"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ИБРАТ МАКТАБИ

Ўқилди: 462

photo_2016-12-15_12-54-46

 Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган халқимизнинг севимли шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамиятини инобатга олиб мустақил мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигининг қутлуғ айёми арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини адабиёт байрами сифатида нишонлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.  Ушбу  Қарор ижросини таъминлаш учун жойларда ижодий анжуманлар, хотира кечалари бошланиб кетди. Ана шундай адабий хотира кечаларидан бири Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Онажоним— шеърият” ёш ижодкорлар тўгарагида бўлиб ўтди.  Унда ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунос олимлар ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этди.

   Тадбирни Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али очиб, ҳукуматимиз томонидан адабиёт аҳлига, ёзувчиларга кўрсатилаётган юксак эътибор,  Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ўзбек шеъриятини янада юксалтириш борасидаги ижодий кашфиётлари, шоирнинг илк шеърий тўпламлариёқ ўша пайтда ҳукумрон мафкуранинг оғир муҳитида қийналган миллий адабиётимизга янги нафас, соғлом об-ҳаво олиб киргани, шоир ижодида озодлик ва мустақиллик мавзусининг тараннум этилиши   ҳақида   сўзлади.

photo_2016-12-15_12-53-26

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Эркин Воҳидов шеърияти ҳақида гапирар экан, шоирнинг ёш истеъдод соҳибларига бўлган меҳри, эътибори баланд бўлганлигини, ҳар қандай талантли ижодкорнинг ижодига ўзгача баҳо бериб,  янада илҳомлантирган устозлардан  бўлганлигини таъкидлаб ўтди.

 Иброҳим Ғафуров, Анвар Обиджон, Хуршид Дўстмуҳаммад,  Бахтиёр Генжамурод, Турсун Али, Мирпўлат Мирзо, Шарифа Салимова ва бошқа ижодкорлар устоз Эркин Воҳидов ижодининг серқирралилиги, асарларидаги теран мазмун, шоир яратган янги шакл ва оҳанглар, бадиий сўз ифодасининг бетакрор жилоларини излаб топиш маҳорати, унинг мумтоз адабиётимиз, ҳазрат Алишер Навоий анъаналарига садоқати ҳамда ёшларга ибрат бўладиган инсоний фазилатлари ҳақидаги фикрларини, дил сўзларини изҳор этдилар. Устоз хотирасига бағишланган шеърларини ўқидилар. Эркин Воҳидов ижоди ва ҳаёти, унинг  шоир ва инсон сифатидаги фаолияти ёш ижодкорлар учун ибрат мактаби эканини таъкидладилар.

photo_2016-12-15_12-54-39

 Атоқли шоирнинг умр йўлдоши Гулчеҳра Воҳидова, фарзандлари Хуршид Воҳидов ва Фозилахон Воҳидова тадбир ташкилотчилари ва иштирокчиларига ўз миннатдорчилигини билдирдилар ҳамда улуғ шоир ҳақидаги унутилмас хотираларни сўзлаб бердилар.

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ