"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

«БУ ДУНЁДА МЕН БИР ЙЎЛОВЧИ…»

Ўқилди: 566

Бизлар аста кетаётирмиз –d92f7ed79df40a2b69c131a2358fb736

Ҳаловатли сокин юртларга.

Фурсат балки менда ҳам тиғиз,

Отланишим керак сафарга.

Сергей  Есенин… Ҳаётининг сўнгги йилларини бетиним сафарларда ўтказган дилбар шоир. Унинг шеъриятга ошуфта кўнгилларни дафъатан мафтун этувчи жилғалардек жарангдор, тоза ва самимий шеърлари  олис юртларга саёҳатлари таъсирида туғилди. «Энди қайтмам уйимга,  Мен элкезар девона”, — дейди у беҳаловат юрагига узоқлардан таскин излагандек. Видо ва хайрлашув…  Бу сўзлар ифодаси унинг асарларида йилдан-йилга мудҳиш башоратдек қуюқлашиб борди. “Бу дунёда мен бир йўловчи, Шодон менга қўл силки эркам”,– сингари мисралар  шоир тилида такрор-такрор  жаранглади.

“Есенин сайёҳ ҳам, йўловчи ҳам эмас эди. У Шарққа, энг аввало, рассом юраги билан интилди, — деган эди адабиётшунослардан бири. Шарқнинг буюк шеъриятига, Ҳофиз, Саъдий, Хайём ижодига бўлган эҳтиром рязанлик йигитни бу юртларга чорлади.   “Мен ўқиб-ўрганиш учун бораман” деди дўстларидан бирига.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро сафарлари…  Есенин шеърларида яратилган Шарқ тимсоли мана шу шаҳарлар табиатидан олинган бўлса  ажабмас.

Равшан кўрдим узоқ юртларни,

Туш бошқача ва чаман фаслин.

Туркистоннинг олтин қумлари

Ва Бухоро қайноқ жой аслин –

сингари мисраларга муҳрлади шоир саёҳат таассуротларини.

Сергей Есенин 1921 йилнинг майида дўсти Александр Ширяевецнинг таклифи билан Тошкентга келди. Унинг ўзбек диёрига қилган сафари ҳақида бизга пойтахтимиздаги шоир номидаги адабиёт музейида сақланаётган материллар ҳикоя қилади. Мана, В.И. Вольпин хотираларининг қўлёзма нусхаси, унда шоирнинг Тошкентга келган илк кунлари тасвирланган:  Есенин хурсанд, ҳаяжонланган, ён-атрофга  тўймай боқади.  Тошкентнинг ўзига хос табиати,  тиниқ, зангори  осмони, одамларнинг тонгги тараддуди — барча-барчасига ҳайрат билан қарайди. Шайҳонтоҳур ва Ўрда  чойхоналаридаги зиёфатлар, рўза  кунлари ва ҳайитнинг “Очил” дастурхони: тарвузлару қовунлар, шафтоли, узум, ўриклар, ёнғоқлару ҳолвалар, кабобу ёғли палов Москванинг очлик ҳукм сурган қучоғидан келган йигитни беэътибор қолдирмади. Ўзбек куй-қўшиқлари, мушоиралар шоирга манзур бўлгани ҳам бу хотираларда эътироф этилган.

Дарвоқе, Самарқандга қилган икки кунлик сафари ҳам унда катта таассурот қолдирган. Рафиқаси Айседора Дунканнинг хотираларига кўра, у  Италияни айланиб юрганида: “Ах, барибир Самарқандга етмайди!”, дея бир неча бор такрорлаган экан.

Сергей Есенин музейи 1981 йили ташкил этилган бўлиб, ундаги 3000дан ортиқ экспонат учта залда жойланган. Марказий залда шоирнинг Ўзбекистон сафарига бағишланган экспозициялар, замондошларининг хотиралари, суратлари ўрин олган. Залга кираверишдаги бурчакда келеслик Азимбой Каримов ва унинг оила аъзолари тушган суратлар осиғлиқ.   Шеърият мухлиси  бўлган  Азимбой дала ҳовлисида ўтган бу учрашувда ўқилган форс ва туркий тилдаги шеърларни шоир бутун вужуди билан қизиқиб тинглагани замондошлари хотираларида қайд этилган. Бундай мушоиралар Тошкентдаги “Турон” ва “Хива” кинотеатрлари, “Колизей” театри, Туркистон оммавий кутубхонасида, дўстлари В.Вольпин, А.Ширяевец, Г.Михайловларнинг уйларида ҳам ўтказилган. Шундай йиғинлардан бирида шоир ўзбек юртида хотимасига нуқта қўйган “Пугачёв” достонини ёддан ўқиб бергани кўпчиликни ҳайратга солган.

Музей залларининг иккинчиси шоир ижодига бағишланган. Дунёнинг 250 тилига таржима қилинган  “Форс тароналари” туркумининг турли  нашрлари, шоир асарларининг шарқ тилларига таржималари, таржимонлари,  ўзбек адиб ва санъаткорларининг  хотиралари бу гўзал шеъриятга бўлган эҳтиромдан ёрқин далолат бериб турибди. “Ҳақиқий рус шоири Сергей Есенин биз ўзбеклар учун ҳам азиз ва қадрдон бўлиб қолди”, деб ёзади ўафур ўулом. Есенин асарларининг Эркин Воҳидов томонидан қилинган таржима нашрлари асосида ташкил этилган бурчак севимли шоиримизнинг “Сергей Есенин ўзбек ўқувчисига жаҳонга машҳур рассомлардан биридек ўта кенг тақдим этилиши керак”, деган холис ниятининг тасдиғидек таассурот қолдиради.

Шоир ҳаёти ва ўлими билан боғлиқ экспонатлар ўрин олган учинчи залга ўтамиз. Деворга шоир оила аъзолари — ота-онаси, сингиллари, фарзандлари, рафиқаларининг суратлари илинган. Улар орасида Есенинга ёстиқдош аёллар суратлари эътиборни тортади. Аслида   шоир улар ҳаётида чақмоқ каби оний нур сочиб, қувонч ва оғриқли из қолдириб ўтган.  Замондошларининг таъкидлашича, унинг қалби ўзи бирга яшаган аёлларга эмас, балки париваш шеъриятга чин шайдо бўлган. Бурчаклардан бири шоирнинг қизи Татьяна Есенина тақдим этган ашёлар асосида ташкил этилган. 1941 йили уруш муносабати билан Россиядан Ўзбекистонга келиб қолган Татьяна учун, кейинчалик унинг фарзандлари, набиралари учун бу иссиқ ўлка ҳақиқий ватанга айланди.

Музей залларида С.И.Зининнинг “Есенин образи китоб белгиларида”  экслибрислари, В.В.Николюкнинг Есенин мавзусига бағишланган картиналари, шоирнинг асл дастхатлари, унинг ҳаётлигида чоп этилган асарлари     нашрлари, “Пугачёв” достони автографи фотонусхаси сингари қимматли экспонатлар, китоб, журнал, фотосуратлар шоир ҳаёти ва ижодининг ёрқин мазмунидан гувоҳлик бериб турибди.

Мана, мусофир юртларда шоирга ҳамроҳ бўлган,  ўғли Константин томонидан музейга тақдим этилган жигарранг жомадон, ўттиз баҳорни кўриб улгурмай ижод оламини тарк этган шоир ҳаётининг бир парчасидан ҳикоя қилиб тургандек.

Музей илмий ходими Борис Голендер билан хайрлашиб кўчага чиқар эканман, бурчакда мунғайгандек турган шоир жомадони негадир кўз ўнгимда яна жонланди:

— Хуросонда бир дарвоза бор,

Остонаси гулга кўмилган…

Дилбар  асарларга доя бўлган шоир сафарлари унинг ўзига-да фараҳ бахш этгани, бу шеърларда менинг Ватанимнинг ҳам бетакрор тасвири мужассам эканини ўйлаб, кўнглимга овунч ва таскин инди, ифтихор уйғонди.

 

Нилуфар НАМОЗОВА

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ