарқона одоб-андиша, тавозе, бир чекаси, ана шу давра иштирокчилари таъсирида тобланган.

Шоирнинг йигирма уч ёшида чиққан биринчи шеърлар тўплами — “Тонг нафаси” миллий шеъриятимизга янги нафас олиб кирди. Унга тақриз ёзган устоз Озод Шарафиддинов таъкидлаганидек, ёш шоир илк машқларида кўпроқ дунёни энди кашф этаётган, ўзининг кашфиётидан ўзи завқланиб, қувончидан бошқаларни хабардор этишга ошиқаётган, ҳаёт бениҳоя гўзал, ноёб неъмат эканини тушуниб келаётган мурғак қалбнинг қувончлари бор. Кейинроқ шоир ақл ва ҳис баҳсига ўтди. Мадҳия, фахрия, қасидачилик кайфиятларига берилган онлари ҳам бўлди, романтик хаёллар оғушида ишқий ғазаллар битди. Шу асарлар қаторида беғубор қувноқ юмор, ҳазил-мутойибалар билан йўғрилган шеърлар ҳам яратди; айни пайтда кўнгил армонларини, ўкинчларини, халқимизнинг оғир ва шонли кечмишини, тарихимизнинг қора ва нурли саҳифаларини, уруш келтирган офатларни ҳам шеърларга солди, лекин барибир, некбин руҳ – ҳаёт мадҳи, севги сурури, фахр-ифтихор туйғуси ижодида етакчилик қилди. Бу хусусият 1969 йили чоп этилган “Ёшлик девони” китобида ёрқин кўринди.

Бу китоб фақат Эркиннинг 60-йиллар ижоди намунаси, ўша йиллардаги шоир кайфияти, ўй-мушоҳадалари ифодаси бўлибгина қолмай, умуман, миллий шеъриятимиз тараққиётидаги муайян тамойилнинг кўриниши сифатида ҳам қимматлидир. Гап шундаки, адабиётда вульгар социологизм балоси ҳукмрон бўлган кезлари ҳаммаёқни ижтимоий-сиёсий мавзудаги тумтароқ шеърлар босиб кетган, севги, шахсий-интим кечинмалар шеъриятдан бадарға қилинган эди. 60-йилларга келиб аҳвол ўзгара бошлади, анъанавий севги тароналари учун қисман йўл очилди. Шуниси характерлики, поэзиямизда севги мотивларининг қайта ҳаёти анъанавий шакл, айниқса, ғазалнинг жонланишига олиб келди. “Ёшлик девони” шу жараённинг энг жиддий ҳодисаси, шоирнинг улкан ижодий жасоратидир. Шоир Абдулла Орипов ёзганидай, “Мумтоз адабиётимизнинг олтин эшиклари абадий бекилади, дея каромат қилишаётганда ёш авлод орасида биринчилардан бўлиб Эркин Воҳидов арузнинг табаррук остонасида посбон янглиғ пайдо бўлди”. Кўҳна аруз вазнини янги замон шеъри услубига, оҳангига яқинлаштириш учун уринган Чўлпон, ўафур ўулом, Усмон Носирлар анъанасини юқори босқичга кўтарди. Эркин Воҳидов ғазаллари, шоирнинг ўз арузи, ўз ғазали шаклига айлангани учун ҳам миллий адабиётимиз, шеъриятимиз ривожида ҳодиса бўлди. Уларда биз фақат Эркиннинг ўзига хос шаклини юзага келтирган ҳиссий оҳангини, қалб садосини, юрак тебранишларини, ўйлаш-фикрлаш йўсинини кўрамиз.

Тун билан йиғлабди булбул

                ўунча ҳажри доғида.

Кўз ёши шабнам бўлиб

                Қолмиш унинг япроғида.

 Ниҳоятда гўзал, мангуликка муҳрланиб қолган беназир ҳолат, жараённинг бу қадар нафис, чиройли, сирли-сеҳрли оҳангларга йўғрилган ифодасини “Ёшлик девони”дагина учратиш мумкин.

Фақат “Ёшлик девони” ғазаллари эмас, шоирнинг 60-йилларда яратган бошқа жанрлардаги сара асарлари ҳам эл орасида ниҳоятда машҳур бўлиб кетди. Бевосита шоир шахсий ҳаёти, таржимаи ҳоли – фашизмга қарши уруш қурбони бўлган ўз отаси ҳақидаги “Нидо” достони лирик қаҳрамонининг қалб садоси, андуҳлари, Абдулла Қаҳҳор ёзганидек, миллион-миллион кишиларнинг нидоси, урушга нафрати, урушда ҳалок бўлганлар хотирасига эҳтироми каби янгради.

Табиийки, ўша йиллар шоир шеъриятининг энг авж палласи “Ўзбегим” қасидасидир. Бу ўринда қасидани махсус шарҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ: у ҳақда кўп ёзилди. Асар дарсликлардан жой олган. Миллатнинг шаъни-ғурури топталган, тарих дарсликларида халқимизнинг шонли ўтмиши қора бўёқлар билан бўялган, ҳар тонгда куйланадиган давлат мадҳияси улуғ оғага, партияга ҳамду санолар билан бошланадиган замонларда кечмишнинг шонли саҳифаларини улуғловчи “Ўзбегим” қасидаси ғайрирасмий миллий мадҳияга айланди. Шу тариқа “Ўзбегим” 60-йиллари бирин-кетин чиққан бешта шеърлар тўплами, “Нидо”, “Палаткада ёзилган достон”лардаги ижодий изланишларнинг муайян якуни бўлди.

Йиллар ўтган сари Эркин ижодида  фикрлар уфқи кенгайиб, ҳис-туйғулар тобора сержило бўлиб борди. Шунга қарамай, шоирда эришган ютуқлардан қониқмаслик, ўзини янгилашга мойиллик кайфияти ортиб борди. Бу ҳолат 70-йиллар бошларида битилган “Йўқолган шеър”да яхши ифодаланган: шоир ўз асрига мос, фақат миллатнинг эмас, бутун оламнинг шавқини, дардини ўзида мужассам этадиган шеърлар излайди, шундай шеърлар ёзишни орзу қилади. Ниҳоят, бу орзу-интилиш, изланишнинг самараси 70-80-йилларда яратилган “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Куй авжида узилмасин тор”, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” каби тўпламларидан жой олган шеърларида, “Руҳлар исёни”, “Истанбул фожиаси” достонларида яққол кўринди. Бу асарлардаги ҳар бир сўз, ҳар бир сатрда инсоният қисматидан безовта қалб кечинмалари, замон тақдирига жавобгарлик ҳисси билан тепаётган юрак ҳаяжонлари ловуллаб туради. “Инсон”, “Сирдарё ўлани”, “Арслон ўйнатувчи” каби ўткир фуқаролик руҳи-нафаси билан йўғрилган достон ва шеърларни ХХ аср миллий шеъриятмизнинг нодир намуналаридан десак асло муболаға бўлмайди.

1979 йили ёзиб тугатган “Руҳлар исёни” достонида миллий истиқлол тўғрисида сўз очиш асло мумкин бўлмаган бир замонда мустабид тузум қатағони қурбони Фитратнинг “Чин севиш”, “Ҳинд истилолчилари” асарлари изидан бориб, декорацияни Ҳинд элига кўчириб, шоир Назрул Ислом тимсоли орқали ўз она юртида эрк, озодлик йўлига ҳаётини тиккан Қодирий, Чўлпон, Фитратлар қисматига ишора этишга, ривояту, ҳикоятлар орқали шахс эрки ғоясини умуминсоний миқёсларда туриб ифодалашга эришади.

Ўтган асрнинг 80-йиллари охири 90-йиллар бошларида битилган шеърларини ўз ичига олган “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” тўпламини ўша тарихий бурилиш даври шоир қалбининг кардиограммаси дейиш мумкин. Тўпламга хос бош хусусият ундаги шеърларда руҳий эркинликнинг тўла намоён бўлганлигидир. Бу ниҳоятда муҳим фазилат. Бусиз чинакам бадиий кашфиётлар дунёга келиши мумкин эмас. Новаторлик деймизми, ижодий оригиналлик деймизми, услубнинг ўзига хослиги, шаклий топилмалар деймизми – барчасининг ибтидоси шу руҳий эркинликдан бошланади. Етмиш йил давомида миллий шеъриятимиз, ижодкорларимиз ҳукмрон мафкура, сиёсат тазйиқида бўлиб келди. Бу тазйиқдан четда туришга, мустабид тузум ақидалари қобиғини ёриб чиқишга дадил уринишлар ҳам бўлди. Бироқ жасур, ҳақгўй ижод аҳли ҳар қанча уринмасин, барибир, қандайдир ҳадик, Чўлпон айтган сусткашлик давом этди, тут­қунлик зуғуми ўз асоратини қолдирди. Фақат истиқлол арафасига келиб шоирларимизда руҳий эркинлик тўла намоён бўла бошлади. Э.Воҳидовнинг шу давр маҳсули саналмиш “Ватан умиди” шеърида шундай сатрлар бор:

Агарчи исмим Эркин,

                Эрки йўқ, банди кишан бўлдим.

Кўзим боғлиқ, дилим доғлиқ,

                Тилим йўқ, бесухан бўлдим.

У бор овоз билан “Бас, етар ёлғон саодат, Ёлғон эрк, ёлғон ватан!” дея ҳайқиради.

Эркиннинг истиқлол йилларидаги шеърлари топталган миллий қадриятларни тиклаш, ўзини топиш, ўзлигини танишдек машаққатли йўл ғоят шарафли эканини яна бир бор тасдиқлайди. Агар у “Ёшлик девони”да “Ёшлигим, кел, куйга тўлган Қалбим олтин сози бўл, Мен қўшиқ айтай тўлиб, Бир лаҳза жўр овози бўл” дея шўх-шодон куйлаган бўлса, энди дангал “Кексалик келгач насибинг Йўлга боқиб ўлтириш. Энди манзил ҳеч харита — Ичра номи йўқ диёр, Кексалик – ул мамлакатга Йўл тадоригин кўриш” деб ёзади. Айни пайтда яна, улуғ Навоий иборалари билан айтганда, қарилик чоғда ҳам ёр васлидан кўнгил узолмайди, “Мен ҳаётда бор эканман, Ўйласам, сен бор учун, Кўксим ичра қалб урар Тун-кун ўзинг­га зор учун… То жаҳонда бор эканман, Борлиғим сен ёр учун” сингари оловли мисралар тизади. Қўл қовуштириб ўтирмай, эл-юртнинг бугунги муаммолари устида бош қотиришда давом этади, миллат мустақилликка эришиб ўз куч-қудрати, ақл-заковатини тўла намоён этиш даври келганида, унинг парвози йўлидаги тўғаноқлар, юз йил бурун жадид боболаримизни доғда қолдирган қолоқ удумлар устида аламли ўйларга толади.

Эркин Воҳидов шеърияти, аниқроғи, унинг сара шеърлари биринчи галда шоирнинг ўзи учун энг ардоқли, дил қаъридан сизиб чиққан шахсий кечинма-туйғулар ҳосиласидир. Айни пайтда ана шу шахсий кечинмалар кўпчилик учун ҳам қадрли ва тушунарлидир. Эркиннинг ёзганлари қоғозда қолиб кетадиган сатрлар эмас, улар тиллардан дилларга кўчиб, у ерда муқим жой олган етук шеъриятдир. Шоир шеърлари сиртдан содда, етти ёшдан етмишгача барча учун бирдек тушунарли туюлса-да, улардаги тагмаънога етиш, уларни уқиш осон эмас. “Ўзбегим”, “Инсон” қасидаларини, “Руҳлар исёни” достонини англаб етиш учун қанчалар билим, бой ҳаётий ва адабий тажриба кераклиги аён.

Эркин Воҳидов ижодий фаолиятини жамоат ишлари билан қўшиб олиб борди. Айниқса, атоқли ва ардоқли шоиримиз мустақиллик йиллари Олий Кенгаш, Олий Мажлис депутати, Сенат аъзоси бўлиб масъул лавозимларда ишлаган кезлари давлат арбоби сифатида ҳам танилди. “Одамларга фақат шеъринг эмас, ўзинг ҳам кераклигингни сезиш — бу катта бахт,— дейди шоир. — Шунинг учун ҳам жамоат меҳнатидан ҳеч қачон қочган эмасман. Қайноқ ҳаёт ичида яшаб, ишлаб ўрганганман”. У беназир шеъру достонлари билан баробар Мустақиллигимизнинг Бош меъмори Биринчи Президентимиз ёнида туриб истиқлол идеалларини рўёбга чиқариш йўлидаги хайрли хизматлари билан ҳам миллатимиз учун ардоқлидир. Эркин Воҳидов Давлат мукофоти лауреати, “Халқ шоири”, “Ўзбекистон Қаҳрамони”дек юксак мукофоту унвонларга ҳар жиҳатдан муносиб ижодкор эди.

Ардоқли шоиримизнинг 80 ёшлик тўйини муносиб нишонлашга доир тадбирлар, жумладан, 80 нафар муаллиф қаламига мансуб Эркин Воҳидов ҳаёти, ижодий қиёфаси ҳақида таассуротлар, талқинлар, тадқиқотлардан иборат салмоқдор “То қуёш сочгайки нур…” деб номланган кўркам салмоқдор китобнинг “Ўзбекистон” нашриёти томонидан чоп этилиши, шунингдек, бу савоб тадбирга ўз ҳиссасини қўшаётган озод мамлакатимиз раҳбарияти, қолаверса, халқимиз, ижодий зиёлиларимизнинг беназир истеъдод соҳибига, миллатнинг ардоқли асл ўғлонига беқиёс эҳтироми тасдиғидир.

Умарали НОРМАТОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ