"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БУ ОЛАМДА МЕҲР БОР

Ўқилди: 350

Эртаклар олам ҳайратларини ҳали англаб улгурмаган болакайларга ҳаёт сабоқларидан дарс беради. Болаликда онамнинг пинжига тиқилиб, ёд  бўлиб кетган “Зумрад ва Қиммат”, “Ур, тўқмоқ”, “Уч эчкича” эртакларини қайта ва қайта эшитишдан зерикмасдик. Онам “Бир бор экан”, дейиши билан ҳаммамиз жим бўлиб қолардик. Мен эртак бошланиши билан меҳнатсевар Зумраднинг ҳовли супураётганини, овқат пишираётганини, танбал Қимматнинг эртаю кеч пишиллаб ухлашини ёки уч эчкичанинг мўлтираб онаси овқат келтиришини кутаётганини хаёлимда жонлантирардим. Эртак қаҳрамонларининг қиёфалари қандай эканига қизиқардим. Жавонга терилган китобларнинг аксарияти суратсиз китоблар бўларди.

Болакайлар эртак қаҳрамонларини бир пайтлардагидек энди хаёлида жонлантирмайдилар. Сабаби “Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуасининг болалар адабиёти бўлимида нафақат рангли, безакли эртак китобларини харид қилиш, балки “Дийдор” театр-студияси томонидан ҳафтанинг ҳар якшанбасида саҳналаштириладиган эртаклар орқали севимли қаҳрамонлари билан учрашишлари мумкин. Болалар адабиёти билан бойитилган бўлим ўзига хос жиҳозланган: пештахталарга тартиб билан терилган ўзбек, рус, инглиз тилларидаги бир-биридан қизиқарли, саргузаштлар дунёсига олиб кирадиган эртак китоблар, мактаб дарсликлари, ўйинли нашрлар, энциклопедиялар жажжи китобсеварлар учун ажойиб туҳфа бўлиши шубҳасиз. Ёрқин ранглар, юмшоқ ўйинчоқлар, бежирим  стол-стуллар, юмшоқ гиламчалар  кичкинтойлар қалбида илиқ таассурот уйғотиши билан бирга,  бу ерни ўз уйларидек ҳис қилишларига ёрдам беради.

Марказий Осиёдаги энг катта китоб дўкони саналувчи “Китоб олами”да юртимиз ва хориж нашриётларининг 5 мингдан ортиқ номдаги 60 мингта китоби савдога чиқарилган. “Мумтоз адабиёт”, “Чет эл адабиёти”, “Шеърият бурчаги”, “Қомуслар”, “Болалар адабиёти” бўлимларини томоша қиларканман, талаба қизларнинг мумтоз адабиёт бўлимида китобларни саралашаётганига гувоҳ бўлдим. Улар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари экан.

— Гуруҳимизда кимнинг туғилган куни бўлса, ширинлик ва гуллар билан бирга мумтоз адабиётимизнинг дурдона асарларини совға қилишни анъанага айлантирдик, — дейди университетнинг  биринчи босқич талабаси Моҳинур Аҳмедова. — Бу китоблар фақат туғилган кун эгасининг ўзига эмас, балки бутун гуруҳга ҳам тегишли бўлади. Шунда машғулотлар мобайнида уларни бемалол алмашиб ўқишимиз мумкин.

Китобларни яқинларига илиниб, дўст-дугоналарига совға қилиш илинжида дўконга келувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этар экан. Буни танлаган китобларини бежирим гулқоғозларга ўратаётган, чиройли тасмалар билан боғлатаётган харидорларни кузатиб билиш мумкин.

Дўконни тўлдирган ранг-баранг китобларни кўриб кўзингиз қувонади. Қалин муқовали, сара ва сифатли нашрларни қўлга олганда эса бу қувонч  кўнгилга кўчади. Ушбу  рангли-безакли адабиётларни барча ёшдаги китобхонлар ўзбек, рус, инглиз тилларида бемалол ўқиб, завқ олиши мумкин.  Бу ерга тез-тез ташриф буюрувчи талабалар, мактаб ўқувчилари учун “Ёш китобхон клуби”нинг ташкил этилгани, айниқса, қувонарли. Негаки, клуб аъзолари ўзларига зарур адабиётлардан шу ернинг ўзида бемалол фойдаланиши, севимли асарларини истаганча мутолаа қилиши мумкин экан.

Жаҳон адабиётининг сара асарлари тартиб билан терилган бўлимда ҳам китобхонлар талайгина. Теодор Драйзер, Франц Кафка китобларини бирма-бир варақлаб кўргач, Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” асарини танлаган шифокор Умида опа Эргашева шундай дейди:

— Соҳамга доир  нашрларни излаб келсам, албатта,  уларнинг ёнига бирор бадиий асарни ёки фарзандларим учун эртак китобларни ҳам қўшиб оламан. Бадиий китобларни оиламизда ҳамма севиб ўқийди. Институтда, мактабда ўқийдиган ўғилларим улардан дарс мобайнида фойдаланади. Қарабсизки, битта яхши китоб бутун оилага наф келтиради.

Мажмуанинг кўчага қараган, девор вазифасини бажарувчи кенг ва шаффоф ойналари орқали онда-сонда учқунлаб, кумуш қишнинг йўлига зар поёндоз тўшаётган қор учқунларининг сержилва рақсларини мароқ билан томоша қилиш мумкин. Ойналар ичкаридаги қайноқ ҳароратни ташқаридагиларга ҳам улашади. Кўчадан ўтиб кетаётган ҳар қандай йўловчи бир қарашда дўкондаги илиқ ва ҳароратли муҳитни ҳис қилади. Дераза ёнидаги юмшоқ ўриндиқларга жойлашиб олган уч дугона — Наргиза, Гуллола ва Дурдона мактаб ўқувчилари экан. Улар Конституция байрамига тайёргарлик кўриш учун ҳуқуқий мавзудаги бир қучоқ китобни варақлаб, кераклисини ажратиб олишмоқда.

Уларнинг юз-кўзида табассум нури жилваланади. Узоқ кутилган орзунинг рўёби қувончдан порлаган кўзларда қандай жилоланса, яхши асар, севимли адиб билан юзлашган китобхон ҳам худди шу ҳолатга тушса керак, назаримда. Негаки, барча ўз излагани — кўнгилга яқин ҳамроҳи, қадрдон дилдоши, иш, ўқишида беминнат ёрдам берадиган яқин дўсти билан айнан шу ерда дийдорлашади. Ҳали бу ерни тарк этмай туриб соғинасан, яна бир келишни дилингга тугиб қўясан.

 

Вазира ИБРОҲИМОВА

Сайт бўлими: Кутубхона

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ